Маҳмуд Кошғарий (1029-1102)

Маҳмуд Кошғарий Марказий Осиёда илк ўрта аср маданиятининг буюк арбобларидан бўлиб, тилшунослик соҳасида, хусусан туркий тилларни ўрганиш соҳасида машҳур бўлди ва тариҳда ўчмас из қолдирди.

Маҳмуднинг отасини исми Ҳусайн, бобоси Муҳаммад бўлиб, келиб чиқишига ва тилига кўра Кошғарий нисбатини олган. У XI асрда туғилиб, яшаб ижод этди. Бу даврда Мовароуннаҳрда Сомонийлар ўрнини Қорахонийлар сулоласи эгаллаган, туркий адабий тил минтақада кенг урф бўла бошлаган эди. Ҳатто Аббосийлар халифалиги марказларида, азалдан араб ва бошқа сомоний халқлар яшаб келган ўлкаларда туркий элатлар намоёндалари кўпайиб, туркий тилга эътибор ошган эди. Маҳмуд Кошғарий ҳам ўзининг узоқ йиллар давомида бунёд этган “Девону луғатит турк” китобини ҳижрий 469 (1074/75) йилда тугаллаб, аббосий халифалар авлодидан бўлган баланд мавқели Абулқосим Абдуллоҳ бинни Муҳаммад ал-Муқтадога бағишлаган. Асарнинг асосий матни ўша даврда кенг минтақа мусулмон Шарқида, бутун Яқин ва Ўрта Шарқда дин, фан тилига айланган араб тилида ёзилган бўлиб, туркий тилнинг бойлигини, мазмундор ва ранг-баранглигини тушунтириш учун ёзилган, деб тахмин қилиш мумкин.

Маҳмуд Кошғарий Баласоғунда туғилиб, шу ерда йигитлик чоғларини кечирган бўлса ҳам, узоқ йиллар “Юқори Чиндан бошлаб бутун Мовароуннаҳр, Хоразм, Фарғона, Бухоро, ҳозирги Шимолий Афғонистонга қадар чўзилган” туркий ўлкаларни, туркманлар, ўғузлар, чигиллар, яғмолар, қирғизларнинг шаҳарларини, қишлоқ ва яйловларини кезиб чиқди, турли шева ва лаҳжа хусусиятларини ўрганди, уларни адабиий тил билан чоғиштирди, ўз иши учун ниҳоятда бой материал тўплади. Луғат тузишда араб тилшунослари яратган анъанадан унумли фойдаланган ҳолда, ишга ижодий ёндашди, туркий тил қонуниятларини биринчи навбатда инобатга олиб китобига тартиб берди.

Кошғарий асари, ўзи таъкидлашича, “олдин ҳеч ким тузмаган ва ҳеч кимга маълум бўлмаган алоҳида бир тартибда” тузилган. Унда кўп шевашуносликка оид қиёсий қоидалар, грамматик, морфологик, лексик, семантик аломатлар кўрсатилган. Асар фойдаланувчиларга осонлик туғдириш учун содда ва лўнда ёзилган. Унда қадим турк алифбоси, фонетик қонуниятлар, орфоэпик ва орфографик қоидалар пухта тушунтириб берилган. Луғатда туркий сўз тузилиши анъаналари, жумладан сўз тартиби, феъл шакллари, сўз этимологиясига оид фикрлар баён этилган. Муаллиф кўрсатишича, китоб 8 бўлимдан, муқаддима ва хулосадан иборат. Ҳар бир бўлимда от-исм сўзлар, феъллар қулайлик учун алоҳида ажратиб берилган. “Девон”да 7500 дан ошиқ туркий сўз ва иборалар изоҳланган. “Девону луғатит турк” ҳам адабий тил, ҳам асосий туркий шеваларни қамраб олган бўлиб, ундаги адабий тил, шева унсурлари нисбати ўртача адабий тилдаги 10—12 сўзга, шевага оид бир сўзга тўғри келади, яъни умумтуркий адабий тилга айрича аҳамият ажратилган. Бу ҳолат ўша давр ислом минтақасида туркий адабий тил қанча кенг тарқалгани ва мустаҳкам мавқега эга бўлганини тасдиқловчи қатъий далилдир. Луғатда юзлаб киши исмлари, шаҳар ва қишлоқ, ўлка номлари, дарё, тоғ, яйлов, водий, дара, йўл, довон, кўл, сой каби жўғрофий атамалар, турли қабила, уруғ, элат, сайёра, юддузлар, фасллар тилга олинади. Унда изоҳланган грамматик кўрсаткичлар морфемалар ҳисоби ҳам мингга яқин.

