Улуғ бобомиз Амир Темур номи билан боғлиқ ҳар бир осори-атиқа ва қадамжолар биз учун ғоят табаррукдир. Бобокалон буюк салтанат туғи остида бирлаштирган барча халқлар, мамлакатларни адолат билан бошқариб, обод этган.
Чунончи, у Ҳирот, Кобул, Табриз шаҳарларида, Эрон, Озарбайжон ва Доғистонда кўплаб иншоотлар, масжид ва мадрасалар қурдирган. Қорабоғда узунлиги 7 фарсаҳ келадиган ариқ кавлатиб, номини Барлос деб қўйган. Шунинг учун ҳам фатҳ этилган ўлкаларда ва умуман бутун оламда буюк Амир Темурнинг номи тарихда ўтган бошқа жаҳонгирлардан фарқли ўлароқ, ҳурмат-эҳтиром билан тилга олинади. Улуғ бобомиз Доғистондаги кичик бир қишлоқда тўхтаб, шу ерда шаҳар қуришга амр этган, кейинчалик бу шаҳар Темурхоншур деб номланиб, пойтахт мавқеига эга бўлган экан. Махачқалъа яқинидаги қўмиқ қишлоқларидан бири Темурбос (Темур қудуғи) деб юритилган. Ҳатто, рус князлари ҳам мўғуллар истибдодидан халос этганлиги учун Елец шаҳрида бобокалонимизга ёдгорлик, Тобольск яқинида эса минора қурдирганлар. Фаранглар Амир Темурга олтиндан ҳайкал қўйганликлари ҳақида эса кўпчилик билса керак. 1853 йилда Англиянинг Олд Вик театрида Карл Марлонинг “Буюк Темур” фожиаси саҳналаштирилган ва у ҳозиргача ижро этилмоқда. Ғарбнинг машҳур мусаввири Рембрандт ҳам Соҳибқирон суратини ишлаган. Бундай мисолларни жуда кўп келтириш мумкин.
Албатта, буларнинг бари дунё аҳлининг буюк Соҳибқиронга бўлган эҳтиромини ифодалайди. Бобомиз шу тупроқ фарзанди сифатида юртнинг шаҳар ва қишлоқларини обод этиш учун қайноқ меҳрини аямаган. Бугунги кунда ҳам Самарқанд ва Шаҳрисабздаги оламшумул тарихий аҳамиятга эга обидалар буюк Амир Темурнинг мангу шуҳратидан сўйлаб турибди.
Соҳибқирон Амир Темурга тегишли кўплаб осори-атиқалар, қимматбаҳо буюмлар ҳозир турли мамлакатлардаги музейларда ёки одамлар қўлида сақланмоқда. Масалан, Соҳибқиронга тегишли “Чироғи олам” олмоси Буюк Британиядаги Букингем саройининг “Ҳиндистон” хонасини безаб турибди. “Чироғи олам” ёқутида араб алифбосида қуйидаги ёзувлар бор: “Бу Исфаҳонга 1153 йил Ҳиндистондан олиб келинган ёқут, шоҳлар шоҳи Султон Соҳибқироннинг йигирма беш минг асл жавоҳиротларидан биридир”.
Бу қимматбаҳо тошлар шодаси жуда ноёб бўлгани учун ҳамда қийматини аниқлаш жуда мушкуллигидан Шарқ халқлари унга “Жаҳон ўлпони” номини беришган.
Маълумотларга қараганда ҳозир Мозори Шариф шаҳрида яшаётган, ота-боболари асли шаҳрисабзлик бир фуқарода Оқсаройнинг лойиҳаси сақланаётган экан. У махсус терига чизилган каттагина китоб шаклида бўлган экан…
Юртимизда буюк бобокалонимиз номи билан бевосита боғлиқ бир нечта сирли тошлар борки, буларнинг қийматини ҳар қанча олтин-кумушлар билан ҳам баҳолаб бўлмайди. Улардан биринчиси — Соҳибқирон қабри устига ўрнатилган нефрит — яшм тош бўлиб, унинг тарихи жуда узун. Сирли хусусиятга эга деб ҳисобланувчи нефрит — яшм тоши, ниҳоятда ноёб бўлиб, фақатгина Хитойда учрар экан. Маълумотларга кўра, ҳозир дунёнинг бир нечтагина мамлакатида ушбу навдаги қора-яшил тусли тош бўлаклари мавжуд. Мирзо Улуғбек томонидан Амир Темур қабри устига ўрнатилган яшм тоши уларнинг энг йириги саналади. Айтишларича, Россия императори Александр III вафот этганида унинг Петропавловскдаги қабри устига нефрит тошидан ёдгорлик ўрнатмоқчи бўлганлар. Шу мақсадда Сибирь ва Туркистонга экспедиция уюштирилиб, нефрит тошини ахтарганлар. Бироқ барча ҳаракатлар беҳуда кетган, нефрит топилмаган.
