Бойбўта Дўстқораев. Жадидлар қандай ижтимоий тузумни орзу қилганлар

ёхуд уларнинг давлат тўғрисидаги қарашлари

XIX аср охири – XX асрнинг биринчи чорагида Туркистонда фаолият кўрсатган ижтимоий-сиёсий оқим – жадидлар тўғрисида адабиётларда ҳар хил қарашлар мавжуд. Бундай қарашларнинг айримларида Туркис­тон жадидлари маърифат ва маданиятда жузъий ислоҳотлар ўтказишдан юқори кўтарила олмадилар, уларнинг сиёсий мақсадлари чекланган, давлат тўғрисидаги тасаввурлари тиниқлашмаган эди, деган фикр илгари сурилади. Ҳақиқатан ҳам, Туркистон жадидлари ижтимоий тузум, давлат тўғрисида муайян концепцияга, аниқ қарашга эга бўлмаганларми? Ҳақиқатан ҳам, уларнинг давлат тўғрисидаги тушунчалари эътибор беришга арзимайдими? Бу саволларга жавоб қайтаришдан олдин юзаки бўлса-да, жадидликнинг моҳиятига назар ташлайлик.

Кишилик жамиятининг кўп асрлик тарихи хилма-хил ҳаракат, таълимот, сиёсий оқим ва фирқаларни вужудга келтирди. Бунинг асосий сабаби башариятнинг адолатли, инсонпарвар жамият қуриш учун, зулм ва зўравонликдан, қуллик ва мустабидликдан, тенгсизлик ва жаҳолатдан қутулиш учун тинимсиз изланиши эди.

XIX асрда феодал қолоқлик Шарқни ғарблик мустабидларга қарам бўлишга олиб келгани сабаб миллий зулмдан қутулиш учун озодлик кураши асосий ижтимоий дастур ҳисобланарди. Озодлик, мустақиллик, эркка феодал қолоқликдан, жаҳолатдан қутулгандагина эришиш мумкин бўлган. Бунинг учун жамиятдаги мавжуд тузумни тубдан ислоҳ қилиш лозим эдики, шундай тараққийпарварлар қотиб қолган, даққи кучлар, яъни “қадим” (эски)ларга қарши турувчи “жадид” (янги)лар сифатида майдонга келди. Шу боис жадидлар Мисрда ҳам, Туркияда ҳам, Туркистонда ҳам сиёсий оқим тарзида пайдо бўлди. Тўғри, уларнинг шаклланганлик, тараққий топганлик даражаси бир хил эмасди. Чор Россияси томонидан босиб олинган ўлкаларда ҳам XIX аср охирига келиб миллий-озодлик ҳаракатлари охир-оқибатда жадидларни тарих саҳнасига чиқарди. Миллий истибдод занжирига тушган халқ ва элатлар қудратли империя чангалидан фақат бирлашиб ҳаракат қилгандагина қутулишлари мумкин эди. Бунинг учун, энг аввало, миллий онгни уйғотиш, миллатнинг ўзлигини англаб етишувига эришиш лозим эди. Ана шундай фикрга биринчилардан бўлиб қримлик Исмоил Гаспринский келди. У мазлум халқларда миллий ғурур ва миллий ўз-ўзини англаш, ватанпарварлик, она-юртга муҳаббат туйғуларини шакллантириш – уларни миллий-озодлик курашига тайёрлашнинг пойдевори деб билди. Мазлум халқларни эрк ва озодликка элтиш, моддий ва маънавий ночорликдан қутқариш йўлларини излар экан, И.Гаспринский бир хулосага келди: 1895 йили ёзган мақоларидан бирида  “илм-фанни тараққий эттириш ва уни такомиллаштириш учун, энг аввало, янги ҳамда мутлақо ўнғай ғоя зарур”, дейди у. Шу боис туркий қавмлар, умуман, Россия мусулмонлари, энг аввало, асрий жаҳолатдан, феодал қолоқликдан қутулиб, дунёвий илмларни, замонавий фан ва техникани эгаллаб, тараққий топган миллатлар даражасига кўтарилиши лозим деган ғояни илгари суради. Бу ғоя эса инсоннинг дунёқараши, савиясини шакл­лантирадиган таълим-тарбия тизимини ислоҳ этишдан иборат эди. Натижада, у мусулмонлар оламида янги бўлган “усули савтия тадрижия”ни жорий этишга киришди ва кутилган натижаларга эришди. Бу усулни Гас­принский Кавказдагина эмас, Туркистонда, Волга бўйида ҳам жорий этишга ташвиқ қилди. Мазкур ўлкаларда ҳам унинг тарафдорлари, издошлари юзага келди. Туркистонда Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар қори, Абдулқодир Шакурий, Фитрат ва бошқалар унинг ҳаммаслаклари эди. Гаспринскийнинг бу янги ва ўнғай ғояси маърифатни эгаллаш ғояси эди. Худди шунингдек, унинг турли жамиятлар тузиш, миллий манфаатни ҳимоя қиладиган матбуот юзага келтириб, ундан бош мақсад йўлида фойдаланиш, анжуманлар (съезд ва конгресслар) ўтказиш каби ғоялари ҳам туркистонлик ҳаммаслаклари томонидан қўллаб-қувватланди.

