Отаназар Матёқубов. Ўзбек мусиқаси

Миллат номи, барҳаёт куй ва ашулалари ҳамда уларнинг илмий асосларини ифодаловчи “ўзбек мусиқаси” сўз бирикмасини устувор тушунча сифатида сарлавҳага чиқарилишининг ўзи замон талаби ва ижтимоий эҳтиёжлар нишонасидир. Дарҳақиқат, Ўзбекистон азалдан жаҳоншумул мусиқий қадриятлар диёри: бу заминда асрлар давомида шаклланган муштарак халқ ижодиёти, шунингдек, турли навлардаги маъмулий ҳамда мумтоз куй ва ашулалар, достон йўллари, бутун бошли мақом мажмуалари ўзбек мусиқасининг амалдаги урф-одатлари сифатида яшаб келмоқда, алломалари бунёд этган рисолалар ва нота ёзувларининг илмий салоҳияти бугунги кунда ҳам ҳайрат уйғотмоқда[1].

Мўътабар мусиқий меросимиз қадимий намуналарининг муаллифлари номаълум бўлса-да, улар ўзига хос барқарор асос – матн тарзида миллат хотирасида яшаб келмоқда. Белгили мақом йўллари Рост, Наво, Ушшоқ ва бошқалар, “Феруз”, “Тановар”, “Муножот” каби сон-саноқсиз куйлар асрлар оша гўё хатга битилган матндек оҳорини йўқотмади. Бу мумтоз асарларнинг куй, вазн ва шакл асосларининг пухта ишланганлиги шубҳа туғдирмайди. Ваҳоланки, улар муайян мусиқий асар (таснифот-композиция) сифатида қачонлардир ва қайсидир етук мусанниф (композитор сўзининг маънодоши) томонидан яратилган, албатта[2]. Бу мерос ўзининг юксак бадиий ҳамда ижтимоий аҳамияти туфайли авлоддан-авлодга ўтиб, умумхалқ мулки ва маънавий озуқасига айланиб кетган. Жонли мусиқий қадриятларимизнинг ҳаётбахш кучи ҳам шунда.

Демак, муаллифсизлик ёки хатга ёзилмаслик мусиқий меросимиз намуналарининг камчилиги эмас, аксинча, яшаш тарзи. Шунга эътиборан, бундай асарларнинг улкан ва салобатли бир қисмига нисбатан мумтоз ёки классик деган сифатлар ишлатилиши табиийдир. Сўнгги пайтларда мусиқий истилоҳда меросимизнинг изчил равишда мўътабар одатга айланган мазкур қатламини мутаориф (урф этилган) дейишлик қайтадан расм бўлмоқда[3].

Мумтоз мусиқага мутаорифлик нисбатини бериш энди пайдо бўлган тушунча эмас. Форобий “Катта мусиқа китоби”нинг кириш қисмида мусиқий асарларнинг эшитувчилар орасида қарор топишида маърифий урф-одатларнинг аҳамиятини алоҳида қайд этади. Одат тарзида шаклланадиган нафс (ҳис-туйғулар) ва унинг гўзал суврат (шакл)ларидан бири бўлмиш мусиқий ва малака (санъат)ларни Форобий “амалий мусиқий санъат” дейди. “Равшан бўлдики, мусиқа санъатининг баъзи асослари урф-одатдаги [мутаорифий] илмлардан, баъзиси эса табиий [физика, акустика] фандан, баъзиси эса ҳандаса [геометрия] санъатидан, баъзиси адад [арифметика] ва баъзиси амалий мусиқа санъатидан олинади. Аммо, биз [айтиб] берган нарса урф-одат асослари ва назарий илмлардан олингани мана шундан кўпроқдир”[4].

Темурийлар даврида Самарқанд ва Ҳиротда яшаб ижод этган буюк мусиқийшунос Хўжа Абдулқодир Мароғий (1354–1435) эса ўзининг “Мақосид-ул-алҳон” асарида мумтоз мусиқий мабда (сарчашма)ларни худди шундай ҳисоб, ҳандаса каби риёзий ёки табиат илмларидан бошланадиган ҳамда мутаорифий амаллардан ҳосил бўладиганга ажратади[5]. Барҳаёт наволар, жонли удумлар бўлиб бизгача етиб келаётган мусиқий меросимиз айнан шу мутаорифий тоифага мансубдир.

Мутаорифийлик (традиция) шунчаки ўз-ўзидан авлоддан-авлодга ўтиб борадиган одат эмас. Мусиқийдек ҳаётбахш санъатда, мутаорифийлик доим маълум қонуниятлар асосида кечадиган ижод (яратувчанлик) жараёни. Эҳтиёж (қонун-қоидалар) ва ижод (яратувчанлик, доимий янгиланиш) муштараклиги эса, эркинликда яшайдиган жонли мусиқий жараённинг пойдеворидир.

Шунга кўра, ўзбек мусиқасини бир бутун воқеълик сифатида идроклаш учун негизидаги қонун-қоидалар тизими ҳамда уларнинг амалдаги янгиланиш (ривожланиш) жараёнини атрофлича тасаввур этмоғимиз лозим. Бу жонли жараённинг ҳаётда қолдирган из, ўтмиш тарихини аниқ ҳужжат ва фактлар асосида ўрганиш мақсадга мувофиқ. Бизнинг соҳада эса, бундай ишончли далил ва бирламчи манба – бу асрлар давомида мунтазам равишда меросга айланиб борадиган жонли жараённинг ўзи ва унда сайқал топиб, миллий қадрият сифатида барқарорлашган бадиий ижод намуналаридир.

Демак, мутаорифлик – ўз-ўзидан қувват олиб, олдинга интилиб борадиган узлуксиз оқим. Унинг ўзида ўтмиш ва бугунги кун муваққат (вақтда кечадиган) бир бутун жараён тарзида мужассамлашади. Жонли жараён изини нотага олинган матн шаклида ёзиш, барқарор ички қонун- қоидаларини эса, тушунча, атама ва яхлит назариялар сифатида ифодалаш мумкин. Узлуксиз жараёнда кечадиган мусиқий асар тарҳини матн суратида тасаввур этиш имкониятини берувчи нота ёзувининг илк намунаси бизда танбур чизғилари матни шаклида XIX асрнинг сўнгги чорагида жорий этилди.

