Темурийлар тарихи давлат музейининг бурчагида ойна остида бир сурат бор. Дамашқий қиличнинг сурати. Унинг тагида қисқагина изоҳ ёзилган: “Амир Темурнинг қиличи”.
Суратда дамашқий қиличнинг сопи ва бир қаричча қисми акс этган. Уни кўрган кишида дафъатан шундай фикр туғилади: бу қилич фототасвирга олинганига қараганда ҳозир ҳам бор экан-да! Соҳибқирон бобомизнинг қиличи қаерда сақланмоқда?
Cоҳибқирон “Тузуклар”ида шундай ёзган:
“Қилич кўтариб жанг майдонига отилдим ва шу тариқа дунёда ном чиқардим”.
Нақл этилишича, Соҳибқироннинг падари бузруквори Амир Тарағайга тушида нуроний бир зот қилич ҳадя қилган экан. Амир қилични қўлига олиб ҳавода ўйнатганида қилич юзидан таралган нурдан олам ёришиб кетибди. Амир Тарағай тушини пири Амир Кулолга айтганида у бир ўғил туғилажаги ва қилич билан дунёни фатҳ этиб, ислому имон учун катта ишларни амалга оширажагини башорат қилибди.
Амир Темур “Таржимаи ҳол”ида айтишича, ҳаёти мобайнида беш нарсага қатъий эътиқод қўйиб, уларга доимо амал қилган: Оллоҳ, тафаккур, қилич, имон ва китоб (битик)дир.
Соҳибқирон ёшлигидан қилич кучи устувор бўлган муҳитда ўсиб-улғайган. Аммо исломий таълимотни чуқур ўзлаштирган Амир Темур Амир Кулол ва Абубакр Тойободий каби пири комилларнинг насиҳатларига амал қилиб ҳарбий қудратни адолатга хизмат қилдирди.
“Қайси ишни чораю тадбир билан битиришнинг иложи бўлса, унда қилич ишлатмадим”, — дейди Соҳибқирон.
Амир Тарағай ўғлининг катта ҳаёт йўлига қўлда қилич билан чиқаётгани ва умуман, унда баҳодирона жанговарлик хусусиятлари устунлигидан ниҳоятда севинади…
Амир Темур қилич ўйнатиш маҳорати туфайли ҳаётидаги жуда қалтис вазиятлардан соғ-омон чиқишга муваффақ бўлган.
1362 йили Амир Темур рафиқаси Улжой Туркон билан бирга Моҳон ҳокими Алибек Жониқурбоний навкарлари томонидан тутқунликка маҳкум этилади. Ўшанда бўлажак жаҳонгир 26 ёшда эди.
“Бургаси кўп қоронғи уй”даги олтмиш икки кунлик тутқунлик!
Ўша аламли чоғларда Амир Темур, агар бу зулматдан халос бўлсам, ҳеч бир кимсани, аввал айбини аниқлаб олмасдан қамамайман, дея Оллоҳ таоло номи билан қасамёд қилади.
“Тузуклар”да кейинги воқеалар ўзига хос вазминлик билан шундай ҳикоя қилинади:
“Ундан қутулиш чорасини излаб, ўз-ўзим билан кенгашдим ва Тангрининг инояти етиб, баҳодирлигим тутди. Кучли ва чаққон билакларим иш бериб, соқчилардан бирининг қўлидан қиличини тортиб олдим-да, уларга ҳамла қилган эдим, бариси қочиб қолди.
Қилич кўтарганимча, тўғри Алибекнинг устига бостириб кирдим. Мени кўргач, ҳуши бошидан учди. Қилган номуносиб ишидан пушаймон бўлиб, мендан узр сўради. Отларимни, яроқ-жабдуқларимни ҳозирлатиб, менга бир ориқ от ва бир қари туя тортиқ қилган бўлди. Оғаси Муҳаммадбек менга атаб юборган бир қанча совға-саломларини эса очкўзлик қилиб ўзига олиб қолди. Сўнг кетишимга рухсат берди”.
