Бурҳон Абдулхайров. Яна бир қатағон қурбони (Миён Бузрук ижодига чизгилар)

http://n.ziyouz.com/images/jadid.jpg

Ватанимиз истиқлолга эришгандан кейин мустамлакачилик тузуми даврида қурбон бўлган адибларнинг ижоди халққа қайтарилди. Абдулла Қодирий, Фитрат, Чўлпон, Элбек, Боту, Усмон Носир каби ижодкорларнинг ҳаёти ва ижодини таҳлил этишга бағишланган салмоқли тадқиқотлар яратилди. Шубҳасиз, қатағон қурбонлари орасида фақат бадиий ижод эмас, балки адабиётшунослик, санъатшунослик ва танқидчилик билан самарали шуғулланган қалам аҳллари ҳам кўп эди. Сирасини айтганда, уларнинг мероси адабиётшунослар эътиборидан четда эмас. Жумладан, Отажон Ҳошимов, Сотти Ҳусайн, Вадуд Маҳмуд каби олимларнинг илмий ижоди жамоатчиликка қайтадан таништирилди. Бироқ ҳамон назардан четда қолиб келаётган кўпгина олимлар, ижодкорлар бор. Шулардан бири Миён Бузрук Солиҳовдир.

Ўзбек маданияти тарихини ўрганишга муносиб ҳисса қўшган бу зот 1891 йилда Тошкент шаҳрида Шўртепа1 масжидининг имоми Миён Солиҳ хонадонида дунёга келди.

У аввал, эски мактабда, 1910-1915 йилларда эса Дегрез кўчасида жойлашган мадрасада таҳсил кўрди. Мадраса таҳсили жараёнида диний билимлар билан бирга араб, форс тилларини пухта эгаллашга ҳаракат қилди.

Кўпчилик ўзбек жадид зиёлилари каби 1917 йил воқеалари Миён Бузрук Солиҳов онгида ҳам ўзгариш ясади. У мана шу йилдан эътиборан қизғин кечаётган ижтимоий-сиёсий воқеаларга аралаша бошлади. Тез орада Туркистон миллий озодлик ҳаракатининг фаол аъзоларидан бирига айланди. Маълумки, 1917 йил 14 мартда Тошкентда Абдулвоҳидқори Абдурауфқори ўғли, Мунавварқори Абдурашидхон ўғли ва Убайдулла Хўжаевлар бошчилигида “Шўрои исломия” ташкилоти тузилади. Ушбу ташкилот ишларида Миён Бузрук ҳам фаол иштирок этади. Шу йилнинг 6 августида Тошкент шаҳар думасига сайловлар бўлиб ўтади. Бу сайловда “Шўрои исломия” ташкилоти кўрсатган номзодлардан ўн биттаси ғолиб чиқади. Ана шулар орасида Миён Бузрук Солиҳов ҳам бор эди. У шаҳар думаси большевиклар томонидан тарқатиб юборилгунга қадар (1917 йил, декабр) “Шўрои исломия”дан сайланган вакил ўлароқ дума ишларига қатнашади. 1917 йил ёзида Бокудан “Мусоват” партиясининг фаол аъзоси Муҳаммад Амин Афандизода Тошкентга келади ва маҳаллий зиёлилар орасида “Иттиҳод ва тараққий” ташкилотини тузишга бошчилик қилади. Янги тузилган ташкилотга Мунавварқори Абдурашидхонов раис, Убайдулла Хўжаев ҳамда Миён Бузруклар муовин этиб сайланадилар. Яна шу йилнинг 12-14 июл кунлари Фарғона шаҳрида мусулмон ташкилотлари қурултойи бўлиб ўтади. Унинг ишида ҳам Миён Бузрук “Шўрои исломия” вакили сифатида қатнашади. Бу қурултойда “Турк адами марказияти” (Туркистон федералистлари партияси) тузилди. Партия ҳужжатларини тайёрлашда бир қатор мусулмон қонуншунослари билан биргаликда Миён Бузрук Солиҳов ҳам иштирок этди.

Маълумки, 1917 йил 26-28 ноябрда Қўқонда бўлиб ўтган мусулмонларнинг тўртинчи ўлка қурултойи Туркистон мухториятини эълон қилди. Айтиш мумкинки, бу жадидлар ва қолаверса, барча туркистонликлар кўнглидаги орзу-истакларнинг ифодаси эди. Бироқ бу янгилик ҳукмрон сиёсий кучга айланиб бораётган большевикларни қувонтирмади. Улар ўлканинг турли шаҳарларида мухторият тарафдорларига қарши фитналар уюштиришга киришдилар. Жумладан, Тошкент шаҳрида ҳам шаҳар думасини зўравонлик билан тарқатиб юбордилар. 1917 йил 6 декабрда шаҳар думасининг тарқатилиши ва шаҳарда реквизиция ўтказилиши муносабати билан бир гуруҳ фаоллар Кўкалдош мадрасаси олдида большевикларга қарши намойиш уюштиришди. Большевикларнинг тийиқсиз хатти-ҳаракатлари думадаги “Уламо”лардан тортиб рус, яҳудий ва социал-революционер ва социал-демократларга қадар бирлаштирган эди. Улар ҳаммаси Туркистон мухторияти эълон қилинганлигини табрикладилар. Ушбу намойишни ташкил этган ва йиғилган омма олдида нутқ сўзлаганлардан бири Миён Бузрук Солиҳов эди.