Қирқ олти йилдан зиёд (1864–1910) ҳукумат тепасида турган шоир, бастакор ва мусиқийшунос Муҳаммад Раҳимхон Феруз (1846–1910) ҳомийлиги ва раҳнамолигида Хоразм Олти ярим мақоми бир бутун мажмуа сифатида хатга туширилди. ХХ асрнинг 20-йилларига келиб ноёб истеъдод соҳиби, закий шоир, созанда ва мусиқийшунос, қўли гул санъаткор Муҳаммад Комил Девоний (1887–1938) ўз салафлари ишини давом эттириб, худди шу нота ёзуви воситасида Хоразм мумтоз мусиқасининг қадимийроқ қатлами бўлмиш дутор мақомларининг етти туркумини куй ва сўз матнлари билан Олти ярим мақом (Танбур мақомлари)га қўшиб ёзиб олди. Хоразм мусиқашуносларининг жуда катта тарихий ва илмий аҳамиятга эга бўлган бу топиғи ўзбек мусиқаси тарихининг зарҳол саҳифаларидан биридир.

Танбур чизғилари кашф этилганидан 40 йил кейин, Бухорода ҳали мақом пирлари Ота Жалол (1845–1928) ва Ота Ғиёс (1859–1927)лар ҳаёт пайтида маърифатпарвар давлат арбоби, адиб ва аллома Абдурауф Фитрат (1886–1938) қўшиши билан ўз даврининг етук мусиқачи-этнографи Виктор Александрович Успенский (1879–1949) Шашмақом мажмуасининг асосий (яъни Фитрат “шўъбачалар” ва кейинги тадқиқотчилар “иккинчи гуруҳ шўъбалари” дейдиган маъмулий қатламидан ташқари) қисмини такт тизимидаги европача нота ёзувида хатга туширди.

ХХ аср ўрталарига келиб Ўзбекистон ва Тожикистонда Шашмақомнинг миллий шакллари жорий этилиши муносабати билан уларни давлат сиёсатига кўра расмийлаштириш мақсадида тегишли нота ва сўз матнлари ҳам яратилди. Шу алфозда тожикистонлик устозлар Бобоқул Файзуллаев (1894–1964), Шоназар Соҳибов (1903–1972), Фазлиддин Шаҳобов (1911–1974)лар ишлаган 5 жилдлик “Шашмаком” Москвада нашр этилди[6]. Унга мувозий равишда Ўзбекистонда Юнус Ражабий (1896–1977) ёзувидаги “Ўзбек халқ мусиқаси” тўпламининг 1-5 китоблари ва 6 жилдлик “Шашмақом” юзага келди[7].

Мустақиллик даврига келиб, замон эҳтиёжлари кесимида мақомшунослик борасида жиддий изланишларга йўл очилди. Замонавий илмларга таянган янги авлод вакиллари майдонга чиқа бошлади. Шулар қаторида навқирон мақом устози Рустам Болтаев ва мусиқашунос Ботир Раҳимовларнинг номларини қайд этиш мумкин. Улар Хоразм танбур чизғилари устида узоқ йиллар илмий ва ижодий изланишлар олиб бориб, мазкур ёзувлардаги нота матнларини замонавий такт тизимига ўгиришга ва ижроларини тиклашга муяссар бўлдилар[8].

Танбур чизғиларининг қайтадан кашф қилиниши замонавий ўзбек мақомшунослигининг янги босқичга кўтарилиб бораётгани далилидир. Ўз вақтида улуғ устозлар қўли билан битилган мўътабар нота ёзувларининг кенг илмий муомалага жорий этилиши умумбашарий миқёсга молик тадбир. Ваҳоланки, у бир вақтлар деярли узилиш арафасига етиб қолган жонли удумларнинг ворисийлик ришталарини тиклашдаги амалий аҳамияти билан бир қаторда, ўтмишнинг буюк мусиқийшуносларидан мерос қолган илмий ютуқларни замонавий фан тараққиёти хизматига жалб этиш имкониятини ҳам туғдиради.

Мазкур муносабат билан бир нарсага алоҳида эътибор бериш зарур. Гап шундаки, тобора пухталашиб бораётган хат ва овоз ёзувларининг юзага келиши ва мерос намуналарини нотага ёзиш, жонли мусиқий жараённинг аслиятига зид эмас. Нота тўпламларининг пайдо бўлиши миллий мусиқий мероснинг “оғзакилик” (нотасизлик) моҳиятини ўзгартирмайди. Унинг бисотидаги ижодий эркинликни ҳам инкор этмайди. Аксинча, созанда вужудидаги бойликларни узоқ муддат авлодлар хотирасида сақланишида ёрдамчи восита бўлиб хизмат қилади. Бошқа тарафдан, жонли жараён ижод маҳсули бўлган нодир асарларнинг мағзини бўлғуси авлодларга етказишга даъват қилади. Шу билан бирга улуғ санъаткорлар ижод маҳсулларининг тарихда колдирган изларини акс эттирувчи ишончли ҳужжат бўлиб ҳам хизмат этади.

Жонли жараён, яъни амалдаги мусиқий асарларнинг ўзидан ташқаридаги манбаларни шартли равишда икки: асосий ва қўшимча тоифаларга ажратиш мумкин. Асосийси – мусиқий илмга оид махсус рисолалар. Қўшимчаларини мусиқа ҳақидаги фикрлар, халқ оғзига тушган афсона ва ривоятлардан тортиб – ёзма баён этувчи тарихий ва адабий манбалар, шунингдек, тасвирий санъат асарларининг қадимий намуналари ташкил қилади. Бизнинг мавзу нуқтаи назаридан, унинг маъно-моҳиятига оид рисолалар етакчи аҳамият касб этишини инобатга олиб, олдин қўшимча манбалар хусусида қисқача тўхталиб, сўнг бевосита мусиқа илми масалалари ҳақида батафсилроқ сўз юритишни қулай кўрдик.

