Охирги йиллар ичида Покистон, Индонезия, Туркия, Перу, Чили ва Гаитида содир бўлган ер қимирлашлари натижасида минглаб кишилар ҳаётдан кўз юмди. Камида шунча киши бошпанасиз қолди. Геологик нуқтаи назардан нотинч Ҳимолай тоғ тизмаси келажакда яна ҳам кучлироқ зилзилаларни келтириб чиқариш эҳтимоли катта. Бу ҳолат зилзиланинг олдиндан билиш заруратининг глобаллигини кўрсатмоқда.
Аммо зилзилани билиш жуда ҳам мураккаб масала экани яхши маълум. Шунга қарамасдан, маълум натижаларни қўлга киритишга умид бор. Эндиликда ҳайвонларнинг ўзини тутиши, радиоактив газларнинг ажралиб чиқиши, ер ости сув оқимлари каби бир қатор табиат хавф-хатаридан огоҳлантирувчи белгилар сирасига электромагнит радиация ҳам киритиладиган бўлди. Баъзи зилзилалардан олдин олимлар Ердан электромагнит импулслар ажралиб чиқишини, ионосферада электромагнит тўлқинланишлар пайдо бўлишини ва сайёранинг тўйинган газларидан иборат нозик қобиғи 80 дан 1000 километргача кенгайишини кузатишган.
Ер қимирлаши радиосигналлар тарқатишини биринчи бўлиб 20 йил илгари, Калифорниядаги Стенфорд Университетининг Фазо Телекомуникациялари ва Радио Фанлари лабораториясининг олими Энтони Фрейзер-Смит кашф қилган эди. 1989 йилнинг октябрида у Сан-Францискода содир бўлган Лома-Приэта зилзиласи асносида 10 Гцгача бўлган электромагнит шовқинлар мониторингини ўтказади. Натижада Фрейзер-Смит электромагнит шовқинларнинг ер қимирлашидан икки ҳафта олдин тахминан 20 марта кўпайгани ҳамда ушбу кўрсаткич зилзиладан кейин бир ойгача сақланиб турганини кузатган. Олим шунингдек, кўрсатгич зилзиладан 3 соат олдин энг баланд нуқтага (0,01-0,5 Герц) етганини қайд этган.
Ўшандан сўнг кўплаб изланувчилар бундай тадқиқотни сейсмик ҳудудларда ўтказишга ҳаракат қилганлар.
«Зилзила содир бўлишидан олдин, тегишли ҳудудларда қандайдир электромагнит ҳодисалар юз беради», дейди Исроилдаги Тел-Авив Университетининг геофизиги Колин Прайс.
Бир қатор мутахассис-олимларнинг фикрича, ер ости стресси кучайиши билан магнит заррали қоялар парчалана бошлайди ва 1 Гцга ҳам етмайдиган ўта паст частотали радиотўлқинлар тарқалади. Тадқиқотчилар ана шундай радио тўлқинларни аниқлаш натижасида зилзилалардан огоҳлантириш тизимига эга бўлишимиз мумкин эканига умид қилмоқдалар.
Айрим тадқиқотчи гуруҳлар, ўта паст частотали диапазондаги радио импулсларни илғаб олиш мақсадида аллақачон чуқур туннеллар қазишни бошлаб юборишган. Баъзи гуруҳлар эса сейсмик зоналар юқорисидаги ионосфера қатламида рўй берадиган радиотўлқинларни ўлчаш учун сенсорлар (сезгир асбоб) билан жиҳозланган сунъий йўлдошлардан фойдаланишмоқда. Колин Прайс дастлабки босқичда айрим хатолар бўлишини инкор этмаяпти ва эҳтиёткорликка ҳам катта эътибор қаратмоқда.
«Имкониятларимиз юздан бир эҳтимолга таянган тақдирда ҳам, бир кун келиб олдимизга қўйган мақсадга эриша олсак, тадқиқотнинг аҳамияти ўшанда билинади. Изланишдан тўхтамаслик керак» – дейди у.
