Табиат ва тамаддун борасида ўйлар
Талабалик йилларим эсимда. Баҳор авж палласига етган пайтларда юрагим орзиқа бошларди. Дарҳол қишлоққа бориш тараддудини кўрардим. Улгуришим керак, дердим ичимда ўз-ўзимга. Нимага улгуришим кераклигини сизга айтсам: лола сайлига – лола теришга!
Ҳали оқ либосини кифтидан ташламаган тоғлар қадар тўшалган ям-яшил қирлар баҳор эпкинида тиниқ денгиз сатҳидек мавжланарди бу дамлар. Баҳор ўртасидаги бир ҳафта-ўн кун ичида бу кенгликлар аланга олган каби ял-ял товланардики, бу паллада қизил лолалар қийғос очилган бўларди! Биз, қишлоқ болалари, бу маъвода лолалар теришни ҳар баҳорда одат қилгандик. Зангори ҳаволи ажиб кенгликларда лолалар гулханини кечиб югурар эканмиз, улар орасида энг яхшиларини танлашга ҳаракат қилар ва қучоғимиз тўлганида майсалар, турфа хил гиёҳлар гиламига ўзимизни ташлаб, нафасимизни ростлардик. Чалқанча ётганда оҳиста сузиб бораётган беҳад-беҳисоб оппоқ булутлардан кўз узмай, осмоннинг нақадар кенглигини идрок қилардик. Кеч кира бошлаганда қучоқ-қучоқ лолалар билан уйга кириб боришимиз байрамга айланиб кетарди…
Мана шу хотиралар шавқи баҳорнинг авж палласида мени ҳамиша қишлоққа боришга шошилтирарди.
Талабалик йилларимда ҳам, болалик анъанасига кўра, тенгқурларим билан ўша кенгликларга лола теришга чиққанларим эсимда.
Кейинчалик бу анъана сусайди. Бунга нима сабаб бўлганлигини ҳозир ўйласам, турмуш ташвишлари ортганидан эмас, лолалар ҳар йили сийраклаша бошлаганидан ҳамда баҳорий кенгликлар асл жозибасини йўқотганлигидан эканлигига амин бўламан. Қишлоққа сўнгги марта борганимда ўзим тенги дўстларим билан ўша ажиб лола сайилларини эслашдик. “Ҳозир қолганми ўша лолалар?” – сўрадим. “Қаёқда… – деди дўстим энтикиб. – Уруғликка ҳам тополмайсан. Чунки у ерлар аллақачон экин далаларига айлантирилган…”
Қишлоғимизнинг ўзидаги ўзгаришларни айтмайсизми! Болалигимизда томорқамиз адоғида жарликлар ҳосил қилиб – буралиб-буралиб оқувчи сой бўларди. Биз бутун ёзни унда чўмилиб ўтказардик. Мен мана шу сой бўйида кўм-кўк майсаларга кўмилиб, узоқ-узоқ хаёл сурганларим эсимда… Боғ этагида – сой шовқини эшитилиб турадиган жойда қайроғочзор тепалик бўларди, биз уни ёввойи ўр деб атардик. Илонлардан хавфсираб, унга қадам босишга чўчирдик. Баҳорда унинг устида лолақизғалдоқлар, ғуж-ғуж чучмомалар товланарди. Жавзо ойида эса уни ҳар бири ҳозирги томларда ўрнатиладиган супрали антенналардек келадиган япроқлар қопларди…
Бир кун катталардан кимдир, мана шу сой кўмиб ташланиб, ўрнига кўча тушаркан. Кўчанинг икки томони эса кета-кетгунча янги ҳовлилар бўларкан, деганида биз болалар бу гапга мутлақо ишонмагандик. Чунки тасаввуримизга сиғмаганди бу. Лекин орамизда, ниҳоят тараққиёт бизнинг томонларга ҳам ташриф буюраркан-да, дея завқи тошганлар ҳам бўлганди. Сир эмас, у маҳаллар бизлар шаҳарга қаттиқ ҳавас қилганмиз. Қишлоқ адоғидаги тепаликка чиқиб, шаҳар чеккасида қад тиклаган заводнинг беш-олтита ниҳоятда баланд мўриларига ҳаяжонланиб термилардик. Ҳозир бу ҳаяжонимни эсласам, Маяковскийнинг “заминни мўрилар ўрмонзорига айлантирамиз!”га ўхшаш сатри эсимга тушади. Инқилоб шукуҳини куйлаган шоирнинг ушбу мисраси ўз вақтида ноёб шеърий топилма бўлган бўлса, ажаб эмас…
Шундоқ қилиб десангиз, йиллар ўтиши билан айтилган башорат рўёбга чиқди. Энди бугунги ёш болаларга, сен ўйнаб юрган мана шу кўча ўрнида бир вақтлар тиниқ сувли ажойиб сой оқарди, биз бутун ёзни унда чўмилиб ўтказардик, десак мутлақо ишонишмайди.
Ҳаммадан ачинарлиси, биз ҳавас билан термилган мўриларнинг ҳамиша юксакларга ўрлаб турадиган тутунлари заҳар-заққум бўлиб, яшнаб-мавжланадиган қирларга, довруғи етти иқлимга етган мевазор боғлар устига ёғила бошлади.
Бундан ўнлаб йиллар муқаддам бу ҳақда кимдир илк бор бонг урганида қишлоқ аҳли буни ортиқча айюҳаннос деб қабул қилган эди. Эндиликда эса бунинг аччиқ ҳақиқат эканлигига кўпчилик, деярли ҳамма амин бўлган.
Мен баъзан қишлоққа борганимда янги тушган кўча бошида туриб, болалигим чаппор уриб ўтган кенгликларга, эртакчи боболардек чўкка тушган оқсоч тоғларга узоқ-узоқ термиламан. Энди бу унниққан кенгликлар болаларни ўзига жазб этмай қўйган, тоғларнинг эртакларини эса ҳеч ким тингламайди… Болалар эртаю кеч телеэкранлар қошидан жилмайдилар, ёшлар фикри-зикрида савдо-сотиқ, олди-берди, машина ташвиши. Афсуски, улар табиат ўзининг асл жамолини айниқса баҳор пайтида чечаклар ям-яшил кенгликларда чўғдек товланган паллаларда намоён қилишини, ҳовлида жўмракдан оқиб турган сув дастлаб тошлардан-тошларга урилиб оққан жилға ёки ирмоқ бўлганлигини ҳис этмай улғаядилар. Кейинчалик бу кемтиклик уларнинг феъл-атворларида муҳрланади. Ҳар нарсадан фойда кўзлаб умргузаронлик қиладилар. Улар саховат деган тушунчани англаб етмайдилар. Чунки беминнат саховат ибратини ҳамиша табиатда кўриш мумкинлигини, одамлар эса ундан улги олиб яшаши кераклигини улар идрок қилишдан ожиздирлар. Шундай зотларга мен баҳор чоғи инсон қадами етмаган хилвату узлатларга боринг, энгашиб қарасангиз бошингиз айланадиган жарлик тубига нигоҳ солинг, тоғ алқорлари ҳам чиқолмайдиган қоялар зирвасига термулинг, баҳорнинг асъасаю дабдабасини кўрасиз, унинг гўзаллик бобида бениҳоя саховатпешалигига амин бўласиз, дегим келади.
Лекин, афсуски, табиат тараққиётнинг, қолаверса, тамаддуннинг шафқатсиз зуғуми остида қолди. Дўстларингиздан сўранг, инсон қадами етмаган, у бир кун тунаб қолганида дағаллигидан, қўпол муносабатидан минг кун озор чекмаган узлат гўша қолдимикин?! Баҳорда ўргимчак солган тўр то кузга қадар узилмай, бузиб ташланмай турадиган “ёввойи ўрлар” бормикин ҳозир заминда? Бор бўлса, уларни муқаддас қадамжоларга айлантириб, ҳимояламоқ лозим.
