Бир ҳақиқат кишини мамнун этади: бугунга келиб аҳолининг барча қатламларида довруқли ўтмишимизга қизиқиш ҳар қачонгидан кучайди. Олимлар ва ижодкорлар тарихий мавзуларда самарали қалам тебратаяптилар. Соҳибқирон Амир Темур ва Темурийлар даври, айниқса, кенг ўрганилмоқда. Бу, бир томондан, яхши, албатта. Иккинчи томондан, масалага юзаки ёндашув айрим ҳолларда англашилмовчиликларга сабаб бўлмоқда.
“Дунё ва давр” деган газетанинг 2012 йил 27 сентябр сонида муаллиф Бахтиёр Исҳоқовнинг “Сарбаланд Соҳибқироннинг соҳир сабоқлари” давомли мақоласига кўзим тушиб қолди. Бу ўринда, аввало, сарлавҳанинг ўта ғализ эканини таъкидлаш жоиз: ундаги “сарбаланд”, “соҳир” сўзлари ташиган маънолар мақсадга хизмат қилмайди. Энди эса мақолада келтирилган мана бу фикрга эътибор беринг: “… у мавжуд анъанага кўра, аввал, Суюрғатмишни (1370-1388),сўнгра унинг ўғли Султон Маҳмудни (1388-1402) расмий хон қилиб кўтариб, ҳатто умрининг охиригача улар номидан ёрлиқлар чиқартирган, пул зарб эттирган”. Ҳолбуки, тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, 1401 йил январ ойида Дамашқ шаҳри эгалланади, 17 январ куни шаҳардаги энг катта жомеъ масжидидаги намозда Соҳибқирон номи хутбага қўшиб ўқилади. Ва шу ерда биринчи марта Соҳибқирон номига юз, эллик ва ўн мисқоллик тангалар зарб қилинади, бу ҳақда фатҳномалар битилиб, Эрону Туронга чопар билан жўнатилади. Аллақачон кўпчиликка маълум бўлган бу далилни жамоатчиликка эндиликда нотўғри тақдим этиш ярашмайди, албатта.
Ҳар қандай мавзуда қалам тебратганда ҳам унга доир мавжуд (энг камида энг муҳим) маълумотларни билиш талаб қилинади, билъакс, “кашф қилинган велосипедни қайта кашф қилиш”дан наф йўқ. Ҳолбуки, бугунги кунда мустақиллик йилларида тасдиғини топган тўғри далилларни чалкаштириш эмас, шунгача хато, баъзан тескари талқин қилинган тарихий адолатни тиклаш вазифаси кун тартибида турибди. Бундай ўринлар эса талайгина. Олайлик, Темурий шаҳзодалар ва маликалар таржимаи ҳоли, уларнинг фаолияти билан боғлиқ далиллар аралашиб кетган. Бунинг бир қанча сабаблари бор. Айниқса, шаҳзодалар исмининг бир хиллиги улар фаолиятини ёритишда муаллифлар учун муаммолар туғдираётир. Мисол учун Темурийлар хонадонида фарзанд туғилса, миллий удумимизга кўра, уларга катта боболари, момоларининг исми берилаверган. Шу туфайли “Муҳаммад” нисбати қўшилган ўттизга яқин шаҳзода, шунингдек, Муҳаммад Султон (6 нафар), Умаршайх, Умар (5 нафар), Муҳаммад Жаҳонгир, Жаҳонгир (4 нафар), Султон Муҳаммад (4 нафар), Аҳмад, Аҳмадшоҳ (4 нафар), Абубакр (3 нафар), икки нафардан исм қўйилган Абдулло, Бекабегим, Бойсунғур, Бойқаро, Зайнабсултонбегим, Искандар, Мироншоҳ, Сайди Аҳмад, Халил Султон, Шоҳруҳ номлари уларнинг фаолиятларини ёритишга жаҳд қилган кўплаб тадқиқотчиларнинг бошини қотиргани шубҳасиз.
