Менделсоннинг ҳаёти, ижоди, туриш-турмуш тутумларига назар ташласак, унинг фавқулодда воқеалардан йироқлиги, бироқ мутлақо якранг эмаслигига амин бўламиз. У 1809 йилнинг 3 февраль куни Гамбургда, мусиқа оламига бегона бўлган иқтисодчи Авраам Мендельсон оиласида дунёга келади.
Бўлажак композиторнинг бобоси Мозес (Моисей) Мендельсон машҳур яҳудий файласуфи, Хаскал донишмандлик оқимининг асосчиси эди.
Фалсафа, умуман фозиллар илми нотиқона сўз, пурмаъно ҳикмат, жумбоқли, фавқулодда ҳодисотлар орқали инсонни маънавий комиллик сари ундовчи беқиёс восита бўлса, мусиқа ана шу мужданинг оҳангга, куйга кўчган ҳолати, инсон қалбига тутқич бермас ўйлар, юксак туйғулар ёрдамида кириб борувчи санъатдир. Шу боис, файласуфларнинг аксари мусиқа илмига ҳам ошно тутинганлиги айни ҳақиқат. Энг муҳими, фалсафа ҳам, мусиқа ҳам қалбнинг давоси бўлиши мумкин. Абу Наср Фаробий бобомиз айтмоқчи, “Мусиқа фани шу маънода фойдалики, кимнинг феъл-атвори мувозанатини йўқотган бўлса, уни тартибга келтиради”.
Юқоридаги боғлиқликдан хулосамиз шуки, бобосининг фалсафа илмидаги салоҳияти ёш Феликснинг мусиқий фитратига таъсир кўрсатган бўлса ажаб эмас.
1811 йил Мендельсонлар оиласи Берлинга кўчиб ўтади. Феликс учун завқиёб онлар сурури бошланади, у бой ижодий муҳитда, зако аҳлининг даврасида вояга етади. Мендельсонлар хонадонига ўз даврининг маълум ва машҳур инсонлари тез-тез ташриф буюрар, айниқса, улуғ файласуф Фридрих Гегель ва тажрибали педагог, композитор Карло Цельтерларнинг иштирокисиз ўтадиган гурунглар кам бўларди. Айнан Цельтер ёш
Мендельсондаги мусиқий лаёқатни сезиб қолади ва унга мусиқа назариясидан дарс ўта бошлайди. Кейинчалик Феликс устозлари Людвиг Бергердан фортепиано, Карла Хеннинг, Эдуард Рицалардан скрипка чалиш сир-асрорларини ўрганади.
Етук композиторларнинг деярли барчасида фавқулодда истеъдод жуда эрта уйғонган. Айтайлик, Моцарт тўрт ёшида Европанинг “мана-ман” деган томошагоҳларини тирбанд қилиб концерт берганлиги ёхуд Прокофьев беш ёшида мустақил асарлар ёза бошлагани бир қадар афсонага ўхшайди. Худди шу каби Мендельсон ҳам тўққиз ёшга етганда бутун Европада виртуоз пианиночи сифатида довруғ қозонди. У композиторлик фаолиятидаги дастлабки жиддий изланишларга айнан шу ёшида қўл уради, скрипка ва фортепиано учун сонаталар, трио, бир қатор орган мусиқаларини ёзиб тамомлайди.
1821 йил устози Цельтер туфайли Мендельсон немис маърифатпарвар шоири И. Гёте билан танишади, ундаги закийлик, илм ва ижоддаги теранлик эндигина ўн икки ёшни қарши олган композиторнинг дунёқарашини тубдан ўзгартириб юборади.
Феликс 1825 йили отаси Авраам Мендельсон билан Парижга саёҳатга йўл олади. Париж бу даврда Европанинг энг йирик маданият ўчоғи, мусиқа санъати гуркираб ривожланган шаҳар эди. Ёш Мендельсон бу ерда Париж Консерваториясининг бадиий раҳбари Луиджи Керубини билан танишиб қолади, ўзининг туғма истеъдоди, ноёб ижро услуби ила тажрибали мутахассиснинг назарига тушади. Бироқ Париж мусиқа мактаби Мендельсон ижодига айтарли таъсир кўрсатмайди, чунки унинг шаҳарга келишдан мақсади саёҳат қилиш эди, шу боис фаранглар юртида қолишни истаса-да, Берлинга қайтишга мажбур бўлади.
