Охирги йилларда халқаро миқёсда олий ўқув юртлари даражасини аниқловчи тадқиқотлар ўтказиш оммалашяпти. Ўтказилаётган рейтингларда сайёрамиздаги университет ва институтларга турли мезонлардан келиб чиқиб баҳо берилмоқда.
Хитойнинг Сзяо Тун университети 2003 йилдан буён дунёнинг энг яхши олий ўқув юртлари рўйхатини тузиб чиқади. Гарчи рейтинглар уюштириш Ғарбда кенг тарқалган ва Хитой давлатига хос бўлмаган ҳодиса саналса-да, Сзяо Тун ўтказаётган тадқиқот натижалари илмий доираларда жиддий қабул қилинади. Жумладан, 2007 йилги тадқиқот ҳам кўпчиликнинг диққатини тортмоқда.
Гарвард университети хитойлик тадқиқотчилар томонидан 2007 йилда сайёрамизнинг энг яхши олийгоҳи деб топилган. 500 та олий ўқув юрти номи зикр қилинган рейтингнинг кучли бешлигидан Стенфорд, Калифорния, Кембриж университетлари ҳамда Массачусетс технология институти ўрин олган. Сзяо Тун тузган рўйхатга Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги олийгоҳларидан Москва давлат университети кирган. Ломоносов номидаги университет рейтингда 76-ўринни банд этган. Хитойлик тадқиқотчилар хулосасига кўра, Америка, Буюк Британия, Япония ва Германия энг нуфузли олийгоҳларга эга бўлган давлатлар саналади.
Айрим ташкилотлар учун ўзига хос мезон вазифасини ҳам бажараётган ушбу рўйхат қандай асосда тузилиши ўқувчини қизиқтириши табиий. Хитой университети олийгоҳларни ўринларга тақсимлашда таълим сифати (10 фоиз), педагог ходимлар касбий даражаси (40 фоиз), илмий тадқиқот кўрсаткичлари (40 фоиз) ва умумий рақамлар (10 фоиз) га эътибор қаратади.
“Вебометрикс” гуруҳи томонидан тузиладиган йиллик рейтинг ҳам катта илмий доираларда алоҳида эътиборга олинади. Ушбу рўйхатнинг ўзига хос хусусияти шундаки, у олий ўқув юртларининг халқаро компютер тармоғидаги фаолиятига асосланади. Яъни, олийгоҳларнинг веб-сайтлари, электрон кутубхоналар базаси, халқаро тармоққа киритилаётган дарслик, қўлланма ва бошқа илмий нашрлар асосида 4000 та илм масканига баҳо берилади. “Вебометрикс”нинг яқиндагина эълон қилинган 2007 йилги рейтингида биринчи ўрин Стендфорд университетига берилган. Иккинчи ўринни эса Массачусетс технология институти эгаллаган. Шу тариқа Калифорния, Гарвард, Пенсилвания каби номдор университетлар нуфузли рейтингнинг олд ўринларини банд этган.
Шунингдек, «Times» газетасининг THES лойиҳаси асосида ҳам жаҳоннинг нуфузли олийгоҳлари рўйхатини эълон қилиш анъанага айланган. Ушбу рўйхатда нисбатан кам-роқ — 200 га яқин олий ўқув юрти номи киритилади. Бу эса танлов нуфузини янада оширади. THES рўйхати дунё миқёсида мутахассислар ўртасида ўтказиладиган ижтимоий сўров натижаларига асосланади. Масалан, ушбу лойиҳа асосида ўтган йилги рейтингни тузиш учун 5000 га яқин мутахассис фикри ўрганиб чиқилган. Тўғри, THESнинг 2007 йилги рейтинги ҳозирча эълон қилинганича йўқ. Лекин эслатма сифатида ўтган йили рўйхатда Гарвард, Кембриж, Оксфорд, Массачусетс ва Ел каби олий ўқув юртлари юқори ўринларда қайд этилганини айтиш мумкин.
Айтиш керакки, юқорида зикр қилинган барча рейтинглар ҳам мавжуд воқеликни тўла ва ҳаққоний ифодалайди деб бўлмайди. Дейлик, Сзяо Тун университети ўтказадиган тадқиқотларда гуманитар фанларга кам эътибор берилади. “Вебометрикс” гуруҳи эса фақатгина интернет ресурсларига асосланади. THES эса рўйхатни шакллантиришда фақат экспертлар хулосалари билан чекланади.
Шундан ҳам билиш мумкинки, ўтказилаётган тадқиқотлар дунё мамлакатларидаги олий ўқув юртлари фаолиятига у ёки бу нуқтаи назардан баҳо беради. Аслида эълон қилинаётган турли номдаги рейтингларнинг фойдали жиҳати ҳам шунда.
Абдул Собир