Кўпчилик Амир Темурнинг ўғли Умаршайх билан Бобур Мирзонинг отаси, Абусаид Мирзонинг ўғли Умаршайхни чалкаштириб юборади. “Бобурнома”да муаллиф Андижонда ўн йилдан зиёд ҳокимлик қилган биринчи Умаршайхни ҳурмат билан “Улуғ Умаршайх” деб атайди ва падари бузруквори ҳақида гапириб, “Амир Темурдан кейин Самарқанд ва Ҳирот тахтини бирлаштира олган ягона Темурий ҳукмдор,” бобоси Абусаидни эса “Ўз ҳаракатларида бобокалони Амир Темурга тақлид қиларди ва шунинг учун Фарғона тахтини Умаршайх исмли ўғлига нисор этди“, деб ёзади.
Тахт эгалиги – ҳукмдорликдан ташқари илм-фан, адабиёт-санъатнинг турли соҳаларида ном таратган Темурийлар сафида шоирликда даврининг йирик вакили даражасига кўтарилган Сайди Аҳмаднинг номи алоҳида қайд этилади. У кўплаб ғазаллар, Хоразмийнинг дунёвий адабиётнинг гўзал намунаси ҳисобланган “Муҳаббатнома” достони руҳида “Таашшуқнома” асарини яратган. Темурийлар сафида эса Умаршайх Мирзонинг бешинчи ўғли (ҳаёт йиллари – 1391 — 1429) ва Мироншоҳ Мирзонинг еттинчи ўғли (яшаган йиллари ҳақида маълумот сақланмаган) Сайди Аҳмад номи билан аталган. “Таашшуқнома” достони манбаларда 1435-1936 йилларда яратилгани ва у Шоҳрух Мирзога бағишлангани айтилади. Демак, достон иккинчи Сайди Аҳмадга тегишли бўлиб чиқади.
Таъкидлаш жоизки, “Темур тузуклари“нинг Юртбошимиз Ислом Каримов сўзбошиси билан нашр этилгани маънавий ҳаётимизда муҳим воқеа бўлди. Маълумки, бу асар дастлаб туркийча ёзилган, кейинчалик форсчага таржима қилинган. Бу ҳақда араб олими Мазҳар Шиҳабнинг халқаро даражадаги фан доктори илмий унвонини олиш учун тақдим этган, Ливандаги Қуддийс Юсуф университети томонидан ўқув қўлланмаси сифатида тавсия қилинган “Темур” фундаментал тадқиқотида шундай гувоҳлик берилади: “Тузуклар”нинг муқаддимасида “Амир Темурнинг “Ушбу эсдаликларимни аждодларимдан содир бўлаётган амр ила туркий чиғатой тилида китобат этдим” деган сўзлари битилган”. (Убайдулла Уватов. Соҳибқирон араб тарихчилари нигоҳида. 132-бет). Афсуски, бу нусха топилгани йўқ, жамоатчилик эса Яман ҳокими Жаъфар Пошо кутубхонасида қўлга критилган форсча нусхадан қилинган таржималар билан таниш. Ҳозирча “Тузуклар”нинг жаҳон тилларидаги биринчи таржималари инглиз (1830), француз (1787), рус (1894), урду (1855) да турли даражада амалга оширилган ва бу жараён давом этмоқда.
У бир неча марта ўзбек тилига ўгирилди. Бу юмуш дастлаб 1858 йилда Хивада, шу йилларда Қўқонда амалга оширилган. Кейинчалик Алихон тўра Соғуний таржимаси юзага келди ва матн шарқшунос Ҳабибулло Кароматов томонидан мукаммаллашттирилди ва китоб ҳолига келтирилиб, 1991 йилда нашр этилди(1). Бу саъй-ҳаракатлар давом эттирилиб, яна бир неча марта, жумладан, 1996 йилда (2) (инглизча ва французча матн билан) биргаликда (иккала нашрда ҳам сўзбоши ва изоҳлар муаллифи академик Бўрибой Аҳмедов) ҳамда 2011 йилда (3) (масъул муҳаррир профессор Ашраф Аҳмедов) китобхонларга тақдим этилди. Ана шу нашрлар қиёсланганда, жамоатчилик эътиборига ҳавола қилишга арзийдиган баъзи мулоҳазалар пайдо бўладики, уларнинг илмий таҳлили кейинги нашрларда амалий аҳамият касб этиши шубҳасиз. Хусусан, услубий ва изоҳлардаги хилма-хилликлар ҳали бу борада изланишлар изчил давом этиши, “Темур тузуклари”нинг танқидий матнини тайёрлаш лозимлигини кўрсатади. Зеро, бу табиий ҳолат, негаки, мазкур улкан меросни чинакамига ўрганиш энди бошланди.
