Ҳар бир халқ руҳиятини ифодаловчи миллий куй-оҳанглар – азиз она тили каби қадрли ва муқаддасдир. Миллатнинг ўтмиши ва бугуни, асрий орзу-истаклари ва гўзал туйғуларини мужассам этган оҳанглар она аллалари, умрбоқий қўшиқлару мумтоз куйларда ранг-баранг жилоланадики, уларни тинглаган инсон ўзлигини англайди, руҳан юксалганини ҳис қилади.
Ўзбек халқининг бой мусиқий мероси ҳақида сўз кетганда, бу бебаҳо бойликнинг бизгача етиб келишида жонбозлик кўрсатган устоз санъаткорларнинг ижодий фаолиятига тўхталмасдан илож йўқ. Биз бу ўринда халқимизнинг ардоқли фарзанди, Ражабийлар сулоласининг йирик намояндаси, атоқли бастакор, хонанда ва созанда, Ўзбекистон халқ артисти, академик Юнус Ражабий (1897–1976) ҳақида сўз юритишга жазм қилдик.
Азим Тошкентнинг Чақар маҳалласи, санъатсевар боғбон Ражаб ота оиласида ака-ука Ризқи ва Юнус Ражабийлар дунёга келди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, моҳир созанда Ризқи Ражабий (1887–1977) танбур чолғуси бўйича шуҳрат қозонади. Бугун Ризқи ота нохуни остида садоланган “Мискин”, “Насруллойи”, “Муножот”, “Абдураҳмонбеги”, “Самои дугоҳ”, “Гулёр-Шаҳноз”, “Гардуни” ва “Уфори сегоҳ”, “Тановор”, “Гиря”, “Сувора” каби магнит тасмаларига муҳрланган кўплаб мақом ва мумтоз куй йўллари миллий мусиқа хазинамиздан мустаҳкам ўрин олган. Шунингдек, Ризқи Ражабий оиласида бўлажак мақомшунос олим ва созанда (танбур ва дутор чолғулари ижрочиси), санъатшунослик фанлари доктори Исҳоқ Ражабов (1927–1982) вояга етди. Мумтоз мақомларга доир салмоқли тадқиқотлари билан “Шашмақом”га оид мураккаб илмий-назарий, тарихий ва амалий масалаларни ҳал этиб берган Исҳоқ Ражабов Юнус Ражабийнинг энг яқин маслакдошларидан бири эди.
1897 йили таваллуд топган Юнус Ражабийнинг ҳаёт йўли серташвиш ва жўшқин лавҳаларга бой. Табиатан серзавқ, зукко ва билимга чанқоқ Юнуснинг қадам-бақадам юксалиб боришида унинг ноёб мусиқий истеъдоди – нозик идроки, ҳайратомуз ҳофизаси ҳамда ҳақиқий ўзбекона одоби муҳим ўрин тутган эди. Юнус Ражабий бир тинглаган мусиқий асарини ҳажми катта ё кичик бўлишидан қатъий назар, хотирасига ёзиб олиш ва ёддан чолғуда ёки овозида бехато такрорлаб бериш салоҳиятига эга бўлганки, бу ҳол мусиқа тарихида камдан-кам учрайди.
Бу ўринда устоз Ражабий феномени бутун жаҳон композиторлари орасида фавқулодда истеъдоди билан ажралиб турувчи Вольфганг Амадей Моцарт даҳоси билангина қиёсланиши мумкин. Савқитабиийсидаги шундай фазилати боис унинг мусиқий фаолияти жадал ва самарали кечди. Янги авлод мақомчиларига устозлик қилиб юрган кезлари шогирдларига қарата айтган, “Кўпроқ диққат билан тингла, шунда куй дилингга кўчади”, – деган таъкиди Юнус Ражабийнинг ўзига хос шиорига айланган эди. Дастлаб дутор чертиш машқини акаси Ризқи Ражабийга қизиқиб бошлаган Юнус тез орада илк кўникмаларни ҳосил қилади. Машҳур найчи-созанда Абдуқодир Исмоиловнинг бетакрор нолаларидан илҳомлангач, най чалишни мустақил равишда ўрганишга киришади. Туркистон халқ консерваториясида ўқиб юрган кезлари (1919–1923) бу чолғулардаги ижрочилик малакаларини оширади, кейинчалик дутор ижрочилигини Ҳожи Абдулазиз Расулов кўмагида такомилига етказади.
Айни пайтда ашулачилик санъатига ихлоси баланд Юнус Ражабий эл ардоғидаги устоз ҳофизлардан сабоқ олади, жумладан, андижонлик Мирза Қосим ҳофиздан Фарғона-Тошкент мақом йўлларининг айрим қисмларини ўрганади. 1910 йилларга келиб, бу мақомларнинг барча ашула йўлларини Мулла Тўйчи Тошмуҳаммедов, Шораҳим Шоумаров, Иноғомжон ҳофиз ва Илҳом ҳофизлар устозлигида мукаммал ижро этишга эришади.
