“Мен учун санъатда энг муҳими – инсонни тасвирлаш!”. “Ҳақиқат. Ҳақиқат! Ҳақиқат! Менга бошқа нарсанинг аҳамияти йўқ”.
Ушбу сўзлар ҳаёт ва ижоднинг машаққатли синовларидан ғолибона ўтган ва алал-оқибат ХХ асрда дунёнинг энг машҳур ва буюк кишиларидан бирига айланган Чарли Чаплиннинг шиори эди.
Ҳақиқатан ҳам, дунёнинг бирон бурчаги йўқки, уни танимасалар. Дунёнинг бирон халқи йўқки, унинг асарларини мароқ билан томоша қилмаган бўлсалар. Дунёнинг бирон мамлакати йўқки, унга эҳтиром билдирмасалар. Унинг йирик-йирик, мовий ва мунгли кўзларида шу қадар теран маъно борки, бир марта кўрган одам унинг қалбида нақадар чуқур дард борлигини ва бу дард кўзларининг ич-ичига сингиб кетганини дарҳол ҳис этади. У кулганда худди йиғлаётганга, йиғлаётганда худди табассум қилаётганга ўхшайди.
Чарли Чаплин 1889 йил 16 апрелда Лондонда таваллуд топди. Отаси француз миллатига мансуб бўлган, комик қўшиқлари билан Англия ва АҚШда ном қозонган санъаткор Чарльз Чаплин (ота-боланинг исми бир хил), онаси Ханна Чаплин (саҳнада Лили Герли) ярим ирланд, ярим испан оиласида дунёга келган инсонлар эди. Онаси Ханна санъатга ихлоси баланд бўлгани боис, опера труппасига ўқишга киради.Чарльзга турмушга чиқанида унинг аввалги турмушидан учта ўғли бўлиб, Чаплин тўртинчи ўғил бўлиб туғилди. У 1894 йили беш ёшида илк бор онаси билан саҳнага чиқади. Отаси Чарльз ичкиликка муккасидан кетиб, ўзини ҳам, оиласини ҳам кафангадо қилади. У 1901 йили Лондондаги касалхоналарнинг бирида вафот этади. Ханна Чаплин ўттиз ёшида тўрт фарзанд билан бева қолади. Шароит тақозоси туфайли у иккита катта фарзандини етимхонага топшириб, Сидней ва Чарлини ўзи билан олиб қолади. Чарли болалиги ҳақида хотираларини эслар экан, шундай деб ёзади: “Қашшоқлик ва хасталик онамни абгор қилди. Бир куни кечқурун Сидней акам билан уйга келсак, ҳеч ким йўқ. Кундузи онам қўшниларнинг эшигини бирма-бир тақиллатиб чиқиб, “қаранглар, мен сизларга совға олиб келдим”, деб қўлидаги бир бўлак кўмирни кўрсатиб чиққан экан. Санитарлар келиб онамни жиннихонага олиб кетишибди…”
Шу тариқа ака-укалар кўчада қоладилар. Бу пайтда Сидней тўққиз ёшда, Чарли эса етти ёшда эди… Орадан маълум бир муддат ўтгач, онаси касалхонадан чиқади. Аммо уларнинг турмуши яхшиланиб қолмади. Ночор она ўғли Чарлининг циркка кириб ишлашига рози бўлади. Аммо бу ҳам узоққа чўзилмади. Энди нон топишнинг яна бир йўлини синаб кўрмоқчи бўладилар. Бу ҳам бўлса мюзик-холлда ишлаш эди. Хуллас, ака-укалар шу соҳада омадларини синаб кўрадилар. Мюзик-холл улар учун ҳам ишхона, ҳам мактабга айланади. Чарли бу ерда рақсга тушар, қўшиқ куйлар, нимаики лозим бўлса ҳаммасини қойиллатиб бажаришга ҳаракат қиларди. Ўн олти ёшга тўлган акаси Сидней бу орада Америкага бориб келишга ҳам улгуради ва Фред Карнонинг пантомима театрига ишга кириб, тез орада комик ижрочилардан бирига айланади. Сўнг укасини ҳам ёнига чақиради. Ака-ука Чаплинлар ана шу тариқа санъат оламига кириб келадилар…
Чарлидаги қобилият ва истеъдодни пайқаган театр раҳбарияти энди унга катта-катта ролларни таклиф қила бошлайди. Гарчи у ҳафтасига атиги уч стерлинг маош олса ҳам, болаликда кечирган аччиқ машаққатларни унутмаганди. Шунинг учун ҳам у олган маошини тежаб-тергаб ишлатар, беҳудага сарфламасди. Баъзи ўртоқлари уни “ўтакетган зиқна” деб ҳам аташарди.