Олтмиш икки кун ноҳақ азобланган баҳодир қўлида қилич, кўзлари ёниб шердай важоҳат билан ғанимнинг қаршисида тўсатдан пайдо бўлишини тасаввур қилинг! Интиқом ўтида ёнган йигит бир зарб билан золим ҳокимни нариги дунёга жўнатиши мумкин эди. Аммо у қасос олишга шошилмайди. “Таржимаи ҳол”да ёзилишича, худди шу дамда Алибек Жониқурбоний оғаси Муҳаммадбекдан нома олган бўлиб, унда Амир Темурга ёрдам кўрсатиш сўралган эди…
“Қиличим ўткир бўлса-да, ўйлаб қинидан чиқардим, ширин сўз айтиб, ғанимнинг имон топмоғига йўл очдим”, — дейди у.
Соҳибқирон ҳаётида унинг ўзи бевосита душманга юзма-юз келиб, баҳодирона жанг қилган дамлар ҳам кўп бўлган. Ўз ҳукмдорининг жангдаги шахсий жасорати лашкарларга нечоғлиқ қудратли руҳ бағишлашини тасаввур этиш мумкин! Ана шундай жангларда Соҳибқирон ўз қиличини нақадар шараф ва номус билан тутганлиги ҳақида жуда кўп мисоллар бор:
1379 йили учинчи марта Хоразмга юриш чоғида Хоразм ҳокими Юсуф Сўфининг бошига қизиқ фикр келади. У икки тараф кишиларининг қони тўкилмаслиги учун ўзи Амир Темур билан яккама-якка олишмоқни истайди. Соҳибқирон бу таклифга рози бўлади. Амир Сайфиддин барлос унга ўзининг қимматли ҳаётини таҳликага солмасликни тавсия қилса-да, Амир Темур унинг гапига кирмай, жанг майдонига бир ўзи етиб келиб, “жуда қаттиқ товуш билан душманини чақирди” (Ҳерман Вамбери). Беҳад таҳликага тушган рақиб эса ўз даъватидан тониб, жанг майдонига чиқмайди. Тарихчининг ёзишича, жанг арафасида ўзини йўқотиб қўйган Юсуф Сўфи рақибининг ҳақоратларини унсиз тинглаб ўтиришдан бошқа илож тополмайди.
Солномада ушбу жанг билан боғлиқ яна бир эътиборли воқеа дарж этилган: кўп ўтмай, Амир Темур қароргоҳига Термиздан қовун келтиришади. Соҳибқирон олтин патнисда рақибига қовун юборади. У қовунни сувга улоқтириб, патнисни мулозимларидан бирига совға қилади. Амир Темур Юсуф Сўфига Термиздан келтирилган қовунни юбориб, унга номардлик қилиб жанг майдонига чиқмаганлиги, унинг номақбул хатти-ҳаракатига рамзий ишора қилади. Маълумки, азалдан Термизга “Мардлар шаҳри” деган таъриф берилган. Бу ишорада мардлар шаҳридан келган қовунни еб, сенга ҳам озгина мардлик юқсин, маъносидаги шама бор эди.
1393 йил майида Шероз яқинидаги жанг айниқса қалтис кечган. Бу ҳақда француз тарихчиси Люсйен Кэрэн шундай ёзади:
“Тўс-тўполон орасида асосий қўшиндан ажралиб қолган Темур ва унинг хос мулозимларини кўрган Шоҳ Мансур ўзига содиқ аскарлари билан улар устига отилди.
Шоҳ Мансур кўз очиб-юмгунча Амир Темур қаршисида пайдо бўлди. Уни кўрган Темур қўриқчисидан найзасини олмоқчи бўлиб ўгирилди, бироқ ёнида ҳеч ким йўқ эди. Фурсатдан фойдаланиб, Шоҳ Мансур шамшири билан унинг бошига икки зарба туширди.
Дубулғанинг мустаҳкамлиги ва, айниқса, иккала сафар ҳам дубулғасининг силлиқ томонини тутиб берган Темурнинг совуққонлиги туфайли шамшир сирғалиб кетди.
