Кейинги вақтларда Ўрта Осиё, ҳатто дунё тарихида катта из қолдирган соҳибқирон Амир Темур ҳақида кўп қиссалар, турли мақолалар ёзилмоқда, у ҳақдаги тарихий манбаларга мурожаат қилинмоқда. Энг қувонарлиси шуки, эндиликда бу улуғ ватандошимизнинг жуда кечикиб бўлса ҳам буюклиги тан олинди, буюк аждодимиз ҳаёти ва фаолиятига оқил ва одил баҳо берилди. Қолаверса, у ҳақда бадиий асарлар, жумладан тарихий роман, ҳатто киносценарийлар ёзилмоқда. (Оврупода, умуман, тараққий этган капиталистик мамкалатларда бу ишлар билан аллақачонлардан бери шуғулланилмоқда. Жумладан, «Темурланг» деб аталган тарихий пьеса Лондон театрларида 100 йиллар оша қўйилиб, ҳамон саҳнадан тушмаганини кўпчилик билади). Бу ғоятда қувончли ҳол, албатта. Шу туфайли мен ақлимни таниганимдан бери — ўз эл-юртимнинг тарихига қизиқишим борасида Темур ҳақида билган маълумотларимдан бир неча жиддий аҳамиятга молик тарихий далилларни кўрсатиб ўтмоқчиман.
Мен Амир Темурнинг Мовароуннаҳрда мўғул ҳокимиятига қарши курашини, ягона марказлашган давлат тузганини, кўп тарихчилар томонидан эътироф этиладиган илм-фан ҳомийларига бўлган ҳурмат-эҳтиромлари, ободончилик ва меъморчиликка қўшган катта ҳиссасини ва, ниҳоят, Олтин Ўрда салтанатига зарба бериб, Россияни мўғуллар зулмидан озод қилганини, машҳур Анқара жангида (1402 й.) Усмонли Турк султони Йилдирим Боязидни енгиши натижасида Болқон мамлакатлари, ҳатто бутун Оврупо енгил нафас олабошлагани ҳақида мавжуд маълумотларга тўхталмоқчи эмасман. Мен Амир Темурнинг Султон Боязидни енгиб, асир олгач, у билан бўлиб ўтган суҳбати ҳақида фикр юритмоқчиман. (Амир Темур билан Султон Боязид учрашуви ойнома 4-сони муқовасининг 1-саҳифасида берилган.)
Менинг қўлимдаги баъзи тарихий манбалар ва озарбайжонлик машҳур драматург Ҳусайн Жовиднинг «Топол Теймур»— («Оқсоқ Темур») деб аталган тарихий драмасида келтирилган диалог ниҳоятда қизиқарли ва ҳақиқатга яқиндир. Бу диалог орқали ҳар бир киши ўша замонда яшаган икки жаҳонгирнинг инсоний хусусиятлари, уларнинг хислатлари ва камчиликлари, бир-бирларидан фарқлари ҳақида муайян даражада тушунчага эга бўлиши мумкин.
Анқара остонасидаги муҳобарада, маълумки, Боязид енгилади, баъзи манбаларга кўра, унинг лашкарбошилари, ҳатто Боязиднинг ўғли Шайхзода Сулаймон ҳам қочишга мажбур бўлади. Аммо Боязид қочишни ўзига ор билиб, Темурга асир тушади. Энди Ҳусайн Жовиднинг «Оқсоқ Темур» тарихий драмасида баён этилган ана шу диалогни келтирамиз:
«ЛАШКАРБОШИ САБУТОЙ — (Темур ёнига келиб таъзим қилади): Жаноби олийлари, Йилдирим ҳузурингизга келди.
ТЕМУР — Марҳамат келсин (Йилдирим икки аскар иҳотасида кириб келади).
ДОВОН БЕК — Мана усмонлилар султони Йилдирим Боязид!
ТЕМУР — (Тавозе ила курсими кўрсатиб): Марҳамат қилинг, шавкатли султоним. Оллоҳнинг қули Темурдан доимо икром ва эҳтиром кўражаксиз. Чарчангансиз, илтимос қиламан, ўтиринг. (Боязид ўтирмайди, Темур ёнидан бир қоғоз чиқариб унга берур). Лутфан бу мактубни ўқигаймисиз?
