Менделеевнинг башоратлари

Рус халқининг буюк фарзанди Дмитрий Иванович Менделеев фанда янги илмий дунёқарашларнинг яратувчиси сифатида майдонга чиқди. Менделеевнинг ҳаёти ва илмий фаолиятини ўрганарканмиз, унинг илмга содиқлигини, фан ва амалиётнинг бир-бири билан қатъий ва узлуксиз боғлиқлигини таъминлаш борасидаги фаолиятини кузатамиз.

Менделеев ўзига хос табиий-илмий қонуниятларни кашф қилдики, уларнинг амалиётда қўлланилиши майда заррачалардан инсоннинг эҳтиёжи учун зарур бўлган жуда катта миқдордаги энергияларни олиш имкониятини берди. Унинг номи яна шу билан ўчмаски, олим даврий қонунни (1869) кашф этди, кимёвий элементларни ўз хоссаларига асосан маълум тартибда жойлаштиришнинг уддасидан чиқди. Олимнинг кимё ва физика борасидаги ҳозирги замон кимё ва физикаси, биринчи навбатда атомлар тўғрисидаги тушунчалари шу фанлар ривожланишига туртки берди.

Менделеевнинг илмий меросидаги фалсафий қарашлар иқтисодий ва сиёсий мақолалари, публитсистик очерклари, табиий-илмий фикрлари ва кашфиётлари билан бевосита боғланиб кетган. Менделеевнинг ижтимоий-иқтисодий, шунингдек, фалсафий қарашлари, ишлаб чиқариш муносабатлари, саноатнинг ўсиши билан боғлиқ. Унинг дунёқарашидаги дастлабки асос — бу ишлаб чиқариш кучларини чексиз ривожлантириш ғоясидир.

Ишлаб чиқариш кучларини ривожлантириш фабрика-заводларни ривожлантиришга олиб келади, дейди у. Жамият ҳаёт тарзи моддий жиҳатларини, эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, эски қолоқ-патриархал хўжалик юритиш шаклидан сўзсиз шаҳар типидаги фабрика-саноат хўжалик шароитига ўтиш зарурлигини таъкидлайди.

Менделеевнинг сиёсий дунёқараши унинг иқтисодий дастурларига бўйсунган эди. «Чорловчи ўйлар» асарида у рус саноатининг юксалишида ҳукумат олдида турган вазифаларни кўрсатиб бериб, унинг олдидаги тўсиқларни олиб ташлаш кераклигини қайд этади. Олимнинг индустрияни ривожлантиришга илмий-маданий жиҳатдан ёндашиши янада аҳамиятлидир. У фаннинг фундаментал билим манбаи эканлигини ҳисобга олган ҳолда, ҳеч қачон прогматизм ғояларида турмаган. Бу унинг дунёқарашига ёт нарса эди. Прогматизм — илм-фаннинг аҳамиятини фақат билимлар тўплами сифатида англаб, унинг ишлаб чиқаришдаги ролини тушунмаслик бўлиб, бу Менделеев томонидан тўғри талқин қилинган эди.

Менделеев материясиз ҳаракат мавжудлиги ҳақидаги идеалистик фикрларни рад этади. «Ҳаракат ҳаракатланувчи нарсани талаб этади» — деб ёзган у. Худди мана шундай, у Оставлднинг «энергетизм» (дунёда фақат энергия мавжуд деб, материяни инкор этувчи дунёқараш) ғояларига қарши чиқади. У материянинг, модданинг инкор этилиши, ташқи дунёнинг рад этилишига олиб келиши, уни субъектив тарзда тушуниш эканлигини кўра билди.

