Мозийнинг ўқилмаган саҳифалари бисёр. Узоқ вақтгача кўпчилик ҳақиқат деб ишониб келинган нарса биргина ҳужжат билан ёлғонга чиқиши ёки ёлғон чинга айланиши мумкин. Қуйида таржимаси берилаётган Герман Назаровнинг мақоласидан «инқилоб доҳийси» Ленинга қилинган суиқасд кимларнинг иши бўлганлиги ҳақида тахминий хулосалар ўрин олган.
Узоқ йиллардан бери «Ленин 1918 йилда» номли кинофильмда акс этган «пролетариат доҳийси» Владимир Ленинга қилинган суиқасд ҳеч кимда шубҳа уйғотмасди. Бу суиқасд ташкилотчилари сифатида ўнг эсерлар, Ленинга ўқ отган шахс эса Фанни Каплан деб эътироф этиб келинарди.
Аммо 1993 йилда собиқ Иттифоқ фуқароси, ҳозирда Қуддус университетининг илмий ходими Б.Орлов Каплан Ленинга ўқ уза олмаслигини, кўзи ожиз бўлгани учун тўппонча ўрнига бомбадан фойдаланиши мумкинлигини билдирди. Ленинга Каплан эмас, балки бошқа эсерчи – Лидия Коноплева ўқ узган, дейди Орлов. «Ленинизм грамматикаси» номли китоб муаллифи Г.Нилов эса Ленинга суиқасд қизил террорга қарши курашни авж олдириш учун унинг ўзи томонидан уюштирилган, деган фикрни билдиради. Нилов шунингдек, Ленинни чўчитиш ва аста-секин ҳокимиятга яқинлашиб келаётган Тротскийни йўлдан олиб ташлаш учун ВЧК бу суиқасдни уюштирган, деган фикрни ҳам инкор этмайди…
1918 йилнинг 31 августи. Расмий талқин.
Ўша куни Москвада ҳар жума кунлари бўлганидек митинглар ўтказилиши ва Ленин Басман раёнида – собиқ Хлебная биржасида ҳамда Михелсон заводида чиқиш қилиши керак эди.
«Ўша куни Михелсон заводида, – деб эслайди завод қўмитаси раиси Н.Иванов, – «Ҳамма митинга!» деган эълон осиб қўйилганди. Ишчилар соат 7даги митингга улгуриш учун кийимларини алмаштиргани уйларига шошишарди. Белгиланган вақтга келиб заводнинг граната корпуси беш-олти минг киши билан тўлганди. Мен ва завод бошқаруви раиси И.Козлов митинг олдидан маслаҳатлашиб турганик. Лениннинг заводга келиш-келмаслигини ҳеч ким аниқ билмаси. Шу пайт «Ленин келди!» деган овозлар эшитилди».
Маълум бўлишича, Ленинни нафақат ишчилар, балки унинг душманлари ҳам кутишаётган экан. Каплан заводга соат олтилара келаи, ишчилар орасида юриб, уларнинг суҳбатига қулоқ солади. Тез орада завода Яна бир эсер Новиков пайдо бўлади – у Капланнинг қулай шароитга эга бўлишини таъминлаши керак эди.
Каплан граната тсехига митинг тугаганида киради. Йиғилганлар Ленин нутқининг якунини олқишлар билан қарши олишади. У эса мажлисга шошилаётганини айтиб тсехнинг чиқиш эшиги томон юради. Ленин зинадан кўтарилаётганида Новиков худди қоқилиб кетгандек унинг йўлини тўсади ва қолганлар ҳам Лениннинг атрофига тўпланиб қолишади.