Мусиқий рисолалар, одатда, назарий йўналишга қаратилган бўлади, ва уларда умумий қонун-қоидалар мавҳум риёзий тилда баён этилади. Ижодиётнинг нозик сифатлари, хусусан, эл-элатларнинг куй ва ашулаларига хос жиҳатлар, кўпинча назарий қарашлардан ташқарида қолади. Шунинг учун қўшимча маълумотлар, гарчан асосий мусиқий рисолаларга нисбатан иккинчи даражали аҳамиятга эга бўлса ҳам, ўтмиш тарихини ўрганишда назарий қонун-қоидаларни тўлдириб, маълум давр мусиқий ҳаёти ҳақида кенгроқ ва атрофлича таассурот пайдо этиш имкониятини беради.

Илмий рисолаларда назарий андоза (модул)лар сифатида келтирилган куй ва усул доиралари, нав ва шаклларнинг тарҳи, чолғу созлари, мақом ва шўъбаларнинг таъсир (этос) кучига оид таърифлар мавжуд. Уларнинг ҳаёт мазмунига боғланган ҳолатларини тарихий ва адабий асарлар, бадиий ижод ва тасвирий санъат намуналаридан топишимиз мумкин. Дарҳақиқат, Абдулқодир Мароғий ёки Абдураҳмон Жомий (1414–1492) рисолалари билан танишиб, маълум тушунча ҳосил қилганимиздан кейин Алишер Навоийнинг (1441–1501) “Мажолис-ун-нафоис”, Восифийнинг “Бадоеъ-ул-вақоеъ”, Султонийнинг “Мажолис-ул-ушшоқ”, Бобурнинг “Бобурнома”сини ўқийдиган бўлсак, илмий-назарий тасаввурдаги тартиб ва низомлар гўё ҳаёт воқеаларига чулғанган манзаралардек кўз олдимизга келади.

Маълум тараққиёт даражасига эришган классик мусиқа навларининг тадрижий ривожланишини, у ҳақдаги илмий фикрлардан ажралган ҳолда тасаввур этиш амри маҳол. Қадимда “етук назариядан амалийроқ амал йўқ” деган ҳикмат машҳур бўлган. Ҳақиқатан ҳам, узоқ ва яқин тарихга разм соладиган бўлсак, мумтоз мусиқамизнинг нав ва шакллари мунтазам равишда ўзгариб, алмашиб турса-да, улар негизидаги илмий асослар, ўлчов ва низомлар, бир сўз билан айтганда, устувор қонуниятлар барқарор сақланиб келаётганлигининг гувоҳи бўламиз. Ана шу қонуниятларни ифодалашнинг энг изчил ва унумли шакли илмий рисолалар ҳисобланади.

Бу жиҳатдан ҳам ўзбек мусиқа маданияти бебаҳо илмий қадриятлар хазинасидир. Форобий (870–950), Хоразмий (Х аср), Ибн Сино (980–1037)лар Шарқ Уйғониш даврининг қомусий алломалари ва айни чоғда мусиқийшунослик илмининг асосчилари эканлигини жаҳон аҳли эътироф этади. Уларнинг мусиқий соҳадаги илмий қарашлари умумий универсал характерга эга, албатта. Лекин ана шу умумийлик таркибидаги назарий қарашларга мос келадиган далилларнинг кўпчилигини бизнинг бугунги жонли мусиқий меросимиз намуналаридан топишимиз мумкин. Айниқса, эндиликда ҳам изчил ривожланиб келаётган бизнинг мақомот удумларининг ўқ илдизлари, айнан шу устоз мусиқашунослар меросидан озуқа олаётганлигининг ўзини жуда муҳим тарихий воқелик дейишга арзийди.

Яна бир эътиборли топиқ: Форобий, Хоразмий, Ибн Синолардан кейин, XIII асрдан бошлаб “Иккинчи Уйғониш даври” деб эътироф этиладиган замонларда шундай бир таълимот юзага келдики, у нафақат Шарқ, балки Ғарб мусиқий тафаккурига ҳам салмоқли таъсир кўрсатди. Ақл-идрок негизларига таянган таълимот тарихда умуминсоний мусиқий қадриятлар китобининг ёрқин саҳифаларидан бири бўлиб муҳрланди. Бу – “илми адвор” (“доиралар илми”) таълимотидир. Ҳазрат Навоийнинг “Сабъаи сайёр”ида хоразмлик Улуғ Хожа тилидан айтилган байтларда мусиқа икки – илмий-назарий (илми адвор) ва амалий (фанни мусиқий) тармоқларга ажратилади:

Менки тушмиш буён гузор манга,
Мулки Хоразм эрур диёр манга.
Санъатим анда соз чалмоқ иши,
Билмайин мен киби ишимни киши.
Илми адвору фанни мусиқий,
Мендин ул илм аҳли таҳқиқий.

Илми адвор моҳиятан бутун ислом дунёсида кенг томир отган мумтоз мусиқанинг асосларини ташкил этувчи куй ва усул доираларини назарда тутади. Куй доиралари (жамълар) аслида еттита тўрт поғонали ва ўн иккита беш поғонали дастлабки куй бирикма (жинс)ларининг риёзий тилда ўзаро алмашлаш (комбинациялаш)дан ҳосил бўлади. Шунга кўра, назарий жиҳатдан куй доираларининг умумий миқдори 84 га тенг (7 х 12 = 84) деб олинади. Айрим ҳолларда беш поғонали жинсларни 13 та ҳисоблайдилар. Унда жамълар миқдори 91 (7 х 13 = 91)та бўлади. Куй доираларининг ҳар бири таркибига қараб тартиб сонлари билан белгиланади. Шунингдек, таъбига мувофиқ мажозий номлари билан ҳам юритилади: Рост, Ушшоқ, Бузрук, Наво ва ҳ.к.