Орадан кўп ўтмай (1918 йил 19-22 феврал) Мухторият шафқатсизларча тугатилди. Унинг фожиали тақдири эса миллий озодлик ҳаракати фаоллари учун оғир зарба бўлди.

Мухторият йўқ этилган ва истиқлол курашчилари фаолиятига кескин қаршиликлар кўрсатилаётган бўлса-да, улар ўз фаолиятларини мумкин қадар давом эттиришга ҳаракат қилдилар. Жумладан, Миён Бузрук Солиҳов ҳам 1918 йилда ташкил этилган “Изҳор ул-ҳақ” журналида туркум диний-ижтимоий-сиёсий руҳдаги мақолалари билан иштирок этди. Маълумки, бу журнал “Фуқаҳо” жамиятининг оммавий нашри бўлиб, унинг масъул муҳаррири машҳур аксилинқилобчи Мулла Садриддинхўжа муфтий ибни Шарифхўжа эшон бўлган. “Фуқаҳо” жамияти диний-сиёсий ташкилот бўлиб, таъсисчилари бўлмиш мусулмон қонуншунослари билан Тошкентдаги большевиклар ҳокимияти ўртасида зиддият мавжуд эди.

Миён Бузрук Солиҳовнинг бу пайтда жамиятни диний йўл билан ислоҳ қилиш керак, деган фикрда эканлигини “Изҳор ул-ҳақ” журналидаги туркум мақолалари мазмунидан англаш мумкин. Масалан, у “Ийқоз” деб номланган мақоласида ислом дини ўз вақтида инқирозга юз тутган жамият ҳаётини қутқариш учун юборилган дин бўлиб, ХХ аср бошларида ҳам у таназзулга юз тутган Туркистон мусулмонлари ҳаётини яхшилаш учун бирдан-бир восита эканлигини таъкидлайди. Унингча, бу муқаддас ишни амалга оширишда уламолар ислоҳчилик ролини ўйнашлари керак. Улар фақат ўз нафслари кетидан қувмасдан халқ орасида оташин нутқлар (амри маъруф, ваъз)лар қилишлари ва ғафлатда ётган мўмин-мусулмонларни уйғотишлари даркор. Бу уламоларнинг жамият олдидаги шарафли вазифалари ҳисобланади. Муаллиф Туркистон уламолари бу масъулиятли вазифани адо эта олмаётганлигидан куюниб, таназзул илдизларини шундан қидиради. Ўзга миллатларга қарам бўлиб қолишнинг асосий сабабларидан бири мана шудир, деб таъкидлайди у.

Миён Бузрук худди шу фикрини “Ад-дину ан-насиҳа” мақоласида ҳам давом эттириб, мўмин-мусулмонларни тўғри йўлга бошлашда ваъз ва насиҳатнинг роли катта эканлигини айтади. Бу “Ад-дину ан-насиҳа” (“Дин насиҳатдир”) ҳадисининг мақола сарлавҳасига чиқарилганлигидан ҳам кўриниб туради.

Маълумки, ХХ аср бошларида Туркистон мусулмонларининг озодлик учун олиб борган курашлари тарқоқ аҳволда эди. Улар ҳар хил гуруҳларга бўлиниб иш кўришар, қолаверса, шу билан ҳам чекланиб қолмасдан ўзаро қаттиқ низо ва адоватлар исканжасида эдилар. Миён Бузрук мусулмонларнинг бундай аянчли аҳволларидан изтиробга тушиб, ўша пайтдаги уламолар орасида пайдо бўлган “Аттафақал муслимуна ало ан-ло яттафиқу” (“Мусулмонлар иттифоқ бўлмасликка иттифоқ бўлдилар”) қабилидаги киноя билан айтилган бир иборани олиб, шу номда мақола ёзади.

Булардан ташқари Миён Бузрукнинг ушбу журналда “Талон ва ғорат зарари”, “Баҳоийлар ҳаракати”, “Асафнок ҳолат” номли мақолалари ҳам босилди. Улардан биринчисида мўмин-мусулмонлар турмушида бир-бирларининг мол-мулкларини талон-торож этишдек манфур иш қораланса, иккинчисида XIX аср охири – ХХ аср бошларида Эронда пайдо бўлган “Баҳоийлар ҳаракати”нинг Тошкентга ҳам етиб келганлиги ҳақида гапирилиб, унинг мусулмонлар турмуши учун нақадар зарарли эканлиги ҳақида сўзланади. Учинчи мақола “Асафнок ҳолат”да эса инқилоб йиллари (1917-1918)да Туркистонда турли урушлар сабабли юз берган очарчилик, қаҳатчилик каби кулфатларнинг авж олганлиги натижасида турли афсусланарли воқеа-ҳодисалар юзага келаётганлиги тилга олинади. Жумладан, Тошкентда ўлканинг турли бурчакларидан нон излаб келган бутун-бутун оилалар сарой ва чойхоналарда бир неча хоин ва фирибгар одамлар тарафидан худди молдек сотилаётганлиги, бу эса шариат қонунларига мутлақо тўғри келмаслиги, бу қабиҳ иш билан шуғулланаётганларга жазо бериш лозимлиги уқтирилади ва бошига кулфат тушган бечораларга ёрдам бериш ўша пайтда иш бошида бўлган турли “жамият” вакилларининг вазифалари эканлиги айтилади. Кўринадики, Миён Бузрук инқилобгача ва ундан кейин ўтган бир неча йиллар давомида ислоҳчи уламолар тарафдори бўлган ва ўзи ҳам бу соҳада фаолият олиб борган.

