Даставвал, кимё сўзининг қандай маънони англатиши борасидаги фаразлар тўғрисида маълумот берайлик. Биринчи фараз, «Хем» – қора дегани бўлиб, қадимий Миср номидан келиб чиққан. Кейингилари «Хюмо» (грекча) «куйиш», «суюлтириш» дегани;«Химевис» – «аралаштириш»; «Ким» (хитойча) – «олтин»; Нидерландиялик олим У.В. Хелмонт номи билан боғлиқ деган фаразлар ҳам яшаб келаяпти. Қуйида кимёгар олимларнинг ўзига хос ҳаёт тарзи билан яқиндан танишасиз.
Д.И.Менделеев оилада 17-фарзанд бўлиб, дам олиш пайтларини жомадон созлаш билан ўтказган.
Теофраст Бомбаст фон Гогенгейм ажойиб шифокор бўлиб, фармакология ва тиббиётга оид бир қанча китоблар ёзган. Замондошлари уни Паратселс, яъни лотинчасига «Ўта олижаноб» деб аташган. Унинг фикрича, кимёнинг вазифаси олтин яратиш эмас, балки дори тайёрлашдир.
Пер Эжен Марселен Бертло француз олими бўлиб, турли фан соҳалари бўйича 2500га яқин мақола ёзган.
Лавуазе оила анъаналарига кўра юридик факултетда ўқиган бўлса-да, ўзини табиий фанларга бағишлаб, «боши билан турган кимёни биринчи бўлиб оёққа турғазди».
Нобел Алфред Бернхард – швед инженер-кимёгари. Шветсия, Англия ва АҚШ патентланган динамитни кашф этди. Тутунсиз порохнинг таркибини ишлаб чиқди. 33 млн.га яқин швед кронини физика, кимё, физиология, тиббиёт, адабиёт соҳасидаги ишларга ҳамда тинчликни мустаҳкамлаш йўлидаги фаолиятларга васият қилиб қолдирган.
Сванте Август Аррениус электролитлар соҳасида олиб борган илмий ишлари учун 1903 йил Нобел мукофотига сазовор бўлган. Аррениус лабораторияда чекиш мумкин эмас, деган қоидага амал қилиб, эшик олдига ҳидни ютувчи ароматик модда сепиб, дезодарантни кашф этган.
Клод Луи Бертолле француз химиги. Наполеон бошчилигидаги қўшинлар билан Мисрда бўлган. Умрини охиригача экспрементларни ёқлаб, Франция «пери қиличини» ўзининг севимли шогирди Гей-Люссакка васият қилди.
Амедео Авогадро италян химиги бўлиб, 20 ёшга етмасдан черков ҳуқуқлари доктори унвонига сазовор бўлди. Бироқ табиий фанларга бўлган қизиқиши устун келиб, ота касби адвокатликни ташлаб, ўзини фанга бағишлади.
ТУТУНСИЗ ПОРОХНИНГ «СИР»И
1880 йили Россия ҳарбий денгиз флоти министрлиги Д.И.Менделеевга Франтсияда ишлаб чиқарилаётган тутунсиз портловчи модда – порохнинг таркибини аниқлаб бериш вазифасини топширди. Тезда у ерга етиб борган Менделеевдан порохни кашф қилган француз химик олими М.Бертло сирни яширди. Бертло порох ишлаб чиқарилаётган заводни кўрсатишга кўрсатди-ю, аммо ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлган маълумотларни ёзиб олишга, бирон нарсани олиб чиқишга рухсат этмади.
Ўшанда ўткир зеҳнли Менделеев порох ишлаб чиқариш сирини мана бундай кашф қилганди: энг аввал, темир йўл орқали заводга ташиб келтирилаётган химиявий моддалар ва чиқариб ташланаётган чиқиндилар ҳақидаги маълумотларни ўрганиб чиқди. Сўнгра улар орасидаги миқдорий тенгликни ҳисоблагач ҳақиқат ойдинлашди. Кейинчалик бу ҳақда Бертлога сўзлаб берганида, у олимнинг топқирлигига тасаннолар айтган эди.
МУВАФФАҚИЯТЛАР БОИСИ НИМАДА?
Машҳур даниялик физик олим, Нобел мукофоти лауреати Нилс Бор иккинчи жаҳон уруши вақтида гитлерчи босқинчилар томонидан таъқиб остига олинди. Ўзини фашистлар зулмидан сақлаб қолиш мақсадида 1943 йили Копенгаген шаҳрини ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлди. Лекин Нобелнинг олтин медалини ўзи билан олиб кетишни маъқул кўрмади. Уни «шох суви»да эритди-да, шиша идишини ўз лабораториясидаги бошқа эритмалар қаторига қўшиб кетаверди. Уруш тугаганидан сўнг ўз ватанига қайтган Нилс Бор ўша эритмадан олтинни кимёвий усул билан ажратиб олиб, медалини янгидан қуйиб беришга буюртма берди.
Фанда шунчалик муваффақиятга эришганлигининг боиси сўралганида у: «Мен бошлаган ҳар қандай ишимни охирига етказаман», – дея жавоб қилган.
ТEЖАМКОР БEКАНИНГ ФИҒОНИ
1891 йилда Гарвард университетининг битирувчиси Роберт Вуд (кейинчалик таниқли америка физиги) химия билан шуғулланиш мақсадида машҳур профессор А.Ремсен ҳузурига келди. Университет пансионига жойлашган Вуд тез орада бу ерда яшовчи талабалардан уй бекаси эрталабки иссиқ овқатни кўпинча кечаги тушлик вақтида тарелкалардан йиғиб олинган қолдиқлардан тайёрлашини эшитиб қолди. Аммо буни қандай исботлаш керак? Ҳар қандай жумбоқни содда ва ўзига хос топқирлик билан енга оладиган Вуд бу гал ҳам ўз услубига содиқ қолди. Бир куни тушликка бифштекс берилганида у тарелкада бир неча катта-катта гўшт бўлакларини қолдирдида, кўриниши ва таъми оддий ош тузидан фарқ қилмайдиган, сира ҳам зиёни йўқ литий хлориддан сепиб қўйди. Эртаси куни нонуштага берилган қовурилган гўшт бўлаклари спектроскоп алангасида «ёқиб» кўрилди. Спектрнинг литийга хос қизил чизиғи ҳаддан зиёд тежамкор пансионат бекасини фош қилиб қўйди.
Нигора Бобоева
“Маърифат” газетасидан олинди.