Усул доиралари ҳам худди шундай, дастлабки асл зарб (рукн, жуз ёки фаръ ҳам дейилади) ва зиҳоф бирликларининг ўзаро алмашуви ва уларнинг қўшилишидан пайдо бўлади. Шунинг учун айрим усуллар унинг таркибидаги зарбларининг умумий миқдорига қараб, риёзий бирликлар номи билан ифодаланади: мураббаъ (тўртлик), мухаммас (бешлик), мусаддас (олтилик), мусаббаъ (еттилик), мусамман (саккизлик) ва бошқалар. Ёки куй доиралари каби мажозий номлар билан юритилади: Талқин, Талқинча, Чапандоз, Қашқарча, Соқийнома ва бошқалар.

Куй доираларининг энг мукаммал (яъни, таркибидаги соф бўъдлар зуларбаъ-кварта, зулхамс-квинта, зулкулл-октаваларнинг умумий миқдори босқичлар сонига тенг ёки улардан кўп бўлса) 12 таси алоҳида олий навга ажратилиб, “машҳур жамълар” (“жамоати машҳура”), 12 парда, 12 мақом ёки “мақомот” деб юритила бошланди. Шундан эътиборан, “адвор илми”ни созандалар орасида “ўн икки мақом” дейиш ҳам одатга кирган. Эндиликда адвор илмини “мақом таълимоти” ёки “мақом тамойили” (“мақом принципи”) дейиш Европа олимлари орасида ҳам расм бўлмоқда[9]. Қизиғи шундаки, бугунги кунда Ғарб мусиқа аҳли мақом таълимотига нафақат назариёт, балки истиқболли амалий ижод услуби сифатида қараб, унинг имкониятларидан унумли фойдаланиш йўлларини ахтариш устида бош қотирмоқда.

Адвор назарияси ақл-идрок билан сарҳисоб этиладиган риёзий илмлардан бошланади. Куй доираларининг асосини ташкил этувчи бир октава дои­расидаги ўн етти поғоналик товушқатор ягона маҳраж (дастлабки бирлик 243/256 нисбатидаги бақия бўъди)дан ҳосил қилинади. Лекин унинг назарий асосларини ишлаган Сафиуддин Абдулмўъмин Урмави (1216–1294) ҳисоб, ҳандаса ва фалакиёт билимларини пухта эгаллаган етук назариётчи ва айни чоғда аруз ҳамда мусиқа билимдони, шоир, созанда ва бастакор бўлган. Шунинг учун ҳам унинг адвор назарияси, мусиқий амалиётни янги босқичга кўтарган муштарак илмий-амалий таълимот бўлиб майдонга чиқди.

Умумшарқ адвор таълимотининг жаҳоншумул аҳамият касб этиб, гуллаб-яшнаган даврида беназир созанда ва мусиқийшунос, шеършунос ва шоир, диний ва дунёвий илмларни пухта ўзлаштирган аллома Абдулқодир Мароғий (1354–1435) номи билан боғлиқ. Олдинлари у Бағдодда мусиқа ва бошқа нафис санъатларнинг моҳир билимдони Султон Санжан Жалоир саройида хизмат қилган. Бағдод забт этилгандан кейин, Соҳибқирон Амир Темур томонидан у Самарқандга юборилган. Мароғий, сўнгра Ҳиротда Шохруҳ Мирзо саройида хизмат қилди. Адвор илмини мусиқий мафкура сифатида юксак босқичга кўтарилиши ҳам шу давр билан боғлиқдир. Замондошлари Мароғийни “соҳиби адвор” (адвор эгаси), “саромади адвор” (адвор илмининг пешқадами) деган унвонлар билан даражалаганлар.

Бу жараённинг биз учун аҳамиятли томони шундаки, у Темурийлар салтанатининг пойтахтлари Самарқанд ва Ҳиротда илм-фан, адабиёт, мусиқа, меморчилик, китобот ва бошқа нафис санъатлар тараққиёти авж палласига чиққан пайтларга тўғри келади. Фитрат таъбири билан айтилганидек, “Ҳусайн Бойқаро ҳамда Алишер Навоийнинг ҳимоялари остида чиғатой адабиёти, чиғатой мусиқасининг “олтин даври” қурила бошлайдир”[10]. Мусиқий борасида бу маданиятнинг тамал тоши қўйилишида эса Абдулқодир Мароғийдек алломаи замонларнинг хизмати алоҳида аҳамият касб этади. Бугунги кунда Темурийлар даври Марказий Осиё тамаддунининг “олтин даври” эканлигини америкалик атоқли олим Фредрик Старр ҳам эътироф этмоқда[11].

Маълумки, XIV–XV асрларда Марказий Осиёда қад кўтарган ўзбек тилидаги адабиёт “чиғатой адабиёти” номи билан тарихга кирган. Ҳусайн Бойқаро, Алишер Навоий, Заҳириддин Бобурлар ушбу адабиётнинг буюк намояндаларидир. Унинг билан мувозий ривожланган мусиқий ҳам худди шундай аҳамиятга моликдир. Кейинги асрларда бизнинг заминда қарор топган мумтоз мусиқий тизимнинг ўқ томири ҳам айнан шу “олтин давр”дан озиқа олади. Демак, Алишер Навоий давридаги “илми адвор” билан бугунги кундаги мақомот навлари орасида бевосита ворисийлик ришталари мавжуд дейишимизга катта асос бор.

Мазкур мусиқий ва адабий юксалиш даврида Ҳиротда Жомий ва Навоийлар даврасида тарбия топган ва “замонасининг Мароғийси” деб шуҳрат қозонган забардаст мусиқийшунослардан бири Мавлоно Нажмиддин Кавкабийдир (1533 йили вафот этган). Ҳирот вайрон этилганидан кейин Бухорога қайтгач, бу азим шаҳарда ажойиб бир мактаб яратди. Қисқаси, Бухоро гўзал санъатлар, ҳусусан, мусиқа борасида Ҳирот “олтин даври”нинг вориси бўлиб майдонга чиқди. Бу жараённи мерос ворисийлигидаги аҳамияти ўта муҳимдир. Зеро, Бухоро замонасининг йирик давлатларидан бири сифатида Темурийлар даврида юзага келган юксак маданият, жумладан, унинг мусиқий удумларини ўзига сингдиришда ва кейинги йирик санъат ўчоғларига, жумладан, Бобурийлар салтанатига элтишда воситачи бўлиб хизмат қилди.

