ХХ асрнинг иккинчи ярмида сўниб бораётган қизиқчилик санъатига қайта жон бағишлаган санъаткор, ёшлар қалбида ҳазил-мутойибага бўлган иштиёқни муҳаббатга айлантира олган кулгу устаси Муҳиддин Дарвешев 1938 йилнинг 26-февралида Фарғона вилоятининг Бувайда туманидаги Оққўрғон қишлоғида туғилган. У кишининг отаси Дарвешали аравасоз уста бўлган. Муҳиддин Дарвешев аввал ўрта мактабда таълим олиб, сўнгра Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтининг “Агрономия” факультетига ўқишга кирган. У илм олиш билан бирга, ўқув юртидаги турли кечаларда, тадбирларда режиссёр ва ижрочи бўлиб ҳам фаол иштирок этган. 1959 йилда ўқишни тугатган Муҳиддин Дарвешев ўз қишлоғи Оққўрғонда агрономлик қилган. Муҳиддин Дарвешевнинг санъатга бўлган қизиқиши жуда кучли бўлганлиги туфайли у тез орада ўз ўрни қишлоқ хўжалигида эмас, балки саҳнада эканлигини англайди. Аввал бошлаб “Бувайда”, “Учкўприк” туманларидаги маданият уйларида, сўнгра Қўқон театрида фаолият юритган. У ўзининг қатор ичакузди ҳангомаларини ижро этиб элга танилган. Бугун Муҳиддин қизиқ деганда, халқимиз кўз ўнгида оқ яктакда дўппини қийшайтириб кийиб олган қизиқчи сиймоси гавдаланади. Муҳиддин қизиқнинг от ўғриси ҳақидаги ҳангомасида ҳақиқий чапани бир йигит образини кўришимиз мумкин. Муҳиддин Дарвешев сал букчайиб ўзига хос шевада, қошларини қийшайтириб, қўл ҳаракатлари билан ўзгача бир юз ифодасида бу йигит қиёфасини маҳорат билан гавдалантирган.
Муҳиддин қизиқ ўзининг ичакузди ҳангомаларини турли хил характерларда ижро этиб, жуда кўпчиликни кулдира олган ўзбек анъанавий театрининг етук намояндаларидан бири бўлган. Муҳиддин қизиқнинг таҳсинга лойиқ ажойиб одатларидан бири, қаердаки ёш қизиқчи, аскиячи чиқса, албатта уни топиб, танишиб, қаноти остига олиб тарбиялар экан. Муҳиддин қизиқ аскияга уста бўлиш билан бирга, атрофига қизиқчиликка ишқибоз ёшларни ҳам йиға билган устоз эди. Муҳиддин қизиқ ана шундай ёшлар билан республикада биринчи бўлиб 1986 йил Бувайда тумани маданият уйи қошида “Қаҳқаҳа” театр студиясини ташкил қилган. Бу театрга Ўктамжон Юсупов, Юлдошхон Носиров, Жўрахон Пўлатов, Баҳодир Шокиров, Мансуржон Охунов каби ёш қизиқчи, аскиячиларни жалб қилиб, турли оммавий асарларни саҳналаштирган. Муҳиддин қизиқнинг бундай серқирра ижодини кузатиб, ўзига хос мактаб яратган ижодкор эканлигига амин бўламиз. Санъаткорнинг шогирдларидан бири Абдухолиқ Мамарасуловнинг таъкидлашича, Муҳиддин Дарвешев доим: “Менинг шогирдларим вақти келиб катта қизиқчилар армиясига айланади, мен, насиб бўлса, уларнинг генерали бўламан”, деб кўп такрорлар экан. Муҳиддин қизиқнинг яна бир истеъдоди – фақатгина ўзбекларга хос бўлган аскиячилик санъатида ҳам баракали ижод қилиб, пайровларни маромига етказиб ижро этганлигидир. Унинг Мансуржон Охунов билан бирга ижро этган пайрови аскиячиликда янгилик, деб тан олинган.
Муҳиддин қизиқ аскияларидаги, ҳангомаларидаги ҳар бир сўзни товлантириб юборган. Шунинг учун ҳам унинг ҳангомалари томошабин дилидан жой олган. Шу боис моҳир қизиқчи чеҳрасини кўрган томошабинки бор, юзига кулгу югуради. Муҳиддин қизиқ нафақат ўзбек тилида, балки рус, қозоқ, қирғиз тожик тилларида ҳам қизиқдан-қизиқ ҳангомалар яратиб, қўшни давлатлар – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистонда ўз дастурларини ижро этиб, шуҳрат қозонган. Биз Муҳиддин қизиқ репертуарларидан ўрин олган “Бир камаз тахта” ҳақидаги ҳангомадан санъаткорнинг серқирра қизиқчи эканлигига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Муҳиддин Дарвешев бу ҳангомасини бир нечта тилларда ижро этган. Айнан мана шу ҳангомада овоз имкониятлари ҳам кўзга ташланади. Қолаверса, бир ҳангоманинг ўзида бир нечта миллатга хос овоз, кўз қарашлари билан хилма-хил образлар ижро этиш фақатгина моҳир актёрнинггина қўлидан келиши мумкин.
