1910 йилнинг 23 мартида Япония пойтахти Токио шаҳрида Куросавалар оиласида саккизинчи фарзанд – Акира дунёга келди. Ёшлигиданоқ унинг нафосатга иштиёқи баланд эди. Мактабнинг бошланғич синфида ўқиш баробарида, рассомлик санъати билан жиддий шуғуллана бошлайди. Акира у пайтларда асосан ғарб рассомчилиги соҳасида ўз маҳоратини ошириб боради. Унинг бу борадаги энг улкан ютуғи “Сейбуцу” асари бўлиб, 1928 йилда “Nika Exhibition” кўргазмасига қўйилган эди. Йигирма ёшга тўлган Акира коллежга ўқишга кира олмайди. Ғарб адабиёти, санъати ҳамда анъаналари борасида чуқур билим эгаллаган Куросава рассомчилик билан рўзғор тебрата олмаслигини англаб етади ва 1936 йилда режиссёр ёрдамчиси лавозимида ишлаш учун киностудияга ариза беради. У Кадзиро Ямамотога шогирд тушиб, ўзининг ижодий фаолиятини бошлайди.
Куросава етти йил давомида режиссёр ёрдамчиси бўлиб ишлайди. Ана шу даврдаги тинимсиз меҳнати маҳсули ўлароқ, унда мустақил равишда фильм суратга олиш имкони пайдо бўлади. “Дзюдо ҳақида афсоналар” (1943) Куросаванинг илк фильми бўлиб, сценарий муаллифи ҳам ўзи эди. Фильм XIX асрнинг охирларида дзюдо спорт турининг ривожи ҳақида ҳикоя қиларди. Куросава ушбу фильм орқали томошабинларга миллий якка курашлар билан шуғулланиш инсоннинг ҳам ахлоқий, ҳам жисмоний баркамоликка эришишида муҳим аҳамиятга эга эканлигини етказишга ҳаракат қилган.
Япония урушда мағлуб бўлгандан кейинги йиллар режиссёр замонавий мавзуларда фильм суратга ола бошлайди. Ана шундай фильмлардан бири “Ажойиб якшанба” (1974) бўлиб, унда икки севишган қалбнинг ҳеч қандай маблаққа эга бўлмаган ҳолда якшанба кунини табиат қўйнида мароқли ўтказишга уринишлари ҳақида ҳикоя қилинади. Фильм)да оддий одамлар турмуши ажойиб сюжет орқали ёритиб берилган. Ундан кейинги (“Сархуш фаришта”, “Яширин дуэль”, “Дайди ит”, “Жанжал” фильмларида Куросава жамиятда оддий фуқароларга нисбатан қилинаётган зуғум, ёвузликлар билан боғлиқ иллатларни фош қилади.
1951 йилда Венеция кинофестивалида бош мукофотга сазовор бўлган “Расёмон” фильми А.Куросавага оламшумул муваффақият олиб келади. Ушбу фильмнинг шуҳрати ғарбда япон кинематографиясига қизиқиш уйғонишига сабаб бўлди, у Оскар мукофотига ҳам лойиқ деб топилди. Шундан сўнг халқаро фестиваллар бу юрт санъаткорларисиз ўтмайдиган бўлди ва уларда япон ижодкорлари, албатта, бирон-бир мукофотга сазовор бўлишарди. Шунингдек, Куросаванинг кўплаб фильмлари ҳам турли совринларга сазовор бўларди. Куросава томонидан “Телба” (Достоевский асари асосида), “Тахт ва қон” (Шекспирнинг “Макбет” асари асосида), “Тубанликда” (М.Горький пьесаси асосида) каби бир қатор фильмлар суратга олинди. Куросава мумтоз ёзувчиларнинг ғоя ва услубларидан фойдаланган ҳолда, ҳақиқий японча руҳдаги фильмларни яратди.
Замондош адибларининг асарлари асосида суратга олинган “Осмон билан ер ўртасида”, “Жаннат ва дўзах”, “Умр кечирмоқ” фильмларида Куросава асосий эътиборни инсонпарварлик ғояларига қаратади ва ҳар қандай шароитда ҳам ҳалол, пок, тўғрисўз бўлиш, доим ҳақиқат учун курашиш, фақат яхшилик қилиш, эзгу ишларни амалга ошириш лозимлигини бот-бот таъкидлайди. Унинг қаҳрамонлари инсоннинг жамият томонидан камситилиши, хўрланиши ва қул сифатида фойдаланишига қарши курашишга томошабинни даъват этади.