Бухоро мусиқийшунослик илми борасидаги Нажмиддин Кавкабий, Дарвиш Али Чангий (XVI асрнинг иккинчи ярми – XVII аср бошлари) каби намояндалари билан бутун ислом дунёсига донг таратди. Бу алломалар, Форобийдан бошланган буюк мусиқашунослар салафининг сўнгги вакиллари бўлиб тарихга муҳрланди. Шарқ мусиқашунослик илмининг тадрижий тараққиётини бу алломаларнинг меросидан ташқарида тасаввур этиш қийин.

XVII аср ўрталарида Бухорода нафис санъатлар инқирозга юз тута бошлаганда, Кавкабий ва Дарвиш Али мактаби вакиллари Ҳиндистонга, Бобурийлар саройига талпиндилар. Лекин қандай бўлмасин, юксак мусиқий маданият бирданига сўниб кетмади. Балки ичга бекинган ботиний салоҳият бўлиб, ўз вақти-соатини пойлади. Бу мусиқий қудрат XVIII аср ўрталарига келиб “Шашмақом” байроғи остида яна зоҳир бўла бошлади. Аслида илдизлари мозийга туташ Шашмақом удумлари шу қадар пойдор ва теран бўлиб чиқдики, у бутун минтақага катта таъсир ўтказди.

Мазкур ижод тўлқинида XIX аср бошларида Хоразм мусиқашунос ва созандалари Шашмақомнинг ўзга тарихий шароитлардаги янги нави “Олти ярим мақом” мажмуасини ишладилар. Сал кейинроқ Қўқонда Амир Умархон саройининг созандалари 18 йил Урганчда яшаб мусиқий тарбият топган қашқарлик Устоз Худойберди бошчилигида Шашмақомнинг сараҳборлардан ташқаридаги наср ва шўъбачалар гуруҳига монанд қилиб, бошқа бир мажмуа ярата бошладилар. Эндиликда у “Фарғона-Тошкент мақом йўллари” номи билан юритилмоқда. Сўнгра, ХХ аср ўрталарида давр ижтимоий эхтиёжлари тақозоси билан янги тарихий шароитларга мосланган “Тожик Шашмақоми” ва “Ўзбек Шашмақоми” юзага келди. Бугунги кунда уларнинг барчаси, яъни Бухоро Шашмақоми, Хоразм мақомлари, Фарғона-Тошкент мақом йўллари, тожик Шашмақоми ва ўзбек Шашмақоми ягона мақомот нав тизимини ташкил этади ва ўзининг ички ва ташқи сифатлари билан олдинги “илми адвор” таълимотининг давомчиси бўлиб майдонга чиқади. Ана шу мақомот тизимининг беш навидан тўрттаси Ўзбекистон заминида яшаб келмоқда.

Шундай қилиб, мақомот навларининг ўзаги – Шашмақом тамойиллари муомалага жорий этилиши билан Марказий Осиё мусиқий тафаккури тарихида янги давр бошланади. Илми адвор таълимоти ҳукм сурган даврларда ўзига хос назарий қарашлар ҳамда иборалар тизими юзага келиб, у Сафиуддин Урмавий, Абдулқодир Марғий ва Абдураҳмон Жомий рисолаларида аксини топган эди. Кавкабий ва Дарвиш Али замонларида амалий билимлар олдинга чиқа бошлади. Ва ниҳоят, Шашмақом зоҳир бўлган пайтга келиб, мутаорифийлик ва унинг йўлдоши бўлган “амалий илмлар” (ёки “оғзаки назария”) тўла-тўкис устуворлик касб этди.

Илми адвор ва Шашмақом мусиқий тизимларининг ички муносабатлари ҳақида сўз борар экан, энг аввало, шуни таъкидлаш керакки, назариётдан амалиётга интилган илми адвор ва аксинча, амалиётдан назариётга қараб йўналтирилган Шашмақом таълимотлари ўртасида ўтиб бўлмайдиган тўсиқ ёки бир-бирини инкор этувчи зиддият йўқ, албатта. Ваҳоланки, бу икки таянч нуқталик муштарак умумий жараённинг амалий ва назарий жиҳатларига турлича урғу берилиши ва ижтимоий эҳтиёжлар ўзгариши натижасида содир бўлган ҳолат, деб тушунмоқ лозим. Хуллас, ўн икки мақомни шашмақомга дўниши, шунчаки ташқи сифат эмас. Улар, моҳиятан, ўзининг ички қонун-қоидаларига асосланган икки алоҳида тизимни ташкил қилади.

XIX асрда Бухорода бир қатор мусиқий рисолалар яратилган. Улар, асосан, Шашмақомнинг урф этилган шеърий матнларидан иборат баёзлар. Шундай бўлса ҳам, бу манбалардан шеърий матнлар билан бир қаторда, Шашмақомнинг мусиқий таркиботи, тартиб ва низомларига оид қимматли маълумотлар олиш мумкин. Ана шу нуқтаи назардан рисола-баёзлар Шашмақом мусиқий тизими хусусида умумий таассурот ҳосил қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Рисола-баёзлардан келиб чиққан ҳолда, Шашмақом тафаккурини тушуниш учун энг аввало, ўта муҳим бўлган иккита масалага алоҳида эътибор қаратмоқ зарур. Улар, биринчидан, унинг маъно-моҳиятини белгиловчи калит тушунча – “Мусиқий Шашмақом” таърифи; иккинчидан, мусиқий Шашмақомнинг бутунлиги ва ички таркиботини белгилашда етакчи омиллар бўлган парда (лад) – яъни, мусиқий товушнинг паст-баландлик чегараси ва вазн (усул) – вақт, замон миқдори тизимлари асосий тамойил эканлигидир.