Бироқ Шоҳ Мансурнинг ажали етган эди… ”
Воқеанинг давоми ҳақида “Темур тузуклари”да қуйидагиларни ўқиймиз:
“Агар ғаним бостириб келиб чоповул, шиқовул, баронғор ва жавонғор фавжларини маҳв этиб, ўзини лашкарнинг қўл фавжига етказса, у чоғда султон шижоат оёғини сабр узангисига маҳкам тираб, душманни даф қилиб йўқотиш учун олдинга ташлансин. Чунончи, мен Шоҳ Мансур билан жангда шундай қилдим. У ўзини менга етказди ва у билан юзма-юз тўқнашдим, токи уни ҳалокат туфроғига қормагунимча урушдим”.
Доғистон, 1395 йил. Терек соҳили. Улуғ Амир кўрнамак Тўхтамишга қарши учинчи бор лашкар тортишга мажбур бўлади. Шу йилнинг 15 апрелида Терек дарёси соҳилида қудратли Олтин Ўрда давлати тақдирини ҳал этган улкан муҳораба бошланган. Кўпсонли, яхши қуролланган, тажрибали ва маккор ёв устидан зафар қучишда саркарданинг буюк маҳорати ва жангдаги шахсий ибрати асосий омил бўлди. Жанг асносида душманнинг сараланган гуруҳи Шоҳ Мансурнинг қўлидан келмаган ишни амалга оширишга, яъни Мовароуннаҳр лашкарларини талвасага солиш учун Амир Темурни ўлдирмоқчи бўладилар. Шу мақсадда улар Соҳибқиронни қўриқчиларидан анча узоққа чалғитиб, тезда бир неча аскари билан қуршаб оладилар. Cолномачининг ёзишича, “камонининг ўқлари тугаган, найзаси синган” Амир Темур “шамширини тинмай ишлатиб” оддий навкар каби мардона жанг қилган.
Юқоридаги каби не-не тарихий дамларга гувоҳ бу шамшир! Амир Темур қиличининг кейинги тақдири қандай кечган?
…1405 йил, 18 феврал. Ўтрор ҳокими Бердибекнинг саройида буюк лашкарбоши, давлат арбоби Амир Темур ибн Тарағай уч марта “Ло илоҳо илло Оллоҳ”, дея такрорлаб жон берди. Шундай қилиб, Хитой устига юриш режаси унинг вафоти туфайли бекор қилинди ва Амир Темур жасадини Самарқандга олиб бориш Хўжа Юсуфга топширилди.
Тарихчи Ибн Арабшоҳнинг ёзишича, дастлабки вақтларда Амир Темурнинг қабри устига унинг қимматбаҳо либослари ёпилган. Хонанинг деворларига эса унинг жанговар яроқ-аслаҳалари осиб қўйилган. Бу жиҳозларнинг барчаси қимматбаҳо тошлар билан безатилган бўлиб, энг арзонининг баҳоси бир вилоят солиғининг баҳосига тенг келарди. Гумбазнинг шифтида эса осмондаги ёрқин юлдузлар мисоли олтин ва кумуш қандиллар осилиб турарди. Мақбаранинг ичига ипак ва бахмал гиламлар тўшаб қўйилган.
Мақбара ичини бундай ошиқча нарсалар билан безаш шариатга тўғри келмас эди. Шунинг учун 1409 йилнинг май ойида Самарқанд тахтини эгаллаган Шоҳрух Мирзонинг буйруғи билан бу ердаги ошиқча ашёлар йиғиштирилиб, қимматбаҳолари хазинага топширилди. Балки, уларнинг ичида Соҳибқирон шамшири ҳам бўлгандир? Ҳар ҳолда, мақбара ичидаги қимматбаҳо буюмлар 1409 йилгача турган бўлса, демак, исрофгар шаҳзода Халил Султоннинг ҳукмдорлик давридан “талофатсиз” чиққан, дейиш мумкин. Соҳибқироннинг “энг арзони бир вилоят солиғининг баҳосига тенг келадиган” жанговар аслаҳалари ва яроқлари хазинада қанча вақт сақланган экан? Тарихий манбаларда Амир Темур қиличи ва яроғ-аслаҳалари тўғрисидаги маълумотлар унинг вафотидан сўнг орадан 300 йилдан зиёд вақт ўтгач, яна тилга олинади. Аммо бу гал… Келинг, миллатимизнинг энг тушкун ва аламли кунлари тарихига бир назар солайлик.
