Ўзбекистон тарихида XX асрнинг биринчи ярми алоҳида эътиборга молик. Айни шу даврда Ўзбекистонда маънавий-маърифий соҳаларда дадил қадамлар қўйилди. XIX асрнинг охири ва XX асрнинг бошларида жадидларнинг даъвати қолоқлик, саводсизликка қарши кураш ва жамиятни янги ривожланиш сари бошлаган эди. Бундай йўналишни биринчи галда шу заминнинг улуғ фарзандлари шоир ва ёзувчилари Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Мунавварқори Абдурашидхонов, Убайдилла Асадиллахўжаев, Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирийлар бошлаб берган эдилар.
Ўзбек адабиётининг етакчи адиблари изидан Қори Ниёзий, Ҳабиб Абдуллаев, Малик Набиев, Муҳаммаджон Ўрозбоев, Иброҳим Мўминов, Обид Содиқов сингари ўзбек фанининг фахри бўлган олимлар фаолият кўрсата бошладилар. Уларнинг ёрқин хотирасини ҳамиша ёд этиш муқаддас бурчимиздир.
Ўзбек халқининг ажойиб фарзанди, етук олим, моҳир педагог, фаол жамоат арбоби, ўғитлар кимёси ва технологияси соҳасидаги Ўзбекистон олимларининг меҳрибон устози, Абу Райҳон Беруний номидаги Давлат мукофоти лауреати, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан ва техника арбоби, техника фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон ФА академиги Малик Набиев 1913 йил январда Тошкентда камбағал деҳқон оиласида туғилган эди.
У Иваново шаҳридаги Кимё ва технология институтини тамомлагандан сўнг 1935-1940 йиллар давомида Донбасда, Горловка шаҳридаги азотли ўғитлар ишлаб чиқариш заводида катта инженер вазифасида иш бошлади.
М.Набиев 1938 йили биринчилардан бўлиб “Кимё саноати халқ комитети аълочиси” нишони билан тақдирланди. Ушбу завод ишчи жамоасидаги беш йиллик фаолият Унинг келажакда етук мутахассис бўлиб етишишига муҳим асос бўлди.
27 ёшида М.Набиев Чирчиқ электрокимё комбинати ишга тушиши муносабати билан Тошкентга юборилди ва ушбу комбинатда бош муҳандис сифатида иш бошлади. Бу ерда М.Набиев асосий эътиборни малакали ишчи мутахассислар тайёрлашга қаратди.
1944-1945 йилларда у ўриндошлик асосида Ўрта Осиё Индустриал институти ноорганик моддалар технологияси кафедрасини бошқарди, кейинчалик ушбу кафедрада доцент лавозимида ишлади. Ушбу даврда М.Набиев томонидан аммиакли селитра қовушқоқолигига қўшимчаларнинг таъсир этиш механизмининг назарий асослари ишлаб чиқилди. Қоратоғ фосфоритларини ва апатит концентрантини азот кислотаси билан ишлов бериш орқали олинган РАН ва РФМ моддаларини аммиакли селитранинг физик-кимёвий ва механик хоссаларига таъсирини ўрганди. Булар эса 1949 йилда Чирчиқ электрокимё комбинатида ишлаб чиқаришга жорий қилинди.
М.Набиев табиат инъом қилган кўп фазилатларга эга шахс бўлиши билан бирга ўзига хос улуғ кашфиётчи сифатида кўпгина замондош олимлари ичида алоҳида ажралиб турар эди.
Олимларни бир-бири билан маслакдошлик, дунёқарашидаги яқинлик, ҳамдардлик яқинлаштиради.
М.Набиевдек олим билан катта бир илмий баҳс-мунозарада қилган маърузаларимиздаги ҳамоҳанглик, инсон саломатлигига бефарқ қарамаслик талаби бизни яқинлаштирди.
Вақт ўтган сари илмий йўналишимизда беморларни касалликдан асраш учун профилактикага эътибор зарурлиги ҳақидаги қарашларимиз ҳам муштарак эканлиги маълум бўлди.
М.Набиев дунё олимлари эътироф этган қишлоқ хўжалигида ўта зарур ўғитлар тайёрлаш кимёсининг Ўрта Осиёда ягона мактабини яратган академик эди. Унинг жонбозлиги туфайли янги-янги кимёвий минералларга бой моддаларни кашф қилиш натижасида Ўзбекистон ҳудудларида қўлланиб келинган ўта заҳарли ДДТ, бутифос каби зарарли моддаларни қишлоқ хўжалигида қўллаш давлат қарорлари асосида бутунлай йўқ қилинди. Бу юксак инсонпарварлик иши академик Малик Набиевнинг жасорати туфайли амалга оширилди.
1951 йилда Ўзбекистон ФА Кимё институтида ўғитлар кимёси ва технологияси лабораторияси ташкил этилди. Унинг замини 1966 йилда таркибида 12 лаборатория, жумладан, Чирчиқда, Самарқандда ва Олмалиқда синов-тажриба ишлаб чиқариш базасига эга бўлган ўғитлар кимёси ва технологияси бўлимини узоқ йиллар академик М. Набиев бошқарди.
Олим фосфатларни азот кислотаси билан қайта ишлаш кимёси ва технологияси муаммоларини ўрганишга ҳам катта эътибор берди.