Рисола-баёзларнинг кўпчилиги биринчи саҳифанинг устига қизил сиёҳ билан ёзилган қуйидаги таъриф билан бошланади: “Мусиқий Шашмақом – олдин ўтган азиз ва мукаррам устозлардан қолган меросдир”[12]. Жумланинг маъноси: Мусиқий Шашмақом мажмуаси – қадим ўтган (мутақаддим) устозлар ижодига мансуб мутаориф (урф этилган) муқаддас мерос демакдир. Шунга кўра, уни илми адворга ўхшаб “ақлий” (назарий) илмлардан эмас, балки “нақлий”, яъни “оғзаки” равишда одат этилган билим ва малакалардан, мутаорифийликдан келиб чиқувчи тартиб ва низомлар дейишга хақлимиз.

Мажмуа номи таркибидаги “мусиқий” (мусиқийлик, яъни илми мусиқийга алоқадорлик) унинг сифатидир. Бошқача қилиб айтганда, илмий асослари мавжудлигининг нишонаси. Дарҳақикат, Шашмақомнинг тизим сифатида ташкил топишида ҳамда унинг бутунлигини белгиланишида айнан том маънодаги мусиқий тамойиллар – парда (лад) ва усул (ритм) ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Мусиқий Шашмақом тизими олти бош мақом (шундан “шашмақом” атамаси келиб чиқади; у “олти даромад” ёки “олти сарахбор” ҳам дейилади) ва ўн саккиз ёрдамчи-наср парда тузилмаларидан таркиб топиши рисола-баёзлардаги маълумотлар билан тасдиқланади.

Фитрат таъбири билан айтилганда, “бизнинг классик мусиқамиз “Шашмақом” исми билан юргузилган о л т и қ а т о р (таъкид бизники – М.О.) куйлардан иборат”[13]. Ана шу олти қатор асос куй (парда-лад-modus) ёки олти мақом ва уларга эргашган ўн саккиз наср (ёрдамчи парда жамламалари – ладлар) Шашмақом парда тизимини (лад системасини) ташкил қилади. Шунга кўра, мусиқий баёзларда қайд этилган Шашмақом таърифи, Фитрат томонидан бошқача сўзлар билан, лекин ўхшаш маънода ифодаланган дейиш мумкин. Энг муҳими, қандай таърифланишидан қатъий назар, олти бош ва ўн саккиз ёрдамчи парда тузилмаларидан иборат яхлит тизим, ҳанузгача Шашмақом ва ундан андоза олинган бошқа мақомот навларнинг лад асосини ташкил этиб келмоқда.

Мусиқий баёзлардан кейин Шашмақом мусиқий мантиқини илмий асослашга уриниш Абдурауф Фитрат (1886–1938) томонидан бўлди. У давр талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, Шашмақом меросини миллий мусиқий тизим тимсолида кўришга ҳаракат қилди. Шу мафкура асосида мавзуга оид бош асарини у “Ўзбек классик мусиқаси ва унинг тарихи” деб номлади. Фитрат чинакам олим ва у қўллаган ҳар бир иборанинг маъно юки бор. Унинг “Адабиёт қоидалари” асарида “классик” тушунчасига қуйидагича изоҳ берилади: – “…шу вақтда (Аристотель замони назарда тутилади – М.О.) даражаларга ажралган шоирларга классик шоирлар, асарларига-да классик асарлар дейилганким, бошқаларга ўрнак бўларлик мумтоз асарлар демакдир”[14].

Фитрат мусиқий таълимоти “шарқ мусиқаси асос назария эътибори билан бирдир” деган тамойилдан бошланади[15]. Бунда бирламчи “мусиқий” иборасининг ўзиданоқ, илмий асосларга эга нав хақида сўз бораётганлиги маълум бўлади. Демак, сўзсиз эътироф этиладиган “ўзбек мумтоз адабиёти” атамасига маънодош сифатида “ўзбек классик мусиқаси” тушунчасининг жорий этилишининг ўзи миллий мафкурани идроклаш йўлидаги дадил қадам бўлди.

Бошдан айтиш зарурки, Фитрат ўзбек классик мусиқасининг том маънодаги назарий асосларини яратишга ожиз эканлигини очиқ-ойдин тан олади. “Мени мусиқий билан муносабатим шудир: ўзимизнинг мусиқамизни севаман, кўбда тинглайман, мусиқамизга бўлган бу муносабатимнинг буйруғи билан бу тўғрида ёзилган эски-янги асарларни ахтариб, топиб текшираман. Бундан ортиқ бир нарсам йўқ. Шу қадарғина бир ҳозирлиқ билан эл куйларимизнинг оҳангини текшириш йўлида, албатта, иш кўра олмайман. Буни мендан кутиш ҳам бўлмайдир”[16]. Шундай бўлса-да, аллома ўзининг ўткир зеҳни ва илми билан ўзбек мусиқасининг туб негизи – парда тизимига хос бўлган қатор сифатларни кўра билди ва мавзуга оид бир қанча истиқболли тушунчаларни юзага чиқарди. Улар орасида “оҳанг усули” (интонация), “асос куй” ёки “куй асоси” (лад), “олти қатор куй” ёки “олти қатор асос куй” (олти қаторли лад тизими) каби маънодор атамалар бугунги кун миллий мусиқашунослиги учун жуда муҳим аҳамиятга эга.

Фитрат меросининг яна бир эътиборли қисми у томонидан тузилган Шашмақом мундарижасидир[17]. Бу йиғма жадвал ишланишида айрим хатоликларга йўл қўйилган бўлса-да, (масалан, талқин ва чапандоз қисмларини “асос куйлар”, яъни мустақил парда тузилмалари қаторига чиқарилиши), бугунги кунгача у Шашмақом тарҳи умумий кўламининг энг тўлиқ ва мукаммал андозаси бўлиб келмоқда.