Новиков йўлни тўсганича «Ўртоқ Ленинни ўтказиб юборинглар!» деб қичқиради. Ленин бир гуруҳ ишчилар орасида қолади ва улар ичида бўлган Каплан ҳам бир ишчи аёл билан суҳбатлашганича унинг ёнида кета бошлайди. Ишчилардан бири машина эшигини очади ваш у заҳоти ўқ узилади, унинг ортидан яна бир неча марта ўқ овози янграйди. Одамлар «Ўлдиришди! Ўлдиришди!» деб қичқиришади. Ҳамма қоча бошлайди, кимлардир ичкарига, яна кимлардир эса ташқарига отилишади. Дастлабки ўқ овозидан кейиноқ Лениннинг ҳайдовчиси С.Гил тўппончали аёлни кўриб қолади. У тўппончани ушлаб олиб машинадан тушади ва аёлнинг ортидан югурмоқчи бўлади, аммо Лениннинг ётганини кўриб унинг ёнига қайтади. Ленин хириллаганича «Ушладингларми, йўқми?» деб сўрайди. Гил унга «Гапирманг! Аҳволингиз оғир.», дейди.
Бўм-бўш ҳовлида Лениннинг ёнида бир неча фаоллар тўпланишганди. Улар Лениннинг ўрнидан туришига ёрдамлашишди. Санитар Сафронов унинг жароҳатини боғлади. Сўнгра уни машинасига чиқаришди ва Гил машинани Кремл томон ҳайдади.
Капланни 5-Москва пиёда дивизияси ҳарбий комиссарининг ёрдамчиси С.Батулин ушлади. Митингда у Новиков пайдо қилган тиқинда туриб қолган, сўнг автомобиль томон шошилганди. Машинагача 10-15 қадам қолганида ўқ овозлари эшитилиб, Ленин ерга йиқилганди.
«Мен ўртоқ Ленинга суиқасд қилинганини тушундим, – деб кўргазма берганди Батулин ўша куни. – Ўртоқ Ленинга ўў узган одамни кўрмадим. Мен гангиб қолдим ва «Ўртоқ Лениннинг қотилини ушланглар!» деб қичқирдим».
У шу гапларни айтиб кўчага югуради. Аммо бир оз югургач тўхтаб қолади. Ушлайдиган одамнинг ўзи йўқ эди. Шу пайт у дарахт тагида портфель ва соябон ушлаб турган бир аёлни кўради. Ундан шубҳа қилиб аёлни дарҳол ушлаб завод ичига олиб киради. Фаоллар аёлни завод машинасида Замоскворетск ҳарбий комиссариатига жўнатишади. Бу ерда уни тинтишади Аёл Москва трибунали раиси А.Дяконов, Замоскворетск комиссари И.Косиор, С.Батулин, комиссар И.Пиотровский ва ишчи А.Уваровлар иштирокида тушунтириш хати ёзади:
«Мен Фанни Ефимовна Капланман. Акатуя каторгасида 11 йил сургунда бўлганман. Бугун Ленинни отдим. Унга ўз ихтиёрим билан ўқ уздим. Мен уни инқилоб хоини деб ҳисоблайман. Ҳеч қайси партияга аъзо эмасман, лекин ўзимни социалист деб ҳисоблайман».
Каплан неча марта ўқ узгани, тўппончасининг русуми, сиёсий қарашлари, шериклари ҳақидаги саволларга жавоб бермайди. У тергов протоколига ҳам имзо қўйишни истамайди, протоколга гувоҳлар имзо чекишади. Соат 23.30да комиссариатдаги тергов тугайди ва Капланни Лубянкага жўнатишади. Бу ерда тунги соат бирда навбатдаги терговлар бошланади. Биринчи бўлиб уни Дзержинскийнинг ўринбосари Я.Петерс сўроқ қилади. Иккинчи бўлиб РСФСР адлия наркоми Д.Курский, сўнгра Яна Петерс, тўртинчи бўлиб ВЧК бўлим бошлиғи Скрипник тергов ўтказади. Тергов соат 2.25да тугайди. Каплан Ленинни отганини таъкидлайди, аммо суиқасднинг асл ташкилотчиларини аниқлашга ёрдам берадиган бирор сўз айтмайди. Шундан сўнг уни тинч қўйишади.
3 сентябр куни эрталаб Лубянкага Кремл коменданти П.Малков келиб, Капланни Кремлдаги ярим ертўла хонасига олиб кетиши ҳақидаги буйруқни кўрсатади. Бир неча соатдан кейин эса марказий ижроқўм котиби Аванесов Малковга ВЧКнинг Капланни отиб ташлаш ҳақидаги қарорини топширади.
– Қачон? – сўрайди Малков.