Самарқанд, 1740 йил…
Аштархонийлар сулоласининг сўнгги вакили Абулфайзхон ҳукмронлигининг сўнгги кунлари. Маҳаллий тўралар ва уруғлар ўртасидаги тинимсиз қонли низолар оқибатида Бухоро хонлиги номигагина давлат сифатида яшаётган эди. Юртга ёв келганда, давлатни пароканда қилган бу амалдорлар юртнинг бор-буд бойликларини ёвга пешкаш қилишдан ўзга чора топмадилар…
1740 йили Эрон шоҳи Нодиршоҳнинг қўшини Самарқандни босиб олганида қўлга киритилган ўлжалар қаторида Амир Темурнинг қиличи, совути, Амир Темур жомеъ масжидидаги етти хил маъдан қотишмасидан ясалган дарвозани ва ҳатто қабрига ўрнатилган яшм тошини ҳам тўп канорасига ортилиб, Машҳадга олиб кетилган. Бу ҳақда Нодиршоҳнинг сарой муаррихи ёзиб қолдирган экан. Кўп ўтмай яшм тоши ўз жойига қайтарилган, аммо дарвоза, совут ва қиличнинг дараги номаълум.
…Қилич ҳақидаги кейинги маълумот ўтган асрнинг бошларига тегишли. Инглиз олими Жексон 1903 йилда Амир Темур қиличини Теҳрондаги сарой музейида кўрганлигини ёзиб қолдирган.
“Салтанат тўнини кийгач, тинчлигу соғлигим кетди, ўз тўшагимда роҳатда ухлаш ҳузур-ҳаловатидан воз кечдим”, – деб ёзган Соҳибқирон бобомиз ўз “Тузуклар”ида. Афсуски, ҳукмронлик тахтига ўтирган кейинги сулолалар ғафлат уйқусига берилганлар. Ваҳоланки, Амир Темур ўгитлари барча авлодлар учун бирдек дастурамал бўлиши лозим эди.
Мабодо Теҳронга йўлингиз тушса, жаҳонгир бобокалонимизнинг қиличи сақланаётган музейни бориб кўринг.
Тақдирни қарангки, Турон султонига тегишли бу қилич жаҳонгирнинг ватанидан йироқда турибди. Уни кейинги авлодлар сақлай олмадилар, Соҳибқирон васият қилганидек, “номус ва шараф билан” тута олмадилар. Бу бебаҳо меросга муносиб эгалик қила олмадилар!
Соҳибқирон қиличи! У осойишталик, омонлик ва адолат шамшири. У қайси юртда бўлса, ўша ерда қудрат, осойишталик, тўкинлик ва адолат устувор бўлади!
Орзуга айб йўқ. Бу қилич истиқлолга эришган авлодларга қайтарилса, нақадар улуғ иш бўлар эди. Бу қилич қаршисида мустақил юртимиз аскар ўғлонларининг “Ҳарбий қасамёд” маросимлари ўтказилса, нақадар ярашарди!
Буюк Соҳибқирон бобомизнинг васиятини доимо ёдда тутайлик:
…Мен киби узун салтанат сурмак истасангиз, қиличингизни яхши ўйлаб чекингиз. Бир даъфа чеккандан сўнгра-да уни усталик-ла қўллангиз. Орангизга нифоқ тухумлари экилмаслиги учун кўп диққат бўлинг…
Бахтиёр Ҳайдаров
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2002 йил 49-сонидан олинди.