Айни пайтда, жадидчилик юзага келган вақтда бу ҳаракатга қўшилмаган ҳолда Россия императорига илтимосномалар ёзиб, муайян енгилликларни қўлга киритишни мақсад қилиб қўйган гуруҳ ҳам бўлган. 20-йилларнинг кўзга кўринган тарихчиларидан Е.Фёдоров архив ҳужжатлари асосида Ўрта Осиёда, жумладан, Тошкентда маҳаллий халқ орасида ана шундай гуруҳ бўлганини қайд этади ва  бу гуруҳни “исломчилар гуруҳи” деб атаб, унинг фаолиятига қуйидагича баҳо беради: 1905 йил январь воқеалари муносабати билан тошкентлик бойлардан айримлари биронтасининг уйига йиғилишиб, мусулмонлар учун мустақил маҳкамаи шаръия ташкил қилиш, вақф мулкларини қайтариб олиш, қозилар ҳуқуқини тик­лаш, ўлганларни Тошкент шаҳри ичидаги қабристонларга кўмиш учун рухсат берилишини сўраб “оқпошшо”га ариза ёзганлар. Уларнинг сиёсий характердаги энг катта илтимоси мусулмонлар истиқомат қиладиган эски шаҳар учун алоҳида идора (маъмурият) ташкил этилишини сўраш бўлган. Мазкур аризаларни чор ҳукумати эътиборига етказиш 2-Давлат думасининг Тошкент эски шаҳар қисмидан сайланган аъзоси Обид Қориевга топширилади. Бироқ бу ариза ва шунга ўхшаган бошқа хатлар беоқибат қолдирилган. Мазкур исломчилар гуруҳи “… Ўрта Осиёдаги ўзбеклар ва қирғизлар (қозоқлар – Б.Д.) орасида ва Бухорода бўлган бошқа оқимга душман эдилар. Бу оқим “Таржумон” газетасининг таъсири остида вужудга чиққандур ва унинг исми “жадидчилик”дир”. Биринчи гуруҳ кейинроқ бориб уламолар гуруҳи (фирқаси)ни ташкил қилган бўлса, кейингиси жадидчилик оқимини вужудга келтирди. Уламолар ва жадидлар айрим ҳоллардагина ўзаро келишган бўлсалар-да, аксари ҳолларда бир-бирига муҳолифатда, ҳатто душманлик кайфиятида бўлдилар. Шу тариқа, “эски”лик кўпроқ уламолар гуруҳида намоён бўлди. Жадидлар ҳам “қадим”лар, ҳам мустабидларга қарши туришига тўғри келди. Демак, жадидларнинг миллат эрки ва озодлиги, уни моддий ва маънавий жиҳатдан юксалтириш йўлидаги курашлари улар номи билан боғлиқ сиёсий оқим моҳиятини ташкил этади.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш зарурки, Туркистон жадидлари сиёсий савиялари, кураш тажрибаларига кўра Волга бўйидаги, Кавказдаги, ҳатто Алаш Ўрдадаги жадидларга қараганда ҳам орқароқда эди. Бунинг сабаби, аввало, татарлар, бошқирдлар, кавказликлар ва қозоқлар туркис­тонлиларга қараганда Россия мустабидлигига илгарироқ тушиб, ўз ҳақ-ҳуқуқлари йўлида эртароқ кураш йўлига кирган эдилар. XIX аср охирида Туркистонда содир бўлган бир ҳодиса ҳам бу ердаги жадидларнинг ҳадик аралаш фаолият кўрсатишларига сабаб бўлганди. Бу ҳодиса нималигини қайд этишдан олдин таъкидлаш лозимки, Туркистон XIX аср иккинчи ярмида Россия томонидан забт этилгач, ўлка халқлари мустабидлик занжирига солинган эди. Эрксевар аждодларимиз оёкларига миллий мустабидлик кишани урилганига осонликча кўникиб қўя қолмадилар: улар озодлик учун кураш олиб бордилар. XIX асрдаги Пўлатхон бошчилигидаги қўзғолон, Дукчи эшон қўзғолони, Тошкентдаги “вабо исёни”, Зарафшон ва Фарғона водийсидаги мустабидларга қарши кўтарилган ғалаёнлар бунинг ёрқин мисолидир. Мана шу исён ва қўзғолонлар ичида 1898 йил май ойида бўлиб ўтган Дукчи эшон (Муҳаммадалихон) қўзғолони икки жиҳати билан эътиборга лойиқ. Биринчиси, мустабид чор ҳукумати энди маҳаллий аҳоли эрк, истиқлол учун бош кўтаролмайди, деб қаттиқ ишониб юрган пайтда мазкур қўзғолон содир бўлди. Қўзғолонга мустабидлар назарида “саводсиз”, “жохил ва нодон” бир руҳоний – эшон бошчилик қилди. Минглаб кишилар унинг кетидан эргашиб озодлик, мустақиллик курашига отланди. Бу воқеа мустабидларни ўзлари Туркистонда юргизаётган сиёсатга муайян “таҳрир” киритишга мажбур қилди. Мустабидлар халқни буткул нодонликда, жаҳолатда тутиб туриш ўта хавфли эканига амин бўлдилар. Оқибатда улар халққа маърифат бериш керак, фақат бу русларга нисбатан илиқлик ҳиссини уйғотадиган тизим асосига қурилган бўлсин, деган тўхтамга келдилар. Бунга рус тили, маданиятини юзакигина ўргатиш, уларга рус турмуш тарзини сингдириш орқали эришиш мумкин, деган хулоса чиқарилди. Мустабидлар назарида, схоластика асосига қурилган эскича таълим усулини ҳам қисман ўзгартириш керак. Токи у ердан ўзларига қарши фанатик жоҳил оломон пайдо бўлмасин. Шу тариқа ўтган XIX аср охири – XX аср бошларида чор маъмурлари маҳаллий аҳоли учун рус-тузем мактабларини кўпайтиришга мажбур бўлди, катта ёшдагиларни ҳам рус тилига ўргатувчи бепул кечки курслар очишди.

Дукчи эшон воқеаси эрк, мустақиллик учун ёниб юрган маҳаллий халқлар вакилларига ҳам ўзига яраша сабоқ берди. Қудратли, замонавий қуролларга эга мунтазам армияси бор салтанат – Россия чангалидан онгсиз, уюшмаган ҳолда ибтидоий қуроллар билан қутулиб бўлмайди.

Гарчи Япония масофа жиҳатидан Туркистондан жуда узоқда бўлса ҳам, 1904–1905 йиллардаги рус-япон уруши ўлка халқларининг дилида умид учқунларини қайта алангалантирди. “Россия қудратли, улкан салтанат бўлса, нега ўзидан кичкина Япониядан енгиляпти?” “Демак Россия биз ўйлагандек мустаҳкам эмас экан”, “Эшитдингларми, японлар ҳам мусулмонлар эмиш?” “Японлар ҳам туркийлар экан”, “Японлар келиб Туркистонни руслардан озод қилишармиш…” Бундай миш-мишлар кўча- кўйда, бозорларда, чойхона ва гап-гаштакларда кучаяди. Маҳаллий аҳоли Россияни ҳам енгадиган куч борлигига ишона бошлайди. Муҳими, миллий-озодлик йўлига кирган курашчиларнинг юрагига далда бахш этади.

XX аср бошларида шундай катта бир тарихий воқеа ҳам содир бўлдики, у туркистонлик жадидларга зиммаларида турган вазифаларни амалга оширишда муайян шарт-шароит яратиш учун омил бўлди. Бу 1905–1907 йиллар рус инқилоби, Эрон ва Ҳиндистондаги инқилобий ҳаракатлар эди. 1905 йили инқилобий ҳаракатлардан таҳликага тушиб қолган Россия императори Николай Иккинчи 17 октябрь манифести деб аталган ҳужжатга қўл қўйишга мажбур бўлди. Мазкур манифестга кўра, Русия фуқароларига сўз, матбуот ва жамиятлар тузиш эркинлиги ваъда қилинганди. Россия истибдодига тушган миллат ва элатлар юзага келган “зиғирдек” имкониятдан фойдаланиб қолишга ўрганиб қолгандилар. Ушбу имконият ҳам самарасиз қолмади. Улар 1906 йилнинг 14 июнидан бошлаб дастлабки миллий газета “Тараққий”ни чиқара бошладилар.