Бу куюнишларга жавоб сифатида, нима ҳам қилардик, диалектика қонуни бу, тараққиётнинг йўлини тўсиб бўлмайди, деб қўя қолиш ҳам мумкин. Лекин бу жуда жўн жавобдир. Тўғрироғи, муаммодан ўзни олиб қочишдир. Зотан, муаммони англаш учун ҳам анча-мунча нарсадан бохабар бўлмоқ керак.
Мен бундан 10 йиллар муқаддам биринчи ўзбек космонавти Солижон Шариповга бир сафарда ҳамроҳлик қилиш бахтига муяссар бўлгандим. Мен ўшанда ундан: “Фазода туриб, сайёрамизга боққанингизда кўнглингиздан нималар кечган?” дея сўрадим. “Биринчи ҳайратим она-сайёрамизнинг ниҳоятда мўъжазлиги бўлди, – деди у, бу гапга балки сиз ишонмассиз дегандек синовчан боқиб. – Шу мўъжаз сайёрада тинимсиз давом этадиган тало-тўплар, манфаат орқасида юзага чиқадиган ўзаро курашлар, мамлакатлар орасидаги низолар менга жуда-жуда ажабланарли кўринди… Кейин кўнглимда Она-ер ниҳоятда меҳрга муҳтож бир хилқат бўлиб туюлиб кетди…”
Меҳрга муҳтож хилқат…
Олимларнинг таъкидлашича, коинотда Қуёш тизимининг шаклланиши, Ер сайёрасида ҳаёт куртакларининг пайдо бўлганига 4 миллиард йил бўлган.
Бу давр мобайнида куррамизда тириклик қонунияти вужудга келган, ҳаёт шаклланган, турли-туман ўсимлигу жонзотлардан иборат наботот ва ҳайвонот дунёси тараққий этган. Ҳали инсон ақли бу илоҳий сир-синоатни англаб етгани йўқ. Эндиликда тириклик оламига мансуб ҳисобланадиган, унинг қонун-қоидаларига амал қилиб лаҳзаларда умрини яшаб битирадиган ёхуд миллион йиллар давомида ўлмай келаётган вужуди бир ҳужайрадангина иборат бўлган энг совуқ муҳитда ҳам яшай оладиган жонзотлар кашф этилмоқдаки, буларни Аллоҳнинг мўъжизаси дея тан олмоқдан ўзга илож йўқ. Ер сайёраси коинотда ҳозирча танҳо бўлган ана шундай беназир маскандир. Ҳаммадан ачинарлиси – унинг танҳолигини барча ҳам идрок этавермаслигида. Олимлар ва мунажжимлар ўзга сайёраларда ҳам ҳаёт бор дейишади. Лекин қани унинг исботи? У қайси манзилда? Коинотнинг қайси бир бурчида? Бор дейилгани – бу тахмин, холос.
Шу боисдан жаҳон халқлари тафаккурида коинотдаги яккаю ягона, мушфиқ сайёрамизни асрайлик, унга ортиқ шафқатсизлик қилмайлик деган тушунча пишиб етиладиган палла келди.
Ер сайёраси пайдо бўлганидан буён қанчадан-қанча фалокату офатларга дучор бўлмади?! Уни тинимсиз равишда самодан ёққан метеорлар “савалаб” келди, неча-неча бор коинотда “адашган” астероидлар кўксини нишонга олди, унинг зоҳиридаги музликлар неча бор силжиди, бағрида вулқонлар портлаб, меҳваридан лавалар отилди.
Чуқурроқ ўйлаб кўрилса, Ер сайёрасининг миллиард йиллар мобайнида кўрган жабру жароҳатлари бир бўлди-ю, инсон қавми пайдо бўлганидан кейин тортаётган азоб-кўргуликлари бир бўлди.
Ҳолбуки, инсон ҳам биологик турлардан биридир, шунинг учун ҳам у истаса-истамаса табиат қонунларига бўйсунишга мажбур. Биронта ҳам жонли тур ўзининг экологик муҳитида яккаю ягона хўжа-йинга айланиб қолса, у экологик таназзуллардан ҳеч қаёққа қочиб қутула олмайди. Бу қонуниятни инсон қавми дастлаб идрок этмади, кейин тан олгиси келмади, аксинча, у табиат устидан зафар қозониш, уни ўзига бўйсундириш иштиёқига тушиб кетди.
Бунинг қандай мудҳиш оқибатларга олиб келганлигини инсоният тарихидаги илк тамаддун ҳисобланмиш шумерлар цивилизациясининг заволи мисолида кўришимиз мумкин.
Қадимги шумерлар ҳаддан зиёд кўп суғориш натижасида Дажла ва Фрот дарёларининг қуйи оқимида тузлар кўпайиб кетишига сабабчи бўлдилар ва Шумер маданияти завол топди. Эндиликда фақат археологларгина Месопотамиядаги энг қадимги тамаддунга гувоҳлик беришлари мумкин.
Зеро бундай ҳалокат ўтган асрнинг иккинчи ярмида ўзининг қора шарпасини бизнинг бошимизга ҳам солмадими? Бу даврлар тарихда “пахта яккаҳокимлиги” деган номни олди. Шўро замонида мамлакатимиз асосан пахта етиштириб берадиган ўлкага айлантирилди. Бу жоҳилона сиёсат зуғуми остида ерлар оммавий суратда ўзлаштирилиб, икки улкан дарё сувлари чўлу саҳролар томон бурилди. Янги ўзлаштирилган ерлар ҳақида қўшиқлар, достонлар тўқилган пайтда, бу сувлар Оролнинг насибаси эканлиги, у сувсизликдан қийналиб, “жонсизланиб бораётганлиги” ҳеч кимнинг хаёлига келмади. Оқибатда дунё миқёсида денгиз таърифини олган кўл кўлмакка айланди. Унинг сув сатҳи 20–25 метрга пасайди, унинг азалий қирғоғига уриладиган тўлқинлар 100–120 километрга чекиниб кетди. Бу бўш қолган соҳиллардан эндиликда ҳар йили 15–47 миллион тонна чанг атмосферага кўтарилиб, эни 40 километр, узунлиги 400 километр бўлган майдонга тарқалмоқда.
Ўйлаб кўрайлик, шўро сиёсати барҳам топмаганида ва юртимиз ҳурриятга эришиб, далаларимиз пахта яккаҳокимлигидан озод бўлмаганида ҳолимиз нима кечарди, қадим табиат, теварак-муҳитимиз қандай аҳволга тушган бўларди?!
Замини маъмурий-буйруқбозликка асосланган собиқ совет тузуми ҳақида қуйидаги баҳодан ортиқ баҳо бериб бўлмайди; зеро у даврда “Табиатни муҳофаза қилиш тадбирларига арзимас даражада кам маблағ ажратиларди. Бу маблағ табиатга етказилаётган зарарнинг мингдан бир қисмини ҳам қопламас эди. Ўрмонлар ўйламай-нетмай, ваҳшийларча кесиб ташланар эди. Ёқилғи ва минерал хом-ашё захиралари реал эҳтиёж билан таққосланмаган ҳолда жуда кўп миқдорда қазиб олинганидан кўпчилик қисми қайта ишланмаган чиқитлар сифатида уюлиб ётар эди. Табиатни муҳофаза қилувчи энг оддий тозалаш иншоотларига эга бўлмаган баҳайбат саноат корхоналари фаол бунёд этилди. Натижада барча заҳарли ва зарарли саноат чиқиндилари улкан ҳаво кенгликларини, сув ҳавзаларини, ер майдонларини ифлослантирадиган бўлди. Ўз кўлами жиҳатидан беқиёс даражада катта гидротехника лойиҳаларини рўёбга чиқариш, транспорт коммуникацияларини (БАМ, Турксиб каби темир йўлларни, автомобиль, нефть-газ магистралларини ва ирригация тармоқларини) бунёд этиш нафақат табиий захираларни қашшоқлаштирди, балки бутун бошли аҳоли пунктларининг йўқ бўлиб кетишига, экологик мувозанат, иқлим, одамларнинг ҳаёт ва фаолият шароитларининг бузилишига ҳам олиб келди”.1
Ҳа, бундай ҳодисалар узоқ ўтмишда онда-сонда такрорланган ва асосан инсониятнинг ўзига ва унинг тамаддунига офат келтирган. Юқорида мисол келтирганимиз сингари кейинги асрлардаги инсон фаолияти эса табиат мувозанатига катта путур етказа бошлади. Ундаги миллион йиллардан бери мавжуд ўсимликлар, ҳайвонот оламининг ноёб турлари абадул-абадга йўқ бўлди. Ҳолбуки, улар инсон ҳаёти учун мутлақо зарур гиёҳлар ва ер юзида яшашга ҳақи бор жонворлар эди.
