«Дунёнинг бешта олий таълим даргоҳи борки, улар узоқ ўтмишдан бугунги кунгача энг нуфузли деб тан олинади. Бу Кембриж, Оксфорд, Гарвард, Сорбонна ва МДУ университетларидир», деган гап-сўзларга дуч келганимдан сўнг улар ҳақиқатга қанчалик яқинлигини билмоқчи бўлдим. Лекин бир қанча манбаларда бу гаплар у даражада ҳақиқатга яқин эмаслиги маълум бўлди. Дунё миқёсидаги олий ўқув юртлар нуфузини белгилаб берувчи қуйидаги иккита энг машҳур рўйхатларни ўрганиш асосида замонамизнинг етакчи университетлари аслида қайсилари эканини билишга имкон туғилди.
Етакчилик – океан орти вакилларида
Сзяо Тун Шанхай университетининг олий таълим институти маълумот беришича, ҳар йили мазкур институт томонидан дунёда ҳар томонлама энг яхши ва етакчи деб тан олинган университетлар рўйхати тузилади. Бундан кўзланган мақсад Хитой олий таълим даргоҳлари ва жаҳоннинг бошқа нуфузли университетлари қиёсий таҳлилини ўтказиш эди. Бугунги кунда Сзяо Тун рейтинги жаҳоннинг кўплаб олий таълим масканлари ўрин олишни истаган энг обрўли рўйхат ҳисобланади.
Айтиш жоиз, мазкур рейтингни тузиш методикаси жуда оддий: унга кўра, олий таълим муассасалари бир нечта кўрсаткич асосида баҳоланади. Буларга биринчи галда университетларда ўтказилган тадқиқотлар ва турли мукофотларга сазовор бўлган битирувчилар ҳисобга олинади. Шунингдек, мутахассислар олий ўқув юрти ҳудудининг кенглиги ва «Nature And Sciences» («Табиат ва илм») журналида чоп этилган материалларнинг кўплигини ҳам эътиборга олишган.
Мана, бир неча йиллардан буён мазкур рейтингнинг энг юқори поғонасини битта олий ўқув даргоҳи бўшатмай келяпти. Бу йил ҳам ўтган йилдагидек йўлбошчилик қилаётган ушбу олий таълим маскани Гарвард университетидир. Кейинги ўринларга Стенфорд ва Калифорния-Беркли университетлари мустаҳкам ўрнашиб олган. Кучли ўнталикка жами бўлиб АҚШдаги саккизта олий таълим муассасаси: Массачусетс (5-ўрин), Ел (6-ўрин), Колумбия (7-ўрин), Принстон (8-ўрин) ва Чикаго (9-ўрин) университетлари кирган. Уларга Европанинг энг қадимий илм даргоҳлари Кембриж (4-ўрин) ва Оксфорд (10-ўрин) ҳамроҳлик қилмоқда.
Жаҳоннинг энг кучли юзта олий таълим даргоҳлари рўйхатида университетларнинг кўплиги бўйича Америка Қўшма Штатлари биринчи ўринда туради. Бу мамлакатнинг 54 та олий ўқув даргоҳи нуфузли рейтингдан жой олган. Иккинчи ўринда 11та таълим маскани кўрсаткичи билан Буюк Британия турибди. Япония, Германия, Канада, Франция ва Швейцария мамлакатлари 4тадан «вакиллари» билан сафнинг кейинги поғоналарида. Кучли юзталикда биттадан университети билан қатнашган давлатлар бу – Исроил, Дания, Норвегия, Финляндия ва Россия.
Ҳар бир рейтингда биринчи поғонада
Аслида кўпгина ривожланган мамлакатларда йил якунига келиб қатор таълим нашрларида энг юқори кўрсаткичларга эга ўқув юртлари рўйхати қайд этилади ва турли рейтинглар эълон қилинади. Барча турдаги илм масканларида эса ана шундай рўйхатларнинг биринчи поғоналарини эгаллаш учун бутун ўқув йили давомида астойдил меҳнат қилинади.
«Таймс хаер эдюкейшн саплимент» («Таймс» газетасининг олий таълим бўйича иловаси)да ҳам ҳар йили дунёнинг 200та энг нуфузли олий ўқув юрти номи маълум қилинади. Сзяо Тун рейтинги каби мазкур рўйхатдан ўрин олиш ҳам университетлар обрўсини белгилаб беради. Тўртинчи бор тузилаётган ушбу рўйхатда 28 мамлакат университетлари ўртасида АҚШ ва Буюк Британия олий таълим даргоҳлари етакчилик қилмоқда.
