Ўз илми ва салоҳияти билан замондошларидан бир неча асрга илгарилаб кетган, уйғониш даврининг буюк вакили Леонардо да Винчи (1452-1519) нафақат тенги йўқ рассом ва ҳайкалтарош, балки математика, жисмларнинг ҳаракатланиш қонунлари, анатомия, ёруғликнинг табиати, сайёралар ҳаракати, Ернинг ўтмиши, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини изчил тадқиқ этган буюк олим ҳам эди. Аммо бу даҳо шахс тўғрисида билганларимиздан билмаганимиз кўпроқ.
Леонардо Италиянинг Флоренсия ва Пиза шаҳарлари орасидаги Анкиано қишлоғида дунёга келди. Унинг отаси Перо да Винчи нотариус бўлиб, бадавлат аслзодалардан эди. Онаси Катерина эса оддий деҳқон қизи бўлган. Леонардо болалик чоғиданоқ иштиёқ билан меҳнат қилишга одатланди. 14 ёшидан бошлаб машҳур флоренсиялик ҳайкалтарош ва рассом Андреа Вероккодан таълим ола бошлади. Ёш рассомнинг биринчи мустақил ишларидан бири – “Гул ушлаган Мадонна” (“Бенуа Мадоннаси”, 1478 йил) асаридир. Манбаларда ёзилишича, Верокко ёшгина шогирдининг маҳоратига тан бериб, ўзи сурат чизишдан бутунлай воз кечган ва фақат ҳайкалтарошлик билан шуғулланган экан. Леонардо ҳар бир асари устида қунт билан ишлар, гўё унинг учун ўтаётган вақтнинг аҳамияти йўқдек эди. Бу унга берилган буюртмаларнинг баъзан вақтида тугалланмаслигига сабаб бўлар, буюртмачи билан низолар келиб чиқар эди. 1481 йилда мусаввирнинг Флоренсиядаги Сан-Донато монастридан олган буюртмаси “Сеҳргар таъзими” ҳам, “Авлиё Иероним” асари ҳам ярим тугал ҳолатда қолишига худди шу нарса сабаб бўлган.
Леонардо ўттиз ёшида тасвирий санъат ва ҳайкалтарошликда катта ютуқларга эришиш билан биргаликда етук ҳарбий инженер, меъмор, муҳандис ҳамда гидротехник сифатида ҳам намоён бўлди. Леонардо Милан герсоги Людовико Моронинг муҳандислар жамоасига қабул қилинади ва ҳаётининг кейинги – даврини Миланда, герсог саройида ўтказади. Бу ерда унинг ижоди ўзининг энг юқори чўққисига кўтарилди. “Бахт – қунт билан кўп меҳнат қилган кишига келади”, – деб айтарди Леонардо. Шунинг учун ҳам барча соҳада ўзини синаб кўрган да Винчи ҳеч қайсисида ҳаваскор бўлиб қолмади. Замондошлари унга муҳандислиги учун юксак баҳо берардилар: унинг лойиҳасига биноан Милан шаҳрини ичимлик суви билан таъминлайдиган катта канал қурилган эди. Айнан ўша даврдаёқ Леонардо анатомия билан қизиқиб қолди. Миланда у машҳур олим Марко Антонио делла Торре билан танишади ва унинг анатомик атласи учун бир нечта кўргазмали расмлар чизади. Ҳайратланарлиси шуки, у чизган расмларда инсон танасининг кичик қисмлари ҳам жуда аниқлик билан тасвирланган эди. Леонардо да Винчи фан ёрдамида кишилар меҳнатини енгиллаштиришни орзу қиларди. Унинг механика ва бошқа бир қатор соҳаларда амалга оширган кашфиётлари худди бетакрор суратлари каби юксак эътирофга лойиқ. Бизгача олимнинг Ёзувлар, чизмалар ва расмлар билан ифодаланган 7000 вараққа яқин ижод намуналари етиб келган. Унда Леонардонинг кўплаб кашфиётларини – токарлик ва тўқимачилик дастгоҳларининг ҳам, ип йигириш чархининг ҳам, сув ёрдамида ишга тушириш мумкин бўлган тегирмоннинг ҳам, ер ковлагич машинанинг ҳам, турбиналар ва юк кўтаргич асбобларнинг ҳам чизма ва расмларини кўриш мумкин.
