Ўзбек театр санъати тарихида оналар тимсолига айланган, минглаб, миллионлаб томошабинларнинг меҳр-муҳаббатини қозонган ва халқ эъзозига сазовор бўлган актрисалар номини кўпчилигимиз яхши биламиз. Зайнаб Садриева тимсолидаги она қаттиққўл, ҳақиқатгўй, чўрткесари; Марям Ёқубова тимсолидаги она бироз кибрли, ҳукмфармо, мақтанишни ёқтирадиган, ўзига оро берадиган; Муҳаббат Йўлдошева ижросидаги она мағрур ва жасур; Манзура Ҳамидова яратган она тимсоли эса ниҳоятда камтарин ва кўнгилчан… Хуллас, буларнинг барида ўзбек оналарига хос бўлган характер, уларнинг ички олами, меҳрибонлиги, руҳияти ранг-баранг қиёфаларда акс этади. Бироқ Лутфихоним Саримсоқова тимсолидаги она образи бошқа образлардан тубдан фарқ қилади. У – жайдари, содда, меҳрибон ва ўта ғамхўр. “Сен етим эмассан”, “Маҳаллада дув-дув гап” фильмларидаги оналарни ёдга олайлик. Бошқаларини санамаганда ҳам ана шу икки фильмдаги она образлари Лутфихонимни элнинг “ая”сига айлантириб юборган эди. Ваҳоланки, “ая” фақат ижобий ролларнинг эмас, салбий ролларнинг ҳам моҳир ижрочиси эди. Баъзи санъаткорлар ижодида шундай ҳолларни кузатиш мумкинки, улар ё салбий ё ижобий ролни маҳорат билан ижро эта оладилар. Лутфихоним ҳар иккаласида ҳам ўз маҳоратини намоён эта оладиган санъаткор эди. Хуршиднинг “Фарҳод ва Ширин” асарида ижро этган Ёсуман ролини ёдга олайлик. Актриса Ёсуман кампирнинг ҳам ташқи ҳам ички оламини имо-ишоралар, қилиқлар, ҳатти-ҳаракатлар орқали очиб беролганининг ўзи унинг ёрқин истеъдодидан далолат беради. Ёхуд “Фарзандлар” бадиий фильмидаги “Менга бир пиёла сув беринглар”, дея зорланадиган телба она образини кўз олдимизга келтирайлик. Бир-биридан фарқ қилувчи бу роллар Лутфихоним Саримсоқова талқинида ўзига хос услубда намоён бўлди. У инсоннинг психологияси, руҳий оламини очиб бера оларди. Бир ҳолатдан бошқасига кира оладиган, инсон руҳиятидаги эврилишларни маълум бир дақиқаларда намоён эта оладиган, қаҳрамонининг характерини тўла очиб берадиган актриса эди. Изтиробни, қайғуни, аламни, кези келганда, қаҳрини ҳам баралла ифода этиш қудратига эга эди…
1924 йили Қўқондаги “Тароқчилик” маҳалласида шаҳар хотин-қизлар клуби очилади. Унинг қошида ташкил этилган каштачилик, мусиқа, хор, савод чиқариш сингари тўгараклар маҳалла аёлларининг дунёқарашини шакллантиришга, тафаккурини кенгайишига имкон яратади. Лутфихоним дастлабки сабоқни, яъни ўқиш ва ёзишни шу ерда ўрганади. 1926 йилнинг кўклами унинг хотирасида ўчмас бўлиб қолди. Ўшанда бу маърифат масканига Ҳамза ташриф буюриб, Лутфихонимнинг бошқалардан ажралиб турадиган ёрқин истеъдодини кўриб, унга маслаҳатлар берган, йўл кўрсатганди.