Айнан шу қайтиш Мендельсон ижодида янги саҳифа очади. У ўз юртига келгач, бутун куч-қуввати, шижоатини янгидан-янги асарлар яратиш йўлида сафарбар қилади. Жумладан, Мигель де Сервантеснинг машҳур “Дон Кихот” романидаги эпизод асосида “Комачонинг тўйи” номли икки пардали операсини ёзиб тамомлайди. Мендельсон ижодига хос юмор ва истеҳзога мойиллик, жўшқин ва таранг руҳият, қарама-қарши ҳиссиётлар тўқнашуви, енгил ифода, якундаги улкан ҳақиқат илк бор ушбу операда тўла юзага қалқиб чиққан эди.
Композитор ижодининг кейинги даври бевосита Европа мамлакатлари бўйлаб қилган саёҳатлари билан боғлиқ. У 1820-30 йиллар оралиғида Италия, Франция, Швейцария, Буюк Британияда яшаб ижод қилади, ўз даврининг етук композиторлари Ференц Лист ва Фридерик Шопен билан танишади.
1841 йили қирол Вильгельм IV нинг таклифига биноан Мендельсон Берлинга келади. Қирол бу шаҳарни Германиянинг маданий маркази бўлишини истарди. Шу мақсадда немис халқидан чиққан жамийки илм-фан, санъат, адабиёт намояндаларини ушбу шаҳарга тўплайди. Мендельсон Берлиндаги Қироллик санъат академиясини қайта тиклаб, черковдаги хорга раҳбарлик қилади. 1842 йили эса Англияга бориб, ўз концерт дастурини катта муваффақият билан намойиш этади, натижада унча-мунча ҳодисага ҳайратланавермайдиган инглиз халқининг қалбидан ҳам жой олади. Айни шу йиллари “Антигона”, “Шоҳ Эдип”, “Ёз тунидаги туш” спектакллари учун мусиқалар ёзади. Биз юқорида тилга олган “Никоҳ марши” “Ёз тунидаги туш” асарининг бир қисми ҳисобланади ва бу умрбоқий мусиқа Мендельсон номини абадий жаранглаб туришига хизмат қилмоқда.
Феликс Мендельсон ўзининг серқирра ижодий фаолияти давомида романтик симфония, программали концерт увертюраси каби жанрларга асос солади. Скрипка ва оркестр учун (1844), 2 та фортепиано ва оркестр учун (1831-1837) концертлари, “Сўссиз қўшиқлар” (1832-45) фортепиано асари, “Павел”(1836) ва “Илия” (1847) ораториялари жаҳон мусиқа санъатининг мумтоз намуналари қаторидан ўрин олган. Унинг ўз миллати мусиқа санъати ривожига қўшган яна бир йирик ҳиссаси – ижро йўналиши, машҳур композиторлари билан дунёга овоза бўлган Лейпциг консерваториясига асос солиши бўлди. Бу муҳташам кошона ҳанузгача мусиқага муҳаббат қўйган Мендельсон издошларига катта санъат йўлланмасини бериб келмоқда.
Композитор 1847 йили Лейпцигда вафот этади. У ўзининг қисқа умри давомида асрга татигулик ижод намуналари, халқчил, оҳангдор мусиқалари, романтизм ва классицизм анъаналари мужассам бўлган асарлари билан санъат муҳиблари қалбидан ўчмас жой олди. Мендельсон ижодий услубига хос бўлган ҳолат, уни замондошларидан ажратиб турувчи яккаш ҳодиса бу халқ билан муштараклик ҳисси, халқ дарди, маслагию мақсадига хайрихоҳлик, халқона куй ва ижро десак, хато бўлмайди. Ана шу фазилатлар сабаб Мендельсон ижоди мангулик мангулик касб этди.
Шоҳруҳ Абдурасулов
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 2-сон