Туркий халқлар тарихига оид қадимий афсона ва ривоятлар, 300 га яқин мақол ва маталлар, ҳикматли сўзлар, 700 сатрдан ошиқ шеърий парчалар ушбу асар саҳифаларидан ўрин олган. Шеърий парчаларнинг қўп қисми туркий халқлар оғзаки ижодига хос тўртликлардан иборат. Аммо “Девон”да келтирилган шеърий сатрлардан 150 сатрга яқини ислом даври шеъриятига хос бўлган “байт” типидаги маснавий, қасида, ғазал, қитъа парчалари бўлиб, уларни Кошғарий ўзи ҳам кўпинча “байт” деб атайди. Китобда 7 та эпик достон, ишқий қўшиқлар, пандномалар, коинот яратилишига оид асотир, шеърлар, табиат манзаралари тасвири, мадҳиялар, фалсафий мушоҳадалар учрайди. Кошғарий девонида келтирилган VIII—XI асрларга оид туркий шеърият намуналарида у ёки бу даражада аруз вазнига ўтиш мойиллиги сезилади. Арузнинг ражаз, рамал, мунсариҳ, ҳажаз, басит, қариб, мутақариб вазнлари туркий шеърият намуналарида ишлатилган бўлиб, айниқса ражаз баҳридан кенг фойдаланилган (44 парча). Бундай шеърларни муаллиф ўзи алоҳида уржузалар деб номлайди. Улар туркий халқ шеъриятида кенг тарқалган бўлиб, бу баҳр оҳанги туркий шеърият табиатига мос келишидан бўлса керак.

“Девон”даги эпик достон-қўшиқлар кўпроқ жангнома характерида бўлиб, баъзи йирик парчаларга шартли равишда “Тангутлар билан жангнома”, “Ўйғурлар билан жангнома”, “Ябаку билан жангнома” деб ном қўйилган. Улар ўз мазмунига кўра арабларнинг жоҳилия давридаги қабилалараро жанглар тасвирланган эпик ривоятларига ўхшаб кетади, фақат арабларда бу жанр насрий, туркий халқларда эса шеърий шакл устундир. Уларда туркий элатларнинг шижоати, қийинчиликларга бардоши, жасурлиги, ҳарбий ҳийлалар, сиёсий кураш, элпарварлик, мардлик, ҳикмат, меҳр ва қаҳр туйғулари жонли, чақноқ мисраларда тавсиф этилган. Шу билан бирга қабилавий бошбошдоқлик, ўзаро низо-адоватлардан ўкиниш, бирлашишга, иттифоққа интилиш майллари ҳам сезилиб туради. Буюк турк хоқонлигининг тушкунлик ҳолати, ягона бирлаштирувчи ғоянинг етмаслиги ушбу қўшиқлар кўпроқ исломдан илгариги оғзаки шеърият намуналари зканидан дарак беради. Қадимги эпик қўшиқлардан “Девон”да сақланган икки йирик асар кўпчиликнинг диққатини тортиб келади. Булардан бири “Али Эр Тўнга марсияси” ва иккинчиси — “Қиш ва ёз” мунозарасидир. Марсия 44 сатрдан иборат. Унда маълум маънода туркий эл ўзининг севимли қаҳрамони, хоқони ва йўлбошчисигагина эмас, бой берилган имкониятлари, парчаланган элати, тушкунликка юз тутган туркий империядаги маънавий йўлсизлик ҳолатига ҳам кўз ёш тўкади, мотам қилади. Бу қўшиқ халқ оғзаки ижодидаги “йиғи” жанрининг адабийлашган намунаси деса бўлади. “Қиш ва ёз” мунозараси туркий мунозара жанрининг бизгача етиб келган биринчи ёрқин намунаси бўлиб, унда туркий элатларнинг бутун табиати, яшаш, тафаккур тарзи, севинчлари, қайғулари батафсил акс этган. Айниқса, табиатга меҳр гўзал ифода топган. Асар мажозий тасвирлар, ташбеҳлар, истиоралар, жонлантириш ва енгил кинояларга бой. Уни ўқиганда чорвадор туркий элатлар ҳаёти, фаолияти, табиий муҳит кўз олдингизда яққол гавдаланади:

Алин топу йашарди
Урут ўтин йаширди,
Кўлнинг сувин кушарди,
Сигир бува мунграшур.

