Радионинг ҳақиқий асосчиси ким?

XIX аср охири инсоният тарихида алоқа воситаларининг тараққиётида сезиларли силжишлар бўлгани билан шарафланади. Анъанавий почта алоқалари темирйўл ва автомобил транспортининг татбиқ этилиши билан анча жадаллашди. XIX аср биринчи чораги ютуғи бўлган электромагнит телеграф электр алоқаси тарихида муҳим кашфиёт бўлди. У 80-йилларда акустик алоқа – телефоннинг вужудга келишига олиб келди.

Биз бугунги мақоламизда электромагнит тўлқинлари кашфиёти ва бу борада олиб борилган илмий изланишлар ҳақида фикр юритиб,  соҳанинг машҳур олимлари ҳаёти ва илмий фаолиятига алоҳида тўхталамиз.

Немис олими Генрих Гертс айни соҳанинг пешқадам олимларидан бири бўлган. У электромагнит тўлқинлари мавжуд эканини тасдиқлайдиган тажрибаларини 30 ёш атрофида 1886-89 йиллари амалга оширади ҳамда тажрибалар давомида организмининг ўта зўриқиши оқибатида кўп ўтмай кўриш хусусиятини, сўнгра эшитиш қобилиятини йўқотади ва ниҳоят қон заҳарланиши оқибатида 37 ёшида вафот этади.

Унинг машаққатли меҳнатлари Макс­вел ўз формулалари асосида башорат қилган электромагнит тўлқинларининг мавжудлиги ҳақидаги хулосаларни тасдиқлайди ва Гертснинг номини инсоният тарихига олтин ҳарфлар билан абадийлаштириб, ёзиб қўяди. Гертс тасдиқлаган экспериментал натижалар кўплаб олим ва ихтирочиларни руҳлантириб, ХИХ аср охирларида симсиз алоқанинг вужудга келиши учун энг қулай шарт-шароит яратилади.

А.Ғаниев ва бошқалар муаллифлигида 2007 йили нашрдан чиққан “Физика” китобининг 5-бетида А.Попов радиони Г.Гертс тажрибаларидан аввал кашф қилганидек берилган. Унда Италия олими Маркони умуман тилга олинмаган. Ваҳоланки, А.Поповнинг ватандошларидан ташқари бутун дунё олимларининг аксарияти Италия олими Г.Марконини радионинг кашфиётчиси деб билади ва бунга уларнинг тўлиқ асослари бор.

Маркони 1937 йили вафот этганида жаҳонда мавжуд бўлган барча радиостанциялар 2 дақиқа давомида ўз эшиттиришларини тўхтатиб, улуғ инсон учун ўз ҳурматларини бажо келтиришган.

Маркони ўзи ким ва нима ишлар қилган эдики бутун жаҳон бўйлаб бундай ҳурматга сазовор бўлган?..

