Леонид Волков. Рус баҳори (китобдан боблар)

Ўтган аср Россияда адолатли ижтимоий тузум барпо этиш йўлидаги қаҳрамонона интилишлар сифатида инсоният тарихига муҳрланди. Аммо XXI асрда бу интилишлар барбод бўлди. Дарҳақиқат, Совет Иттифоқи идеал давлат тимсолидан йироқ эди. Бироқ, бу давлатнинг номукаммаллиги унинг ўзи таянган тамойиллари билангина эмас, аввало, ҳокимият тепасида турган кишиларнинг лаёқатсизлиги билан белгиланган. Қолаверса, айнан ана шу кишиларга хос иллатлар — бирининг ақлсизлиги ва бошқасининг нафс балосига йўлиққани — социалистик ғояни ҳаётга чинакамига татбиқ этиш имкониятини йўққа чиқарди. Шу тариқа, номукаммал ижтимоий тузум ўрнини адолатсиз (яъни, янада номукаммалроқ) тузум эгаллади.

Совет Иттифоқи парчаланиб кетишининг умумий сабаблари барчага маълум. Аммо унинг баъзи жиҳатлари ҳамда вазиятларига ҳамон ойдинлик киритилган эмас.

* * *

Нима сабабдан мен ўн, эҳтимол, ўн беш йилдан буён узоқ танаффуслар билан ушбу китобни ёзишга жазм этдим? Вақт шиддат билан елиб бормоқда. Эндиликда Горбачёвгина эмас, Ельцин ҳам, ҳатто Сахаров ҳам унутилган кўринади. Демократик баҳорнинг собиқ қаҳрамонлари — Попов, Афанасьев, Румянцев, Филатов, Станкевич, Пономарев, Якунинлар турли қулай ёки ноқулай “ғор”лардан паноҳ топган. Ўзим ҳам қарийб ўн йилдан буён Германияда истиқомат қиламан.

Демократиянинг чопқир отлари эса эндиликда улкан рус дала ва кенгликлари бўйлаб бошини эгиб, судралиб бормоқда. Сабр косаси тўлган яқинларим менга: “Сен фурсатни бой бердинг, бу эсдаликларнинг ҳеч кимга кераги йўқ”, дейишади. Бу воқеа-ҳодисалар ҳақида кўплаб замондошларим хотиралар битганини ўзим ҳам яхши биламан. Бундан ташқари, ёзиб борган кузатувларим ва фикр-мулоҳазаларим бугунги кунга келиб, журналистика ва сиёсий элита назарида, барчага маълум гапларга айлангандек.

Шу маънода, бу китобга эҳтиёж бормикан, келгусида ёзганларим кимларгадир керак бўлармикан деган андиша менга тинчлик бермайди. Ана шу қийин саволга жавоб излашга мажбур бўлганим сабабли китоб устида ишлаш жараёнида узоқ танаффуслар қилишга тўғри келди.

Эҳтимол, ана шу воқеаларнинг бевосита иштирокчиси сифатида уларни ҳаққоний тасвирлаш орқали ўша воқеалар бузиб кўрсатилаётган енгил-елпи, бирёқлама телефильмлар, ҳақиқатга даъво қиладиган интервьюлардаги “факт ва далил”лар ҳамда турли мамлакатлардаги тор ўйлайдиган кишиларнинг сафсатасига тўсқинлик қилмоқчи бўлаётгандирман? Дарҳақиқат, талай йиллар мобайнида ушбу воқеаларда шунчаки иштирокчи эмас, ҳуқуқшунослик ва сиёсатшунослик соҳасида муайян билимга эга бўлган кузатувчи сифатида қатнашишга муяссар бўлдим.

Нима ҳам дердим, ҳаётим аста-секин поёнига етмоқда. Мен Сталин даврида туғилиб вояга етдим, сталинча қирғинбарот йилларда қатағон этилганлар билан “ўлдирилдим”, ўспиринлик чоғимда нацизм билан урушнинг гувоҳи бўлдим, Хрушчев эпкинлари даврида жонлана бошладим, брежневча турғунликдан изтироб чекдим, университетдаги курсдошим Горбачев ҳокимият тепасига келганда қайтадан тирилгандек бўлдим ва ниҳоят, сўнгги бош котибнинг бетайинлигини кўриб, парламентчилик фаолиятига шўнғидим…

Бир сўз билан айтганда, маълум маънода мен — давр динозавриман. Айнан шунинг учун мулоҳазаларимни баён этиш ҳуқуқи мен учун мажбуриятга айланди.

90-йилларнинг биринчи ярмидаги воқеаларни баҳор сифатида идрок этганим боис ушбу эсдаликлар лойиҳасини “Инсоний қиёфали социализм”нинг барпо этилишига умид боғлаган, аммо қўйилмаган операга ўзига хос увертюра сифатида хизмат қилган 1968 йилдаги “Прага баҳори”га қиёслаб, ўзимча “Рус баҳори” деб атадим. Аммо бу увертюра саҳнага чиқмаган кўплаб буюк опералар сингари “осмонни забт этиш”, яъни чинакам инсоний эркинликка эришиш йўлидаги энг тинч ва покиза интилиш тимсоли сифатида тарихда қолди. Унинг баҳорий нашидаси, эпкинлари ва жаранги умрбод хотирамга муҳрланди, менинг, кўпгина дўстларим ва маслакдошларим қон-қонига сингиб кетди.

Бизнинг инқилоб жувонмардликнинг субутсизликка қарши исёни эди. Биз бойликка эмас, эзгуликка интилганмиз. Турли башоратларга қарамай, бизнинг сайланишимиз айнан шу билан изоҳланади. Барча эзгу ғояларимизнинг регламентларга, қонунларга, Конституция лойиҳасига осонгина киритилганига сабаб ҳам шунда. Зеро, барчамизнинг эҳтиросга лиммо-лим қалбимизни аслзода хоним — демократия тўлиқ забт этган эди — биз уни, тарихни, Россияни ана шундай идрок этганмиз, англаганмиз. Бинобарин, барча, шу жумладан, айрим коммунистлар ҳам унинг нигоҳида хушбичим ва жозибали кўринишни истарди. Таъбир жоиз бўлса, биз гўё Атос сингари зўр қиличбоз, Арамис сингари хушмуомала, Д‘Артаньян сингари жасур ва қашшоқ, баъзи ҳолларда эса Портос сингари демократик либосларимизнинг сохта жилосини зўр бериб намойиш этишга интилардик…

Шундай қилиб, биз — бир ҳовуч идеалистлар (агар чиндан ҳам идеалист бўлсак) нимага эришдик? Биз ўзи аслида ҳам идеалист бўлганмизми? Бу савол ҳамон менга тинчлик бермайди. Умуман, идеалист бўлиш шартми? Ҳаётни хаёлий лойиҳалар орқали ўзгартириш, тузатишга эҳтиёж бормикан?

Балки, ҳамма гап бизнинг сиёсий (ва иқтисодий) савиямиз билан изоҳланар? Ернинг чуқур қатламларига кириб кетган қурт-қумурсқага ўхшаб, ҳаётнинг туб-тубига етиш ўрнига Ельцин сингари қотиб қолган амалиётчилар билан ўралашиб, булбулдай сайрашимиз, ҳаммага маълум гаплар ҳақида сафсата сотганимиз аслида биз қўрқитмоқчи ва сиёсий жиҳатдан йўқ қилмоқчи бўлган кишиларнинг ҳокимиятга интилишларига хизмат қилганини тан олиш керак.

Назаримда, бизга ҳаммасидан ҳам кўпроқ оддийгина ижтимоий масъулият туйғуси етишмаган кўринади. Яъни, сўз ва ишнинг бирлигини, амални эса нафақат умуминсоний, балки шунчаки инсоний қадрият сифатида англанишини таъминлайдиган туйғу. Бу ўринда демократик зиёлилар ёки таъбир жоиз бўлса, зиёли либераллар назарда тутилмоқда. Зўр нотиқларнинг “Москва минбари”дан туриб сўзлаган оташин нутқларини эсласам, Гюгонинг “Тўқсон учинчи” ёки Милюковнинг ўтган асрнинг бошларида Давлат Думасидаги нутқлари кўз олдимда намоён бўлади. Бундай кезларда Гамлетнинг “оҳ, сўзлар, сўзлар…” деганлари ёдга тушади. Бутербродлар ва кофе-брейклар оралиғида бу сўзлар қанчалар жозибали ва кучли жаранглаган, кейинчалик намойишларда акс садо берган эди. Аммо ишни, кундалик сиёсий амалларни бошқа биров бажариши, маъмурчилик юкини яна кимдир елкасига олиши зарур эди. Ельцин, Халқ, Ғарб… Бизда (сизда) ҳар доимгидек ҳаммаси сўздан бошланган. Ҳа-ҳа, тўғри илғадингиз, дастлаб “сўз бўлган”. Бироқ бизнинг ҳолатимизда ҳаммаси сал бошқачароқ, яъни дастлаб сўзбоши бўлган эди. Худди гапни нима билан тугатишни билмаётган нотиқ сўзининг ёки шўролар бошлаган қурилишнинг охири сира кўринмаётганига ўхшаб…

Олдиндан огоҳлантирмоқчиман: муаллиф назарида, у шон-шуҳрат кетидан қувганлардан эмас, унинг учун муҳими — натижа. Аммо шон-шуҳратга бурканган тақдирда ҳам, бу чинакам қаҳрамонликми ёки Герострат шуҳратпарастлигими — бу ёғи энди ўқувчига ҳавола.

Аммо мутлақо ишончим комил бўлган бир жиҳат бор: СССРнинг парчаланиши нафақат муқаррар эди, балки бу тарихнинг бизга берган инъоми ҳамдир. Шак-шубҳасиз, ёвузлик империяси, тўғроғи, бахтсизлик, кулфат ва зулмат империяси яксон қилиниши шарт эди.

