Оҳанг яратувчи уста (Дмитрий Шостакович)

Унда табиатан ато этилган бетакрор истеъдод борлигини зоҳиран илғаш анча қийин эди. Чунки, қадди-қомати нозик, лаби ингичка, қирғийбурун, ялтироқ ипдай ингичка металл билан эскича гардишланган кўзойнак таққан, индамас, қовоғи солиқ бу ўспириндаги мусиқий қобилият унинг ботинида пинҳон яшарди. Бироқ у улкан рояль ёнига бориб, жозибали ритм билан уни чала бошлаган заҳоти аллақандай ғалати бир қарама-қаршилик қонунига кўра, бутунлай ўзгариб, ғоят шижоатли созандага айланарди…

Мусиқанинг сеҳр ва қудратига ошифта бастакор Дмитрий Шостакович 1906 йилнинг 25 сентябрида Россиянинг Петербург шаҳрида муҳандис-кимёгар ва пианиночи Дмитрий Болеславович ҳамда Софья Васильевналар оиласида дунёга келган. Уларнинг хонадонида фан ва санъатнинг таниқли намояндалари йиғилиб турадиган балл ва адабий кечалар кўп уюштирилар ва кечалар мусиқасиз ўтмас эди. Бу каби тадбирлар бўлажак бастакорнинг ҳаётида ажралмас, табиий воқелик бўлиб қолган, бора-бора ҳаёти мазмунига айланганди. Унинг онасини қобилиятли пианиночи сифатида билишган. Отаси Дмитрий Болеславович эса, ўғлининг айтишига қараганда, мусиқани астойдил севган, турли романс ва халқ ашулаларини яхши ижро эта оладиган мусиқа шинавандаси бўлган. Дмитрий оилада уч фарзанднинг ўртанчаси бўлиб, опаси Мария ва синглиси Зояга нисбатан мусиқага ихлоси анча баланд эди. У тўққиз ёшидан бошлаб, аввал онасининг раҳбарлигида, кейин эса ўша замонда Петербургда анча машҳур бўлган И. Глассернинг мусиқа мактабида фортепьяно чалиш билан шуғулланади. Унинг бастакорлик маҳорати жуда эрта шаклланиб, мустақил композициялар машқ қила бошлайди. Ўн бир ёшида ёзган “Аскар” мусиқий поэмаси унинг илк ижод намунасидир. Ёш Дмитрий 1919 йилда, ўн уч ёшида Петербург консерваториясига ўқишга қабул қилингач, мусиқа унинг чинакам ҳаёт йўлига айланади. У йирик педагог Л. Николаев қўл остида фортепьяно чалишни, Н. Соколов, Римский-Корсаковнинг шогирди ва дўсти М. Штейнбергдан мусиқа асарлари яратишни ўрганади. Ундаги ёрқин истеъдод ўша вақтдаги консерватория директори А.К. Глазуновнинг диққатини ўзига тортади. Айтишларига кўра, баъзан консерватория йўлакларида суҳбатлашаётган икки ғалати кишини, яъни семиз, одамови ва камгап Глазунов билан нозик ўсмир Шостаковични учратиш мумкин бўлган. Ёш мусиқачининг устозлари Максимилиан Штейнберг, Леонид Николаев унда классик мусиқа асарларига жиддият ва яхши дид уйғотишган бўлса, унинг камол топишида Ғарб мусиқасининг ҳам таъсири беқиёс эди.

1923 йилда Шостакович консерваторияни созанда, 1925 йилда бастакор сифатида тамомлайди. Биринчи симфония унинг диплом иши ўрнида қабул қилинади. Мазкур симфония унга катта муваффақият келтиради, ўзига хос ва кучли ижодкор эканлигини кўрсатади.

Ижодининг дастлабки омадли йилларидан кейин унинг фаолиятида муваффақиятсизликлар кўзга ташланади. Негаки, кейинги вақтларда яратган асарлари, жумладан, “Фортепьяно сонатаси” ва “Афоризмлар”и унчалик ютуққа эришмайди. Сабаби ғарб мусиқасининг конструктивизм[1] оқими таъсирида самимийлик ва янгилик йўқолганди. Жумладан, илк операси “Бурун” (Гоголнинг қиссаси асосида), “Леди Макбет”, “Катерина Измайлова” опералари, “Олтин аср, “Тиниқ сувли ариқ” “Болт” каби балетларини ёзади. Уларнинг айримлари жамоатчилик танқидига учрайди. Аммо барибир унинг асарларида кишини сарҳуш қилувчи сеҳр бор эди.