Инженер-электрик ва кашфиётчи Гулелмо Маркони 1874 йилнинг 25 апрелида Болоня (Италия)да туғилган. У ер-сув эгаси Жузеппа Марконининг ирландиялик Анни Жеймсон билан бўлган никоҳидан туғилган иккинчи фарзанд эди. Анни Жеймсон машҳур фабрикачи Эндрю Жеймсоннинг қизи бўлиб, ушбу фамилияни Шотланд вискиси этикеткаларида ҳозир ҳам кўриш мумкин. Ливернодаги техника ўқув юртига киргунича Маркони Болоня ва Флоренцияда уй ўқитувчиларидан, хусусан, Ливернолик профессор Винчентсо Розадан таълим олади. 19 ёшида у физикага қизиқиб, Болон университетида (у ерда қачонлардир Данте, Петрарка, Коперник, Галвани ўқиган) профессор Аугуста Ригининг қатор маърузаларига қатнашиб юради. Риги Гертс тажрибаларига биринчи эътибор берган инсон эди. Маркони ушбу маърузаларда, айниқса, Кларк Макс­велл, Генрих Гертс, Эдуард Бранли, Оливер Лоджа ва Аугусто Ригининг электр бўйича бажарган изланишлари натижалари ҳақидаги мавзуларга кўпроқ қизиқарди. У 19 ёшида ўзи мус­тақил равишда Волт устунини й
асаб, Фарадей тажрибаларини такрорлайди ва Морзе кодини ёдлаб олади. Маркони 1894 йили Гертс тажрибалари асосида  икки зарядланган металл шар оралиғида чақнаётган электр учқунлари даврий тебранишларни ҳосил қилиши ҳақидаги тажрибалар ёзилган мақола билан танишиб қолади. Шунда Марконида ушбу тўлқинлардан фойдаланиб ахборотларни узоқ масофаларга симсиз узатиш ғояси туғилади. Ҳаёти охирларидаги эсдаликларида Маркони «Атлантика океанининг нариги қирғоғидан сигналлар олишни ўша пайтлардаёқ олдимга мақсад қилиб қўйган эдим», дейди. У Ригидан маслаҳат олиб, Гертс вибратори ва Бранли когереридан (тўлқинларни электр токига айлантирувчи Гертс тўлқинлар детектори) фойдаланган ҳолда 20 ёшида отасининг Грифон вилласи томида тажриба ўтказишни бошлайди. Риги Гертс тўлқинлари (электромагнит) ҳақида эшитар-эшитмас, Марконига экспериментларни ўтказишда шошилмасдан, аввал назарияни чуқур ўрганиш кераклигини таъкидлайди. Лекин кўп ўтмай Маркони симсиз алоқани яқин масофага (вилла т
оми ўлчамлари катталигида), кейинчалик эса узоқ ва янаям узоқроқ масофаларга ўрната бошлайди. У 1894 йилнинг қишини кўпинча овқатланиш ва дам олишни ёдидан чиқарган ҳолда тажрибалар ўтказишга бағишлайди. 1895 йилнинг баҳорида Марконининг изланиш маркази вилла томидан боғига тушади ва у отасининг ер-мулкида жойлашган кўлмакнинг нариги томонида жойлашган электр қўнғироғига сигнал узатишга эришади. У ўз қурилмасида бошқа ихтирочиларнинг асбоб-анжомларини (масалан, когерер) такомиллаштириб бориш натижасида сигнални 1,5 мил масофага узатишга эришади (сигнални биринчи узатишда эришган масофаси 40 см. дан ошмаган). Ушбу натижага эришиш учун у телеграф калитини узаткич занжирига улайди, вибраторни эса ерга улаб, унинг бир симини ердан анча баландда жойлаштирилган металл плас­тинкага туташтиради. Отаси унинг бу изланишларини маъқулламайди ва такомиллашаётган қурилманинг қимматбаҳо ускуналарини сотиб олиш учун маблағ бермайди. Маркони ўша пайтларда тажрибаларни
ўтказиш учун қурилмалар харажатларини ўзининг кийимларини сотиш орқали қоплашга мажбур бўлган. Шу йили центябр ойи­нинг охирларида сигнал етказувчи тўлқинлар тўсиқ бўлиб турган тепаликни ҳам ошиб ўтади. Бу тарих учун унутилмас воқеа бўлади. Чунки шу воқеа билан Гулелмо Маркони радиони ихтиро қилган эди. Аммо Италия ҳукумати Маркони тажрибаларига қизиқиш билдирмайди. Чунки у ўз ихтиросини Италия почта ва телеграф вазирлигига таклиф этган, лекин улар кашфиётчини тушунишни исташмайди. Шундан сўнг Маркони 1896 йили Англияга жўнаб кетади. Бироқ Англияга киришда божхона ходимлари Марконининг қурилмасини бузиб, синдириб ташлашади. Лекин у тушкунликка тушмай, тезлик билан қурилмасини қайтадан йиғишга ва  Лондондаги бошпочтамт биносида уни намойиш этиб, ушбу бино томидан Морзе алифбосидан фойдаланган ҳолда 2 мил масофада жойлашган бошқа бинога сигнал юборишга эришади ва Почта муассасаси ҳамда ҳарбий флот бошқармасини қизиқтира олади. Улар ихтирони фойдали деб топи
шиб, Марконининг ихтиёрига бутун бошли лабораторияни топшириб қўйишади. Маркони шу аснода 1896 йилнинг июн ойида амакиваччаси Генри Жеймс ёрдамида ўзининг биринчи радиотелеграфия патентини олиш учун талабномани тузади ва 1897 йилнинг 2 июлида “Электр импулслари ва сигналларини узатиш ва бунинг учун қурилмаларни такомиллаштириш” патентини олишга эришади. Шу кезлари Италия ҳукумати уни ҳарбий хизматга чорлаб қолади. Маркони Италиянинг Англиядаги элчихонаси қошидаги ҳарбий-денгиз флотида ўқув юртининг тингловчиси сифатида хизмат қилиб, ўз изланишларини шижоат билан давом эттиради ҳамда Бристол қўлтиғи устидан 9 мил масофага сигнал узатишга эришади. Шу йилнинг июл ойида Маркони ва унинг бир неча ҳамкори “Симсиз телеграф ва сигналлар компанияси”ни тузишади. Ушбу компания Англия қирғоқлари бўйлаб сузиб юрувчи кемалар ҳамда ер усти маёқларига ўз қурилмаларини жойлаштириш билан шуғулланади.