Олим Миландалигида фанда катта ютуқларни қўлга киритган бўлса-да, бу нарса унинг диққатини тасвирий санъатдан чалғита олмаган. Бу ерда “Мадонна Литта”, “Қоядаги Мадонна” суратларини чизади. “Махфий кеча” сурати (1495-1497 йиллар)нинг яралиш тарихи эса жуда қизиқ бўлган. “Сант Мария делла Гратсие” монастри учун чизилган Мусаввирга ушбу асарни яратиш машаққатлардан ҳоли бўлмади. “Махфий кеча” деворий суратини яратаётган пайтида Леонардо да Винчи идеал андозаларни узоқ вақт излади. Леонардо ишни кўп марта тўхтатиб қўйиб, натуршикларни ахтарди. Бир куни черков хорини тинглаётиб, ёш қўшиқчилар орасида Исонинг мукаммал тимсолини учратиб қолди ва уни устахонага таклиф этиб, бир қанча хомаки суратлар чизди. Орадан яна уч йил ўтди. Асар деярли якунланган, аммо Леонардо Иудага мос келувчи “натуршик”ни ҳалиям тополмаганди. Бош черковнинг безаги учун масъул бўлган кардинал Леонардони шоширар, суратни тезроқ тугаллашни талаб қиларди. Ниҳоят, узоқ изланишлардан сўнг рассом ариқда думалаб ётган ёш, аммо барвақт қариган, ифлос, маст, жулдур кийимли бир одамга дуч келади. Хомаки сурат чизишга фурсат йўқ эди, Леонардо ёрдамчиларига уни черковга келтиришларини буюрди. Дайди-саёқни бир амаллаб судраб келишди. Бу одам нималар бўлаётганини, қаерда эканлигини билмас, Леонардо эса гуноҳларга ботган инсоннинг юз қиёфасини матога кўчирарди. Мусаввир ишини тугатганида у ҳам ўзига келади ва суратга яқинлашиб:
– Мен бу картинани аввал ҳам кўрганман! – деб юборади.
– Қачон? – ҳайратланиб сўрайди Леонардо.
– Уч йил бурун, ҳамма нарсадан айрилмасимдан аввал. У пайтлари хорда қўшиқ айтардим, ҳаётим орзуларга тўла эди. Ўшанда бир рассом менга қараб Исони тасвирлаган эди…
1499 йилда франсуз қўшинлари Миланни босиб олади. Шаҳар буткул вайрон қилинади. Аммо Венесия ҳам уруш ҳолатида турарди. Олим қандай бўлмасин, душманни мағлуб этиб, Венесия озодлиги ва тинчлигини сақлаб қолиш тўғрисида бош қотирарди. Ниҳоят, Леонардо қай йўсинда душман қўшинини мағлуб этиш йўлини топди. У сувдан душманга ҳамла (ҳужум) қилиш стратегиясини тузиб чиқди. Бунинг учун Леонардо сув ўтмайдиган теридан тайёрланувчи ғоввослик кийими ҳамда сув ости кемаси лойиҳасини яратди. Леонардонинг ғоввоси нафас олиш учун ҳаво билан тўлдирилган катта кўкрак чўнтаги ва эгилувчан найча билан таъминланган эди. Бироқ, кашфиёт яна кашфиётлигича қолиб кетади. Чунки, Леонардо бу кашфиётидан инсоният ғаразли мақсадларда ҳам фойдаланиши мумкинлигини билгани ҳолда уни оммага эълон қилмасликка қарор қилади. 1503 йилнинг 5 мартида у Венесиядан Флоренсияга, Республиканинг Пизага қарши уруши туфайли унинг ёрдамига эҳтиёж сезган гонфалонер Содерининг ҳузурига келади. 