1740 йили Эрон шоҳи Нодиршоҳнинг қўшини Самарқандга кирганида Амир Темурнинг қиличи, совути, Амир Темур жомеъ масжидидаги етти хил маъдан қотишмасидан ясалган дарвоза ва ҳатто унинг қабрига ўрнатилган яшм тоши ҳам тўп канорасига ортилиб, Машҳадга олиб кетилган. Кўп ўтмай Нодиршоҳнинг тушига Мир Саййид Барака киради ва бу куфрона иши учун қаттиқ жазоланажагидан огоҳ этади. Шундан сўнг яшм тоши ўз жойига қайтарилган, аммо дарвоза, совут ва қиличнинг дараги ҳанузгача номаълум.
Яна бир табаррук ёдгорлик — Соҳибқироннинг тахти бўлмиш машҳур “кўктош”дир. Ўтган асрда яшаган рус тарихшуноси Владимир Череванский “Амир Темур” китобида Темур саройидаги “кўктош” ҳақида шундай ёзади: “Эшикнинг рўпарасида, ҳовлининг тўридаги девор ёнида “кўктош” деб аталадиган Темур тахти турарди, у ҳозир ҳам ўша жойда. Қабул кунлари тахт оқ намат билан ёпиб қўйиларди… Халқ эса кўктош осмондан тушган, у Пайғамбарнинг ўз содиқ қулига инъоми, деб ўйлар, уларнинг бу фикрига ҳеч ким эътироз билдирмас эди”.
Абу Тоҳирхожанинг “Самария” китобига Садриддин Айний томонидан “кўктош” ҳақида ёзилган изоҳда шундай дейилади: “Ушбу “кўктош” ҳозирда Тупроққўрғон (бугунги арк) ичида сақланмоқда. У (узунча) шаклида бўлиб, узунаси тахминан ярим аршин, эни 2 аршин ва ердан юксаклиги бир аршин келади”. Ушбу тош Самарқандга қаердан олиб келтирилганлиги ҳақида ҳам турли тахминлар бор.
Яккабоғ туманидаги Хўжаилғор қабристонида сақланаётган “Полвонтош” ҳам Соҳибқирон номи билан боғлиқ осори-атиқалардан биридир. Узунлиги 60-70 сантиметр келадиган, махсус шакл бериб тарошланган кўкиш тусли бу тош юзлаб йиллар давомида қўлга олиниб, сийпаланаверганидан силлиқ бўлиб кетган. Хўжаилғорлик Баҳром ака Раҳматовнинг айтишига қараганда, “Полвонтош”нинг оғирлиги 6 пуд, яъни 96 килограмм экан. Бу тошни Амир Темур бобомиз ўсмирлигида бемалол кўтариб, Хўжаилғор тепалигига олиб чиқиб, олиб тушар эканлар. Ҳозир ҳам қишлоқ ёшлари, зиёратчилар, айниқса сайллар, байрам кунлари келишиб, “Полвонтош”ни кўтариб мусобақалашадилар. Қизиғи шундаки, бунга ҳар кимнинг ҳам қурби етавермайди. Унда қандайдир сирли хусусият бор, дейишади. Маҳаллий аҳоли ўртасида сақланган ақидага кўра, “Полвонтош” Амир Темурга тегишлидир. “Полвонтош”га Соҳибқирон бобомизнинг қўллари теккан!”, деб фахрланишади хўжаилғорликлар. Демак, бу тошда ҳам қанчадан-қанча тарихий маълумотлар мавжуд.
Худди шундай сирли “Полвонтош” тумандаги Тутак қишлоғида ҳам бор. Тутак қишлоғи Амир Темур номи билан боғлиқ тарихий манзил, унда Соҳибқироннинг пирларидан бири — Тутак ота (Бобойи Валий) яшаганлар. Бу жойдаги “Полвонтош” ҳақида эса қишлоқ кексаларидан Салой бобо Сиддиқов шундай дейди: “Ўзи унча катта эмас бу тош. Бир қарашда тошни кўтариш жуда осондек кўринади. Лекин беписандлик билан буни кўтараман, деганларнинг нечалари беланги бўлган, аммо ердан узолмаган. Ихлос билан, покланиб келувчи одам бўлса, буни бемалол кўтаради. Ҳатто ёш болалар ҳам кўтариши мумкин”.
Ҳа, қадим ва муқаддас юртимиз тупроғи илоҳий сирларга тўлиқ. Бунда таваллуд топган буюк инсонларнинг ҳаёти эса бу сирларга уйғунлашиб, боғланиб кетган. Соҳибқирон Амир Темур ҳам ана шундай улуғ, серхосият боболаримиздан биридир.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2015 йил 15-сон