Маркони изланишлари давомида сигналларни узатиш узоқлиги антенналарнинг сони ва узунлигига боғлиқ эканини аниқлайди. Ла-Манш бўғози орқали 28 мил масофага сигнални узатиш учун у ҳар бирининг баландлиги 150 футли антенналар тўпидан фойдаланади. Тажрибалар ўтказиш билан бир қаторда Маркони олимлар, журналистлар иштирокида кўп  конференциялар ташкил этиб, вазирлар, ҳатто қирол билан учрашишга муяссар бўлади. 1900 йилнинг охирларига келиб Маркони сигналларни узатиш узоқлигини 150 милгача узайтиришни уддалаган. У 1901 йили Англия қир­ғоқларидаги оралиғи 186 мил бўлган пунктлар ўртасида симсиз боғланиш ўрнатган. Шу йилнинг охирида Ню-Фаундленд оролида (Канада) жойлашган Цент-Жонда туриб Буюк Британиядаги Корнуолладан Атлантика океани бўйлаб юборилган сигнални қабул қилган. Бу биринчи трансатлантик сигнал бўлиб, у 2100 мил масофани босиб ўтган эди. Ушбу тажриба кўпгина скептик-физикларнинг, ер сиртининг эгрилиги натижасида электромагнит тўлқинлар 300 км.дан ортиқ масофаг
а бормайди, деган қарашларини чиппакка чиқаради. 1902 йили Маркони Атлантика океани бўйлаб ғарбдан шарқ­қа биринчи симсиз сигнал юборади. 1905 йили у йўналтирилган сигналларни узатиш патентини олади. 1907 йили биринчи трансатлантик симсиз алоқа хизматини очади. 1912 йили эса узатилаётган тўлқинлар генерациясини вақт бўйича бошқарадиган такомиллашган учқун системаси учун патент олади. Радиотўлқинларнинг биринчи амалда қўлланиши денгизда эмас, балки дарёда рўй беради: 1898 йили Маркони Дублиннинг “Дейли экспресс” газетасига гребли регат бўйича мусобақалар натижаларини ўз қурилмаси ёрдамида узатади ва шундан кейин  унинг компанияси акциялари баҳоси кўтарилиб кетади. Кейинги йилнинг март ойида Саут-Форланддаги маёқ саёз жойга ўтириб қолган кемадан «маркониграмма» олади – шундай қилиб, радио биринчи маротаба одамларни ҳалокатдан қутқаради. 1903 йили 50 та кема, 1905 йили эса 80 та кема радиоузатгичлар билан жиҳозланди.  Буларнинг барчаси сўзсиз радио эди. Тингловчилар
учун радио даври радиосигналларни модуляциялайдиган вакуум трубкаси ихтиро этилгандан сўнг бошланди. 1906 йилнинг 24 декабрида профессор Режиналд Фессеннинг АҚШдаги уйида тарихдаги биринчи овозли радиоузатиш рўй беради. Бунда у Рождество байрами муносабати билан Гунонинг “Эй муқаддас кун” куйини скрипкада ўзи ижро этади ҳамда Евангелиянинг Луки бобидан парчалар ўқиб беради. Кейинчалик 1912 йили “Титаник” “СОС” сигналини юборганида радио кўплаб одамларни ҳалокатдан асраб қолган. Маркони ва немис физиги М.Браунга (Марконининг ихтиросини такомиллаштиргани учун) 1909 йили  симсиз телеграфни ривожлантиришдаги хизматлари учун Нобел мукофоти топширилади. Биринчи жаҳон уруши даврида Маркони қатор ҳарбий миссияларни бажариб, Италия ҳарбий-денгиз флоти қўмондони даражасига етади. У Италия қуролли кучлари ҳожати учун телеграф дастурининг бажарилишини бошқаради. 1919 йили уни Парижда бўлиб ўтган тинчлик конференциясига Италиянинг мухтор вакили қилиб тайинлашган. Олим Италия номид
ан Австрия ва Болгария билан бўлган шартномаларни имзолаган. Маркони ўзининг буғли “Элеттра” яхтасини уй, лаборатория ва иш кабинетига айлантириб, 1921 йили қисқа тўлқинли телеграфни жадал ўргана бошлайди. 1927 йили Маркони компанияси қисқа тўлқинли коммерция телеграф алоқаларининг халқаро тармоғини очади. 1931 йили у ултрақисқа тўлқинларни ўрганади ва кейинги йили биринчи радиотелефон улт­рақисқа тўлқин алоқасини ўрнатади. 1934 йили олим ултра қисқа тўлқин телеграфининг очиқ денгиз навигациясидаги истиқболини намойиш қилади.