«Энергетиклар ҳар қандай моддиятни инкор этишади, уларнинг айтишича, биз фақат модда томонидан бериладиган энергияни биламиз ва бундан кўринадики, моддият бу энергиянинг ўзгинасидир. Бу менинг фикримча, дунёни, материяни субъектив тушунишдир» дейди олим.
Менделеевнинг асосий ғояларидан бири руҳнинг материясиз мавжудлигини инкор этишидир. У ўзининг «реалистик» қарашларида бир-биридан ажратиб ва ўз навбатида бирлаштириб бўлмайдиган уч субстантсия: моддият, куч ва руҳ ҳақида тўхталиб ўтади. Унинг ажойиб асари — «Дунё эфирини кимёвий тушунишга уриниш» қуйидаги фалсафий кириш билан бошланади: «Худди балиқ ўзини музга ургани каби, неча асрлардан бери донишмандларнинг ҳамма фикрлари барча нарсада умумийликка интилиш, яъни «барча нарсанинг боши»ни қидиришдир. Лекин бу нарса яна бир-бири билан боғлиқ ва ўз навбатида қоришмайдиган уч субстантсия: моддият (материя), куч (энергия) ва руҳнинг тан олинишига олиб келди.» Менделеев шунингдек, дунёнинг бирлиги ва унинг элементларига тўхталади.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, Менделеевнинг ижтимоий ва илмий-фалсафий қарашлари ўзига хос ва турли-тумандир. Ишлаб чиқариш кучларини чексиз тараққий эттириш ва иқтисодий масалалар, шунингдек, табиат қонунларига диалектик ёндашиш олим дунёқарашининг асосини ташкил этади. Унда қарор топган бундай дунёқараш, табиий фанларнинг ривожига катта ҳисса қўшган оламшумул кашфиёт — даврий қонун ва даврий системанинг яратилишига олиб келди.

Кимёвий элементлар даврий қонунининг яратилиши Д.И. Менделеев ҳаёти ва ўша пайтда фан тарихидаги энг муҳим воқеалардан бири бўлган эди. Табиатнинг кўпчилик қонуниятлари аниқ ва табиий фанлар борасида ХИХ асрда яратилган. ХВИИ асрда бутун олам тортиш қонуни, кейинроқ Ломоносовнинг модда массасининг сақланиш қонуни, Дарвиннинг эволютсион назариялари ўша пайтда яратилган ва табиатни илмий асосда тушунишга қаратилган дунёқарашни шакллантира бошлаган эди. Менделеевнинг даврий қонуни юқоридаги каби «классик» табиат қонунларининг бири бўлиб, нафақат кимё, балки бутун илм-фан борасидаги катта ютуқлардан бири эди. Менделеев даврий қонунининг яратилиши бир қатор ўзига хосликларга эга. 1869 йил Менделеев ўша пайтда маълум бўлган кимёвий элементларни маълум бир қаторга (атом массаси ортиб бориши тартибида) жойлаштирганда, баъзи элементлар ва улар ҳосил қилган бирикмаларнинг кимёвий ва баъзи физикавий хоссалари даврий равишда ўзгаришини аниқлади. Менделеев кимёвий элементларнинг даврий системасига дуч келди. У жадвал тузиб, унда элементларнинг кимёвий белгиларини атом массалари ортиб бориши ва кимёвий хоссаларининг қайтарилиши тартибида жойлаштириб чиқди. Бунда жадвалнинг қатор ва гуруҳларида хоссалари билан бир-бирига ўхшаш элементлар жойлашди. Бу даврий система ҳозирги кунда ҳаммага таниш, уни бутун дунё мактабларида ўрганишади.

Маълумки, Менделеевнинг кашфиёти табиатни илмий асосда тушунишга ёрдам беради. Қадимги дунёнинг буюк алломалари Левкип, Демокрит ва Эпикур табиатдаги барча нарсалар майда, кўзга кўринмас заррачалардан тузилган, деб айтиб кетишган. Қадимги атомистик қарашлар ХВИИИ-ХИХ асрга келиб яна қайтадан тикланди ва ривожлантирилди. Олимлар моддаларнинг физик ва кимёвий хусусиятлари боғлиқ равишда ўзгаришини энг майда заррачалар — атомлардан қидиришга тушишди. Энди, нима учун элементларнинг атом массалари ортиши билан уларнинг даврий хоссалари такрорланиши аён бўла бошлаган эди.

