Жан Кокто: “Мен – ҳақиқат, мен – рўё”

“Жан Кокто – дилетант. У ижодкор эмас. Санъатнинг бир туридан бошқасига оғишиб юрувчи беқарор. Унинг ёзганлари ҳеч қачон асар саналмайди…” Француз адабиёти, тасвирий санъати, театр ва кино санъатида қизғин фаолият юритган бу ижодкорга замондошларининг аксарияти шундай баҳо беришарди. Дарҳақиқат, унинг серқирра истеъдоди кўпчиликнинг ғашини келтирарди. Аммо Кокто бу каби гап-сўзларга парво қилмас, аксинча, ўзидаги иқтидорни борича намоён қилишга интиларди.

1889 йилнинг 5 июлида Париж­ яқи­нидаги Мезон-Лаффет шаҳарчасида дунёга келган бу улкан иқтидор соҳиби болалик чоғларидан бошқаларга ўхшамасди, фавқулодда қалами ўткир, фавқулодда тасаввурга бой бола эди. Туғма маҳорат дастлаб унинг расм солишга бўлган уқувида кўрина бошлайди ва қисқа вақт ичида қобилиятли рассом сифатида ўзини намоён этади. Табиийки, Париждаги муҳит унга ўзини шу йўлга бағишлаш учун тўла имкон берган эди. Шундай қилиб, Кокто-рассом чизган суратлар тезда замонасининг машҳур мусаввирларининг эътиборини қозонади. Бу муваффақиятга у асосан график портрет жанридаги асарлари туфайли эришади. Жаннинг бедор иқтидори кейинроқ яна бир қиррада намоён бўлади: яъни, эндиликда Кокто исмли жўшқин бир шоир майдонга чиқади. У асосан дадаизм[1] , кейинчалик сюрреалистик (санъат ва адабиётда иррационалликни ёқловчи) руҳдаги шеърлари билан мухлисларнинг назарига тушади. “Шеърлар” номли илк тўплами 1920 йилда чоп этилади. Назм Кокто учун наср ва драматургия оламига киришга имкон берган нурли остона бўлиб хизмат қилади. У адабиётнинг бу тармоғига ҳам дадил қадамлар билан кириб келади. Мингдан ортиқ саҳнабоп ҳавжий лавҳалари, “Орфей”, “Инсон овози”, “Шоҳ Эдип”, “Бепарво париваш” каби қатор пьесалар яратади ва улар Франция театрларида муваффақиятли саҳналаштирилади. Пьесаларининг саҳналаштирилганлиги юраги мудом илҳомга тўлиб турувчи ижодкорни театр учун яна ҳам кўпроқ, астойдил хизмат қилишга ундайди. Энди драматург Кокто мусаввир Кокто сифатида ҳам театрларда сценография билан шуғулланади, либреттолар ёзади, балет спектакллари учун саҳналарни безатади. Аммо унинг истеъдод қирралари шуларнинг ўзи билангина чекланган эмасди. Кокто нафақат шоир ва рассом, балки, теран фикрли, моҳир режиссёр ҳам эди. У кинематография соҳасида кўпгина муваффақиятли ишларни амалга оширади. Айтиш жоизки, ана шундай кўптармоқли фаолиятида Коктонинг режиссура ва сценарийнависликка қўл уриб, кино оламида ҳам ижод қила олишида табиийликнинг қандайдир тасодифий аломатлари бор. Айнан Кокто туғилган йилда ака-ука Люмьерлар кино санъатига асос солган, унинг ижодга чанқоқ даврида эса кино санъати ҳам айни ривожланиш палласида эди. Ижоди – ҳаётга, ҳаёти – ижодга айланиб кетган инсон барча санъат соҳаларини ҳам ўз йўли деб биларди. Бунинг исботи сифатида у 1930 йилда ўзининг илк фильми “Шоир қони”ни суратга олди. Унинг бу дебюти “Соҳибжамол ва маҳлуқ”, “Иккибошли бургут”, “Орфей”, “Орфей васияти”, “Чорасиз ота-она” каби ўнга яқин фильмларининг дунёга келишида дебоча бўлди. У бошқа режиссёрлар учун ҳам кўпгина фильм сценарийлари ёзди ва бундай ҳамкорликлар асносида адабиёт ва санъат майдонида машҳур замондошлари Эдит Пиаф, Марсель Пруст, Жан Марэлар билан мустаҳкам дўстлик ришталарини боғлади.

Кокто санъат назариётчилиги ва танқидчилигига гарчанд даъвогар бўлмаса-да, кўпгина ўтмиш ва замондош санъаткорлар ҳақида эссе ва хотиралар ёзиб турарди. Леонардо да Винчи, Лотрек, Сезанн, Пабло Пикассо, Утрилло, Крико ва бошқалар ҳақида битилган мазмундор эсселари шулар жумласидандир. Нашр этилган барча китоблари ҳамиша ўз ўқувчисини топиб кетарди. У санъатпарвар шахс сифатида кўплаб ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлар, улар учун имкониятлар эшигини очишга интиларди. 1917 йилда Кокто композитор Эрик Сати ва рассом Пабло Пикассо билан ҳамкорликда “Парад” балетини яратади ва бу биринчи сюрреалистик спектакл номи билан санъат оламида катта шов-шувларга сабаб бўлади. Орадан беш йил ўтиб, Эрик Сати, танқидчи Анри Колле ва Кокто ўзаро ташаббус қилиб, “Олтовлон” номи остидаги ёш композиторлар гуруҳини тузадилар. Бу гуруҳ “Қудратли тўда” номи билан ҳам кўп шарафларга сазовор бўлган. Кокто мазкур гуруҳ ҳақида сўзлар экан, “Олтовлон” санъат тарихида худди уч мушкетёр сингари машҳури олам бўлди”, – деб ёзади хотираларида. Ташаббускорлик, ташкилотчилик Жан Коктонинг юксак фазилатларидан бири бўлиб, ҳатто ҳаёт тарзига айланиб қолганди.

1955 йили у Франция академияси, сўнгра Бельгия Қироллик академиясига аъзо этиб қабул қилинади. Кўп йиллар қатор халқаро кинофестивалларда ҳайъат аъзоси ва раиси бўлиб ҳам хизмат қилади. Санъат, адабиёт деб бир муддат ҳаловат билмаган, бу тиниб тинчимас истеъдод соҳиби 1963 йилда сўнгги “2000 йилга мактуб” фильмини суратга олиб бўлган бир паллада, 11 октябрда дунёдан кўз юмади.

Яшаб ўтган умри давомида кимлардир уни хўб алқади, кимлардир эса умуман тан олмади. Чиндан ҳам бир одам бутун умри мобайнида шунча иш қила олишига ақл бовар қилмайди. Ҳатто Коктонинг ўзи ҳам баъзан ўзига холис баҳо беролмай, “Мен бир вақтнинг ўзида ҳам ҳақиқат, ҳам рўёман”, – дерди. Ҳазил-чини аралаш амалда оддий инсон бундай серқирра ижод қилиши мумкин эмасдек туюлади. Аммо Жан Кокто шунчаки оддий инсон бўлмаганлигининг боиси ҳам шунда. Вақт ҳамма нарсани ойдинлаштирди – Кокто айрим замондошлари айтганидек, дилетант эмас, балки, чинакам ижодкор бўлиб ўзининг ўлмас асарларида яшаб қолди.

М.Муҳаммадаминова  тайёрлади

“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 7-сон

_______________

[1] XX аср бошларида Швецарияда пайдо бўлган рационализм ва ҳаётдаги қонун-қоидаларни инкор этувчи адабий оқим.