– Бугун. Зудлик билан, – дейди Аванесов ва бир оз ўйлангач, сўрайди: – Қаэрда отган яхши?
– Автоброн отряди ҳовлисида.
– Бўпти.
– Қаэрга кўмамиз? – сўрайди Малков.
– Буни ўйлаб кўрмагандик. Яков Михайловичдан сўраш керак.
Аванесов Свердловдан Капланни қаэрга кўмиш кераклигини сўрайди. Малковнинг эслашича, Яков Михайлович секин ўрнидан туради ва қўлларини столга тираб энгашганича, қатъий равишда дейди: «Капланни кўммаймиз. Жасадидан бирор из қолмасин»…
Малков шу заҳоти комендатурага бориб бир неча латиш ўқчиларини олади ва улар билан Автоброн отрядига кетади. Бу ерда у бир нечта юк машинасини ташқарига чиқариб моторини юргизишни, бир енгил машинани эса дарвоза томон қўйишни буюради. Малков Капланни олиб чиқади.
«Машинага чиқ!», буйруқ бердим, – дейди Малков. – Фанни Каплан икки қадам босди. Мен тўппончамни кўтардим…
1918 йилнинг 3 сентябри кундузги соат 4. Ўч олинди. Ҳукм ижро этилди. Ҳукмни мен, большевиклар партияси аъзоси, Москва Кремли коменданти Павел Дмитриевич Малков шахсан ижро этдим»… Капланнинг жасади эса таъкидланишича, Александр боғида темир бочкага солиб куйдириб ташланган…
Тергов ғаройиботлари
1923 йилда ВЧК раиси ўринбосари Я.Петерс газета мухбири билан суҳбатда шундай деганди: «Ленинга суиқасд қилинганидан буён орадан беш йил ўтди… Афсуски, қўлимиздаги суиқасд ҳақидаги маълумотлар тўлиқ эмас». У нимани назарда тутгани номаълуму, лекин тергов давомида кўплаб чалкашликлар юз бергани аниқ.
Биринчи навбатда, жабрланувчи сифатида Лениннинг ўзи терговга чақирилмаганди. Ахир, терговчи юз берган воқеа ва жиноятчи ҳақида маълумот олиш учун биринчи ўринда жабрланувчининг ёнига бориши керакку. Ленин юз берган воқеадан ғазабга миниши лозим эди. Расмий маълумотларга қараганда эса у терговнинг боришига умуман қизиқмаган.
Жиноят жойини кўздан кечиришда ҳам тергов ғалати олиб борилган. Суиқасддан уч кун ўтгач, 2 сентябр кунигина Гил, терговчи В.Кингисепп ва бир ярим ой илгари Екатеринбургда подшо оиласини судсиз отиб ташлаган Свердловнинг ёрдамчиси Я.Юровский Михелсон заводига келишади. Гуруҳни ҳаттоки, тергов комиссиясининг аъзоси ҳам бўлмаган Юровский бошқаради. Воқеа жойини кўздан кечириш чоғида уч ёки тўртта гильза топилади ва улар қандай қуролники, деган савол пайдо бўлади.
30 август кунги дастлабки терговда Гил Капланга ташланганида у браунингни улоқтирганини айтганди. Гил шошилгани учун браунингни олмаган ва уни эртасига завод ишчиси А.Кузнетсов топиб олганди. У бу ҳақда ҳарбий комиссариатга айтади, у ердагиларни эса бу хабар заррача қизиқтирмайди. Фақатгина 1 сентябр куни «Известия»да топиб олинган қуролни Лубянкага келтириб бериш ҳақида ВЧКнинг сўрови эълон қилингач, Кузнетсов уни В.Кингисеппга келтириб беради. Кингисепп эса ҳеч қандай экспертизасиз заводда топилган гильзаларни ўша браунингга тегишли деб эълон қилади.
Ҳодиса жойини кўздан кечирган Юровский гуруҳи «тергов тажрибаси» ўтказади. Унда на қурбон (Ленин), на айбланувчи (Каплан) иштирок этади. Бир неча киши жиноят жараёнини пантомима тарзида тиклайди. Унда Гил ўзини, Ленин ва Капланнинг ёнида кетган аёл рольини завод фаоллари Иванов ҳамда Сидоров, Капланни эса
Кингисепп ўйнайди.