Японияга атом бомбаси ташлангандан кейин омон қолган аҳолининг кўп қисми кучли нурланишга дучор бўлган эди. Бу хасталикка учраганларнинг вужудидан радиактив изотопларни чиқариш учун ёрдам берадиган гиёҳни олимлар Парагвайдан топишган экан.
Россия телевидениесида “Малахов+” деган машҳур кўрсатув бор. Бу кўрсатувда инсон ҳаётида учровчи турфа хасталикларга шифо бўладиган табиий гиёҳлар ҳақида гап боради. Бундай кўрсатувларнинг бирида бир бемор юраги мураккаб хасталикка мубтало бўлганлигини, шифокорлар эса бу дардга даво тополмаганликларини ва бемор қишлоққа кетиб, қуёнтил деб номланувчи гиёҳ туфайли бир ой давомида мутлақо соғайиб кетганлиги ҳақида гапирганди.
Демак, ҳар қандай касалликка табиат оламидан шифо бўладиган малҳамни топса бўлади. Зеро, ривоят қиладиларки, Луқмони ҳаким далада кезиб юрганида теварак-атрофдаги жамики гиёҳлар “мен мана бу касалга шифоман, мен у касалга шифоман”, дея унга пешвоз чиқаркан.
Табиатни ақалли инсон саломатлиги учун қиладиган ана шу хизматлари учун ҳам асрамоқ лозимдир.
Лекин инсоният табиатга нисбатан тажовуз, қирғин, тазйиқ борасида бемисл саъй-ҳаракатлар кўрсатмоқда. Ҳолбуки, табиатнинг ҳар бир бўлагига жонли мавжудот сифатида қарамоқ лозимдир. Зеро, у ҳам изтироб чекади, оғриқ туяди. Фақат изҳор этмоққа тили йўқ, холос.
Сўнгги асрларда Европа тамаддуни, Америкадаги техника тараққиёти табиат бошига бемисл офатлар ёғдирди, заминни яроқсиз ҳолатга келтирди, сувни ифлослантирди, ҳавони заҳар чангига тўлдирди.
Бу ҳол нафақат бу қитъаларда, балки куррамизнинг бошқа бурчакларида ҳам аянчли тус олди. Бугунги кунда биосфера инсон фаолияти билан курашишга ожизлик қилиб қолди, унда қайта ўнгланмайдиган ўзгаришлар бошланди. Атмосфера таркибида зарарли газларнинг кўпайиб кетиши оқибатида “иссиқхона таъсири” (“парник эффекти”) деган ҳодиса кучаймоқда. Бу ҳодиса моҳияти шундан иборатки, атмосферада қалинлашган углерод қатлами Қуёш радиациясини Ерга бемалол ўтказиб юборган ҳолда иссиқлик нурланишини атмосфера юқори қатламларига қайтишини тўхтатиб қолади. Шунга мувофиқ атмосферанинг қуйи қатламларида ҳарорат кўтарилади. Айни чоғда бундай жараёнлар сайёрамиз ҳимоя қобиғи емирилишини жадаллаштиради ва унда озон туйнукларини пайдо қилади. Агар озон қатлами 10 фоизга пасайса, тери саратони касаллиги 26 фоизга кўпаяр экан.
Сайёрада ҳароратнинг исиб кетиши атмосферада ҳаво оқимлари ҳаракати жараёнига ҳам таъсир кўрсатади. Бу эса сув тошқинлари, қурғоқчилик каби ҳодисаларни вужудга келтиради. Шу пайтгача ҳеч қачон қаттиқ совуқ бўлмаган жойларда қиш аёзи жуда кучли бўлиши мумкин. Буларнинг бари ғоятда ҳалокатли ҳоллардир. Қурғоқчилик ва сув тошқинлари дунёнинг кўпгина минтақаларида очликни туғдиради. Очлик эса қуролли можаролардан кўра кўпроқ одамнинг жонига қасд қилиши мумкин. Олимларнинг хулосасига кўра, агар ишлаб чиқарилаётган зарарли газларнинг миқдори дарҳол 60 фоизга қисқартирилмаса, табиат юз бераётган ўзгаришларга мослаша олмайди, инсон эса уларни назорат қилишни эплолмай қолади.
Вазият ҳақиқатан ҳам шу қадар хавотирлимикан? Бугунги кунда жаҳондаги турли табиий офатларни телеэкран орқали кузатиб бораётган оддий фуқаро ҳам бу ташвишли саволга ҳеч иккиланмай: “Ҳа! Жуда ҳам хавотирли!” дейиши шак-шубҳасиз.
Дарҳақиқиқат, вазият хавотирли ва ташвишланарлидир. Қайд этилган ҳолатларга эътибор берайлик. Бу йил (2010 й.) январ ойи Грецияда энг иссиқ келди. Бу мамлакатнинг Крит ороли аҳолиси Янги йилни чўмилиш соҳилларида кутиб олдилар. Бундай ҳарорат бу ўлкада 100 йил аввал кузатилган эди. Ҳолбуки жорий йилнинг ушбу ойида бу минтақадаги Албания, Черногория, Босния ва Герцоговина, Хорватия ва Сербия каби бир қатор мамлакатлар тинмай ёққан ёмғир ва кўп қор натижасидаги сув тошқинларидан азоб чекдилар.
Одатга хилоф равишда тинмай ёққан қор Германияда авиация ҳаракатини мураккаблаштириб юборди.
Январнинг ўрталарида Туркияга бостириб кирган қор бўронлари бир ярим мингта қишлоқ ҳаётини ташқи дунёдан узиб қўйди.
Бу йилги қишда Хитойнинг пойтахти Пекин қор асирлигида қолди.
Мўғулистонда узоқ муддат давом этган 50 даражали совуқ 1,7 миллион молни нобуд қилди, 21 мингта чорвадор оилалар очарчилик хавфига тушиб қолди…
Ҳа, табиатнинг феъл-атвори кескин ўзгариб бормоқда. Унда эврилиш ҳолатлари тезлашиб кетди. Унинг руҳияти тобора асабий тус олмоқда.
Энди эътиборингизни Америка дастлаб кашф этилган даврдаги манзараларга тортсак.
1492 йили 12 октябрда Америка қитъаси Колумб томонидан кашф этилди. Кейинги асрларда бу жаннатмонанд заминга европаликлар худди асалга ёпишган аридек ёпирилдилар.
