Жаҳон кинематографиясининг энг машҳур сиймоларидан бири бўлган бу ижодкор шахси, ҳаёти, унинг яратган асарларидаги мураккаблик, сирлилик ва мавҳумлик кишини беихтиёр мулоҳазага чорлайди. Унинг асарларини ўқиб, фильмларини кўрар экансиз, муаллифнинг мазкур фикрлари қалбингизни ларзага солади: “Мутолаа давомида қачонлардир содир этишни истаб, лекин журъат қилолмаганингиз жиноятни бошдан кечирасиз. Шундай экан, ўқувчим, китобни очинг ва исталган саҳифани ўқинг! Даҳшат туйғуси ҳаммамизга етади”.
Аслида инсон ҳаёт ва ўлим оралиғида яшайди. Мана шу икки эшик орасида ўзини англашга, руҳий манзилини топишга интилади. Шу жиҳатдан қараганда, Хичкокнинг асарлари қалбингизни туб-тубига кириб бориб, сизни сўроқ қилади, ўзингиз англамаган юксакликларга олиб чиқади. Бунда бахт ва бахтсизликнинг, ҳаёт ва ўлимнинг энг ёруғ, ёрқин рангларини кўрасиз. У ўз китобларининг бирини “Мени мафтун қилган ўлим”, кейинги тўпламини эса кутилмаган тарзда “Иблис ҳақида гаплашамиз” ёки “Ўлим халтаси” деб номлайди. У бир умр қалбни туғёнга солувчи ҳодисалар, туйғулар, инсон қисматидаги фожиаларга эътибор қаратиб, ўз асарларида шуларни муҳрлаган.
Альфред Хичкок дунё киносининг энг машҳур режиссёрларидан бири эди. У 1920-1970 йиллар давомида 50 дан ортиқ фильмлар яратди.
Мухлислар уни Альфред Жозеф Хичкок, Хич – сирлилик, мавҳумлик даҳоси, жаноб Альфред Хичкок сифатида танийдилар.
Серқирра ижод соҳиби 1899 йил 13 августда Лондоннинг шарқий чеккасидаги Лейтонстойнда дунёга келди. Хичкокнинг аждодлари на адабиётдан ва на санъатдан хабардор одамлар эди. Бобоси ўз имзосини бир амаллаб қўйган бўлса, бувиси умрида қўлига қалам ушламаганди. Лекин шунга қарамай, Хичкокнинг бобоси унинг отаси Уилямга нисбатан жуда қаттиққўл эди. Уилям оила қургач, фарзандларини ҳам шундай қаттиққўллик билан тарбиялади. Кичкинтойлар, акаси Уилям, опаси Айлн ва Хичкоклар ҳар тун ўринга ётишдан олдин кундузги гуноҳларини авф этишни сўраб, ибодат қилишарди. Альфред Хичкок шу сабабданми, мурғакликдан бошлаб юрагининг бир четида айбдорлик ҳиссини туйиб яшарди. У болалигида индамас, ҳуркак бўлиб ўсди. На бир дўст орттирди, на кўча чангитиб ўйнади. Кун бўйи уйга қамалиб олиб китоб ўқирди. Хичкок эндигина 5 ёшга тўлганида, дарс сабоқларини яхши ўзлаштиришини истаган отаси уни ариза билан маҳаллий полиция маҳкамасига жўнатади. Аризани ўқиган хизматдаги полиция офицери ёш, мурғак Хичкокни дарҳол бир неча дақиқага қамоқхонага қамаб қўяди. Афсуски, бу қайғули натижага олиб келади. Гарчи отаси бу хатти-ҳаракати билан унга инсонлар ёмон қилмишлари учун жазоланишларини уқтирмоқчи бўлса ҳам, бу қаттиққўллик гўдакда ўзининг даҳшатли асоратини қолдирганди. Кейинчалик у бу ҳақда ўйлаганда, бутун вужудини қалтироқ, қўрқинч босарди. Оқибатда у бутун ҳаёти давомида полицияни эшитганда ваҳималанадиган бўлиб қолади. Кейинчалик айрим фильмларининг сюжетида ҳам бу ваҳима бутун даҳшати билан акс этади. Онаси Эмма Жейн Хичкок ҳам эридан қолишмайдиган ўта ўжар ва қайсар аёл эди.