Мухторият тугатилгач, Туркистон миллий-озодлик ҳаракати йўлбошчилари ўлкани ижтимоий-сиёсий жиҳатдан бошқариш ишларидан қўпол суратда четлаштирилди. Большевикларнинг бундай адолатсиз муомаласи, табиийки, жадидларнинг кайфиятига ёмон таъсир кўрсатди. Шундан кейин улар курашнинг бошқа хил йўлларини танлашга мажбур бўлишди. Бу – большевикларга қуролли қаршилик кўрсатиш йўли эди. Бунинг учун улар чет мамлакатлардан молиявий ва ҳарбий ёрдам олишдан умид қиладилар. Шу мақсадда Тошкентда фаолият олиб бораётган “Миллий иттиҳод” ташкилоти раҳбарлари Миён Бузрукни Афғонистон ҳукуматига вакил қилиб юборишга қарор қилишади. Бу ҳақда Миён Бузрук Солиҳовнинг ўзи ҳибсга олингандан кейин 1937 йил 29 ноябр куни тергов саволларига жавоб бераётиб шундай деган: “…1920 йил август ойида мен “Миллий иттиҳод” ташкилоти томонидан ташкилотни фаол қўллаб-қувватлаётган Афғонистон ҳукумати билан алоқаларни йўлга қўйиш мақсадида Афғонистонга юборилдим”. Кейинчалик, 1930 йилда, Мунавварқори ўзининг большевиклар зиндонида ёзган “Хотиралар”ида шундай дейди: “Миён Бузрук ҳам четга кетиш тараддуди билан бўлиб, ташкилот ишидан бир оз четда бўлган. Аммо ташкилот қандай топшириқ берган бўлса, бажариб тургани эсимда бор”.

Худди шу ўринда Миён Бузрук Солиҳовнинг ижтимоий-сиёсий фаолияти билан боғлиқ бўлган бир англашилмовчиликка ойдинлик киритиш зарур. Бунга кўра, Миён Бузрук Солиҳов гўёки 1919 йилда Россиянинг Афғонистондаги элчисига ўринбосар ва Туркистон ўлкасининг Бош консули вазифаларини адо этиш учун кетаётган Абдулла Авлоний билан биргаликда Афғонистонга борган ва бир неча вақт у ердаги маъмурий идорада шоир Муҳаммадшариф Сўфизода билан бирга хизмат қилган. Бироқ кейинчалик топилган далил ва ҳужжатлар бунинг аксини кўрсатмоқда. Маълум бўлишича, у Афғонистонга 1919 йилда А. Авлоний билан бирга маъмурий идорада хизмат қилиш учун эмас, балки “Миллий иттиҳод” ташкилоти раҳбарлари томонидан Афғонистон ҳукуматидан большевикларга қарши курашиш учун кўмак олиш мақсадида вакил ўлароқ юборилган экан. Афғонистон ҳудудига эса ўша пайтда Туркиядан келиб, Туркистон озодлик ҳаракатида иштирок этаётган Жамол пошо (турк генерали) ҳамроҳлигида 1920 йил август ойи охирларида ўтган. Бу ҳақда Мўминжон Муҳаммаджон ўғли (Тошқин) ўзининг “Турмуш уринишлари” номли хотира китобида қуйидагича ёзади: “Қиш ўтиб, ёз ўтиб, кузга яқин Саъдуллахўжа Турсунхўжа ўғлининг қўл остидаги кўп кишилар Хива шаҳрига ҳукумат томонидан юбориладиган бўлдилар. Уларнинг ичида мен ҳам бор эдим. 1920 йил 27 августда ўзимизга берилган махсус учинчи класс ўтаравага тушиб, 28 августда жўнаб кетдик. 29 август эрталаб соат тўртларда Самарқанд вокзалига етдик. Шул чоқда биз билан Бухоро амири орасида уруш бошланиб қолганлиги сабабли Самарқанд станциясидан амр бериб турган штаб бошлиғи Фрунзе бизнинг жўнашимизга рухсат бермади. 31 августда туркиялик Жамол пошо ўзига қарашли бир қанча аскарий кишилар ва ерли халқлар билан Самарқанд станциясига келиб қолди. Афғонистонга борар экан. Ерлилар орасида Миён Бузрукхон, Абдулжаббор ҳожилар ҳам бор эди”.

Шундан кейин Миён Бузрук Солиҳовнинг Афғонистонга етиб келганлиги ҳақидаги маълумотни 20-йилларда Германияда ўқиб келган ва 1930 йил 25 апрелда ОГПУ томонидан қамоққа олинган Абдулваҳҳоб Муродийнинг 1930 йил 2 июлда ўтказилган тергов саволларига берган жавобидан билиш мумкин. Жумладан, у терговда шундай дейди: “…1919 йилда Турк ҳарбий асирлари билан Ўзбекистондан жўнаб кетдим. Ўзбекистондан жўнаб кетишга биринчидан, Туркияда маълумот олиш иштиёқи бўлса, бошқа сабаби Ҳайдар Шавқий билан келишмовчилигимиз бўлди. Биз тўғри Туркияга қараб йўл олдик. Йўлда адашиб қолдик ва Афғонистон ҳудудига ўтишга мажбур бўлдик. Афғонлар бизни Мозори Шарифда уч ой ушлаб, Кобулга жўнатдилар. Бу ерда 1919 йилдан то 1920 йилгача қийин аҳволда яшадик. 1920 йилда Афғонистонга Жамол пошо ва Миён Бузруклар келишди. Миён Бузрук норасмий ташкилот томонидан Жамол пошога ҳамроҳ сифатида жўнатилган эди”.

