Афсонавий лайнер “Титаник” чексиз океан бўйлаб сузиб бормоқда. Унинг бағрида эса ҳаёт қайнайди. Бир манзилга йўл олган турфа тақдирлар орасида икки қалб бир-бирини топади. Кемада туғилган бу оташин муҳаббат миллионларнинг қалбини ларзага келтиради… Леонардо де Каприо, Кейт Уинслет, Билли Зейном… Ҳа, бу ёддан чиқмас севги тарихи ва актёрлар номларини дунёга танитган фильм –“Титаник”! Унинг “отаси” Жеймс Кэмерон эса ўша қаҳрамонлари сингари шон-шуҳратга бурканган, инсониятни ўз санъати билан лол қолдирган “тирик афсона”!
1954 йилнинг 16 августида Канаданинг Капускасинг шаҳрида яшовчи муҳандис Кэмерон оиласида бир ўғил дунёга келади. Унинг исми Жеймс бўлиб, дастлаб Чиппьюда, сўнгра ота-онаси билан Калифорнияга кўчиб ўтиб, у ердаги мактабда савод чиқаради. Жеймс чапақай бўлса-да, расм солиш уқуви анчагина юқори бўлиб, бу унга онасидан ўтган хислат эди. Вақт ўтиб, Жеймс Калифорния университетининг физика факультети талабаси бўлади, бироқ ўқишни ўз ҳолича ташлаб қўйиб, кинофильмларни суратга олиш жараёнларига берилиб кетади. 1978 йилда икки мактабдош дўсти билан ўзини бу соҳада синаб кўрмоқчи бўлади ва“New World Pictures” киностудияси раҳбари Рожер Корман кўмагида қисқа метражли фильм суратга олади… Бу даврда кино оламида ўз ўрнини топиш, обрў қозониш унинг асосий мақсади эди. Шу сабабдан бўлса керак, оиласига етарлича эътибор бермагани боис, рафиқаси билан ўрталаридаги никоҳ бузилади.
Иттифоқо Кэмерон қаттиқ шамоллайди. Айни шу бетоблик кезларида унинг хаёлига ўзгача бир сценарий ғояси келади. Босинқираб, тушида кўзлари қизил ёниб, ўз шаклини ўзгартириб турувчи аёлни кўради ва тезда уни қоғозга туширади. Бу “Терминатор” номли сценарий бўлиб, Кэмерон уни кўрсатиб, жуда кўп режиссёрларга, кинокомпанияларга мурожаат қилади, аммо ҳеч ким у билан бирга ишлашни истамайди. Бироқ, сценарийни кўриб чиққан продюсер (кейинчалик рафиқаси) Гэйл Энн Хёрд уни суратга олиш учун бошқаларга учрашмаслигини сўрайди ва иш олдидан Жеймсга бир доллар беради. Ниҳоят 1884 йилда “Терминатор” фильми экран юзини кўради. Кэмерон ўзгача жанрдаги фильми билан ҳаммани лол қолдиради. Ниҳоят, унга омад ва шуҳрат эшиклари очилади. Илк ижоддаги муваффақият Жеймс Кэмеронга “Бегона”, “Жар”, “Чинакам ёлғон”, “Ажойиб кунлар”, “Терминатор 2” сингари бир қанча фильмларни тасвирга туширишга ҳам руҳан, ҳам моддий томондан имконият яратади. Режиссёр бу фильмлари билан ўз салоҳиятини намойиш қилишга улгуради. Аммо Жеймс Кэмероннинг чинакам шону шуҳрати 1997 йилда суратга олинган машҳур “Титаник” фильми билан боғлиқ. Мазкур фильм ижодкорлари бир неча “Оскар” ва турли халқаро кинофестивалларда хилма-хил номинациялар бўйича такрор-такрор ғолибликни қўлга киритдилар. Ҳанузгача бутун дунё томошабинларига севимли бўлган ушбу фильм ҳақида юзлаб телекўрсатувлар тайёрланган, минглаб мақолалар ёзилган… Жеймс Кэмерондан олдин ва кейин ҳам британияликларнинг 1912 йилда юз берган “Титаник” кемаси ҳалокати акс эттирилган 15 дан ортиқ турли жанрдаги фильмлар суратга олинган. Аммо Кэмероннинг фильмида инсон қалбида ва атрофида кечадиган ҳамма нарса – хиёнат, диёнат, разолату сохталик, нафс, улкан ҳадик, қўрқув даҳшати ва албатта бари-баридан ғолиб чиққан, баридан баланд тургувчи абадий ишқ тажассуми бор… Режиссёр ҳамда сценарий муаллифи Кэмерон шу йўл билан инсонлар қалбидаги эзгулик дарвозасини черта олган эди. Шунингдек, ушбу фильм замонавий кино технологияларидан фойдаланишнинг энг ёрқин ва мукаммал намунаси сифатида режиссёрнинг шуҳратига шуҳрат қўшди.