Мазмуни:

Тоғ бошлари яшарди,
Қуруғ ўтни яширди,
Кўл сувлари тошурди,
Сигир, буқа маърашур.

Бу баҳор тасвири. Қиш тасвири аксинча:

Келди асин аснайу,
Қозқа тўпал уснайу.
Кирди будун қуснайу,
Қара булит кўкрашур.

Мазмуни:

Келди шамол ҳувиллаб,
Бўрон бўлиб ғувиллаб,
Халқ титрашур увиллаб,
Қора булут гулдирар.

Бу манзаралар чорвадорлар ҳаёти учун исломдан олдинги даврда ҳам, кейинчалик ҳам характерли эди. Бу жанрда жангнома ва марсиялар сингари драматизм руҳи жуда кучли. Шу билан бирга романтик сурур ҳам мавжуд.

Девонда ислом давр шеърияти асосан ишқий, фалсафий-дидактик, мадҳиявий қасида ва шеър намуналари билан намоён бўлган. Унда ҳам мазмун, ҳам шаклига кўра Аҳмад Югаакий достонига асос бўлган тўртликларни эслатувчи “а-а-б-а” қофияли ўн бир ҳижоли парчалар учрайди:

Йаға эрур йўлигуқин нанги тавар,
Билиг эри йиғисин нелик севар,
Тавар йиғиб сув ақин инди сақин,
Қўрум каби изисин қўди сувар.

Мазмуни:

Душман эрур инсонга молу товар,
Олим одам ёвини қандай севар,
Мол йиғишни сел келиш деб
Мол эгасини тош каби юмалатар.

“Девон”даги биргина мадҳиявий қасидадан парча аёл кишига — маликага бағишланган. У ташаккурнома йўсинда ёзилган бўлиб, аруз вазнининг “мунсари” баҳрига тўғри келади. Фалсафий-дидактик қасида ва маснавийлар панднома йўсинида бўлиб, туркий элатлар маънавиятига хос бўлган бундай йўналиш “Девон-“да кўпроқ акс этган. Уларда илм ўрганиш ташвиқ этилади, жаҳо-лат, кибру ҳаво қораланади, саховат ва ҳиммат, меҳмондўстлик улуғланади, мол-дунёга ҳирс қўйиш, бахиллик ва очкўзлик фош қилинади, ота-онани ҳурматлаш, уларнинг сўзига қулоқ осишга даъват этилади. “Девон”да мардликни улуғлаш, ҳушёрликка, душмандан эхтиёт бўлишга чақирувчи байтлар ҳам панд-насиҳат қаторида учрайди:

Билга эран савларин алғил ўгут,
Эзгу сави эзласа ўзга сингар.
Ардаги тила ўгранинг, бўлма қуваз,
Ардашсизин — ўгунса ангма ангар.

Мазмуни:

Олим киши сўзидан олгил ўгит,
Эзгу сўзни эшитсанг дилга сингар.
Илм-ҳикмат ўргангин, бўлма қайсар,
Ҳиммати йўқ мақтанчоқ йўл йўқотар.

Бу илм-ҳунарга ташвиқ, олимга ҳурмат ҳақида бўлса, қуйидаги байт меҳмондўстлик хусусида:

Келса қали йағлиғ бўлиб йўнчиғ ума,
Келур аниғ бўлмиш аниғ тутма ума.

Мазмуни:

Келса агар хонанг узра ғариб меҳмон,
Бор нарсангни олдига қўй, бўл меҳрибон.