Қаҳрамонимизнинг Афғонистондаги ҳаётига доир маълумотларни М.Б.Солиҳовнинг жиноят ишига тиркалган тергов ҳужжатларидан олиш мумкин. Жумладан, у 1938 йил 16 апрелда берган қўшимча кўрсатмаларида ўзининг афғонистондалик даври ва у ердан Ҳиндистон ҳудудига ўтиши билан боғлиқ воқеалар ҳақида маълумот беради. Шундан кейин у Афғонистондан Туркияга келади ва 1927 йилда Совет Иттифоқига қайтгунига қадар ўша ерда бўлади.

Миён Бузрук Солиҳовнинг туркиядалик даври ҳақидаги маълумотлар жуда кам. Бироқ шу нарса аниқки, Миён Бузрук у ерда дастлаб большевиклар тазйиқидан қочиб, Туркиядан бошпана топган туркистонлик сиёсий муҳожирларга қўшилган ва улар билан ўз фаолиятини давом эттирган. Буни тасдиқлайдиган маълумотни Заки Валидий Тўғоннинг “Хотиралар” китобида акс эттирилган бир лавҳадан билишимиз мумкин. У 1925 йил 20 майда Европадан Туркиянинг Истанбул шаҳрига келиши ҳақида шундай ёзади: “…20 майда чоршанба куни кечаси Истанбулга етиб келдик. Бизга кафолат керак бўлиб қолди. Бу масала ҳал бўлгунгача Бек ўғли полиция идорасида кузатиш остида турдик. Ҳали ҳам ҳаёт бўлган дўстимиз Ёқуб Апанай ва Муҳаммад Амин Расулзода, Туркистондан келган дўстларимиз Усмон Хўжа билан Миён Бузрук кафил бўлиб, бизни полициячилар қўлидан қутқардилар”.

1925 йилга келиб СССР ва Туркия ўртасида илмий алоқалар вужудга келади. Шу муносабат билан совет олимлари илмий- тадқиқот олиб бориш мақсадида Туркияга ҳам бориб-келиб турадилар. Улар бу ердаги кутубхоналарда сақланаётган ёзма маданий ёдгорликлар билан танишиб, Ўрта Осиё тарихига оид бўлган асарларни қидириб топар эдилар. Худди шу йилдан эътиборан шарқшунос А.Н.Самойлович бир неча маротаба Туркияда бўлади. Мана шундай сафарларидан бирида у Миён Бузрук билан танишади. Танишиш асносида Миён Бузрукнинг илмий салоҳиятга эгалигини пайқаган А.Н.Самойлович уни илмий ҳамкорлик қилишга таклиф этади. Натижада, Миён Бузрук Истанбул шаҳридаги Нури Усмония кутубхонасида сақланаётган қўлёзмаларни ўрганишга киришади ва Ўрта Осиё тарихига оид асарлардан бир нечтасини топишга муваффақ бўлади. Шулардан энг муҳими “Меҳмонномайи Бухоро” асари Истанбул нусхасининг топилиши ва бу ҳақда илмий жамоатчиликка маълум қилиниши эди. Миён Бузрукнинг бу муваффақияти ўша давр илм оламида катта қизиқишларга сабаб бўлган. Буни академик В.В.Бартольд эътирофидан ҳам билиш мумкин. У 1926 йил январ-феврал ойларида Туркияда сафарда бўлиб қайтганидан кейин, СССР Фанлар академияси қошидаги Шарқшунослар коллегияси мажлисида ўқиган “Туркия сафари тўғрисидаги маъруза”сида бу топилмани алоҳида қайд қилиб ўтган эди.

Бизнингча, А.Н.Самойлович Миён Бузрук билан фақат илмий ҳамкорлик қилиш учунгина алоқа ўрнатмаган, балки мана шу йўллар билан уни ватани Тошкентга қайтаришни ҳам ўз олдига мақсад қилиб олган. Бундай дейишимизга сабаб А.Н.Самойловичнинг давлат идоралари билан яқин алоқада бўлганлигидир. Афтидан, А.Н.Самойлович ўша йилларда давлат идораларининг топшириғи билан хорижий мамлакатларда юрган сиёсий муҳожирларни СССРга қайтариш билан шуғулланган. Чунки бу муҳожирлар ўша даврларда сиёсий танглик ҳолатида бўлган совет ҳукуматига қарши чет элларда турли марказлар тузишлари ва шу йўл билан унга хавф туғдиришлари мумкин эди. Бундай шароитда ҳукумат вакилларининг туғилаётган ушбу хавф олдини олиш мақсадида уларни иложи борича ватанларига қайтаришга ҳаракат қилишлари табиийдир. Бунинг исботини А.Н.Самойловичнинг Туркияда ўша йиллари Заки Валидий билан учрашганлиги ва уни ҳам фуқаролигини алмаштирмасликка ҳамда Совет Иттифоқига қайтишга қилган даъватларида кўриш мумкин.

