Уни тарихга зўрлаб тиқиштиришган эди
“Чексиз миннатдорман, қалбим ғурур ва энтикишда, ҳаяжондан лолман”. Швед академияси котиби Андерс Эстерлинг бундан роппа-роса ярим аср муқаддам 23 октябр пайшанба куни шундай мазмундаги телеграммани олган эди. Унинг жўнатувчиси адабиёт соҳасида Нобел мукофотига сазовор бўлган Борис Пастернак эди.
Воқеаларнинг кейинги ривожи на фақат “шоирни таҳқирлаш”га қаратилди, балки бундан баттарроқ кечди. Войновичнинг “Иванкида” номли асарининг қаҳрамонларидан бири “мен Пастернак қатлини” яхши эслайман», дейди мароқ билан. Борис Леонидович ҳаётининг охирги йиллари, шак-шубҳасиз, осон кечмаган эди. Бинобарин: “Шоир ўлди, номус қурбони” оҳангида айтиб йиғловчи гўяндалар тўдаси Пастернакни “одамхўр тузум”нинг мангу қурбонига айлантирдилар. Агар уларнинг дийдиёсидан мижжамиз намланадиган бўлса, кўз олдимизда қандайдир мунгли қаҳрамоннинг қиёфаси гавдаланади.
РЎЁБГА ЧИҚМАГАН ЗАФАР
Эҳтирослар жунбиши нимадан бошланган эди ўзи? Нима сабабдан мамнун кайфиятдаги Пастернакнинг мухлислари муваффақиятларга ошна шоир, ёзувчи, машҳур таржимон ҳамда шўро адабиётининг намояндаси Пастернак атрофида унга ачиниш туйғулари билан айланиб-ўргилиб қолдилар? Ҳолбуки, “тузум қурбони” 15 йил давомида Совет Иттифоқи ёзувчилари бошқаруви мажлисларида обрў-эътибор билан иштирок этиб келарди… Ундоқ бўлса, гап нимада?
Бунга изоҳ топилади, албатта: “Пастернакка унинг гениал романи “Доктор Живаго” учун Нобел мукофоти берилганда, уни ҳар тарафдан совет тузумига душманликда ва хоинликда айбладилар, ҳукумат раҳбарлари эса мамлакатдан чиқариб юбориш таҳдиди билан қўрқитиб, уни мукофотдан воз кечишга мажбур қилдилар”. Бу ерда ҳақиқатга энг яқин гап: “Воз кечишга мажбур қилдилар”дир.
1958 йили Нобел мукофотига муносиб номзодларнинг олдинги қаторида Михаил Шолохов турарди. Унинг “Тинч Дон”и мукофотга бешинчи марта қўйилган эди.
Бироқ кутилмаганда “Доктор Живаго” олдинга ўтиб қолади. Қандай хизматлари учун? Бу ҳақда Владимир Набоковнинг мулоҳазаси шундай: “Пастернакнинг ушбу асарини мен заиф, талантсиз, сохта деб ҳисоблайман”. Ёки Грем Грин фикри: “Менга роман қовушмаган, тўкилиб кетаётган қарта дастасига ўхшаб кўринди”.
Кейинчалик Пастернакнинг мукофот олганлигини ғарб газеталари мана қандай баҳолашган эди: “Нобел мукофоти коммунизмга қарши…”
Айни мана шу ўринда мутлақ детектив воқеа рўй беради. 1956 йил майида Пастернак романни хорижга оширади. Бир ярим йилдан кейин “Живаго” италян тилида чиқади. Шу вақтнинг ўзида роман ҳатто шошилинч тарзда “адабиёт соҳасидаги Нобел” номинациясига тиқиштирилади. Бунинг йўлини қилишади, лекин бирдан қарашса, мукофотни шу ҳолда бериб бўлмайди – у рус тилида чиқиши керак. Ниҳоят, 1958 йили 24 августда романнинг русча таржимаси Нобел қўмитасига топширилади ва кўриб чиқиш учун қабул қилиб олинади. Қабул муддатлари ўтиб кетганлиги ва СССРда чоп этилмаган роман совет адабиёти асари сифатида муҳокамага қўйилмаслиги ҳақидаги асосли эътирозлар инобатга олинмайди.
Пастернакни советларга душманчиликда айблаш қай мақомда бўлган эди? Бу борада турли хил фикр-мулоҳазаларга бориш мумкин. Бироқ буниси (балки буни ўзи ҳам билмагандир) Шолоховни ноқулай аҳволга қўйганлиги – шак-шубҳасиз. “Агар Шолоховга шу йил Пастернак билан бир қаторда Нобел мукофоти бериладиган бўлса, норозилик белгиси сифатида ўртоқ Шолоховнинг мукофотни советларга қарши мақсадда ўзига берилаётганлиги туфайли матбуотда ундан воз кечиши ҳақида намойишкорона чиқиши мақсадга мувофиқ бўларди…” – КПСС Марказий Комитетининг муносабати шундай эди.