Жумладан, Жон Бейклесснинг “Америка кашф этувчиларнинг нигоҳи билан” номли асарида шундай лавҳалар бор: “Денгизчилар ҳали қирғоққа тушмаслариданоқ бемалол юрган оқ айиқларни кўришарди. Улар одамлардан қўрқишмасди. Оролчаларда катталиги ғоздай келадиган сон-саноқсиз қушларга дуч келишди. Учишни билишмасди улар. Одам зотини кўришмаганди, бу ерда уларнинг ёвуз кушандалари йўқ эди. Инсон мана шу жойларга ҳам етиб келди ва калтаклар билан қушларни ўлдиришга тушди. Бир соат ичида 30 та катта кемани шундай қушлар билан тўлдириб ташлаш мумкин эди. Қанотсиз гагаркаларга қирон келтириш ана шундан бошланди. Йигирманчи асрнинг бошларига келиб ер юзида бундай қушларнинг бирортаси қолмади. Қачонлардир эса улар океан соҳилидаги тошлар устида бир-бирларига суянганча тўп-тўп бўлиб ўтиришарди…
Бу ерларга биринчи келганларнинг орқасидан соҳилнинг ичкарироғига кирамиз. Кўллардаги ғозлар, ўрдаклар, қарқаралар осмонни тўсиб қўйгудек сон-саноқсиз эди, каптарлар тунаш учун дарахтларга қўнганида уларнинг азбаройи кўплигидан шохлар синиб тушарди. Уларни ушлаш учун тўр қўйилса бирваракайига юзлаб, минглаб каптарлар илинарди. Ғозлар ва ўрдаклар одамлардан бутунлай ҳайиқишмас, мажбур қилмагунча сувга тушгилари ҳам келмасди.
Нью-Йоркнинг ҳозирги осмонўпар бинолари қад кўтарган жойларида 1609 йилда одамлар у ёқдан-бу ёққа зўрға ўтишар, эринмаганлар қарийб меҳнат сарфламай қушларни тутиб олишарди…”
Бошқа бир китобда европаликлар Америка табиатининг ўша вақтдаги манзарасини шундай тасвирлайди: “Санчқини сувга тиқсанг балиққа тўғри келади… Балиқларнинг кўплигидан дарёлар вақиллайди… Балиқларни ҳатто чўмич ёки пўстлоқ билан қирғоққа чиқариб ташласа бўлади. Осетра балиқлари елкаларини чиқариб олганча сувда мудрашади. Баъзи дарёларда осетра балиқлари шу қадар кўпа-йиб кетганки, қайиқ ва кемаларнинг уларда сузиши анча хавфли…”
Мен бу манзаралар тавсифига тўхталар эканман, бундан бир-икки йил аввал бир гуруҳ дўстлар билан Чирчиқ дарёси бўйида ҳордиқ чиқарганимиз ёдимга тушди. Ўшанда дарёга қармоқ ташлаб ўтирган бир неча одамларни кузатган эдим. Улардан бирининг олдига бориб, нечта балиқ овладингиз деганимда, ҳали қармоғимга биронта ҳам илинмади деганди. Сўнг у, дарёда кейинги йилларда балиқларнинг ниҳоятда камайиб кетганлиги, улар браконьерлар томонидан номақбул йўллар билан овланаётганлиги тўғрисида куюниб гапирганди.
Минтақадаги серсув дарёлардан бири саналувчи Чирчиқ наҳрида балиқларнинг бу қадар камайиб кетганлигига фақат браконьерларнинг шафқатсизликлари сабабчимикин?
Шу ўринда бир манзара эсимга тушади ва бу менга мудом ғаро-йиб туюлади. Ўтган асрнинг 70-йилларида мен Жанубий Қозоғистоннинг Чордара сув омборида бўлган эдим. Сув омборидан чўлга оби ҳаёт етказувчи кенглиги 20 метрлар чамаси бўлган канал бўйига дам олиш кунлари кўплар балиқ овига чиқишар экан. Мезбонлар билан биз ҳам чиққандик ўшанда. Ана балиғу мана балиқ! Сув юзи чучварадек қайнарди! Бу сон-саноқсиз балиқларга қармоқ ташлаб уларнинг қачон илинишини пойлаб ўтиришнинг ҳожати йўқ эди. Илгаги тиғдек ўткир қармоқни сувга отган заҳоти уни силтаб тортсангиз бас, албатта, бир балиқ унга ё қорнидан, ё думидан илиниб чиқарди! Мен ушбу манзарани кўриб, бу балиқларни одам боласи овлаб тугатолмаса керак деган ўйга ҳам борган эдим.
Бир замонлар бунинг каби мўл-кўллик ёхуд эндигина кашф этилган қитъанинг ёввойи дарёларидаги сингари неъматга бисёрлик Чирчиқ дарёсида бўлмаган деб ким айта олади?
Дарёлардаги, оқар сувлардаги балиқларнинг камайиб кетганлигига (ҳозирги кунда мен кўрган ўша Чордара сув омборидан оқиб чиқувчи каналда балиқлар анқонинг уруғига айланган дейишади!) сувларнинг беҳад даражада булғанганлиги, ҳатто ёғаётган ёмғирда, қорда заҳар-заққум заррачаларнинг кўплиги сабаб бўлган деб ўйлайман. Зеро ўтган асрда қайси бир заводнинг ёки ишлаб чиқариш объектининг чиқинди қувури дарёга ёки кўлга туташтирилмаган эди? Кўп ғалати замонларни бошдан кечирдикки, собиқ салтанат ҳукм сурган даврлар одамларни табиат муҳофазасига даъват қилган киши сиёсатга қарши одам ёки тузум душмани сифатида жазога тортилар, қувғин остига олинарди. Ҳолбуки, минг йилларда ҳам зиён қуввати пасаймайдиган радиактив чиқиндилар тоғу адирлар бағрига кўмилар, яъни кўздан йўқотилса бас эди. Мана, сизга калтабинликнинг, жаҳолатнинг, имонсизликнинг оқибати! Энди бу тириклик кушандаси қаёққа ҳам даф бўларди – сувга оқса ҳам, осмонга учса ҳам инсон зотини, тирик жонларни – ўзимизни заҳарлайди. Бу туйғулар кўнгилдан кечар экан, беихтиёр “хайрият!” дейсиз! “Хайрият, бу тузум узоқ давом этмади!..” Инсоният ўзини жар ёқасидан қайтариб қолди!
Айни чоғда шуни таъкидлаш керакки, энлидикда сайёрамиз ва жаҳон ҳамжамияти ривожланишнинг мутлақо янги босқичга қадам қўйди ва бу ҳақда биринчи бўлиб, аниқ фанларнинг вакиллари гапира бошлади. Жумладан, Э.Леруа ва Л.Тейер де Шарден ноосфера (ақл-идрок сфераси) атамасини мулоқотга киритдилар. Инсоният тарихининг ҳозирги босқичи ноосфера даври деган ном олди. Бунинг маъноси шундаки, ҳозирги даврда ҳамфикрликдаги, мувозанатдаги ривожланиш Ер юзида инсоннинг сақланиб қолишининг муҳим шарти деб қаралади.
Ноосфера тушунчасидаги энг асосий нарса – жамият билан табиатнинг ўзаро алоқасини оқилона тарзда ташкил қилиш заруриятидир. Бу зарурият теварак муҳитни ёмонлаштиришга олиб келадиган табиатга стихияли, ваҳшийларча муносабатга қарама-қарши қўйилади.
Истаган тирик жонзотнинг ривожланиши атроф-муҳит миқёсидаги ўзгаришларнинг миқдори жуда қаттиқ чекланган шароитдагина амалга ошмоғи мумкин. Бу чеклашлар даражасини белгилаш учун академик Н.Н.Моисеев илмий муомалага “Экологик императив” деган тушунчани олиб кирди. Императив дегани – хулқ-атвор, қатъий талаб, умумбашарий маънавият қонуни демакдир. Унга ҳамма одамлар бўйсунмоғи даркор.