Газета деярли барча сонларида подшо бошлиқ Россия ҳокимиятини тажовузкор, маккорона сиёсат юритаётгани учун танқид қилди. Порахўр, қобилиятсиз кишиларга мансаб, лавозим бермаслик ғоясини илгари сурди, миллий истибдод асоратига тушган миллатларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилди. “Тараққий” ҳукумат томонидан ёпилгач, “Хуршид” газетаси унинг йўлини давом эттирди. У ҳам маъмурлар томонидан чиқишдан тўхтатилгач, “Шуҳрат” мазкур газеталар анъаналарини давом эттирди.

Айтиш керакки, туркистонлик жадидлар чиқарган газеталар Боғчасарой ва Волга бўйида чиққан жадидлар газеталари тажрибаларига таянди. Кўзга кўринган туркистонлик жадид сиймолари ҳам қримлик, Волга бўйилик маслакдошларидан сиёсий савияларини оширишда кўмак олдилар. Таниқли олима Ингеборг Балдауф ёзади: “Ўрта Осиё жадидлари биринчи навбатда татар жадидларидан ўрнак олдилар… Ўртаосиёлик кўпгина муаллимлар ва публицистлар Қозон, Уфа ва Оренбург шаҳарларидаги жадидлар билан яқиндан танишиб олган, ҳатто Истанбул ва Кавказдаги жадидлар билан ҳам алоқа ўрнатган эдилар”.

Гап бу ерда маориф соҳасида кетса-да, комил ишонч билан айтиш мумкинки, сиёсий таълим соҳасида ҳам худди шу ҳолни кўриш мумкин. Чунончи, самарқандлик машҳур жадид Маҳмудхўжа Беҳбудий таржимаи ҳолини ёзган унинг замондоши Ҳожи Муин шундай дейди: “Ҳижоз сафаридан (1899 йил. – Б.Д.) Беҳбудий афанди Боғчасаройда чиқадурғон “Таржумон” газетасини олдуруб ўқуй бошлади. Иккинчи ёқдан, турлик илмий, фанний китобларнинг мутолааси билан маълумотини кенгайтирди. Оз вақтда дунё сиёсатидан ва замон аҳволидан хабардор бўлди.

Шу тариқа, матбуот ва китобларнинг таъсирида туркистонлик зиёлиларнинг сиёсий онги ошиб, уларда сиёсий воқеаларга муносабат билдириш рағбати пайдо бўлди. Уларнинг сиёсий жиҳатдан етилувида ички Россия жадид лидерларининг ҳам маълум даражада ҳиссаси бўлди. Туркистонлик жадидларнинг 1905–1906 йилларда бўлган умум Россия мусулмонлари съездларида иштирок этишлари уларнинг сиёсий такомилида ўзига хос мактаб бўлди. Шуни ҳам айтиш керакки, Россия мусулмонлари қудратли ва ёвуз империя исканжасидан қутулиш учун энг аввало бирлашиб ҳаракат қилиш кераклигини англаб етдилар. Натижада, миллий истибдод занжирига боғланган мусулмон халқлари бир жамият атрофига уюшиш мақсадида бутун Россия мусулмонларининг съездини ўтказиш учун ҳаракатни бошлаб юбордилар. Ҳаракат ўз натижасини берди. 1905 йилнинг 15 августида Нижний Новгород шаҳрида, Ока дарёсидаги Гус­тав Струве номли кемада бутун Русия мусулмонларининг (“мусулмонлар” сўзи бу ерда диний мансубликдан ҳам кўра кўпроқ этник мазмунга эга) биринчи съезди бўлди. Унда туркистонликлар ҳам иштирок этдилар. Русия мусулмонларининг 1906 йил 13-23 январда бўлиб ўтган 2-съездида эса “Бутун Россия мусулмонлари союзининг устави” қабул қилинди. Ушбу съездлар чор маъмурлари ва охранкасининг қаттиқ кузатуви остида ўтган бўлишига қарамай, мустабидлик оғусини тотиб келган мусулмон халқларида мустақиллик, эрк, озодлик туйғусини уйғотмай қолмади. Улар вақти келиб Туркистонда ҳам мустақил давлатчиликни тиклаш умидини уйғотди. Шундай ҳолатда мазкур съездлардаёқ Россиянинг, шунингдек, мустабидлик исканжасига тушиб қолган халқларнинг бўлажак давлат тузуми қандай бўлиши керақ деган масала илк бор муҳокамага олиб чиқилди. Мазкур съездлар туркистонлик делегатларда ҳам мамлакат усули идораси ҳақида мушоҳада туғдирмай қолмади.

Бутун Россия мусулмонларининг съездларини диққат билан кузатган Маҳмудхўжа Беҳбудий: “Ҳозир Русия давлати(нинг) тарихи ҳукмронлиги(ни) ноқис эканлигига ҳар бир хабарлик киши иқрор этар. Давлат қонунларини(нг) ислоҳ ва таждидиға ҳар ким мойилдур”, деб ёзди. Мустабидлар томонидан “туземец” ёки “сарт” деб камситилиб келинган халқдан чиққан бир киши Россиядаги ҳокимият тизимида камчилик мавжуд демоқда. Бунинг устига, у Россия қонунларини ислоҳ қилиш, янгилаш фикрини бермоқда. Дарҳақиқат, буни фавқулодда жасорат ва  сиёсий жиҳатдан етилиб бориш натижаси, дейиш мумкин. Маҳмудхўжа Беҳбудий “Хайрул умури авсатухо” сарлавҳали мақоласида Россия сиёсий харитасида юзага келган партиялар ҳақида тушунтириш беради. Булар: а) буйрукратияи мустабид /монархистлар, ҳукумат партияси/; б) машрутаи авомия /кадетлар партияси/; в) иштирокиюни оммавий /социал-демократлар партияси/; г) Русия мусулмонлари иттифоқи. Буйрукратияи мустабид фирқаси монархия тузумини ёқлайди, бинобарин, у эски тарздаги ҳукумат тарафдори. Эски тарздаги ҳукумат эса, идораи мустақила. “Идораи мустақила қўл остидаги фуқароларни ҳар қанча ҳукумат одамлари ва тўраларга яқин ва муносабатлик ўлса ҳам, аҳволи сиёсийя, динийя ва дунявийя ва олияси дуруст бўлмай, кундан-кун таназзулдадур”. Маҳмудхўжанинг бу фикри Россия давлат тузуми бўлган “идораи мустақила” пировардида тараққиётга эмас, таназзулга олиб келади деган ҳукмни тасдиқлаяпти. Беҳбудий социал-демократик партия ҳақида ёзади: “Буларни бошлуча муроди ҳозирги барча закун, мулкият қоидаларини бутун бузуб, мол ва ерларни ҳамма халойиқ ўртасига муштарак қилиб, анинг манфаатини бутун халойиқ ўртасида мусовий этмоқчидур. Бойлик ва камбағалликни йўқ қилиб, дунё моли(ни) роҳатидан ҳаммани баробар фойдалантируб, масъуд ва роҳат умр ўтказмоқиға ва ҳар ким ўз истиқболидан амин бўлмоқига закун ва қоида жорий қилмоқчидурлар. Буларни пруграмини жорий бўлмоғига ҳозирги асримиз мусоид эмас. Балки неча асрларга таваққуфи бордур… Ҳар ҳолда, бу партияни муроди мумкин лойиқиъ ёинки хаёлийдек кўрунуб, бу тоифаға қўшулмоқ биз мусулмонлар учун ниҳоятда зарарликдур”. Бу гаплар 1906 йилда ёзилаётганини назарда тутсак, Беҳбудийда ҳодисалар истиқболини кўра билишдек истеъдод бўлган деб ўйлайсан киши.