* * *

Илк бор Ельцинни кўрганимда (1977 йилнинг апрел ойи) шахсиятидаги жозибани ҳис этмаслик мумкин эмасди. Унинг партиявий Хорун ар-Рашид сифатидаги қаҳрамонликлари барчанинг оғзида эди. Бу гал икки минг москвалик МҚнинг янги котиби билан учрашувга таклиф этилган эди. Ўшанда мен илк бор Сиёсий Бюронинг қартаймаган жонли аъзосини кўришга муяссар бўлган эдим. Унгача мавқеи анчайин пастроқ арбоблар билан учрашишга тўғри келган. Буларнинг бари — директорлар ва вазирлардан тортиб биринчи ва иккинчи котибларгача қиёфаси бир хилдек, аниқроғи, бир хил ниқоб кийиб олгандек туюларди. Уларнинг нигоҳи ҳам худди ўликникидек, нутқ сўзлай бошлаганда ҳам худди ўлик одам тирилиб гапираётгандек тасаввур ҳосил бўларди. Гапларида юрак тафти билан йўғрилган жонли фикрдан асар ҳам йўқ эди. Бундай кимсаларни севиш мумкинмиди? Назаримда, уларнинг аёллари ҳам ўзларига ўхшарди…

Бугун эса икки минг кишилик жамоа олдида мутлақо жонли одам турарди. Қиёфаси ва гапларидан уни, аввало, ўзи ва қилаётган ишлари ҳамда мулоқотда бўлган одамлар қизиқтираётганини сезиш қийин эмасди. Унинг хатти-ҳаракатларида оммавий ўйинлар ташкилотчисига хос нимадир бор эди. Нутқларида баъзан Павел Корчагин давридаги комиссарларнинг аччиқ ва кескин оҳанги лов этиб намоён бўлиб қоларди. Аммо табассуми ғоят жозибали эди. Умуман олганда нутқлари ҳам ақлга зид эмасди. У оёқда олти соат тик туриб, нутқ сўзлади. Барчанинг нигоҳи унга қадалган. Нутқ охирлашган сари аёлларнинг кўзларида ҳайрат учқунлари пайдо бўлди, эркакларнинг юзларига эса қизил югурди. Очиғи, мен ҳам унинг сеҳр-жодусига берилган эдим. Аммо қалбимни бу инсонга нисбатан илиқ муносабатдан ташқари аллақандай хавотир ҳам эгаллади.

Тунда муздек терга ботиб уйғониб кетдим. Бу ёқимтой мужик айтган кескин гаплар менга тинчлик бермасди: “Биз профессорларни пештахта ортига савдо қилишга жўнатамиз. Боришмаса — дастгоқ ёнига қўямиз”. Ўша пайтларда Москвада ҳар қандай камёбмол қаторида сотувчилар тақчиллиги пайдо бўлган эди. Илмий муассасалар эса керагидан ортиқча. Шуларни ўйлаб, қалбимни қўрқув қуршаб олди: мабодо, профессорлар дастгоҳ ёнига ҳам бормаса-чи, нима, улар отиб ташланадими?

Ўша даврдан буён қанча-қанча сувлар оқиб ўтди. Ельцин ифлос партократик оқим ва Сахаров мухолифатининг покиза ирмоқларидан ўтиб, шахс ва давлат арбоби сифатида тобланди. Энди у мен илк бор кўрган шунчаки модернизациялашган Павел Корчагин эмасди. Шу давр мобайнида у зиёлилар ва халқнинг, ҳатто профессорларнинг меҳр-муҳаббатини қозонди.

* * *

Шу тариқа, бутун Съездни оёққа турғазишга қодир пишангни миямда “пишита” бошладим. Бирдан изтироб оловида ёнаётган миямда ярқ этган фикр пайдо бўлди — “РСФСР давлат суверенитети тўғрисида Декларация”. Ўша заҳоти ёзув дафтарчасидан юлиб олинган бир варақ катакчали қоғозга “РСФСР давлат суверенитети тўғрисида Декларация”сининг бир неча бандларини ёздим. У қисқа бўлса-да, унда нақадар улкан куч-қудратга эга “портловчи модда” яширинганини бутун вужудим билан ҳис этдим.

Биринчидан, номининг ўзи зўр. Бу большевистик ўтмишдан шунчаки нусха олинган “шўролар” декрети эмас. Бу — эртанги кун декларацияси. У мавҳум шўроларга эмас, бевосита Россия халқи ва иттифоқ ҳукуматига қаратилган.

Иккинчидан, бу ҳужжат барча ҳамкасбларимизга РСФСР ва СССР айнан бир нарса, Россия бугун — давлат эмаслигини эслашга мажбур қилиши шубҳасиздир.

Учинчидан, декларация ғояси юракларга қон югуртиришидан ташқари, мияга мантиқ ҳам бахш этади: “эркин республикаларнинг бузилмас иттифоқида” “Совет иттифоқи” деган устқурма эмас, айнан бепоён ва жонли Россия чинакам давлат мақомига эга бўлиши зарур.

Шубҳасиз, Декларация, аввало, сиёсий жиҳатдан ёрқин ҳаракат эканини яхши англардим. Лекин бу шунчаки ҳаракатмикан? У ҳолда яна нима уни шундай йўл тутишга ундади? Фақат миллатчилик эмас. Зеро, бошқа республикаларга ҳеч қандай эътирозим бўлмаган. Масалан, сайловга бораётиб, нафақат Болтиқбўйи республикаларига, балки ҳатто “автоном” Татаристонга ҳам эркинлик бериш керак, деб ҳисоблардим. Бинобарин, “Россия фақат руслар учун” деган алжирашлардан кўнглим айнийди…

Аммо бугунги кунга келиб, биз чиндан ҳам рус миллатчилари бўлганимизни тан оламан. Бироқ бизнинг анъанавий маънодаги миллатчилигимиз мамлакат халқини зўравонлик билан давлатни қўлга олганлар, улар “ўзимизники” ёки “келгинди” бўлишидан қатъи назар, золим қироллар ва подшоларга қарши курашга сафарбар этишни кўзлайди. Шу маънода, XX асрда коммунист ақидапарастлар ва буюк давлатчилик “ватанпарвар”лари тимсолида кенг кўламда намоён бўлган ирқчилик, шовинизм, ксенофобиячиликдан фарқли ўлароқ, биз “миллатчиликсиз” миллатчилар эдик. Биз халқчил демократлар сифатида КПСС ва КГБ сингари тўқмоқларга таянган буюк давлатчи “русофиллар”нинг империяча миллатчилигига қарши курашга отланган эдик.

Шундай қилиб, бизнинг Декларация ўнг ва сўлдаги ҳар қандай миллий ва сиёсий кайфиятларни бир мақсад йўлида бирлаштиришга имкон берарди…

Яна бир жиҳат, яъни “ўнг”лар ва “сўллар”ни Горбачёв ҳамда унинг ҳукумати қаноатлантирмаётгани ҳам депутатларнинг Декларация атрофида жипслашувига хизмат қиларди.

Шу билан биргаликда, Декларацияда РСФСРнинг Иттифоқдан чиқиши очиқ қайд этилмагани турли қарашлар ва интилишларни ҳуқуқий асосга йўналтиришга имкон бериши мумкин эди. Мазкур ҳужжатнинг иккинчи муҳим бандида Россия Конституциясининг ва қонунчилигининг устуворлиги эълон қилинган эди. Шу тариқа, муаммонинг соф сиёсат соҳасидан ҳуқуқий заминга кўчирилишига шароит вужудга келарди. Аммо миллий қонунчиликнинг устуворлиги “бузилмас иттифоқ” Конституциясида ҳам, амалиётида ҳам мавжуд бўлмаган ҳуқуқнинг устуворлигини англатар эди. Бу ҳол иттифоқ маъмуриятчилиги ва ғайриҳуқуқий тафаккурга қарши ошкора ҳаракат эди. Декларациянинг қабул қилиниши билан ҳокимият турли бўғинлари ўртасида ўзаро муносабатлар конституциявий ва ҳуқуқий соҳага кўчирилиб, мавжуд муаммо ва келишмовчиликлар судлар орқали ҳал этилиши лозим бўларди. Ана шу жиҳатни кафолатлаш мақсадида турли вазиятларда СССР ёки Россия қонунчилигини қўллаш масаласи судлар иштирокида ҳал этилиши, шунингдек, лойиҳада фуқаролар ҳуқуқларининг устуворлиги (яъни давлат устуворлигининг бекор қилингани) назарда тутилган банд ҳам киритилди.

Эҳтимол, Декларация лойиҳасини тайёрлаш комиссиясининг баъзи аъзолари уни шунчаки оддий бир ҳужжат сифатида қабул қилган, ҳатто унга қарши бўлган ва Ельциннинг сайланишига ишончи комил бўлмагандир. Бизнинг фикримизча эса, Декларация улкан сиёсий қадам бўлибгина қолмай, қўғирчоқ РСФСРдан чинакам демократик давлатни барпо этишга хизмат қиладиган, яъни туб бурилиш ясай олишга қодир восита бўлиши керак эди.

Муайян сиёсий ва амалий тажрибага эга бўлган ҳуқуқшунос сифатида Декларацияга унинг матнига мазкур ҳужжатни ҳаётга жорий этиш амалий механизмини назарда тутган қандайдир қоидаларни киритиш лозимлигига имоним комил эди. Шу боис РСФСР ва СССР ўртасидаги низолар суд тартибида ҳал этилиши ҳақидаги таклифнинг Декларация матнида қолишига эришиш учун кўп ҳаракат қилишга тўғри келди. Бу кўплар учун мутлақо янги, ғайриодатий ва ҳатто тушунарсиз эди. Бироқ айнан ана шу қоида республиканинг, шу жумладан, унинг иқтисодиётининг иттифоқ амалдорлари маъмурий назоратидан халос бўлишига имкон берарди. Албатта, ўша даврларда бўладиган суд жараёни қандай кечиши ва РСФСР ҳудудида қабул қилинган муайян низоли қарор Иттифоқ Олий Судига етиб боргунча унинг қайта кўриб чиқилишига маъни қолмаслиги мумкинлигини яхши тасаввур қилардим. Зеро, бу ҳол аслида ваколатларнинг Иттифоқдан республикага берилишини англатган бўларди. Қолаверса, бу тамоман янгича муносабатлар анъанавий маъмурий йўл билан эмас, табиий равишда қуйидан, қайноқ ҳаётнинг ўзидан бошланишини билдирарди. Бу ҳаёт билан узвий боғлиқ бўлган ҳуқуқнинг шаклланишига, ҳам демократия, ҳам бозор муносабатларининг қуйидан илдиз отиб, ривожланишига имконият туғдирарди. Лекин режа иш бермади. Кимдир Ельциннинг фикрини ўзгартиришга эришган, шекилли, Декларация лойиҳасига бошқа, нисбатан жўн, узоққа мўлжалланмаган қоида киритиладиган бўлди. Ҳарчанд уринмайлик, бошқаларнинг фикрини ўзгартира олмадик.