Ҳақиқатда эса аҳвол қандай? Ер юзидаги техник тараққиётнинг сайёрамиз аҳволига ниҳоятда салбий таъсир кўрсатаётганлигидан кўз юмиб бўлмайди. Унга кўрсатилаётган тазйиқ, зарар асосан ривожланган мамлакатлар тимсолида кўзга яққол ташланмоқда. Ўтган аср охиридаги маълумотларга қараганда, биосферага кўрсатилаётган босим ортиб борган. Жумладан, бу нисбат қуйидагича кўринишга эга эди: Япония – 15,8; Германия – 14,5; Буюк Британия – 12,2; Италия – 8,1; Франция – 5,3; Ҳиндистон – 4; АҚШ – 2,8; Хитой – 1,9…
Мана шу тадқиқотларга кўра, биосферанинг емирилиши, қайта тикланмайдиган табиий бойликларнинг тобора камайиб бораётгани учун асосий жавобгарлик ривожланган мамлакатлар зиммасига тушади. Иқлимнинг ўзгариши билан шуғулланадиган Ҳукуматлараро комиссиянинг маълумотларига қараганда, атмосферага чиқарилаётган заҳарли газларнинг 74 фоизи уларнинг ҳиссасига тўғри келади. Агар жон бошига ҳисоблаб кўрилса, бу ривожланаётган мамлакатлардагига қараганда 10 баравар кўпдир. Айни чоғда ривожланаётган мамлакатларда бораётган жараёнлар ҳам сайёрадаги иқлимнинг келажаги учун жиддий хавотир чекишга мажбур қилади.
Ана шу сабабларга кўра, жаҳон ҳамжамияти тушунчасида янги бир назарий тамойил вужудга келди. Бу концепция “барқарор ривожланиш” деган номни олди. Биринчи марта бу тушунчани 1987 йилда атроф-муҳит ва ривожланиш бўйича Халқаро Комиссия муомалага киритди. 1992 йилда Рио-де-Жанейрода БМТнинг атроф-муҳит ва ривожланиш бўйича конференциясида 179 давлатдан келган 8 минг делегат Барқарор ривожланиш концепциясини якдиллик билан маъқуллади. Бу ҳужжат бугунги кунда жаҳон ҳамжамияти томонидан инсониятнинг XXI асрдаги ривожланишининг бош йўли сифатида қаралмоқда.
Барқарор ривожланиш концепциясининг моҳиятини, асосан, қуйидаги бир нечта қоидадан иборат деб билиш мумкин. Жаҳон иқтисодиётининг ривожи шундай бўлмоғи керакки, бу ривожланиш оқибатида табиий муҳит емирилмаслиги зарур. Барқарор ривожланиш учун турли мамлакатлар ва халқларнинг ижтимоий-иқтисодий ва экологик ривожида хилма-хиллик ва ранг-баранглик бўлмоғи лозим. Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш заминида зўравонлик эмас, бир-бирига душманлик эмас, гуманизм ётмоғи керак. Ривожланиш чиндан ҳам барқорор бўлмоғи учун одамларнинг ўзаро муносабатларида, жамият билан табиат ўртасидаги муносабатларда уйғунлик бўлмоғи зарур.
“Бадавлатлар учун барқарор ривожланишга ўтиш, – дея хитоб қилган эди Рио-де-Жанейродаги конференциянинг Бош котиби Морас Ф.Стронг конференция қатнашчиларига, – машаққатли ёки ибтидоий ҳаётга ўтиш деган маънони билдирмайди. Аксинча, бу ўзининг тўлақонлилиги ва ўз-ўзини рўёбга чиқариш имкониятларининг кенглиги жиҳатидан жуда бой ҳаётга олиб келмоғи мумкин. Бу ҳаёт ўзининг барқарорлиги билан ҳаммани кўпроқ қаноатлантириши ва ҳамма учун хавфсизроқ бўлмоғи мумкин, ҳамма баравар баҳам кўрадиган имкониятлари ва ҳаммага муштарак фойда келтириши билан янада барқарор бўлмоғи аниқ”.
Кўриниб турибдики, “барқарор ривожланиш” тушунчаси кўп қиррали тушунча. Бу тушунча ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлар учун бир хил қимматга эга эмас. Ўзаро муросаи мадорасиз бу вазифани ҳал қилиб бўлмайди.
Бугунги кунда Марказий Осиёда айнан шу муаммо вужудга келди. Тожикистонда Роғун ГЭСи, Қирғизистонда эса Қамбарота ГЭСлари қурилиши мўлжалланаётганлиги Амударё ва Сирдарё сувлари билан ҳаёти азалдан боғлиқ бўлган муҳит аҳолисини қаттиқ ташвишга солмоқда. Ўзбекистон республикасининг, аввало, иккала ГЭС лойиҳаси нуфузли халқаро эксперт комиссиялари томонидан атрофлича экспертизадан ўтказилиши зарур, деган эътирози ҳамда ўринли таклифи иккала давлат раҳбарияти томонидан эътиборга олинмаяпти. Аҳвол шу тарзда ривожланса, нажотга зор Оролнинг узил-кесил завол топишини, миллионлаб одамларнинг аҳволи ниҳоятда мушкул вазиятга тушиб қолиши мумкинлигини улар мутлақо тасаввур қилмаяптилар.
Лекин шу мудҳиш оқибатлар рўй бергудек бўлса, ҳозир уларнинг қўлтиғига сув пуркаётганлар ўша пайтда Оролдан кўчган туз бўронларини тўхтатиб қолишга, унинг йўлини тўсишга чора топиб берармикин?
Ваҳоланки, бу икки дарёга тажовуз тарихда ҳам бир неча бор содир бўлган.
Зеро минтақамиз халқлари Сирдарё, Амударё, Зарафшон, Мур-ғоб ва бошқа дарёлар сувидан асрлар давомида табиий мувозанатни сақлаган ҳолда оқилона фойдаланиб, жуда кўп ерларни обод қилганлар, боғ-роғлар яратганлар.
Лекин мана шу нозик мувозанат қўпол равишда бузилса, қандай даҳшатли экологик фожиа юз беришини биз тарихда бундан саккиз аср муқаддам Чингизхон босқинчилиги даврида бошдан кечирганмиз. Умрида бир ниҳол кўкартирмаган, маданиятдан маҳрум кўчманчилар Сирдарё, Амударё, Мурғоб ва бошқа дарёлар ўзанида қурилган тўғонларни бузиб, Хўжанд, Урганч, Марв каби обод шаҳарларни сувга бостирганлар. Оқибатда бутун-бутун водийларда сувсизликдан ҳаёт сўнган, миллионлаб одамларнинг ёстиғи қуриган. 1230 йилда Чингизхоннинг ўғли Тўлуйхон Мурғоб дарёсига қурилган тўғонни буздириб ташлайди. Марвни сув босади. Унинг атрофидаги обод воҳа сувсиз қолиб, барча дарахтлар ва экинлар ёз иссиқларида бутунлай қуриб қолади. Кўп одамлар очдан ўлади, тирик қолганлар бу жойлардан бош олиб кетади… Шундан кейин 180 йил давомида Марв ва унинг атрофлари инсон яшай олмайдиган ўлик маконга айланади…
Инсониятга иқтидори ва истеъдоди қувватидан ташқари яна бир улуғ имконият берилган. Бу – тарихдан сабоқ олиш, хатолардан хулоса чиқариш имкониятидир. Лекин шуниси ажабланарлики, одамзод ўзининг мана шу имкониятидан жуда кам фойдаланади. Зеро, Роғун ГЭСи ва Қамбарота сув омборларига бугунги кунда тўғон тиклашга уринмоқлик бир замонлар дарёлардаги тўғонларнинг буздирилмоғидан қанчалик фарқи бор?!
Меҳрга муҳтож сайёрамиз аҳволига теранроқ разм солсак, яна бир фожиани идрок этамиз. Бу ер юзидаги чучук, тоза сувларнинг камайиб бораётганилигидир.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Ер куррасида сувсизликдан нобуд бўлаётганлардан кўра, ифлос сув ичиб ҳалок бўлаётганларнинг сони кўпроқ. Касалликларнинг саксон фоизи ифлосланган сув ёки антисанитария туфайлидир. Фақат ичбуруғининг ўзидан йилига олти миллион бола нобуд бўляпти. Вабо, терлама, дизентерия ва гижжа миллионларнинг ёстиғини қуритяпти. Қуёш тизимидаги суви бор ягона сайёра – сувлари таҳқирланувчи сайёрага айланиб қолди.