Беҳбудий умум Россия мусулмонлари съездларида ташкил этилган “Иттифоқи муслимин” партияси ҳақида бундай дейди: “Қарорларининг ижмоли, Туркия газеталаридан маълум бўлишига қараганда, Русия мусулмонлари диний ва илмий важҳдан алоҳида бир партияи махсусадурлар. Аммо сиёсий ва умумий талаб ва маслаклар тўғрисинда кадетларга қўшилатурғонға ўхшайдурлар”. Маҳмудхўжа Беҳбудий “Иттифоқи муслимин”ни Туркия газеталари кадетларга яқин дейишларига эътироз билдирмайди, бу унга кадетлар партиясининг дастури маъқул келганидан бўлса керак. У кадетлар партияси, унинг дастури ҳақида ёзади: “Бу фирқа ҳақиқатда ўрта фирқадур. Мўътадил ал-мижоз халқлар бу партияни хоҳлагандурлар… Фақат саломатлик ва амният букун кадетлар ҳизби соясида ватанимиз Русияга жорий бўлса керак…” Беҳбудий бу партиянинг мусулмонларга мақбул бўлишини уларнинг ҳар нарсанинг ўртачасини маъқул кўриши билан изоҳлайди. Яна шуни қўшимча қилиш мумкинки, мусулмонлар, жумладан, туркистонликлар азалдан подшоҳлик тузумини мақбул билиб, одил подшоҳ фуқароларни бахтли қила олади, деб ҳисоблаганлар. Бу Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг илк сиёсий фикрлари эди. Ижтимоий вазият ўзгариши баробарида унинг қарашларида ҳам тадрижий силжиш кузатилади. Ҳар ҳолда, Туркистонда бўлажак давлатчилик масаласи февраль инқилобидан сўнггина бутун долзарблиги ва кўлами билан кун тартибига қўйилди.

1906 йилда  Беҳбудий Гаспринский таклифи билан “Туркистон маданий мухторияти лойиҳаси”ни тузиб берган. Мазкур лойиҳа Беҳбудийнинг XX аср бошларида Туркистонда амалга оширишни мўлжаллаган бошқариш тизими тўғрисидаги тасаввурларини акс эттиради. Шуни ҳам айтиш керакки, Беҳбудийнинг фикрлари асоссиз эмасди. 1906 йили Россия Давлат думаси қабул қилган “Миллий-маданий автономия” тўғрисидаги қонун бу фикримизнинг исботидир.

1917 йилги февраль инқилобини Русия мусулмонлари, жумладан, Туркистон халқлари ҳам бениҳоят катта қувонч ва умид билан кутиб олдилар. Улар тасаввурида ҳуррият содир бўлганди: ҳадемай, эркинлиқ озодлик, истиқлол қўлга киритилиши тайин эди.

XIX асрнинг иккинчи ярмида қўлдан чиқарилган ватан мустақиллигини қайта тиклаш уфқлари гўё кўриниб қолган эди. Дарвоқе, 6 мартда Туркистонда ҳам ҳуррият эълон қилинди. Петербургда тузилган муваққат ҳукумат Туркистонни бошқариш учун 8 кишидан иборат комитет юборади. Булардан 4 нафари мусулмонлар бўлган – М.Тинишбоев, С.Мақсудов, Давлатшин ва А.Букайхоновлар.

1917 йилнинг 16 апрелида иш бошлаган Туркистон мусулмонлари қурултойида Туркистон ўлка ижроия қўмитаси аъзоси Крепс бундай деганди: “Мусулмонлар! Сиз бутун ер юзидаги мусулмонларнинг ҳури бўлдингиз!.. Эски ҳукумат сиз ила сўйлашганда, сабий бола ила сўйлашгандек сўйлашар эди. Сизни ҳамиша бир ёш боладек кўруб ўксутар эди. Ҳозирги ҳукумат (муваққат ҳукумат – Б.Д.) ўзининг азиз фарзандидек кўруб, сағир бола эмас, кабир киши ила, қул эмас, озод киши ила сўйлашкандек сўйлашур. Ҳам шундай муомила қилур”. Бу баландпарвоз сўзларни эшитган бечора мусулмон делегатлари қандай туйғулар ичра ғарк бўлишганини тасаввур қилиш мумкин.

Ҳар ҳолда, февраль инқилобидан сўнг бир-бири билан боғлиқ икки масала кун тартибига қўйилмоқда эди: бири – Россиянинг бўлажак давлат тизими қандай бўлиши керак: иккинчиси – Туркистоннинг усули идораси энди қай йўсинда бўлмоғи лозим? Бу икки масала февраль инқилобидан сўнг Россия мусулмонлари, жумладан, Туркистон мусулмонлари қурултойларида кенг муҳокама этилди.

Улар бу масалада икки хил давлат тузимини кўрардилар: бири подшоликнинг тикланиши: иккинчиси – республика бошқаруви тизими.

“Русиянинг бутун онгли қисми, асрлардан бери ҳар турли зулм ва жабр­лар остинда эзилган қисми, ва шул жумладан бутун мусулмонлар, ҳеч шубҳасиз, Русия идорасининг мундан сўнг жумҳурият асосина қурулувун тилар”, – деб ёзган эди Оренбургда турк-татар ўрта тилида чиқадиган “Вақт” газетаси.