ЙИЛДИРИМ — (мактубни олиб, кўзларига яқин олиб келади ва уни Темурга қайтаради)… ёзилган вақтида албатта ўқилган.
ТЕМУР — Мен бу мактубдаги ёзган сўзларингизни аллақачон унутганман ва афу этганман. Эндиликда эса Сизнинг муҳаббатингизни қозонишни истардим. (Маъноли ва мағрур қараш билан, Темур шоир Кирмонийга боқади). Қизиқ, бунга шоиримиз нима деркин!
ШОИР — (самимий ва жўшқин оҳангда): Муҳаббат! Муҳаббат!.. Бу башариятни қутқарувчи — халос этувчи ёлғиз муҳаббатдир. Муҳаббатли чўпон қалби, гина ва адоват ҳақида хаёл қилувчи султон бошидаи шарафлидир. Агар дунёнинг шонли муҳорабалари, қонли жангларининг натижалари инсонлар қалбида муҳаббат ярата олмаса, унда бутун ҳаёт ва коинотга нафратлар бўлсин.
ТЕМУР — Ажабо! Мағрур Йилдирим буни қандай тушунадилар?
ЙИЛДИРИМ — Тушунадиган ҳеч нарса йўқ. Ҳақиқатан эса сен ғолибсан! Аммо бу ғалаба турк миллатини эмас, балки шу кунларни кутган душманларни мамнун этди. (Оғир бир хафачилик, бироқ шиддат ила) Оҳ, тўғрисини айтганда, бу ғалаба ислом оламини бошдан маҳрум қилди!
ТЕМУР — (икки-уч қадам оқсоқланиб бориб, Йилдирим ёнида мағрур ва баланд оаоз билан) — Ҳеч мароқланма, ҳоқоним. Ахир сен бир кўр-дайди, мен эса бир чўлоқ-девона. Агар дунёда афзаллик эътиборга олинса, ундаги сон-саноқсиз инсонларга, поёни йўқ мамлакатларга сендек бир кўр, мендек бир чўлоқ ҳоқонлик қилмаган бўларди».
Юқорида Йилдирим ва Темур суҳбатларидаги ажратилган далиллар ҳакиқатга яқинлиги ҳақида фикр юритиб кўрайлик.
Йилдиримнинг жавобида ҳақиқатан катта маъно ётибди. У биз юқорида кўрсатиб ўтганимиз «Боязид Йилдиримнинг Темур томонидан енгилиши натижасида Болқон мамлакатлари, ҳатто бутун Ғарбий Оврупо енгил нафас ола бошлади», деган фикрни тушунтириб беради. Аммо бунга салбий баҳо берган Боязиднинг ўзига ғоятда зеб берганлигини, Ислом оламининг боши эканлигини таъкидлаб, агар Темур ғолиб бўлмаганда бутун Оврупони, барча «кофирлар» юртини забт этиши мумкинлигига, бунга Темур ҳалақит берганлигига шама қилади.
Темурнинг жавобига келсак, бу чуқур фалсафий маънода айтилган сўзлар бўлиб, унинг объектив ҳақиқатга яқинлиги ҳамда манбаи қаердан олинган бўлиши мумкинлиги хусусида бир неча оғиз сўз айтишга жазм қила оламан. Зеро француз файласуфи ва сайёҳи Франсуа Бернъе (1625—1688) Темур авлодларидан бобурий Аврангзеб саройида тўққиз йил мобайнида табиблик қилган, сўнгра 12 йил ичида, то Ҳиндистон инглизлар қўлига ўтган вақтгача Ҳиндистон тарихини ёзган («Буюк Мўғул давлатида охирги кескин сиёсий ўзгаришлар тарихи»). Франсуа бўлган муносабатларни ғоятда мароқли ҳикоя қилади. Жумладан, Аврангзеб ўз отасидан ҳокимиятни олиб, уни тутқинликда ушласа ҳам, у билан ширин ва баъзан кескин мулоқотда бўлгани, ҳатто унга насиҳатомуз хатлар юборганини ёзади.
