Рекордлар ўрнатган санъаткор (Лучано Паваротти)

Ўзбекистон халқ артистлари Муножот Йўлчиева, Матлуба Дадабоева, Муяссар Раззоқова, марҳум Турғун Алиматов ва бошқа атоқли санъаткорларимиз Европанинг энг катта санъат даргоҳларида концерт бериб, халқимизнинг нодир куй ва қўшиқларини кўз-кўзлаб, европаликларни лол қолдирган бўлсалар, “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали доирасида жаҳон мусиқаси юлдузларининг бетакрор ижод намуналари билан яқиндан танишиб олдик. (Ҳа, мана буни ҳақиқий тамаддунлар сўзлашуви, мулоқоти деса бўлади…)

Юқорида тилга олинган европалик машҳур санъаткорлар қаторида опера ва бошқа мумтоз мусиқа санъати ижрочилиги борасида ўзининг алоҳида мақомига эга бўлган италиялик тенор Лучано Паваротти ҳам Ўзбекистонимизга келиб, бизнинг юртимиз ҳам Италиядек қадимий тамаддунлар бешиги эканлигига қойил қолишига, шунингдек, санъат мухлисларини бетакрор овози билан хушнуд қилишига умидвор бўлган эдик. Аммо ҳамма эзгу ишлар учун фақатгина орзу, истак кифоя эмас экан…

Биринчидан, у 2004 йили опера саҳнаси билан видолашди, кўп ўтмай, аниқроғи, 2007 йил 6 сентябрь куни ҳаётдан кўз юмди.

Биз – унинг ўзбекистонлик мухлисларига энди ундан қолган беназир ижро намуналари, исёнкор овози, у ҳақидаги мақолалар, замондошларининг ширин хотираларигина завқ бера олади холос.

Лучано Павароттининг таржимаи ҳоли ҳам бошқа санъат юлдузлари сингари жуда қизиқ, ажойиб тасодифларга бой. У 1935 йил 12 октябрь куни Италиянинг Моден шаҳарчасида оддий оилада дунёга келди. Отаси баритон овозига эга эди. Лекин саҳнага чиқишга журъат қилолмасди. Шу боисдан ҳам оила, қўни-қўшнилар давраларида бажону дил куйларди. Аммо опера унинг ўғлига катта шон-шуҳрат келтирди. У отаси билан опера театри хорида қатнашди, 18 ёшида ўқитувчилик курсига боради. Ота-бола Ланголлен (Уэльс) шаҳрида бўлиб ўтган хор фестивалида қатнашиб, юқори даражали совринга сазовор бўлишади. Ушбу воқеа Паваротти ҳаётида катта бурилиш ясади. У энди бор кучини санъатнинг сеҳрли оламини кашф этишга сарфларди. Атоқли қўшиқчи Ди Стафанонини қайта-қайта эшитарди, А.Пол ва Э.Кампогаляни каби устозлардан вокал техникасини ўрганди. Унинг таъкидлашича, ижодига яна бир буюк санъаткор – Карузонинг таъсири кучли бўлган.

Ҳар бир концерт ёки танлов унинг Аллоҳ томонидан берилган истеъдод қиррасини устозлар, дирижёрлар, энг муҳими, минглаб санъат шайдолари олдида очиб беришга туртки бўларди. Унинг илк концерти 1961 йил Реджо-нел-Эмилия шаҳарчасида бўлиб ўтди. Оркестр ёрдамида “Дарвеш ижодкор” (русчада “Богема”)да Рудольф партиясини ижро этди. Палермо шаҳрида “Риголетто”да Туллио Серафинни ўз ижросида мухлисларга тақдим этди.

Лучано Паваротти Италиянинг музофот театрларидан ташқари, Европанинг бошқа мамлакатларида, масалан, Голландия ва Буюк Британияга ижодий сафарлар билан борди. Милан шаҳридаги “Ла-Скала” театрининг саҳнасига чиқиш ҳар қандай опера хонандасинииг, жумладан, Павароттининг ҳам энг юксак орзуларидан бири эди. Павароттининг айнан мана шу орзуси 1965 йилда рўёбга чиқди. У Герберт фон Караян билан “Дарвеш ижодкор” операсидан Рудольф партиясини ижро этди. Энди Лучанони санъат қасрининг шоҳсаҳналари кутмоқда эди. У энг машҳур опера қўшиқчи аёллардан бири Жоан Сазерлинд билан дунёнинг катта-катта театрларида ўз маҳоратини кўрсатишга муяссар бўлди.