Ширали овоз соҳиби Юнус Ражабий тез орада эл назарига тушиб, ҳақли равишда обрў-эътибор қозонади. Инчунин, ҳузурли дард ва бетакрор овоз таровати билан йўғрилган ноёб ҳофизлик истеъдоди “Ушшоқ”, “Кўча боғи I-II”, “Гиря”, “Гулёр-Шаҳноз”, “Баёт I-II”, “Талқини баёт”, “Дугоҳ-Ҳусайн”, “Чоргоҳ I”, “Қаландар I”, “Адоий I-II”, “Кошки” сингари мумтоз ашула йўлларида ёрқин ифодасини топади.
1923–1927 йиллари Самарқандда дастлаб Педагогика билим юрти ўқитувчиси, кейин Самарқанд театрининг мусиқа раҳбари сифатида фаолият кўрсатган йиллари машҳур ҳофизлардан “Шашмақом”ни амалий-назарий жиҳатдан ўзлаштириб боради. Бу ҳақда санъаткорнинг ўзи “Мусиқа меросимизга бир назар” номли китобида шундай ёзади: “Шу йиллари мен самарқандлик таниқли мақомдон-устозлар – Ҳожи Абдулазиз Расулов, Леви Бобохонов, Михоэл Толмасов, Гавриэл Муллақандовлар билан учрашдим, улардан мақомларнинг самарқандча йўлларини ўргандим, куй ва ашулаларга сайқаллар бериб, қочиримлар киритиб, силлиқлаштирдим ва янги куй қисмлари қўшиб, бойитиб бордим” . Ушбу иқтибосдан маълум бўлишича, Юнус Ражабий мақомларни ўрганиш баробарида бастакорлик билан ҳам шуғулланади, бундай ижодий изланишларга мусиқий назиралар устаси, атоқли санъаткор Ҳожи Абдулазиз Расуловнинг ҳофиз-бастакорлик ва моҳир созандалик маҳорати туртки берган бўлса ажаб эмас. Дарҳақиқат, Юнус Ражабийнинг 1930 йиллардан бошланган расмана бастакорлик фаолиятида улуғ устозлар тажрибасига ҳамоҳангликни кузатиш мумкин. Жумладан, ижодкорнинг “Фабрика ялласи”, “Ўзбекистон”, “Бизнинг даврон”, “Баҳор келди”, “Чаманзор”, “Ўйин баёти”, “Ўйин дугоҳи”, “Пахта”, “Раъноланмасун” каби кўплаб қўшиқ, ашула ва рақс куйларида асрий оҳанг ва усулларнинг халқчил кўринишлари намоён бўлса, “Фарҳод ва Ширин”, “Муқанна”, “Навоий Астрободда” мусиқали драмалари ҳамда “Зайнаб ва Омон” операси сингари йирик саҳнавий асарларида мумтоз мусиқий анъаналарнинг янги талқинлари устуворлик қилади.
Мақомларни мукаммал ўрганиш йўлидаги тинимсиз изланишлар Юнус Ражабийни “Шашмақом” маркази – Бухорога етаклайди. “Мен бу ерда Ота Жалол, Ота Ғиёс, Уста Шоди, Қори Камол, Абдусамад Бегижон, Қори Нажм, Домла Ҳалим Ибодов каби ўзбек ва тожик халқлари орасида донг чиқарган моҳир мақом ижрочилари билан учрашдим. Улардан мақомларнинг тарихий масалалари ва ижро этиш асосларини ўргандим. Олдин билганларимни мукаммаллаштирдим, улар билан бирга мақом йўлларининг айримларини ижро этдим” , – деб хотирлайди санъаткор.
Шу аснода мақом санъатининг Тошкент-Фарғона ва Самарқанд-Бухоро мумтоз анъаналарини мукаммал ўрганган қаҳрамонимиз айни пайтда Европа мусиқий таълимидан ҳам баҳраманд бўлган эди. Жумладан, 1934 йили Тошкент олий мусиқа мактабининг тайёрлов бўлимида, 1940–1941 йиллари эса Москвада ташкил этилган композиторлар курсида таҳсил олади. Аммо булардан ҳам аввал муҳим аҳамият касб этувчи яна бир мактаб ҳақида алоҳида тўхталиш лозим. Бу хусусида академик Воҳид Зоҳидов тўғри қайд этганидек: “Юнус Ражабий аввало ва асосан мактаб курсисидан эмас, ҳаёт дорилфунунидан, халқ ижодидан ўсиб улғайган ва беқиёс истеъдодга эга бўлган, ҳофизаси ўткир, ёдлаш ва айтиб бериш фазилати кучли санъаткордир”.