Канада халқининг ифтихори, Голливуднинг ёрқин юлдузига айланган Кэмерон “Титаник”дан сўнг маълум муддат бадиий фильмлар яратишдан чекланиб, телесериаллар, ҳужжатли фильмлар суратга олиш билан машғул бўлди. Довруғи жаҳон кино экранларида шов-шув бўлган “Титаник” мелодрамасидан кам бўлмаган, тамоман ўзгача услубдаги “Аватар” картинасига қадар у яна “Қора фаришта”(2000), “Бисмарк экспедицияси”(2002), “Ўпқон аломати: Титаник”, “Исонинг йўқолган қабри” (2007) яна бир қатор фильмлар ишлади. 2009 йилда “Аватар”нинг тақдим этилиши Кэмероннинг жаҳонда яна бир бор кинорекорд ўрнатишига сабаб бўлди. Саргузашт-фантастика жанридаги бу фильмнинг яратилиш тарихи узоқ йиллар аввал бошланган эди. Гарчи Кэмерон “Аватар” сценарийсининг асосий қисмини 1990 йилда ёзиб бўлган ва шу йилнинг ўзидаёқ суратга олиш ишларини бошлаган бўлса-да, уни 2006 йилга келиб тугатди. Турли сабабларга кўра кўп йиллик меҳнат эвазига дунёга келган фильмнинг дастлабки премьераси 2009 йил декабрь ойида Лондон, Канада, Россия мамлакатларида бўлиб ўтди ва энг кўп маблағ тўплаган оламшумул экшн фильм сифатида эътироф этилди. Фильм 2010 йилда бешта номинация бўйича “Оскар” мукофотига лойиқ топилди. Дарҳақиқат, “Аватар” охирги йилларда Голливуд кинокомпанияларида яратилаётган жангари-саргузашт картиналар орасида энг оригинал ва визиул эффектларларга бой фильм эди. Режиссёр бу муваффақиятли тақдимотидан кейин бир нечта фильмларга продюсерлик қилган бўлса-да, навбатдаги муаллифлик асарини олишга шошилмаяпти. Аксинча, “Аватар”нинг мантиқий давоми сифатида иккинчи ва учинчи фильмларини яратиш устида иш олиб бормоқда.
Режиссёрнинг шахсий ҳаёти у қадар ҳавас қиларли даражада эмаслиги кўпчиликка аён. У кўп бора уйланган ва ҳатто фильм яратиш борасида ўз рафиқаси билан ҳам рақобатга киришган. У кинонинг ўзидан ҳам кўра уни суратга олиш жараёнини хуш кўради. Бу Жеймс Кэмероннинг чинакам санъат кишиларида учрайдиган бироз ғалати, аммо ўзига хос жиҳатидир, эҳтимол…
Мафтуна Муҳаммадаминова тайёрлади
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 7-сон