“Санъат асари табиатига миллийлик қанча сингдирилса, у шунча умуминсоний ҳам бўлади”, деган гапда ҳақиқат бор. Заминдан узилмаган, халқ илдизларидан озиқланган ижод тури борки, умри асрларга тенглашади. Биргина ўзбек фольклори бағридан чиққан ялла, лапар, айтимлардан пайвандланган ашула, қоятошларга чекилган суврат вақти келиб сўз, мусиқа, тасвирий санъат мақомини олди, инсоннинг бутун умрлик ҳамроҳига, қисмат-тақдирига айланди. Бу йўлни ҳайиқмай танлаган, ундан бахтини топган, ҳатто қувонч-шодликларини санъат меҳнати, машаққатига алмашган фидойилар, чин санъат дарғалари эса ҳар бир миллат фахридир.
Ўзбек мусиқа санъати ўтган асрда катта истеъдод эгаларини кашф этди. Юнус Ражабий, Тўхтасин Жалилов, Ҳалима Носирова, Тамарахоним, Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов, Мухтор Ашрафий, Рейнгольд Глиэр, Эммануэл Бароев… бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин. Санаганларимизнинг бари ўзбек мусиқа санъатида ўз услуби, янги мусиқий йўналиши билан ном қолдирган, иқтидор эгаларини топишда, қадамларининг тетиклашида кўмаклашган бастакор-қўшиқчилардир.
Мана шундай устозлар, санъат фидойилари кашф этган иқтидор эгаларидан бири Саодат Қобуловадир. У 1925 йил 15 декабрда Марғилоннинг санъатга ошуфта кишилар хонадонида туғилди. Ўзбек хонандалик санъатида янги давр яратиб, Европа хонандалик хусусиятларини миллий ашулачилик йўли билан уйғунлаштирган Саодат Қобулова 15 ёшидан то умрининг охиригача мусиқа, ашула оламида яшади. Санъатдаги илк чиқишлари Марғилон жамоа ва давлат хўжаликлари театридан бошланиб, Муқимий номидаги ўзбек мусиқали драма ва комедия театрида давом этади. С.Абдулланинг “Тоҳир ва Зуҳра” мусиқали драмасида Қамар, К.Яшиннинг “Нурхон”ида Нурхон ролларини концерт ижрочилигида шу театр саҳнасида куйлайди. Орадан муайян вақт ўтиб, ёш хонанда учун яхши имконият туғилади. 1947–1948 йиллари ўзбекистонлик бир гуруҳ ёшлар билан Москвадаги ўзбек опера студиясида ижро маҳоратининг янги томонларини, опера сирларини ўрганади.
Ўзбекистонга қайтгач, Европа операси анъаналари билан миллий мусиқа меросини уйғунлаштириб, уларни Ж.Султонов, Т.Жалилов, Э.Бароевлардан ўрганади. Гўзал тембрли, ёрқин ва ширадор, таъсирчан овози Саодат Қобуловани элга танитди. Алишер Навоий опера ва балет театридаги узоқ йиллик ижодий фаолиятида Т.Содиқов, Р.Глиэрнинг “Лайли ва Мажнун” операсида Лайли, Жамила образлари, Т.Жалилов, Б.Бровциннинг “Тоҳир ва Зуҳра”сида Зуҳра, Т.Содиқов, Б.Зейдман, Ю.Ражабий, Д.Зокировнинг “Зайнаб ва Омон”ида Ҳури, С.Бобоевнинг “Ҳамза”сида Санобар, С.Юдаковнинг “Майсаранинг иши”да Ойхон каби партияларни кўнглини бериб ижро этади, қаҳрамонларининг ҳаёти билан яшайди. Ҳури, Ойхон партиялари ҳам саҳнавий, ҳам вокал ижроси жиҳатидан мукаммалиги билан ажралиб туради. Саодат Қобулова ижодининг энг ёрқин, баланд чўққиси Мухтор Ашрафийнинг “Дилором” операсида кўринади. “Кўп, жуда кўп миллий қўшиқларни куйладим. Олқишларга кўмилдим. Лекин ҳеч бири Дилоромга тенглаша олмайди. Кунларнинг бирида Мухтор Ашрафий овозимга мослаб мана шу операни ёзганини айтди. Тайёргарлик пайти Ашрафий эркин, қўрқмай куйлашга чақирар, қисмларни айтаётганимда кўзларини юмганча хонишимни тинглар, сўнг майда хатоларимгача таҳлил қиларди. Мен учун Дилором дилимга яқин, энг севимли, бироқ энг қийин партия бўлиб қолди”, деганди санъаткор суҳбатларидан бирида.
