Мунавварқори Абдурашидхонов (1878-1931)

“Мунаввар” — нур олган, нурли дегани. Туркияда ҳозир ҳам бу сўзни зиёли ўрнида қўллайдилар. “Қори” деб Қуръонни маромига етказиб ўқийдиганни айтганлар. У Тошкентнинг маърифатли бир хонадонида туғилиб, исмига муносиб бўлиб ўсди. Ҳужжатлардан унинг Шайхонтоҳур даҳа, Дархон маҳалласида туғилиб ўсгани маълум бўлади. Отаси Абдурашидхон мударрис, онаси Хосиятхон отин бўлган. Мунаввар онаси қўлида савод чиқарган. Дастлаб Тошкентда Юнусхон мадрасасида, сўнг Бухорода ўқиган. Ўтган асрнинг 90-йиллари охирларида жадидларга қўшилиб, 1901 йилда Тошкентда биринчилардан бўлиб “усули жадид” мактаби очади. Бу мактаблар учун “Адиби аввал”, “Адиби соний” каби алифбо ва хрестоматиялар, “Тавжид ал-Қуръон” (“Қуръон қироати”), “Ер юзи” (“География”) сингари қўлланмалар тузиб, нашр этади. Бу дарсликлар 1901—1917 йиллар оралиғида энг ками 2—3, кўпи 9—10 мартагача алоҳида-алоҳида ҳолда нашр этилган.

Мунавварқори ва унинг мактаби юксак нуфузга эга эди. Масалан: шундай бир далилни келтириш мумкин. “Ойна” журналининг 1914 йил сонларидан бирида Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг Туркистонда олий миллий таълим истиқболи ҳақида берган муштарийларнинг саволига жавоби босилган. Беҳбудий унда Тошкентда Мунавварқорининг мактабини мана шундай олий таҳсилга замин бўла олиши мумкинлигини айтган эди.

Ўзбек матбуотининг майдонга келишида Мунавварқорининг хизматлари катта бўлди. У ўзбек матбуотининг дастлабки намунаси 1906 йилда чиққан “Тараққий” газетасининг ташкилотчиларидан ва муаллифларидан эди. Ўша йили Мунавварқорининг ўзи “Хуршид” газетасини чиқарди. Газетанинг фаол муаллифларидан бири Худоёрхоннинг ўғли Фансуруллобек эди. Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг иштирокиюн (социалистик) партиясини кескин рад этган машҳур “Хайрул умури авсотуҳо” мақоласи мана шу газетада (1906, №6) босилган эди. Сўнг Мунавварқори “Садойи Туркистон” (1914—15) ни майдонга чиқаришда жонбозлик кўрсатди. 1917 йилнинг мартида эса ўзи муҳаррирлигида “Нажот” газетасини чиқарди. Шу йилнинг июнида эса Тошкентда Аҳмад Заки Валидий томонидан “Кенгаш” журнали ўртага чиқди. Кўп ўтмай, унинг муҳаррирлигини Мунавварқори олиб бора бошлади.

Умуман ўзбек матбуотининг майдонга келишини ҳам, тарихий тараққиётини ҳам Мунавварқорисиз, унинг юзлаб эҳтиросли мақолаларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Мунавварқори XX аср бошидаги ижтимоий-сиёсий ҳаракатчиликнинг, миллий озодлик кўтарилишининг энг эътиборли намояндаларидандир. Абдулла Авлоний таржимаи ҳолларидан маълум бўлишича, 1901 йиллардан бошлаб, Тошкентда маҳаллий ёшлардан “Жадидлар тўдаси” ташкил топган эди. 1914—15 йилларда “Садойи Туркистон”да муҳаррирлик қилган, 1909 йилда Лев Толстой билан хат ёзишган адвокат Убайдулла Асадуллахўжаев, шоир Абдулла Авлоний, Низомиддин Хўжаев кабилар бу гуруҳнинг фаоллари бўлиб танилдилар. Авлоний унга 1904 йилда аъзо бўлганини маълум қилади. Мунавварқори шунинг асосчиларидан эди. 1909 йилда у бошқа маърифатпарвар жадидлар билан бирга “Жамияти хайрия” тузади. 1913 йилда “Турон” жамиятини таъсис этади. “Мактаб”, “Нашриёт” каби ширкатлар очади. Жамиятнинг мақсади ерли мусулмон аҳолиси орасида маориф-маданиятга рағбат уйғотиш, уларга моддий-маънавий ёрдам бериш, улар учун саҳна асарлари тайёрлаш ва кўрсатиш эди. Мунавварқори ёшларни ривожланган мамлакатларда ўқитиш, шу орқали Миллат ва Ватанни фарзандларига танитиш, дунёни англатиш ишларига алоҳида эътибор берди. 1908 йилдан 1923 йилга қадар унинг ғайрат ва ташаббуси билан юздан ортиқ туркистонлик четда ўқиб келди. 1920—23 йилларда бу ташаббусни Бухорода Фитрат ва Файзулла Хўжаев қўллаб-қувватлаб чиқдилар. Маълумотларга қараганда биргина 1922 йилда Олмонияда ўқиётганларнинг сони 60 га етган. Шулардан тўрттаси (Жаббор Саттор, Саидали Хўжаев, Аҳмад Шукурий, Вали Қаюмхон) тошкентлик эди.