Маълумки, Менделеевдан ҳам олдин кимёвий элементлар маълум бир тартибга солинган. Булардан Деберейнер, Одлинг, Шанкуртуа, Нюлендс, Лотар Маер ва бошқаларни эслаб ўтиш мумкин. Менделеевнинг юқорида зикр қилинган ўтмишдошлари кимёвий элементларнинг хоссалари даврий равишда ўзгаришини аниқлаган бўлсалар-да, лекин бутун бир системани ярата олишмади. Менделеевнинг узоқ изланишлари натижасида даврий қонун яратилди. Менделеев қоғоз карточкаларга ўша пайтда маълум элементларнинг атом массалари, кимёвий бирикмалари ва номини ёзиб чиқади. Бунда у элементларнинг валентлиги, яъни бошқа атомлар билан боғланишлар ҳосил қилиш хусусиятига эътиборини қаратди. Менделеев бу карточкаларни турлича жойлаштириб, улар ўртасидаги ўзаро боғлиқликни излади. Тадқиқотчи элементларнинг фақатгина ўхшаш хоссаларинигина эътиборга олмасдан, балки уларнинг фарқларини ҳам кузатди. Масалан, у литий — Ли деб аталадиган ишқорий металлнинг хоссалари, бошқа бир ишқорий металл натрийники — На каби эканлигини аниқлади. Улар атом массалари ортиб бориши тартибида жойлаштирилса, орасига яна олти элемент жойлашади. Худди ана шунча элементдан сўнг натрийнинг — На хоссалари бошқа бир ишқорий металл калий — К да такрорланади. Менделеев бу хусусият бошқа ҳолатларда ҳам такрорланишини кузатди. Элементлар қаторида кимёвий бирикмаларнинг хоссалари даврий равишда ўзгариши ва бу ҳолат атом массалари ортиб бориши, шунингдек, маълум сондаги элементлардан кейин такрорланишини эътиборга олиб, Менделеев кимёвий элементларнинг номларини маълум тартибда ёзиб чиқиб, даврий системани тузишга эришди. Даврий системанинг ҳар бир катакчасида биз кимёвий элементнинг символи, тартиб рақами ва атом массалари қийматини кўрамиз. Вертикал қаторлар гуруҳлар, горизонитал қаторлар эса даврлар деб номланди. Менделеев шунингдек, кимёвий элементларнинг хоссалари ўн еттита элементдан кейин ҳам такрорланишини кузатди ва даврларни катта- кичигига ажратди.

Кимёгар ўзи яратган қонуннинг объективлигига тўла ишонган ҳолда, ўша пайтда маълум бўлган баъзи элементларнинг атом массаларига тузатиш киритди. Агар элементлар фақат атом массалари тартибида (ўша вақтда маълум бўлгани билан) жойлаштирилганда, даврий қонундан бир қатор четлашишлар кузатилади. Масалан, агар биз элементларни юқоридагидек жойлаштирганимизда алюминий тагида титанни, кремнийнинг тагида ваданийни, хоссалари умуман ўхшаш бўлмаган элементларни учратган бўлар эдик. Унинг элементларнинг кимёвий хоссаларини эътиборга олиб, унга яқин элементларнинг атом массаларига ўзгартириш киритди. Менделеев даврий системасида даврийлик элементлар ўртасида маълум бўш катакчалар (ўша вақтда номаълум бўлган элементлар учун) ташлаб кетилгандан сўнг такрорланар эди. Мана шу бўш катакчаларга Менделеев ўша пайтда номаълум бўлган элементларни жойлаштирди. Бу элементлар алюминийдан кейин жойлашган эди. (Менделеев уларни «эка-алюминий», санскритчадан — «эка» — бир, «экакремний» ва «экобар» деб номлаган). Менделеев, ҳатто бу номаълум элементларнинг хоссаларини олдиндан башорат ҳам қилди. 1875 йил Париж Фанлар академиясида катта воқеа юз берди. Бу ерда франтсуз олими Лекок Де—Буабодран томонидан топилган номаълум элемент таърифланди. Унга Галлий (Франтсия шарафига) деб ном қўйишди. Менделеев дарҳол бу янгиликдан хабар топгач, Парижга хат жўнатиб, Лекок Де-Буабодран томонидан топилган элемент ўзи таърифлаган «экаалюминий» эканлигини ва унинг солиштирма оғирлиги Буабодран аниқлаганидек 4,7 эмас, балки 5,96 га тенг эканлигини айтади. Лекок Де-Буабодран Менделеевнинг хати билан танишгач, ўз тадқиқотларини такрорлайди ва ҳақиқатдан ҳам янги элементнинг солиштирма оғирлиги 4,7 эмас, балки 5,96 га тенг эканлигини аниқлайди. Тез орада Швед химиги Нилсон таърифидан «Экабор» — скандий ва немис химиги Винклер томонидан германий, Менделеев томонидан, айниқса, хоссалари батафсил башорат қилинган — «экасилитсий» то-
пилди.

