Хаттотлик санъати Шарқ мамлакатлари маданиятининг ўзига хос йўналишидир. Маълумки, ушбу қадимий ва мумтоз санъат Ўрта Осиё, хусусан, Ўзбекистонга кириб келиши ва ривож топиши мазкур ҳудудда ислом динининг ёйилиши билан боғлиқ. Ўрта Осиё халқлари ислом динини қабул қилгач, бу ерда амалда бўлган уйғур, ўрхун-энасой, суғд, хоразмий каби қадимий ёзувлар истеъмолдан чиқиб, араб тили ва ёзуви илм-фан, ёзма ижод ва давлат ишларида асосий ёзув ўрнини эгаллаган. Йигирма саккизта ҳарфдан иборат бўлган араб алифбосининг дастлабки шакли – тик чизиқлар билан ифодаланувчи “хатти маъқалий” VII асрдан бошлаб ўз ўрнини араб ёзувининг энг қадимийси ва машҳури ҳисобланган “хатти куфий”га бўшатиб берган. Кейинчалик турли давр хуснихат соҳибларининг кашфиётлари туфайли хатти маъқалий ва куфий хати асосида араб ёзувининг санъаткорона яратилган саккиз хил асосий услуби майдонга келган. Булар: сулс хати, насх хати, муҳаққақ хати, райҳоний хати, тавқиъ хати, риқоъ хати, девоний хати, настаълиқ хатларидир. Бугунги кунда эса араб ёзувининг юздан ортиқ турлари мавжуддир. Бу хатлар ичида ҳозирги кунда энг кўп қўлланиладигани насх хати бўлиб, йигирма иккита араб давлатида, Эрон Ислом Республикасида шу хатдан фойдаланилади. “Қуръони карим” эса ҳозирги вақтда асосан насх хатида чоп этилади.
Ёзув инсоният ҳаётида мисли кўрилмаган юксалишлар пайдо қилган мўъжиза ўлароқ, мулоқот ва маълумот етказишнинг муҳим воситаси, ҳаётий зарурат ҳисобланади. Сўз фикрнинг акси экан, ёзув эса сўзнинг рамзидир. Араб ёзувининг дунёдаги бошқа халқлар ёзувидан фарқли жиҳати шундаки, унда ёзувнинг гўзаллигига алоҳида эътибор берилади. Чиройли хат ила битилган ёзув маъно ташишидан ташқари, кишиларга эстетик завқ бериш хусусиятига эга. Хаттотлик эса ўша ёзувга нафосат бахш этувчи соҳадир. Шунинг учун хаттотликка ҳам ҳунар, ҳам санъат мақомида қаралади.
Асрлар давомида сақланиб, сайқал топиб келаётган хаттотлик санъати нафақат араб ва ажам мамлакатлари, шунингдек, Осиё халқлари ҳаётида ўзининг узоқ тарихига эга. Шарқда, жумладан, Ўрта Осиёда китоб босиш амалиёти вужудга келгунига қадар китоблар қўлёзма шаклида тайёрланиб, улар нусха кўчириш йўли билан кўпайтирилгани маълум. Бу машаққатли иш билан хат кўчирувчилар, яъни хаттотлар шуғулланишган. Маҳоратли хаттотлар эса саройларда, амалдорлар ҳузурида гуруҳ бўлиб ишлаган. Ҳуснихат алоҳида илм сифатида шаклланиб, унинг сир-асрорлари баёнида кўплаб рисолалар ёзилиб, фан даражасига кўтарилган. Хаттотликнинг моҳияти матнни шунчаки кўпайтириш бўлмай, ёзувга зеб беришдир. Хатнинг чиройли битилиши китобнинг қийматига таъсир кўрсатган. Шунинг учун хаттотлик нозик дид ва истеъдод талаб этувчи хос соҳа ҳисобланиб, ҳамма ҳам бу касб билан шуғуллана олмаган. Хаттотликнинг санъат мақомида кўрилиши шундандир.
Шарқ халқлари орасида шуҳрат қозонган Муҳаммад бин Ҳусайн ат-Тиббий, Мир Али Табризий, Султон Али Машҳадий, Мир Али Хисравий, Мунис Хоразмий ва Аҳмад Дониш сингари машҳур хаттотлар замонасида ўз ҳусни хатлари билан мактаб яратган сиймолардан ҳисобланади. Улар кўчирган китоблар ва хат турлари ҳали-ҳануз туганмас илм сифатида дунё олимлари томонидан ўрганилиб келинади.
Бизнинг давримизга келиб, китобот соҳаси замонавий технология имкониятлари асосида ривожланаётган бўлса-да, хаттотлик санъати анъаналари ривожланишда давом этмоқда. Боиси, хаттотлик нафақат китобот, балки тасвирий ва амалий санъат, меъморчилик соҳалари билан узвий боғлиқ бўлиб, ўтмишнинг моддий ва маънавий жумбоқларини усиз ўрганиб ҳам, тиклаб ҳам бўлмайди.