Мунавварқори гарчи театр асари ёзмаган бўлса-да, Туркистондаги театрчилик ишларининг йўлга қўйилишида Абдулла Авлоний ёнида турди. 1913 йилда тузилган “Турон” жамияти низомида театрчилик ишлари алоҳида таъкидлангани, унинг заминида “Театр” ҳаваскорлари труппаси” ташкил топгани бежиз эмас. 1914 йилнинг 27 февралида Тошкентдаги “Колизей” (ҳозирги Савдо биржаси биноси)да мана шу труппа томонидан “Падаркуш” драмаси биринчи маротаба саҳнага қўйилади. Томоша олдидан Мунавварқори театр ва унинг аҳамияти ҳақида нутқ сўзлайди. Матбуот бу кунни “Тарихий кун” деб эълон қилади. Шоир Тавалло эса шу муносабат билан шеър ёзади. Унда шундай сатрлар бор эди:

Чўҳ мунаввар этти оламни Мунавварқоримиз,
Кўрдимиз равшанлиғидин феълимиз, атворимиз.
Ибрат олинг ёшлар, деб тўкди кўздин ёшлар,
Нутқида таҳрир эдуб, бизларни йўқу боримиз.
Чун қўнгулдан биз эшитдук, чин-ачиғ айтган сўзи,
Шунча бидъатларни билдук, вой, биз иқрормиз.

Мунавварқори адиб сифатида ҳам маълум эътибор ва нуфузга эга эди. Хусусан, унинг “Адиби аввал”, “Адиби соний” китоблари дарслик-мажмуа йўсинида ёзилган бўлиб, кўплаб шеърий ва насрий ҳикояларни ўз ичига олган. Ҳар бирининг сўнггида “ҳисса” — хулоса чиқарилган. Улар мавзуига кўра ҳар хил. Кўпчилиги тарихий мавзуда. Йўл-йўналишга кўра ибратомуз пандлардан ташкил топган. Тили содда, ўқилиши қизиқарли. Масалан: “Адиби соний”даги илк ҳикоялардан бири “Искандар ила Арасту” деб номланган.

“Ўтган замонда Искандари Румий деган бир подшоҳ бор эди, — деб бошланади ҳикоя. — Онинг Арасту отлиғ бир олим ва доно отаси бор эди. Искандар Арастуни ўз ёнига бош вазир қилуб, барча мамлакат ишларини топшурмиш эди. Бир иш қилса, шунинг маслаҳати ила қилур эди. Эшикдан келса, ўрнидан туруб, жой берур эди. Ўзининг отасидан ортуқ иззат ва ҳурмат қилурди. Бир кун вазирлардан бири Искандардан сўрадики, “На учун Арастуни отангиздан ортуқ иззат қилурсиз?”

Искандар айтди: “Отам гўёки мени осмондан ерга тушурди. Аммо устозим Арасту мени ердан осмонга кўтарди. Яъни отам мени дунёга келмоғимга сабаб бўлди. Устозим илму адаб ўргатуб, мартаба ва иззатимни ортмоғига сабаб бўлди. Шунинг учун устозимни отамдан ортуқ иззат қилурман”.