Денгизда нефть тўкилган жойлар тубини текширган тадқиқотчиларнинг қайд этишича, у ердаги балиқларнинг увилдириқлари ҳалок бўлар ва ихтиофауна сийраклашар экан. Сайёрамиздаги кислороднинг ўндан етти қисмини ишлаб чиқарувчи фитопланктонлар фаолияти заҳарланганларидан кейин улардан озиқланган бошқа, мураккаброқ жонзотлар ҳам зарарланади. Айниқса узоқ муддат таъсир этувчи радиактив изотоплар хавфлидир, чунки улар денгиз мавжудотлари томонидан биринчи навбатда истеъмол қилинадилар, натижада организм тўқималаридаги радиация зичлиги минглаб маротабага ортади. Озиқланиш тизими таркибига кириб олган изотоплар юзлаб, минглаб йиллар давомида турли организмларда саёҳат қилиб юришлари мумкин.
Мен 1985 йил 30 июл кунини жуда яхши эслайман, бир умр ёдимдан чиқмаса керак. Бир ёзувчи дўстим билан ҳамқишлоғим бошчилигида йил бўйи чўққиларидан қори кетмайдиган тоғлар қўйнига сафар қилган эдик ўшанда. Эриётган қорлардан ирмоққа айланиб оқаётган сувга қўл тиқдик – совуқ кесиб юборгудек. Кечқурун тунаб қолиш учун қалин ўтлоқ устига жой тўшадик. Қашқирлардан хавотир олиб, керакли чораларни ҳам кўриб қўйдик. Эртаси тонгда уйғониб, нонушта қилиб бўлгач, тоғ ёнбағирлари бўйлаб юқориладик. Саратон бўлишига қарамай, бунда адирлардаги турфа хил чечагу гиёҳлар энди гулга кириб, рангдор гиламлардек адирларда яшнаб ётарди. Бетакрор манзаралардан завқим тошиб, мени сигарета хумори тутди. Бужур қояга суянган кўйи сигарета тутунини бурқситдим. Бемаъни ҳаваслардан ҳамиша ўзини тийган ошнам қошимга келиб: “Дўстим, ташланг шу ярамас одатингизни, шундоқ мусаффо манзарани тутунлар билан булғаманг, илтимос!”, – деди. Мен бир зум ўйга толиб, чекаётган сигаретамни ўчирдим-да, чўнтагимдан қутисини ҳам олиб, астойдил ғижимладим ва тошлар орасига улоқтирдим. “Сўз бераман, энди чекмайман!”, – дедим. Гарчи шу чоққача бунақа қасамдан юз бора, балки минг бора ичилган эса-да, буниси сўнггиси бўлди. Ва мен шундан кейин сигаретани мутлақо оғзимга олмадим.
Кошки менинг ўша одатдан воз кечишим туфайли тоғнинг бу водийлари, адирлари зарофати, ифорли ҳаволари тозалиги сақланиб қолса! Кошки бундай маъволарга тараққиёт отлиғ темир қалб шиддатнинг очофат нигоҳлари тушмаса, қадамлари етиб бормаса, тирноқлари ботирилмаса!..
Афсуски, ундай эмас! Бу пуч хаёл! Чор тарафдан сиқиб келаётган Тамаддун зуғумига учраган чорасиз оҳу ҳолатидаги табиат аҳволини англамасликдир! Бу шунчаки шоирона гап эмаслигини далиллаш учун ёдингизга Тожикистонда қурилган Алюминий заводини соламан. Воҳа наботот оламининг сарғариши, қаримсиқ чақалоқларнинг дунёга келаётганлиги ундан таралаётган заққумли эпкин туфайли эмасми?!
Табиатнинг ноёб манзараларини Хумсон ва Чотқол тоғларида ҳам бисёр учратишимиз мумкин. Бу тоғлар – Тошкентнинг шоҳкўчаларида туриб қарасангиз, айниқса гўзал кўринади. Худди улуғ рассом чизган ажойиб полотнога ўхшайди. Лекин унинг гўзаллиги, кўрки-таровати аввалгичами? Тамаддуннинг темир панжалари у ерларга ҳам чанг солмаяптими? Одамлар қадами остида тоғлар малоҳати топталмаяптими? Зангори жилғалар, зилол ирмоқлар булғанмаяптими?
Афсуски, мен у тоғлар қўйнига бот-бот сафарларим давомида зангори гўшалар аҳволидан ташвишга тушиш, нафақат ташвишга тушиш, балки бу ҳақда бонг уриш лозимлигига амин бўламан ҳар гал!
Хумсонда Угам дарёси бор. Чирчиқнинг энг катта ирмоқларидан бири. У нақ тоғлар бағридан отилиб чиқаётгандай вағирлаб, шовқин солиб оқади. Дарё туби катта-катта тоғ харсангларидан иборат бўлганлиги учун сув ана шу тошларга урилиб, дастлаб чил-чил синади, кейин бу “синиқ”лар ҳавога кумуш заррачалар бўлиб тўзондек сочилади, сочилган “тўзонлар” дарё бетига тушаркан “биқирлаб қайнаётган” сувда қайнаб, яна шитоб олдинга энаётган кўм-кўк мавж шаклини олади. Рассомлар, одатда, ана шу мавжни яхши чизадилар, лекин сувнинг ҳавога сачраб оқ “тўзонга” айланган сонияларини акс эттиришда бирмунча қийналадилар. Мана шу ҳолатни – сонияларни қанчалик акс эттира олганлик рассом маҳорати даражасини белгилайди. Рассом етук санъаткор бўлса, чизган тезоқар дарё тасвирига қараб, сувнинг тоғларни бедор қилувчи шовқинини ҳам эшитиш мумкин.
Мен Угам дарёсига термилганимда ҳар гал унинг юқорида таъкидланган гўзаллик жилваларига эмас, ниҳоятда зилоллигига, кўм-кўклигига, тозалигидан зангорилашиб оқишига лол бўлиб термиламан. Ва шу онда ундан ҳовуч-ҳовуч ичиш истаги жўш уради кўнглимда. Бу сув Чирчиққа қўшилиб, пойтахтгача бориши ва ҳар бир хонадонга кириб, энди туғилган чақалоқдан тортиб тўшагидан қўзғалолмайдиган қариягача чанқовини босиб, уларни обиҳаёт сафосидан баҳраманд этишини беихтиёр идрок этаман.
Мана шу дарёнинг нақ қирғоғидан ёзувчи дўстим дам олиш чорбоғи сотиб олди ва уни ёзлик масканга айлантирди. Бир кун ошналар билан йиғилишиб, шахмат гаштаги қилиш учун бу гўшага чиқиб бордик. Кун бўйи яйраб, ҳордиқ чиқардик. Мезбоннинг илтимосига кўра, бир-икки ошналар тунаб ҳам қолдик. Мен тонгда уйғониб ҳовлига чиққанимда дўстимнинг боғ этагида дарёнинг нариги қир-ғоғига тикилиб турганини кўрдим. Қошига бордим – асаби бузилган эди. «Ҳа?!..» дедим, нима ҳол рўй берди дегандек. «Ҳа? Боғингизда илон кўрдингизми?! Намунча?!»– дедим. «Ундан ҳам баттарини!..– деди ғудраниб. Кейин:– Дарёнинг нариги қирғоғига қаранг, ҳозир анови далабоғнинг эгаси чиқиб, уйидаги чиқинди ва суприндиларни дарё сувига тўкади!..»– деди. Ҳақиқатан ҳам кўп ўтмай бир кимса далабоғ сўқмоғидан пастга тушди-да, харсанглар устида туриб пақиридаги ахлатни сувга ағдарди. Бу ҳолдан менинг ҳам ғазабим қайнаб кетди. «Яхшимас!..» дедим. «Аҳвол шу!..»– деди у.