Ана шундай фильмларни яратиш асносида халқаро санъат доираларида Куросаванинг обрўси ҳам ортиб бораверди. Шунинг баробарида, япон тараққийпарвар режиссёрларининг ҳам муваффақиятлари эл орасида шов-шув бўла бошлайди. Аммо продюсерлар, негадир ижод жараёнининг нозик томонларигача “бурун суқишни” ўзларининг бурчлари деб ҳисоблашарди. Бу эса, ўз навбатида режиссёрларнинг норозилигига сабаб бўларди. Шу боис Куросава мустақил равишда продюсерлик билан шуғулланишга бел боғлайди ва бор маблағини “Қизил соқол” (1965) фильмини суратга олиш учун сарф этади. Фильм ўша пайтдаги машҳур адиб Ямамото Сюгуронинг донг таратган романи асосида суратга олинган бўлиб, у Куросаванинг ижодида чўққи бўлган намуналардан бирига айланди десак, муболаға бўлмайди. Фильмнинг довруғ қозонишига шубҳа йўқ эди, аммо иқтисодий томони… Гарчи фильм жаҳон бўйлаб, турли мамлакатларда намойиш этилган бўлса-да, улардан йиғилган маблағ, афсуски, картинанинг сарф-харажатларини қоплай олмайди. Шунда оғир вазиятдан чиқиб кетиш мақсадида Куросава америкалик продюсерларнинг таклифларини қабул қилишга мажбур бўлади.
Куросава Американинг “XX Century Fox” компанияси билан шартнома тузади ва Америка-Япон уруши акс этган “Тора-Тора-Тора” фильми сценарийси устида иш бошлайди. У миллионлаб инсонларнинг ёстиғини қуритган, яқинларидан жудо қилган урушга қарши исён сифатида ниҳоятда жиддий, оламшумул бир фильм яратмоқчи, фильмда босқинчилик кулфатлари очиб берилиши керак эди, афсуски сценарий матни бевосита америкаликлар назоратида бўлди. Шунингдек, фильмнинг якуний монтаж ишлари билан америкалик мутахассисларгина шуғулланишлари кўзда тутилганди. Алалоқибат, машҳур режиссёр ушбу лойиҳадан воз кечди ва ўз юртига қайтиб кетди. Шубҳасиз, Куросаванинг лойиҳани тарк этиши америкаликларнинг норозилигига сабаб бўлди. АҚШ оммавий ахборот воситалари узоқ вақт мобайнида режиссёрнинг устидан мағзага ағдариш билан андармон бўлишди.
1969 йилда Акира Куросава ҳамкасб-ҳаммаслаклари билан “Тўрт чавандоз” номи остида мустақил кинокомпания очишга муваффақ бўлади. Куросава дўстларидан қарзга олинган маблағ эвазига қисқа муддат ичида, ҳеч қандай декорация ва таниқли актёрларсиз, шаҳар ахлатхонасида “Додэскадэн” фильмини суратга олади. Бу режиссёрнинг илк рангли фильми эди. Сценарий матнини яна ўша машҳур адиб Ямамото Сюгуро тақдим этганди. Фильм ахлатхоналарда яшайдиган ва туну кун унинг атрофида куймалашиб юрадиган, жамият учун аҳамиятсиз саналган кишилар ҳақида ҳикоя қилади. Тўғри, улар иркит ва ёввойи, қўпол ва доим сархуш, аммо биринчи навбатда тирик инсон-ку! Уларнинг ҳаёти ва ўзаро муносабатлари ўта жирканч, аммо баъзан мана шу инсонларнинг қалб тубида беркинган эзгулик, одамийлик, шунингдек ғурур ва шижоатни учратиш ҳам эҳтимолдан холи эмас…
Фильм премьераси Москвада ўтказилган VII халқаро кинофестивалда бўлиб ўтди. “Додэскадэн” катта шов-шув билан қарши олинди ва халқаро мукофотга сазовор бўлди. Фильм ҳақида ҳайрат ва завққа тўла минглаб тақризлар ёзилди. Ватанида эса мазкур фильмга ҳомийлик қилган компания тазйиқ остига олинди ва молиявий инқирозга юз тутди.