Ушбу газета мухбири подшолик тузумининг ярамаслигини шундай муҳокама аралаш тушунтиради: “Энди биз нима қилишимиз керак? Романовлар ўрнига янги подшоҳ қўйиш керакми? Бунда, албатта, самодержавие ҳақида сўз бўлиши мумкин эмас. Янги подшоҳ халқ тарафидан сайланиб қўйилачак ҳам машрутитка (машрутит – конституция. – Б.Д.) садоқат билан эмин этачак туб халқ қўлинда бўлуб министрлар кабинети парламентдаги халқ вакиллари билан тузилачак. Яъни чин маъноси билан машрутий подшоҳ, (конститусионный монархия) бўлачак. Шулай бўлғоч, бундай подшоҳликдан бизга не зарур?” Шу боис жумҳурият (рес­публика) тузумини талаб этиш керак.

Айни пайтда, Россия фуқаролари, жумладан, мусулмонлари олдида қандай жумҳурият бўлмоғи керак деган масала ҳам турарди. Бу масалада ҳам икки фикр туғилди. Шу ўринда мазкур масалага туркистонликлар қандай ёндашганини кўриб ўтайлик. Улар бу масалани қурултойларда қизғин муҳокама қилган эдилар.

Умум Туркистон мусулмонларининг 1-қурултойи 1917 йилнинг 16-17 апрель кунлари Тошкентда ўтказилди. Унда  Россининг ҳамда Туркис­тоннинг келажакдаги усули идораси қандай бўлиши юзасидан ҳам ўзаро фикр алмашилади. Чунончи, депутат Серали Лапин Россия усули идораси 2 хилда бўлиши ҳақида фикрлар борлигини гапириб, бири – демократик республика, иккинчиси – федератив республика экани, иккинчи хил усул идора қарор топса, Туркистонга мухторият берилиши кўзда тутилажаги тўғрисида тўхталди.

Депутатлардан “Қори Самеъ, Тугусев, Фарид, Заки Валидий, Маҳмудхўжа Беҳбудий афандилар, яна бир неча зотлар узун-узун сўзлаб, ҳозирга берилган ҳурриятдан фойдаланиб, ўзимизга афтонумия олиб қолишимиз керак! Ҳозирги вақтни қўлимиздан берсак, иккинчи вақт афтонумия оламиз деб, кўб талафотлар берурмиз, кўб қонлар тукурмиз” деб қаттиқ туриб олишди, дея ёзган эди қурултойдан ҳисобот тайёрлаган журналист Мирмуҳсин Шермуҳаммедов.

Съездга Қозондаги Марказий “Шўрои ислом” ташкилотидан вакил бўлиб келган “Вақт” газетаси таҳририяти аъзоси Кабир Бакир сўзга чиқиб, Туркистонга автономия бериш эрта, ҳозирча халқ жумҳурияти учун ҳаракат қилмоғимиз керак, автономия олиб ҳалокатга учрамайлик, дейди. Унингча, Туркистонга автономия берилса ҳам, барибир, уни бошқарадиган маҳаллий кадрлар йўқ. Шу боис мавжуд аҳвол билан ҳисоблашиш керак.

Хуллас, шу икки хил фикр атрофида баҳс кетиб, съезд улардан биронтасини ҳам қабул қилолмайди. Туркистоннинг усули идораси қандай бўлишини ҳал этиш учун съезд 9 кишидан иборат бир ҳайъат сайлаш билан кифояланади.

Кейинчалик бу ҳайъат 13 кишига етказилади ва сентябрь ойига бориб ҳайъат тузган дастурини тақдим этади. Бу ҳақда биз сал қуйироқда тўхталамиз. Ҳозир эса, мазкур масалаларнинг Россия миқёсидаги аҳамиятини эътиборга олиб, умум Россия мусулмонларининг Москва ва Қозонда бўлиб ўтган съездларида ушбу масалалар қандай муҳокама қилинганига мурожаат этайлик.

Москвада 1917 йилнинг 1-11 майида бўлиб ўтган умум Россия мусулмонларининг 1-съездида мазкур масала юзасидан икки хил фикр юзага келиб, делегатлар шу икки турли фикр атрофида қаттиқ мунозарага киришдилар. Бунга съездда ушбу масала юзасидан бир-бирига муқобил икки маъруза қилингани сабаб бўлди. Биринчи маърузачи Аҳмадбек Цаликов Россиянинг усули идораси унитар демократик республика (марказлашган демократик республика) тарзида бўлсин, деган фикрни қувватлаб, қуйидаги резолюцияни овозга қўйиш учун тақдим этади:

“а) Мамлакатнинг идораси адам марказият ва парламентарная демократическая республика ҳамда Қофқоз, Туркистон саҳро ва вилоятлари ва Сибирда кенг идораи мухтория усули узринда бўлурға тевиш.

б) Русия мусулмонларина маданий-миллий автономия таъмин этилсун.”

А.Цаликов ва унинг тарафдорлари тасаввурича, Россияда, гарчи марказлашган (унитар) демократик республика қарор топган тақдирда ҳам, у тоталитар тузумдан йироқ бўлиши керак эди. Мамлакатда парламентнинг мавжуд бўлиши, демократик ҳуқуқларнинг устуворлиги, марказий ҳукуматнинг жойлардаги ҳокимият тузилмаларига каттагина ҳуқуқлар бериши назарда тутилганди. Россиядек улкан мамлакатда яшаётган турли миллатлар ўзларининг маданий-миллий масалаларини ўзлари ҳал этишлари, буларга марказий ҳукумат аралашмаслиги лозим эди. Бунинг учун турли миллатларнинг маданий-миллий маркази ташкил этилиши ва муайян миллат вакили мамлакатнинг қайси бурчагида яшамасин, унинг маданий-миллий муаммосини ушбу марказгина ҳал этиши кўзда тутилганди.

Иккинчи маърузачи Бокуда чиқадиган “Очиқ сўз” газетасининг муҳаррири Муҳаммад Эминбек Расулзода бўлиб, у федератив демократик республика тузиш ғоясини ўртага ташлаб, қуйидаги резолюцияни делегатлар эътиборига ҳавола этади:

“а) Русиядаги мусулмонларнинг манфаатларин, ҳуқуқларин энг кенг суратда таъмин этатурғон усули идора бўлса унда: теритурия (тупроқ) ҳам миллият асосларина қурулгон қўшма (федеративный) халқ жумҳуриятидир. Шунинг-ла баробар айрум бир ўрунда кўбчилик ташкил этмаган халқларга шахсий (персоналний) миллий мухторият берилур.