– Тартибга чақирсангиз бўлмайдими? Жим кузатиб тураверасизми?!– унинг қачонлардир мендаги чекиш одатини ташлаттирганига шаъма қилиб дедим.
– Э, дўстим соддасиз-да. Улар бизнинг гапимизни бир тийинга олишса кошки! Кўрябсизми боғ тўридаги иморатни. Эгаси унга гала-гала дам олувчиларни ижарага қўяди…
О, нимасини айтасиз, дарё бўйидаги бунақа “сўлим гўшалар” битта ё иккита эмас-ку, ахир! Агар улар ҳар бирининг эгаси бу “одатни” ҳар куни такрор қилишса ва бутун ёз – йилнинг илиқ-иссиқ кунлари давомида муттасил давом эттиришса, оқибат нима бўлади? Тўғрироғи, нима бўлади эмас, нима бўлмоқда? Ёки “етти думалаган сув покизадир” ақидаси бундоқ гуноҳларни ювиб юборадими? Шўрлик дарё қачонгача бу адолатсизликни ичига ютади? Унга ёрдам қўли чўзилмаса, у дардини ичига ютавериб, бўғилиб ўлмайдими бир куни?!..
Мени бир нарса ташвишга солади – кўча кўпчиликники деган гап бор. Нега энди дарё кўпчиликники эмас?! Нега дарёнинг сўлим соҳиллари тақсимланиб, хусусийлаштириб олиниши керак? Агар жараён шу тарзда давом этса, бир кун келиб тоғлар этаги – адирларга ҳам дарвозалар ўрнатилмасмикин? Сўлим чечаклар, анвойи гиёҳлар яшнайдиган қирлар хусусийлаштириб юборилмасмикин?..
Менинг турмуш ташвишларидан сиқилиб, тезоб давр туғёнларидан руҳим толиққанида енгил машинамни созлаб, кенгликлар бағрига чиқиб кетиш одатим бор. Бундай пайтларда кўнглим водий сафарини тусаб қолади. У томонларда киши баҳри-дилини очиб юборадиган манзаралар борки, уларни кўриб руҳинг юксалади, тоза эпкинлар нафасини туясан тегрангда. Мен Фарғона водийси йўлларидан кўп бор ўтганман. Авваллари, яъни шўро замонида бу йўлларнинг икки чеккаси фақат пахта пайкаллари бўлиб, куз ва баҳорда шўри ювилган шудгор ҳолида кўринар, пайкаллар четларида каллакланган тутларгина бир-бирлари билан қўл ушлашгандек турардилар. Бошқа дарахтлар кўзга ташланмасди. Тасаввур қилинг: яланғоч шудгор далалар ва каллакланган тутлар!.. Ниҳоятда мудҳиш манзара эмасми бу?!
Эндиликда бу кенгликлар ерни севувчиларга, экин экишни эпловчиларга тақсимлаб берилган. Энди улар ҳеч қачон ялписига шудгор қилинмайди. Дов-дарахтлари ялписига каллакланмайди. Шу боисдан, йилнинг қайси фаслида бу йўллардан ўтманг, кўпириб-тошиб бораётган зангор боғларга, боғчаларга кўзингиз тушади. Бундан кўнглингиз яйрайди, руҳингиз мусаффо ҳаволардан баҳра олади. Иншоолло, бундай боғлар кўпайиб боражагига имонингиз комил бўлади.
Тарихдан буюк Соҳибқирон юртимизни мўғул истилосидан озод қилганидан кейин унда бунёд бўлган боғларни бир ёдга олайлик. Шунда беихтиёр кўнглингиздан бугунги кунда тикланаётган яшил кенгликлар сафоси ўша даврда дуркун солланган боғлар файзи билан ниҳоятда ўхшаш эмасми, деган сархуш этувчи фикр кечади.
Амир Темур ва унинг авлодлари даврида табиатга оқилона муносабат юксак маданият даражасига кўтарилган эди. Босқин гирдибодлари ўтган заминда дов-дарахтлар яшнади. Хусусан, Самарқанд қалъаси атрофларида боғлар илм-фан ва меъморчилик санъатининг ўша даврдаги ютуқларига асосланганлигини уларга берилган номлар ҳам айтиб турибди. Яздий “Зафарнома”сида тарихий воқеа сифатида қайд этилган Самарқанд боғларидан бири “Боғи дувоздаҳ бурж”, яъни осмоннинг ўн икки буржига мослаб барпо этилган улкан боғ номини олади.
Амир Темур ғояси билан барпо этилган боғлардан яна бири “Боғи нақши жаҳон” деб аталган. Чорбоғ усулида қурилган бу боғнинг маълум бир жойида дунёга донғи кетган мевали дарахтлар, бошқа ўрнида энг гўзал гуллар, чаманзорлар, яна бошқа муносиб топилган жойда соя берадиган нодир дарахтлар ўстирилган. Нақшинкор кўшклар, мармар ҳовузлар, зилол сувли ариқлар, шовуллаган фавворалар бу боғларни чиндан ҳам жаҳоннинг кўркига айлантирган.
Табиатдан завқ туйиш, унга юксак дид билан кўрк бериш, уни эъзозлаш борасида Бобур Мирзо фаолиятидан ҳам кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Жумладан, Кобулнинг баланд бир жойида барпо этилган кўркам боғ “Боғи Бобуршоҳ” деб аталган. Бобур Мирзо бу боққа тоғдаги чашмалардан ариқ қаздириб сув келтирган. Унда беш аср бурун экилган чинорлар ҳозир ҳам осмонга бўй чўзиб турибди.
Бобур Мирзо ўзи барпо этган боғларни “Бобурнома”да севиб қаламга олади. Жамна бўйида ундан ёдгор бўлиб қолган “Боғи ором”, “Боғи Зарафшон”, “Боғи нилуфар”, Кобулда бунёд бўлган “Боғи бинафша” ва “Боғи Наврўзий” шулар жумласидандир. Ёз пайтида йўнғичқанинг нофармон гулига ва хушбўй ҳидига тўладиган яна бир боққа “Боғи йўнғичқа” деб ном берилади.
Мен юртимизда содир бўлаётган ўзгаришларга қараб, ўзимча бир ҳақиқатни кашф этгандек бўламан. Бу ҳақиқат шундан иборатки, агар мамлакат мустақил бўлса, халқ ўзини эмин-эркин ҳис этса, бу диёрда бунёдкорлик ишлари авж олар экан, боғ-роғлар кўпайиб, табиатга меҳр ортар экан. Бугунги кунда мамлакатимиз пойтахтида ва вилоятлар марказларида бир-биридан кўркам иншоотларнинг вужудга келганлиги, бир-биридан гўзал боғ ва хиёбонларнинг барпо этилаётганлиги бу фикримнинг ёрқин исботидир. Мен давом этаётган бундай жараённи – шижоатни, шукуҳни Мустақиллик нашидаси, Истиқлол сурури дея атагим келади.
Хусусан, пойтахтимиздаги қайта кўрк берилган Мустақиллик майдони, Миллий боғ, Шаҳидлар хотираси майдони, каби сайлгоҳлар ҳусн-жамоли, кўрку фасоҳати билан кимларнинг қалбида завқ уй-ғотмайди, қайси бир хорижлик меҳмоннинг кўнглини ром этмайди! Айниқса улардаги яшиллик табиат билан уйғунликда янаям кўркамлик касб этади.