Пастернакнинг ўзи қандай муносабатда бўлган? Мана унинг тарих қайди: «… 27 октябр: “Мени ҳеч бир нарса Нобел мукофоти совриндори бўлишдек шарафдан қайтара олмайди”. 28 октябр: “Б.Пастернакни совет ёзувчиси деган номдан маҳрум этиш, уни СССР Ёзувчилари уюшмаси аъзолигидан ўчириш”. 29 октябр: “Сизнинг мукофотингизга мен мансуб бўлган жамиятнинг муносабати туфайли мен ўзимга кўрсатилган номуносиб эҳтиромдан воз кечаман…”
ШОИР ВА ҲУКМДОР
Ҳа, бу жуда жиддий зарба эди. Нима сабабдан Пастернак, романининг хорижга оширилиши қандай оқибатларга олиб келишини яхши била туриб, бундай хатарли қадамга журъат қилган? Бу шуҳратпарастликми? Ёки қўрқув нималигини билмайдиган жўмардликданми? Дастлаб қараганда, бу айнан жўмардликка ўхшаб кўринади. Ва бунга далил-исботлар ҳам талайгина. Масалан, шоир ва Сталиннинг афсонага айланган телефондаги суҳбати – унда Пастернак қамоққа олинган Мандельштамни ҳимоя қиларкан, гўёки ҳукмдорга кўришишни ва ҳаёт-мамот ҳақида суҳбатлашишни таклиф қилади. Яна унинг Ахматова ва Зошенколарни бадном қилишга бағишланган мажлисда қатнашишдан бош тортганини ҳам эслашади, ҳолбуки, бу Пастернакнинг совет ёзувчилари Уюшмаси бошқарувидаги ўрнидан маҳрум қилиб қўйиши ҳам мумкин эди. Унинг қамоққа олинган Якир ва Тухачевскийларга қарши уюштирилган хатга қўл қўймаганлиги, айниқса, қатағон авж олган урушдан олдинги бир даврда, турган гап, фидойилик эди.
Ҳар қалай Пастернак нега баъзан ўзини ўта журъатли тутиши, ғашни келтирадиган даражада қилиқлар қилиши борасида шундай бир мулоҳаза ҳам мавжуд. Жумладан, бу унинг ўзини илоҳий кучлар асрашига бўлган ҳаддан ортиқ ишончи билан изоҳланади. Бинобарин, худди шундай воқеа ҳам содир бўлган. Шоирнинг ўзи Сталин қамоққа олиниши керак бўлганлар рўйхатини кўраётганда Пастернак фамилиясига кўзи тушиб, кўнгли юмшаган ҳолда: “Бу осмон бандасига тегманглар”, деганини кўп бор мароқ билан сўзлаган. Пастернакнинг севган аёли, маълум бир муддатга унинг хасми ҳам бўлган Ольга Ивинская шунга амин эдики, Сталин билан унинг эри орасида яккама-якка кечган ботиний олишув муттасил давом этган ва ҳамиша устуворлик кейингиси томонида бўлган: “Тахт соҳиби чинакам тахт шеърият эканлигини яхши тушунган”.
Мазкур Ивинскаянинг хотиралари адиб нега ўзини баъзан ўта камсуқум, баъзан қуюшқондан чиқиб кетар даражада жасоратли тутганлигини шундоқ изоҳлайди: “У ҳамиша беғубор гўдак сингари содда ва тантиқ эди. Энг тўғри тавсиф мана шу: айнан гўдак ва тантиқ. Унақалар одатда ўйинчоқлар дўконининг полига ётиб олиб, жон-жаҳди билан оёғини тапиллатганча: “Хоҳлайман , дедимми, хоҳлайман!” дея уввос соладилар. Баъзи ҳолларда эса ҳеч қандай сабабсиз ўйинчоқ “бўжи”дан ёки “айиқ”дан қўрқиб талвасага тушадилар. Ўз-ўзидан равшанки, романнинг хорижга оширилиши ва бу борадаги барча нохуш жанжалнинг тарихи айнан мана шу “Хоҳлайман!”дан бошланган. Шоирнинг “отаси” Яратганнинг ўзи эканлиги, бу алоҳида гап. Фақат биздагина “васий”ликни давлат ўз зиммасига олган. Алқисса, Сталин кўнгли ийиб: “Болани юпатинглар”, – деган бўлса, Хрушчёв эса оёғининг остига олиб, камарни ишга солган…
Хуллас, воқеалар Пастернак фойдасига якунланган. Бу бугунги кунда унга ачиниш туйғулари жўшганлигидан эмас. Ўзингиз ўйлаб кўринг: Нобел мукофоти совриндорлари адабиёт соҳасида юздан ортиқ. Ундан воз кечганлар эса – учтагина. Лев Толстой, Жан Поль Сартр ва Борис Пастернак. Тарихда улар бошқаларга қараганда яққолроқ кўзга ташланади…
“Аргументы и факты” ҳафтаномасининг 2008 йил 44-сонидан олинди.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2008 йил, 12-сон