Ўша куниёқ Кингисепп завод партия қўмитаси раиси Н.Ивановни гувоҳ сифатида сўроқ қилади. Дастлабки терговда бу «гувоҳ» митингнинг бошланиш ва тугаш вақтини, учрашувда неча киши иштирок этганини айтмаганди. Терговчи эса нима учун на Иванов, на завод раҳбарияти совет ҳукумати раҳбарини кутиб олишга чиқишмаганини сўрамади.
Фақатгина бир неча йиллардан кейин Иванов ўша куни айтмаган кўплаб нарсаларни «эслади». Юз киши сиғадиган граната тсехи суиқасддан ўттиз йил кейин унинг хотирасида беш-олти минг киши сиғадиган граната корпусига айланди (инқилобгача Михелсон заводида 1900 киши ишлаган, 1919 йилда эса хом Аше етишмагани учун уларнинг сони 475 кишига қисқарган). Иванов Михелсон заводидаги митинг ўтказилган вақтни ҳам «эслаб қолди».
31 август куни «Известия»да «Ишчи ва қизил армиячи депутатлар Москва Совети»нинг мурожаатномаси Чоп этилиб, унда Ленинга суиқасд Михелсон заводидаги митинг тугаганидан сўнг соат 7.30да амалга оширилганлиги билдирилди. Ўша куни Каплан тўртинчи марта сўроқ берганида заводга соат 8да келганлигини айтди. Шу куниёқ «Правда» суиқасд вақтини соат 9га сурди, ҳайдовчи Гил эса биринчи терговда Ленинни Михелсон заводига соат 10да олиб келганлигини айтди!
«Аввал биз Хлебная биржасига бордик, – деганди бир неча йиллардан кейин Гил В.Бонч-Бруевичга. – Бу ердаги митинг тугагач, Михелсон заводига кетдик… Тўғри ҳовлига кирдик. Биз билан на машинада, на ҳовлида соқчилар бор эди, Ленинни ҳеч ким кутиб олмади. У тезда машинадан тушиб ичкарига кириб кетди.
Орадан 10-15 дақиқа ўтгач портфель кўтарган бир аёл олдимга келди – терговда маълум бўлишича, у Каплан экан – ва мендан «Ўртоқ Ленин келдими?» деб сўради. Мен унга «Ким келганини билмадим» дедим. У эса кулди ва «Қанақасига, ҳайдовчи бўлиб туриб кимни олиб келганингизни билмайсизми?» деди…Шундан сўнг у бинога кириб кетди.
Бу маълумотларни Гил орадан анча йил ўтгач, Ленин ҳам, Свердлов ва Кингисепп ҳам дунёдан ўтиб кетишганидан сўнг айтганди. Агар у бу гапларни 1918 йилнинг 30 августидаги терговда айтганида нима бўларди?
Унда айрим нарсаларни аниқлашга тўғри келарди: нима учун Михелсон заводида митинг бўлмади? Нима учун шунга қарамай Ленин заводга келди? Нима учун Каплан унинг бу ерга келишини билиб кутиб турган?
Бу саволларга эса Ленинни огоҳлантирмасдан Михелсон заводидаги митингни тқолдиришга буйруқ берган Москва партия қўмитаси котиби В.Загорский, Ленинни Москва ичидаги барча сафарларида кузатиб юришга буйруқ олган ВЧК раиси ўринбосари Петерс жавоб беришга мажбур бўларди. Свердловнинг ўзи ҳам айрим қалтис саволлардан қочиб қутула олмасди. Лекин ўшанда уларни тергов қилишга ким ҳам журъат этарди?
Большевиклар ҳокимиятни қўлга киритиб, муассислик кенгашини тарқатиб юборишгач, уларни умумий душман – чоризмга қарши курашда қўллаб-қувватлаган иттифоқчилари норози бўлишди. Ленин учун энг хавфлиси Тротский эди. Уни миллионер Шиффлар сулоласи қўллаб-қувватларди. Улар Россияда фуқаролар урушини авж олдириш ниятида эдилар.