Юртимиз ҳудудидаги ҳали тўла ўрганилмаган қанчадан-қанча моддий ва номоддий маданий ёдгорликларнинг сирини очиш, аждодларимиздан қолган ноёб қўлёзмаларни ўқиш ва тадқиқ этиш, маданиятимиз илдизларига чуқур кириб боришда, умуман, тарих, география, санъат, адабиёт, дин, этнография, архитектура ва бошқа фанлар ривожида хаттотлик жуда муҳим ўрин тутади.
Юртимизда мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб миллий тарихимиз, маданиятимиз илдизларини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, маънавий қадриятларимизни тиклашга катта куч сарфланаётгани бежиз эмас. Бу борада амалга оширилган салмоқли ишлар натижасида хаттотлик санъатига қизиқиш ортиб, янги ривожланиш босқичига ўтди. Яқин ўтмишдаги мустамлакачилик даврида унутилаёзган тарихимиз, қадриятларимиз қаторида хаттотлик санъати анъаналари ҳам фидойи олиму ижодкорларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли қайтадан ўз қиёфасини тиклади. Бунда Ҳабибулла Солиҳ, Салимжон Бадалбоев, Абдулла Мирсоатов, Тўхтамурод Зуфаров, Алишер Шомуҳамедов, Абдулазиз Мансуров, Ислом Маматов, Ғафуржон Ҳақбердиев каби кўплаб илғор хаттотларнинг улкан хизматлари борлигини таъкидлаш зарур. Улар ҳар қандай шароитда ҳам касбларига хиёнат қилмай, садоқат билан изланганлари натижасида боболардан мерос қолган ноёб ҳуснихат мактаби анъаналари сақлаб қолинди.
Қувонарлиси, соҳа истиқболига ҳукумат даражасида эътибор берилиб, бугунги ва келгуси авлодга уни бекаму кўст етказиб бериш мақсадида қилинган салмоқли ишлар ўз самарасини кўрсатмоқда. Маълумки, юртимиздаги учта катта олий ўқув даргоҳида, яъни Тошкент давлат Шарқшунослик институти, Тошкент давлат Ислом университети ва Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтларида хаттотлик санъатини ўқитиш йўлга қўйилган. Юқорида номлари айтилган тажрибали хаттотлар устозлигида уларнинг изини босувчи ёш хаттотлар авлоди камол топиб келмоқда. Шунингдек, ёш ва малакали хаттотлар фаолиятини рағбатлантирувчи турли фестиваль ва кўргазмалар доимий ўтказилиб келинаётгани ҳам соҳадаги ижобий ўзгаришлар нишонасидир.
Хаттотликнинг ҳунар сифатидаги хусусияти шундаки, у устоздан шогирдга, отадан фарзандларга мерос бўлиб қолади. Бу соҳани ёш авлодга чуқур ўргатиш ва анъаналарни мустаҳкамлашда устоз-шогирд муносабатлари ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. Юртимизда ўз илмини матонат билан ёшларга ўргатиб келаётган тажрибали хаттотларнинг борлиги туфайли бу анъана янада мустаҳкамланиб боряпти.
Шундай фидойи устоз хаттотлардан бири Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси Салимжон домла Бадалбоевни кўплаб тасвирий ва амалий санъат кишилари, уста-ҳунармандлар ва меъморчилик соҳаси вакиллари ўзларининг устози деб биладилар. Ўз хуснихати, кўплаб амалий ижодий ишлари, китобот соҳасидаги илму салоҳияти билан нафақат юртимизда, балки атроф-минтақага танилиб, эъзоз топган ижодкор умрининг бир асрдан ошиқ қисмини, куч-идрокини шу соҳага бағишлаб келмоқда.
1942 йилда таваллуд топган Салимжон Бадалбоев ўтган асрнинг етмишинчи йилларидан – Тошкент давлат университетининг (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) филология факультетида таҳсил олиб юрган талабалик кезларидан бошлаб хаттотлик билан шуғулланиб келади. Талабалик давридаёқ араб, форс тилларини яхши ўзлаштирган, устозининг ўз вақтида тўғри йўналтирганидан бир умр миннатдор бўлиб яшаб келаётган Салимжон домла бу ноёб касби ортидан кўплаб муваффақиятларга эришди. У киши турли йилларда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти, Тошкент давлат Шарқшунослик институти, Миср араб Республикаси элчихонаси маданият марказида ва бошқа қатор ўрта-махсус билим масканларида ёшларга ўз ҳунари сирларини ўргатган. Ҳозирда ҳам кўплаб шогирдлар у кишининг устозлигида бу ноёб санъатни эгаллаб келмоқда. Жумладан, номлари танилиб бораётган С.Маҳкамов, Д.Акбарова, У.Қудратов, У.Шоаҳмедов, З.Ортиқов, Х.Лутфуллаев, Н.Қаюмий, М.Абдуллаева сингари ёш хаттотлар домланинг устоз сифатида олиб борган кўп йиллик меҳнатларининг маҳсули, десак муболаға бўлмайди. У кишининг набираси Абдулазиз Салимжонов ҳам ёшлигидан хаттотлик илмини ўрганиб, бобосининг изидан бормоқда.
