Ўрта Осиё халқларининг, жумладан ўзбекларнинг этногенези ва этник тарихини ўрганиш умумий этнография (этнология) фанининг энг муҳим ва ниҳоятда мураккаб ажралмас таркиби ҳисобланади. Бу муаммони нафақат ўзбек эли, балки ҳудуддаги қўшни этнослар билан боғлиқ ҳолда ўрганиш шарт. Чунки Ўрта Осиё халқларининг келиб чиқиши ва шаклланиши ибтидоий даврлардан умумий муштаракликка эга.
Дастлабки этнографик маълумотлар энг қадимий аждодларимиз турмушига оид археологик ва палеоантропологик тадқиқотлар ор-қали бизга етиб келган. Ибтидоий аждодларимиз ўзаро ва қўшни қабилалар билан яқин алоқада бўлиш учун бир-бирини билишга интилганлар, оқибатда қўни-қўшнилар тўғрисида ҳар хил маълумотлар тўпланиб, оғзаки ижод орқали бизгача етиб келган. Бундай маълумотларни ибтидоий расмлардан ҳам билиш мумкин.
Илк элатлар тўғрисида айрим хабарлар тошга битилган ёзувларда сақланиб қолган. Орол бўйи, Аму ва Сирдарё, Мовароуннаҳр ва Бақтрияда яшаган қабила ва элатлар тўғрисида маълумотлар қадимий ёзувларда ҳам мавжуд.
Кейинги маълумотларга қараганда, жаҳонда уч мингдан беш мингача этнослар ва этник гуруҳлар мавжуд. Фақат ҳозирги Ўзбекистоннинг ўзида юздан ортиқ элатлар яшайди. Уларнинг ҳар бири узоқ тарихга эга. Аммо ҳудуддаги (туб аҳоли асли ўртаосиёликлар, жумладан ўзбеклар, қирғиз, қозоқ, турк-ман, қорақалпоқ ва тожиклар бу ерда палеолит (қадимги тош) даврида умумий этник заминда пайдо бўлиб, минг йиллар давомида уларнинг ирқий ва этник ўзига хос хусусиятлари шаклланиб, тиллари ҳам ўзгариб келган.
Ўзбекистон археологларининг янги кашфиётларига кўра, Марказий Осиёда одам бир миллион йил муқаддам пайдо бўлган. Тахминан эрамиздан аввалги III минг йилликда узоқ давр давомида минтақада мураккаб этногенетик жараёнлар юз бериб, катта кўчишлар содир бўлган, асрлар оша чегаралари ўзгариб турган ўзига хос муайян хўжалик маданий типлар тарихий этнографик вилоятлар ва этник бирикмалар, халқ ва элатлар юзага келган. Жумладан, кўҳна Окс (Аму) ва Яксарт (Сирдарё) бўйларида йирик скиф ҳамда сармат, сак-массагет қабилалари уюшмаси юзага келган.
Бепоён Евроосиё ва Марказий Осиё даштларида Итил (Волга) бўйларидан Шарқда Энасой (Енисей), Жанубда ҳамда Аму, Сирдарё ва Орол денгизи соҳилларида скифлар номи билан тарихга кирган жуда кўп сонли кўчманчи қабилалар ва ўтроқ элатлар яшаган. Мазкур худудда яшаган қабила ва элатлар фақат тилигина эмас, балки хўжалик фаолияти, маданияти, келиб чиқиши жиҳатидан ҳам умумийликка эга бўлганлиги археологлар томонидан аниқланди.
Мазкур этник гуруҳлар қўшни халқлар тарихида ҳам муҳим рол ўйнаганлигини антик муаллифлар қайд қиладилар. Дарё соҳилларида яшовчи сак-массагет, сармат ва ҳоказо қабилалар деҳқончилик билан шуғулланганлар, тош, мис, бронза қуроллари, безак ва буюмлар ишлаб чиқарганлар, кўчманчи қавмлар эса чорвачилик билан шуғулланганлар.
Эрамиздан аввалги II минг йиллик охирларида Дашти-Қипчоқдаги мазкур кўчманчи ва ярим ўтроқ қабилаларнинг бир қисми ҳозирги Қозоғистон ва Ўрта Осиёнинг шимолий ҳудудларида жойлашган, Хоразм, Марғиёна ва Бақтрияда яшовчи ўтроқ қадимий тилларда гапирувчи элат ва халқлар билан яқин алоқада бўлган сак-массагет ва скифлар бутун Яқин ва Ўрта Шарқ, ҳатто Европага ўз таъсирини ўтказиб турган.