* * *

Шундай қилиб, 1990 йилнинг 16 майида очилган съездда ўша кезларда оддий депутат мақомига эга бўлган Борис Ельцин РСФСР давлат суверенитети ғояси ҳақида нутқ сўзлади. У жимиб қолган халқ вакилларига декларациянинг матнидаги “давлат” сўзига алоқида урғу бериб, ўқиб эшиттирди. Бир вақтлар талабалар театрида иштирок этган Горбачёв овоз ва имо-ишоралардан шундай усталик билан фойдалана олармиди-йўқми, билмайман. Ельциннинг овози эса ҳамон қулоғим остида жаранглаб туради. Борис Николаевич асосий ғояни аниқ-тиниқ илғаб олганди. Умуман, у янги ғоя ёки асосий фикрни тезда илғаб олиш туғма қобилиятига эга эди.

* * *

Шу тариқа, депутатларга тарқатилган кун тартибида, табиийки, Декларация ҳақида лом-мим дейилмаган. Шу билан бирга, унда съезднинг узоқ муддат ишлашига мўлжалланган умумий банд: РСФСРнинг ўша вақтдаги Вазирлар Кенгаши раиси Власовнинг ҳисоботи ҳамда РСФСР бюджетини тасдиқлаш масалалари киритилган эди. Бундан кўзланган мақсад — депутатларнинг бутун диққат-эътиборини бюджет-ҳисобот масаласига жалб этиб, демократлар ва Ельциннинг суверенитет атрофида бошламоқчи бўлган “ўйин”дан чалғитишга ҳаратилган эди. Бироқ айрим “деморосслар” микрофонларга яқинлашиб, съезд кун тартибига суверенитет масаласини киритишни талаб қила бошлашди. Казаков уларга Россия ваколатларини кенгайтириш масаласи Власовнинг ҳисоботи ва бюджетни тасдиқлаш жараёнида муҳокама этилишини уқтиришга уринарди. Россиянинг “иқтисодий” суверенитети масаласининг стратегияси шу эди. Ниҳоят, кун тартибининг ушбу банди бўйича овоз бериш вақти келди. Ҳаммаси ана шунда бошланди…

— Кун тартиби бўйича сўз беришингизни сўрайман… РСФСР давлат суверенитети ҳақидаги Декларация масаласини кун тартибининг алоҳида банди сифатида киритишни таклиф этаман. Масалани овозга қўйишингизни сўрайман…

— Кун тартибида РСФСР Вазирлар Кенгаши Раисининг ҳисоботи ва бюджетни тасдиқлаш масаласи бор. Уларни муҳокама қилиш жараёнида…

— Мен сиздан кун тартиби бўйича сўз беришингизни сўраяпман… РСФСР давлат суверенитети ҳақида Декларация масаласини кун тартибига киритишни талаб қиламан… Сиз шундай қилишга мажбурсиз..

— Кун тартибига Власовнинг ҳисоботи ва бюджет масаласи киритилган деяпман-ку. Унда…

Хуллас, учинчи, тўртинчи, бешинчи… “деморосслар” вакиллари бирин-кетин микрофонларга ёпирилди. Казаков нима қиларини билмай, анграйиб қолди. Худди қизиб турган товага солинган балиқдек, ўзини гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа ура бошлади.

Бундай вазиятда Казаков у ёқда турсин, ҳатто бош котибнинг қўлидан ҳам ҳеч нарса келмасди. Хуллас, иш битди. Бутун зал софитлар, микрофонлар бақириғи ва телекамералар вижиллаши остида оёққа қалқди. Балконда пешонасида машҳур доғи бор одам ҳам кўринмай қолди. Тўғрироғи, у ҳамон жойида ўтирарди-ю, лекин энди бунинг ҳеч қандай аҳамияти қолмаган эди. Назаримда, айнан шу паллада Ельцин ҳали ғолиб келмаган бўлса-да, Михаил Сергеевич “ўйин”да ютқазиб қўйганди. Энг муҳими, бу ўйинда “деморосслар”нинг саъй-ҳаракати билан Россия, демакки, Ельцин ютиб чиқди. Масала овозга қўйилганда 1077 депутатдан 1074 таси Декларациянинг кун тартибига киритилиши учун овоз берди. “Қарши” овоз берганлардан иккитаси ўша заҳоти тугмачани “янглиш” босиб юборганини эълон қилди. Бу Горбачёвга берилган қақшатқич зарба эди.

Биз ўшанда бу ҳодиса ССР Иттифоқига чиқарилган халқ ҳукми эканини англаб етмаган эдик. Нима бўлганда ҳам, бу съезд арафасидаги тушкунлик кайфиятларда туб бурилиш ясаган оламшумул воқеа бўлди. Ҳаммаси аён эди: энди Ельциннинг ўтишига шубҳа йўқ. Демак, тарих ғилдираги биз курашган, ёқлаб чиққан йўналиш бўйлаб айланади.

* * *

Шу тариқа, тарихий муқорабанинг биринчи раунди ютиб олинди. Давлат суверенитети ҳақидаги Декларация Ельцин номи билан узвий боғлиқ бўлиб қолди.

23 май куни депутатлар кун тартибидаги асосий масала муҳокамасига киришдилар. Вақтинчалик раис Казаков балконда тош қотиб ўтирган Горбачёвга ҳарчанд тикилмасин, аллақачон бошланган жараённи тўхтатишга ҳам, конституциявий раиснинг сайланишига ҳам энди тўсқинлик қила олмасди.

Орадан шунча вақт ўтиб, тош қотган қиёфадаги одамнинг кўнглидан нималар кечганини тасаввур қилиб кўришга ҳожат бормикан? Курсдошим “рус имтиҳони”га яхши тайёргарлик кўрмагани ҳақида ўйлаганмикан? Виктор Шейнис ўшанда юқоридагилар нима сабабдан Ельцинга қарши муносиб муқобил номзодни олдиндан тайёрлаб қўймаганига ҳозиргача ҳайрон қолиб юради. Эҳтимол, Миша Ельцинга нисбатан эҳтирос, рашк, нафрат ўтида ёнгани учун шу аҳволга тушиб қолгандир? Ёки унда давлат арбобига хос оқилона ёндашув, тақдири мана шу кўримсиз залда ҳал бўлаётган, енгилтак авантюрист қўлига тушиб қолиш эҳтимоли пайдо бўлган улкан мамлакат учун чинакам масъулият ҳисси устун келдимикан? Сезишимча, унинг қалби ва онгида буларнинг барчаси аралаш-қуралаш бўлиб кетган эди. Бироқ дафъатан вужудга келган хавф-хатарни англаб етгани ва уни жиддий қабул қилгани ҳам аниқ.

Ельциннинг рақиблари ҳам, тарафдорлари ҳам айтадиган гапини айтиб бўлди. Горбачёв гўё ҳеч нима бўлмагандек, ниқобини ечмай ўтиравериши, шоҳона қадр-қимматини сақлаб, келгуси қадамларини обдон ўйлаб олиши, “ўзларинг ҳал қилаверинглар” дея, съездни тарк этиши ҳам мумкин эди. Аммо бош котиб, президент, Европанинг суюклиси бошқача йўл тутди. Қирол чиндан ҳам шоҳона жойдан қўзғалиб, иттифоқ чўққисидан пастга — Россия ҳудудига “тушиб”, минбарга яқинлашди — шунда унинг девсифат Ельцинга нисбатан жуссаси қанчалик кичик экани яққол намоён бўлди. Лекин энди тош қотган ниқобдан асар йўқ эди. Унинг қиёфасида қандайдир совуқ, ёқимсиз ранг пайдо бўлгани ҳамон кўз олдимда турибди.

У ўзининг бундай хатти-ҳаракати ва нутқини миясида пишитганмиди ёки бу эҳтирос ва ҳиссиётларининг “портлаши”миди, билмайман. Лекин унинг қўлида қеч қандай қоғоз-поғоз йўқ эди. Нутқи ҳам, иттифоқ съездидаги чиқишларидан фарқли ўлароқ, нафақат ўта эҳтиросли, шу билан бирга, мутлақо эркин, лўнда ва аниқ эди. Гўё съездимизда Цицероннинг ўзи нутқ ирод этаётгандек бўлди. Албатта, бундай курсдошим билан ғурурланишим керак эди. Лекин ўзимча ўйлайман: ўша паллада, унинг ўзи учун ўта кескин ва ноқулай вазиятда шундай эҳтиросли чиқиш қилишга ҳақлимиди? Россия тарихининг бурилиш палласида, Россия суверенитети ҳаётий ҳақиқатга айланай деб турган пайтда рус халқи вакилларининг эркин хоҳиш-иродасига дағаллик билан аралашиш иттифоқ президентига мутлақо ярашмайдиган ҳаракат эмасми?

Эҳтимол, ана шундай эҳтиросли аралашув бўлмаганда, съезддаги вазият қай томонга ўзгариб кетиши мумкинлигини тасаввур қилиш амри маҳол. Тарих руҳияти билан ҳазиллашиб бўлмайди. У ўта инжиқ соатларининг мурватини бир томонга бураб юборса, қарабсизки — шекспирона фожиа, бошқа томонга бураса — ҳангоманинг худди ўзи. Съездда эса айни пайтда руҳий драма қўйилаётган эди. Ельциннинг бузғунчиликка мойил экани сабабли уни сайламаслик зарурлиги ҳақидаги Горбачёвнинг эҳтиросли чақириқларини кўпчилик жазавага тушиш, ўзини оқлаш ва ҳимоя қилиш, шахсий адоват, заифлик белгиси деб тушунди. Ўшанда, бош котибнинг ана шу нутқи туфайли Ельциннинг ҳатто энг ашаддий рақиблари ҳам ўзини ноқулай ҳис этган эди.