Шундай қилиб, Миён Бузрук А.Н.Самойловичнинг маслаҳати ва ёрдами билан 1927 йилнинг ёзида Одесса орқали қонуний тарзда Тошкентга қайтиб келади. Фақат ватанга бу қайтиш баъзи бир шартлар эвазига бўлган эди, дейиш мумкин. Унга кўра, Миён Бузрук НКВД таркибидаги Давлат хавфсизлик бошқармаси (УГБ) билан алоқада бўлиб турадиган агентга айланиши лозим эди. Худди шундай бўлади ҳам. Унга бу идорада “Махорий” тахаллуси берилади. Унинг қайси йўл билан 1921 йилда Туркияга бориши ва алалоқибат у ерда қандай қилиб сиёсий идора томонидан ёллангани ҳақида у 1937 йил 7 августда ҳибсга олингандан кейин 1938 йил 25 майда ЎзССР УГБ НКВД 3-бўлим бошлиғи Давлат хавфсизлиги лейтенанти Затуранский томонидан ёрлиқ қисмида ўта махфийлиги қайд этилиб, жиноят иши материаллари орасига тиркалган ЎзССР УГБ НКВД 3-бўлим собиқ агенти “Махорий” (Солиҳов Миён Бузрук) номига ёзилган тавсифномада шу сўзларни ўқиймиз: “1921 йилда аксилинқилобий “Миллий иттиҳод” ташкилоти топшириғига биноан Солиҳов Афғонистон орқали Туркияга чиқиб кетган ва у ерда муҳожирларнинг миллий аксилинқилобий Истанбул маркази раҳбарлари Усмон Хўжа ҳамда Заки Валидийлар билан боғланган. Кейинчалик эса органларимизнинг хорижда иш олиб борадиган ходимлари томонидан ёлланган, 1927 йилда эса легал тарзда Совет Иттифоқига қайтиб келган”.

Юқорида келтирганимиз Миён Бузрук Солиҳов номига ёзилган тавсифномада унга нисбатан “собиқ агент” ибораси ишлатилаяпти. Дарҳақиқат, махфий идора ходимлари учун Миён Бузрук 1930 йилдан кейин “собиқ агент”га айланган эди. Бу ҳақда тавсифнома давомида қуйидагиларни ўқиймиз: “1930 йилда фош этилган аксилинқилобий “Миллий истиқлол” ташкилоти (Мунавварқори гуруҳи ва Боту гуруҳи) йўқ этилгандан сўнг, 1930 йилда “Махорий” агент сифатида ўзининг олдинги аҳамиятини йўқотди”.

Юқорида келтирилган бу мисоллардан шундай хулосалар чиқаришимиз мумкин. Демак, Миён Бузрук Туркияда яшаган пайтида унга профессор А.Н.Самойлович махфий хизмат ходимларининг “Агар Миён Бузрук Тошкентга қайтса, гуноҳи кечирилади ва ўз ватанида бехавотир яшайди”, қабилидаги ваъдаларини етказган. Афтидан, ўз она юртида тинчгина илм-фан билан шуғулланиб юришдан умидвор бўлган Миён Бузрук бу ваъдаларга ишонган. Бу ўринда А.Н.Самойловичдек маърифатли кишини айблаш ҳам унчалик тўғри эмас. Бундай дейишимизга сабаб, бу иш хайрли бўлишига у ҳам ишонган. Назаримизда, А.Н.Самойлович ҳам ҳукуматга, ҳам ўзга юртларда сарсон-саргардон юрган зиёлиларга яхшилик қиламан деб ўйлаган бўлса керак. Лекин вақти келиб, бу ишлар тескари тус олади. Миён Бузрук қамоққа олинади ва отиб ташланади. Нафақат Миён Бузрук, балки қайсидир маънода шу тузум эгаларига хизмат қилган А.Н.Самойловичнинг ўзи ҳам қурбонлардан бирига айланади. Бу ҳақда З.Валидий “Хотиралар”ида ёзади: “Ким билади, Самойлович айғоқчи бўлмагандир, большевиклар кейинчалик унинг ўзини ҳам ўлдирдилар-ку, ахир”. Ҳа, ваъдага вафоли бўлиш ҳар қандай жиноят қилишга тайёр турган большевикларга хос эмас эди. Шундан бўлса керакки, Миён Бузрук Туркиядан қайтиб келган дастлабки йиллардаёқ Мунавварқори Абдурашидхоновга хориждан қайтганидан пушаймонлигини билдирган. Бу ҳақда Мунавварқори шундай ёзади: “Мен афғон консули Ғулом Жайлоний олдига борганим ва у билан ўзимнинг Афғонистонга кетишим ҳақида гаплашганимни Миён Бузрук Солиҳовга айтган эдим. Миён Ўзбекистонга қайтиб келганидан афсусланиб гапирди ва имконият бўлса яна Афғонистонга ўтиб кетиш хоҳиши борлигини айтди”. Лекин на Мунавварқорига, на Миён Бузрукка ва на уларнинг бошқа бирор маслакдошига большевиклар қўлидан қочиб қутулиб кетиш насиб этди. Большевиклар қўлида ноҳақ қурбон бўлиш уларнинг пешанасига ёзилган эди.