1968 йил Павароттининг АҚШдаги дебют концерти бўлиб ўтди. Унинг мухлислари шу даражада кўп эдики, гастроллари ҳаттоки икки йил олдин режалаштириладиган бўлди. 1969 йил Сан-Францисконинг Опера театрида Павароттининг концерти бўлаётган пайтда ер силкинади, томошабинлар ваҳимага тушиб, зални тарк эта бошлайдилар. Шу онларда саҳнада Лучано партнерини маҳкам бағрига босиб, жарангдор овози билан шундай опера куйлайдики, одамлар секин-секин залга қайтадилар. Ана санъатнинг сеҳри, қудрати!

Унинг овози, истеъдодини тадқиқотчилар “табиат мўъжизаси” деб бежиз айтишмаган. Буюк санъаткорнинг “Бал-маскарад”, “Луиза Миллер”, “Турандот”, “Кармен”, “Вертер”, “Эрнани” ва бошқа қирқдан ортиқ спектакллардаги ижро намуналари жаҳон мусиқасининг олтин фондидан ўрин олди. У рок-юлдузлари Дзукеро, Стинг, Брайан Адамс, “U2” ирланд гуруҳи билан концертда қатнашиб, “Мен дунёдаги энг оғир вазнли рэппер” дея ўзига ҳазиломуз баҳо берганди. Унинг эстрада юлдузлари билан концертлар ёзувлари миллионлаб нусхада дунёга тарқалган. Паваротти Майкл Жексон, Селин Дион, Жо Кокер, Стинг, Боно, Эрик Клэптон каби бир қатор эстрада санъати юлдузлари билан дуэт ижро этган. Бу ҳам унинг истеъдодининг кўп қирралиги, овоз диапозони кенглигидан далолат беради. 1990 йил опера тарихида нодир воқеа содир бўлди. Уч нафар машҳур тенор – Доминго, Каррераса ва Паваротти биргаликда саҳнага чиқишди.

Павароттининг сўнгги концертида (2004 йил) гарчанд овози унчалик яхши янграмаган бўлса-да, залда ўтирганлар уни 11 дақиқалик гулдурос олқишлар билан кузатдилар. “Метрополитен-опера” саҳнасидаги чиқишларидан бирида эса, Паваротти томошабинларнинг кайфиятини шу даражада кўтардики, пардани 160 маротаба кўтаришга тўғри келган. Бу факт Гиннес рекордлари китобига ҳам киритилган.

Унинг яна бир рекорди: у Хосе Каррерас ва Пласида Доминго билан Рим шаҳридаги Каракалли ҳаммомлари ҳудудида Пуччинининг Nessundorma ариясини ижро этганларидан сўнг, ушбу концерт ёзуви нусхалари дунёнинг бошқа мамлакатларида энг кўп миқдорда тарқалиб кетди ва сон бўйича Гиннес китобига киритилди. Машҳур тенор дунё бўйлаб саҳналарда энг кўп томошабинларни жамларди. Нью-Йоркнинг Марказий боғида унинг концертига ярим миллион мухлис келди. Бу ҳам Гиннес рекордлари китобида қайд қилинган.

1990 йил Футбол бўйича жаҳон чемпионатининг очилишида Nessundorma ариясини ижро қилиш Лучано Павароттига янада оламшумул шуҳрат келтирди. Энг қизиғи, Лучано ўзи ҳам футболни севарди, болалигида ҳатто футболчи бўлмоқчи эди. У “Ювентус” футбол командасининг ашаддий мухлиси эди. Гоҳида бу команданинг эски ўйинларини ёзувларда қайтадан томоша қиларди.