Сайловларнинг биринчи тури Горбачёвнинг ўша нутқидан кейинги кун бўлиб ўтди. У қарши чиққан номзодга халқ депутатларининг нисбий кўпчилиги — 47 фоизи овоз берди. Ельцин асосий рақиби — Горбачёвнинг эргашмаси Полозковга нисбатан 24 овоз кўп олишга муяссар бўлди. Бу “деморосслар”нинг фақат 221 овозга таяниш мумкинлиги ҳақидаги тушкун ҳисоб-китобларидан кейин, шак-шубҳасиз, улкан сиёсий ва руҳий ғалаба эди. Миқдорий жиҳатдан — нисбий устунлик, аммо таъсири жиҳатидан мутлақ устунлик. Тарих миллари қайси томонга оғаётгани кўпчиликка аён бўлиб қолди. Шундай бўлса-да, унга бир оз туртки бериш зарур эди. Чунки ана шу кезларда мамлакат тақдири ҳал бўлаётган эди. Қолаверса, тарих соатининг ҳазили ҳаддан ташқари хатарли бўлиши мумкин. ўша паллада рақиблар унинг милларини бошқа томонга буриб юбормаслигига ҳеч ким кафолат бера олмасди. Дарвоқе, улар ўта ёқимсиз Полозковни россиялик вазир Власовга алмаштириб, “соат миллари”ни бошқа томонга буриб юборишга уриниб кўришди. Тарих соатлари тинимсиз чиқ-чиқлаб, титраб турарди…

Танаффус пайтида Сергей Юшенков иккимиз Кремль буфетида учрашиб, узун стол ёнига ўтирдик. Овоз бериш натижалари сал олдин эълон қилинган эди. Серёжа билан сершовқин буфет залида овқатланаётиб, бўлиб ўтган воқеалар хусусида фикр алмашиб турганимизда рўпарамиздаги стулга генерал-полковник кийимидаги яна бир депутат келиб ўтиргани бизни ҳайрон қолдирди. У Серёжага эски танишлардек бош ирғади-да, кейин менга юзланди.

— Биласизми, — деди у, — мен, ахир, олим, профессор, фан доктори, алоқа бўйича мутахассисман.

Кулгим қистади. Генерал мени чиндан ҳам Эйнштейнга ўхшатган кўринади.

— Генерал-полковник Кобец, Бош штаб бошлиғининг ўринбосари, — дея Серёжа уни менга таништирди.

— Мен Бош штаб бошлиғининг алоқа бўйича ўринбосариман, — деди генерал кулимсираб. — Бу ерда ҳарбийлар ва КГБ гуруҳини бошқараман.

Ҳа, ҳазилкаш тарих соати милларини бизга, Ельцинга томон бураётганга ўхшарди. Бундай имкониятни қўлдан бой бериб бўлмасди.

— Айтинг-чи, генерал, — дедим мен унга қарата, — Ельцин ҳақида қандай фикрдасиз? Горбачёв сиз учун қанчалик қадрли?

— Биласизми, — деди генерал мен томон ўгирилиб, — мени бугун Марказий қўмита инструктори чақиртириб, роса миямни қоқиб берган… ҳаммаси жонга тегиб кетди…

— У ҳолда, эҳтимол, илмий асосга таяниб, батафсилроқ гаплашиб олармиз, — дедим мен.

Генерал кулимсираб турган Юшенковга қараб деди:

— Чекадиган жойга ўтсакмикан…

Шу тариқа, Кремлдаги чекиш жойида, эркаклар ҳожатхонаси эшиклари ёнгинасида махфий суҳбатимиз, аниқроғи, бир томондан, СССР олий генералитети вакили, ҳарбийлар ва КГБ парламент гуруҳининг раҳбари, иккинчи томондан, демократлар ва Ельциннинг мутлақо норасмий вакили, депутат “Эйнштейн” ўртасида сиёсий музокаралар бўлиб ўтди. Ҳа, тарих ғилдираги қайси томонга бурилиши Яратгангагина аён.

Агар хотирам панд бермаса, мен ўшанда Ельциннинг истиқболлари, Россия омили, Горбачёвнинг заифлашиб қолгани, Полозков ва унинг ортида турганларнинг ақидапарастлиги ва бемаънилиги ҳақида гапирган эдим.

Ўша кезларда генерал Кобец ва унинг ҳамкасблари булар ҳақида ўйлаганми-йўқми, аниқ айта олмайман. Ҳар ҳолда, бизнинг демократик зиёлиларимиздан фарқли ўлароқ, ўйлаган бўлиши керак. Аммо ўйлаш ҳам турлича бўлиши, ҳарбийлар ҳам ўзлари билганича йўл тутиши мумкин. Дейлик, баъзилари Ельцинга таянса, бошқалари ўша “полозковлар”га ишонч билдириши, учинчилари эса, умуман, бу жараёнлардан четда туриб, у нима билан тугашини кутиб ўтириши ҳам мумкин.

Менинг гапларим генерални ишонтира олдими-йўқми, билмайман, аммо Кобецнинг айтганларидан унинг доирасида Ельцинга нисбатан маълум илиқ муносабат шаклланган бўлса-да, баъзи эътирозлар борлигини ҳам англаш мумкин эди. Айниқса, ҳарбийларни Ельциннинг Курил ороллари бўйича нуқтаи назари ғоят ташвишлантирарди. Чунки у катта дастурий чиқишларининг бирида Курил оролларини Японияга қайтиб беришни ваъда қилган эди.

— Бунга асло йўл қўйиб бўлмайди, — деди генерал Кобец. — Гап фақат ватанпарварлик туйғусида эмас, бу масала мамлакатнинг ғоят муҳим стратегик ва иқтисодий манфаатлари билан боғлиқ.

— Ҳамкасбларингиз Ельцин билан учрашишни хоҳлармиди? — деб сўрадим мен генералдан.

— Мен ҳам шу ҳақда ўйлаб тургандим, аммо улар билан маслаҳатлашмасдан, аниқ жавоб бера олмайман.

— Бўпти, мен ҳам Борис Николаевич билан гаплашиб кўраман.

Эртаси куни худди шу жойда учрашишга келишиб олдик.

Эрталаб учрашганимизда генерал унинг ҳамкасблари Ельцин билан учрашишган тайёр эканини маълум қилди. Мен зал томон югурдим. Президиум саҳнасида суҳбатлашиб турган бир неча киши орасида Ельциннинг бўйдор жуссаси алоҳида ажралиб турарди. Пастдан унга билинар-билинмас ишора қилган эдим, у мен томон яқинлашди.

— Муҳим маълумот бор, Борис Николаевич, — дея шивирладим мен. — Холи жойга чиқсак дегандим.

Йўл-йўлакай генерал билан суҳбатимиз ва Бош штаб генералитети вакиллари у билан учрашмоқчи эканини айтганимда, Борис Николаевич дарров рози бўла қолди. Уларнинг Курил ороллари масаласига муносабатини ҳам хотиржам қарши олди. У кейинчалик генералитет вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда бу масалани ўз дастуридан чиқариб ташлашни ваъда берди ҳамда ваъдасининг устидан чиқди.

Афсуски, ўша учрашув қачон бўлгани: биринчи турдан кейинми ёки иккинчи турдан сўнгми, эслай олмайман. Сирасини айтганда, бу унчалик муҳим ҳам эмас. Нима бўлганда ҳам, Кобец гуруҳини Ельцин учун овоз беришга оғдириш учун маълум вақт талаб этиларди. Генерал Кобец эса унинг гуруҳи асосан бизнинг номзодимиз учун овоз беришига бизни ишонтирди. Чиндан ҳам, иккинчи турдан кейин Ельцин номзоди учун 6 овоз қўшилган бўлса, Полозков 15 овоздан маҳрум бўлди, учинчи турда номзодимиз яна қўшимча 32 овоз олишга муяссар бўлди (бу гал энди Власовга қарши).

Шундай қилиб, ҳар қандай тушкун башоратлару ҳисоб-китобларга қарамай, гўё жайдари сиёсатчи ва сиёсатшуносларимиз устидан кулгандек, Ельцин Съезд раиси, Олий Кенгаш раҳбари ҳамда давлат суверенитетига юз бурган Россия Республикасининг етакчиси этиб сайланди.

Генерал Кобец эса ўша воқеалардан кейин рус ҳарбий вазири, 1991 йилнинг августида Оқ уй ҳимоясининг раҳбари сифатида фаолият юритди. Аммо даврнинг ўзгариши уни ҳибсхонага етаклаб келди. Бунга нима сабаб бўлгани: унинг нафс балосига гирифтор бўлганими ёки 90-йилларнинг ўрталарига келиб кенг тарқалган амалиёт: собиқ ҳамкасбларнинг “сотқинлиги” учун ундан ўч олганими, айтиш қийин. Ахир, ўша пайтларда ҳаммага маълум идораларда бундай ишларга устаси фаранг бўлиб кетганлар оз эмасди-да.

Ельцин эса Кобецни ўз ҳимоясига олмади ёки олишни хоҳламади. Афсус, унинг бизга кўп хизмати сингган эди.

* * *

О, нақадар завқли эди августнинг ўша куни! Бир кун олдин ёмғир челаклаб қуйган бўлса-да, эртаси ҳаво илиқ ва қуёш чарақлаб турарди. Сиёсий об-ҳаво ҳам бир оз ўзгарувчан эди. Баҳорданоқ сиёсат осмонида Ново-Огарёво жараёнининг ўзгарувчан булутлари сузиб юрарди. Биз Ельцинни Горбачёвга нисбатан журъатсизликда айбласак, у ўз навбатида Горбачёвнинг яқинларини эслаб турарди. Кўпчилик исён юз бериши эҳтимоли ҳақида гапирарди. Ҳатто партиявий сафдошим Володя Нирко газетамизда ғоят мароқли тўнтариш сценарийси тасвирланган мақоласини чоп эттирди. Маълум маънода, у авлиё бўлиб чиқди. Шунга қарамай, вазият таҳлили, аниқроғи, сиёсий сезгирлик армия партия генераллари тарафида туриб, Ельцинга, Россия қарши чиқиш эҳтимоли кам эканидан дарак берарди. Бизнинг тасаввуримизча, армиянинг қўллаб-қувватлашисиз ҳеч қандай фитначилар муваффаққиятга эриша олмасди. Шу боис охирлаб бораётган август тинч-хотиржам ўтадигандек туюларди.

Айнан шунинг учун кўп ойлик ақлдан оздирувчи югур-югурдан кейин елдек учиб бораётган ёқимли август ёзининг сўнгги кунлари нашидасини суришни кўнглимга тугдим. Эрталаб телефон жиринглашидан уйғониб кетдим.

Соат 7. Ойна ортида қуёш чарақлаб турибди. Телефон гўшагида Павел Кудюкиннинг ташвишли овози эшитилди:

— Биласизми, Леонид Борисович, телевидение орқали ғалати нарсаларни кўрсатишяпти. Исён бошланган кўринади.