Хичкок ёлғиз қолди дегунча расм чизишга ва харитада қизиқарли ўйинлар ўйлаб топишга муккасидан кетарди.1910 йилдан бошлаб у кўнгилсизликлар содир бўлиб турадиган қаттиққўл, маккор иккиюзламачилар ва уларнинг бадхулқ, безори кўча болаларининг ваҳшати билан тўлган муқаддас Игнатиус коллежига қатнай бошлади. Бу ерда у маърузаларни қолдирмай тинглар, бўш қолди дегунча Шекспир, Диккенс, Скотт асарларини ўқирди. Кейинчалик бу рўйхат Уайлт, Байрон, Честертонлар номи билан тўлдирилди. Бироқ Хичкокнинг тафаккурида катта бурилиш ясаган муаллиф Эдгар Аллан По бўлди. Мистификация ва даҳшатли жараёнларни пародия қилиш устаси бўлган Понинг асарларини бир умр ёд бўлиш даражасида ўрганиб чиқди. “Аминманки, По жаҳон адабиётида алоҳида ўринга эга. Унда икки шахс – романтик ва реал туйғулар вакили яшайди”, дея эътироф этганди у. Хичкокнинг ўзи ҳам мисоли икки ўт орасида яшарди. Дунёсининг бир тарафида иблислар, бошқасида эса меҳр фаришталари ҳукмронлик қиларди.
Билимга чанқоқ бўлган ва интилишдан сираям тўхтамайдиган Альфред 1913-15 йилларда Поплердаги Лондон графлик кенгашининг инженерлик маҳорати ва кемачилик саньати мактабида чизмачиликдан таҳсил олади. Уни тамомлагач, 1915 йилда дастлабки фаолиятини электр кабел ишлаб чиқарувчи Хенлей телеграф компаниясида баҳоловчи вазифасидан бошлайди. Бу қизиқувчан ижодкорни кино олами ўзининг сеҳрли бағрига чорлай бошлади. Ишдан бўш пайтлари Хичкок кино сеансларини қолдирмай томоша қилади. У кино санъатига оид газета, китобларни мутолаа қилади, шу билан бирга ўз иқтидорини чархлаш учун Лондон университетида чизмачиликдан сабоқ олади.
Тиниб-тинчимайдиган, тиришқоқ Хичкок тез орада атрофдагиларнинг ишончини қозона бошлайди ва ишига бўлган қатъияти, мулойимлиги, ўткир фаҳму фаросати, қобилиятини намоён қилади. У ҳамкасбларининг карикатураларини чизар, охири даҳшатли, қўрқинчли, фожеали якун топадиган ҳикоялар ёзар ва уларга Хич номи билан имзо қўярди.
Хенлейнинг ижтимоий уюшма журнали “Хенлей” бўлажак санъаткорнинг расмлари ва ҳикояларини нашр эта бошлади. Натижада Хичкокнинг реклама бўлимидаги обрўси ортди. У журнал саҳифаларидаги рекламаларни суратлар билан безатувчи дизайнер бўлиб ишлаётганидан бахтиёр эди.
1919 йилда Хичкок газеталарнинг бирида кино санъатига оид хабарни ўқиб қолади. Унда Буюк Лондон яқинидаги Ислингтонда машҳур “Парамонт” деб номланган Голливуд компанияси томонидан янги студия қурилаётгани ёзилганди. Янги маҳаллий студия бунёд этилаётганлиги уни беҳад қувонтириб юборади. Мазкур студия ҳомийлигидан умидвор бўлган Хичкок ўзининг биринчи пантомимали сюжетини кашф этади. Йигитдаги қатъият, дадилликни кўрган Ислингтон студияси унинг тасвирларини босиб чиқаришдан ташқари, студиянинг тасвирлар бўйича дизайнери этиб ёллайди. Студия бир неча ой ичида 20 ёшли Хичкокка тўлиқ штатли лавозим таклиф қилади. Шундай қилиб, у беқарор кино оламига Хенлейдаги барқарор фаолияти билан кириб келади. Мустаҳкам ирода, ўзига бўлган ишонч ва янги лойиҳалар яратиш истаги Хичкокнинг киносценарист, режиссёр ёрдамчиси, моҳир дизайнер бўлиб шаклланишига ёрдам беради. Бу ерда Хичкок фильм монтажини бошқараётган Алмани Ревиллени учратади. “Ҳар доим хотинингга айт” (1923 йил) комедияси намойиш этилаётган бир вақтда фильм режиссёри тўсатдан касал бўлиб қолади. Ҳаёт синовларини чапдастлик билан енгиб, ҳеч қачон таслим бўлмайдиган, иродали ижодкор бунга аралашиб, фильмни маҳорат билан ниҳоясига етказади. У 1925 йилда ўзининг ҳам Италияда, ҳам Германияда намойиш этиладиган илк режиссёрлик иши бўлмиш “Оромгоҳ – 1926 йил” фильмини яратишга киришади. Режиссёр гўзал ва доно Алманини ўзига ёрдамчи сифатида ишга олади. Фильмни суратга олиш давомида улар ўртасида муҳаббат юзага келиб, севишганлар 1926 йил 12 февралда турмуш қурадилар. Алмани нафақат рафиқа, балки унга ҳаёти давомида яхши дўст ва ёрдамчи бўлиб қолди. У Хичкокнинг кўплаб фильмларига сценарийлар ёзар ва у билан фикрдош эди. Хичкоклар оиласи изланишдан, янгидан-янги филмлар яратишдан сира тўхтамасди. Улар иш кунлари Лондондаги квартираларида яшаб, дам олиш кунларини “Шемли Грин” даги дала ҳовлиларида ўтказишарди. 1928 йилда ширингина қизалоқ – Патрисия туғилди.