Саодат Қобулова ўзбек опера санъаткорлари ичида биринчилардан хориж классик операларини моҳирона ижро этади. Ж.Бизенинг “Марварид изловчилар”идаги Лейла, Ж.Россинининг “Севилия сартароши”даги Розина, Вердининг “Риголетто”сидаги Жилда, П.Чайковскийнинг “Иоланта”сидаги Иоланта, Ж.Пуччинининг “Богема”сидаги Мими ва бошқа партиялари ўзбек опера санъати тарихида янги саҳифаларни очган. Концерт ижрочилиги репертуарида “Галдир”, “Наврўз”, “Баёт-1, -2 -3, -4, -5”, “Сарахбори оромижон”, “Талқини баёт”, “Самарқанд ушшоғи”, “Бухоро ироғи”, “Дугоҳ” каби халқ ашула ва мумтоз мусиқа намуналари, “Дугоналар”, “Давра қўшиғи”, “Баҳор”, “Келса ногоҳ”, “Кашмирда” сингари ўзбек бастакорларининг асарларини маромига етказиб куйлаган. Дони Зокировнинг “Кўрмадим”, “Эй, сабо”, “Булбул”, Холхўжа Тўхтасиновнинг “Қора кўзлар”, “Айлагач” асарлари Саодат Қобулова учун махсус ёзилган.
1972 йилдан С.Қобулованинг ижоди педагоглик иши билан ҳам боғланади. У Ўзбекистон давлат консерваториясида вокал синфи профессори, кафедра мудири сифатида ўзбек мусиқа санъатининг кейинчалик етук намояндалари, истеъдодларига чинакам санъат асроридан сабоқ беради. Муяссар Раззоқова, Надежда Банделед, Латифа Асанова, Гулнора Бойжонова, Нодира Қобулова каби шогирдлар бугун устоз изини босмоқда. Оиланинг кейинги давомчилари Гулнора, Нодира Қобуловалар Ўзбекистон давлат консерваториясида фортепиано, академик хонандалик бўйича кўплаб шогирд-талабаларга устоз. Набиралар ичида Комила Аҳмаджонова бувисининг йўлидан борди.
Бетакрор овоз соҳиби, юксак иқтидор эгаси бўлган Саодат Қобулованинг ўзбек санъати ривожига қўшган ҳиссаси муносиб эътироф этилди. У “Дўстлик” (1998 йил), “Буюк хизматлари учун” (2001 йил) орденлари билан мукофотланди. Хонанда ҳақида “Ўзбектелефильм” томонидан “Саодат”, “Саодат Қобулова куйлайди” ҳужжатли фильмлари яратилди.
Ибратли умр кечирган, ҳавасга лойиқ ижод қилган Саодат Қобулова 2007 йил 12 октябрда ҳаётдан кўз юмди. “Мен ҳаётидан норози одамларни тушунмайман. Тақдир сизга нимани раво кўрса, шукр қилинг, қадрига етинг, ҳаётни севинг, дегим келаверади. Ҳаётимдаги яхши-ёмон кунлар, дилхираликлар, шодлик-қувончлар, машаққатлар учун, барчаси учун тақдиримдан миннатдорман!” дея ўз иқрорини айтган санъаткорнинг ижоди миллий санъатимиз хазинасидан муносиб ўрин олди.
Чарос Низомиддинова тайёрлади
“Жаҳон адабиёти”, 2015 йил, 12-сон