Ўша кезлари Карнонинг “Кулги фабрикаси” пантомима театри томошабинлар орасида каттагина шуҳрат қозонган эди. Чарли “Цирк”, “Бошқа эшик калити”, “Лондон клубидаги кеча”, “Қамоқхона ўлжаси” спектаклларида бош ролларни ўйнайди. У ўзининг ўн икки нафар ҳамкасблари билан шаҳарма-шаҳар, қишлоқма-қишлоқ гастрол сафарларида юрар, кўпинча совуқ томошахоналарда саҳнага чиқишга, баъзан оч-наҳор қолиб кетишга ҳам тўғри келарди…
1910 йили илк бор Парижнинг казо-казолари томоша кўрадиган “Олимпия”, “Сигал” каби театр саҳналарида рол ижро этиш Чарли Чаплинга насиб этади. “Лондон клубидаги кеча” спектаклида у пиёниста ролини юксак маҳорат билан ижро этадики, томошабинлар уни узоқ олқишлайдилар. Ёш актёрнинг бирдан-бир орзуси кинода ўйнаш эди. Ниҳоят, 1914 йили у ҳаётида илк маротаба кинокамера олдида ҳам ўзини синаб кўради. Бу – “Оч қолмаслик учун пул топиш” деб номланган фильм эди. Чарли бу фильмда ўз манфаати учун ҳеч нарсадан тап тортмайдиган қаллоб ролини “кифтини келтириб” ўйнайди. Унинг қўнғиз мўйлови, лапанглаб юриши, қўлидаги ҳасса таёғи томошабинларнинг кулгусига сабаб бўлиб, унинг номини тезда машҳур қилиб юборади. Шу йилнинг ўзида у “Кистоун комедиялари”да ўттиз бешта рол ижро этади. Шундан сўнг “Эссеней” киностудиясининг раҳбарлари Чарлини ҳафтасига минг доллар маош билан ишлашга таклиф қиладилар. Чарлининг асосий мақсади Англияда қолиб кетган онасини ёнига олиб келиш эди. Бу борада у Америка маъмуриятига мурожаат ҳам қилади. Бироқ ҳеч қандай натижа бўлмайди.
“Эссеней” киностудияси Чаплинга жуда катта имконият эшикларини очади. Яъни, унга ўзи сценарий ёзиб, ўзи режиссёрлик қилиш, ўзи актёр ёллаб, саҳна безакларини ўзи танлаш ҳуқуқини беради. 1915 йили Чарли ўн тўртта фильмни суратга олади. Айни шу пайтларда унга “Мьючуэл” компанияси харидор бўлади. Бундан хабар топган “Эссеней” Чарлини сақлаб қолиш учун кўп уринади. Бироқ “Мьючуэл” Чарли учун ҳаммасидан ортиқроқ нарсани таклиф этади. Бу – ижод эркинлиги эди! Янги компания “Лоун стар” киностудиясини тўлалигича унинг ихтиёрига топширади. Хуллас, Чарлининг ижодий ишига энди ҳеч ким аралашмайдиган бўлади. Ижодкор учун бундан-да ортиқроқ бахт бўладими, ахир? Чарли бир ярим йил ичида ўн иккита фильм яратади. Буларнинг бари жаҳон киноси тарихида қоладиган энг сара асарлар эди. У экранга олиб чиққан қаҳрамонлар ҳаётда камситилган, омади юришмаган “кичкина инсон”лар бўлиб, уларнинг бирдан-бир бойлиги – қалбидаги меҳр эди. У “Чемпион”, “Иммигрант”, “Милтиқлар елкага олинсин” сингари фильмларида айнан ана шундай қаҳрамонлар образларини гавдалантиради.