— Ишончингиз комилми? — дедим мен. — Ишқилиб, Нирконинг сценарийсига ўхшаган навбатдаги телепьеса ёки томоша эмасмикан?

— Билмадим, — деди Паша.

Телевизор мурватини бурадим. “Оққуш кўли”. Ҳа, демак, бир гап бўлган. Худди шу пайт эфир орқали ГКЧП ҳақида ахборот узатилди. Елкамга тоғ ағдарилгандек бўлди. Наҳотки, ҳамма ҳаракатларимиз зое кетган бўлса? Наҳотки, бу ярамаслар чиндан ҳам журъат этган бўлса? Ҳа, уларнинг журъат этганига шубҳа йўқ эди. Энди ҳаммаси унга боғлиқ. Ельцин тирик бўлса — исён барбод бўлади. Акси бўлса — унда ишлар чатоқ. Тезгина кийим-кечак, озгина егулик, ҳужжатларни олиб, машинани Оқ уй томон елдириб кетдим.

Эрталабки қуёш нур сочиб турган кўчаларда аллақандай хотиржамлик. Милиция ҳам, одамлар ҳам кўринмайди. Ҳамма ёқ сув қўйгандек.

Ярим соат ўтар-ўтмас Оқ уй панжаралари ёнида эдим. Дастлаб Андрей Фадин билан кўришдим. Одам кўп эмас. Аммо уларнинг орасида бизникилар — социал-демократлар кўпчиликни ташкил этарди.

— Танклар бостириб келмоқда, — деди Андрей.

Турган жойимдан Кутузов шоҳкўчаси бўйлаб танклар колоннасининг юришига ўхшаш ҳаракатни кўзим илғади.

— Ельцин қани, унга нима бўлди? — деб сўрадим мен.

Бу саволимга ҳеч кимдан аниқ жавоб ололмадим. Миш-мишларга кўра, Архангельскоедан келаётиб, ҳибсга олинган эмиш.

— Андрей, ҳарбийлар билан алоқаларингиз борми? Гуруҳ тузиб, Ельцинни қутқариш керак. У бўлмаса — ҳаммаси тамом бўлади. У бўлса — ғалаба қилишимиз аниқ.

— Бўпти, ҳаракат қилиб кўраман.

Андрей кўздан ғойиб бўлди.

Шундай кейинги воқеалар кинодаги кадрлар сингари тез-тез алмаша бошлади. Ана шу узоқ уч кечаю уч кундуз бир йил, эҳтимол, бир неча ўн йилликлар ва ҳатто адабиятга татигулик кунлар бўлди десам, муболаға бўлмаса керак. Ана шу жараёнда иштирок этган одамларнинг ҳар бирига алоҳида-алоҳида ҳайкал қўйиш даркор. Андрей билан хайрлашиб, дақиқа сайин кўпайиб бораётган одамлар орасидан Оқ уйга кириш эшиги томон бир амаллаб ўтдим. Елкасига автомат осиб олган таниш арман милициячи қўриқлаётган эшик олдида Борис Орлов билан юзма-юз тўқнашиб қолдим. Эски ҳамкасбим, фан доктори, ғарб социал-демократияси бўйича таниқли мутахассис ва қўрқмас журналист, партиямиз ҳайъати аъзоси эди.

— Ҳайъатнинг икки аъзоси шу ерда экан, демак, фавқулодда йиғилишни бошлаш мумкин, — дедим мен ҳазил оҳангда, — қани, юринг…

— Фақат депутатларга рухсат этилган, — деди одатда хушмуомала сержант қўллари билан эшикни тўсиб.

— Борис, у ҳолда партия қароргоҳига бориб, уни яширин фаолият юритишга тайёрлашингиз керак бўлади, чоғи. Энди сиз партиянинг Оқ уй ташқарисидаги ягона етакчиси бўлиб қолдингиз.

Қўл сиқишдик. Борис одамлар орасига кириб, кўздан ғойиб бўлди, мен эса парламент лабиринтларига кириб кетдим. Иккинчи қаватга кўтарилиб, Президиум йиғилиши устидан чиқиб қолдим. Хасбулатов жойида, Ельциндан эса дарак йўқ. Ҳамманинг нигоҳи ташвишли. Бир-бирига зид ахборотлар келиши давом этмоқда. Шу пайт хаёлимга бир фикр келиб қолди.

— Йиғилишимиз узлуксиз давом этади деб эълон қилиш керак, — дея аста шипшидим Лукиннинг қулоғига.

— Келинглар, йиғилишимиз узлуксиз давом этади деб эълон қиламиз.

— Бўпти, эълон қила қолайлик, — деди Хасбулатов менга томон хўмрайиб.

Бироқ, шу таклифни беришга бердим-у, ўзим унга амал қилмасдан залдан ташқарига чиқдим. Шу пайт йўлак охиридаги зина олдидаги хона эшиги очилиб, бир гуруҳ одамлар шоша-пиша ўша ёққа кириб кетди. Узоқни яхши кўра олмаганим сабабли — назаримда, бу одамлар Руцкой ва унинг қўриқчиларига ўхшаб кетди. Яхшироқ разм солсам — бу Ельцинннинг худди ўзгинаси эди. Кўзи менга тушди, шекилли, катта-катта қадам ташлаб яқинлашди-да, кулимсираб қўлини узатди. Бир оғиз ҳам сўз айтилмади. Энг муҳими, энди мақсад, умид пайдо бўлган эди. Токи у тирик экан, ҳеч ким бизни янча олмайди. Ҳатто танклар билан ҳам…

Бу вақтга келиб, танклар ғижир-ғижирлаб ва ёқимсиз ҳид таратиб, ойналаримиз остига келиб тўхтади. Мен пастдан, зина томондан қаттиқ қийқириқлар эшитилаётган, аямай сўкиниб, танклар колоннасини тўхтатиб қолган одамлар томон югурдим. Айтишларича, исёнчилар томонидан қўлга олинган, Халқ фронти бўйича эски қадрдоним, депутат, подполковник Уражцевнинг отаси биринчи бўлиб ўзини танк остига отган экан. Колонна олдида милициянинг “Жигулиси”дан келишган капитан чиқиб келди.

— Илтимос, йўлни бўшатинглар, — деди у хушмуомалалик билан.

— Сиз ҳам улар томондамисиз? Нима учун уларни бу ерга олиб келдингиз? — деди аёллардан бири.

— Нима ҳам қилардим. Шахсан мен Ельцин тарафидаман, аммо буйруқ олганман…

— Ҳар қандай бўлмағур буйруқни бажараверасизми? — дедим мен гапга аралашиб.

Шу пайт Оқ уй зиналари томонидан улкан одамлар оқими тушиб кела бошлади. Улар орасида Ельциннинг оппоқ боши алоҳида ажралиб турарди. Дақиқа ўтар-ўтмас, у танклар ёнига келди. Афти-ангори важоҳатли. Ниҳоят, Ельцин танк устига чиқиб олди. Армия, кутганимиздек, бунга қаршилик қилгани йўқ. Президентнинг нутқи бугун барчага маълум. Ўша дамларда эса танкдан бир қадам берида туриб, диққат билан тинглардим ва ўй сурардим. Мана шу танк, мана шу зиналари кенг оқ уй, мана шу бир парча ер — эндиликда бизнинг Россия давлатимиз. Бу давлат етакчисининг микрофони ҳам, телевидениеси ҳам, радиоси ҳам, матбуоти ҳам, бир неча қўриқчиларни ҳисобга олмаса, армияси ҳам йўқ. Худди шу ерда у бир неча ўн киши олдида ҳайратланарли нутқ сўзлади, мамлакатга (шу жумладан, армияга) ўз фармойишларини эълон қилди. У ўзини бутун мамлакатнинг халоскори, СССРнинг қонуний президенти ва унинг даврида эришилган қонуний эркинликларнинг ҳимоячиси дея эълон қилди.

Ельциндан кейин танк устига генерал Кобец чиқди. Эндиликда у бизнинг армиясиз ҳарбий вазиримиз эди. У танк устига чиқиши билан “Ельцин, Ельцин!” дея қичқираётган одамлар бир овоздан:

— Йўқолсин, генераллар! — дея хитоб қила бошлади.

— Бу бизнинг генерал! — дея бақирдим. Константин Иванович солдатларга мурожаат этди:

— Сиз демократияга қарши бормаслигингиз керак, армия халқ олдидаги бурчини бажариши лозим!

Нима учун бугунги кунга келиб, ўша “август” шунчаки қандайдир ўйин бўлгани ҳақида ёзилаётган ва гапирилаётган, Ельцин номи билан “чепистлар”га[1] қарши чиққан москваликлар унутилган пайтда ана шу воқеаларни яна бир бор жонлантиришга ҳаракат қилаяпман. Эҳтимол, баъзилар учун, сезишимча, Горбачёв учун — бу чиндан ҳам ўйин бўлгандир. Атрофдагиларни ана шундай ҳаракатларга гиж-гижлаб, “менсиз бир нима қилишмоқчи бўлса, оқибати қандай бўлишини” кўрсатиб қўйиш бу — бош котибга хос услуб. Бироқ, сирасини айтганда, исён ғоят жиддий мақсадларни кўзлаган эди. Горбачёв ёки бошқа сценарийчи нималарни мўлжаллаганидан қатъи назар, бу одамларнинг барчаси — Крючков, Янаев, кейинчалик жонига қасд қилган Пуго шунчаки ўйинчоқ солдатчаларни ўйнаб, сўнг қутичасига жойлаб қўймоқчи бўлганига ишониш қийин. Уларнинг режаси советчасига ўта содда ва шу билан бирга анчайин ишонарли эди. Аввало, танклар ёрдамида Москвани мамлакатдан ажратиб қўйиш. Халқ қуюшқондан тушмагунча Ельцинни Оқ уйда ушлаб туриш. Директорлар корпусига таяниб, Москвага мойил вилоятларни бўйсундириш. Ниҳоят, Горбачёвни ихтиёрий асирликдан озод қилиш. Хуллас, 1993 йилнинг сентябрида биз қўлламоқчи бўлган тактикага жуда-жуда ўхшаб кетади.

Аммо бу чиндан ҳам шунчаки спектакль бўлган дейлик. Қўрқувга ўрганиб қолган халқнинг кўнглига ғулғула солиш. Кўп қон тўкмай, Ельцин ва унинг тарафдорларини бирёқли қилиш, режалаштирган “ўйин”ига ўйнашга мажбур этиш. Агарда у чиндан ҳам спектакль бўлса, унинг режиссёрлари осонлик билан, қаршиликсиз, хунрезликка йўл қўймасдан мақсадга эришамиз деб ўйлаган кўринади. Албатта, ҳибсга олишларни истисно қилмаслик керак.

