Хотираларнинг энг нозик томони – улар ҳамиша “ўтган замон феълида” ёзилади. Шу сабабдан ҳам ўтганларни ёд этганда одатда замондошларнинг хотираларига, ҳужжатларга ва улар ҳақида ёзилган битиклару маълумотларга суянилади.
Беназир истеъдод соҳиби, бастакор, хонанда ва созанда, академик Юнус Ражабий ҳақида сўз юритганда ҳам ҳудди шундай.
1897 йилнинг 5 январи. Тошкентнинг Чақар маҳалласидаги боғбон Ражаб ота ҳовлисида чақалоқ дунёга келади. Унга Юнус деб исм қўйишади. Ражаб ота асли боғбон бўлса-да, жуда серзавқ, санъатни жон-дилидан хуш кўрадиган киши эди. У ўғлини ёшлигидан турли йиғинларга, давраларга олиб борар, жажжи Юнус эса созанда ва хонандалар ижросидаги дилтортар куй ва қўшиқларни мароқ билан тинглаб, ўрганишга ҳаракат қиларди. Юнус Ражабий дастлаб акаси Ризқи Ражабийга эргашиб дутор созида куйлар машқ қила бошлайди. Кейинчалик эса андижонлик Мирзақосим ҳофиздан Тошкент ва Фарғона водийсида айтиладиган мақом парчаларини тинглаб ўрганади ва дутор чалиб ашула айта бошлайди. У секин-аста Мулла Тўйчи Тошмуҳаммедов, Шораҳим Шоумаров сингари санъаткорлар назарига тушади. Улар ижро этган мақом ашулаларини бор диққат-эътибори билан ўрганишга бел боғлайди. 1919 йилда у Тошкентда очилган халқ Консерваториясининг миллий мусиқа бўлимига кириб ўқийди ва халқ мусиқа мероси дурдоналарини, айниқса, мақом йўлларини созанда ва хонандаларга ўргатишда устозлар анъанасига содиқ қолади. 1923 йили Юнус Ражабий акаси Ризқи Ражабий, Имомжон Икромов ва Исмат чангчи билан бирга Самарқанд билим юртига юборилади. Улар бу ерда Ҳожи Абдулазиз Абдурасулов билан танишадилар ва тўрт йил давомида таълим оладилар. Юнус Ражабий бу тўғрида ўз хотираларида шундай деганди: “Биз Самарқандда тўрт йил турдик, соз чалдик, ашула ва қўшиқлар айтдик. Ҳожи Абдулазизнинг ашула йўлларини ўргандик. Шашмақом йўллари билан шу ерда танишдик. Хуллас, Ҳожи Абдулазиз бизга устоз бўлиб қолди”.
1924 йилда Ҳожи Абдулазиз Юнус Ражабийни Бухорога олиб боради ва у ерли билимдон устозлар Ота Жалол, Уста Шоди Азизов, Қори Камол, Қори Нажм, Абдусаид Бегижон сингари таниқли мақом усталари билан таништиради.
Мақом ашулалари, куйлари унинг ҳаёти мазмунига айланади. Энди у тунлари билан мижжа қоқмай, ёдида сақлаб қолган халқ куйларини оз-оздан нотага сола бошлайди. У бу куйларни шунчаки кўр-кўрона нотага туширавермас, ҳар бир мусиқа асарини қайта ўзлаштириб, ўзининг ижрочилик ва бастакорлик тажрибасига суяниб иш кўрарди. Акаси Ризқи Ражабийнинг айтишича, бастакор олти юзга яқин куй, ашула ва қўшиқларни ёддан билган. 1937 йилда чоп этилган “Ўзбек халқ қўшиқлари”нинг иккала жилдига бастакорнинг турли жанрлардаги нотага олган халқ куйлари, ашула ва қўшиқлари киритилди. Унинг репертуаридаги “Ушшоқ”, “Талқини баёт”, “Баёт 1”, “Кошки”, “Гиря 1”, “Чоргоҳ 1”, “Қаландар 1”, “Адойи 1-II”, “Кўчабоғи 1-II” каби ўнлаб ашулалар хонанда томонидан юксак маҳорат билан ижро этилиб, унга катта шуҳрат келтирди.