1921 йил август ойида Чарли тўсатдан “Мен Европага кетаман” деган қарорга келади. Унинг бу қарори замирида иккита мақсад ётарди. Биринчиси – бетоб онасини Америкага олиб келиш бўлса, иккинчиси “Болакай” фильмини Европада намойиш этиш эди. Машҳур кишиларнинг аксариятининг шахсий ҳаёти кемтик бўлган. Чарлининг ҳаёти ҳам бундан мустасно эмасди. Унинг биринчи хотини Мильдред Гаррис билан ажралиши жуда катта жанжал-тўполонга айланади. Жанжал босди-босди бўлади-ю, аммо санъаткорнинг асаб толалари таранглашиб, руҳан толиқади. Бир вақтлар қорамол ортилган кемада Америкага йўл олган Чарли бу сафар “Олимпик” деган энг замонавий кемада Европага қайтади. Соҳилда эса уни мисли кўрилмаган оломон кутиб олади. У Европаликлар учун шу даражада машҳур инсонга айланган эдики, кемадан тушиши билан халойиқ уни қуршаб олади. “Яшасин Чарли! Чарли!… Сени Худо асрасин!”, деган ҳайқириқлару хитоблар янграйди. Полициячилар уни бир амаллаб машинага ўтқазадилар. “Риц” меҳмонхонасида эса уни яна минглаб одамлар кутиб олади. У оломонга гулдасталар ҳадя этар, полициячилар эса “илтимос, мистер Чаплин, уларга гул отманг, улар гулингизни талашиб бир-бирларини майиб қилиб қўядилар”, деб ялинишарди. Энг қизиғи, унга минглаб аёллар севги изҳор қилиб хатлар ёзишар, янада қизиқроғи, уч кун ичида Чаплиннинг 671 нафар “қариндош”и пайдо бўлади. Ажабо! Буни қарангки, санъаткор бу қариндошларини умрида бирон марта ҳам кўрмаган экан. Санъаткорга “Тиллининг қисқа муҳаббати” (1914), “Болакай” (1921 ), “Парижлик аёл” (1923), “Олтин васвасаси” (1925), “Денгиз соҳилидаги аёл” (1926), “Цирк” (1928), “Катта шаҳар чироқлари” (1931), “Янги даврлар” (1936), “Буюк диктатор” (1940) “Рампа чироқлари”(1952), “Нью Йоркдаги қирол” (1957) сингари кўплаб фильмлари катта шуҳрат келтиради. Айниқса, “Катта шаҳар чироқлари” асари устида у уч йил меҳнат қилади ва бор маблағини сарфлайди. Бу фильмда ҳам оддий инсонларнинг машаққатли турмуши тасвирланган бўлиб, фильмнинг сюжети қуйидагича: ишсиз бўлиб қолган йигит кўзи ожиз гул сотувчи қизни севиб қолади. Қиз бетоб бўлиб қолганида йигит (Чарли) кўча супуради, рингга чиқиб бокс ҳам тушади. Хуллас, нима қилса ҳам пул топиб шўрлик қизга ёрдам беришга ҳаракат қилади. Шу орада бир миллионер маст ҳолда ўз жонига қасд қилаётганида Чарли уни ўлимдан асраб қолади…