Аслида, бу воқеаларда гэкачепистларнинг мақсадлари ҳам, уларнинг қай даражада қон тўкишга ташналиги ҳам аҳамиятсиздир, зеро, энг муҳими, сиёсий жиҳатдан эътиқодли “демократлар” эмас, айнан москваликлар, пойтахтнинг кўп миллионли фуқаролари намоён этган эркинлик сари интилиш, демократия учун юксак парвоз эди. Улар бу “спектакль”дан, қадрдон шаҳрида пайдо бўлган танклардан, ҳатто Сталин даврида ҳам ақлга сиғмайдиган пойтахтликлар устидан ўтказилган зўравонликдан ғазаб отига минган эди. Бундан ташқари, бу “спектакль”ни улар гўё ўзга сайёраликларнинг Россияга ҳамласи сифатида баҳолаётганини “путчист”лар[2] тушуниб етмади. Зеро, бу даврга келиб, ўша гуруҳ тимсолидаги иттифоқ ҳокимияти шунчаки хаёлий бир нарсага айланиб қолган пайтда, Россияда чинакам давлат бўй кўрсатган эди. Ельциннинг ишонч-эътиқоди ҳам, унинг дадил чиқишлари ва ютуқларининг боиси ҳам шунда.

Нима бўлганда ҳам, “чепист”лар умумхалқ сайловида суверен Россия президенти этиб сайланган Ельцинга нисбатан қандайдир чора кўриши керак эди. Ўлдиришми? Ҳибсга олишми? Қочишга ёки “шартлар”ни қабул қилишга мажбур қилишми? Бугун ҳам биз бу саволларга аниқ жавоб бера олмаймиз. Назаримда, “чепист”лар орасида бу чораларнинг ҳар бирининг тарафдорлари бўлган. Уларнинг узоқ вақт иккиланиб туришининг боиси ҳам шунда бўлса ажаб эмас (1993 йилнинг сентябрида Ельциннинг тарафдорлари ҳам худди шундай аҳволга тушиб қолган эди). Ана шунда Ельцин номи билан “саҳна”га халқ чиқиб келди. Қизиқ, Ельцинсиз ҳам ҳам у шундай йўл тутармиди? Эҳтимол. ҳар ҳолда, Ельцин ҳалок бўлганда, уларга бўйсунганда ёки саросимага тушиб қолганда вазият қандай тус олиши мумкинлигини тасаввур қила олмайман. Биласизми, Россия ҳукуматини Екатеринбургга кўчириш ва ўша ердан қаршилик кўрсатиш фаолиятини ташкил этиш масаласи жиддий муҳокама этилгани ҳам вазият нақадар таҳликали бўлганидан далолат беради. Мен қеч қачон ашаддий ельцинчи бўлмаганман. Ҳар хил вазиятларда у билан баҳслашганман, фикрини инкор этганман, “бизнинг” Ельцинни “уларнинг” Ельцинидан ҳимоя қилишга интилганман. Кўп бор ундан кўнглим қолган, ҳафсалам пир бўлган, ҳатто ундан нафратланган пайтларим ҳам бўлган. Лекин Худо шоҳид — ушбу китобда унга холисона, муносиб баҳо беришга ҳаракат қилдим. Зеро, уни бугун кўкларга кўтариб, эртасига нафратланиш мумкин эмас. У ҳақда яхлит ҳақиқатни айтиш керак.

1991 йилнинг 19 августидаги ҳақиқат бу — Ельциннинг ҳалок бўлмагани, душманга бўйсунмагани ва асир тушмагани эди. Аксинча, у фақат олға ҳаракат қилишга интилди. Бу ишда унга кўмаклашиш керак эди. Биринчиси — ахборот. “Чепист”лар газета, радио ва телевидениени қўлга олишга ҳаракат қилди. 19 чи куни эрталаб улар ё сукут сақлаган ёки “Оққуш кўли”ни намойиш этарди. Хуллас, танклар билан ажратиб қўйиш режаси ахборотни чеклаш билан тўлдирилди. Ҳар тарафдан завод ва корхоналарда директорларнинг интизомни сақлаш ва ГКЧП декретларига итоат этиш зарурлиги ҳақидаги фармойишлари босилаётган ёзув машинкаларининг “чиқ-чиқ”игина эшитилиб турарди. Бутун дунё ҳам саросимага тушиб, қотиб қолган эди. Ҳар ҳолда бизга шундай туюларди. Нима бўлганда ҳам, “чепист”ларнинг мақсади аён эди. Улар халқни ўзига хос ахборот бўшлиғига солиб, уни ташаббускорликдан маҳрум этишни кўзлагани аниқ. Лекин улар фақат бир нарсани — Москва кўчаларидаги танклар ҳам аслида жиддий ахборот эканини эътиборга олмаган эди. Демак, Ельциннинг тириклиги, Россиянинг курашаётгани, демократиянинг асирга тушмаслиги ҳақида халққа маълумот етказиш, тушунтириш, мурожаат этиш зарур.

Буни англашимиз билан ишга киришдик.

— Йигитлар бу ерда тургандан фойда йўқ, — дедим мен партиядошларимга. — Яхшиси, шаҳарга, бизнинг партия ташкилотларимизга борайлик! Кишиларни Оқ уйга келишга даъват этайлик! Бу ерда қанча кўп одам йиғилса, шунча яхши. Одамларга “Ельциннинг шу ердалигини, у фармон чиқариб, “чепист” хатти-ҳаракатларини ноқонуний деб эълон қилгани”ни етказайлик!

Бироқ гапларим унчалик таъсир қилмади, шекилли, бирорта ҳам одам ўрнидан қўзғалмади. Шунда ички партиявий демократия учун тинимсиз курашиб келган Галя Ракитская ёрдамга келди:

— Ҳозир фавқулодда вазият вужудга келгани сабабли партиявий интизом талабларига қатъий риоя қилишимиз зарур.

Чиндан ҳам сафдошларимиз бирин-кетин шаҳарга йўл олди, орадан бир оз вақт ўтгач, одамлар Оқ уй томон оқиб кела бошлади.

Варақалар қўлда, компьютерларда ёзилиб, Оқ уйдаги бир неча ксероксларда кўпайтирилиб, деразалардан пастга — Олий Кенгаш биноси олдида тўпланганларга ташлана бошланди…

Бу вақтга келиб, танкларга қарши — ғилдирагининг ҳавоси чиқарилган депутатлар машиналаридан дастлабки тўсиқлар барпо этила бошланди. Ўртада менинг ҳар қандай енгил машина жиннисининг орзуси — яп-янги яшил рангли “Жигули”йим. Биринчи машинам. Лекин мен бундан хафа эмасман. Майли, у ҳам демократияни ҳимоя қилсин. Биздан сал нарироқда гурсиллаган ғалати товушлар эшитилди. Бир неча йигит бинонинг юқори қисмидан тош, бетон бўлаклари, темир парчаларини пастга улоқтирарди. Ишқилиб, бировга зиён етказишмаса бўлгани. Лекин вақт зиқ, шошилмасак ҳам бўлмайди.

— Қаранглар, томларда мерганлар пайдо бўлди, — деди биз томон келаётган Сергей Юшенков.

Бинонинг олд қисмида депутатлар тўплана бошлади. Шейнис, Ковалёв, Шабад, Юшенков ва бошқалар иккитадан бўлиб депутатлар “Волга”ларига ўтириб, ҳарбийлар билан гаплашиш учун жўнаб кетаяпти. Улар қайтиб келадими-йўқми, ҳеч ким билмайди. Зеро, уларни ҳибсга олишлари, калтаклашлари, ҳатто отиб ташлашлари ҳам эҳтимолдан холи эмас. Ким билади, балки уларни мусиқа ва гуллар билан тантанавор кутиб олишар. Ғоят асабий ўтган икки, уч, тўрт соат. Ниҳоят, улар бирин-кетин кела бошлади. Чарчаган, юзлари сўлғин, кайфияти ҳаминқадар, лекин, энг муҳими, соғ-омон қайтишди.

– Хўш, қандай бўлди? — деб сўрадим Шейнисдан.

— Ҳар жойда ҳар хил. Бизни умуман яқинлаштиришмади, хушмуомалалик билан: кетаверинглар, биз ўзимиз масалани ҳал қиламиз, дейишди. Баъзи қисмларда эса зобитлар, ҳатто аскарлар билан ҳам гаплашишибди.

Нима бўлганда ҳам, умумий тасавввур шундайки, ҳарбийларда ГКЧП учун жангга киришга асло хоҳиш йўқ эди. Ҳатто баъзи ҳарбийлар Ельцин ҳақида сўраб-суриштиришибди. Депутатларнинг бу саъй-ҳаракатлари жиддий натижа бермаган бўлса-да, ҳар ҳолда ҳарбийлар халқ вакилларининг ГКЧПга бўйсунмаслигига ишонч ҳосил қилгани муҳим.

Кеч тушганда Оқ уй олдидаги макон гўёки жанг олдидаги Бородино майдонига ўхшаб кетди. Чиндан ҳам Бородин кўпригининг ортида тўпланиб турган қўшин ғира-ширада қорайиб кўриниб турарди. Унинг рўпарасида эса кўндалангига қўйилган троллейбуслардан барпо этилган тўсиқ. Шундай бўлса-да, назаримда, вазият бир оз юмшагандек. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун “Ельцин давлати” чегарасидан чиқишга қарор қилдим. Кўприк устидаги дастлабки учрашув — Станислав Шаталин рафиқаси билан қўл ушлашиб, сайр қилиб юрган экан. Қўл сиқишиб, хайрлашдик. Энди биз у билан гўё қондош-қариндошдек эдик. Кўприк ортида эса одамларнинг аччиқ-чучук гапларига тишини ғижирлатаётган танкчилар астойдил жойлашиб олаётган эди. Вақти-вақти билан уларнинг олдига аёллар келиб: нақотки, сиздек навқирон йигитлар ўқ отишга жазм этсангиз, дея жони ҳолига қўйишмасди… Ортимга қайтдим.