ХIX аср охири – XX аср бошларида Тошкент ўзининг бир қаватли, пахса деворли уйлари, мевали боғу гулзорлари, шунингдек, тонг саҳарлаб тортилган тўй ошлари-ю чойхоналарда чалинган танбур-дутор чертимлари, ҳофизларнинг роҳатбахш хонишлари билан ўзгача таассурот уйғотган. Табиийки, она алласидан бошлаб турфа халқ куй-қўшиқларини тинглаб улғайган ўта таъсирчан ёш Юнус Ражабий учун бу ҳаёт манзаралари ўзига хос ижодий мактаб вазифасини бажарган эди.
Юнус Ражабий асрлар давомида жамланган ва ҳар бири миллий қадриятлар билан йўғрилган бебаҳо мусиқий меросимизни нота ёзувларига кўчириб, келгуси авлодларга бенуқсон етказишдек масъулиятли вазифани шараф билан уддалади. Бунга устоз-санъаткор томонидан тўпланиб, 1955–1958 йиллари нашр этилган “Ўзбек халқ мусиқаси” ноталар туркумининг I–IV жилдлари яққол далилдир. Ушбу тўпламлардан қўшиқ, лапар, ялла, ашула каби халқ мусиқий ижодининг қарийб барча жанрлари, шунингдек, катта ашула, сувора, мақом чолғу ва ашула йўллари ҳамда замондош бастакорлар қаламига мансуб айрим ижод намуналари муносиб ўрин олди. Устоз санъаткорнинг таҳсинга сазовор меҳнати туфайли асрлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб келаётган, бироқ муайян сиёсий-мафкуравий сабабларга кўра йўқолиб кетиш хавфи остида турган мусиқий меросимиз сақлаб қолинди. Аммо олдинда яна бир жиддий ва машаққатли вазифа турарди.
Гап шундаки, Бухоро амирлиги тугатилгач, сарой мумтоз мусиқаси – “Шашмақом”нинг тақдири, истиқболи мавҳум эди. Боз устига бу ноёб мерос “маданият пешволари” томонидан “феодал тузумдан қолган зерикарли санъат” дея баҳоланиб, расмий-норасмий давраларда камситилиш ҳоллари ҳам тез-тез учраб турарди. Бинобарин, мумтоз мақомларни ҳар қандай асоссиз хуружлардан ҳимоя қилиб, янги авлодларга бекаму кўст етказиш – ўша давр зиёлиларининг қайғусига айланади ва бу борада 1920 йиллари эътиборли ишлар амалга оширилади. Жумладан, улуғ маърифатпарвар бобомиз, олим ва драматург Абдурауф Фитрат “Шашмақом” мумтоз мусиқий санъат эканини исботлаш мақсадида 1927 йил “Ўзбек классик мусиқаси ва унинг тарихи” номли рисоласини нашрдан чиқаради. Бундан аввалроқ (1924 йили) эса айнан унинг ташаббуси билан композитор ва мусиқа этнографи Виктор Успенский Бухорода ҳофиз Ота Жалол Носир ва танбурчи Ота Ғиёс Абдуғани ижросида нота ёзувларига олган “Шашмақом” туркуми “Шесть музыкальных поэм (мақом)” номи билан чоп этилганди. Табиийки, “устоз-шогирд” анъанасида яшаб келаётган мақомларни ноталар воситасида ифодалашдек мураккаб жараённинг илк кўриниши бўлган бу ёзувлар баъзи камчиликлардан (масалан, мақом ашула йўллари шеър матнларисиз танбур ижросида ёзиб олинган, айрим доира усуллари нобоп вазн-ўлчовларида акс этган ва б.) холи эмасди. Аммо бу каби нуқсонлар бажарилган иш салмоғини асло сусайтирмайди.