Афтидан, Россияда бу қонли томошани бошқарувчи режиссёр мақомига Яков Свердлов даъвогар эди. 1917 йилнинг бир неча ойи ичида партияда ҳеч кимга маълум бўлмаган бу шахс эски большевик деб эълон қилинди ва марказий ижроқўмга раис этиб тайинланди. Тротский сингари Свердлов ҳам Муваққат ҳукуматни ағдариш, ҳокимиятни эгаллашда Ленинни фаол қувватлаган. Аммо 1918 йилнинг ўрталарида Тротский ва Свердлов Ленинга суиқасд қилиш орқали фуқаролар урушини келтириб чиқаришга қарор қилишади.
Йўқ, Свердлов Ленин ўлдириш учун ёлланма қотилларни жўнатмоқчи эмасди. Ўнг эсерлар Ленинга суиқсд уюштиришга тайёрланишаётганини у дўстларидан билиб олган бўлиши мумкин эди.
Капланни ўнг эсерларнинг жанговар гуруҳига айнан Свердлов тавсия қилганди. Свердловнинг синглиси Сара унинг яқин дугонаси эди. Сарра Ленин котибиятида ишлар ва унинг қачон, қаэрда бўлишини аниқ биларди…
Давлат тўнтариши 1918 йилнинг 30 августига мўлжалланганди. Тротский Москвада эмасди – у Қозонда эди. Уритскийнинг ўлими сабабли Дзержинский Петроградга кетганди. ВЧК элчилар фитнасини фош этишга тайёргарлик кўраётганди. Пойтахтдаги вазият қалтис эди. Лениннинг яқинлари ундан шу кунларда ҳеч қандай тадбирларга бормай туришни сўрашади, аммо у бунга рози бўлмайди. Ўша куни ҳам одатдагидек, Москва раён қўмитаси котибларини чақиришиб, Ленин Басман ва Замоскворетск раёнларида митингда қатнашишини билдиришади. Бу раёнлар котибларига хавфсизлик чораларини кучайтириш буюрилади. «Басман раёнида, – деб эслайди Басман райқўм котиби Е.Ямполская, – райқўм аъзоси Шабловскийга Ленинни қўриқлашни топширгандик. Митинг бошланишига 2-3 соат қолганида бизни яна марказга чақиришди ва Ленин митингга бормаслигини айтишди».
Аммо Ленин Хлебная биржасига келди ва бу ерда уни Шабловский қўриқлаб юрди. Аммо нима учун Михелсон заводида унга қўриқчи қўйилмади? Чунки, Загорский митингни бекор қилган, бироқ бу ҳақда Ленинни огоҳлантирмаган эди ва у фитначилар тузоғига тушган эди…
Ленинга қарши фитна
Ҳозирда Ленин нима учун Михелсон заводига шахсий соқчиларсиз келгани номаълум. Лекин шуниси аниқки, у қоронғи тушганида заводга келади, бу ерда ҳеч қандай митинг бўлмаётганини кўргач ортига қайтади. Унинг ортидан эса Каплан юради ва учта ўқ узади.