Маркони қатор муваффақиятлари учун Франклин институтининг Франк­лин медали ва Лондондаги қироллик санъат жамиятининг Алберт медали билан тақдирланган. Нобел мукофоти олган йилиёқ Италия қироли уни сенатор қилиб тайинлайди ва 1929 йили аждоддан авлодга ўтувчи маркиз унвони ҳамда Италия тожининг катта хоч ордени билан тақдирлайди. 1930 йили Италия қироллиги академиясининг президенти қилиб сайланган Маркони умрининг охирини ушбу юрт илм-фан ривожига бағишлаб, у ерда электромагнит тўлқинларининг тиббиётга татбиқи (марконитерапия) билан шуғулланади.  

Албатта, Маркони симсиз алоқа ўрнатиш ва уни такомиллаштириш йўлида ўзи танҳо эмас эди. Бу ҳақда кейинги сонларда ўқийсиз.

Радиотехника равнақида Американинг Ню-Жерси шаҳрида 1847 йили туғилган Томас Алва Эдисоннинг 1889 йили кашф этиб, Эдисон эффекти деб аталган термоион эмиссияси ва электрон эмиссияси ҳодисалари ҳамда америкалик олимлар Флемингом ва Лиде-Форест томонидан радиолампаларнинг кашф қилиниши ҳам муҳим рол ўйнаган. Электромагнит тўлқинларини узатиш бўйича биринчи патент Эдисонга тегишли бўлган.

Асли насли серблардан бўлган, замонамизнинг энг сирли одамларидан бири америкалик инженер Никола Теслагина (1856-1943) (Нобел мукофотини олишдан воз кечган танҳо олим!) ўз ихтиролари сони бўйича Эдисон билан баҳслашиши мумкин. Бу икки олимнинг ҳар бири 300 (3000 га яқин деган қарашлар ҳам бор) ихтиро патентига эга бўлган.  Тесла ва Эдисон бирга ишлаган пайтлари ҳам бўлиб, кейинчалик ажралиб кетишган. Эдисонни фаннинг моддий фойда олиш мумкин бўлган қирралари қизиқтирса, Тесланинг эътиборини ечими қийин бўлган муаммолар тортган. 1891 йили Тесла олис масофаларга симсиз электр энергиясини узатиш имкониятига эга бўлган “резонанс-трансформатор” деб номланувчи қурилмани ясайди. (1908 йилги Тунгус фожиасини Тесланинг ушбу қурилмасига боғлаш ҳали-ҳануз давом этмоқда). У амплитудаси бир неча миллион волт кучланишга эга юқори частотали автогенератор бўлган. Тесла иш частотаси ва фойдали сигналлар катталиги билан фарқланувчи генераторларнинг бир неча вариантини таклиф қилган. У
“резонанс – трансформатор”да ҳосил бўлувчи электромагнит тебранишлари орқали симсиз телеграфни жорий қилиш мумкинлигини билган бўлса-да, ўз қурилмасини биринчи нав­батда симсиз алоқада ишлатишни истамаган. Балки катта масофаларга частотаси юзлаб килогертс бўлган электроенергияни узатишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Тесла 1897 йилнинг центябрида  ҳужумдаги сузувчи қурилмани масофадан бош­қариш учун (масалан, торпедо) қабул қилувчи ва узатувчи қурилма патентини  расмийлаштирган. Кўп ўтмай, уни амалда намойиш ҳам этган. Агар барча икир-чикирлари яхшилаб ўрганиб чиқилса, радиотехника фан сифатида Н.Тесланинг изланишларидан сўнг рўёбга чиққанини билиш мумкин. Шу пайтгача радиоқурилмаларнинг улкан мажмуалари учун генераторлар ва тўлқинли радиоузатгичлар ҳам Тесланинг илмий қарашларига асосланган.