Милоддан аввалги I минг йилликда минтақада жиддий ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар юз беради. Ишлаб чиқарувчи кучларнинг ривожланиши, шаҳар – қалъаларнинг пайдо бўлиши, йирик суғориш ва мудофаа иншоотларининг қурилиши даставвал текин қўл меҳнати ҳисобига амалга ошириларди. Қўшни Эрон, айниқса Мидия давлати (мил.ав. VII-VI асрлар) ташкил топишидан олдинроқ Марказий Осиёда иккита қулдорлик давлати – Бақтрия ва Хоразм пайдо бўлганлиги тўғрисида форс ва юнон ёзма манбалари хабар беради. Мазкур манбалар ва тош қабрларга битилган расмлар (Персепол саройи), зардуштийларнинг муқаддас китоби “Авесто”, Рим, юнон ва Хитой муаллифларининг асарларида ҳозирги марказий осиёликларнинг қадимий аждодлари сак-массагетлар, юэчжи, кангюй (қанғар,қанғҳа), усун ва бошқа элатлар тилга олинади. Шуларнинг ичида энг катта элат саклар жуда кенг худудни – Тиёншон ва Помир этакларидан Каспий денгизи соҳилларигача бўлган ерларни эгаллаган, уларнинг зич жойлашган ери Сирдарё ҳавзаси бўлган.
Умуман сак-массагет қабилалари конфедерация (бирикма)сига қуйидаги элатлар кирган: қадимги Сирдарё ҳавзасида, Амударёнинг шарқий ўзанлари бўйида ва Қорақумда яшовчи апасиаклар; Сирдарё ўрта оқимида жойлашган дахатўхарлар; тахминан Зарафшоннинг қуйи қисми ва Амударёнинг ўрта оқимида яшаган дарбеклар; Нурота тоғларида ўрнашган сакараваклар; Сирдарёнинг ўрта оқимидан Тиёншонгача чўзилган усунлар ҳамда хоразмийлар кирган. Юнон ва рим манбаларининг хабарларига қараганда, мазкур қабила (элат)ларнинг саклар деб номланиши тасодифан бўлмаган, уларнинг тил жиҳатдан бир этник жараён билан боғлиқ эканлигини тасдиқлайди. Ҳозиргача тилимизда сақланиб келган “сақа” сўзи “сак” атамаси билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Ўша манбалар бу даврда воҳаларда яшовчи халқлар билан дашт-даги чорва қабилалари ўртасида этник ва маданий жиҳатдан унча фарқ бўлмаганлигини кўрсатади.
Ўрта Осиёнинг дашт ва тоғли районларида илк антик даврда кўчманчи қабилалар ҳам яшаган. Айрим тадқиқотчилар бу қабилаларни “Авесто”да тилга олинган, кенг ҳудудда кўчиб юрган сак қабилалари билан бир хил деб ҳисоблайдилар. Қадимий юнон ва Эрон манбаларида Каспий денгизи шарқидан Шимолий Хитой, Ҳиндистон ва Жанубий Сибиргача жойлашган сак, скиф, массагет қабилалари нафақат кўчманчи, балки қисман ўтроқ ҳамда овчилик-балиқчилик билан шуғулланувчи Оролбўйи ва қуйи Сирдарёдаги қабилаларни ҳам ўз ичига олганлиги таъкидланади. Эрамизнинг бошларида ҳам сак қабилалари скиф оламининг бир қисми ҳисобланиб, ўзининг антропологик тузилиши, тили ва маданияти билан Шарқий Европа, Сибирь ва Қозоғистон дашти, Каспий денгизи жануби-шарқида кўчиб юрган скифларга жуда яқин турган. Аммо хўжалик-маданий жиҳатдан улар орасида ўзаро бир оз фарқ бўлган.
Шундай қилиб, Ўрта Осиё ўтроқ аҳолиси, шимоли-шарқий томонда Тиёншон ва Олой қабилаларининг, шарқда – сак-сармат кўчма гуруҳларнинг, жанубда – деҳқончилик билан шуғулланиб келаётган туб жой этник гуруҳларнинг бирикуви туфайли ўзига хос этномаданият бирикмалари юзага келади. Оқибатда маҳаллий аҳолининг антик давр-даги этник қиёфаси ва антропологик тузилишида қурама типлар пайдо бўлади. Шуни ҳам қайд қилиш лозимки, минтақага муҳим этник қатлам бўлиб кирган саклар, Тиёншон бошқа тоғ районларида яшайдиган аҳоли чорвачилик билан, Фарғона ва Сирдарё бўйи саклари деҳқанчилик билан шуғулланишган. Археологик қазилмалардан топилган қурол-аслаҳа, турли буюмлар, ҳунармандчилик ва деҳқончилик маҳсулотлари, мудофаа ҳамда суғориш иншоотлари ва бошқа бой материаллар мазкур қабила ва элатларнинг юксак маданият яратган этнослар эканлигидан далолат беради. Улар Ўрта Осиё халқлари, шу жумладан, ўзбекларнинг ҳам шаклланишида энг қадимий этник қатлам сифатида қатнашган қабилалардан ҳисобланади.