Миллат қайғуси билан ёнган Юнус Ражабий мумтоз “Шашмақом”ни сақлаб қолиш ва ундан келгуси авлодни баҳраманд этиш йўлида яна бир бор жасорат намунасини кўрсатди, Б.Зикриев, М.Толмасов, Д.Ибодов, М.Тошпўлатов, Ё.Довидов, М.Муллақандов каби устозлар ижросига таяниб, оқилона йўл тутди. Бу жараёнда унинг илмий-ижодий салоҳияти ҳам ёрқин намоён бўлди. Жумладан, мақом туркумларида етишмаётган чолғу ва айтимлар ўрнини шу услуб доирасида яратган ижод намуналари билан тўлдирди, форсий ғазаллар билан “ўқилган” айтим йўлларига туркийда битилган мумтоз шеърият намуналарини ҳам мазмун, ҳам аруз баҳрларига кўра тўғри танлаб боғлади ҳамда нозик дид билан заргарона ишловлар берди. Бу салмоқли ишнинг якуни сифатида “Шашмақом” мажмуаси 1959 йили “Ўзбек халқ мусиқаси” нота ёзувлари туркумининг бешинчи жилдида “Бухоро мақомлари” номи билан нашр юзини кўрди. Бу маданий ҳодиса катта ютуқ бўлишига қарамай, оғзаки анъанадаги касбий мусиқа маҳсули – “Шашмақом”нинг асл қиймати жонли ижро амалиётидагина буткул ифодаланиши – Юнус Ражабийга аён ҳақиқат эди. Шу боис изланишларини давом эттирган санъаткор 1959 йили Ўзбекистон телерадиоси ҳузурида “Мақомчилар ансамбли”ни тузиб, салобатли “Шашмақом” туркуми ва “Фарғона-Тошкент мақом йўллари” ижрочилик анъаналарини замон руҳига мослаштирди, бу йўлда қатор лойиҳаларни амалга оширди. Касбий фаолияти давомида бой тажрибаси ва юксак малакасини истеъдодли шогирдларидан дариғ тутмади, мураккаб шарт-шароитга қарамай, “устоз-шогирд” анъаналарини жонлантиришга беқиёс ҳисса қўшди, устоз санъаткор ўгитларини олиб улғайган Д.Зокиров, Д.Соатқулов, Ф.Содиқов, Н.Ҳасанов, К.Жабборов, С.Калонов, К.Мўминов, О.Имомхўжаев, Б.Довидова, К.Исмоилова, О.Алимаҳсумов ва Т.Алиматовлар кейинчалик элимизнинг ардоқли санъаткорлари бўлиб етишди.
1960 йилларга келиб янги довонлар забт этилди, хусусан, 1966–1975 йиллари нота ёзувларидаги “Шашмақом” мажмуаси олти жилд шаклида қайта чоп этилди ва ушбу нашрга “Фарғона-Тошкент мақом йўллари” илова тарзида киритилди.
Устоз Юнус Ражабийнинг миллатни руҳан бирлаштирувчи мусиқий қадриятларни эъзозлаб, янги авлод қалбига сингдиришдек эзгу мақсади тез орада ўз самарасини берди. Алалхусус, расмий давраларда мақомларга бўлган муносабат ижобий томонга ўзгарди, мусиқашунослик, композиторлик, таълим ва амалий ижрочилик жабҳаларида бу мумтоз санъатга эътибор кучайди. Жумладан, 1963 йили Исҳоқ Ражабовнинг “Мақомлар масаласига доир” салмоқли монографик тадқиқоти эълон қилинди ва шу асосда кейинчалик мақомшунослик фан тармоғи шаклланди, 1970 йилларга келиб ўзбек санъаткорлари – Мирсодиқ Тожиев ва Мирхалил Маҳмудовларнинг композиторлик ижодиётида мақом қонуниятлари билан уйғунлашган симфониялар юзага келди ва довруғи жаҳонга ёйилди, 1972 йили Тошкент давлат консерваториясида “Шарқ мусиқаси” кафедраси очилиб, унда мақомларни амалий ва назарий ўрганиш ишлари йўлга қўйилди, 1983 йилдан эса ҳар тўрт йилда бир маротаба Ёш мақом ижрочиларининг Республика (ҳозирда Юнус Ражабий номидаги) танлови ўтказила бошланди. Санъаткорнинг наинки мусиқа, балки миллий маданиятимизни ривожлантиришга қўшган беқиёс ҳиссаси муносиб баҳосини топган эди. Жумладан, у 1953 йил “Ўзбекистон халқ артисти” унвонига сазовор бўлади, 1966 йилда эса Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги этиб сайланади.
Истиқлол йиллари устоз санъаткор Юнус Ражабий ижоди алоҳида эътироф этилди. Хусусан, 1997 йили Юнус Ражабий уй-музейи очилди, 2000 йили эса Ўзбекистон Президенти фармонига асосан атоқли санъаткор “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланди.
Бу йил устазода санъаткор Юнус Ражабий таваллудига 120 йил тўлди. Таъкидлаш ўринлики, у яратган ва мерос қолдирган нота тўпламлари ўзбек мусиқасини амалий ўзлаштириш ва назарий ўрганишда бениҳоя қимматли манба сифатида хизмат қилмоқда. Ишончимиз комилки, санъаткор ижоди доимо маънавиятимизни юксалтириб, санъатга ошно қалбларни эзгулик ва гўзалликка чорлаб туради.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2017 йил, 1-сон