Бу ҳикоядан ҳисса надур? Болаларнинг ўзлари топсунлар”.

Ҳикоялар орасида XX аср бошидаги тарихий воқеалар, ижтимоий-маиший турмуш манзаралари ҳақида ёзилганлари ҳам анчагана. Маълум бўлганидек, Мунавварқори бадиий адабиёт билан яқиндан шуғулланган зиёлиларимиздан эди.

У 20-йилларда эса тилшуносликка оид асарлар ёзди. Унинг 1925 йилда эълон қилган Қаюм Рамазон ва Шорасул Зуннун билан ҳамкорликдаги уч бўлимлик “Ўзбекча тил сабоқлиғи” китоби шу йўлдаги жиддий ишлардан бўлди. Муаллифлар туркча тилшунослик атамалари эндигина шаклланаётган бир пайтда шундай мураккаб ишни амалга оширган эдилар.

Лекин Мунавварқори миллат тарихида биринчи навбатда жамоат ва сиёсий арбоб сифатида қолди. У ўтган асрнинг 90-йиллари охиридан умрининг сўнггигача Миллат ва Ватан равнақи, озодлиги йўлида кураш олиб борди. Унинг бутун ижоди ва фаолияти мана шу икки масала атрофида кечди. Айниқса унинг 17-йиллардаги фаолияти қизғин бўлди. У машҳур 1917 йил феврал воқеаларидан қўп ўтмай, ўша йилнинг мартидаёқ “Шўройи исломия” жамиятини тузди. Миллий, диний заминга суянган, шариатга асосланган мустақил Туркистон ҳукуматини тузиш ғоясини илгари сурди. “Шўройи исломия”нинг 16—23 апрелда Тошкентда бўлиб ўтган биринчи қурултойида “Туркистон мусулмон депутатларининг Марказий Шўроси” тузилиб, Мунавварқори раис бўлиб сайланди. “Марказий Шўро”да Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мустафо Чўқаев каби таникли маърифат ва сиёсат кишилари бор эди.

1917 йилнинг ёзига келиб большевиклар фаоллашдилар. Улар маҳаллий зиёлиларнинг бир қисмини, айрим камбағал тоифаларни ўз изларидан эргаштиришга муваффақ бўлдилар. Мунавварқори бундан қаттиқ ташвишга тушди. Октябр тўнтаришини ташвиш ва саросима билан кутиб олди. Қўқон (Туркистон) мухториятининг қизғин тарафдорларидан бўлди. Мухторият хоинона бостирилгандан кейин халқни уйғотиш, кўзини очиш йўлларини қидирди. 1918 йилнинг баҳорида Туркистон халқ дорилфунунининг мусулмон бўлимини тузди. Шу йилнинг майидан декабрига қадар ушбу мусулмон халқ университетининг ректори вазифасини бажарди, тил билимидан дарс берди, улкан ташкилий ишлар олиб борди. Туркистондаги замонавий олий таълимнинг майдонга келишида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди. 1919 йилда “Туркистон комиссияси” тузилиб, Масков назоратни қўлга ола бошлагач, Мунавварқори ишдан бўшатилди. 1920 йилда Бухорода халқ жумҳурияти ўрнатилгач, уни Бухорога чақириб оладилар. Бухорода амир ҳокимияти ағдарилганда у Бокуда Шарқ халқлари қурултойида эди. Бокудан қайтгач, Бухоро халқ маорифига ишга юборилади. Лекин тўрт ой ўтар-ўтмас, 1921 йилнинг 20 мартида Тошкентга чақириб олинади. Икки ойча ишлагандан сўнг, қамоққа олинади. Тўғри, у 1917 йилнинг октябридан кейин ўзининг шўроларга қарши курашини яширин равишда давом эттирган. Буни унинг қўлёзма ҳолида қолган хотиралари очиқ-ойдин кўрсатади. Жумладан, Октябр арафасида “Иттиҳод ва тараққий” жамиятида қатнашгани, жамият совет даврида ҳам фаолият кўрсатгани маълум бўлади… Бироқ кўп ўтмай Мунавварқори қамоқдан чиқарилади ва яна ўқитувчилик қила бошлайди.

