Уни ўз давридаги энг омадли, энг бахти кулган санъаткорлардан бири дейишади.
Бу гапда жон бор, албатта. Вячеслав Тихонов собиқ шўро замонининг барча олий мукофотларию энг нуфузли унвонларини олган, том маънода шон-шуҳратга бурканган актёр эди. У ҳали 20 ёшга тўмасиданоқ бошига бахт қуши қўнганди. Ўшанда у Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамонларига бағишланган, ўз вақтида катта шов-шувларга сабаб бўлган “Ёш гвардия” бадиий фильмида Володя Осьмухин роли билан илк бор назарга тушди. Вячеслав Тихонов аввалига Қишлоқ хўжалиги Академиясида ўқиган, кейинчалик Москвада Кино институтини тугатган. Ўша пайтлардаёқ бу келишган, хушсурат йигитга “Буюртмалар” кўп бўлган. Шу таҳлит у “Бу Пенъковда бўлган эди” (Морозов), “Фақулодда ҳодиса” (Райский), “Мичман Панин” (Михаил), “Ҳаётбахш ўлим”, (Алексей), “Уруш ва тинчлик”, (Андрей Болконский), “Душанбагача омон бўлсак”, (Мельников), “Улар ватан учун жанг қилдилар”, (Стрельцов), “Оқ Бим Қорақулоқ”, (Иван Иванович), “Ўзаро суҳбат” (Ершов) сингари фильмларда суратга тушди.
Сир эмас, бу актёрнинг кўркам қиёфаси, келишган қадди-басти, ёқимли табассуми кўплаб киночлиарни ҳам, томошабинларни ҳам ўзига мафтун этиб келган. Аслида эса, Вячеслав Тихонов кинокамера олдида ўзини тута биладиган, масъулиятни чуқур ҳис қиладиган, ниҳоятда жиддий ва сокин, ички маданияти кучли инсон эди.
“Уруш ва тинчлик” бадиий фильми постановкачи-режиссёри Сергей Бондарчукнинг ҳикоя қилишича, Андрей Болконский ролига талабгор актёрлар жуда кўп бўлган экан.
Кирилл Лавровдан тортиб Иннокентий Смактуновский, Василий Лановойдан тортиб, Анатолий Кузнецову Родиом Нахапетовгача!.. Аммо омад Вячеслав Тихоновга кулиб боққан.
“Биз фильмда княз Андрей Болконский билан Пьер Безуховнинг суҳбатини истаган жойда сьёмка қилишимиз мумкин эди, – деб ёзганди Сергей Бондорчук”. – Аммо Вячеслав Тихонов бу саҳнани Ясная Полянада, Лев Толстойнинг ўзи шу асарни ёзган ҳовлисида суратга олайлик, деб таклиф қилиб қолди. “Граф Толстойни кўрган кекса эман дарахтлари, Толстойнинг руҳи бизга мададкор бўлади”, деди. Ва бу кадрлар ниҳоятда муваффақиятли чиқди. Агар бу таклиқни бошқа бирон бир актёр айтганида, ўлақолсам рози бўлмасдим. Чунки Тихонов бу образнинг “ич-ичига” кириб кетганди…”
Ёки “Душанбагача омон бўлсак” бадиий фильмидаги мактаб директори Мельников, “Оқ Бим Қорақулоқ” бадиий фильмидаги ёзувчи Иван Иванович…бу қаҳрамонларнинг мураккаб тақдири, ҳаёти, ўй ва кечинмалари, оғриқ ва изтироблари, муҳаббати ва нафрати Вячеслав Тихоновнинг алланечук маъюс ва ғамгин кўзларида шундоқ кўриниб турарди.
Яна бир ёрқин мисол сифатида актёрга оламшумул шуҳрат олиб келган “Баҳорнинг ўн етти лаҳзаси” сериалидаги рус разведкачиси Исаев – “Штирлиц” образини келтириш мумкин. Бу образ актёрнинг “шоҳ роли” бўлиб қолган дейиш жоиз.
Чунки, унинг ўзи кейинчалик тан олишича, миллионлаб одамлар уни бошқа роллари эмас, айнан Штирлиц образи орқали билишар ва севишаркан.
Вячеслав Тихонов Россия киностудиялари билан чекланиб қолмади ва таклифларга кўра Чехия, Германия, Швейцария ва бошқа хорижий давлатларда суратга олинган фильмларда ҳам иштирок этди. Тақдирнинг “аччиқ ҳазили” ни қарангки, шунчалар обрў эътибор, шон-шуҳратга эришганига қарамай, бу актёрни ҳаётда жуда бахтли, омади кулиб боққан деб бўлмасди.
Маълум бўлишича Вячеслав Тихонов ҳали талабалик пайтидаёқ бўлажак киноактриса, россия халқ артисти Нонна Мордюкова билан танишиб қолиб, турмуш қуришган экан. Биз бу актрисани “Турнахон”, “Бальзаминовнинг уйланиши”, “Бриллиант қўл”, “Икки кишилик вокзал” фильмидаги роллари орқали биламиз. Нонна Мордюкованинг кейинчалик ёзган хотираларига қараганда, улар “Ёш гвардия” фильми суратга олинаётганда танишиб, севишиб қолишган. Тўғрироғи ўша кезлари ниҳоятда жозибали бўлган актриса ёш ва чиройли Вячеславни анча вақтгача бошини айлантирган ва охир оқибат ниятига етган экан. Шу сабабданми ёки шунчаки тақдир тақозосими, кўп ўтмай уларнинг турмуши бузилган. Аслида эса улар оиласи билан кичкинагина, тор хужрада қийналиб яшашар ва шунга қарамай кўпларнинг уларга ҳаваси келаркан. Ўйлаб қаралса, бу жуфтликнинг аслида “характерлари” бир-бирига умуман тўғри келмаган кўринади. Шўх ва шаддод Нонна Мордюкованинг феъл-атвори ниҳоятда оғир ва босиқ Вячеслав Тихоновга ёқмагани аниқ. Улар ҳатто Володя исмли ўғилчали ҳам бўлишган. Ўғил ҳам ота-онасининг изидан кетмоқчи бўлгану, аммо гиёҳванд моддаларга ружу қўйгани боис ўзининг бошига етган ва вафот этган. Тихоновнинг кейинги, иккинчи оиласи ҳам омадсиз кечган дейишади. У иккинчи хотинидан қиз кўрган. Аммо шунга қарамай, улар ҳамиша жиққамушт бўлиб яшашган, келишолмаган. Шунинг оқибатида, Вячеслав Тихонов лаш-лушларини йиғиштириб, “Баҳорнинг ўн етти лаҳзаси” фильмида ишлаб топган гонарарига сотиб олган квартирасини хотини ва қизига ташлаб, ўзи уйдан бош олиб чиқиб кетган экан.
“Омадли” актёрнинг “омадсиз” шахсий ҳаёти шу тахлит поёнига етган дейиш мумкин ва бу кўнгилсизликлар ўз вақтида кино оламида анча гап-сўзларга сабаб бўлган.
Вячеслав Тихонов 2010 йили 4 декабрда 82 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Кўрган-билганларнинг хотирлашларича, ўша кезлари уни қарийб таниб бўлмас, алланечук маъюс бир ифода мухрланиб қолган кўзларигина уни эслатар экан, холос.
“Ҳаётда бахт билан бахтсизлик ҳамиша ёнма-ён, қўл ушлашиб юради” деганлари шу бўлса керак-да?!…
Усмон Маҳкам, санъатшунос
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 2-сон