Бу гапларни ҳозирча шу жойда тўхтатиб, яна Миён Бузрукнинг Туркиядан келиши воқеасига қайтсак. Миён Бузрук Тошкентга келганида отаси вафот этган (1924), оила аъзолари (онаси Ҳожи Ойим, хотини Каримахон ва ўғли Мазҳар Солиҳов) эса Шўртепадаги ҳовлида яшаётган эдилар.

Келганига кўп бўлмасидан у САГУнинг Шарқ факультетига ишга кириб, талабаларга ўзбек тили ва адабиётидан дарс бера бошлайди. У университетда ўқитувчилик қилиш билан бирга илмий-ижодий ишларга ҳам берилади. Унинг “Ўзбек тарихига оид тўрт муҳим китоб” деб номланган мақоласи “Маориф ва ўқитғувчи” журналининг 1927 йил сентябр-октябр сонида босилиб чиқади.

Унинг илмий фаолияти, асосан, 1927-1937 йилларга тўғри келади. Миён Бузрук Солиҳов бу қисқа муддат ичида тинимсиз меҳнат қилиб, ўнлаб асарлар яратишга улгурди. У адабиёт, театр санъати, фольклор ва ўзбек тили муаммоларига бағишланган “Бедил” (1928), “Ўзбек” (1928), “Адабий тил ва истилоҳ” (1929), “Меҳробдан чаён” (1929), “Ўрта Осиё ва ўзбек адабиётига умумий қараш” (1930), “Ўзбек адабиётида миллатчилик кўринишлари” (1933), “Мақбаралар диний эксплуатация қуроли” (1934), “Сўфизода ва унинг ижоди ҳақида” (1934), “Ижодий йўлимиз ҳақида” (1934), “Октябргача бўлган ўзбек фольклори” (1935), “Ўзбек театри тарихи учун материаллар” (1935) каби ўнлаб асарларни эълон қилди. Бу асарларнинг кўпчилиги ўз даврида ҳам, ҳозир ҳам илмий қимматини йўқотмаган.

Миён Бузрук Солиҳов ижодида ўзбек мумтоз адабиётини тадқиқ этишга бағишланган асарлар муҳим ўрин эгаллайди. Хусусан, олимнинг “Ўрта Осиё ва ўзбек адабиёти тарихига умумий қараш” номли китоби диққатга сазовордир. Таъбир жоиз бўлса, бу асарни ўзбек мумтоз адабиёти тарихини ўзида мужассам этган мухтасар қўлланма, дейиш мумкин. Унда ўзбек ёзма адабиётининг XII асрдан то XX асргача (жадид адабиёти бошлангунга қадар) бўлган даври муҳим муаммолар асосида қизиқарли ва илмий тарзда ҳикоя қилинган. Масалан, у ўзбек мумтоз адабиётини “хавос” (“элита”) ва “авом” (“оммавий”) қисмларга ажратади ва шу нуқтаи назардан ўзига хос усулда таҳлил қилади.

Миён Бузрук Солиҳов ўз тадқиқотларида жадид адабиёти ҳақида ҳам кенг тўхталади. У “Ўзбек театри тарихи учун материаллар” китобида жадид театри билан боғлиқ масалаларни чуқур тадқиқ этган. Бу китоб жадидчилик, унинг адабиёти, театрига қизиқиш тобора ортаётган ҳозирги кунда асосий манбалардан бири бўлиб хизмат қилмоқда.

Туркистон мухторияти йўқ қилинганидан кейин ўлкада ижтимоий-сиёсий аҳвол мураккаб тус олди. Бу эса турли мушкулликлар ичида яшаётган маҳаллий зиёлилар шароитини янада чигаллаштириб юборди. Уларнинг келажак ҳаёт ҳақидаги орзу-умидлари кун сайин саробга айланиб, руҳларида аллақандай тушкун кайфият пайдо бўла бошлаган эди. Мана шундай кайфият уларнинг 20-йиллардаги ижодида ўз аксини топган. Миён Бузрук Солиҳов кейинчалик ёзган “Ўзбек адабиётида миллатчилик кўринишлари” китобида ўша йилларда яратилган асарларни ижтимоий-психологик жиҳатдан таҳлил қилишга уринади. Бироқ ушбу таҳлил ўша давр талабига кўра вульгар-социологик йўналишда бўлиб, унда Фитрат ва Чўлпон сингари адиблар ижоди мафкура нуқтаи назаридан танқид остига олинган. Миён Бузрук ижодидаги бу манфий жиҳат бошқа асарларида ҳам учрайди. Лекин бугунги кунда бу камчиликни “принципиал” масала деб эмас, балки эркин ижод бўғилган шароитда қўлланилган “тактика” сифатида қараш тўғри бўлади.

Миён Бузрук Солиҳов бадиий таржима билан ҳам шуғулланган. Жумладан, у Садриддин Айнийнинг “Дохунда” романини тожикчадан ўзбек тилига таржима қилиб, 1932 йилда “Ўздавнашр”да чоп эттиради.

