Халқ ижодида ўзига хос ўрни бўлган, хусусан, Фарғона водийсида кенг тарқалган аскияга болаликдан меҳр қўйганмиз. Сайил ва томошалар аскиясиз ўтмасди. “Гулмисиз, райҳонмисиз, жамбилмисиз?» деб бошланадиган икки гуруҳнинг тарафма-тараф баҳсини, сўз ўйинларию қизиқ-қизиқ ҳангомалардан юракдан отилиб чиққан қаҳ-қаҳалар гуллаган давраларни қўмсаймиз.
Ҳозир ҳам аския халқ санъатининг бир тури сифатида ўз мухлисларига эга. Ўзига хос аския мактабига эга бўлган Марғилонни тилга олишимиз билан кўз ўнгимизда Юсуфжон қизиқ Шакаржонов, Охунжон қизиқ Ҳузуржонов, Зайнобиддин қизиқ Юсупов каби кулги усталарининг ёрқин сиймолари жонланади. Фозилжон Султонов, Қодирхон Усмонов, Муҳиддин Дарвешов сингари аския намояндаларининг номи ҳануз ҳурмат билан тилга олинади. Уларнинг Мамасиддиқ Шираев, Муҳиддин Султонов, Абдулла Акбаров сингари муносиб издошларининг аскияни санъат даражасига кўтариш йўлидаги саъй-ҳаракатлари, албатта, эътиборга молик. Истироҳат боғлари, “Оталар чойхонаси”да мунтазам ўтказиб келинаётган аския кечалари, кулги байрамлари, намойиш этилаётган қизиқчилик дастурлари айни муддао.
Бироқ кулгида ҳам меъёр ва одоб, аскияда эса ўзига хос таомиллар борлиги ҳеч кимга сир эмас. Зотан, нутқ маданияти кучли бўлган қизиқчиларнинг ҳаммаси ҳам аскиячи бўлолмайди. Аскияда зукколик, ҳозиржавоблик асосий мезон. (Аския арабча “азкия”, яъни “ўткир зеҳнлилик” сўзидан келиб чиққан деган тахминлар мавжуд.) Аския бир нав мусобақа, қолаверса, мазза қилиб эшитадиган ва томоша қилинадиган ўзига хос беллашув бўлиб, тортишувлар томошабинга бир олам завқ ҳадя этади. Муқобил томонни аниқ нишонга урган — мулзам қилган гуруҳнинг қўли баланд. Бу “жанг”да асосий аслаҳа нозик ва сермаъно сўзлар. Беозор ҳазилга ҳазил билан жавоб қайтаришга лаёқати етмаган аскиябоз нима қилади? Эзмаликка ўтадими? Йўқ. Ҳамма қатори кулади.
Аскияда одамлар феъл-атворидаги нуқсонлар фош қилиниши мумкин, бироқ бундан ҳеч ким озор чекмайди. Аксинча, киши ўз айб-нуқсони ва бўш томонларини билиб олиб, уларни ислоҳ қилишга киришади. Шу маънода, бироз кўнгилни хушламоқ, шодлик ва хурсандчилик учун айтилган аския маълум маънода тарбиявий аҳамиятга эга. Халқнинг “Бир марта дилдан кулган кишининг умри бир кунга узаяди”, дейиши ҳам бежиз эмас. Кулги, аскиянинг киши саломатлигига нечоғли фойда келтириши ҳаммамизга маълум.
Бироқ бугун аския йўналишидаги ижоднинг барчасини ҳам аския деб бўладими? Афсус… сўнгги пайтларда минг йиллар оша тараққий этиб келган аскияда мазмунсиз ва ахлоқимизга тўғри келмайдиган сўзларни ўринсиз қўллаш ҳоллари кузатилмоқда, беўхшов, уятли ўхшатишларга асосланган “аския”лар пайдо бўлди. Беғараз кулги билан суғорилган, донишмандлик, зукколик ва ҳозиржавобликни қамраб олган нозик санъат, айни дамда, тарбия воситаси бўлган аския бугун нима учун бундай аҳволга келиб қолди? Гуруҳлар баҳси гоҳида беҳаёлар “мусобақаси”га айланиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас.
Тўйда икки аскиячи “беллашяпти”. Тўйхонада кимлар ўтиргани улар учун гўё мутлақо аҳамиятсиздек. Ўз ҳангомалари, аниқроғи, бемаза гапларига ўзлари қаҳ-қаҳ уриб кулишяпти. Майли, кулсин. Лекин муҳими кулишми, кулдиришми? Беўхшов қочиримлар телеэкранларга ҳам чиқишга улгурган.
Халқни ўзига жалб этиш учун оғзига келганни айтаётган аскиябоз наҳотки ўзининг оила аъзоларини ҳам ноқулай аҳволга солаётганини ўйламаса. Севимли ёзувчимиз Тоҳир Малик шундай ёзади: “Телевизорда аския кўрсатилса, даврада хандон отиб кулаётган аёлларга ачинаман. Ҳаёли, иболи аёл бунақа гапларга кулмай, ғазабланиши керак…”. Телевизорда аския бераётувди, туйқус қизиқчилар нимага шаъма қилаётганини англаб, болаларим олдида… “ўлдим”, дейди бир танишимиз. Бошқа бир дўстимизнинг фикрича, қизиқчиларнинг аудиторияни, яъни у ерда онахонлар, отахонлар, қиз-жувонлар ҳам борлигини ҳисобга олмай, ёдларига тушган ҳангомани айтиб беришлари ноқулай аҳволда қолдиради одамни.
Айтайлик, даврада ота-онахон ёки қиз-жувон йўқ. Бемазагарчиликка рухсатми? Ҳар қандай ғам-ташвишни кулги билан енгиб яшаган халқ авлодимиз. Шунинг учун аскияни севамиз. Руҳни кўтарадиган, қалбни яйратадиган боболаримиздан мерос бўлмиш ҳақиқий аскиянинг “илдизи пок жойга туташган гул” бўлиб қолишини жуда-жуда истаймиз.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2018 йил, 44-сон