Оқ уйда радио тинимсиз ишлаётган эди. Москванинг барча таниқли инсонлари шу ерда. Оқ уй радиоси “вид”чилар, “взгляд”чилар, Хазанов тимсолида эфир орқали тинимсиз ахборот тарқатарди. Ҳар қандай радиостанция бу эшиттиришларнинг савиясига қойил қолмай иложи йўқ эди. Карнайлари ташқарига чиқарилган ана шу ажойиб радио орқали берилаётган эшиттиришларни теварак-атрофдаги аҳоли ҳам, аскарлар ҳам эшитиш имкониятига эга эди.

Ҳаммаёқ зулматга чўмди. Бирдан яна қийқириқлар эшитилди. Кетишга чоғланган танклар яна ортига қайтаётган эди. Аммо радионинг хабар беришича — бу танклар Оқ уйни ҳимоя қилиш учун келаётган экан. Дарҳақиқат, улар башнясини Москва дарёси томон буриб, бино олдида тизилди…

Тунги соат икки. Ёмғир. Кундузги кўпминг кишилик авомдан тўрт юзга яқин одам қолган. Ухлаш ҳеч кимнинг хаёлига келмайди. Кутаяпмиз. ГКЧП ҳужум бошлаб қолиши мумкин. Ухлаб ётганда ўлдиришларини ким ҳам хоҳларди дейсиз. Яхшиямки, телефон тинимсиз жиринглаб турибди. Қўнғироқ бўлаётгани айни муддао. Тириклигимизни, ҳаракат қилаётганимизни улар билсин…

Ўшанда — 1991 йилнинг 20-августида демократия ғалаба қилгандек туюлган эди. У Ельциннинг фармони, атиги бир чақиримга эшитиладиган Оқ уйнинг бутунроссия радиоси, танкларнинг бостириб келишидан оёққа турган москваликларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли бир кечаю кундуз туриб берди. Ўшанда “чепист”ларнинг босиқлиги ажратиб қўйиш тактикасининг бир қисми экани хаёлимизга ҳам келгани йўқ. Бу нарса эртаси куни соат 12 ларга Оқ уй олдидаги майдонга тўпланган юз минглаб одамларнинг ҳам хаёлида бўлмаган.

Куннинг иккинчи ярмида вазият тубдан ўзгарди. Москва кўчаларида янги ҳарбий қисмлар пайдо бўлгани ҳақидаги маълумотлар бирин-кетин кела бошлади. Таман дивизияси йўлга чиққан. Уч соатларда етиб келиши керак. қандайдир йирик ҳарбий қисм Коломна (Москва яқинидаги шаҳар. — Тарж.) остонасига келиб қолган. Ҳаво десанти тайёрланаяпти. Шоҳкўча томонда кўплаб тўсиқлар барпо этила бошланди. Бу ишларга ҳимоячиларни бўлимлар, взводлар ва роталарга бўлиб, афғон уруши қатнашчилари бошчилик қилмоқда.

Ички радио эса тинимсиз ишлаб турибди. Станкевич Горбачёвнинг Форосда ажратиб қўйилгани, Воронцов Лукьянов билан учрашгани ҳақида сўзлаб беришди. Растропович ҳам радио орқали одамларга мурожаат этди. Ундан кейин “черёмуха” ва “психотрон” ҳақида хабар эшиттирилди. Шум хабар. Мен “черёмуха”нинг нақадар дақшатли эканини Тбилисидаги воқеалардан яхши биламан. Яна Станкевичнинг овози эшитилади:

— Тез орада ҳужум бошланиши мумкин. Аёллар ва ходимлар Оқ уйни зудлик билан тарк этишларини сўраймиз!

Шу кезларда кўз ўнгимда бир қўлида автомат, иккинчисида микрофон ушлаб олган президент Альенде намоён бўлди.

Соат кечки олти. Кўпчилик бинони тарк этмаган бўлса-да, йўлакларда одам кўринмайди. Шу пайт нимқоронғи йўлакда Филатов пайдо бўлади:

— Бу ерда нима қилиб ўтирибсизлар? Бу ер хатарли жой. Ўқ отиш ҳақида буйруқ бор. Десантчилар ерости йўлидан чиқиб келиши мумкин. Ҳозиргина мени автоматчи сал бўлмаса отиб ташлаганди. Уйга боринглар!

— Йўқ, Сергей Александрович! Уйда ўтириб, отиб ташлашларини кутиб ўтира олмайман. Мен Конституциявий комиссияга бораман.

Шу пайт радиодан “депутатларни Миллатлар Кенгаши залида тўпланишларини сўраймиз” деган хабар эшиттирилди.

Жами икки юзга яқин депутат тўпланди. Минбарда эса Кобец:

— Штаб барча чораларни кўриб қўйди. Ҳимоя оқилона ташкил этилди. Мустаҳкам тўсиқлар барпо қилинди. Бироқ асосий куч бу — депутатлар. Улар ҳужум қилаётганлар олдига чиқиб, нуфузи ва обрў-эътибори билан уларни тўхтатмоғи зарур. Бу — бизнинг асосий қуролимиз.

— Бизга кўрсатилган ишончдан бошимиз осмонга етди, — деди депутатлардан бири.

Шу тариқа, депутатлар гуруҳларга бўлинди. Орамиздаги энг навқирон, сочи жингалак, кутилмаган етакчи — Немцов бошчиликни қўлга олди. Противогазлар тарқатилгач, барчамиз ўз жойимизга бориб, чиқишимизни кута бошладик. Бизга-ку противогазлар берилди, лекин ташқаридагилар нима бўлади? Улар “черёмуха” билан нафас оладими? Шу пайт телефон қўнғироғи чалиниб қолди. Кимдир олти минг противогаз, уларни олиб кетиш учун машина ва қўриқчилар беришни сўради. Филатовга телефон қилсам, у машинам ҳам, қўриқчилар ҳам йўқ, деб жавоб берди. Қурол-яроғ ва бошқа нарсалар сақланаётган ертўлага югуриб тушдим. Навбатчилик қилаётган полковникка бор гапни тушунтиргандим, машина ҳам, қўриқчилар ҳам топила қолди. Ҳар ҳолда, энди ҳимоячилар хавфсизлиги учун кўнгил бир оз хотиржам бўлди.

Шу пайт Немцов қўнғироқ қилиб, чиқиш навбати бизга келганини маълум қилди.

— Оқ уй томон махсус танк бўлинмаси ва КГБнинг алоҳида отряди ҳаракатланмоқда, — дея тушунтириш берди Кобец. — Сизнинг вазифангиз — СЭВнинг биноси олдига бориб, уларни кўчада тўхтатиб қолиш.

Тунги ўн икки. Биринчи чиқиш жойи мустаҳкам танбаланган. Иккинчисида икки милиция майори қўриқчилик қилиб турибди:

– Мумкин эмас! — деди улардан бири йўлимизни тўсиб.

Тушунтиришдан маъни йўқ. Офицерни четга суриб, ташқарига отилдик.

Ҳа, ҳимоячилар роса тер тўккан кўринади. Пиёдаларнинг бу ердан ўта олмаслиги аниқ. Ҳамма ёқда темир, бетон, ғишт уюмлари.

Бир амаллаб тўсиқлардан ўтиб, кўндаланг қўйилган, ағдарилган ва ёндирилган троллейбуслар ёнидан ўтамиз. Шу яқин атрофда отишма овози эшитилди. Теварак-атрофга разм соламиз. Улар қай томондан келиб қолиши мумкин? Мана бу тор кўчаданми ёки анави муюлишданми? Аниқлаштирсак, ҳеч қандай махсус бўлинмадан дарак йўқ, бир неча БТР Смоленск кўчасидаги ерости йўлида тиқилиб қолгани маълум бўлди. Оқ уйга қайтишга қарор қилдик. Аммо бу ҳам осон бўлмади. “Афғон”лар ҳеч кимни ичкарига киритмаяпти. Депутатлик гувоҳномасининг ҳам кучи етмаяпти. Бир амаллаб ичкарига киришга муваффақ бўлдик. Бинонинг олд томонидаги барча эшиклар ёпиқ. “Афғон”лардан бири орқа томондан ўтишни маслақат берди.

Шу пайтда бинонинг ўнг томонидан қандайдир одамлар шарпаси, кейин эса икки генерал кўринди. Бу генерал Кобец ва милиция генерали, депутат Аслаханов экан. Кобец тўпланганларга мурожаат этиб, вазият ғоят кескин экани, хоҳловчилар уйига кетиши мумкинлигини тушунтирди. Аммо ҳатто ғира-ширада ҳам барча ҳимоячиларнинг таранглашган, жиддий ва қаҳрамонона қиёфасида “ўлсак — ўламиз, лекин бу ердан бир қадам жилмаймиз” деган маъно мужассам бўлганини англаш қийин эмасди. Наҳотки, уларга чиндан ҳам ўқ отишса, танклар билан эзғилашса, кимёвий моддалар билан заҳарлашса? Наҳотки, улар катта қон тўкишга жазм этса?

Кобец билан бино ичкарисига кирамиз. Тунги соат икки. Радиодан хабар эшиттирилади: “Яқин орада десант ташланиши кутилмоқда. Барча депутатлар айлана залга тўплансин”. Энди орамизда ўттизга яқин одам қолган.

Тунги соат уч. Ўтирибмиз. Шу пайтда Млинаржнинг бир вақтлар ўқиган эсдаликлари ёдимга тушади. Гўё худди ўшандагидек, ниқоб қийган қандайдир кимсалар хонага бостириб кириб, қўлларимизни боғлаб, эсэсчилар сингари барчамизни асфаласофинга жўнатадигандек…

Соат тўрт. Худди ботқоқликка тушиб қолгандекмиз. Бирданига уйқу босди.

Соат беш. Деразалардан ёруғлик туша бошлади. Лукин соатига қараб деди:

— Нима учун уларнинг тўхтаб қолганини билмадим-у, аммо, сезишимча, ҳужум бўлмайдиган кўринади.

Кун ёришиши билан барчамиз хавф-хатар чекинганини ҳис этдик. Аслида, кескинлик бир оз юмшаган, ҳимоячилар чарчаган пайтда десант ташлаш айни муддао-да. Аммо ҳаёт давом этади ва депутатлар бирин-кетин ўз хоналарига равона бўлди. Мен ҳам ҳаммасига тупурдим, бориб бир ухламасам бўлмайди, деган тўхтамга келдим. Шу пайт телефон жиринглаб қолди. Майли, охирги марта олсам олибман-да. Гўшакда таниш овоз:

– Дада?