б) Русия мусулмонларининг умумий диний ҳам маданий ишларин идора этар учун қонун чиғорув ҳақина молик бўлғон бир умумий марказий мусулмон муассиси тузилур” .

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, миллий-территориал автономия талаб қилганлар ҳам мутлақо мустақилликни назарда тутолмаганлар. М.Э.Расулзода маърузасида уруш, сулҳ, темир йўллар, пул тизими, божхона хизмати, хорижий савдо каби масалалар марказий ҳукумат томонидан ҳал этилади, дейилганди.

Синчиклаб эътибор берилса, мазлум миллат (халқ)лар ўша пайтда Россиядан талаб этган мустақилликлари тўлиқ бўлмай, ярим мустақилликдан иборат эди. Уларнинг энг катта орзуси ўзлари махсус ҳудудга эга бўлиб, бу ҳудудга тааллуқли маҳаллий ва миллий, маданий масалаларни ўзлари мустақил ҳал этиш ҳуқуқига эришиш бўлган.

Кўрамизки, умум Россия мусулмонларининг 1917 йилда бўлган 1- съез­дида мазкур масалада, асосан, икки хил қараш атрофида баҳс юритилган: биринчи қараш – Россия унитар демократик республикаси бўлиб қолиши керак: унинг таркибида мусулмонлар ўзларининг миллий-маданий автономиясига эга бўладилар. Иккинчи қараш – Россия федератив халқ жумҳурияти бўлиб, турк-татар қавмлари яшаш жойларининг хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда ё миллий-маданий, ё миллий-территориал автономияга эга бўлишлари лозим. Жумладан, татар қавмлари Россия ҳудудида кенг тарқалиб яшагани учун уларга миллий-маданий автономия берилиши кўзда тутилган. Кавказ, Туркистон ва Сибирда ғуж бўлиб яшаётган маҳаллий аҳоли учун миллий-территориал автономия бўлиши маъқул кўрилган.

Умум Россия мусулмонларининг 1-съезди 271 овозга қарши 446 овоз билан иккинчи таклифни қабул қилган.

Туркистонлик вакиллар ҳар иккала съездда ҳам иштирок этганлар. Ўлка жадидларининг кўзга кўринганларидан бири адвокат Убайдулла Хўжаев ҳар иккала съездда ҳам сўзга чиқиб, Туркистондаги мавжуд аҳвол билан делегатларни таништиради, муҳокама этилаётган масалага уларнинг номидан муносабат билдиради.

1917 йил мартидан бошлаб Туркистонда ҳам турли фирқа ва уюшмалар юзага кела бошлади. “Шўрои исломия”, “Турк адами марказият (федералист)”, “Уламо” ва ҳоказо фирқа ва уюшмалар шулар жумласидандир. Булардан “Шўрои исломия” ва “Турк адами марказият (федералист)” фирқалари Туркистоннинг усули идорасини қўшма халқ жумҳурияти (федеративная демократическая республика) тарзида бўлиши керак, деб ҳисобладилар. “Уламо” жамияти ҳам бу фикрга кийинчилик билан қўшилганди. Бу ҳақда журналист Ҳоди Файзий бундай деб ёзганди: умум Туркистон мусулмонларининг иккинчи қурултойида уламолар келажакда Туркистоннинг усули идораси кандай бўлади, деган саволга “мусулмонобод давридагидек хон кўтарилсин”, деган таклифни илгари суришади. Ҳатто Марғилон уламолари ҳамда Наманган уламоларининг пешвоси Носирхон тўра Худоёрхоннинг бир неварасини топиб, хон қилиб кўтармоқчи бўлдилар. Лекин қурултойда жадидлар билан илғоррок қарашдаги сўл уламолар бунга қаршилик кўрсатишади. Улар агар яна хон қилиб кўтарилса, халқ кўзғалади, деб огоҳлантирилганидан сўнггина уламолар жумҳурият (республика) масаласига бир шарт билан, яъни унинг шариатга бўйсуниши асосидагина рози бўлишади.

Энди туркистонликлар қўшма халқ жумҳуриятини қандай тасаввур этганликларини билмоқ учун “Турк адами марказият (федералист)” фирқасининг 1917 йил 11 сентябрда қабул қилинган маромнома (программа)сини кўриб ўтайлик.

“Турк адами марказият (федералист)” фирқасининг маромномаси 9 қисмдан иборат бўлиб, яхлит олганда демократик жамият асосларини ифода этган. Биринчи қисм “Давлат ва мухторият ташкилоти” деб сарлавҳаланган. Унда фирқанинг ўз олдига қўйган мақсади баён этилган: “Фирқанинг мақсади:

1-Русияда маҳаллий ва миллий адами марказият (федератсия) асоси узра халқ жумҳурияти ташкил этмакдир.

2-Фирқа Туркистон, Қирғизистон, Қофқоз ва Бошқирдистон қитъалари учун бошқа миллий ва маданий мухторият, Эдилбўйи ила Қрим тоторлари учун бошқа, Русияда яшайдурғон турк қавмлари учун миллий мухторият талаб қиладур.

Юқоридаги иқтибосдан кўринадики, Русиянинг усули идораси ҳам, Туркистоннинг давлат тузуми ҳам қўшма халқ жумҳурияти бўлмоғи керак. Туркистондаги усули идоранинг хусусияти ҳақида “Турк адами марказият (федералист)” фирқасининг нашр афқори “Турк эли” газетаси бундай ёзганди:.. “ўзига ҳайрихоҳ миллатлар ила бирлашкан ҳолда турклик бешиги бўлғон Туркистонга миллий-маданий ва ҳам ерлик мухторият (федератсия) олмоқдур”.

Маромномага кўра, Туркистонда ташкил этилажак халқ жумҳурияти қонун чиқарувчи органи – парламентига эга бўлиши ва унга аъзолар синфи, дини ва мазҳабига кўра мансублигидан қатъи назар, умумий, тенг ва яширин овоз бериш йўли билан сайланиши кўзда тутилган. Сайловда шариат доирасида хотин-қизлар ҳам иштирок қилишлари мумкин, дейилган.

Туркистон қўшма жумҳуриятининг нималарда мустақил бўлиши фирқа маромномасида бундай белгиланган: “Мухториятли қитъалар дохилий масалалар (идоравий, молиявий, шаръий, маданий, адлий ва маориф ишлари)да мустақилдир”. Мухториятли қитъалар кенг ҳуқуқ ва имтиёзларга эга бўлган вилоят, уезд ва ноҳия (участка)ларга бўлиниши режалаштирилган.