Кучли юзталик университетлари жадвали Осиёдаги олий ўқув юртлари ҳисобига анча бойиди: бу сафар уларнинг сони 13тага етди. Яна бир эътиборли томони: ушбу рейтингни тузиш учун нашр ходимлари беш мингдан ортиқ ўқитувчи-профессор ва бир ярим мингга яқин обрўли иш билан таъминловчи ташкилот вакилларидан сўров ўтказган. Маҳаллий ва хорижий талабалар ўртасидаги муносабат ҳам ўрганилгани алоҳида эътиборга лойиқ.
Махсус иловада эълон қилинадиган ушбу рўйхатни тузишда 88 мамлакатдан 1300 нафар академик иштирок этган. Рейтингнинг энг юқори кўрсаткичи 1000 балга тенг бўлиб, у Гарвард университетига берилди. Чунки айнан мазкур университетнинг профессор-ўқитувчиларидан қирқ нафари Нобел мукофотига сазовор бўлган. Шу пайтгача Ер юзидаги бошқа бирон-бир олий таълим даргоҳи ўзининг ютуқлари билан Гарвард университетига яқин келолмаган. Ҳатто ундан кейинги ўринда турган Калифорния-Беркли университети ҳам 120 балл кам жамғарган.
Бундан ташқари, сайёрамизнинг энг интеллектуал шаҳри сифатида Кембриж (АҚШ, Массачусетс штати) тан олинди. Дунёнинг етакчиси Гарвард ҳамда учинчи поғонадаги Массачусетс технологик университетлари ҳам айнан шу шаҳарда эканини айтишнинг ўзи ортиқча изоҳга ҳожат қолдирмайди. Илмий потентсиал бўйича иккинчи деб эътироф этилаётган яна бир ҳудуд Калифорния бўлиб, у ерда Калифорния, Стенфорд ва Калифорния технологиялар университетлари мавжуд.
Агар фақат Европа қитъасини оладиган бўлсак, у ҳолда Буюк Британия олий ўқув юртлари таълим сифати бўйича қолган барчасини ортда қолдирмоқда. Қиёс учун маълумотларга эътибор беринг: Европанинг 50та энг нуфузли олий ўқув даргоҳлари сафидан 18та поғонани, кучли ўнталикдаги 6та ўринни ҳам айнан ушбу давлат университетлари эгаллаган.
Эътироф
Айни пайтда таълим соҳасидаги етакчи мамлакатлардан ҳисобланадиган Испания, Португалия, Италия ва Гретсия каби давлатларнинг бирорта ҳам университетлари мазкур рейтинг талабларига мос келмагани учун рўйхатга киритилмаган. Англия университетларидан ташқари фақатгина битта университет – Сюрих технологиялар федерал институти (?вейтсария) кучли йигирматаликдан жой олган. Кучли элликталикда эса Франтсиянинг иккита – Экол политехник ва Экол супереур ҳамда Германиядаги Хайденбург университетлари ҳам бор.
Бир янгилик: шу пайтгача юксак эътирофда бўлиб келган Европа университетларига Осиё ва Австралия олий таълим даргоҳлари рақобатчи бўла олишини исботлайдиган давр келаётганга ўхшайди. Ўтган йилда дунё рейтингига Токио университети (12-ўрин), Пекин университети (17), Киото университети (29), Гонконг университети (39), Ҳиндистон технологиялар университети (41) ва Сингапурнинг Нанянг университети (50) киритилиши Осиёда ҳам юқори сифатли таълим берувчи масканлар кўпаяётганидан далолат.
Австралиянинг эса олтита олий ўқув юрти мустаҳкам ўрнига эга бўлиб, уларнинг орасида энг яхшиси Австралия миллий университети эътироф этилган (дунё миқёсида 16-ўринда).
Маълумки, мамлакатимизнинг ташқи халқаро алоқаларининг мустаҳкамланиши туфайли эндиликда ҳар бир ёш ўзи танлаган хорижий университетда таҳсил олиш имконига эга. Шу сабаб, жаҳоннинг етакчи университетларидан бирида ўқиб, халқаро таълим стандартларига жавоб берадиган даражада илмли бўлишни орзу қилаётган ёшларга биз юқорида келтирган рўйхатни бир кўздан кечириб чиқиш фойдадан холи бўлмайди, деган фикрдамиз.
Наргиза Иброҳимова
«Маърифат» газетасидан олинди.