Миён Бузрук Солиҳов илмий асарларининг аксар қисмини Маданий қурилиш илмий-текшириш институти (1934 йилдан эса А.С.Пушкин номидаги Тил ва адабиёт институти)да ишлаб турган вақтида яратган. Ўша пайтда бу институт илғор фикрли ўзбек зиёлиларининг илмий масканларидан бирига айланган эди. Бу ерда Фитрат, Отажон Ҳошимов, Ғози Олим Юнусов, Элбек, Қаюм Рамазонов, Ҳоди Зариф, Сафо Зуфарий, Олим Шарафиддинов каби таниқли ижодкорлар тил, адабиёт ва фольклор соҳасида тадқиқотлар олиб боришар эди. Бу олимлар Совет ҳукуматининг ғайримиллий сиёсати авж олган бир шароитда, турли қийинчиликларга қарамасдан, ўзбек тили ва адабиёти равнақини кўзлаб ижод этдилар. Ҳукумат идоралари уларни бир дақиқа ҳам ўз ҳолига қўйган эмас. Уларнинг юриш-туриши, ижоди доимо назорат остида бўлган. Шунингдек, улар ўртасида турли ихтилофларни келтириб чиқариш ҳам мустабид ҳукумат вакилларининг асосий вазифаси эди. Шундан бўлса керак, бу йиллар матбуот саҳифаларида маҳаллий олим ва ёзувчиларнинг бир-бирларини айблаб, мақолалар ёзишлари, айниқса авж олган. Ўз вақтида Миён Бузрук Солиҳов ҳам бундай вульгар танқидчилик зарбаларидан четда қолган эмас. Бу йилларда унинг ҳам асарларини кескин танқид қилиб ёзилган мақолалар матбуот саҳифаларида кўплаб босилган. Шундай танқидий чиқишлардан бири И.Аҳмедов, Ю.Султонов, З.Тожиевлар томонидан ёзилган “Шубҳали тортиқ” мақоласи бўлиб, у “Қизил Ўзбекистон” газетасининг 1935 йил 29 июл сонида босилган. Мақолада Миён Бузрук Солиҳовнинг “Ўзбек театри тарихи учун материаллар” китоби жиддий танқид қилинган. Унда айтилишича, Миён Бузрук Солиҳов бу асарда, атайлаб, жадид драматургиясини тадқиқ этган ва бу билан жадидларни халқ кўзига ўлка ҳаётида инқилобий роль ўйнаган яхши кишилар қилиб кўрсатишга уринган.

Айн (Олим Шарафиддинов) томонидан ёзилган яна бир мақола ҳам шу “Қизил Ўзбекистон” газетасининг 1936 йил 6 июн сонида “Бир реакцион назария тўғрисида” сарлавҳаси остида босилиб чиқади. Бу мақоланинг мақсади ҳам Миён Бузрук Солиҳовни мафкуравий жиҳатдан танқид қилиш эди. Мақолада, асосан, Миён Бузрук Солиҳовнинг Самарқанд ёзувчилар ташкилоти мажлисларидан бирида сўзлаган нутқи танқид остига олинган. Жумладан, Миён Бузрук Солиҳов ўз нутқида юқори савияли оммабоп бадиий асарлар яратилмаётганлигининг сабабларидан бири шоирларнинг ўзбек миллий мусиқаси ҳисобланмиш “Шашмақом” руҳини билмасликларида эканлигини таъкидлаган. Айн эса Миён Бузрук Солиҳовнинг бу фикрига қарши чиқиб, уни пролетар адабиётининг ижодий йўли социалистик реализм методини инкор қилиб, ўзбек ёзувчиларини чалғитаётганликда айблаган.

Булардан ташқари, Ҳамид Олимжон ҳам “Адабиётимизнинг тикка кўтарилиш даврида” (1934), “Жадид адабиётининг синфий моҳияти масаласига доир” (1935), “Фош қилиш эмас, хаспўшлаш” (1934) каби бир неча мақолаларида Миён Бузрукни қаттиқ танқид қилади. Хусусан, Уйғун билан ҳаммуаллифликда ёзилган “Фош қилиш эмас, хаспўшлаш” мақоласида Миён Бузрукнинг “Ўзбек адабиётида миллатчилик кўринишлари” китоби таҳлил қилиниб, бу китобда 20-йилларда миллатчилик кайфияти билан ижод қилган шоир ва ёзувчиларнинг “қилмишлари” “фош қилиш” эмас, “хаспўшлаш” йўлидан борилган, деган хулоса чиқарилади.

Кўринадики, Миён Бузрук Солиҳов ҳам 1937 йилдаги сталинча қатағон қурбони бўлган кўпгина ўзбек зиёлилари қаторида илгаридан нишонга олинган эди.

Олим 1931 йилдан Тошкентда янги очилган Тожикистон Давлат маориф институтида тожик тили ва адабиёти ўқитувчиси, 1932 йил 1 сентябрдан эса Маданий қурилиш илмий-текшириш институти (НИИКС)да катта илмий ходим бўлиб ишлаш билан бирга Тошкент Давлат педагогика институтида ўқитувчилик қила бошлайди. У ўзининг педагогик фаолияти давомида турли ўқув юртларида Иззат Султон, Ҳамид Сулаймон, Имомхон Ҳусанхўжаев, Мумтоз Муҳаммедов, Шуҳрат каби бўлажак ижодкорларга ўзбек ва шарқ адабиёти тарихидан маърузалар ўқийди. Фитрат, О.Ҳошимов, Е.Д.Поливанов, Е.Э.Бертельс, А.А.Семёнов, А.Н.Самойлович, В.В.Бартольд, Ғози Олим Юнусов, Сафо Зуфарий, Абдулла Авлоний, Садриддин Айний, Қаюм Рамазонов, Шорасул Зуннун, Л.Соцердотова каби олим ва ёзувчилар билан ҳамкорликда ишлайди.