Маромномада Россия марказий ҳукумат ихтиёрига мамлакат мудофааси, пул чиқармоқ, бож ва хорижий мамлакатлар билан муносабатлар масалаларини ҳал этиш ҳуқуқи қолдирилиши қайд этилган. Бундан шундай хулосага келиш мумкинки, Туркистоннинг мустақиллиги, “Турк адами марказият (федералист)” фирқасининг маромномасига кўра, нисбий бўлиб, юқорида зикр этилган каби муҳим масалаларни ҳал этиш фақат марказий ҳукумат ихтиёрига қолдирилган. Демак, талаб этилаётган қўшма халқ жумҳурияти тўла мустақил бўлмай, балки Россия давлати доирасида, чегараланган даражадагина бўлиши керак эди. Агар шу маромномадаги талаб амалга ошганда ҳам, ўша пайтда туркистонлик­лар дўпписини осмонга отган бўларди. Яна маромномада мухториятли қитъаларда ватан мудофааси учун халқ милитсияси ташкил этилиб, ўша пайтда мавжуд бўлган ҳарбий ташкилотлар усули битирилур, дейилган.

Маромноманинг энг дадил моддаларидан бири – бу тил масаласидир. Тил ҳар бир миллатнинг биринчи ва асосий белгиси тарзида намоён бўлиши боис фирқа маромномасида ҳам бунга катта эътибор қаратилган. “Ҳар бир мухториятли қитьанинг тили, – дейилади унда, – аксар халқнинг сўйлағон тили ва шеваси бўлмоқ ила баробар вилоят ва санжоқларда (уезд) ерли халқнинг сўйлашадўрган тил ва шевалари ҳам истеъмол қилинур”.

“Турк адами марказият (федералист)” фирқасининг маромномасида Россияда яшайдиган барча турк миллати нажибасининг ҳамма қавмларига оид умумий масалаларни ҳал этмоқ учун миллий ва маданий иттифоқ ташкил қилиш кўзга тутилганди. Бу Россиянинг марказий шаҳарларидан бири ёки Қозон, Уфа сингари турк қавмлари яшайдиган биронта шаҳарда барча турк қавмларининг миллий ва маданий масалаларини ҳал этадиган бир марказ ташкил этилишини ва унга турли қитьа (ўлка)лардан вакиллар сайлаб қўйилишини англатади.

Маромномада диний масалага уч модда ажратилган бўлиб, уларнинг моҳияти шундан иборат: Россияда яшайдиган бутун мусулмонларнинг диний масалаларини ҳал этмоқ учун сайлаб қўйиладиган шайхулислом бошчилигида бир диний ҳайъат юзага келтирилиши ва унга турли миллатлардан ўша миллат сонидан келиб чиққан ҳолда сайланадиган вакиллардан ташкил топиши лозим бўлган.

Фирқа ўз маромномасида илгари сурган жамият тизими демократик  бўлиши кўзда тутилганди. Бу, айниқса, маромномадаги “Мухториятли қитьалардаги аҳлият (фуқаролик) ҳуқуқи” қисмида ёрқин кўзга ташланади. Унда аҳоли қайси дин ва қайси мазҳабда бўлишидан катъи назар, қонун олдида тенглиги: фуқароларга чин маъноси-ла виждон эркинлиги берилиши, биронта дин ва мазҳаб ҳукумат томонидан бошқаларидан устун қўйилмаслиги; ҳар бир фуқаро ўз фикрини айтиш, матбуот ёки бошқа нашр воситалари орқали баён этиш ҳуқуқига эгалиги: фуқароларнинг юзага келадиган муаммоларни ҳал қилиш учун йиғинлар ўтказиш, жамиятлар тузиш ҳуқуқи бўлиши, буни(нг) учун “ҳеч кимдан рухсат сўрамоқга эҳтиёж йўқлиги”, шахс эркинлиги, оила муҳофазаси дахлсиз бўлиши, тегишли маҳкамаларнинг қарорисиз биронта ҳам фуқаронинг уйига бостириб кириб тинтув ўтказиш, хат ва китобларини текшириш мумкин эмаслиги каби моддалар акс этган.

Маромномадаги маъсулиятли масалалардан бири – ер масаласи эди. Шу боис маромноманинг олтинчи қисми бутунлай ер масаласига бағишланганди. Мазкур тўрт моддадан иборат кисмнинг 1-моддасини олиб қарайлик.

“VI. ЕР МАСАЛАСИ:

  1. Фирқа подшоҳлик мулкларини ва подшонинг хусусий ерларини ва кинязлар хонадони махсус ерларининг барчасини бадалсиз мусодара қилинуб, ҳосил мажмуидан лозим миқдорича экинчилик ила машғул бўлғон маҳаллий халқга сотмак ёки ижарага бермак тариқи ила тақсим этилуб, ер берилишини лозим топадур”.

Қолган уч модда хусусий ерлар тўғрисида бўлиб, Туркистонда жуда катта ер эгалари бўлмагани сабабли маҳаллий аҳоли қўлида бўлган хусусий ерлар ўз ҳолича, яъни эгалари қўлида қолдирилиши мўлжалланган. 3-модда Туркистонда бўлган ғалаён ва қўзғолонлар сабаб (Минг тепадаги Дукчи эшон воқеаси каби) қишлоқларидан ҳайдалиб, ерлари бошқалар тасарруфига берилган ҳолатлар тўғрисидадир. Бу моддада мазкур ерлар ва қишлоқлар аввалги эгаларига қайтарилиши шарт қилиб қўйилган. 4-модда эса, ҳукумат ва жамоат тарафидан мусодара қилинган вақф ерлари ҳам асл эгаларига қайтарилишини назарда тутади.

Маромноманинг “Ишчилар масъаласи”, “Адлия масъаласи”, “Маориф ишлари” қисмларида ҳам ўша даврда муҳим бўлиб турган масалалар ўз аксини топган.

Хулоса қилиб айтганда, “Турк адами марказият (федералист)” фирқасининг маромномаси Туркистон жадидларининг давлат тизими тўғрисидаги қарашлари ҳақида тўла тасаввур беради. Мазкур маромнома Туркистон мусулмонларининг IV ўлка қурултойи томонидан 1917 йил 27 ноябрда Қўқон шаҳрида эълон қилинган Туркистон мухториятининг давлат тизимига асос бўлиши керак эди. Лекин Туркистон мухторияти ­эълон қилингач, унинг давлат тизимини мухториятчилар қонун йўли билан мустаҳкамлашга улгуролмадилар. Қурултой иштирокчилари мухторият эълон қилгач, тез орада умум Туркистон таъсис мажлисини чиқаришга қарор қилганлар. Ана шу таъсис мажлиси Туркистон мухториятининг бўлажак давлат тизимини қонуний йўл билан белгилаши керак эди. Таъсис мажлиси очилгунча Туркистон мухториятининг давлат ҳокимияти Туркистон Муваққат Шўроси ҳамда Туркистон халқ бошқаруви ихтиёрида бўлмоғига қарор қилинганди.