Европа саёҳатидан қайтган миллионер яна ғирт маст ҳолатда Чарлига анча мунча пул беради. Шу пайт уйга ўғрилар бостириб кириб, пулни ўмараётганларида Чарли уларнинг қўлидан пулларни тортиб олади. Кайфи тарқаган миллионер эса уни ўғри деб гумон қилиб, полицияга хабар беради. Чарли қочиб кетади ва бор пулларни ожиз қизга бериб, кўзини операция қилдиришга ундайди. Бироқ йигитни тутиб олиб қамоққа тиқадилар. Орадан бир ой ўтгач, йигит қамоқдан чиқиб, қизни учратиб қолади. Қиз энди бутунлай соғайиб кетган, гул дўконида ишлар эди. Қиз Чарлини таниб қолади… Қиз уни миллионер деб ўйлаганди. Бироқ рўпарасида турган бу тиланчисифат йигитни кўриб ҳайрон қолади. Шу сониядаги Чарлининг нигоҳи, кўз қараши ҳар қандай бағритош томошабиннинг ҳам юрагини эритиб юбориши аниқ. Чарлининг бу нигоҳида қувонч ва алам, шодлик ва изтироб, ғурур ва ночорлик ҳамма ҳаммаси қўшилиб, уйғунлашиб кетган эди… хуллас фильмнинг асосий саҳналари эллик марта суратга олинади. Бу жараёнда Чаплин ўзини ҳам, қўл остидагиларини ҳам аямай ишлатади. Ниҳоят, санъаткор “Мавритания” кемасига ўтириб Европага қараб йўл олади. Англия, Бельгия, Франция, Австрия ва бошқа мамлкатларда уни илиқ кутиб оладилар. Сўнг Чаплин Миср, Ҳиндистон, Япония ва бошқа юртларга сафар қилиб, ўзи яратган қаҳрамонларини дунёга танитишга мушарраф бўлади.
Унинг 1940 йилда суратга олган “Буюк диктатор” фильми биринчи марта Нью Йоркда намойиш этилади. Чаплин бу фильмда Адольф Гитлернинг қиёфасини шу қадар ўхшатган эдики, томошабин беихтиёр унинг ўзини кўраётгандек бўларди. Фильмда Гитлер қаттиқ ҳажв остига олинади. Чарли ижодда шуҳрат қозонган, дунёга танилган, минглаб томошабинларнинг меҳр-муҳаббатига сазовор бўлган буюк истеъдод соҳиби эди. Бироқ унинг шахсий ҳаёти кўнгилдагидек кечмайди. У ҳаёти давомида бир неча бор уйланади. Умрининг охиригача тинимсиз ижод қилади. Буюк санъаткор Швейцариянинг Корсе Сюрвеве қишлоғида истиқомат қила бошлаган пайтларида “Дарбадар жентльмен”, “Нью Йоркдаги қирол”, “Гонгконглик қирол” каби фильмларни суратга олди. У кеч бўлса-да, бахтли ҳаёт кечиришга ҳам улгурди. У эллик тўрт ёшида ўн саккиз ёшли Уна О’Нилга уйланади. Улар саккиз фарзанднинг ота-онаси бўладилар. 1977 йили Чарли Чаплин Рождество байрами тонгида 90 ёшида вафот этади. Аммо ўлимидан кейин ҳам уни тинч қўймадилар. 1978 йилнинг март ойида Чарли Чаплиннинг қабри очилиб, майит тобути билан ўғирлаб кетилади. Бу ҳақда унинг хотини Уна О’Нилга хабар қиладилар. Оқила аёл уларга қарата шундай жавоб беради: ‘‘Эрим менинг қалбимда яшайди, уни ҳеч ким ўғирлаб кета олмайди’’.
Буюк санъаткор ижодининг тадқиқотчиларидан бири шундай деган эди: “Дунёнинг ҳамма мамлакатларида кўчада учратиб қолса ҳамма танийдиган, ҳамма бирдек миннатдорлик туйғуси билан хотирлаб юрадиган битта инсон бор. Бу – Чарли Чаплиндир!..” Бу фикрга барча санъатсеварлар кўшилса керак…
Матлуба Темур қизи тайёрлади
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 4-сон