Афсуски, қатағон йилларида Фитрат ва унга ўхшаган миллатпарвар маърифатчилар ҳамда том маънодаги бутун бошли миллий мусиқа меросимиз таъқиб остига олиниб, истеъмол доираси сунъий равишда чегараланди. Ўзбек мусиқасининг тадрижий тараққиётидаги бундай бурилиш асрлар оша давом этаётган удумлар ва унинг азалий йўлдоши бўлиб келаётган тафаккур ворисийлигига катта путур етказди. Бу талофатнинг асорати узоқ йиллар давом этди.

Бироқ чинакам табиий йўл билан одатга кирган мусиқий қадриятларнинг ҳаётбахш илдизлари шу қадар кучли эдики, салгина имконият пайдо бўлиши билан у янгидан аслига қараб интилди. Ўзбекистонда ана шундай вазият Сталин вафотидан сўнг, 50-йилларнинг ўрталаридан юз тута бошлади. Мусиқий мерос борасида мазкур ижобатнинг самараси қилиб амалдаги нав ва шаклларни ўз ичига олувчи 9 жилдлик “Ўзбек халқ мусиқаси” тўпламининг нашрини кўрсатиш мумкин. Бу улкан мусиқий мажмуанинг аксарият қисми (1-5 китоблари) атоқли созанда ва бастакор Юнус Ражабий (1896–1977) томонидан ноталаштирилган[18]. “Ўзбек халқ мусиқаси”нинг 5-жилди тўлалигича Бухоро мақомларига бағишланган.

1959 йилда Ўзбекистон радио ва телевидение қўмитаси қошида академик Юнус Ражабий раҳбарлигида “Мақом ансабли” тузилди. Шундан эътиборан миллий мақомшуносликнинг янги даврига қадам қўйилиб, қатағон йилларида топталган ва узилиш арафасига етиб қолган мақом удумларининг ворисийлик ришталари қайта тиклана бошланди. Бу тарихий воқеанинг ижтимоий-сиёсий ва илмий аҳамияти шундаки, улуғ аллома Юнус Ражабийнинг саъй-ҳаракатлари туфайли мақомот тизимининг “Ўзбек Шашмақоми” деган нави юзага келди ва унинг асослари тегишли нота матнлари ва уларга мувофиқ овоз ёзувлари билан ҳужжатлаштирилди[19].

Миллий қадриятларни қайта тиклаш муносабати билан мусиқашунослик илми борасида ҳам сезиларли ўзгаришлар рўй бера бошлади. Мазкур даврда ўзбек мусиқа меросининг илмий асосларини ўрганишда икки забардаст олим Юзеф Кон (1921–2002) ва И.Ражабов (1928–1986)лар фаолияти алоҳида ўрин тутади. Уларнинг ўзбек мусиқасининг туб негизини ташкил этувчи лад-парда асосларига бўлган қарашларини, шартли равишда “ташқаридан” (яъни европача услублар кесимида) ва “ичкаридан” (яъни ўзида одат тусини олган йўл-йўриқлар) ёндашувлар дейиш мумкин. Уларни моҳиятан қарама-қарши ёки зид назариялар эмас, аксинча муайян мавзуга икки хил ёндашув ва бир-бирини тўлдирувчи қарашлар деб ҳисоблаш мақсадга мувофиқ.

Шундай қилиб, замон ва макон нуқтаи назаридан мислсиз бойликларни ўзида мужассамловчи ўзбек мусиқаси – мавжуд воқеълик. Унинг жонли урф-одатлари жавҳарининг доимий йўлдоши бўлиб келаётган фикр, мулоҳаза ва илмий қарашлар ана шу воқеъликни идрок этишда ишончли таянч манба бўлиб хизмат қилади. Ўзбек мусиқасининг мўътабар жонли удумлари ва уларга вобаста маълумот, тушунча ва назариялар йиғиндисини олти жилдли мажмуа шаклида саранжомлаб, уларни қуйидагича номладик:

  1. Тарих саҳифалари (қадим замонлардан – мустақиллик давригача);
  2. Манба ва матнлар (Форобийдан – Фитратгача);
  3. Назариёт (парда, усул ва таълифот);
  4. Амалиёт (ижро, ижод, нав ва шакллар);
  5. Ўқув қўлланмаси (нота матнлари ва CD овоз ёзувлари);
  6. Луғатнома (мухтасар қомус).

 

ХХ АСР ЎЗБЕК МУСИҚАСИ ТАРИХИДАН АЙРИМ МАЪЛУМОТЛАР

1918. Тошкент. Туркистон халқ консерваторияси 1923 йилда Тошкент мусиқа техникумига айлантирилган. Моҳиятан том маънодаги олий ўқув даргоҳи вазифасини бажарган. Унинг биринчи талабалари Ўзбекистон халқ артистлари Имомжон Икромов, Юнус Ражабий ва бошқалар ўзбек мусиқасини тадқиқ ва тарғиб этишга катта ҳисса қўшганлар.

1920. Тошкент. Ғулом Зафарийнинг миллий руҳдаги “Ҳалима” операси саҳналаштирилган. Бу асар давр матбуотида қайд этилишича, 500 марта намойиш этилиб, “бенефист” сифатида эътироф этилган.

1920. Бухоро. Шарқ мусиқа мактаби. “Консерватория” сўзининг луғавий маъноси “урф-одатларни сақлаш”, “мактаб” демакдир. 1924 йилдан мусиқа техникуми, кейинчалик мусиқа билим юрти, ҳозирда коллеж.

1934 йил. Миллий оқимдаги ўқув муассасалари бекор этилиб, ягона қолипда Европа йўналишидаги бошланғич ўрта ва олий ўқув даргоҳлари фаолият юрита бошлади. Москва, Ленинград, Тошкент, Киев, Минск, Боку консерваторияларининг қолипи бир: “Шаклан миллий, мазмунан социалистик”.