1932 йилда у Мейерхольд билан танишади. Машҳур режиссёр уни ҳамкорлик қилиш учун ўз театрига таклиф қилади. Шостакович бир муддат Мейерхольд театрида мусиқа танловчи сифатида фаолият юритади. Ўттизинчи йилларнинг бошига келиб композитор ижодида муайян изланиш, ўзгаришлар содир бўлади: Шостакович кино соҳасида ҳам ўзини синаб кўради. Унинг “Янги Вавилон”, “Бир қиз”, “Олтин хазина”, “Учрашиш” фильмлари учун ёзган мусиқалари эътирофларга сабаб бўлади. Кўпчилик машҳур шахсларнинг ҳаёт йўлида бўлгани каби унинг ҳам отаси бевақт оламдан ўтиб қолиши катта моддий қийинчиликларни келтириб чиқаради, у бу муаммони бартараф қилиш йўлида бошқа ишлар билан шуғулланишга ҳам мажбур бўлади. Албатта, бу Дмитрийни ҳар жиҳатдан зўриқтиради, ижодий фаолиятининг маромида кетишига халал беради. Аммо у қийинчиликларни енгиб ўтишга, ижодини тўхтатмасликка интилади. “Милтиқли одам”, “Шаҳар устида булутлар”, “Мовий шар айланади” ва бошқа фильмларга қизиқарли қўшиқлар ёзади. Бир нечта симфониялар, сонаталар басталади. Айниқса, “Бешинчи симфония” унинг ижодий фаолиятидагина эмас, рус мусиқаси тарихида ҳам янги даврни очиб берди. Бу симфонияни “Умидбахш фожеа” деб аташ ҳам мумкин. Кўп ўтмай масрур композитор ўзининг “Олтинчи симфонияси”ни яратади.

Уруш бошланиши олдида Шостакович икки янги асар – “Квинтет”ни ва “Биринчи камончали квартет”ни ёзиб тамомлади. Бу Квинтет Шостаковичнинг энг яхши, пухта, оҳангдор асарлари жумласидандир. Бу асарни урушгача яратилган рус мусиқасининг ноёб ютуқларидан дейиш мумкин.

Шостаковичнинг еттинчи симфонияси “Бўронда яратилган” деб аталган. Уруш мавзусидаги ушбу асар нафақат ўз халқи, балки чет элликлар томонидан ҳам яхши кутиб олинди. Шостакович навбатдаги “Саккизинчи симфония”сини ҳам уруш мавзусига бағишлади. Мазкур симфония фалсафий ва мураккаб. Урушнинг халқ бошига келтирган чексиз азоб-уқубатлари, кулфатлари ҳақидаги симфоник қиссадир.

Бастакор ҳаётининг сўнгги йилларини оғир касаллик билан ўтказган буюк санъаткор 1975 йилнинг 9 августида саратон хасталиги туфайли ҳаётдан кўз юмади. У ўз васиятига кўра, пойтахтдаги Новодевичье қабристонига дафн этилади.

Шостакович ўз ижоди билан ўз санъатини яна бир поғонага кўтариб кетган ижодкор бўлди. У “Босиб ўтилган йўл ҳақида ўйлар” автобиографик мақоласида ўзи ҳақида: “Мен ўз санъатим билан буюк халқимизга, севикли ватанимизга хизмат қилаётганим учунгина бахтиёрман…” дейди. Унинг бетакрор асарлари бугун ҳам дунё саҳналаридан мустаҳкам жой олиб келмоқда. Номи эса Гайдн, Бах, Бетховен, Глинка ва бошқа машҳур бастакорлар қаторида эътироф этилади. Ўғли Максим Шостакович ҳам отасининг издоши сифатида унинг фаолиятини давом эттираётгани айни вақтда хуш ҳодисадир.

 Соҳиба Тошқулова  тайёрлади

“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 9-сон

_______________

[1] (лотинча constructio – қуриш, ясаш) ХХ аср бошларида юзага келган санъат ва адабий асарларнинг шаклини янгилашга қаратилган оқим.