Бу орада матбуотда Куросава ўз жонига қасд қилибди, деган одамни эсанкиратиб қўювчи хабарлар чоп этилади. Режиссёр руҳий зўриқиш ва тушкунлик гирдобига ботади. Хайриятки, унинг ҳаётини сақлаб қолишади. Кейинчалик Куросава “Мосфильм” киностудияси билан ҳамкорликда “Дерсу Узала” (Арсеньев асари асосида) фильмини суратга олади. Фильм Куросаванинг энг кучли ва баланд савияли асарлари қаторидан жой олади. 1976 йилда ушбу фильм “Оскар” мукофотига сазовор бўлди ва картина дунё экранларида намойиш этилди.
1980 йилда буюк режиссёр “XX Century Fox” компанияси билан ҳамкорликда “Жангчи шарпаси” дея номланган монументал тарихий фильмни суратга олади. Фильм рангли тасвирда бўлиб, у асосан самурай жангчиларнинг ҳаётидан сўзлар эди. Картина катта экранларга чиққанидан сўнг яна ўша “эски қўшиқ” хиргойи қилина бошлайди: ғарбда фильм мисли кўрилмаган даражада муваффақият қозонади, кўплаб тақризларнинг ёзилишига сабаб бўлади-ю, Японияда эса аҳвол ўша-ўша – мукофот у ёқда турсин, бир оғиз ижобий сўз ҳам айтилмайди.
1983 йилда француз продюсерларидан бири Бунюэль таваккал қилиб, Франция молия вазирлигининг ёрдами, шунингдек, йирик япон киноижарачиларини кўндириб, Куросаванинг кейинги фильми учун уч миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ тўплайди.
Суратга олиш ишлари Япониянинг тоғли қисмида жойлашган кўҳна қасрлар, гўзал табиат қўйнида олиб борилади. Бироқ Фудзи ёнбағрида жойлашган, ёнғин туфайли харобага айланган асосий қасрнинг баъзи қисмларини таъмирлаш, баъзиларини эса қайта қуриш лозим эди. Фильмдаги минглаб одамлар ва отлар, жанг саҳналари, таниқли актёрларнинг иштироки, бир нечта камераларнинг баъзи сюжетларни бирваракайига суратга олиши – табиийки, буларнинг барчаси катта маблағни талаб этарди… Фақат Куросава бошчилигидаги маъмурий режиссёрлик гуруҳининг истеъдоди ва машаққатли меҳнати сабаб, барча муаммолар ўз ечимини топди. Ниҳоят, 1985 йилда интиқлик билан кутилган “Ран” кинофильми катта экран юзини кўради.
Ана шундай ажойиб режиссёрлик маҳорати туфайли Акира Куросава режиссёрлик номинацияси бўйича “Оскар” мукофотини қўлга киритади.
80 ёшида ҳам ғайрат ва шижоат тарк этмаган Куросава “Мадаадайо” (“Ҳали йўқ”) фильмини суратга олади. Ушбу фильм режиссёрнинг бошқа ҳайратомуз асарлари қатори катта шов-шувларга сабаб бўлади ва 1990 йилнинг март ойида унга нуфузли “Оскар” мукофоти топширилади.
1993 йилда режиссёр ўзининг сўнгги – “Ҳали эрта” деб номланувчи фильмини суратга олади.
Шубҳасиз, Акира Куросава жаҳон кино санъатига улкан ҳисса қўшган буюк режиссёрлардан эди. Тўғри, унинг ижодида ғарбнинг таъсири яққол сезилиб турарди. Аммо фильм қаҳрамонлари орқали шижоат, ҳақиқатпарастлик, ватанпарварлик, ҳаётга муҳаббат, инсоф, диёнат каби инсоний фазилатларни тарғиб қилгани таҳсинга лойиқ. Зеро, у яратган кўплаб фильмлар бошқа режиссёрлар учун катта мактаб вазифасини ўтагани шубҳасиз. Таниқли продюсер Жорж Лукас йирик эпопея саналмиш “Юлдузлар жанги” асари Куросаванинг “Махфий қалъадаги уч разил” фильмидан илҳомланиб суратга олинганини фахр билан айтиб ўтганди. Голливуд кино юлдузлари иштирокида суратга олинган “Таҳқирлаш” фильмига эса Куросаванинг “Расёмон” фильми асос бўлган экан.
1998 йилнинг 6 сентябрида оламдан ўтган буюк режиссёр Акира Куросаванинг Шарқ ва Ғарб маданиятини бирлаштиришда кўрсатган мислсиз хизмати жаҳон санъатида ўчмас из қолдирган.
Анвар Шер тайёрлади
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 3-сон