Сергей Рахманинов: “Мени танқид қилинглар, зора…”

“Мусиқа юракдан чиқиши шарт. Мен учун мусиқа яратиш – нафас олиш, озуқланиш билан баробар ҳаётий заруратдир”.

С.Рахманинов

Тарихда шундай ижодкорлар борки, уларнинг номлари асрлар оша сақланиб, яратган асарлари инсоният маданий хазинасининг нодир дурдонасига айланиб кетган.

Атоқли композитор Сергей Васильевич Рахманинов ана шундай ижодкорлар сирасига киради. Сергей Рахманинов 1873 йилнинг 1 апрелида Россиянинг Новгород губерниясида дворянлар оиласида туғилди. У болалигидан мусиқа санъатига меҳр қўйди. Оиладаги муҳит уни санъатнинг сеҳрли оламига етаклади. Бобоси Аркадий Александрович Рахманинов (1808-1881) – пианиночи ҳамда бир қатор романслар муаллифи бўлган. Сергей 4-5 ёшидаёқ фортепианода чалишни бошлаган. 9 ёшида Петербург консерваториясига қабул қилиниб, 12 ёшида Москва консерваториясида таълимни давом эттиради. 18 ёшида пианиночи, 19 ёшида эса композитор сифатида Москва консерваториясини муваффаққиятли тамомлайди. Ўқиш давридаёқ яратган Биринчи концерт, камер-чолғу асарлар ҳамда романслар композиторнинг келажаги порлоқ эканига умид уйғотганди. У диплом иши сифатида “Алеко” операсини ёзиб, юқори баҳо олишга эришади. 1897-1898 йилларда машҳур рус опера қўшиқчиси Фёдор Шаляпин билан ўзаро ижодий ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўяди. Рахманинов 31 ёшида Катта опера ва балет театрига бош дирижёр этиб тайинланади. (Таъкидлаш жоизки, бош дирижёр лавозимини эгаллаш учун у жуда кичик ёш саналади). С.Рахманинов Россия ва чет элларда пианиночи ва дирижёр сифатида концертларда мунтазам иштирок этиб, тингловчилар олқишига сазовор бўла бошлайди. 1917 йил февраль ва октябрь ойларида Россияда юз берган қонли инқилоблар С.Раҳманинов ҳаётида машъум из қолдиради. Ўз Ватанини бениҳоя севган ижодкор унинг таназзулини, фуқаролар ўртасидаги аёвсиз жангларни кўриб қаттиқ изтироб чекади. У Россияни аянчли аҳволда кўргандан кўра уни тарк этмоқни маъқулроқ билади. 1918 йил АҚШ га кўчиб ўтиб, асосан концерт фаолияти билан машғул бўлади. Мазкур даврда у Европа ва Америка давлатлари санъатсеварлари қалбидан чуқур жой олади.

Унинг аксарият асарлари ватанни мадҳ этишга бағишланган эди. С.Раҳманиновнинг хориждаги ижоди тўлиқ Ватан мадҳи, унинг оғриқлари ватанжудолик аламлари билан йўғ­рилган эди, десак, муболаға эмас. Сабаби у ўз юртига ниҳоятда меҳр қўйган ўз маънавий илдизларини юрт тупроғидан узоқларда озиқлантира билмас эди. Шунинг учун ҳам унинг кейинги бутун ижоди дард, аламу изтироб ифодаси бўлди. Юртидан келган арзимас муждани ҳам у кўзларига тўтиё қилди. Айниқса, Иккинчи Жаҳон уруши йиллари Россияда юз бераётган қонли муҳорабаларни илҳақ кузатиб борди. Ғалаба учун ҳатто топган маблағларини юбориб, ўз улушини қўшишга интилди. Урушнинг энг қалтис палласи – 1943 йилда жангларнинг Шўролар мамлакати учун ғалаба томон ўзгараётганини эшитиб умид билан дунёдан кўз юмади. Рахманинов ўз мусиқаси орқали ҳам бу жараёнларга шахсий муносабатини билдиришга муваффақ бўлган. Композитор учун соф инсоний туйғуларни теран ифода этиш бадиийлик мезони саналган. Композиторнинг сермазмун ва серқирра ижодида “Алеко”, “Франческо да Римини” опералари, “Баҳор” кантатаси, “Қўнғироқлар” поэмаси, фортепиано ва оркестр учун тўртта концерт, “Паганини мавзусига Рапсодия”, камер-чолғу ансамбллари учун мусиқалар, фантазиялар, “Симфоник рақслар”, сонаталар, этюдлар, прелюдиялар ва бошқа кўплаб асарлар алоҳида аҳамият касб этади.