Ўрта Осиёнинг эрамиздан аввалги I минг йиллик ўрталаридан бошлаб дастлаб ахамонийлар империясига кириши, кейин македониялик Искандарга бўйсундирилиши маҳаллий элатларни узоқ ўлкалар билан алоқаларини кучайтиришга олиб келди. Тарихий маълумотлара қараганда, ўрта осиёликларнинг вакиллари Эрон подшолари Доро ва Ксеркснинг Юнонистонга қарши юришларида иштирок қилганлар. Сакларнинг анча қисми эронликларнинг ҳарбий кемаларида хизматда бўлганлар. Ўрта Осиёдан чиққан кишилар, чунончи, хоразмликларни ҳатто Жанубий Мисрда ҳам учратиш мумкин эди. Аксинча, ўша даврда ташқаридан келтирилган қуллар ҳар хил этносларнинг вакилларидан бўлган. Кўҳна харобалардан топилган буюмлар, қурилиш ва мудофаа иншоотлари, ҳунармандчиликнинг айрим турларини маҳаллий усталаргина эмас, балки жанубий қўшни ўлкалардан асирга тушган қуллар қўли билан қилинганлиги ёдгорликлардан кўриниб турибди. Масалан, Хоразм ва унинг теварагидаги қудратли апасиакларнинг қалъа ва қасрларида ишлаган чет эллик усталар ўз хўжайинларининг талабига биноан хоразмликларнинг меъморчилик ва касб санъатига тақлид қилганлар.
Археологларнинг фикрича, мазкур этник жараёнда катта ҳудудларга ўз таъсирини ўтказган Хоразм алоҳида ўринни эгаллайди. Эрамиздан аввалги II минг йилликда Хоразмнинг бронза даври маданияти, афтидан Копетдоғ этакларида топилиб текширилган илк деҳқончилик маданияти билан Шарқий Европадаги дашт бронза маданиятини бир-бирига боғловчи ҳалқа бўлиб хизмат қилади.
“Авесто”да Ўрта Осиёда илк қулдорлик давридаги ижтимоий тузум ва маҳаллий элатлар тўғрисида муҳим маълумотлар келтирилган. Унда айтилишича, жамоада чорва моллари жуда кўп бўлиб, ўтроқ аҳоли чорвадор ва деҳқончилик хўжаликларидан иборат бўлган, чорва моллари кўп бўлган ҳарбий аристократия бошқалардан ажралиб турган. Бу муқаддас китобда Қанғҳа давлати ҳам тилга олинади. Хитой элчиси ва сайёҳи Чжан Цзянь Ўрта Осиёда йирик Кангюй (Қанғҳа) давлати мавжудлиги ҳақида ҳикоя қилади. Машҳур ҳинд достони “Маҳобҳорат”да бу ўлкада яшаган саклар тилга олинган. Қурама тоғ этагида жойлашган канғарлар, Сирдарёнинг юқори оқими ва Фарғона саклари ҳамда бошқа қабилавий бирикмалар Қанғҳа давлатига қарам бўлган. Хитой манбаларининг хабар беришича, эрамиздан аввалги II-I асрларда Шаҳрисабз Китоб воҳаси (Сусе), Сўғдиёна, Хоразм, Тошкент воҳаси ва Чирчиқ водийси (Юни), Зарафшоннинг ўрта оқими (Фуму), Бухоро воҳаси (Ги) ўтади. Унинг шарқий чегараси Фарғона, жанубда Парфия ва Бақтрия билан туташган. Хитой солномаларига қараганда, Қанғҳа ҳукмронлиги Орол ва Азов денгизлари оралиғидаги аланлар мамлакатига, Ўрол бўйи ўрмон қабилаларигача етган ва улар мўйна билан солиқ тўлаганлар.
