Ўтган ХХ асрнинг ўттизинчи йиллари, собиқ шўролар мамлакатида янги алифбога ўтиш, аниқроғи саводизликни тугатиш ишлари авжига минган пайтлар эди. Шу сабаб, барча корхоналару муассасалар, ҳатто театрларга ҳам шу долзарб вазифа юклатилганди. Айни ўша кезлари маориф бўлимидан ёш ўқитувчи Ғани Аъзамов ҳозирги Миллий театрга юборилади ва дарс ўтишни бошлайди. Ўзи ёшгина йигит, “ўқувчилар”и эса Маннон Уйғур, Етим Бобожонов, Шукур Бурхонов, Обид Жалилов, Наби Раҳимов… Айтишларича, театр ходимлари спектаклдан кейин ё бўш пайтларда дарс ўтишар экан. Ана шундай кунларнинг бирида қайсидир комедия ўйналаётган вақтда муаллим Ғани Аъзамов папкасини қўлтиқлаб, парда орқасида спектаклни томоша қилиб турган экан. Нима ҳам бўлибди-ю, театр актёри машҳур кулги устаси Ҳожи Сиддиқ унга сездирмай орқа томонига ўтибди-да, итариб саҳнага чиқариб юборибди. Буни кутмаган Ғани Аъзамов ранги дока бўлиб кетган, дағ-дағ титрар, ҳадеб “Вой-дод! Бу қанақаси?” дея қичқирармиш. Шунда Ҳожи Сиддиқ Ғани Аъзамовни саҳна ортига судраб олиб кириб, “Мана, домламиз ҳам артист бўлдилар. Аллоҳу акбар!” деб фотиҳа ўқиб юборган экан. Тасодиф билан саҳнага чиқиб қолган муаллим театр “оғу”си билан бир умр “заҳарланиб” қолган бари ҳаётини санъатга бағишлади.
Ғани Аъзамов деганда, томошабин кўз ўнгига 60-йилларнинг охири 70-йилларнинг бошида саҳна юзини кўрган “Олтин девор” асарининг (Эркин Воҳидов) бош қаҳрамони Уста Мўмин образи келади. Мазкур комедия ўзбек миллий академик драма театрида қарийб қирқ йил саҳнадан тушмай келди. Комедиянинг бундай узоқ умр кўриши унда чинакам миллий характерлар яратилганлигида, айниқса, Уста Мўмин образида яққол исботини топади. Қизиғи шундаки, бу асарни атоқли режиссёр Тошхўжа Хўжаев саҳналаштираётган пайтда бу ролни Ғани Аъзамов қиёфасида кўра билган экан. Ўшанда олтмишга кирган Ўзбекистон халқ артисти Ғани Аъзамов табаррук тўқсон ёшигача бу ролни қиёмига етказиб ижро этиб келди.
Тошкент шаҳрида туғилиб вояга етган бўлғуси санъаткорнинг ижодий фаолиятига бир қур кўз ташласак, унинг театр санъатида қатор роллар ўйнаганига гувоҳ бўламиз ва ҳар бир ролда актёрнинг янгича маҳоратию қирраларини кашф этамиз. “Бой ила хизматчи”да Домла имом, “Алишер Навоий”да Мунажжим, “Чин муҳаббат”да Арслоншер, “Тоға-жиянлар”да Соқи Сумбат, “Қутлуғ қон”да Қамбар, “Сўнгги нусхалар”да Юсуф, “Қонли сароб”да Омонёр кўкнори, “Ревизор”да Бобчинский ва ҳоказо. Театр саҳнасида ижро этган бошқа кўплаб ролларидан ташқари у бадиий кинода ҳам талайгина образлар яратган. Жумладан, “Мафтунингман”да Сартарош, “Икки дил достони”да Қора шоҳ, “Суюнчи”да Холмат, “Темир хотин”да серҳунар чойхоначи, “Ёр-ёр”да милиционер сингари образлари халқимизга яхши таниш.
Айниқса, юқорида тилга олганимиз, “Олтин девор” асаридаги Уста Мўмин образи унга катта шуҳрат келтирди.
Асар муаллифи Эркин Воҳидов китобхонлар билан бўлган суҳбатларнинг бирида бу асарнинг яратилиш тарихи ҳақида сўзлаб пьесада ёзилмаган баъзи иборалар саҳналаштириш жараёнида топилганини эслаган эди. Масалан, Уста Мўминга табиб чақириладиган саҳна бор. Табибнинг Уста Мўминга қарата “бедананинг тухумидек калланг бор. Шундан нима ақл чиқарди?” – дейдиган гапи ҳам саҳнада топилган. Бу гап Ғани аканинг кичкинагина бошига ишора тарзида қўлланган. Ёхуд унинг хотини “Вой-дод, арслонимдан айрилиб қолдим”, деб дод солади. Қаҳрамон Уста Мўмин эса аслида чумчуқдек одам. Яна бир кулгили саҳна борки, бу саҳнани кўрган томошабин кулмасдан туролмайди. Уста Мўмин (Ғани Аъзамов) олтин солинган халтани ҳали самоварнинг тагидаги ғишт орасига беркитади, ҳали осиғлиқ турган суратнинг орқасига яширади, ҳали хонтахтадаги дастурхон тагига қўйиб, яна унинг ўзи “ҳе, дўппаймай ўл”, деб қўшиб ҳам қўяди. Мана шундай кулгили ҳолат ва вазиятлар саҳнанинг ўзида “импровизация” усулида топилган бўлиб, спектаклнинг янада жозибали чиқишига замин ҳозирлаган.
Табиатан содда, гўл Уста Мўмин олтин таъсирида ўз ҳаловатини, тинчини йўқотади. Унинг хатти-ҳаракатларида, қилиқларида ўзгариш содир бўлади. Ана шундай хатти-ҳаракатлар, қилиқлар ҳам актёр ижросида ниҳоятда жонли ва табиий чиққан. Айтишларича, томоша ишонарли чиқиши учун Ғани ака бир неча бор руҳий касаллар шифохонасига ҳам бориб, у ердаги беморларни кузатган экан. Саҳнада Ғани Аъзамов қанчалар содда ва кўнгилчан бўлмасин, ҳаётда ўзига яраша инжиқ, бироз қайсар, аммо ниҳоятда тўғрисўз ва ҳалол инсон бўлган.
Матлуба Маҳкамова тайёрлади
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 5-сон