Шунингдек, “Эшвой”, “Курд”, “Қаландари”, “Шаҳнози гулёр”, “Қаро кўзим”, “Дугоҳи Ҳусайний”, “Чоргоҳ”, “Мискин”, “Насруллойи” каби мақом йўлларидаги ашулалар ҳамда у тиклаган “Субҳидам”, “Ёлғиз”, “Сайқал”, “Сегоҳ”, “Дугоҳ” ва бошқа ўзбек халқ куй ва ашулалари тингловчилар қалбини ҳамон ҳаяжонга солиб, юракларни тўлқинлантириб келмоқда. Ҳассос санъаткорнинг саъй-ҳаракатлари ўлароқ, 1939 йилда Э.Романовская ва А.Акбаровлар томонидан тузилган “Ўзбек халқ қўшиқлари” тўпламига у нотага олган 29 та ашула ва халқ қўшиқлари киритилган. Бир зум ҳам ижод ва изланишдан тўхтамаган санъаткор 1955-59 йилларда (А.Акбаров таҳрири остида) 5 жилдлик “Ўзбек халқ мусиқаси” тўпламини нашр эттирди. Унда мингга яқин ўзбек, тожик ва уйғур куй ашулалари “Бухоро шашмақоми” “Фарғона-Тошкент” мақом йўллари, катта ашула ва ўнлаб бастакорларнинг асарлари жой олган. 1966-74 йилларда Ф.Кароматов таҳрири остидаги “Шашмақом”нинг 6 жилдлик янги нашри ҳам Юнус Ражабийнинг узоқ йиллик изланишлари самарасидир. Бастакор мусиқали драма театрлари учун ҳам бир қатор опера ва куйлар яратди. Масалан, Хуршиднинг “Фарҳод ва Ширин” (1922-25), У.Исмоиловнинг “Рустам” (1933), А.Ҳидоятовнинг “Аваз” (1935), Ҳамзанинг “Холисхон” (1940) спектаклларига халқ ашулалари асосида куйлар басталаган бўлса, кейинчалик С.Абдулла ва Чустийнинг “Қўчқор Турдиев” (1942) Б.Надеждин билан ҳамкорликда А.Умарий ва Уйғуннинг “Қасос” (1941), Г.Мушель билан ҳамкорликда Ҳ.Олимжоннинг “Муқанна” (1943) сингари бир қатор драмаларига куйлар ёзиб, ўзбек мусиқали драма жанрининг шаклланишига ўз ҳиссасини қўшди.
Атоқли бастакор, академик Ю.Ражабий Ўзбекистон телевидениеси ва радио эшиттириш қўмитаси ҳузурида “Мақом” ансамблини ташкил этди ҳамда бадиий раҳбари сифатида узоқ йиллар фаолият кўрсатди. Бугунги кунда бу ансамбль унинг муборак номи билан аталади. Бундан ташқари Жиззах мусиқали драма театрига ва Тошкент мусиқа педагогика билим юртига, Тошкентдаги марказий кўчаларнинг бирига ҳамда Тошкент метрополитени бекатларидан бирига унинг номи берилган.
Ўзбек халқининг мусиқаси ва қўшиқчилик санъати равнақига қўшган улкан хизматлари учун бастакор 1958 йилда Ўзбекистон Халқ артисти унвони, 1973 йилда Республика Давлат мукофоти билан тақдирланди. 1966 йили Ўзбекистон Фанлар Академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланди. 2000 йилда эса у “Буюк хизматлари учун” орденига сазовор бўлди.
Дарҳақиқат, дунёда шундай инсонлар борки, улар гарчи орамизда йўқ бўлсалар-да, уларнинг қилган эзгу ишлари, ўзларидан қолдирган бой маданий ва маънавий мероси бизга улар ҳақида сўйлаб тургандек туюлаверади. Инсоннинг бахти ҳам, қадри ҳам ана шунда эмасмикин…
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 1-сон