Радиотехника тараққиёти ва тарқалиши ҳамда радио ихтиросида ким биринчи бўлгани суд ишларида кўп бора баҳс этилган. 1915 йили АҚШ Федерал суди бу соҳадаги ҳамма ишларда Марконининг биринчи эканини эътироф этиб ҳукм чиқарган, лекин 1943 йили – Маркони бу оламни тарк этиб кетганидан 6 йил ўтгач, АҚШ Олий суди Марконининг кўпгина асосий патентларини чиппакка чиқариб, Н.Тесланинг биринчи эканини эътироф этган. Биз бунга холис баҳо беришда 1943 йили иккинчи жаҳон уруши даври бўлиб, Маркони Италия фуқароси эканини ҳамда АҚШ ва Италия ўртасида ўша пайтда уруш кетаётганини эътибордан четда қолдирмаслигимиз керак.

Радио тўлқинлари соҳасининг яна бир забардаст олими Эрнест Резерфорддир. Резерфорд Янги Зеландияда яшаб юрган йиллари юқори частотали разрядлар орқали темирни магнитлаш ҳодисасини ўрганиб, ўз изланишлари натижасини “Янги Зеландия институти мақолалари тўплами”да  1894 йили чоп эттирган. У Кембрижга ўтганидан сўнг изланишларини давом эттириб, электр тебранишлари таъсирида пўлат стержен магнитланишининг сусайишини аниқлайди ва ушбу эффектдан электр тўлқинларини детекторлашда фойдаланишни таклиф қилади. Резерфорднинг “Электр тўлқинларининг магнит детектори ва унинг баъзи татбиқлари” номли мақоласи 1897 йили босмадан чиқади. У ушбу мақоласида электромагнит тўлқинларини катта масофаларда аниқлаш учун детектордан фойдаланишни таклиф қилади.

Ушбу мақоласи босилиб чиққач, Резерфорд Маркони олган натижалар билан танишиб қолади ҳамда ўз детектори билан бошлаган тажрибаларини тўхтатиб, радиоактивликни ўрганишга киришади. Натижада у атом ядроси ва биринчи ядро реакцияларини кашф қилиб, Нобел мукофотига сазовор бўлади.