– Қаердасан? Дала ҳовлидан қўнғироқ қилаяпсанми?

— Йўқ, мен шу ерда, Оқ уй олдидаман. Сизни қутқариш учун келдим.

– Оббо! Шу етмай турганди ўзи. Азизим, илтимос, уйга бор. Битта Волков ҳам бу ерда етиб ортади.

Жаҳлим чиққан бўлса-да, аллақандай илиқ туйғу қалбимни қуршаб олди. Кейин аниқлашимча, ўша куни Виталик Москвадан юз эллик чақирим наридаги дала ҳовлидан ҳеч кимга билдирмай жўнаган ва ўша даҳшатли тунни воқеаларнинг қоқ маркази – Смрленск кўчкасидаги ерости туннелида ўтказган экан.

Уйқу қочди. Кийим-кечакларимни алмаштириб, ташқарига чиқдим — шундоққина эшик ёнидан шаҳдам қадамлар билан Растропович ўтиб борарди. У тўсатдан юришдан тўхтаб, юзимга разм солди-да, кулимсираб бағрига босди.

Соат ўн бирда сессия. Форосга делегация тайёрланмоқда. Мен унинг таркибига хорижий давлатлар элчиларини киритишни таклиф этдим. Шундай қилсак, ишончлироқ бўлади. Чунки у ерда депутатларимизни қандай қарши олишлари номаълум эди. Таклиф қабул қилинса-да, амалга оширилмади. Аэропортда элчиларга хушмуомалалик билан қолишлари айтилди. Шахназаров пайдо бўлиб, ғалати гаплари билан ҳаммани ҳайрон қолдирди. “Албатта, — деди у, — “чепист”лар қонунни бузгани аниқ. Аммо фавқулодда вазият эълон қилиниши зарур эди. Михаил Сергеевич ҳам бу ҳақда кўп бош қотирган”.

Орадан бир неча соат ўтди. Руцкой делегация билан қайтиб келди. ГКЧПнинг айрим намояндалари ҳибсга олинди. Горбачёвни Москвага олиб келишди. Экранда бош котиб, унга яқин ВПКнинг (ҳарбий-саноат комплекси) одамлари — Владиславлев, Вольскийларнинг ғалати-ғалати гап-сўзлари. Айнан мана шу одамларга эски СССР керак эди. Чунки унинг улкан имкониятларисиз уларнинг ҳарбий саноати барбод бўларди, тўқувчи, молбоқар, ғаллакор ва нонпазлар меҳнати эвазига эришган шахсий фаровонлиги йўққа чиқарди, ўзини ва мамлакатни адо-ю тамом қилган иқтисодиёт таназзулга юз тутарди. Мен уларни ана шундай тасаввур этаман.

Бир қарашда, ғалабага эришгандекмиз. Аммо Москва томон янги қўшинлар ҳаракатланаётгани ҳақидаги ташвишли хабарлар ҳамон келиб турибди. Байрам қилишга ҳали эрта эканини тушунардик. Яна бир кечани бедор ўтказишга тўғри келди. Ким билади, балки қўлга қурол ҳам олиш керакдир. Румянцев билан штабга, Бурбулис ҳузурига йўл олдик.

Эртаси куни ғалаба қилганимиз аниқ бўлди. Депутатлар сессияга тўпланишмоқда. Бу гал тўлиқ таркибда.

Куннинг иккинчи ярмида Ельцин сессияга қандайдир ғужанак бўлиб қолган Горбачёвни олиб келди ва унга ўша машҳур илмоқли саволларини берди. Горбачёвни дағал муомала, бақир-чақирлари билан ҳаммадан кўп таҳқирлаган, унинг устидан ошкора кулган айнан коммунистлар бўлди. Ҳа-ҳа, 1990 йилнинг 23 майида уларга мурожаат этиб, Ельцинни тўхташга даъват қилган ўша коммунистлар…

Хўш, нима сабабдан ўша машъум исён барбод бўлди? “ГКЧП лойиҳаси”нинг амалга ошмаганининг боиси нимада? Ҳамма гап шундаки, умуман олганда, ҳеч қандай “лойиҳа”нинг ўзи бўлмаган. Бу инқилобчиларнинг ҳам, ғайриинқилобчиларнинг ҳам эмас, шунчаки функционерларнинг “ўйин”и эди. Қоғозларни имзолаш ва телефон орқали буйруқ беришга кўникиб қолган бу кимсалар эркин халқ билан мулоқот юритиш илмидан мутлақо бехабар бўлган кўринади. Бир неча кунга уларнинг измида бўлган, пойдевори емирилган мамлакатни қаёққа етаклашни билишларига ишониш қийин. Уларга бегона бўлиб қолган Горбачёв ва тобора куч-қудратга тўлиб бораётган Ельцин ўртасига тушиб қолган бу одамлар чинакам Мақсадга ҳам, Ғояга ҳам эга бўлмагани боис маънавий салоҳияти ўта заиф эди. Уларнинг аҳолига ҳамманинг жонига тегиб кетган ҳарбий интизомдан бошқа таклиф этадиган ғояси йўқ эди. Улар ҳатто армияни ҳам қўлга олишни уддалай олмади. Москваликларнинг бир ёқадан бош чиқариб, кескин қаршилик кўрсатиши исённинг батамом барбод бўлишига олиб келди. Ўйлайманки, ўша кезларда Ельцин чинакам жасорат намунасини кўрсатмаган тақдирда ҳам, бундай жасоратни халқ унинг номидан кўрсатган ва исён барибир шундай якун топган бўларди. Шундай экан, ана шу воқеаларни бугун эсга олаётганимнинг боиси нимада? Тағин, ўша августни шунчаки “ўйин”, енгилгина ҳарбий “саёҳат” ва ҳатто Ельцин ўзи уюштирган спектакль, дея талқин этиш урф бўлиб бораётганда-я! Аввало, бир нарсани билганим учун, яъни ўша август кунларида вазият ғоят жиддий тус олганига шоҳид бўлган одам сифатида эслаяпман. Бу исённи Ельциннинг ўзи уюштирган, деган сафсаталарга ҳам ишонмайман. Ўшанда бу ҳеч кимнинг ҳатто хаёлига ҳам келиши мумкин эмасди. Бироқ, асл ҳақиқат шундаки, ўша кунларда минг-минглаб одамларнинг асаби қақшади, юрагига ғулғула тушди, руҳияти безовта бўлди. Ҳар икки томондан минг-минглаб кишилар, бири мажбуран, бошқаси ихтиёрий равишда — жонини беришга тайёр эди. Минг-минглаб одамлар қаҳрамон ва қўрқоқ, эрксевар ва ашаддий ақидапараст қиёфасини, ўзидаги эзгулик ва ёвузлик кучини намоён этди. Шак-шубҳасиз, улар учун бу воқеалар асло “ўйин” бўлмаган. Сиёсий маддоҳларнинг бугунги кундаги сафсатабозлиги эмас, айнан ана шу ҳақиқатгина чинакам тарихий маъно-мазмун касб этади.

Қолаверса, “рус баҳори”нинг аҳамияти шундаки, у халқимизнинг онг-шуури, дунёқарашининг ўзгаришига, ўзлигини англашига ҳар қандай ислоҳотлардан-да кўпроқ таъсир этгани айни ҳақиқат. У рус халқи ижодий кучларининг тикланиши ва ривожига хизмат қилди. У шўролар ҳокимияти ва империя пойдеворининг мустаҳкамлигига ўрганиб қолган ва ишонган бу халқнинг кўнглида шубҳа уйғотиб, уни эркинлик, янги истиқбол сари етаклади.

Русчадан Баҳодир Зокир таржимаси

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2008 йил, 7-сон

* * *

Леонид Волков — 1990-1993 йилларда Россия Федерацияси халқ депутати. Конституциявий комиссия ва парламентнинг халқаро алоқалар бўйича қўмитаси аъзоси. Юрист. Сиёсатшунос. 1990 йилгача СССР ФА Ижтимоий фанлар бўйича илмий ахборот институтининг катта илмий ходими, 1986-1998 йилларда Россия социал-демократик партиясининг асосчи ва ҳам раисларидан бири бўлган.

Леонид Волковнинг “Рус баҳори” деб аталган эсдаликларида (қаранг: “Дружба народов”, 2008 йил, 1-2-сонлар) акс эттирилган воқеа-ҳодисалар рўй берганига йигирма йилдан ошди. Ўтган давр мобайнида улар кўплаб мақолалар, китоблар ва фильмларда акс эттирилди. Шундай экан, мазкур мавзуга қайтишнинг боиси нимада?

Гап шундаки, Л.Волков Олий Кенгаш депутати ва “ДемРоссия”нинг етакчи мафкурачиларидан бири сифатида (ҳархолда, эсдаликлар муаллифи ўзига шундай баҳо беради), вазият тақозоси билан, Россия давлати ва рус халқининг тақдирини ҳал қилган ўта муҳим қарорлар қабул қилиш жараёнининг бевосита иштирокчиси бўлган. 90-йиллар бошларида тобора куч-қудратга тўлиб бораётган Ельциннинг заифлашаётган Горбачёв билан, Россия Федерациясининг СССР билан курашига оид айрим тафсилотларни эълон қилади. Албатта, муаллифнинг қарашлари, у тилга олган воқеа-ҳодисалар талқинига танқидий ёндашмоқ жоиз. Бироқ, муаллифнинг давлат мустақиллиги рус халқига шунчаки туҳфа сифатида берилмагани, унга эришиш учун ғоят мураккаб ва таҳликали йўлни босиб ўтишга тўғри келгани ва ана шундай кескин муҳораба жараёнида қўлга киритилган мустақилликкина Россия ва рус халқининг ижодий кучларининг тикланишига, демократик тараққиёт йўлига етаклаган бош омил сифатида хизмат қилгани ҳақидаги мулоҳазалари диққатга сазовордир. Бу ҳар бир оқилона фикрлайдиган одамни Ватан тақдирига бефарқ бўлмаслик, қанчалар машаққатлар эвазига эришилган бебаҳо бойлик — мустақилликнинг қадрига етиш, уни асраб-авайлаш ва мустақкамлаш ишига бор куч-салоҳиятини сафарбар этишга ундайди. Эсдаликларнинг тарихий ва маърифий аҳамияти ҳам шунда.

——————-

[1] Чепистлар – фавқулодда вазият» ташкилотчилари.

[2] Путчистлар – исёнчилар.