Одатда, маълум ва машҳур актёрлар ҳақида ёзишганда ё сўйлашганда, “у ўзига хос санъаткор эди” деб таърифлашади.
Аслида эса, бу сўзлар “бошқаларга ўхшамайдиган”, “такрорланмас” деган маъноларни ҳам англатадики, бу сифатни ҳамма актёрларга нисбатан қўллаб бўлмайди. Аммо, биз қуйида сўз юритишга чоғланаётган санъаткор – Амин Турдиев бундай таърифга ҳар томонлама муносиб саҳна усталаридан бири эди десак, муболаға бўлмас.
Амин Турдиев 1910 йилнинг 10 августида Тошкент шаҳрида туғилди.
Актёр ижодининг юлдузли онларида бу ном тилга олиниши билан, томошабинларнинг кўз олдида “Оғриқ тишлар” спектаклидаги Заргаров, “Қутлуғ қон”даги Тантибойвачча, “Гамлет”даги Кассио, “Бой ила хизматчи”даги Солиҳбой, “Алишер Навоий”даги Ҳусайн Бойқаро, “Имон”даги Санжаров, “Олтин девор”даги Абдусалом сингари турфа образлар намоён бўларди. Зеро, у театр санъати мухлисларининг севимли актёрларидан бири эди.
Ўз даврида унинг иштирокидаги “Стадионда учрашамиз” (Раис), “Бой ила хизматчи (Қодирқул мингбоши)”, “Фурқат” (Бек) сингари бадиий фильмлар тез-тез ойнайи жаҳонда намойиш этилар, Амин Турдиевнинг “ўзига хос” залворли овози ҳар ҳафта “Табассум” радиожурнали орқали эфирда янграрди. Зеро, ана шу халқ орасида довруғ қозонган ҳажвий радиожурналнинг асосчиларидан ва биринчи бошловчиларидан эди.
У ҳали ёшлигидаёқ шоир Ғафур Ғулом раҳбарлик қилган “Урфон” мактаби қошидаги драма тўгарагига қатнашиб, шу ерда саҳналаштирилган Абдулла Қодирийнинг “Бахтсиз куёв” спектаклда Куёв ролини ижро этган. Актёрлик фаолиятини Ҳамза номли театр қошидаги ишчи – сайёр труппасида бошлаган, ўтган асрнинг ўттизинчи йиллари аввалида эса асосий труппага ўтган. В.Ян ва Чўлпоннинг “Ҳужум” пьесаси асосидаги спектаклда Эшон, Ғ.Зафарийнинг “Ҳалима” асарида Ҳаммол, Фитратнинг “Арслон” асарида Деҳқон сингари катта-кичик роллар ижро этган. Кейинчалик Самарқанд ва Наманган вилоят театрларида бадиий раҳбар, Андижон вилоят театрида бош режиссёр, республика ёш томошабинлар театрида бадиий раҳбар вазифаларида ҳам ишлаган. Айни чоғда унда режиссёрлик касбига қизиқиш пайдо бўлган. Ўз вақтида таниқли рус актёри Лев Свердлин (“Насриддин Бухорода” бадиий фильмида Насриддин Афанди ролини ижро этган)га ёрдамчи бўлиб ишлаган, Н.Ладигин, И.Берсенов, Е.Амонтов, Ж.Обидов, Н.Алиева сингари режиссёрлар билан ҳамкорлик қилган. И.Султоннинг “Бургутнинг парвози”, Уйғуннинг “Она”, “Қалтис ҳазил”, “Навбаҳор”, М.Лермонтовнинг “Маскарад”, Туйғуннинг “Муҳаббат”, Ака-ука Турларнинг “Дераза ортида элчихона”, И.Ўктамовнинг “Кечирилмас гуноҳ”, М.Аблиевнинг “Шамсиқамар” сингари асарларини саҳналаштирган. Ўзи ҳам Иккинчи жаҳон уруши йилларида М.Шайхзоданинг “Жалолиддин” драмасида Чингизхон образини яратган.
Театршунослар кўпинча “Амин Турдиевнинг маҳорати салбий ва характерли образлар талқинида намоён бўлган”, дейишади. Агар бунинг ёнига “Амин Турдиев ўз қаҳрамонларининг ташқи қиёфасига, хатти-ҳаракатларига, юриш-туришига, айниқса, нутқига катта эътибор берарди”, деган фикрни ҳам қўшсак, унинг истеъдодли актёр эканлиги яққол намоён бўлади. Бу ўринда унинг ҳозирги Миллий академик драма театри саҳнасида ижро этган “Алишер Навоий” драмасидаги Ҳусайн Бойқаро ёки “Оғриқ тишлар” комедиясидаги Заргаров ролларини эслаб ўтмоқ жоиз. Шуниси диққатга сазоворки, бири бирига ўхшамаган ана шундай образларда унинг актёр сифатида ўз қаҳрамонларини чуқур психологик, драматик ва ҳажвий бўёқларда ифодалаганига шоҳид бўламиз.