Замонавий радио ихтиросида муҳим ўринга эга бўлган яна бир олим россиялик муҳандис Александр Степанович Поповдир. У 1859 йилнинг 16 мартида Уралдаги Турин кони посёлкасида руҳоний оиласида дунёга келган. 1877 йили Перм руҳоний семинариясини тугатиб, Петербург университетининг физика-математика факултетига ўқишга кирган. Попов когерер ҳақида маълумотга эга бўлганидан кейин масофага симсиз сигнал узатиш қурилмаси устида ишлай бошлайди. А.Поповнинг тирикчилиги ҳарбий флот билан боғлиқ бўлган. 1901 йили Россиянинг “Генерал-адмирал Апраксин” броненосетси саёз жойга ўтириб қолганида унинг раҳбарлигида икки радиостанциянинг ишлатилгани ҳақида маълумот бор, лекин бу радиостанцияларнинг ишлаш тамойили буткул Попов ихтиросига асосланганми ёки Марконининг жаҳон бўйлаб кенг тарқалган қурилмаларига суянганми, буниси номаълум. Лекин ўшанда А.Попов мукофот билан тақдирлангани рост. А. Попов томонидан биринчи радиограмманинг узатилиши саналари ҳақида ҳам ноаниқлик мавжуд. Айримлар уни 189
6 йилнинг баҳори эди деса, бошқалар 1897 йилнинг охирги ойларини айтишади. Икки хил фикрдагилар сони кўп бўлгани сабабли ушбу муҳим масала ҳал этилмасдан қолган. Рус физика-кимё жамиятининг 1896 йил 7 май (эски сана билан 24 апрел)даги мажлиси протоколида “А.С.Попов Гертс тажрибаларини демонстрация қилиш учун қурилмаларни намойиш этяпти”, деб ёзиб қўйилган, холос. Албатта, бундай тўкис бўлмаган таърифдан (буни баъзи бировлар Поповнинг иши Денгиз ҳарбий муассасаси томонидан сир сақланган, деб ҳам талқин қилишади), сабаби қандай бўлишидан қатъи назар, А.Попов тарихда биринчи радиограммани юборган одам, деган хулосани чиқариб бўлмайди.

Попов ҳамда Маркони ўртасида биринчиликни талашиш учун рақобат бўлмаган, балки ўз пайтида Маркони фирмаси бошқа мутахассислар қатори рус олимини ҳам ҳамкорликка таклиф этгани маълум. Марконининг изланишлари ҳақида маълумотлар матбуотда кўпайиб қолгач, “Котлин” газетасининг 1897 йил 20 январ сонидаги мақолани Попов гўё ўзининг биринчилигини ҳимоя қилиш учун ёзган, деган қарашлар ҳам бор. Лекин Попов изланишларини нашр қилишга шошмай, балки асосан денгиз зобитлари ва олимларига ахборот бериш билан қаноатланган. Балки у ўз кашфиётининг жаҳоншумул аҳамиятини Марконичалик ўз вақтида сезмагандир? Чунки Попов ихтиросини ҳеч қачон ва ҳеч қаерда патентламаган. Ихтиросини такомиллаштиришдаги ва амалиётга татбиқи учун ҳаракати ўта суст бўлган. Ҳукумат унинг ихтиросини қўллаб-қувватламаган. Марконининг муваффақиятлари олдида Попов эришган ютуқлар у даражада таъсирчан кўринмайди. Бошқача бўлишини кутиш ҳам мушкул эди. Чунки Поповнинг тажрибалар ўтказиш учун маблағ сўраб қилган илтимосномасига денгиз вазири “Бундай хомхаёлларга пул ажратишга рухсат бермайман”, деб имзо чеккан. Попов Маркони каби курашувчан табиатга эга бўлмаган, балки ўз ихтиросини илгари суришда ўта вазмин эди. (Адолатли бўлиш учун айтиш керакки, бошқа давлат муассасалари ҳам ушбу янгиликка бундан яхшироқ қарашмаган. Масалан, Эрнест Резерфорд ўзининг ёшлигида симсиз сигнал узатиш билан шуғулланган кезлари ўз изланишларини давом эттириш учун ҳукуматдан бир пенс ҳам ундира олмаган. Бунга фақат ўта уддабурон, шижоатли ва мислсиз ғайрат эгаси Марконигина эришган). Кейинчалик вазиятни англаган вазир Попов ихтиросини қўллаш учун маблағ ажратгач, 1898 йили франциялик тадбиркор Дюкрете жуда катта харажат ҳисобига “Попов-Дюкрете” радиостанциясини йўлга қўйган. Лекин Попов Маркони эгаллаган ютуқлар кетидан қувиб ета олмайди, чунки Маркони жуда ҳам илгарилаб кетган эди. “Попов-Дюкрете” радиостанцияси 1900 йили Парижда ўтган жаҳон кўргазмаси олтин медални олади. 1904-1905 йиллардаги рус-япон урушида Россия кемаларининг радиостанциялар билан ўта ёмон жиҳозлангани ушбу урушда рус денгизчиларининг мағлубиятига асосий сабаб бўлади ва шунинг натижаси бўлса керак, “Попов-Дюкрете” радиостанцияларини ишлаб чиқариш 1906 йили тўхтатилади. Попов денгизчилар билан 1901 йили Петербург электротехника институти физика кафедраси профессори бўлгунича ишлаган. 1902 йили Маркони тушган кема Кронштадга келганида Попов ушбу кемага бориб, Маркони билан учрашади. Ушбу учрашувда «Ким биринчи?» деган масала умуман кўрилмаган, балки унда икки олимнинг илмий мавзудаги самарали суҳбати бўлиб ўтган. 1905 йил Попов институтнинг директори қилиб сайланади. У 1906 йилнинг 13 январида вазирнинг навбатдаги камситиши ва ҳақоратлари таъсирида миясига қон қуюлиб, жон беради. Шу тариқа жаҳолат инсониятни йирик олимдан бевақт ажратган эди. Унинг дафн маросими ҳам Маркони билан видолашувдаги тантаналар каби улуғвор бўлмай, балки ачинарли тусда ўтказила
ди.