“1930-1936 йилларда унинг Қашқар маҳалласидаги ҳовлиси ҳужраларидан бирида Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён”, “Обид кетмон” каби асарларини рус тилига ўгирган таржимон Л.Соцердотова яшаган ва Миён Бузрук Солиҳов билан яқин ижодий ҳамкорликда бўлган”.

Миён Бузрук Солиҳов 1936-37 йилларда аввал Самарқанд университетига, у ердан Бухоро Давлат педагогика институтига дарс бериш учун юборилади.

Орадан бир йил ўтиб, 1937 йилнинг ёзида Бухоро педагогика институтида ишлаб турган Миён Бузрук Солиҳов меҳнат таътилни ўтказиш учун оиласи турган Тошкентга қайтади. Олим мана шу таътилдалик пайтида, аниқроғи, 7 августда НКВД ходимлари томонидан ҳибсга олинади.

Миён Бузрук ҳибсга олинган пайтда Тошкент қишлоқ хўжалигини ирригациялаштириш институтининг тўртинчи босқич толиби бўлган ўғли Мазҳар Солиҳов ўқув практикасини ўташ учун Урганч шаҳрига юборилган эди. У уч-тўрт ойдан кейин қайтиб келганида отаси билан бирга онаси Каримахон ва 9 яшар синглиси Нурияхонни ҳам қамоқхонага олиб кетишган экан. Таниқли адабиётшунос олим Наим Каримов мақоласида ёзилишича: “…1937 йил 23 ноябрда тузилган айблов хулосасига кўра, Карима Солиҳованинг иши собиқ марказга – НКВД ҳузуридаги Махсус Кенгаш ихтиёрига юборилади. Махсус Кенгаш орадан 15 ой ўтгандан кейингина унинг ҳеч бир айби йўқ эканини тан олиб, 1939 йил 5 февралда озод этади”. Қамоқхонадан болалар уйига жўнатилган Нурияхонга эса акаси Мазҳар Солиҳовдан “совет руҳида тарбиялайман” деган тилхатни ёздириб олишгандан кейин оиласига қайтишига рухсат беришади. Мазҳар Солиҳовнинг ўзи эса “халқ душмани”нинг ўғли сифатида талабалик сафидан чиқарилади.

Миён Бузрук ҳибсга олинганидан бир неча кун ўтиб, “Қизил Ўзбекистон” газетасининг 1937 йил 18 август сонида Улуғ Турсун томонидан ёзилган “Тил-адабиёт соҳасидаги зиёнчилик” номли мақола босилиб чиқади. Бу мақолада асосан Отажон Ҳошим ва у раҳбарлик қилган А.С.Пушкин номидаги Тил ва адабиёт институтида илмий фаолият олиб борган бир қатор олимлар мафкура томонидан қораланиб, халқ душманлари сифатида танқид қилинган. Мақолада Миён Бузрукнинг ҳам номи тилга олинади. Унда ўқиймиз: “У (Отажон Ҳошим – А.Б.) адабиёт соҳасида марксизм таълимотига қарши ўзининг бузуқ фикрларини ҳам, миллатчи Фитрат, Миён Бузрук ва халқ душманлари Ғози Олим, Қаюм Рамазон, Сафо Зуфарий кабиларнинг ҳам зиёнчиликларини фош қилмади. Аксинча, у совет тил-адабиётига қарши миллатчиларнинг ифлос ишларига кенг йўл қўйиб келди. Ғози Олим, Миён Бузрук ва бошқаларнинг миллатчилик, пантуркистлик руҳи билан суғорилган асарларини бостириб келди”.

Миён Бузрук Солиҳов ҳибсга олингандан кейин унга “Октябр инқилобидан кейин яширин миллий аксилинқилобий “Иттиҳод ва тараққий”, “Миллий иттиҳод” ва “Миллий истиқлол” ташкилотларининг раҳбарларидан бири бўлганлик, ўз ишини ушбу ташкилотларнинг йўлбошчилари Мунавварқори Абдурашидхонов, Заки Валидий, Садриддинхон Шариповлар билан биргаликда олиб борган”лик айблари қўйилади. Ўзига қўйилган бу айбларни Миён Бузрук қисман тан олган. Унга яна 1930 йилдан кейин совет ҳукуматига қарши фаолият олиб борганлик бўйича бир қатор айблар қўйилганки, Миён Бузрук уларни тан олишдан бош тортган. Бу айблардан бирига кўра, у “Ёзувчи Ҳожи Муин Шукруллаев орқали Англиянинг Ўзбекистондаги айғоқчиси Саид Афанди билан танишган ва жосуслик ишига ёлланган. Иккинчи бир айбга кўра эса, Миён Бузрук Мунавварқори ўлимидан сўнг Ўзбекистон ичкарисидаги миллий аксилинқилобий ташкилот раҳбарлигини ўз зиммасига олган. Юқоридаги айблардан келиб чиқиб, судда унга “буржуа миллатчиси”, “Англия жосуси”, “аксилинқилобий ташкилотлар йўлбошчиси” каби айблар қўйилади ва ўлим жазосига ҳукм этилади. Ҳукм 1938 йил 17 декабрда ижро этилади.

1957 йилда қатағон қурбони бўлган кўпгина ўзбек зиёлилари қаторида Миён Бузрук Солиҳов ҳам оқланди.

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 11-сон