Паваротти ўз ижодига ҳамиша танқидий кўз билан қараган устоз санъаткор бўлган. “Машҳур кишиларнинг ҳаётида уларнинг фаолиятига нисбатан танқид бўлиши зарур, акс ҳолда яшаш зерикарли бўлади. Шахсан мен мунаққидларимни ҳамиша ҳурмат қиламан ва улардан хафа бўлмайман”, деган эди.

Дўстлари Павароттининг 150 килоли жуссасига баҳо бериб, ҳазиломуз “Big P”. (“Улкан”, “Буюк”) деб чақиришарди. Бу тахаллус, аслида, унинг оғирлигидан ташқари, энг аввало санъат оламидаги ўрни, мақомига мос эди. У мусиқа осмонидаги улкан ва порлоқ юлдуз эди. Лекин вазни оғирлиги билан латифаларга айланган қизиқ воқеалар рўй берган. Биринчидан, тикувчилар учун катта муаммо туғдирган. Иккинчиси, стул билан боғлиқ. Масалан, “Тоска” операсида Паварроттининг қаҳрамони оғир исканжалар, қийноқлардан сўнг оғир аҳволда, зўрға оёққа туриб, ўзини стулга ташлайди. Паваротти машқ жараёнида стулга хавфсираб қарайди-да, режиссёрга ушбу стул унинг оғирлигини кўтара олмаслигини айтади. Режиссёр, стул олдиндан темир билан мустаҳкамлангани, хавотир олмаслигини айтади. Стул машқ “имтиҳони”дан ўтди. Аммо премьера куни Павароттини стул кўтара олмади ва синиб кетди…

Лучанонинг оилавий ҳаётига оид икки оғиз сўз: у ўз турмуш ўртоғи Адуа билан етти ёшлигида унаштирилганди. 1961 йил концертидан олган биринчи гонорари туфайли тўйлари бўлиб ўтади. Адуа машҳур санъаткорнинг барча инжиқликлари, узоқ муддатли ижодий сафарлари, кўп сонли меҳмонларидан очиқчасига норозилик билдирмасди. “Биргаликдаги бутун умримиз давомида у билан кўпроқ телефонда сўзлашардим. Ҳатто қизининг дунёга келишини ҳам телефон орқали билган”, деб эслайди у. Паваротти 61 ёшида котибаси 27 ёшли Николетта Мантованига уйланади.

– Лучано Паворотти билан учрашув бир умр ёдимда қолади, – дейди Ўзбекистон халқ артисти Муяссар Раззоқова. – Мен 1990 йил Рим шаҳрида жаҳоннинг турли мамлакатларидан келган ёш операчилар фестивалида қатнашганман. Бу фестивалга Паваротти келиб, барчамизга куч бағишлаган. У инсон сифатида жуда дилкаш, кўнгли очиқ, хушсуҳбат, камтар эди. Муомаласи бизни лол қолдирганди.

Лучано Паваротти қанчалик буюк санъаткор, беназир истеъдод соҳиби бўлмасин, интизом, масъулият борасида намуна эмас эди. Унинг инжиқликлари туфайли гоҳида концертлари қолдириларди ёки бошқа вақтга кўчириларди.

Журналистларнинг “Сиз ҳаётда ҳамма нарсага эришдингизми?” деган саволига шундай жавоб берган эди: “Йўқ. Масалан, мен яна фарзандли бўлишни орзу қиламан. Қолаверса, дунёнинг мушкулоти жуда кўп. Жаҳоннинг турли гўшаларида оч юрган болалар, бемор инсонларни кўриш мен учун жуда аянчли. Хайрия ишлари ижодимнинг яна бир жиҳати бўлади”. “Барчамизнинг тақдиримиз Яратгувчининг қўлида. Афсуски, ёшлигимизда соғлигимиз ҳақида ўйламаймиз, қайғурмаймиз. Қарилик яқинлашган сари унинг товонини тўлашга мажбурмиз”, деган эди беморлик чоғида.

Павароттининг ҳаётга, ижодга нисбатан мана шундай ҳикматли ва ибратомуз қарашлари барча ижодкорлар учун сабоқ бўлса, ажаб эмас.

Шоқаҳҳор Салимов  тайёрлади

“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 10-сон