Радионинг кашф бўлиши Максвелл назариясининг ҳаққонийлигини амалиётда яна бир бор тасдиқлади. Максвелл назарияси физиклар олдига қатор жиддий ва чуқур жумбоқларни қўйгани ва улар ечимининг топилиши физика тарихида янги инқилобий давр­ни очиб берди.

Чет элда биринчи мунтазам радиостанция 1920 йил 2 ноябрда Питсбург (АҚШ)да ишга туширилган. Ғарбий Европада дастлабки радиостанциялар 1922 йили Лондон ва Парижда ишлай бошлади. 1923 йили Германия, Белгия, Чехословакияда, 1924-26 йилларда яна 14 мамлакатда, жумладан, Венгрия, Полша, Югославия, Японияда, 1927 йили Руминияда, 1929 йили Болгарияда радиостанциялар ишга тушди. Собиқ иттифоқда радио карнайи орқали 1922 йили Нижгород шаҳрида Бонч-Буревич раҳбарлигида матнлар ўқиб берилади ва радиоконтсертлар узатилади. 1924 йил 23 ноябрда радиогазетанинг биринчи сони ўқиб эшиттирилади. 1925 йили эфирда биринчи марта Москва қизил майдонидан Октябр тантаналарига бағишланган репортаж олиб эшиттирилади, бирин-кетин бошқа дастурлар пайдо бўлади.

Тошкентда мунтазам радиоешиттиришлари бошланганига 80 йил бўлди. Ўзбекистонда тажриба тариқасида дастлабки радиоешиттиришлар 1926 йили Тошкент радиостанциясидан берилди. 1927 йилнинг 11 февралида Тошкентда 2 квт қувватли оммавий радиостанция ишга туширилиб, мунтазам радиоешиттиришлар олиб борилади. 1929 йили шу радиостанция орқали дастлабки радиогазеталар берила бошлади. 1930 йили Тошкентда 20 квт қувватли «РВ-11» радиостанцияси ишга тушади. Унинг эшиттиришлари Ўрта Осиёнинг энг узоқ жойлари – Помир, Хоразм, Қорақалпоғистонгача етиб боради. Радиостанцияларни мусиқали эшиттиришлар билан мунтазам таъминлаш мақсадида 1927 йилда халқ чолғу ансамбли тузилади. Кейинчалик унинг асосида мақом ансамбли ташкил топади. Радиоешиттиришларнинг шакл­лари кенгайиб, мавзуси бойиб боради. Ўша йилларда Сафо Муғанний, Мулла Тўйчи Тошмуҳаммедов, Домла Ҳалим Ибодов, Муҳиддин Қори Ёқубов, Ҳожи Абдулазиз Расулов, Тамарахоним, Ҳалима Носирова, Ризқи ва Юнус Ражабий, Имомжон Икромов каби машҳур ҳофизлар, уста созандалар радиоешиттиришда фаол иштирок этишган. Уруш йиллари Ҳамид Олимжон, Ойбек, Ғафур Ғулом, Шайхзода, Уйғун ҳамда бош­қа ёзувчи ва шоирлар Ўзбекистон радиоси эшиттиришларида бир неча бор иштирок этишган…

Мансурхон Тоиров,
физика-математика фанлари доктори, профессор
“Маърифат” газетасидан олинди.