Сеҳрли овоз камдан-кам инсонларга ато этиладиган улуғ неъматларнинг биридир. Машҳур итальян хонандаси Андреа Бочелли шундай сеҳрли овози билан жаҳон мусиқа санъатида ўзининг беқиёс ўрнига эга бўлган санъаткордир. У 1958 йил 22 сентябрда Италиянинг Тоскана шаҳрида дунёга келган. Ёшлигидан мусиқага меҳр қўйиб, 6 ёшидаёқ фортепианода куй ижро этишни ўрганади. 7 ёшида флейта ва саксафон чолғуларида чалишни ўрганади ва ушбу чолғуларда мураккаб мусиқий асарларни ижро эта бошлайди. Аммо кичик Андреанинг кўзлари оғир хасталикка чалинади. Қилинган муолажалар кор қилмай, унинг кўзлари тобора хиралашиб бораверади. 12 ёшга кирганда Андреа бутунлай кўришдан маҳрум бўлади. Шунга қарамай, у тушкунликка тушмайди, аксинча, бор кучини санъатга бағишлаб, дунёни мусиқа орқали англашга ҳаракат қилади. Вужудида катта истеъдод яширинган болакай тез орада ўзи ўқийдиган мактабдаги хор жамоасининг яккахон хонандасига айланади ва кўплаб мусиқий танловларда кетма-кет ютуқларни қўлга кирита бошлайди. 1970 йилда “Margherita d’Oro” конкурсида “Osole mio” қўшиғи билан қатнашади ва ғолиб бўлади. Хор мактабини тамомлагач, Пиза университетининг юридик факультетида таҳсил олиб, юрист дипломини қўлга киритади. Бироқ, опера санъатига бўлган меҳри шу қадар баланд эдики, оқибатда Бочелли ҳуқуқшунослик мартабасидан хонандаликни устун қўяди. У дунёга машҳур тенор бўлишни, худди Дел Монако ва Франко Корелли сингари бетакрор ижрочилик чўққиларига эришишни орзу қилади. Орзуларини амалга ошириш мақсадида Италиянинг энг номдор санъаткорлари етишиб чиққан Турин шаҳрига келиб, машҳур Франко Корелли билан учрашади. Ёш Бочеллининг овозидаги ноёбликни ва унинг санъатга бўлган қайноқ муҳаббатини кўрган Корелли уни ўзига шогирдликка олади. Шу тариқа Андреа Бочелли классик ижрочилик йўналиши билан жиддий шуғулланади. Турин шаҳрида ҳеч кими бўлмаганлиги учун, Андреа ўзини-ўзи моддий жиҳатдан таъминлаши керак эди. Шу сабабли кундузи ўқиб, кечалари пул топиш мақсадида ресторанларда қўшиқ куйлайди. У классик ашулалардан ташқари, Фрэнк Синатра, Шарл Азнавур ва Эдит Пиаф сингари машхур эстрада хонандаларининг қўшиқларини ҳам маромига етказиб ижро этарди. Кўп ўтмай, классика ва эстрада йўналишларида бирдек бетакрор қўшиқлар куйлайдиган янги юлдузнинг довруғи Италия сарҳадлари оша бутун дунёга тарқала бошлайди. 1994 йилда Андреа Бочелли Сан-Ремо шаҳридаги халқаро мусиқа фестивалида қатнашиб, улкан муваффақиятга эришди. Бочелли ушбу фестивалда “Янги ижрочи” йўналиши бўйича олий мукофот билан тақдирланади. 1994 йилнинг сентябрь ойида эса Лучано Паваротти Андреа Бочеллини ўзининг “Pavarotti Internatsional” деб номланган катта концертига таклиф этади. Бу Бочелли учун жуда катта шараф эди. Чунки Моден шаҳрида бўлиб ўтган ушбу концертда Андреа Бочеллига буюк Лучано Паваротти билан ёнма-ён туриб куйлаш бахти насиб этганди. 1995 йилнинг ноябрь ойидан бошлаб Андреа Бочелли Европа бўйлаб ўзининг яккахон концертларини ташкил қилади. У Нидерландия, Белгия, Германия, Англия, Испания ва Франция саҳналарида миллионлаб кишиларнинг олқишига сазовор бўлди. Бир сўз билан айтганда, Андреа Бочелли ўсмирлик чоғидаги орзуларига эриша бошлади. Унинг мусиқий альбомлари миллионлаб нусхаларда Европа, Осиё ва Америка қитъаларида қўлма-қўл бўла бошлади. Бугунги кунда Бочеллининг дунё бўйлаб тарқалиб кетган компакт-дискларининг сони 65 миллиондан ошиб кетган ва у ҳозирда дунёдаги энг кўп нусхада мусиқий альбомлар чиқарувчи ва энг кўп мухлисга эга санъаткорлардан бири саналади. Италия опера саҳналаридаги “Богема” (Пуччини асари, 1995 йил), “Тоска” (Пуччини асари, 2001 йил), “Трубадур” (Верди асари, 2003 йил), “Вертер” (Массне асари, 2004 йил), “Кармен” (Бизе асари, 2005 йил), “Масхарабозлар” (Леонкавалло асари, 2006 йил), “Қишлоқ фидойиси” (Масканьи асари, 2006 йил), “Андре Шенье” (Жордано асари, 2010 йил) сингари операларнинг муваффақиятида Бочелли ижро этган партияларнинг ҳиссаси катта.
Дунё мусиқачилари Андреа Бочеллини Лучано Павароттидан кейинги энг буюк тенор сифатида баҳолашмоқда. Кўзи ожизлигига қарамай, Бочелли санъат оламида ўзининг мустаҳкам ўрнига эга бўлди ва ҳаётлигидаёқ ўз номини абадиятга муҳрлай олди. Андреа Бочелли 1996 йилда “Италия Республикасига кўрсатган буюк хизматлари учун”, 2009 йилда Доминика Республикасининг “Жаҳон санъати ва маданиятига қўшган улкан ҳиссаси учун” орденлари билан тақдирланган. 2010 йилнинг иккинчи мартида эса Андреа Бочеллининг номи Голливуддаги “Шараф йўлкаси”га муҳрланди ва унинг шарафига олтин юлдуз ўрнатилди. Буюк санъаткор учун энг олий мукофот албатта, дунё мусиқа санъати ихлосмандларининг муҳаббатидир.
Ҳуснида Қодирова тайёрлади
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 6-сон