Мустақиллигимиз арафасида ёруғлик юзини кўрган “Темур тузуклари”нинг биринчи нашри маънавий дунёмизда катта воқеа бўлганди, чунки бир пайтлар ундан парчалар эълон қилишга жаҳд қилган “Гулистон” журнали бошига тушган шўришларни кўпчилик билади. Ўша нашрга ёзилган сўзбошидан ҳали шубҳалар бутунлай тарқамаганини, қолаверса, масалага муносабат тамоман шаклланиб улгурмаганини сезиб олиш қийин эмас. Истиқлолнинг зафарли одимлари халқимиз аъмолини узил-кесил тасдиқлаганидек, тафаккурдаги ғуборлар ҳам тозараниб борди. Бу ҳолни учала нашрни чоғиштириб, ишонч ҳосил қилиш мумкин. Бу ўринда фақат юзага келган хилма-хиллик ва қайси шакл илмий-тарихийликка яқинлиги юзасидан мулоҳазалар изҳор қилинади.
Бўлимларни “Мақола” ўрнига “Китоб” деб ўзгартирилишини асарнинг мавқеини эътироф этувчи адолатли муносабат тарзида баҳолаш мумкин. Шунингдек, “Тадбирлар ва кенгашлар” сарлавҳасини “Кенгашлар ва тадбирлар” тарзида берилиши ҳам мантиқан ўзини оқлайди: кўлам жиҳатдан кенгашлар мамлакат ҳаётида бир киши ёки гувоҳлар томонидан қўлланилувчи тадбирлардан салмоқли, унинг биринчи қайд этилиши бутунлай ўринли. “Сипоҳий ”ўрнига туркийча “аскар”нинг қўлланиши ҳам маъқул.
Форсчадан ўгирилганда маълум сўзнинг қатор муқобиллари мавжуд бўлади ва уларнинг қайси бири тўғрилиги контекстда аниқланади. Баъзан “бошбилмоқ”, кейинги сафар эса “ош балмоқ” сўзлари ишлатилган ва унга “атала” тарзида изоҳ берилган. Қайси бири тўғри – барибир бир тўхтамга келиш керак. Юртимиз жанубий туманларида унни ёғда қовуриб, сув аралаштириб тайёрланадиган “булмоқ” деган овқат бор. Балки бу ўшадир. Шунингдек, “давлатим корхонасининг ўн икки ойи” деб таржима қилинган. “Ой” ўрнида “устун” сўзи ишлатилса, мантиқлироқ бўлармиди? Ёки “Тажрибали бир киши минглаб одамга иш буюради” дейилади. “Иш буюриш”да кишининг қобилиятлари тўла намоён бўлмайди, ҳолбуки, бу иборани “сафарбар қилади”, “таъминлайди”, “бошқаради” тарзида ифодаланса, мақсадга мувофиқ бўларди. Ёки “Қуръон устида қасам ичди”дан “Қуръон тутиб қасам ичди”, дейиш тўғрироқ.
“Тузуклар”да Соҳибқирон таржимаи ҳолига доир кўплаб далиллар келтирилган ва улар манбалар асосида тўғри изоҳланган. Фақат икки ўринга диққат қаратиш лозим бўлади. Асарда “Отланиб, Амир Кулолнинг ҳузурларига бордим”, дейилади. Бу ерда тилга олинган Амир Кулол тарихий шахс бўлиб, у зотни Шамсиддин Кулол билан чалкаштирмаслик лозим. Саййид Амир Кулол (1281-1370) Бухоро яқинидаги Сухори қишлоғида яшаган, қабри ҳам шу ерда. Ул зот Темурийлар хонадонининг пири Шамсиддин Кулолга, шунингдек, машҳур шайх Баҳоуддин Нақшбандга ҳам устозлик қилган. Озодлик орзу-умидида чарх уриб юрган ёш Темурбек шу зотнинг ҳузурига боради. Бу далил нашрларда турлича, баъзан бутунлай хато шарҳланган.