Гил қоронғида Лениннинг изидан келаётган Капланни кўрмайди, ўқ отилганда эса гангиб қолади ва қотилга қарши ҳеч қандай чора қўлламайди. Кейинроқ у ўзини қўрқоқликда айбламасликлари учун митинг тугаганидан сўнг завод ҳовлиси ишчилар билан тўлиб кетгани ва улар Капланга қарши ўқ узишга халақит беришганини ўйлаб топади. Гил суиқасд ҳақидаги жумбоқнинг калитини ҳам бериб қўйган. Агар у Ленинни Михелсон заводига соат 10да олиб келган бўлса, Каплан Ленинни соат 10.15-10.20да отган бўлади. Гил ярадор Ленинни машинага ўтқазиб, Кремлга олиб боргунича 20 дақиқа вақт ўтади. Соат 10.40да суиқасд ҳақида бутун Кремлдагилар хабардор бўлишади. Энди эса «В.И.Ленинга суиқасд муносабати билан Марказий ижроқўмнинг йиғилиши» ҳақидаги ҳужжатнинг вақтига қаранг: «30 август, 1918 йил, соат 22.40». Суиқасд ҳақида эшитиши билан марказқўм раиси Я.Свердлов бир лаҳза ичида баёнот ёзиб ташлайди: «Бундан бир неча соат илгари ўртоқ Ленинга ёвузларча суиқсд қилинди»… Демак, Свердлов суиқасд бўлишини олдиндан билган. «Биз бу ишда ўнг эсерларнинг қўли борлигига шубҳа қилмаймиз»… Ленинни ким отганини ҳали ҳеч ким билмай туриб, Свердлов унинг ўнг эсерлигини биляпти. Бундан эса Свердлов Ленинни ким ва қаэрда отиши ҳақида огоҳлантирилган, деган фикр келиб чиқади…
Пучга чиққан давлат тўнтариши
1918 йилнинг 30 августи Свердлов учун оғир бўлди. У Тротскийга телеграмма йўллади: «.. Ленин ярадор, тузалишига умид йўқ». Петроградга, Зиновевга Лениннинг яралангани ҳақида қўнғироқ қилди ва ҳар ярим соатда боғланиб туришини айтди. Зиновев кейинчалик, Яков Михайловичнинг ҳаяжони ҳар ярим соатда ошиб борганини, хотиржамлигини йўқотганини эслаганди. Чунки Ленин аллақачон ўлиши керак эди, у ҳали ҳам тирик!
Афтидан, Свердлов Ленинга барча нарсани аниқлаш ва ўч олишга ваъда берганди. Чекист Фридманнинг эслашича, Петерс Капланни Лубянкада тергов қилаётганида у ерда Свердлов пайдо бўлган. У Капланга шундай деб қичқиради: «Мен совет ҳукуматининг олий ижроия органи раиси сифатида сиздан жавоб талаб қиламан. Кимсиз? Россия ишчи синфининг доҳийсига ёвузлик қилишни сизга ким буюрди? Гапиринг! Сиз эсермисиз?» Каплан унга қараб: «Мен чор турмаларида ўтирганимда жандармларга ҳеч нарсани айтмаганман, сизга ҳам айтмайман», дейди.
Каплан соат сайин Свердлов учун хавфли бўлиб борарди. У ҳозирча ҳеч нарсани айтмаган бўлсада, Петрограддан ғайрат билан келаётган Дзержинский тергов қилишни бошласа, Каплан ҳаммасини гуллаб қўйиши тайин эди. Свердлов 31 август куни терговни тўхтатади ва Капландан тезроқ қутулиш чорасини излайди. У ишни чекистлардан олиб қўйишга шошилади. Малков Капланни Лубянкадан Кремлга олиб келади. Ҳукмни ижро этишни чекистларга ишонмаган Свердлов Капланни отишни Малковга буюради.
1918 йилнинг 2 сентябрида марказий ижроқўм ҳокимиятни Қозондан етиб келган Тротскийга топширади. 5 сентябр куни эса Халқ комиссарлари совети юз мингла бегуноҳ кишиларнинг ўлимига сабаб бўлган қонли «Қизил террор ҳақидаги Фармон»ни қабул қилади. 1918 йилнинг охирига келиб Россиянинг барча чегараларида фуқаролар уруши авж олади.
Аммо иш силлиқ кетмайди. Каплан етказган жароҳат Ленининг ўлимига сабаб бўлмайди. У ўзига нисбатан фитна уюштирилганини англайди. 8 октябрга келиб, Тротский ўз ҳаммаслакларини йиққан инқилоб кенгаши таркибига Тротскийнинг етти нафар рақиби, улар орасида Сталин ҳам бор эди – киритилади. 1919 йилнинг мартида сирли шамоллашдан Свердлов вафот этади, ярим йилдан кейин эса Свердловнинг дўсти В.Загорский бомба портлаши оқибатида ҳалок бўлади.
Тротский барча ҳаммаслакларидан кўра узоқроқ яшайди. Аммо хорижда яшаётган пайтида бошига террорчининг муз ёрадиган чўкич билан уриши оқибатида у ҳам ҳалок бўлади.
Русчадан Д.Асқаров таржимаси