Муҳиддин Дарвешевнинг ҳажвий ҳикоялар ёзувчиси Анвар Муқимов билан ҳамкорлиги санъаткорнинг ижодини яна бир поғона юқорига кўтаради. Муҳиддин Дарвешев Анвар Муқимовнинг “Ичкиликнинг шарофати”, “Хотинимдан ўргилай”, “Ўзимни тўхтатолмайман” каби ҳажвияларини катта маҳорат билан ижро этиб, қизиқчилигимизда бўлмаган “монолог” жанрига асос солган ва уни ривожлантирган. Муҳиддин қизиқ Теша қизиқ Комилов ва Охунжон қизиқларга эргашиб, “Сартарош”, “Самолёт”, “Ичкиликнинг оқибати”, “Ашулачининг калтак ейиши” каби кулги-ҳикояларни ижро этган. У ҳаётий воқеалар асосида мустақил равишда кулги-ҳикоя, латифа ва ҳангомалар тўқиб, ижросини ҳам маромига етказган истеъдодли санъаткор ҳисобланган. Муҳиддин қизиқнинг репертуари ниҳоятда бой. Ўзига хос томонларидан яна бири, у гарчи кулги-ҳикоя, латифа жанрида ижод қилган бўлса-да, қатор чиқишларида уларни бир-бирига боғлаб намойиш этиши туфайли ўз ҳаёти ва устоз қизиқлар ҳаётидан олинган кулги-ҳикоя ва латифалар; Абдурайим довдир ва Мамарайим эркак саргузаштлари ва ҳаётий воқеалар асосига қурилган латифалар каби туркум дастурларни яратган.
Муҳиддин Дарвешев ҳар бир туркум қаҳрамони қиёфасига бир зумда кира олиш, сўзларни салмоқлаб, чертиб-чертиб айтиш, кўзлари, қошларини ўйнатиб, қўлларини ҳаракатга келтириб, лаҳзада турли қиёфаларда гавдалантириш салоҳиятига эга бўлган.
Ўзбек анъанавий театрининг яна бир етук намояндаси хонандаю созанда, моҳир корфармон – Ака Бухор (Бухоржон Зокиров) халқ томошалари, сайилларида, тўйларда ўз томошаларини партнёрлар билан ижро этиб халқни хурсанд қилган бўлса, Муҳиддин қизиқ, асосан, бир ўзи ижро этиб, томошабин кўнглидан жой олган. Ушбу якка ижро ҳам Муҳиддин Дарвешев ижодининг ўзига хос жиҳати, дейиш мумкин. Унинг “Телефон”, “Футбол”, “Шаҳмот”, “Бедана” каби пайровлари мана шундай якка ижро этилган аскиялари сирасига киради. Айниқса, Муҳиддин қизиқ аскияларни воқеали қилиб қуришга уста бўлган. Бундай аскияларга “Келин-куёв”, “Шифокор ва бемор” пайровларини мисол қилиш мумкин. Санъаткор 1967 йил халқ ижодиёти кўриги, 1984, 1986, 1988 йилларда аскиячи ва қизиқчиларнинг республика кўрик танловининг ғолиби бўлган. Муҳиддин Дарвешев ижоди ҳақида Сирожиддин Аҳмад билан бўлган суҳбатимизда у киши шундай фикрларни билдирди: Муҳиддин Дарвешевнинг ютуғи – кулгили ҳангомаларининг воқебандлиги. Бундай ҳангомаларни Муҳиддин қизиқ маҳорат билан ижро қиларди. Яна бир жиҳати, у кишининг шеваси эди. Аскиячилик водийга хос бўлганидек, Муҳиддин қизиқ Қўқон, Марғилонга хос қизиқчилик мактабини яхши эгаллаган эди. Муҳиддин Дарвешев билан бир-икки марта суҳбатда бўлганман, у киши жуда банд бўларди, ҳаётда ҳам ўта камтарин, ҳокисор одам эди. Ўзига хос характерли томони, кўнгли тортмаган давралардан ҳеч кимнинг дилини оғритмай, чиқиб кетарди. Қизиқчиликда, сўз санъатида сўзнинг ўрнини топа билиш энг муҳим омил ҳисобланади. Умуман, аскиячиликда, қизиқчиликда “тутол гап”, яъни ишлатилмаган, ўхшаши йўқ сўзлар мавжуд. Худди шундай тутол воқеаларни топиш ва уларни қизиқарли қилиб ижро этиш Муҳиддин Дарвешевга хос хусусият бўлган. Қизиқчи закий одам бўлиши керак. Яъни халқ анъаналари, термаларини, халқ оғзаки ижодидаги қўшиқларни, жой номларини, предметлар номини, шеваларни яхши билиши зарур. Биз Муҳиддин қизиқни ана шундай “закий” одам бўлган, дея оламиз. Муҳиддин Дарвешевнинг ҳангомалари ўта халқчил бўлган”.
Ўзбек аскиячилигининг етук намояндаси, ажойиб истеъдод соҳиби, сўз устаси Муҳиддин Дарвешев 1995 йил 25-сентябрда вафот этган. Муҳиддин қизиқ ижодининг 40 йиллигида 40 та шогирдга эга бўлган устоз бўлди. Қизиқчилар: Рустам Ҳамроқулов, Хожибой Тожибоев, Баҳодир Шокиров, Абдулла Акбаров, Абдураҳмон Сиддиқовлар ҳам Муҳиддин қизиқнинг шогирдларидан. Сўзимиз сўнггида, анъанавий театр жанрида ёки қизиқчилик санъатида ижод қиламан, деб бел боғлаган бўлажак санъаткорлар Муҳиддин Дарвешев сингари серқирра ижодкорлар ижодини ўрганиб, уларга муносиб издош бўлишларига умид қиламиз.
“Шарқ юлдузи” журнали, 2015 йил, 2-сон