Қарши қалъасини эгаллаш асносида (1367 йил) амир Ҳусайн ва амир Мусони чалғитиб Хуросонга эмас, Мовароуннаҳрга юрилади. “Тузуклар”да “Ширкент аталмиш ерга етдим ва ўша ерда бир кеча-кундуз тўхтаб, яна йўлга тушиб, Қарши қалъасидан бир фарсанг (6-7 километр) масофага келиб тушдим”, дейилади. Эътиборлиси, кўплаб нашрларда, ҳеч иккиланмай, “Ширкент Қарши туманининг ҳозирги маркази Бешкент” тарзида шарҳланади. Ҳақиқатан, туман маркази Бешкент Қаршига яқин йирик аҳоли манзилгоҳларидан бири. Бироқ Бешкентнинг жанубий-ғарб томонида айнан Ширкент қишлоғи ҳам бор-да. У ҳозирги Қовчин қишлоқ фуқаролар йиғини таркибида бўлиб, Бешкентдан бутунлай фарқ қилади. Бизнингча, бу икки масканни фарқламаслик ҳам тўғри эмас.
Албатта, кейинги нашрларда олдинги хатолар бартараф этиб борилиши табиий. Шу жиҳатдан яна икки мисол келтирамиз. “Сипоҳийлардан чиққан баҳодирлар, довюракларга махсус фахрли ўтоға, камар ва таркаш тақдим этиб, мартабаларини кўтардим”, деган гапдаги “таркаш” кейинроқ “ўқдон” тарзида ўзгартирилган. “Ўтоға”га “бош кийимга тақиладиган, укпар ва қимматбаҳо тошлар билан безатилган зийнатли белги, мансаб ва мартаба рамзи”, деган тушунтириш берилади. Охирги нашрда эса “ўтоға” сўзи “ўтоғ” деб ўзгартирилади, унга “яъни, ўтов, бу ерда махсус жиҳозланган ўтов назарда тутилади” қабилида шарҳ берилади. Агар “ўтоға” (яъни, какарда) билан “ўтов” (турар жой) ўртасидаги фарқни назарда тутсак ва Соҳибқирон давлат тутумида ҳар доим қатъий меъёрлар амал қилганини ҳисобга олсак, бу икки хил шарҳ алоҳида изоҳланиши лозим эди. Чунки ўтов тақдим этиш ҳам ўша давр ҳаётида учраган. Масалан, Амир Темур томонидан Елдирим Боязидга султонларга хос оқ ўтов тақдим этилганди.
Вазирлар салтанат саройининг ишончли ва эътиборли кишилари бўлиб, уларга жазо белгилашда ўта даражада эҳтиёт бўлиш алоҳида тайинланади. Хусусан, уларга қарши хабар берувчиларнинг даъволари “рост-ёлғонлигини маҳак тошига уриб, текшириб кўрсинлар”, дея таъкидланади. Бир нашрда эса бу гап “даъволарининг рост-ёлғонлигини синчковлик билан синаб кўрсинлар”, тарзида жўнгина ифодаланади. Соҳибқирон маҳак тоши (“кумуш ва олтиннинг тозалигини аниқлаб берадиган қора тусли тош” деб изоҳланган) орқали жазо тайинлашда яна бир бўғин – қарор чиқарувчи маҳкамани таклиф этаяпти. Бундай тизим айбсизлик призумпциясини таъминлашда асқотишини юристлар яхши билади. Моҳиятни тўла тушунмасдан қилинган таҳрир орқали эса ҳуқуқ илмидаги яна бир эҳтиёт чораси олиб ташланаяпти.
Худди шундай, урушдан юз ўгириб қочган сипоҳийлар ҳақида айтилган “даргоҳимга киритмасинлар (сўзма-сўз – унга “кўриниш” бермасинлар)” ёки “илтифотимиздан маҳрум этсинлар” категорияларининг қай бири ўша давр давлат тизими учун хослигини ҳам аниқлаш лозим бўлади. Негаки, айнан бир жазо тури таржимада икки хил берилган ва уларга юкланган интизомий мажбурият ҳам икки хил.
Хуллас, бу мероснинг беназирлиги шундаки, ундаги ҳар бир белги, ишора теран мазмунга эга ва муомала қилганда ана шу юксак мавқе эътиборда турмоғи шарт. Ўз сирларини очаётган улкан бойлик – халқимиз тарихини тадқиқ қилганда ватанпарварлик ва миллатсеварлик туйғуси билан теран илмийлик талаби ҳамоҳанг бўлиши лозимга ўхшайди.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 14-сонидан олинди.