Шимолий муз океани

Шимолий муз океани дунёдаги энг кичик уммондир. У авваллари Шимолий Қутбий денгиз, Шимолий Муз денгизи номлари билан ҳам юритилган. Океан Европа, Осиё ва Шимолий Американинг шимолий қирғоқлари оралиғида жойлашган. Ушбу уммон бўғозлар орқали Атлантика ва Тинч океанлари билан туташган. У Дунё океанининг 2,8 фоизини ташкил этади.

Майдони — 14,75 миллион км. кв.
Сув ҳажми — 18 миллион км. куб.
Ўртача чуқурлиги — 1220 метр
Энг чуқур жойи — 5527 метр (Гренландия денгизининг шимоли-шарқий қисми)

Шимолий муз океани ороллар сони бўйича Тинч океанидан сўнг иккинчи ўринни эгаллайди. Энг йирик орол ва архипелаглари: Канада Арктика архипелаги, Гренландия, Шпицберген, Франц-Иосиф Ери, Янги Ер, Шимолий Ер, Новосибирск, Врангел.

Ушбу океан мустақил уммон сифатида 1650 йилда голланд географи Б.Варениус томонидан ажратилган ва ўша даврда Гиперборей океани деб аталган. 1845 йилда уни Лондон география жамияти Шимолий Муз океани деб атади.

Иқлими

Шимолий муз океани иқлими Арктика иқлимига мансуб. Қишда океан марказий қисми устида Арктика антитсиклони (юқори босимли област), ёзда паст босимли област жойлашади. Қиши жуда совуқ ва шамолли, ҳаво ҳарорати марказий қисмида ўртача –28 дан –30 даражагача. Шамол тезлиги баъзан бир сонияда 25 метргача етиши мумкин. Ёзи ҳам совуқ. Катта қисмида ҳаво ҳарорати –10 дан -12 гача, ғарбий чекка қисмида қисқа муддат -6, -8 гача кўтарилади. Булутли ва туманли кунлар кўп бўлади. Ёғин, асосан, қор шаклида ёғади.

 

Ўсимликлари ва ҳайвонот дунёси

Бу ерда фауна ва флора турлари қутбга томон камайиб боради. Бироқ ҳамма жойда диатом фитопланктонлар жадал ривожланади, хусусан, Арктика ҳавзаси музларида ҳам. Шимолий Европа ҳавзасида ҳайвонот дунёси турли-туман бўлиб, уларнинг тури 2000 дан ошади. Балиқлардан селд, треска, денгиз олабуғаси, пикша ва бошқалар кўп учрайди. Арктика ҳавзасида оқ айиқ, морж, тюлен, нарвал, белуха ва бошқалар яшайди.

Музликлари

Шимоий муз океанининг энг муҳим гидрологик хусусиятларидан бири қишда унинг ўндан тўққиз қисми муз билан қопланишидир. Баффин ва Гренландия денгизларида айсберглар бўлади. Океаннинг марказий қисмида 3-4 метр қалинликдаги кўп йиллик муз (пак) майдонлари учрайди. Музликларнинг умумий майдони тахминан 26 минг км. кубни ташкил этади. Арктика ҳавзасида кўчиб юрувчи муз ороллари ҳам бор. Уларнинг қалинлиги 30-35 метрни ташкил этади. Бироқ сўнгги вақтларда жаҳон олимлари томонидан океандаги музликлар майдони тобора қисқариб бораётгани айтилмоқда. Хусусан, Колорадо университети томонидан сунъий йўлдош орқали амалга оширилган таҳлил маълумотлари шуни кўрсатадики, муз майдонлар ўртача ҳисобдан 14 фоизга қисқарган. Агар вазият шу тарзда давом этаверса, 2070 йилга бориб қутб музликлари ёз даврида бутунлай йўқолиб кетиши башорат қилинмоқда.

Иқтисодий жиҳатлар

Шимолий муз океанидаги ноқулай об-ҳаво шароити унинг иқтисодиётига ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Уммоннинг жаҳон хўжалигидаги ролининг ошиши унинг материкка яқин ерларидаги табиий ресурслардан кенг фойдаланиш билан боғлиқ. Океан денгизларида балиқнинг 150 ва сут эмизувчиларнинг 17 тури яшайди. Шунингдек, балиқлардан ташқари, океандан денгиз ҳайвонлари ҳам овланади. Оқ денгиздан сув ўтлар ҳамда қўрғошин, рух, темир, молибден каби фойдали қазилмалар олинади. Қолаверса, сув остидан нефт-газ олиш ҳам ривожланган.
Океаннинг йирик денгизлари орқали уч асосий йўналишда сув йўллари ўтади. Йирик портлари: Мурманск, Беломорск, Архангелск, Диксон, Тикси, Певек (Россия); Тромсё, Тронхейм (Норвегия); Черчилл (Канада).

Океанга таҳдид

Шимолий муз океани дунёнинг энг кичик уммони бўлса-да, жаҳоннинг энг хавфли океанига айланиб бормоқда. Бунга сабаб шуки, у «совуқ уруш» даврида радиатсион чиқиндилар маконига айланиб қолган эди. Шу сабабли энди океан кимёвий бомбага айланиб бораяпти. Бу ҳақда Бутунжаҳон табиатни муҳофаза қилиш жамғармаси (WWF) маълум қилган.
Сўнгги тадқиқотларга кўра, шимолий муз океанида ДДТ (дихлордифенилтрихлорметилметан) га ўхшаш тақиқланган пеститсидлар, уни ишлаб чиқарувчи мамлакатлардагига нисбатан анча кўплиги аниқланган. Шунингдек, айрим зарарли кимёвий моддалар музлар таркибида мавжудлиги маълум бўлди. Бундай моддалар балиқлар, тюлен ва ҳатто китлар ёғидан ҳам топилган.

WWFнинг таъкидлашича, зарарли кимёвий моддалар оқимлар билан шимол томонга ҳаракатланмоқда. У ерда эса мазкур моддалар музлаб, маълум муддатдан сўнг эригач, атроф-муҳитни заҳарлаяпти.

Азиз муштарий, шу билан дунё океанлари ҳақида бериб борилаётган маълумотлар ўз ниҳоясига етди. Газетамизнинг навбатдаги сонларида қитъалар тўғрисидаги мақолаларни ўқишингиз мумкин.

Наргиза Тўхлиева тайёрлади.