Франсуа Бернье Шоҳжаҳоннинг худбинлиги ва такаббурлигини қоралайди, лекин Аврангзебнинг отасига ёзган хатларидан жуда қизиқарли маълумотларни келтиради: «… Мен бобомиз — Миртемурнинг ажойиб хислатларини ҳеч қачон эсдан чиқармайман, у ҳақда бизнинг буюк авлодимиз Акбарнинг айтиб кетган гапларини эътиборга олмасдан бўладими? Ахир, буюк Акбар ўз ёзувларида Темур насиҳатларига катта эътибор беришимизни сўрамаганмиди? Буни ҳисобга олганда, бизнинг ўта мағрурланишимизга ҳаққимиз бормикан? Сиз ахир биласизку, буюк Акбарнинг ҳикоясига қараганда, бобомиз Темур Боязидни асир олганида ўша куниёқ ҳузурига чорлайди-да, унга эътибор ва истеҳзо билан қарайди. Бу ҳолатдан Боязид ғазабланади ва шундай дейди: «Менинг бахтсизлигимдан кулма, Темур, билгинки, подшоҳлик ва ҳокимият Оллоҳ таоло томонидан берилади. Шундай бўлиши мумкинки, бугун менинг бошимга тушган қисмат эртага сенинг бошингга тушиши мумкин. Темур ҳам чуқур маънода ва одоб ила жавоб беради: «Буни мен ҳам тушунаман, Оллоҳ таологина подшоҳлик ва мамлакатни илтифот этишга қодир. Мен сенинг бахтсиз қисматингдан кулаётганим йўқ. Худо сақласин. Аммо мен сенинг бетингга караганимда, шундай фикр келдики, подшоҳ ва ҳокимият худонинг олдида жуда кичик, аҳамиятсиз бир нарса бўлса керакки, уни бизлардек ногирон кишиларга — сендек бахтсиз бир кўзи кўрга ва мендек ачинарли чўлоққа насиб этибди» (Франсуа Бернье, «История последних политических переворотов в господстве Великого Могола». М., 1936, 350-бет.). Шундай қилиб, Ҳусайн Жовид драматик асаридан келтирганимиз Темурнинг Боязидга айтган сўзининг негизида, буюк Амир Темурнинг фалсафий мулоҳазаси ётади, десак ҳақиқатга яқин фикрни айтган бўламиз. Яъни Ҳусайн Жовид пьесасида келтирилган ушбу диалоглар тархий ҳужжат асосида берилгани, шубҳасиз. Бу маълумотларга таяниб Темурнинг иродаси кучли, шунинг билан бирга, шавкатли шахс эканлигининг яна бир бор гувоҳи бўламиз.
Ҳусайн Жовид китобининг охирида келтирилган изоҳларда шундай дейилган: «Темур ҳақиқатан Йилдиримдан иродаси кучли ва феъл-атвори маҳкам шахсдир». Бундай фикрларни бир қанча Оврупо тарихчиларининг китобида ҳам ўқиймиз. Масалан, машҳур немис тарихчиси Ф. Шлесернинг бир асаридаги тарихчи олим Г. Вебердан келтирилган лавҳалар қизиқарлидир: «… Темур қаҳр-ғазаби билан даҳшатли эди, шундай бўлса ҳам одам сифатида ҳам, ҳоким сифатида ҳам Боязиддан устун турарди…»
Темур албатта жуда мураккаб шахс эди. Шунинг учун у ҳақда бир-бирига зид баҳолар ва маълумотлар бор. Улар Темур яшаган замондаги тарихчилардан Шарафуддин Али Яздий, Кирмоний ва XVIII—XX аср Оврупо тарихчилари Эдуард Гиббон, Т. Грановский, Г. Вамбери, Н. Остроумов, К. Маркс, В. Н. Бартольд, А. Ю. Якубовский ва бошқаларнинг китобларида учрайди. Масалан, баъзи муаалифлар «Темур Боязидни қафасга солиб олиб юрганлиги» хусусидаги ривоятни келтирадилар. Юқоридаги суҳбатимиздан сўнг эса бу фақат бир ривоят эканлигига ишонч ҳосил қилишга ҳақлидирмиз.
Обид Акромхўжаев, УЎзССЖ ФА ҳақиқий аъзоси.
“Фан ва турмуш” журнали, 1991 йил, 4-сон