Менделеевнинг юқоридаги илмий башоратлари рўёбга чиқиши у яратган даврий система ва даврий қонуннинг объективлиги, ҳаққонийлигининг ёрқин исботи бўлди. Шундан кейин 1894 йилда Релей ва Рамзай томонидан иънерт газларнинг (аргон ва бошқалар) очилиши натижасида даврий системага бир қатор ўзгартиришлар киритилиб, янада такомиллашиб борди. Менделеев даврий қонун ва даврий системани яратиш борасидаги ишларининг охирида шундай деган эди: «Менинг ҳамма хулосаларим шунга олиб келяптики, элементларнинг атом массалари, айни элемент ва у ҳосил қилган бирикмаларнинг хоссаларини белгилаб беради. Атом массалари ошиб бориши тартибида жойлаштирилган элементлар хоссалари даврий равишда такрорланади».

Фан тараққиётига Менделеевнинг қўшган улкан ҳиссаси шундаки, ўзининг биринчи бор кашф қилинган даврий қонун заминида яратган элементлар даврий системасида ана шу қонуннинг график ифодасини изчил равишда, аниқ талқин қилиб берди. Шу билан бирга, у ўзининг мавжуд элементлар системасида ҳамма элементларнинг солиштирма оғирлигига қараб бир бутун схемага жойлаштирди, уларнинг объектив табиий — қонуний алоқада бирлашиб ёки ажралиб туришини кўрсатиб берди. Узоқ вақт изланишлар натижаси сифатида олим олдиндан башорат қилиб, ҳали фанга маълум бўлмаган, очилмаган элементларнинг табиатда мавжудлигини ва уларнинг солиштирма ҳамда атом оғирлигини олдиндан баён қилиб берган. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш зарурки, биринчи бор «элемент» категорияси ва унинг моҳияти Менделеев томонидан изоҳлаб берилди.

Ҳозирги пайтда буюк ихтирочининг юқоридаги даврий қонуни таърифи ҳар бир мактаб ўқувчисига яхши таниш. Илм-фан тараққиёти бизнинг асримизда ундаги баъзи камчиликларни бартараф этиш имконини берди. Лекин шунга қарамай Менделеевнинг даврий қонуни ХИХ асрда нафақат кимё, балки бутун табиий фанларнинг ривожига туртки бўлди ва ҳозирги кунда ҳам ўз кучини сақлаб қолди. Даврий қонун хусусий қонун бўлмасдан, балки умумий қонуниятлар жумласига киради. Унда диалектика қонунлари ўз ифодасини топган. (Масалан: «Миқдор ўзгаришларнинг сифат ўзгаришларига ўтиши» қонуни даврий системада яққол кўринади. Ли (қаттиқ модда), унинг атом массаси м=7 ва ядро заряди ошиб бориши билан бутунлай бошқа сифат кўрсаткичга эга бўлган элемент — Ғ (газ), атом массаси м=19га ўтилади.)
Менделеевнинг даврий қонуни ёрдамида ҳозирги кунда вақт ва ўлчов, икки дунё: мусбат зарядланган ядро ва манфий зарядланган электронлар ўртасидаги ўзаро боғлиқлик, геокимёнинг кўпчилик масалалари, тирик организмлардаги биологик ва физиологик жараёнлар ўз ечимини топмоқда.

Мурод ТОЛИБОВ,
кимё фанлари номзоди
“Маърифат” газетасидан олинди.