Шу маънода уни ҳам Шукур Бурҳон, Олим Хўжаев, Ғани Аъзамов, Наби Раҳимов, Ҳамидулла Наримонов, Замира Ҳидоятова, Марям Ёқубова, Қудрат Хўжаев сингари ўзбек миллий театр санъатининг тараққиётига улкан ҳисса қўшган буюк санъаткорлардан бири эди дейиш мумкин. У эндиликда ўзбек миллий театри тарихида “Улуғларнинг бири” бўлиб қолди.
Замондошларининг хотирлашларича, Амин Турдиев сиртдан қанчалар серсавлат ва жиддий кўринса-да, ҳаётда тили бурро, ўта ҳозиржавоб, ниҳоятда ҳазил-ҳузулга ўч инсон бўлган экан.
Воқеан, Амин Турдиев қай бир йили оиласи билан дам олгани Кавказга борган ва кунлардан бир куни эр-хотин Тошкентни соғиниб озгинагина мошкичири пиширган экан. Энди овқатланамиз деб туришганда, кутилмаганда машҳур актёрни зиёрат қилгани бир неча чет эллик санъаткорлар меҳмон бўлиб келишибди. Турган гап, ўртада ноқулай вазият пайдо бўлган. “Овқатни ўртага тортайлик” дейишса, ҳаммага етмайди. Бош қотибди ва шунда Амин Турдиев уддабуронлик билан мошкичирини олиб чиқибди. Бир буханка нонни парраклаб кесиб, уларнинг устига мошкичирини суртиб, лаганга чиройли қилиб териб олиб кирибди, уни меҳмонларга “Ўзбекча икра” деб мақтабди. Чет эллик меҳмонлар эса мошкичири суртилган нон бўлакларни еб кўриб, ҳайрон қолишган ва бу ажойиб, тансиқ таом учун мезбонга миннатдорчилик билдиришган экан.
Амин Турдиев ҳаётда ана шунақа эпчил, топқир киши бўлиш билан бирга, айни чоғда ички маданияти ниҳоятда кучли, саҳнада ўзига ҳам, бошқаларга ҳам ўта талабчан санъаткорлардан бўлган.
Айтишларича, Амин Турдиев 1951 йили режиссёрлар Етим Бобожонов ва Александр Гинзбург томонидан саҳналаштирилган “Жон тинчлик аскари” деган спектаклда бош қаҳрамон Жон Робертсон ролини қиёмига етказиб ижро этган ва бу образи янада тўлақонли, ишончли чиқиши учун ҳатто асардаги инглизча қўшиқни ҳам саҳнада айтиб ҳаммани ҳайратга солган экан.
Яна бир диққатга молик томони, Амин Турдиев ўзбек актёрлари орасида биринчилардан бўлиб миллий театр санъатимиз ва унинг улкан намояндалари ҳақида китоб ёзиб қолдирган бўлиб, у “Саҳнам, саҳнадошларим” деб номланади ва бу асар ҳозирда “бестселлер” китоблар сирасига киради.
Ўзбекистон радиосининг “Радиотеатр” бўлимида ишлаб юрган кезларим Амин Турдиев билан бир неча бор учрашган, суҳбатлашишга муяссар бўлган эдим. Ўшанда у “актёр” (роль ижро этувчи) киму, “артист” (юксак маҳоратга эга санъаткор) кимлиги, улар ўртасидаги фарқ, “роль” нимаю, “образ” нималиги ҳақида ниҳоятда қизиқарли гаплар айтиб берган, “Актёр ўз ҳаёти, ижоди давомида юзта роль ўйнаши мумкин, аммо улар орасидан биттаси ёки иккитаси образ даражасига кўтарилади ёхуд кўтарила олмайди”, деган ва бунга мисол тариқасида Ш.Бурҳоннинг Шоҳ Эдип, О.Хўжаевнинг Алишер Навоий, Ғ.Аъзамовнинг Уста Мўмин, З.Садриеванинг Фармонбиби сингари машҳур роллари чинакам образ намуналари эканлигини чиройли таҳлил қилиб берганди.
Амин Турдиев ана шундай, том маънода саҳна санъатининг билимдони ҳамда фидойиси эди ва замондошлар, санъат мухлислари хотирасида шундай бўлиб қолади.
Ўзбекистон халқ артисти Амин Турдиев 1978 йилнинг 13 мартида Тошкентда вафот этган.
Эркин Усмонов
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 8-сон