Тинч океани “Буюк океан” номини олган, катталиги ва чуқурлиги жиҳатидан Ер шарида биринчи ўринда турувчи уммон ҳисобланади. Ушбу океан ғарбдан Евроосиё ва Австралия, шарқдан Шимолий ва Жанубий Америка, шимолдан Чукотка ва Сюард ярим ороллари ўртасидаги йўлак, жанубдан Антарктида билан чегараланган. Майдони денгизлари билан бирга 178,6 млн. км. кв, денгизларисиз 148,3 млн. км. кв, сувининг ҳажми 710 млн. км. куб.
Энг чуқур жойи 11022 метр (Мариана нови). Одатда Тинч океанини экватор чегарасига асосланиб иккига, яъни Шимолий ва Жанубий қисмларга бўлишади.
Денгизлари асосан океаннинг шимоли-ғарбий ва ғарбий чеккаларида жойлашган. Улар: Беринг, Охота, Япон, Шар-қий Хитой, Сариқ, Жанубий Хитой, Яван, Сулавеси, Сулу, Филиппин, Маржон, Фиджи, Тасман, Амундсен, Беллинсгаузен, Росс кабилардир. Океанда 10 мингга яқин кичик ва катта ороллар мавжуд. Уларнинг умумий майдони деярли 3,6 млн. км. кв. Сув ҳарорати экватор қисми юзасида 26-29 даража, қутбга яқин ҳудудларда эса — 0,5 даража.
ЎСИМЛИКЛАРИ ВА ҲАЙВОНОТ ДУНЁСИ
Тинч океанининг флора ва фаунаси жуда бой. Уммонда 100 мингдан ортиқ ҳайвон тури, 380 дан зиёд фитопланктон тури мавжудлиги маълум. Шелф зонасида турли-туман қўнғир, фукус, ламинар сувўтлар, моллюскалар, чувалчанглар, қисқичбақасимонлар, игнатанлилар ва бошқа организмлар яшайди. Тропик кенгликларда маржон рифлари жуда ривожланган. Балиқларнинг тропикларда 2000 минг тури, мўътадил кенгликларда 800 тури мавжуд. Шимолий мўътадил ва жанубий юқори кенгликларда сут эмизувчилардан денгиз мушуги, кит, шунингдек, морж, лахтак, сивуч, қисқичбақа, креветка, устритса, бошоёқли моллюскалар жуда кўп. Тинч океани фаунасининг аксари қисми эндемик ҳисобланади.
ОКEАН “КEЧИНМАЛАРИ”
Маълумки, денгиз тубида зилзила содир бўлганда улкан тўлқинлар – тсунами юзага келади. Бу тўлқинлар гоҳида 16 минг километр масофани эгаллайди. Очиқ денгизда уларнинг баландлиги катта бўлмаса-да, кўлами улкан бўлади. Лекин қуруқликка яқинлашган сайин, айниқса, тор қўлтиқларда, уларнинг баландлиги 50 метргача етиши мумкин. Лекин тсунами бўлмаган пайтларда ҳам океан сувининг сатҳи бир маромда бўлмайди. Сув сатҳи кўтарилиши ярим суткада (Аляска қўлтиғида 5,4 метр, Охота денгизида 12,9 метр), Соломон ороллари атрофида ҳар суткада такрорланади (баландлиги 2,5 метр). Океанда доимий ва сузиб юрувчи музлар бўлиб, улар асосан юқори жанубий кенгликларда жойлашган.
ТУГАНМАС ЖАВОҲИРЛАР УММОНИ
Тинч окени жаҳон иқтисодиёти ва хўжалиги соҳаларида ғоят муҳим аҳамиятга эга. Океан ва денгиз атрофида яшовчи аҳолининг асосий даромади, қолаверса, бутун турмуш тарзи ва ҳатто анъаналари ҳам ана шу сув ҳавзалари билан узвий боғлиқ. Мана бир мисол, дунё бўйича тутиладиган балиқлар ва ишлаб чиқарилаётган денгиз маҳсулотларининг деярли 60 фоизи Тинч океани ҳиссасига тўғри келади. Балиқчиларнинг асосий ови лососсимонлар, трескасимонлар, селдсимонлар, скумбрия, сардина, сайра, денгиз олабуғаси, тунетслар ва камбаласимонлардир. Лекин ҳар жойнинг ўз тош-тарозиси мавжуд. Тинч океанида балиқ овлаш бўйича тузилган бир неча халқаро конвентсиялар шундан далолат беради. Улар океаннинг биологик бойликларидан оқилона ва самарали фойдаланишга қаратилган.
Эртаклардан маълумки, уммон шохлари жуда бадавлат бўлган. Буни чўпчак деганлар эса адашади. Масалан, Алясканинг соҳил бўйи денгиз қисми олтин ва платинага ниҳоятда бой. Шунингдек, океаннинг шимолий кенглик ва ғарбий узунликларида 3000 метр чуқурликда темир-марганетс конкретсияларнинг йирик конлари бор. Океандаги 120 дан ортиқ нефт ва газ конлари тадқиқ этилиб, улардан 70 фоизи ишга туширилган.
БУГУН…
Тинч океани орқали тўрт материкни боғлаб турувчи энг муҳим денгиз ва ҳаво йўллари ўтган. Йирик портлари: Владивосток, Находка (Россия), Шанхай (Хитой), Сингапур (Сингапур), Сидней (Австралия), Ванкувер (Канада), Сан-Франтсиско (АҚШ), Уаско (Чили). Тинч океани ташиладиган юклар ҳажми ва уларнинг ўсиш суръати бўйича 2-ўринда туради. Энг муҳим транспорт йўллари АҚШ ва Канада портларини Япония портлари билан боғлайди.
Яна бир муҳим маълумот, Тинч океани орқали 1800 меридиан бўйича вақт ўзгариши чизиғи ўтган. Шу сабабли ҳам диёримизда соат кундузги тўққиз бўлганда, Шимолий Америка қитъасида соат кечки 11 лар атрофида бўлади.
Н.Тўхлиева тайёрлади.