Фосфатларни азот билан қайта ишлаш кимёси ва технологияси борасида олиб борилган илмий изланишлар натижалари М.Набиевнинг 1957 йилда “Фосфатларни азот кислотаси билан қайта ишлаш”, 1965 йилда “Фосфатларни азот кислотаси билан қайта ишлаш асосида олинган суюқ мураккаб ўғитлар” ва 1976 йилда икки жилдли “Фосфатларни азот кислотаси билан қайта ишлаш” номли монографияларида ўз аксини топган.
Азот кислотаси билан фосфатларни қайта ишлаш жараёнини ўрганиш ва изланиш натижасида М.Набиев раҳбарлиги остида Қоратоғ фосфаритларини азот-сульфат кислоталари билан қайта ишловчи янги технологиялар яратилди.
М.Набиевнинг оддий ва қўш суперфосфатлар хоссаларини аммиак ва аммиакатлар билан аммонизация қилиб яхшилашга қаратилган кўп йиллик изланишлари 1952-1967 йилларда Қўқон, Самарқанд, Жамбул ва бошқа кўплаб суперфосфат заводларида амалиётга жорий қилинди. Бу борадаги заҳматли илмий изланишлар М.Набиев ва А.Вишняковаларнинг 1960 йилда нашр қилинган “Қоратоғ фосфаритларидан аммонизация қилинган суперфосфат” номли монографияда кенг умумлаштирилган. 1968 йилда аммонизация усули яратганлиги ва ишлаб чиқаришга жорий қилганлиги муносабати билан муаллифлар Абу Райҳон Беруний номидаги Давлат мукофоти билан тақдирландилар.
М.Набиевнинг раҳбарлигида 9 докторлик, 100 дан ортиқ номзодлик диссертациялари ҳимоя қилинди. Олим 1966-1985 йилларда Ўзбекистон ФА биосфера муаммолари бўйича илмий кенгаш раисининг ўринбосари бўлиши билан бир қаторда, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масаласига доир катта ишларни амалга оширди.
М.Набиев микроэлементли ва физиологик фаол моддалар мавжуд бўлган ўғитлар яратиш соҳасида ҳам илмий изланишлар олиб борган. Самарқанд кимё заводи таркибида мис ва молибден бўлган аммонизацияланган суперфосфат, Чирчиқ “Электрохимпром” ишлаб чиқариш бирлашмасида таркибида мис ва рух мавжуд карбамид, Олмалиқ кимё заводида таркибида мис, рух, каҳрабо мавжуд бўлган аммофос ўғитлари ишлаб чиқарилган.
М.Набиев раҳбарлигида Ўрта Осиё конларидаги кальцийнинг табиий бирикмалари таркиби ва хоссалари ўрганилган. Тюбегатан, Хўжаикон, Қорлуқ, Карабил, Лалимкон ва бошқа туз конларидаги моддаларнинг таркиби аниқланган ва кальций рудаларини технологик қайта ишлаш юзасидан изланишлар олиб борилган. Илмий изланиш натижасида М.Набиев, Р. Осичкина ва бошқаларнинг “Тюбегатан калийли тузлари”(1972й.) номли монография нашр қилинган.
М.Набиев раҳбарлигида калий хлоридни фосфор кислотаси ва полифосфор кислотаси билан парчалашга асосланган чиқиндисиз, хлорсиз комплекс азотли-фосфорли-калийли ўғит ҳамда преципитатлар олиш технологияси ишлаб чиқилган.
М.Набиев раҳбарлигида ноорганик моддалар асосида янги заҳарсиз, юқори самарадорли дефолиантлар — ЦАКС ва УДМ яратилиб, амалиёт тавсия қилинди. УДМ сериясидаги дефолиантлар магний хлорати ва аммофоснинг иккиламчи тузи асосида (УДМ-1), карбамид асосида (УДМ-4) дефолиантлар яратилган. “Сиҳат” деб номланган юқори самарали дефолиант Фарғона “Азот”ИБ ишлаб чиқара бошлаган.
1956 йилда М.Набиев Ўзбекистон ФА академиги унвонига сазовор бўлди.
Академик М.Набиев 13 монография, 500 дан ортиқ илмий мақола, ахборотномалар муаллифидир. Унинг муҳаррирлиги остида ноорганик моддалар кимёси ва технологияси бўйича ўндан ортиқ илмий тўпламлар нашр этилган. Олимнинг илмий изланишлари бир юз ўттизга яқин муаллифлик гувоҳномаси билан тақдирланган.
М.Набиев ажойиб ташкилотчи, катта жамоат арбоби сифатида ҳам машҳур эди. У 1957 йилдан 1987 йилгача “Ўзбекистон кимё журнали”га муҳаррирлик қилди. 1966 йилдан 1986 йилгача Ўзбекистон ФА кимё-технологиялари фанлари бўлимида академик котиб лавозимини ҳам бажарди. Шу йиллар давомида Ўзбекистон ФА Президиумининг аъзоси бўлди. М.Набиев 1966-87 йилларда Ўзбекистон ФАнинг кимё ва кимёвий технология фанлари мутахассислиги бўйича бирлашган илмий кенгаш раисининг ўринбосари, 1976-87 йилларда эса Ўзбекистон ФА Кимё институти қошидаги докторлик ҳимояси бўйича давлатларо илмий кенгашнинг раиси бўлди.
Виждон амрига итоат этиб ижод қилган Малик Набиевдек миллат фидойисининг табаррук номи авлодлар хотирасида абадул-абад сақланади.
Шабот Хўжаев, Академик
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2011 йил, 11-сон.