Менинг эрта тонгда ўзим яшайдиган мавзега яқин катта йўлда айланиш одатим бор. Айниқса, йўл четидаги бўш майдонларга ҳафсала билан экилган манзарали дарахт кўчатларини кўриб баҳри дилим очилади. Бироқ шуларни ҳам синдириб кетадиган ношудлар бор экан. Бир куни ана шундай қайириб синдирилган бир ниҳол қошида мўйсафид киши оғир ғуссага толиб турганини кўрдим. “Қайси қўлинг сингур қилди экан-а?!..”, – деди менга юзланиб. Унинг изтироби менинг ҳам қалбимга кўчди. “Ёш бўлса, ким бўлиб улғаяркин, вояга етган фуқаро бўлса, оиласида ўзини қандай тутаркин?..” деган ўйларга чўмдим беихтиёр.
Кейинги йилларда, айниқса, арча экиш расм бўлди. Арча кўпйиллик, чайир дарахт. Кўриниши кўзни яйратади. Шаҳар ҳавосини тозалаб туришда унинг ўрнини ҳеч бир дарахт босолмайди. Ўтган йили Нукусга борганимда ёз пайтида ҳам янги ташкил этилган хиёбон арча кўчатлари билан зийнатланаётган экан. Бу миришкорлик ажо-йиб анъана тусини олганлигидан кўнглим яшнаб, руҳим юксалди. Ва шу аснода вилоятлардан бирида юз берган арча кўчатларига боғлиқ воқеа эсимга тушди. Ҳокимлик муассасалару идоралар олдидаги майдончаларга ҳамда йўл четларига арча экиш кераклиги ҳақида қатъий топшириқ берибди. Бир туман марказий кўчалари бўйидаги арчаларнинг тутиб кетиши қийин бўлибди – сарғая бошлабди. Эрта-индин махсус комиссия келади. Раҳбарнинг гап эшитиши тайин! Нима қилиш керак? Раҳбар ўйлай-ўйлай чорасини топибди: кўчатларнинг ҳаммасига яшил бўёқ пуркаб чиқинглар, дея буйруқ беради қўл остидагиларга. Айтишларича, аллақачон илдизи қуриб бўлган ўша арчалар ҳали ҳам ям-яшилмиш!.. Мана, сизга кўзбўямачиликнинг янги кўриниши!
Бугунги кунда табиатга муносабатдаги ҳар қандай ҳолга чидаш мумкиндир-у, лекин бунақасига тоқат қилиш мумкин эмас.
Ишқилиб, ясама дарахтлардан иборат боғлар бунёд қилувчилар чиқиб қолмаса бўлгани. Бундай боғ ижодкорлари кейин уни булбул овозларининг фонограммаси билан пардозлаш ишқига тушиб қолишса-чи!..
Балки бу муҳитни мўъжиза деб тарғиб қилувчилар ҳам топилар? Лекин табиийликка нима етсин!..
Бугунги кунда ривожланган мамлакатлар фуқароларида сўнгги русумдаги машинада сайр қилиш эмас, ям-яшил майсада ялангоёқ юриш иштиёқи кучайиб бормоқда.
Бу туйғуни тушунса бўлади. Чунки инсон табиат фарзанди. У тамаддуннинг учқур қанотларида ҳар қанча юксакликларга кўтарилмасин, барибир заминни қўмсайди. Унга тупроқ ҳиди ва бинафша атри ҳамиша эзгу ва тансиқ бўлиб қолаверади.
Мен ахборот замонининг кишиси сифатида турфа эҳтирослардан ҳар қанча таъсирланмайин, кўнглимга ҳамиша бир нарса таскин беради. Бу инсониятни энг қийин вазиятларда, энг мураккаб даврларда асраб келаётган, уни тўғри йўлга даъват этаётган Яратган томонидан инъом этилган тафаккур ва идрокка ишонч туйғусидир.
Кишилик жамияти бугунги кунда яна бир синовга – глобал экологик таназзулга дуч келди. Буни чуқур ҳис этган дунё олимлари бу кулфат олдини олиш учун, унга қарши чоралар топиш учун қизғин иш бошлаб юбордилар.
Айни чоғда дунё халқлари қалбида табиатга янгича муносабат туйғуси уйғона бошлади. Тараққий этган мамлакатларда ишлаб чиқариш саноатининг янги, табиатга зиён етказмайдиган воситалари яратилмоқда, айниқса қувват манбаларини яратиш борасида улуғ кашфиётлар арафасида турибмиз.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 5 июнни “Бутунжаҳон атроф- муҳит куни”, 22 мартни “Бутунжаҳон сув куни” деб эълон қилганлиги, 2010 йилни “Бутунжаҳон биохилмахиллик йили” дея номлаганлиги айниқса қувонарлидир.
Япония яшил хазинага бойлиги жиҳатидан дунёнинг олдинги ўринларида турибди. Кореяда дарахт касалликларини даволовчи мутахассислар – фитопатологлар тайёрлана бошлади.
Бу борада бизнинг мамлакатимизда ҳам эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда, ибрат бўларли ташаббуслар бошлаб юборилган. Шу ўринда мустақиллик йилларида ташкил этилган Республика Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва «ЭКОСАН» халқаро жамоат фонди фаолиятини алоҳида айтиб ўтмоқ лозим. Шунингдек, мамлакатимизда экологик ҳаракатнинг вужудга келганлиги ва бу гуруҳнинг жонкуяр, фаол вакиллари ўтган йили Олий Мажлисга бўлиб ўтган сайловда парламентдан ўрин олганлиги кўнгилни қувонтиради.
Шуни катта фахр билан таъкидлаш жоизки, экологияга доир энг долзарб муаммолар Президентимиз Ислом Каримов томонидан жаҳоннинг юксак минбарларидан туриб айтилди ва айтилмоқда. Жумладан, Юртбошимиз Юнеско Ижроия кенгаши 155-сессиясининг якунловчи мажлисида сўзлаган нутқида (1998 йил 6 ноябрь) шундай деган эди: “Бугун, XXI аср бўсағасида экологик хавфсизлик, инсон билан табиат муносабатларини тўғри йўлга солиш муаммолари ҳар қачонгидан ҳам долзарб масала бўлиб турибди. Зеро, бу муаммонинг ечилиши барча халқларнинг манфаатларига дахлдордир, жаҳон цивилизациясининг бугуни ва келажаги кўп жиҳатдан шунга боғлиқдир.
Экологик хавфсизлик муаммоси миллий ва минтақавий доирадан чиқиб, умуминсоният дардига айланди. Шу боисдан уни фақат ҳамкорлик асосидагина ҳал этиш мумкин”.
Ўзбекда қадимдан келаётган бир анъана бор. У ўз фарзанди уйини ўзиникидан-да шинам, чиройли, саришта бўлишини истайди ва шу орзу билан жонини жабборга бериб заҳмат чекади. Бугунги кунда бутун инсоният ўзбекнинг мана шу анъанасидан ибрат олса, айни муддао бўларди. Зеро, келгуси авлодлар умумбашарият фарзанди бўлиб, Ер сайёраси унинг яшайдиган уйидир!
Мен сокин кечаларда серюлдуз самога тикилганимда унинг қайси бир пучмоғида ҳаёт бор экан, деган хаёлга чўмаман. Ҳали у юлдузларнинг бирортасида ҳаёт борлигини илм тасдиқлагани йўқ. Лекин бу маъволар бизга жаннат гўшалари бўлиб туюлади баъзан. Мен, йўқ, жаннат у манзилларда эмас, инсон зурёди яшаётган мана шу миттигина юлдуз – Ер аталмиш сайёрада, дегим келади. Лекин мўъжаз, маъсум ва мунис сайёрага унда истиқомат қилаётган одамлар юракларидаги меҳрини бахш этмасалар, уни тамаддун жунбушларидан ҳимоя этиб, яшнатиш ишқи билан ёнмасалар, у тобора унниқиб, охир-оқибат заволга юз тутиши ва ҳақиқий дўзахга айланиши эҳтимолдан холи эмас, дегим ҳам келади.
Сайёрамизни асрайлик, одамлар!
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2010 йил, 3-сон.