Археологик тадқиқотлар шуни кўрсатадики, Ўрта Осиё кушонлар даврида хўжалик жиҳатдан анча юксалган бўлиб, ирригация иншоотлари ривожланди (Хоразмда Гав-ҳар ва Чарманёб, Бухорода Гав-Китфор, Сўғдда Дарғом магистрал каналлари), кулолчилик равнақ топади, тош ёрғучоқлар ўрнига тегирмонлар пайдо бўлади, танга зарб қилиш ва пул муносабатлари кучаяди. Шаҳар ҳаёти юқори даражага кўтарилади, масалан, Марв шаҳри 350 гектар, Самарқанд 100 гектар ерни эгаллаган.
Шуни таъкидлаш лозимки, ўзбек, туркман, қозоқ, қорақалпоқ ва бош-қа ўртаосиёлик халқларнинг келиб чиқиши ва этник тарихига минтақадаги қадимий мураккаб этник жараённи аниқ тасаввур қилмагунча объектив баҳо бериш ниҳоятда қийин. Турли ирқ ва диндаги ҳар хил элатларнинг бирлашувидан ташкил топган аждодларимиз энг қадимий даврлардан ёзувли юксак маданият ва илк давлат яратганлар.
Энг кейинги йирик кўчиш XV аср охирлари ва XVI аср бошларида рўй берди. Бу даврда сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан анча бўшашган Мовароуннаҳрда маҳаллий ҳоким ва подшолар орасидаги тахт талашишлар, халқ оммасининг оғир аҳволга тушиб қолгани қўшни кўчманчи ўзбекларга қўл келган эди. Шундай қилиб, ҳозирги Ўзбекистоннинг Зарафшон, Сурхондарё ва Қашқадарё водийларида, Хоразм воҳаси ва бошқа худудларда “ўзбек” номи билан аталган туркий қабилалар ҳам ўрнаша бошлайди. Улар маҳаллий аҳоли билан аралашиб кетади.
“Ўзбек” атамаси илмий жиҳатдан ҳали тўлиқ аниқланмаган. Дастлаб бу сўзни араб муаллифи Усман ибн Мунқиз (XII аср охирлари) асарларида учратамиз. Кейин Рашидиддин солномаларида Жалолиддиннинг ҳарбий навкарларидан бири ҳам “ўзбек” исми билан тилга олинади. Атоқли тарихчи Ҳамдуллоҳ Казвиний (XV аср) Олтин Ўрда хони Ўзбекнинг лашкарларини “ўзбеклар” деб номлайди, унга тегишли ўлкани эса “Мамлакати ўзбек” деб атайди. Низомиддин Шомий ва Шарафуддин Али Яздийлар ўзбекларни Олтин Ўрда билан боғлиқ деган фикрни билдирадилар. Бошқа манбаларга қараганда, XV аср охири – XVI аср бошларида Абдулхайрхон ва унинг набираси Шайбонийхон қарамоғида барча қабила ва элатлар бирикмасига умуман “ўзбеклар” деб ном берилган.
Кўпгина манба ва ривоятларда ўзбекларнинг генеология (шажара) ҳақида гапирилиб, ўзбек халқи 92 уруғ (қабила)дан ташкил топган дейилади. Асли бу рақам ҳақиқатга тўғри келмайди. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ўзбекларнинг келиб чиқиши каби уларнинг этник тузилиши ҳам ниҳоятда мураккаб ва кўп асрлик тарихий тараққиёт натижасида бир неча марта ўзгариб кетган.
Янги давр (XIV-XIX асрлар) давомида ўзбекларнинг этник шаклланиши давом қилиб, ўзларининг уруғ-қабилавий номларини то ўтган аср бошларигача қисман сақлаб келганлар. Улар нафақат этник жиҳатдан, балки турмуш тарзи ва ижтимоий ҳолати билан ҳам ўзаро фарқ қилганлар. Айрим ўзбек қабилалари ўтроқ деҳқончиликка тўла ўтмаган кўчманчилик хўжалиги ва турмуш анъаналарини сақлаб, ярим ўтроқ ҳолатда яшаганлар. Улар тиллари (шеваси)даги фарқ жиҳатдан анча ажралиб турганлар. Шуни ҳам алоҳида қайд қилиш лозимки, ўзбекларнинг анча қисми қўшни мамлакатларда яшаб, этник хусусиятларини сақлаб қолганлар. Аммо ўша даврда ҳали ҳамма ўзбек элатлари бир меъёрда ривожланмасдан, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан жойлашган муҳитига қараб ўзаро фарқланган.