20-йилнинг ўрталаридан жадидчиликка муносабат ўзгара бошлагач, Мунавварқорига ҳам ҳужум бошланади. Шунга қарамасдан у ўз йўлидан қайтмайди. 1917 йилги Тошкент округ маданиятчиларининг қурултойида жадидчиликни ҳимоя қилиб чиқади. Иккинчи маротаба Мунавварқорини 1929 йилда қамоққа олдилар. Унга миллатчилик айби қўйилади ва 1931 йилда халқ душмани сифатида отиб ташланди.

Мунавварқорининг қатл қилиниши Сталин қатағонининг биринчи тўлқинини бошлаб берган эди.

Ўзбекистон Жумҳуриятининг собиқ ДҲҚ — ҳозирги Миллий Хавфсизлик хизмати архивида Мунавварқорининг “миллатчилик” фаолиятига оид юзлаб тўқиб чиқарилган гувоҳликлар, айбловлар сақланиб келади. Мунавварқори узоқ йиллар давомида душман сифатида қораланиб келинди. Унинг тарихимиз, маданиятимиз ривожидаги хизматларини ўрганиш ва тақдирлаш ишларининг ҳаммаси олдинда турибди.

Бегали Қосимов

Мақолалар:

Ўзбек зиёлилари: Мунаввар қори Абдурашидхонов (1878-1931)
Ўзбек шеърияти: Мунаввар қори Абдурашидхонов (1878-1931)
Биография: Мунаввар-кары Абдурашидхонов (на русском языке)
Biography: Munavvarqori Abdurashidhon (in English)

Мунавварқори Абдурашидхонов асарлари:

Мунавварқори Абдурашидхонов. Танланган асарлар
Мунавварқори Абдурашидхонов. Адибус-соний
Мунавварқори Абдурашидхонов. Ер юзи
Мунавварқори Абдурашидхонов. Мусулмонлик
Мунавварқори Абдурашидхонов. Тажвидул Қуръон
Мунавварқори Абдурашидхонов. Хотираларимдан

Мунавварқори Абдурашидхонов мақолалари:

Мунавварқори Абдурашидхонов. Никоҳ тўғрисида (1906)
Мунавварқори Абдурашидхонов. Бизни жаҳолат — жаҳли мураккаб (1906)
Мунавварқори Абдурашидхонов. Сабаби тартиб (1907)
Мунавварқори Абдурашидхонов. Тошкандда мусулмон жамияти (1913)
Мунавварқори Абдурашидхонов. Жамиятлар қандай очилур (1914)
Мунавварқори Абдурашидхонов. «Турон» театри очилишида сўзланган нутқ (1914)
Мунавварқори Абдурашидхонов. Мақбул қурбонлар (1917)
Мунавварқори Абдурашидхонов. «Шўройи ислом» қарорномаси (1917)
Мунавварқори Абдурашидхонов. Хитобнома (1919)
Мунавварқори Абдурашидхонов. Туркистон вақфлари ҳақида (1920)
Мунавварқори Абдурашидхонов. Ҳужумми? Мунозарами? (1921)
Мунавварқори Абдурашидхонов. Туркистонда вақф ишлари (1922)
Мунавварқори Абдурашидхонов. Туркистон шўролар жумҳуриятидаги маорифпарвар ёшларга хитоб (1923)
Мунавварқори Абдурашидхонов. «Нашри маориф» уюшмасининг аҳамияти (1923)
Мунавварқори Абдурашидхонов. Ўзбекистонда вақф (1924)
Мунавварқори Абдурашидхонов. Қоралаш яхши эмас (1927)
Мунавварқори Абдурашидхонов. Маҳбусдан ариза (1930)

Мунавварқори Абдурашидхонов ҳикоялари:

Мунавварқори Абдурашидхонов. Туғишганлик севгиси (ҳикоя)
Мунавварқори Абдурашидхонов. Қандай қуллик тушди? (ҳикоя)
Мунавварқори Абдурашидхонов. Девпечак (ҳикоя)
Мунавварқори Абдурашидхонов. Бизда ҳамият (ҳикоя)