Шундан кейин Л.Саримсоқова Қўқон (1926 – 1928), Андижон (1928 – 1931), Марғилон (1931 – 1934) театрларида, Ўзбек давлат мусиқий театрида (1934 – 1939), Муқимий номидаги мусиқали драма театрида (1940 – 1973) ишлади. Шуни таъкидлаш жоизки, аянинг 1940 йилдан 1973 йилгача давом этган 33 йиллик ижодий фаолиятининг салмоқли қисми Муқимий театри билан чамбарчас боғлиқ. Лутфихоним- нинг ўзбек кино санъатидаги хизмати ҳам алоҳида эътирофга лойиқ. У кинодаги илк қадамларини 20-30 йиллари овозсиз кинода бошлаган эди. “Қасам” фильмида Она, “Опа-сингил Раҳмоновалар” фильмида Шарофат ва бошқа образларда актриса ўзига хос қиёфа касб этди. Шундан кейинги ижодий умри театр каби кино билан узлуксиз боғлиқликда ўтди. Лутфихоним Саримсоқова ҳам лирик, ҳам фожеавий, ҳам ҳажвий актриса бўлиб, халқ қўшиқларининг моҳир ижрочиси, ҳозиржавоб аскиячи, уста раққоса ва яхшигина дуторчи сифатида ҳам танилган. У режиссёр Шуҳрат Аббосовнинг “Маҳаллада дув-дув гап” фильмида ҳокисор Меҳринисо она образи туфайли аёл қалбининг нозик тебранишларини, феъл-атворини, руҳиятини табиий бўёқларда акс эттира олган бўлса, “Сен етим эмассан” асаридаги Фотима опа образида ўзбек аёлининг матонатини, сабр-бардошини, букилмас иродасини ёрқин рангларда гавдалантирган. Ҳамзанинг “Майсаранинг иши” комедиясидаги Майсара образида ўз имкониятларини аёл эрки ва қадр-қимматини ҳимоя қилишга қаратган бўлса, “Паранжи сирлари”даги Мастура сатанг образида, аксинча, ақл -идрокини аёлларнинг ҳуқуқ ва туйғуларини поймол қилишга сарфлайди. Лутфихоним Саримсоқовани “монолог устаси” ҳам дейишади. Муқимий номидаги мусиқий драма театрида саҳналаштирилган “Нурхон” мусиқали драмасидаги (К.Яшин асари, Т.Жалилов мусиқаси) Кимё образида чуқур драматизм билан йўғрилган ички кечинма монолог воситасида ўта таъсирчан ифода топган. Асар сўнгида Мамат синглиси Нурхоннинг кўксига пичоқ санчади. Кимё аста-секин гандираклаб саҳнанинг ўртасига келади. “Қани сен, эй, золим бола?! Лаънат сенга! Мен сенинг онанг эмасман! Сенинг онанг – шайтон! Бўз тупроқ бўл! Юзинг қаро бўлсин! Қани, мард бўлсанг, кел. Онангни ҳам ўлдир! Пичоғингни сенга сут берган шу кўкракка санч!’’
Актриса ушбу монологни бошлашдан аввал кучли руҳий изтиробга чўмади. У бир нафас карахт бўлиб, кўзлари жавдираб, кимнидир излайди. Сўнг унинг юрагидан отилиб чиққан фарёдга томошабин чидаб туролмайди, кўзлардан ёш сизиб чиқади… Томошабинларнинг вужудлари қулоққа айланади. Актрисанинг буюк маҳорати ҳам шундаки, у ҳар бир хатти-ҳаракатини ирод этаётган сўз билан уйғунлаштира олади. Бу каби истеъдод эса ҳамма санъаткорга ҳам насиб этавермайди.
Минг афсуски, актриса кинода ва саҳнада оналар образларини талқин қилиш бахтига муяссар бўлган эса-да, ҳаёт унга фарзанд кўриб, она бўлишдек буюк бахтни раво кўрмагани учун ўғил фарзанд асраб олган.
Актриса 1991 йилнинг 14 январида 95 ёшида вафот этди.
Матлуба Маҳкамова тайёрлади
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 5-сон