Рус мусиқасининг дарғаси ҳи­соб­ланмиш П.Чайковскийнинг шахсан ўзи­ унга оқ йўл тилаган. Устозлари С.Танеев ва А.Аренскийлар композиторлик пиллапояларида уни қўллаб-қувватлаган эдилар. У рус мусиқа санъатида М.Глинка, П.Чайковский, Бородин, М.Мусоргский, Римский-Корсаков анъаналарини изчил давом эттирди.

С.Рахманинов янги ижодий та­мойи­лларни илгари сурган ис­ло­ҳот­чи-ижодкорлар тоифасига кирмайди, аксинча, у XIX аср охири – ХХ аср бошида рус ва ғарбий Европа мусиқасига хос йўналишдан оғишмайди. Унинг истеъдоди маълум мусиқий ифода воситаларини ўзига хос тарзда талқин этишга хизмат қилди. Ижодкорнинг мустақил ижодий тафаккури туфайли яралган асарлар унинг шахсий, инсоний қирралари етуклигидан дарак беради. У яратган ижод маҳсуллари бетакрорлиги ва оҳангдорлиги билан ажралиб туради. Бу ҳақда композиторнинг ўзи: “Оҳанг – бу мусиқанинг пойдевори, бинобарин, мукаммал куй гармоник безакни шакллантиришга хизмат қилади” – деган эди.

Мусиқий асар ёзиш жараёни мураккаб ва қизиқарли жараён бўлиб, бунда ғоя ҳам муҳим роль ўйнайди. Ғоя турли вазият, шароит ва вақтда тўсатдан юзага келиши мумкин. Айрим ҳолларда эса асар ғояси бир неча йиллар давомида композиторнинг фикри хаёлини банд этиб юради. Ғоя композитор учун асарнинг келгуси ривожини белгилаб беради. С.Рахманинов мусиқани қисқа вақт ичида нотага туширар, ёрқин истеъдоди туфайли унумли ижод этарди. У яратган “Алеко”, “Биринчи концерт”, “Учинчи концерт”, этюд-манзаралар, қатор романслар ана шундай асарлардандир. Ҳаттоки етук асарлардан саналмиш “Паганини мавзусидаги Рапсодия”, “Учинчи симфония” ва “Симфоник рақслар” асарини ҳам у қисқа вақт ичида қоғозга туширган. Шу билан бирга “Иккинчи симфония”, “Тўртинчи концерт” каби шиддатли асарлари бир неча йиллар давомида яратилгани маълум.

С.Рахманиновнинг нафақат му­си­қий асарлари, балки адабий-бадиий мероси – мақолалари, хатлари, хотиралари ҳам унинг ижодини теран англашга ёрдам беради. Ёзма равишда билдирган фикрлари унинг ниҳоятда ўткир зеҳн, кенг дунёқараш ва теран тафаккурга эга ижодкор эканлигидан далолат беради. Шу ўрин­да В.Р.Вильшау, И.Гофман, А.М.Керзин, М.С.Керзин, Н.К.Метнер, Н.С.­Мо­роз­­ов, С.А.Сатинга йўллаган мактуб­ларини эслатиб ўтиш ўринли. Композиторнинг эпистоляр мероси унинг ҳаёти ва ижодий йўлини, таассуротлари, ҳис-ҳаяжонларини акс эттиради. Рафиқаси Наталья Александровна: “Асар яратилиши жараёнида то бу асар тугамагунча мен унинг ҳатто нима ёзаётганини ҳам ҳеч қачон билмаганман”, – деб ёзган эди. Дарҳақиқат, С.Рахманинов табиатан жуда камгап, камсуқум инсон эди. Ёзаётган асари ҳақида ҳеч кимга гапиришни истамаган. Бу феълининг сабабини сўраганларга: “Асарни тугатиш-тугатмаслигим ҳали номаълум бўлгач, бу ҳақда гапирмаган ҳам маъқул”, – деб жавоб берган.