Тадқиқотчилар ўтган аср арафасида ўзбек халқи таркибида учта йирик этник гуруҳ (субэтнос) мавжуд бўлганлигини қайд қиладилар. Улардан биринчиси энг қадимий даврлардан ўтроқ ҳолатда шаҳар ва қишлоқларда яшаб келган ва Ўрта Осиёга эрамизнинг I минг йиллиги охирларидан бошлаб кўчиб келиб, аста-секин ўтроқлашган туркий элатлар билан аралашиб кетган ва ўша даврларда “сарт” деб аталган аҳолидир. Улар асосан Фарғона, Тошкент, Хоразм, қисман Зарафшон воҳаларида, умуман озми-кўпми деярли ҳозирги Ўзбекистоннинг ҳамма ерида жойлашган эди.
Иккинчи субэтнос Шайбоний ўзбеклар келишидан олдин қадимий туркий элатлар билан турк-мўғул қабилаларининг аралашмасидан келиб чиққан. Улар XX аср бошларигача уруғ-қабилавий анъаналарини сақлаб сартларга қўшилмай, яримўтроқ турмуш тарзида яшаб келганлар ва этнографик адабиётда “турклар” деган ном билан маълум бўлган (Б.Х.Кармишева, К.Ш.Шониёзов). Бу аҳоли асосан Фарғона водийсида, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида, Ўзбекистоннинг шарқий қисмида яшаган.
Ўзбекларнинг учинчи йирик этник гуруҳи XV-XVI асрларда Мовароуннаҳрга кўчиб келган Дашти қипчоқ ўзбекларининг авлодларидир. Улар ярим кўчманчилик турмуш анъаналарини сақлаган ҳолда, чорвачилик ҳамда деҳқончилик хўжалигини бирга олиб борган субэтнослардан иборат. Бу гуруҳ турли қабилалардан иборат: қўнғирот, манғит, қипчоқ, найман, кенагас, сарой, хитой, минг, юз, қирқ, қатағон ва ҳоказо. Мазкур қабила ва элатлар Зарафшон, Қашқадарё, Сурхондарё, Шерободдарё, Бойсун дарёлари ҳавзасида, Нурота ва Қурама тоғ этакларида, Хоразм ва Фарғона воҳаларида жойлашган. Шулардан энг кўп сонли қисми 20-йилларда Бухоро амирлигида (130 мингдан ортиқ манғитлар, 35 мингдан ортиқ кенагаслар, қўнғиротлар эса 86 мингга яқин), Туркистон ўлкасининг Самарқанд вилоятида 52 минг қипчоқлар, Фарғона водийсида 42.5 мингга яқин қипчоқлар, Тошкент ва Сирдарё вилоятларида 50 мингга яқин қурама яшаган.
Мазкур субэтнослар XIX аср охири – XX аср бошларида ўзига хос маиший турмуш, урф-одат ва тилдаги шева хусусиятлари билан ўзаро фарқ қилса-да, ягона ўзбек элати эканлигини исботловчи белгиларни сақлаб, ўзларини “ўзбек” деб номлаганлар. Узоқ вақт давомида сарт, турк ва Дашти қипчоқ ўзбек авлодларидан иборат субэтнослар ярим кўчманчи-чорва хўжаликлар, ўтроқ сартлар билан яқинлашиб борган. Турли этник қатламларнинг бирлашув жараёни, айниқса, Фарғона водийсида, қисман Самарқанд вилояти ва Тошкент уездида жиддий тус олган ва фаол ўтган.
Чунки бу ердаги турк қабилаларининг кўпчилиги, Бобур ёзганидек, Дашти қипчоқ ўзбекларининг келишидан олдин ўтроқ ҳолатда яшаганлар. Октябр тўнтаришидан кейинги ўн йилликларда уруғ-қабилачиликни унутган турклар ва сартлар Фарғона водийсида этник хусусиятларини сақлаб қолганлар. Дашти қипчоқ ўзбекларидан юзлар, қипчоқлар, қурамалар бир оз ўзига хослигини сақлаган. Лекин, минг, қўнғирот, қирқ, қатағон, сарой каби қабилаларнинг вакиллари маҳаллий сартлар билан аралашиб кетганлар. Зарафшон водийсида жойлашган ўзбеклар ҳам (20 га яқин уруғ) қабилачилик анъаналарини йўқотиб, миллий бирликка қўшилиб кетган.
Шундай қилиб, умумий ўзбек (туркий) этнос XX асрда халқ сифатида шаклланди ва бугунги мустақил Ўзбекитон Республикасига асос солди.
Исо Жабборов,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, фалсафа фанлари доктори, профессор
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2009 йил 12-сон.