Умуман, Туркистон мухторияти ҳужжатларини тайёрлаш ва тасдиқ­лаш­да иштирок этган илғор фикрли маҳаллий зиёлилар мазкур ҳужжатларнинг ўзига хос демократик ибтидо асосида бўлишига эришганлар.

Таниқли ўзбек публицисти  Мирмуҳсин Шермуҳамедов “Туркистоннинг усули идораси ҳақинда” сарлавҳали мақоласида федерация барпо этиш Туркистон учун ҳали барвақтроқ, дейди. Негаки, “Русияда малъун эски ҳукуматнинг истибдоди умумият-ла емирилди, лекин Туркистонда истибдод энди қувватлайди… Ўзининг шахсий ва кисса манфаати учун диний ва миллий ҳуқуқларимизни оёқ остина олиб тобтағон провақатор уламолар ила буржуаз золим бойлардир… Яхши билингларки, агарда Туркистон ўзига мустақил идора бўлса, маалтаассуф ул вақт Туркистонда маданият, фунун ва маориф мутлақо емирилур. Чунки “Алҳамдулиллоҳ энди мусулмонобод бўлди”, деб иш бошинда турувчи ақлли бошлар қисқа киюм кийганларни, соқол қирғонларни, чоч, мих (мўйлов. – Б.Д.) қисқартмоғонларни, янги усулда ўқуғонларни, русча сўзлаша билганларни “Булар бет кофир, буларнинг жазоси зиндон ё улум” деб миллатнинг энг суюклу азиз болаларин қоронғу зиндон ёки дор оғочларинда бирма-бир йўқ қилуб, ёшларнинг томирин қуритувлари бик маълум. Буларнинг қурғон плонлари ҳозирданук шул…”

Афсуски, бу башоратнинг маълум қисми Туркистон мухторияти эълон қилингандан сўнг рўёбга чиққанди. Мухторият эълон қилинганда тузилажак жумҳурият шариат асосидаги демократик характерда бўлиши керак эди. Лекин большевиклар билан тўқнашиб, фожиа бошлангач, уламолар урушнинг учинчи кунида Эргашни оқ кигизга солиб хон кўтардилар…

Туркистон мухториятининг қонли фожиалар билан тугашида уламоларнинг хонликни қайта тиклашга бўлган ўринишлари ҳам муайян даражада сабаб бўлганди. Хонлик тузумига қайтиш, бунинг устига, Эргашнинг оломон кўринишидаги аскарларига умид боғлаш – булар мухториятчиларни муқаррар ҳалокатга олиб борувчи омиллар эди.

Туркистон мухториятчиларининг муайян қисмида бўлган сусткашликни ҳам қайд этиш лозим. Жумладан, қон тўкилмаслиги учун ниҳоятда эҳтиёткорлик билан иш кўриш тарафдори бўлган Маҳмудхўжа Беҳбудий Қўқондаги қурултой минбаларидан туриб бундай деганди: “Биз мухторият эълон этдик. Лекин бизнинг бу мухториятимизни бошқалар тасдиқ этарга тевиш, шуниси мумкин туғил, мана, сулҳ бўлур олдинда, шубҳасиз, бирор ерда сулҳ кунфронсаси бўлур. Шунда бизнинг Туркистон ўлкасининг ҳам вакиллари бўлурға керак: олар бизнинг бутун ҳол ва аҳволимизни сўйласунлар, ҳақларимизни талаб этсунлар…”

Бу фикр, албатта, тўғри эди. Лекин эълон қилинган Туркистон мухториятини сиёсий, иқтисодий ва бошқа жиҳатлардан мустаҳкамлашга қаратилган кескин чораларни зудлик билан кўриш талаб қилинарди.  Тарихнинг шундай дақиқалари бўладики, бир қарорга келиш ва бу қарорни мустаҳкамлаш учун дадил ва ўйланган ҳаракатлар қилиш лозим.

Жадидларнинг давлат тизими ҳақидаги қарашларини янада ойдинлаштирувчи ҳужжат – бу 1917 йили Фитрат томонидан тузилган ва Ёш бухоролилар фирқаси Марказий қўмитаси тасдиқлаган Бухорода “Ислоҳотлар лойиҳаси” бўлиши мумкин эди. Афсуски, “бу лойиҳа конституция масаласини олдиндан ҳал қилмай, мамлакатни бошқаришнинг монархия формасини ўзгартирмай, иккита асосий мақсадни кўзлайди. Конкрет таклифлар мана шу мақсадларни амалда руёбга чиқаришга қаратилган”.

Бу икки мақсад шундай иборат: “Бухорода ҳуқуқ асосига қурилган давлатчиликни жорий қилиш ўрта асрдан қолган Шарқ деспотизмини европача маърифатли монархия билан алмаштириш ҳамда Бухоро меҳнаткашлар оммасининг фаровонлиги ва маданийлигини ошириш негизида Бухорони ихтисодий-сиёсий ва ҳарбий жиҳатдан мустаҳкамлашдан иборат эди”.

Лойиҳада парламент ташкил этиш ҳатто эсланмаган ҳам, “нозирлар сайланиб қўйилиши ва халқ олдида жавобгар эканлиги лойиҳанинг бирор жойида айтиб ўтилмаган. Шу сабабли бу лойиҳа ҳатто Бухоро шароитида ҳам талабга жавоб бермас эди”.

Жадидларнинг давлат тўғрисидаги қарашлари ҳаётда амалга ошмай қолишига болшевикларнинг Россия ҳокимиятини зўрлик билан эгаллашлари тўсиқ бўлганди. Маълумки, большевиклар муваққат ҳукуматни қурол кучи билан ағдариб, ҳоқимиятни ўз қўлларига олгач, таъсис мажлиси ўтказилишига турли баҳоналар билан йўл бермадилар. Таъсис мажлиси ўтказилгандагина халқ вакиллари Россияда қандай тузум, усули идора бўлишини қонуний белгиларди.

Хулоса қилиб айтганда, жадидлар Туркистонни, жумладан, Ўзбекистонни мустақил давлат ҳолида кўришни орзу қилдилар. Улар шу йўлда жон фидо қилган ҳолда кураш олиб бордилар. Бугунги Ўзбекистоннинг мустақил давлат сифатида шаклланишида, шак-шубҳасиз, уларнинг ҳам ҳиссаси бор.

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2019 йил 9-сон