Ижодкор мактубларини варақлар эканмиз, унинг ўзига нисбатан ўта талабчан, танқидий муносабатда бўлганини англаймиз. Бунинг исботини қуйидаги мақоладаги фикрлардан ҳам кўришимиз мумкин: “Одамнинг ёши улғайгани сайин ўзига ишончи ҳам йўқолиб борар экан. Қилган ишлардан қаноат ҳосил қилган дамлар тобора камайиб, одам ички бир хотиржамликни соғиниб қолар экан. Ҳозирги вақтда камдан-кам ҳолларда қилаётган ишимдан хурсанд бўламан, ютуқларимни эслагим келмайди”, – деб ёзади. Ишга ана шундай муносабат замонавий композиторларга ҳам ибрат бўлмоғи лозим.

Таъкидлаш жоизки, С.Рахманинов ўзига ва асарларига ҳаддан зиёд танқидий муносабатда бўлганлиги боис, бир қатор етук асарларини нашр эттиришга ҳам жазм этмаган. Кўпгина асарлари композиторнинг вафотидан сўнг чоп этилган. 1893 йил 20 июлда унинг М.Слоновга йўллаган хатида қуйидагиларни ўқиймиз: “Нашр этилган романсларим йўқ, бўлмаса ҳам керак. Чунки мен басталаган романслар чоп этишга арзимайди”. Ваҳоланки, ўша пайтларда С.Рахманинов қаламига мансуб романслар академик хонандаларнинг ижро репертуаридан аллақачон ўрин эгаллаб бўлганди.

С.Рахманинов ижрочилик соҳасида ҳам ўта талабчан бўлган.

1897 йил 19 октябрида Н.Д.­Ска­лон­га ёзган хатида шундай дейди: “Чоршанба куни иккинчи маротаба “Самсон ва Далила” чалинаётганда дирижёрлик қилдим. Бу сафар ҳам биринчи галдагидек ўртача ўтди. Ваҳоланки, газеталар мени тинмай мақташмоқда. Мен эса уларга мутлақо ишонмайман!”

Дўстларидан ва у билан ижодий алоқада бўлган инсонлардан, айниқса, ёш композиторлардан у меҳнатсеварликни талаб қиларди. А.Затаевич деган шогирдининг композиторлик истеъдодини сезгач, уни қўллаб-қувватлаган асарларини нашр этилишига кўмак берган. Бироқ А.Затаевич жўнатган пьесаларни кўриб чиққач, ижодга кам вақт ажратаётганини сезади. Бу ҳақда А. Затевич­га хат йўллаб, шундай ёзади:

“Фикримча, Сиз яхши асар ярата оласиз, лекин негадир меҳнат қилишни истамаяпсиз!”.

С.Рахманинов фикрлари бугун ёш композиторлар учун истеъдод ва қобилиятдан фойдаланишда, мунтазам меҳнат қилиш кўникмасини эгаллашда ибрат бўла олади.

Композиторнинг фикрича, асосли танқид камчилик ва нуқсонларни енгишга ёрдам беради. Шу маънода дўсти М.Слоновни танқидий фикр­ларни баён этишга чорлагани эътиборлидир. Хатдан парча ўқиймиз: “Мен ёзган “Саламбо” сценарийси мукаммал чиқмаганлиги боис, танқидий фикрларингизни эшитсам, Сиздан мамнун бўлар эдим. Зора, улар тўғрилаш, ўзгартириш ва тўлдиришга ёрдам берса. Шу боис, марҳамат, бемалол танқид қилаверинг!”.

С.Рахманиновнинг эпистоляр ме­р­­оси билан танишиш ёш композитор, ижрочи ва мусиқашунослар учун ҳам, барча турдаги ижод аҳли учун ҳам ниҳоятда фойдали. Зеро, уларда композиторнинг нафақат ижодий тамойиллари, балки инсоний қиёфаси ҳам акс этади. Мусиқа – инсоният тақдирига, яхшилик ва эзгуликка, ишонч ва умиднинг мустаҳкамланишига, санъатга меҳр-муҳаббат уйғотишга хизмат қилгани сабабли, ҳали неча-неча авлодларнинг чинакам маънавий мулкига айланажак. Сергей Рахманинов мусиқаси ҳам шу йўлда хизмат қилади.

Моҳина Абророва тайёрлади

“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 4-сон