20 йилдан сўнг яна ўз она шаҳрига келган Леонардо бу ерда ўзининг ижод намуналарини жиддий илмий ишлар билан уйғунлаштиради. Айнан шу йили дунёга маълум ва машҳур “Мона Лиза” (“Жаконда”) асари дунёга келди. Суратда ёш аёлнинг ички дунёси, кечинмалари ва кайфияти ажойиб, сирли тарзда акс эттирилган. Бизга ёш аёл мийиғида кулиб, сокин ва ўйчан боқиб турибди. Кўз олдингизда юз қиёфаси ўзгараётгандек бўлиб кўринади: унда гоҳо хаёлчанлик, гоҳ сирли истеҳзо, гоҳо эса ғамгинлик намоён бўлади. Кенг, очиқ пешонаси, салгина қисиқ кўзлари, елкасидан пастга тушиб турган силлиқ сочлари, танасининг ҳайрон қоларли равишда бир текисдалиги табиий кўринади. Леонардо асарда кимнинг суратини чизганлиги тўғрисида ягона фикр йўқ. Кўпчилик бу суратда флоренсиялик бадавлат инсон Франческо Жаконданинг хотини тасвирланган деб тахмин қилишади. Машҳур психолог олим Фрейд эса Леонардо бу портретда ўз онаси ҳақидаги хотираларни мужассамлаштирган, деб фараз қилади. Бу ўзининг сурати дегувчилар ҳам йўқ эмас. Шуниси аниқки, асар бировнинг буюртмаси асосида чизилмаган. Агар шундай бўлганида рассом суратни, албатта, ўз эгасига топширган бўлар эди. Леонардо бу асарини жуда қадрлар, шахсий ва бебаҳо мулки сифатида доим ўзи билан олиб юрарди. “Менга чиндан-да илоҳий суратни яратиш насиб этди”, – дея ўз асарига баҳо беради буюк мусаввир. Ҳозир мазкур асар Франсиядаги Лувр музейида сақланмоқда. Флоренсияда мусаввир буюк асарлар яратиш билан бирга ўша даврда одамзотнинг тушига ҳам кирмаган кашфиётлар қилди. Леонардонинг бу ерда чизган чизмаларини кўра туриб, ҳақиқатдан ҳам у ўрта аср одамларидан жудаям фарқ қилгани, дунёқараши кенг, ғайритабиий инсон эканлигига яна бир бор амин бўламиз. Леонардо қушлар парвозини диққат билан кузатади ва уларнинг учиш схемасини тузиб чиқади. Агарда инсонда катта қанотлар бўлса ҳамда улар ёрдамида ҳаракатлана олса, у ҳам осмонда учиши мумкинлиги тўғрисида ўйлай бошлайди. Тинимсиз изланишлари натижасида бу фикрини математик ҳисоб-китоблар билан исботлайди. Лекин Леонардо осмон узра қилинажак парвозини нима сабабдан “кечиктиргани” тўғрисида аниқ бир хулосага келинмаган. Ушбу кашфиёт ҳам бошқалари каби фақатгина қоғозларда қолиб кетган.
1506 йилнинг баҳорида Леонардо яна Миланга кетади ва у ерда 1513 йилгача қолади. У ҳамон илмий масалалар билан қизиқиб, тасвирий санъатни фан билан бирга олиб боради. 1508-1512 йилларда Леонардо маршал Тривулсио ҳайкали устида ишлайди.
1513 йилда Жулио Медичи Леонардони Римга чақиради ва бу ерда 1517 йилгача бўлади. Шундан сўнг Франсия қироли Франсиск 1 нинг таклифи билан Франсияга келади. Франсиск 1 Леонардони жуда қадрлар эди ва унинг учун Амбуаза шаҳри яқинидаги Кло Люсе қасрини олиб беради. Бу даврда Леонардо асосий диққатини механика ва чизмаларга қаратган. Айнан Кло Люсе қасрида у ўзининг тасвирий санъатга оид китобини ёзади. Леонардо да Винчи 1519 йил 2 майда 67 ёшида вафот этди. Лекин у вақтни ўзига бўйсундирган олим эди. Вақтдан унумли фойдаланиш учун у ҳар 4 соатда 15 дақиқадан ухларди. Шу тарзда кундалик 8 соат уйқуни жами 1,5 соатга олиб келган. Натижада даҳо уйқу вақтининг бир йўла 75 фоизини тежаб қолган, бу эса унинг умрини амалда 67 ёшдан 100 ёшгача узайтирди. Айтишларича, у ўлими арафасида ёнида бўлган Франсиск И га умрида ниҳоятда кам иш қилгани учун одамлардан ҳамда Парвардигордан кечирим сўраган экан.
Шербек Ёдгоров
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2011).