30-йиллар давомида Хичкок суратдан сурат ярата бошлади. Ва Мак Гуфин атамасини кашф қилди. Айни шу йилларда Хичкок кино саньати ривожини юксак босқичга кўтарди, довруқ қозонди. Шу вақтда машҳур режиссёр Дэвид Селзник уни Голливуд дунёсига олиб кирди. Хичкок ўзининг янги продюссери билан ҳамкорликда ишлай бошлади.
У “Жудаям кўп нарсани биладиган одам” (1934 йил), (“Сирли агент” (1936 йил), “39 қадам” – (1935 йил), “Қўпорувчилик” – (1936 йил), “Ёш ва бегуноҳ” – (1937 йил), “Йўқолган хоним” – (1936 йил) фильмларини суратга олади ва улар катта муваффақият қозонади.
Хичкок ўз фильмларида томошабинни ҳайратга солишда сирлилик, мавҳумликдан фойдаланишни афзал кўрарди. Ажабланарлиси шундаки, режиссёр томошабинга қўрқинчли, даҳшатли зарбалар билан “тажовуз” қиларди. Диққат билан юрак ҳовучлаб, ҳаяжонланиб кутаётган томошабинга кутилмаган, фавқулодда лавҳалар тақдим этарди.
Режиссёр гоҳ тўсатдан автобус ҳайдаётган, ё бино ёнидан ўтиб кетаётган, гоҳ ҳовли ичида, гоҳ расмда пайдо бўлиб қолган ҳолатларда намоён бўларди. Бу ўта шиддатли тасвирлар Хичкок номининг рамзий ёрлиғи эди.
Жими Стюарт билан биргаликда “Жудаям кўп нарсани биладиган одам” фильмида бош ролни ижро этган Дорис Дей фахр билан шундай дейди: “Хичкок жуда ажойиб, буюк режиссёр ва ҳақиқий дўст. Менга у билан ишлаш ғоят мароқли эди”.
1955 йилда Хичкок Англияга – уйига қайтгач, “Шемлей продакшинс”да иш бошлади. Ва телевидениеда “Альфред Хичкок” муаллифлик кўрсатувини ташкил қилди. Бу машҳур телешоу 1955 йилдан то 1965 йилга қадар давом этди. Хичкокнинг бу кўрсатуви мамлакат кино санъати ва кинодраматургиясининг ривожига катта ҳисса қўшди.
Унинг энг машҳур, даҳшатли ва қўрқинчли, шов-шувли “Телба” фильми 1960 йили экран юзини кўради. Психоанализ таълимоти отаси Зигмунд Фрейд фалсафаси асосига қурилган бу фильм Хичкокка оламшумул шуҳрат ва катта моддий имкониятлар олиб келади. “Парамаунт” компанияси фильмга 800000 доллар сарфлаган бўлса, кино экранларга чиққач, 40 миллион доллар даромад келтиради. 1979 йили Америка кино институти Беверли Хилтон меҳмонхонасида Хичкок шарафига ўтказилган тантанали маросимда унга “Бутун ҳаёти давомидаги фаолияти учун” мукофотини топширади. Ўшанда у ниҳоятда ғамгин, ўзини ёмон ҳис қилган, ҳатто тадбир бошланишида “ўз видолашув маросими”да қатнашишни хоҳламаётганлигини айтганди.
Альфред 1980 йили шон-шуҳрат чўққисига кўтарилди. Унга Англия қироличаси томонидан рицарлик унвони берилди. Анъанага мувофиқ мазкур мукофотга сазовор бўлганлар уни Лондонда қабул қилиб олишарди. Лекин Хичкокнинг соғлиғи ёмонлашгани сабабли унга Британия консули генерал Томас Эстон мукофотни топшириш учун студияга келади.
Хичкок 1980 йили 29 апрель тонгида Колифорния штати, Бел Эйрдаги уйида уйқусида жон таслим қилди.
Моҳинур Сиддиқова тайёрлади
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 8-сон