Япониянинг Киото шаҳридаги Сангё Университети ходими Минору Суцуи ҳам шу соҳада фаолият олиб бормоқда. У бошчилик қилган гуруҳ университет ҳовлисининг орқа томонида, кенглиги 10 см, чуқурлиги 100 м бўлган чуқур қазган. Кейин тик йўналтирилган, ўта паст частотали сигналларни қабул қилувчи битта антеннани тубига, иккинчисини ер сиртига ўрнатишган. Антенналар ёрдамида аниқланган ўта паст частотали сигналлар нисбати импулслар қайси йўналишдан келаётганини аниқлаш имконини берган. 2004 йилнинг 4 январида ўта паст частотали радиоимпулслар жануби-шарқдан келаётгани аниқланади. Икки кундан кейин эса жануби-шарқий ҳудудда эпимаркази 130 километрлик, 5,5 балли зилзила содир бўлган. Ер силкинишидан 6 соат кейин жануби-шарқдан ва жануби-ғарбдан келаётган ўта паст частотали сигналлар тарқалишда давом этади ва навбатдаги кун сигнал ғойиб бўлади. Шундан сўнг Киото гуруҳи зилзила маълум кучдан ошган тақдирдагина ушбу эффект натижа бериши мумкин эканини билдирди. Ҳозирда Суцуи ўта паст частотали радиотўлқинларининг вужудга келиш механизмини аниқлаш устида иш олиб боряпти. «Биз бу механизмни аниқламай туриб, эпимарказ қаерда бўлишини айта олмаймиз», дейди у.
Прайснинг гуруҳи эса Ўлик денгиз ва Эйлат оралиғида жойлашган, зилзила оқибатида ёрилган водийда чуқурлиги 175 метр, кенглиги 3 метр қилиб қазилган туннелдан маълумот йиғиш ишларини давом эттиришди. Чунки, бу ҳудудда 6 баллик зилзилалар тез-тез бўлиб туради. Лекин, натижа кутилганидек чиқмади. «2003 йилдан буён станциямиз атрофидаги 100 километр майдонда ҳеч қандай сезиларли ҳодиса рўй бермади – дейди Прайс – Ер силкинишлари 4,4 баллдан ошмади, бу эса ўта паст частотали импулслар устида иш олиб бориш учун етарли эмас».
«Бу хил ҳодисаларни ўлчаш имконсиз», дейди Токио Электрокоммуникатсия Университети электроника муҳандиси Масаши Хаякава. У Сутсуи хулосаларига шубҳа билан қарайди. Олимнинг таъкидлашича: «Ҳар хил кўринишдаги табиат ҳодисалари (момақалдироқ, магнит бўрони, метеорлар ва ҳ.к.) ўзидан ўта паст частотали сигналлар чиқаради. Суцуи айнан қайси сигналлар зилзиладан дарак беришини ажратиб ололмайди». Хаякаванинг фикрича, атмосфера барча жумбоқлар жавобларини ўз ичига қамраб олган. Бирлашган Қиролликнинг Эдинбург Университети сейсмологи Иан Майн: «Ўта паст частотали тўлқинлар ва ионосферик кашфиётлар катта қизиқиш уйғотмоқда. Лекин улар билан зилзила орасида боғлиқлик бор, деб ишонч билан айта олишимизга ҳали эрта. Бунинг учун олимлар ҳали яна кўплаб зилзилаларни кузатишлари керак», дейди.
Бироқ Франциянинг Илмий Изланишлар Миллий Кенгаши ходими Мишел Паррот Суцуи фикрини қўллаб-қувватлайди ва исбот тариқасида, Европа Фазо Агентлигига қарашли DEMETER (Зилзила ҳудудидан чиқадиган сигнални қайд этувчи электромагнит детектор) сунъий йўлдошидан олинган дастлабки маълумотларни кўрсатиб ўтади. DEMETER ионосферанинг ҳарорат, зичлик ва таркибини ўлчайдиган сенсорлар тизими ёрдамида 2004 йил 5 сентябрда Япониянинг Кии ярим оролида рўй берган 7 балли зилзиладан 7 кун олдин, ионосфера қатламида ион зичлигининг ошганини ва ҳароратнинг кўтарилганини қайд этган. Сунъий йўлдош орқали, шу йилнинг 23 январида Индонезияда содир бўлган зилзиладан 2 кун олдин, 30 август куни Япония яқинидаги зилзиладан 5 кун олдин ва ноябрда Янги Зеландиядаги зилзиладан 2 кун олдин юқоридаги белгилар кузатилган. «Бахтга қарши, 2004 йилнинг 26 декабрида Суматра зилзиласи Осиё цунамисини келтириб чиқарганида ва 8 октябр куни Кашмир зилзиласи пайтида DEMETER ўчиқ ҳолатда бўлган. Шунинг учун бу икки фожиа тўғрисида ҳеч қандай маълумот йўқ», дейди Паррот.
«New Scientist» журналидан Жаҳонгир Қурбонов таржимаси