1930 йиллардан эътиборан Ўзбекистонда одат тусига кирган халқ ижодиёти ва бастакорлик билан бир қаторда расмий йўл билан давлат сиёсати даражасига кўтарилган янги ижодий йўналиш – европача оқимдаги “кўповозлик” мусиқий тафаккури жорий этила бошланди. Мазкур йўлдаги илк тажрибалар қаторида В.А.Успенскийнинг (1879–1949) Хуршид либреттоси асосида яратилган “Фарҳод ва Ширин” операсини (1934) кўрсатиш мумкин. Моҳиятан мақом йўлларига асосланган бу асар тингловчилар томонидан қизғин кутиб олинди. Бироқ “Фарҳод ва Ширин” 1937 йилда Москвада ўтказилган биринчи Ўзбек декадасида намойиш этилганда, сиёсий ва бадиий тарафлардан танқидга учради. Шундан сўнг, 1939 йилда М.Ашрафий ва С.Василенколар ҳамкорлигида К.Яшин либреттоси бўйича ёзилган инқилобий мавзудаги “Бўрон” асари мажбуран “биринчи ўзбек операси” деб расман эътироф этила бошланди.

1950 йиллар ўрталаридан кўповозлик мусиқа ижодиёти йўналишида Т.Содиқов (1907–1957), М.Ашрафий (1912–1975), Д.Зокиров (1914–1985), М.Бурҳонов (1916–2002), С.Юдаков (1916–1990), И.Акбаров (1921–2011), Ф.Янов-Яновский (1934), Т.Қурбонов (1936–2006), М.Тожиев (1944–1996), У.Мусаев (1948–2000), М.Бафоев (1946) каби композиторлар майдонга чиқдилар.

Композиторлар ижодига мувозий равишда Т.Жалилов (1896–1966), Ю.Ражабий (1896–1977), Ф.Содиқов (1912–1976), М.Мирзаев (1912–2000) каби атоқли бастакорлар миллий руҳда ёрқин куй ва ашулалар яратдилар.

Мустақиллик даврига келиб, миллий мафкура шаклланиши муносабати билан одатдаги бастакорлик ва янги композиторлик ижодиётлари умумий “бастакорлик” атамаси билан юритила бошланди. Бу қадриятларнинг янги мафкура ва ижтимоий эҳтиёжлар талабига мослашув жараёнини идроклаш ва холис баҳолаш ўзбек мусиқашунослигининг истиқболдаги долзарб вазифаларидир.

Жаҳон адабиёти, 2015 йил, 10-сон

[1] Шўро даврида “ўзбек мусиқаси” деганда биринчи навбатда, композиторлик ижоди назарда тутилиб, асл миллий қадриятлар халқ ижоди, фольклор тарзида кўрилиб келинди.

[2] Бунда ўзбек мусиқасининг азалдан амалиётда қарор топган мусанниф(бастакор)лик ижодиёти назарда тутилади. ХХ аср бошларидан эътиборан жорий этилаётган композиторлик ва унинг одатдаги ижод турларига муносабати эса алоҳида масала.

[3] Форобий, Хоразмий, Ибн Синолардан тортиб – Кавкабий ва Дарвиш Али рисолаларида муқаддас мусиқий одатларга нисбатан “мутаориф” тушунчаси қўлланилган.

Шўро даврида бу ўринда европача “традиция” сўзини “анъана” деб таржима этиш одат этилди. Бир тарафдан бу сўз “урф”, “одат” калималарига маънодош. Лекин “анъана” кўпроқ авом одатларни назарда тутганлиги сабабли бу атамани нафосатли мусиқа санъатининг юксак салоҳиятли мумтоз навларига кўра ишлатиш илмий мантиқка қанчалик тўғри келишини ўйлаб кўриш мақсадга мувофиқ.

[4] Форобий. Катта мусиқа китоби. Қоҳира. 1967. С.173.

[5] Абдулқодир Мароғий. Мақосиду-л алҳон. Теҳрон. 1384/1965.

[6] Б.Файзуллаев, Ш.Сохибов, Ф.Шахобов. Шашмаком. В 5-ти томах. Под редакцией В.М.Беляева. Москва, 1952–1967.

[7] Ю.Ражабий. Ўзбек халқ мусиқаси 1-5 китоблар. Тошкент, 1954–1959; Шашмақом. 6 жилдли. Тошкент, 1966–1974.

[8] Матёқубов О., Болтаев Р., Х.Аминов. Хоразм танбур чизиғи. Тошкент. 2010.

[9] Ю.Холопов, Л.Кириллина, Т.Кюрегян, Г.Лыжков, Р.Поспелова, В.Ценова. Музыкально-теоретические системы. – М., 2006.

[10] Фитрат. Ўзбек классик мусиқаси ва унинг тарихи. – Тошкент, 1993. С.40.

[11] S.Fredirick Starr. Lost enlightenment: Central Asia’s golden age from the arab conquest to Tamerlane. – Copyright @ 2013 by Princeton University Press.

[12] ЎзР ФАШИ. Қўлёзма №8827. – В. 1а.

[13] Фитрат. Ўзбек классик мусқаси ва унинг тарихи. – Тошкент, 1993. Б. – 10.

[14] Фитрат. Танланган асарлар. – Тошкент. Б. – 85.

[15] Фитрат. Ўзбек классик мусиқаси ва унинг тарихи. – Тошкент, 1993. Б. – 5.

[16] Кўрсатилган асар. Б. – 10.

[17] Қаранг: Кўрсатилган асар. Б. – 15-24.

[18] Ўзбек халқ музикаси. 1-5 китоблар. Нотага ёзиб олувчи Юнус Ражабий. – Тошкент, 1954, 1955, 1956, 1957, 1959.

[19] Шашмақом. 6 жилдли. Нотага ёзиб олувчи Юнус Ражабий. – Тошкент, 1966–1976; Шашмақом. Юнус Ражабий раҳбарлигидаги Ўзбекистон радио ва телевидение қўмитаси қошидаги “Мақом ансамбли” ижросида. 22 пластинкадан иборат.