“Девону луғатит турк”да келтирилган қасида ва қатралар мазмун жиҳатдан ўша даврнинг туркийзабон шоири Юсуф Хос Ҳожиб достони мавзулари билан жуда уйғундир. Шу жиҳатдан кам ундаги парчаларни Аҳмад Югнакийнинг “Ҳибат ул-ҳақойиқ”ига ва Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асари орасидаги давр шеъриятига мансуб эканлигини тан олиш мумкин. Ҳатто дунёнинг ўткинчи ва бевафолиги, инсон тақдирининг ўзгарувчанлиги ҳақидаги мисралар ҳам бу тасаввурни таъкидлаб туради:

Кўзум йаши савруқуб қузи ақар,
Билниб ажун эмгагин тугал уқар,
Эмгаксизми турғу йўқ мунда таму,
Эзгулугуг кўрмазиб ажун чиқар,
Ажун қуни йўлдузи тутчи туғар.

Мазмуни:

Кўзим ёши тирқираб қуйи оқар,
Англаб дунё ғамини тугал уқар,
Машаққатсиз ҳаёт бунда асло,
Эзгуликни кўрмасдан улур бигар,
Туғилган зот дунёда мангу порлар.

“Девон”да, оз бўлса-да, дунёнинг яратилишига оид, яъни космологик мавзудаги сатрлар ҳам учрайди:

Тангри ажун тўрутти,
Чиғри узу тазгинур,
Йулдузлари чаргашиб,
Тун-кун уза йурганур.

Йаратти йашил чаш,
Савурди урунг қаш,
Тизилди қарақуш,
Тун-кун уза йурганур.

Мазмуни:

Тангри олам яратти,
Фалак доим айланур,
Юлдузлари сафлашиб,
Тун-кун узра бурканур.

Яратти яшил осмон,
Юлдузлар йўли самон,
Қорақуш юлдуз-мезон,
Тун-кун узра бурканур.

“Девон”даги шеърларнинг бадиий савияси юқори эканлиги, уларни яратган шоирларнинг жуда маълумотли бўлгани, нафис ва чуқур бадиий дидга эга эканлиги олимлар томонидан таъкидланади.

Маҳмуд Кошғарий асарида дунё харитаси доира шаклида чизиб кўрсатилган. Унинг марказида Марказий Осиё жойлашган. Баласоғун, Шош, Ўзган, Исфижоб, Марғинон каби шаҳарлар ушбу ҳудудга алоқадор кўрсатилган. XI аср жуғрофий тасаввурларидан дарак берувчи хаританинг илова килиниши Кошғарийнинг қомусий аллома эканини яна бир марта исбот этади.

Хулоса қилиб айтганда, Маҳмуд Кошғарийнинг исломдан илгариги ва илк ислом даври туркий маданият обидаларини тадқиқ этиш, тўплаш ва авлодларга етказиб беришдаги хизматлари ниҳоятда ул-кандир. Унинг тарих, этнография, тарих-жўғрофия хусусидаги кенг билим доираси, тил ва адабиёт соҳасидаги қомусий салоҳияти, тадқиқ қудрати бугунги кунда ҳам ҳайратланарли даражада эди. Унинг китобида жамланган аниқ-равшан маълумотлар VIII—XI асрлар ҳам туркий адабий тил ва бадиий адабиётнинг, ҳам оғзаки халқ ижоди ва турли лаҳжаларнинг бой манбаи бўлгани сабабли имкон доирасида батафсил тавсиф этилди.

“Девону луғатит турк”ни ўша даврларда Марказий Осиё минтақасида яшаган туркий халқлар ҳаёти ҳақидаги қомусий асар деб аташ мумкин. Бу асар устида тадқиқотлар олиб борган Фитрат, С. Муталлибов, И. В. Стеблева, В. В. Решетов, Ғ. Абдураҳмонов, А. Рустамов каби олимлар Маҳмуд Кошғарийни қадимги туркий тилларни ўрганишга буюк ҳисса қўшган ўз даврининг ўта билимдон олими эканлигини таъкидлайдилар. “Девону луғатит турк” 3 томда ўзбек тилида нашр этилган. Ҳозирги замон жаҳон илмий жамоатчилиги XI аср буюк олими Маҳмуд Кошғарийни қиёсий тилшуносликнинг асосчиси, деб тан олади.

фил. ф.д. М. Имомназаров