Марказий Осиёда XIV асрда пайдо бўлган яна бир йирик тасаввуфий тариқат — “Нақшбандия” тариқатидир. Бу тариқат Хожа Муҳаммад Баҳовуддин Нақшбанд номи билан боғлиқцир. Нақшбанд 1318 йилда Бухоро ёнидаги Қасри Ҳиндуён қишлоғида туғилади (сўнгра Ҳазрати Нақшбанд шарофати билан бу қишлоқ “Қасри Орифон” деб атала бошлаган). 1354 йилда вафот этган мутасаввуф олим Хожа Муҳаммад Бобои Самоси Баҳовуддин Нақшбанднинг Бухоро ёнидаги Қасри Ҳиндуён қишлоғида пайдо бўлишини олдиндан башорат қилган экан. Мазкур мутасаввуф донишманд ёш Баҳовуддинни ўзига ўғил қилиб олади ва ҳар томонлама уни тарбия қилади. Вафотидан олдин уни ўз шогирди Саййид Мир Кулолга топширади. Шу зайлда ёш Баҳовуддин ўша даврдаги атоқли мутасаввуф Саййид Мир Кулол қарамоғида таълим олган.
Тасаввуфнинг машҳур билимдони, атоқли шарқшунос Е.Э.Бертельснинг ёзишича, Нақшбанд таълимотининг асосида ихтиёрий равишдаги фақирлик ётади… Шунга биноан, Баҳовудцин Нақшбанд умри бўйи деҳқончилик билан кун кечирган, ўз қишлоғида унчалик катта бўлмаган ерига буғдой ва мош экар экан. У уйида ҳеч қандай мол-дунё ва бойлик сақламаган. Қишда қамишлар устида, ёзда эса бўйра устида ётиб кун кечирган. Унинг уйида ҳеч қачон хизматкор ҳам бўлмаган. Ҳазрати Нақшбанд бутун умрини ўз хоҳиши билан фақирлик ва йўқсиллиқда ўтказган. Зеро, бу тариқатнинг асл ақидаси — “Дил ба ёр-у, даст ба кор” — яъни “доимо кўнглинг Аллоҳда бўлсин, қўлинг эса ишда” деган ғояни илгари суради. У ўз қўл кучи билан кун кўришни ёқтирган, топган-тутганларини — етим-есирларга, бева-бечораларга инъом этган, ҳукмдорлардан доимо ўзини йироқ тутган, улар олдида ҳеч қачон таъмагирлик қилиб яшамаган.
XIV асрда Марказий Осиёда пайдо бўлган “Нақшбандия” таълимоти Афғонистон орқали Ҳиндистонга ва бошқа ислом юртларига шиддат билан тарқала бошлайди. Нақшбандия таълимоти Темурнинг мўғуллар истилосига қарши кураш, мустақил давлат барпо этиб, унда маданий-маънавий ривожланишни таъминлашга интилишида, темурий даври маданий юксалишида катта ижобий аҳамият касб этади.
XV асрнинг кўп олим-фозиллари, давлат арбоблари, санъаткорлари Нақшбандия таълимотидан кенг фойдаландилар, унга ўта ижобий муносабатда бўлдилар. Заҳириддин Муҳаммад Бобур (1483—1530) даврида, ундан кейинги XVI—XVII асрларда бу жараён анча тезлашади. Нақшбандия тариқати XVI асрда Хожа Муҳаммад ал-Боқий Кобулий (вафоти 1605) Ҳиндистонга боргандан сўнг Ҳинд тупроғида ҳам бу авж олади. Бу машҳур мутасаввуф олим Афғон ва Ҳинд юртларида Хожа Боқибилло номи билан машҳурдир. Унинг шогирди Хожа Аҳмад Форуқ Сирҳиндий (1563—1624) эса Нақшбандия таълимотининг XVII асрда Ҳиндистонда ёйилишида катта роль ўйнаган.
Шундай қилиб, бизнинг табаррук юртдошимиз Ҳазрати Баҳовуддин Нақшбанд томонидан асосланган Нақшбандия таълимоти Марказий Осиё, Ўрта ва Яқин Шарқ халқларининг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маданий ҳаётида жуда катта ўрин эгаллади. Бу таълимот бошқалар меҳнати билан кун кечиришни, текинхўрликни, ижтимоий зулм-истибдодни қатъиян қоралайди. Бу таълимот тарафдорлари аскетизмга (таркидунёчиликка) карши, бой-зодагонларнинг зулм ва истибдодига қарши бўлганлар, фақат ўз қўл кучи, пешона тери билан ҳалол меҳнат қилиб кун кечиришга чақирганлар. Нақшбандийлар савдо-сотиқ, деҳқончилик, ҳунармандчилик, бадиий адабиёт, илм-маърифат, хаттотлик, наққошлик, қурувчилик каби барча фойдали ва хайрли юмушлар билан шуғулланишга даъват этганлар. Шунинг учун ҳам ўз давридаги илм-маърифатнинг, адабиётнинг йирик намояндалари бўлмиш Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Хушҳолхон Хатак, Аҳмад Шоҳ Дурроний, Маҳдумқули Фироғий сингари юзлаб улкан тараққийпарвар, инсонпарвар шоирлар ва мутафаккирлар Нақшбандия йўлини танлаганлар, ҳаётни ва инсонни авжи баланд пардаларда куйлаб, тинмай баракали ижод қилганлар.
Хожа Баҳовуддин Нақшбандни Марказий Осиё халқлари жуда юксак қадрлайдилар. Ҳозирги мустақил жумҳуриятимиз шароитида “Яссавия”, “Кубравия”, “Нақшбандия” каби ўлкамизда (Туркистонда) вужудга келган тариқатлар энди бизда ҳам ҳар томонлама чуқур ўрганила бошланди. Хожа Аҳмад Яссавий, Шайх Нажмиддин Кубро ва Хожа Баҳовуддин Нақшбанд сингари мутасаввуф донишмандларнинг поклик, тўғрилик, меҳр-шафқат, адлу инсоф, имондорлик, меҳнатсеварлик, ватанпарварлик каби илғор умумбашарий фикрлари давримизга ҳамоҳанг бўлиб, келажак учун хизмат қилади. 1993 йилда Ўзбекистонда Баҳовуддин Нақшбанднинг 675 йиллиги зўр тантаналар билан ўтказилди, унга бағишлаб қатор асарлар нашр этилди, халқаро илмий конференциялар бўлиб ўтди. Бухородаги Нақшбанд номи билан боғлиқ бўлган ёдгорликлар қайтадан тикланди.
фил. ф.д. О. Усмонов