1. … пайдо бўлган ва харитага киритилмаган макон
Орол денгизининг қуриган қисмида 100 километр узунликни ташкил қилувчи қуруқлик юзага келган. Денгизнинг қуриган бу қисми Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ шаҳри яқинига тўғри келади.
2. … кашф қилинган одам яшамайдиган ер
2005 йил Денис Шмитт томонидан Гренландиянинг шарқий қирғоқлари яқинида топилган ва Уунартоқ Қеқертоқ (эскимослар тилида «исиётган орол» дегани) деб ном олган оролча одам яшамаслиги маълум бўлган энг сўнгги жой бўлиб турибди.
3. … аниқланган ҳаётсиз макон
Антарктика ва Гренландия оролларидаги музликларда ҳаёт йўқлиги ҳеч кимни ажаблантирмайди. Бироқ, Чилидаги Юнгай саҳросидаги бу ҳолат тадқиқотчиларни ўйланишга мажбур этмоқда. У ерга жуда яқин бўлган жойларда ҳаёт қайнаётган бўлишига қарамай, Юнгай ҳали ҳам изсиз ва кимсасиз.
4. … динозаврлар юрган макон
Олимлар сайёрамизда яшаган охирги динозаврларни бундан 65 миллион йил илгари, Ерга 10 километр кенгликдаги астероиднинг урилиши натижасида қирилиб кетган, деб таъкидлаб келишарди. Бнроқ мазкур урилишдан минг йил кейинга оид, Колорадода топилган динозавр излари, бу ҳайвонлар ҳаётига тааллуқли фикрларни ўзгартириб юборди.
5. … ишлатилаётган суратли ёзув
Хитойнинг жануби-ғарбидаги тоғли туманларда яшовчи анимистик эътиқодга эга роҳиблар 1000 йилдан буён Донгба деб номланган суратли ёзувдан фойдаланиб келишади. Бу ёзувда 2000 дан зиёд сурат ва рамзлар бор. Ҳанжар ушлаган жин, баҳайбат қути ва йиртқич арслон тасвирлари шулар жумласидан.
6. …. кашф қилинган одам яшайдиган ер
Янги Зеландиянинг жануби-шарқидаги Окланд ороли ер юзида энг сўнг кашф қилинган одам яшайдиган жой ҳисобланади.
7. … топилган энг қадимги тоғ жинси
Яқинда тадқиқотчилар Ғарбий Австралиянинг Жек Хилл қояликларида 4,4 миллиард йиллик тсиркон минералининг кичик парчасини топишди. Бу дунёнинг энг қадимги тоғ жинси экани маълум бўлди.
8. … ўринда турган қолоқ юрт
БМТ ҳар йили соғлиқ, узоқ умр, билим ва таълим ҳамда яшаш стандартларига кўра дунё аҳолисининг яшаш даражасини баҳолайди. «Инсон тараққиёти курсаткичи» номли ушбу таснифда Ғарбий Африканинг Нигер давлатига энг сўнгги поғонани эгаллаб турибди. У ерда ўртача умр кўриш 44,6 га тенг. Катта ёшдаги аҳолининг 71 фоизи саводсиз, болаларнинг 79 фоизи мактабга бормайди.
9. … одам оёғи етмаган чўққи
Манзараси ниҳоятда гўзал бўлишига қарамай, энг жасур алпинистлар ҳам забт этолмаган чўққилар ер юзида ҳали ҳам бисёр. Уларнинг энг баланди Бутан қироллигига қарашли Гангхар Пуэнсум тоғ чўққисидир. 7541 метр баландликдаги мазкур чўққини забт этишга қаратилган учта уриниш муваффақиятсиз тутаган. 1994 йил эса Бутан қироллиги маҳаллий эътиқодга ҳурматсизлик саналгани учун 6000 метрдан баданд чўққиларга чиқишни тақиқлаб қўйган.
10. … одам оёғи етмаган ғорлар
Дунёдаги энг чуқур ғор Абхазияда жойлашган. Унинг чуқурлиги 2170 метр. 2007 йил январдаги экспедицияда ғорнинг яна 30 метр ичкариси тадқиқ қилинди ва кўп қисми сув остида жойлашгани аниқланди. Мексикадаги Юкатан соҳилларида ҳам 500 километр узунликда тармоқланиб кетган ғорлар мажмуаси мавжуд. Уларнинг ҳам сув остида жойлашган кўп қисми ҳали тўлиқ ўрганилмаган.
11. … кимга тегишлилиги тортишилаётган жой
Гренландия ва Элзмир ороллари орасида жойлашган одам яшамайдиган Ханс оролчасига эгалик қилиш борасида 2005 йил очилган Канада ва Дания орасидаги мунозарали масала ҳали ҳам давом этмоқда.
12. … эгасиз қолган жой
1961 йилги Антарктика келишувига биноан музликлар қитъасига эгалик қилиш тўхтатиб қўйилган. Унгача Аргентина, Австралия, Чили, Франтсия, Янги Зеландия, Норвегия ва Буюк Британия қитъанинг анчагина қисмига даъвогар саналишган. Аммо бу иддаолар тан олинмаган. Ғарбий Антарктидадаги Мери Бред номли, 1,6 миллион километр квадрат музликка эса ҳеч ким эгалик қилишга уринмаган. Бу майдон қитъанинг ўндан бирини ташкил қилади.
13. … қайд этилган дунё билан радиоалоқа ўрнатиш мумкин бўлган жой
2006 йил 28 июлда аҳолиси бор-йўғи 37 кишидан иборат Свайнс митти ороли дунёнинг бошқа жойи билан радиоалоқага чиққан 337 чи, яъни энг сўнгги объект сифатида қайд этилди. Бу жой Тинч океанида, Самоа архипелагидан 300 километр узоқда жойлашган.
14. … тараққиётдан узоқ ҳиндулар билан алоқа ўрнатилган жой
2004 йил 3 март куни Парагвайнинг Филаделфия қишлоғидан 100 километр узоқликдаги ўрмонзорда замонавий тараққиётдан мутлақо йироқ 17 та ҳиндулар гуруҳи борлиги маълум бўлди. Ўша яқиндаги сув ҳавзаси маҳаллий молбоқарлар томонидан эгаллаб олингач, ҳиндулар сувсизликка чидай олмасдан дунё билан алоқа ўрнатишга мажбур бўлганлар. Ҳозирда Бразилияда маданий инсонлар билан алоқа ўрнатмаган 40-60 атрофидаги ҳиндулар қабиласи мавжуд. Папуа Янги Гвинеядаги бундай қабилалар сони эса аниқ билинмайди. Чунки у ернинг баъзи жойларига одам бориши қийин ва хавфли. Кун сайин камайиб кетаётган бу турдаги ҳиндулар сони 40 мингга яқин экани тахмин қилинади.
«New Scientist» журнали асосида Музаффар Эгамбердиев тайёрлади