С.Бадалбоев сульс, риқъа, настаълиқ, девоний, куфрий каби хат турларида ижод қилади. Устоз хаттотнинг изланишлари китобот соҳасидан ташқари меъморчилик, амалий санъат соҳалари билан бевосита боғлиқ бўлиб, юртимиздаги қатор иншоотларда у кишининг ижод намуналарини учратиш мумкин. Жумладан, Тошкент шаҳридаги “Кўкча”, “Ҳазрати Имом”, “Каффол Шоший”, “Ҳасан ота”, Юнусобод, Исломобод масжидлари, Тошкент вилоятидаги Бўстонлиқ, Оққўрғон туманлари ва Чирчиқ шаҳрида, Самарқанд вилояти Каттақўрғон ва Пахтачи туманларида ва Қарши шаҳридаги жоме масжидларининг деворлари, меҳроб ва гумбазлари Салимжон домла томонидан безатилган.
Хаттотнинг ижодида адабий-маърифий китоблар устида олиб борган изланишлари алоҳида ўрин тутади. У кишининг Абдулла Авлонийнинг “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” асарини эски ўзбек ёзувчида кўчирганини, турли хат турларида Алишер Навоийнинг “Хамса” достонига ишлаган панно ва бошқа кўплаб композицияларини мазмунга мос янги изланишлар, дейиш мумкин. С.Бадалбоев хаттотлик тарихи ва ривожланиш жараёнининг билимдони сифатида турли китоб ва дарсликлар тайёрлаган. Хусусан, “Алифбо” (ҳаммуаллифликда), “Форсий хат машқлари”, “Насх хати” каби китоблари хаттотлик ва араб ёзуви сабоқлари бўйича ёшларга ўзига хос қўлланма ҳисобланади.
Сермаҳсул ижодкор 2008–2019 йиллар оралиғида “Яша улуғ Ватан”, “Ватан мадҳи”, “Нафосат гулшани” каби ўнлаб шахсий кўргазмаларини ўтказган. Бундан ташқари, маҳаллий ва халқаро миқёсдаги хаттотлик мусобақаларида доимий иштирок этиб келади. У кишининг мамлакатимиз байроғи, Ҳумо қуши, ўрдак, ғоз, кабутар шаклида улкан маҳорат билан битган кўплаб қадимий китоблар, ҳадислар, халқ мақол ва маталлари, ҳикматли сўзлардан таркиб топган композициялари бугунги кунда хаттотлик санъати анъаналарини дунёга ёйишга хизмат қилиб келмоқда.
С.Бадалбоев Миср, Эрон, Хитой, Малайзия, Туркия каби хорижий давлатларда ўтказилган турли хаттотлик санъати фестиваллари, кўргазмаларда иштирок этиб, ижод намуналари жаҳоний эътирофга сазовор бўлган. Жумладан, 2001 йил ва 2004 йилда Туркиянинг Истанбул шаҳрида Бутунжаҳон Ислом тарихи, маданияти ва фани тадқиқот маркази томонидан ўтказилган хаттотлик халқаро мусобақаларида икки маротаба эътироф этилган. 2007 йилда ўзбекистонлик хаттотлар ўртасида бўлиб ўтган мусобақада энг кучли ўн етти иштирокчи орасида хаттотлик санъати бўйича биринчи ўринни эгаллагани кишида устознинг санъатига нисбатан эҳтиром ҳиссини уйғотади.
Ҳар қандай гўзалликни пайдо қилиш инсондан катта меҳнат талаб этади. Хаттотликда гўзаллик қалам ва сиёҳ воситасида, сабр ва ихлос раҳнамолигида машаққат билан яратилади. Ўз меҳнати билан умрига гўзаллик олиб кирган моҳир хаттот Салимжон Бадалбоев ҳозирда қутлуғ 77 ёшни қаршилаб турган бўлса-да, ижодий изланишлар ва шогирдлар тайёрлашдан сира толган эмас. У кишининг ўзлари эътироф этганидек, Яратган уни кексаликда ҳам касби учун энг зарур неъматлар – кўз нури, қўллар бардамлиги ва энг муҳими, ижод шавқидан айирмади. Бизнингча, бу Салимжон домланинг ўз касбига чексиз садоқати учун берилган лазиз мукофотдир.
Ўтган 2018 йилда Ўзбекистонда илк бор ўтказилган “Ҳикматлар олами” деб номланган I Республика хаттотлик фестивалида иштирок этган юзлаб хаттотлар сафида Салимжон Бадалбоев етиштирган шогирдлар ҳам борлиги у кишининг меҳнатлари бесамар кетмаганлигидан далолат. Хаттотликдек гўзал ва муқаддас соҳага умрини бахшида этган Ўзбекистон Бадиий Академияси ҳамда Миср олий таълим вазирлигининг олтин медали соҳиби Салимжон Бадалбоев, халқаро “Парвин рақам” унвонига сазовор бўлган Ҳабибулло Солиҳ сингари йирик ўзбек хаттотлари яратган мактаб анъаналари юзлаб шогирдлари ижодида асрлар оша гуллаб-яшнайверади.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2019 йил, 4-сон