Инглиз физик олими Роберт Гук (1635-1703) 1665 йили “ҳужайра” тушунчасини фанга киритиши биологиянинг фан бўлиб шаклланишига кучли туртки берди. Биология ҳаёт, тирик табиат ҳақидаги таълимотдир. Ушбу фаннинг ва унинг йирик тармоқларидан бири бўлган генетиканинг тараққиёти тирик мавжудот учун, жумладан, инсоният учун оламшумул эзгуликлар келтирди. Бу фаннинг кейинги тараққиёти келажак учун янаям кўпроқ хизматлар кўрсатишига ишончимиз ва умидимиз жуда катта. Лекин биология фани ютуқларидан фалсафий нуқтаи назарлар учун пала-партиш фойдаланиш, буюк алломалар айтганидек, “Маймоқ ҳақиқатлар учун гўзал фаразларни қурбон бериш” инсоният маънавий ҳаётига, айниқса, Ч.Дарвиннинг “Турларнинг табиий танланиш йўли билан келиб чиқиши“ деб номланган машҳур асари (1859) асосида вужудга келган таълимотидан бери, кўп саросималиклар олиб келди.
Генетиканинг охирги йиллардаги ютуқларидан довдираб қолган Швеция қироллигининг 349 нафар депутатдан иборат рикстаги (парламенти) касалманд бўлиб туғилган болаларни кимлар учундир “эҳтиёт қисм” сифатида қурбон қилиш мумкинлиги ҳақида машъум қонун қабул қилиб, инсоният қалбини ларзага солди. Ҳозирча “касалманд” болаларни кўзда тутган бу қонун туфайли кейинчалик соппа-соғ юрган болалар ҳам “эҳтиёт қисм”га айланиб кетмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди, албатта. Арасту каби буюк олим, Суворовдек лашкарбоши ҳам туғилганида касалманд бўлишган. Достоевскийнинг “Ака-ука Карамазовлар” асаридаги бир суҳбатда бири иккинчисига “Бутун олам инсониятининг бахтиёр бўлиши учун бирор бир боланинг дилини бироз оғритишга рози бўлармидинг” деган саволига “Асло!” деб жавоб бергани ҳақиқий инсонийлик белгиси эмасми?!
Ислом дини ўз фарзанди — қизларини тириклайин тупроққа кўмиб келган араб қавмларини ваҳшийлик залолати ботқоғидан олиб чиқди. Қадим замонларда уларни ушбу жаҳолатга маърифатсизлик етаклаган эди. Дунё бўйича ҳаёт, маърифат даражаси энг юксак деб тан олиниб турган Швеция халқи депутатларини ушбу қабоҳат ботқоғига кимлар бошлаб кирди ва ким энди уларни бу чиркинликдан қутқара олади? Атом бомбаси Хиросима ва Нагасаки шаҳарларида портлаган кундан бери бутун олам Эйнштейнни тили бир қарич осилган ҳолатда тасвирлайдиган бўлиб қолди. Швециянинг ушбу Ғайриинсоний қадами натижасида генетикларнинг тили инсоният учун неча қаричли қилиб тасвирланар экан?! Аслида бунда Эйнштейн ё генетиклар айбдормикан? Балки инсониятни бу йўлга етаклаётган омил худосизликдир? Замонавий фан ютуқларидан чала хулосалар чиқариб, “Билдик. Худо деганлари йўқ экан. Яшаб қол. Қандингни уриб қол. Умр бевафо” деган хулосаларни чиқариб, “Писта пўчоғидан кема ясамоқчи бўлиб юрган” тараққийпарвар инсониятни доғда қолдираётган натижадир бу. Генетика фани намояндаларининг инсониятдан очиқ ҳақиқатни яшириши замонамиз нуқтаи назарида буюк, лекин инсониятнинг буюк келажаги олдида арзимас бўлган баъзи бир кашфиётлардан пала-партиш чиқарган хулосалари натижасидир бу.
Оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади, дейишганидек, айниқса, генетик олимларнинг клонлаштириш бўйича охирги йиллардаги эришаётган ютуқлари Ғарб оламида “бу кашфиётнинг фойдасидан зарари кўпроқ бўлиб кетмасмикан” деган ваҳималарга олиб келаётган ҳолатлар ҳам бўляпти ва бу хавотир биология фани тараққиёти йўлига чуқурроқ назар солиш заруратини туғдиради. Швеция парламенти қабул қилган қонун ушбу ташвишлар минг карра ўринли эканини кўрсатади.
Таниқли биологлардан бири М.В.Волкенштейн ҳаёт ўзи нима экани ҳақида фикр юритар экан, уни “Ердаги мавжуд жонли жисмлар ўз-ўзини бошқарувчи ва ўз-ўзини аслидай қайтарувчи очиқ тизимлар бўлиб, улар оқсил ва нуклеин кислоталар — биополимерлардан қурилгандир”, дея таърифлайди ва бу таъриф биология фанида тан олинган, барча биологлар томонидан маъқул кўрилган. Ушбу таърифда “нуклеин кислоталар ўз-ўзидан қуриладими ёки йўқми” деган саволга жавоб ҳали-ҳануз номаълумлигича қолаётганига эътиборингизни тортишни ўринли деб биламиз. Олмон врачи Р.Вирховнинг назариясига асосан янги ҳужайралар бошланғич ҳужайраларнинг бўлинишидангина пайдо бўлади. Россия олими К.Бэр назарияси бўйича эса, барча кўпҳужайрали организмлар тараққиёти бир ҳужайра, яъни, тухум ҳужайрадан бошланади. Тажрибаларда тан олинган ушбу иккала машҳур назарияда ҳам энг биринчи ҳужайранинг пайдо бўлиши масаласи очиқлигича қолмоқда ва ушбу бирламчи ҳужайрани яратувчи нуклеин кислотасининг қандай пайдо бўлишини тажриба у ёқда турсин, ҳар хил фаразлар асосида тушунтириш масаласида ҳам биология фани ҳозиргача ожизлигича қолиб келмоқда.
Одамзот маймундан пайдо бўлган, деган дунёқараш кўп йиллардан бери ўзини ҳурмат қилган инсонларнинг иззат-нафсига тегиб келган ва келмоқда. Биологлар ҳалиям бўлса, инсониятнинг иззат-нафсини бир оз эҳтиёт қиляпти. Агарда ҳамма гапни бир-йўла айтиб юборишса борми, умуман, ҳаммамизнинг тарвузимиз қўлтиғимиздан тушиб кетган бўлар эди. Сабаби маймунларнинг келиб чиқиши бориб-бориб микроорганизмларга, яъни, бизнинг тилимизда айтганда, микробларга бориб тақалади. Яъни, маймунлар микробларнинг, инсон эса маймунларнинг эволюцияси натижасида вужудга келгани ҳақидаги биолог олимларимизнинг фикри қатъий бўлиб турибди ва улар бу борада қўлга киритилаётган фан ва фалсафий нуқтаи назардаги “муваффақиятлари”ни борган сари мустаҳкамлаб бормоқда. Ушбу муваффақият нашъасини тўлалигича суриш учун “арзимас” бир-иккитагина ҳолатлар уларга имконият бермай турибди, холос…
XIX аср охирларида ўша даврнинг мана-ман деган физикларининг “баъзи бир физик ҳодисаларнинг майда-чуйда томонларига аниқликлар киритишдан бошқа физика фанидаги барча кашфиётлар қилиниб бўлди”, деган овози баралла жаранглаган эди. Ушбу “майда-чуйда”лардан бири абсолют қора жисм нурланиш спектрининг назарий исботи масаласи эди. Буни кўрингки, 1900 йили олмон физиги М.Планк (1858-1947) фанга киритган ва “Планк доимийси” деб ном олган доимий катталик ортида бутун бир фан олами — замонавий физика (квант механикаси, квант электродинамикаси ва ҳ.к.), кимё, математика… фанлари яшириниб ётган экан… XIX аср ўрталарида француз олими Луи Пастер суюқ бактериялар ривожланиши учун қулай бўлган ҳар қандай муҳитда ўз-ўзидан бактериялар (тирик жонзотлар) мавжуд бўлмаслигини (яъни, вужудга келмаслигини) тажриба йўли билан исботлаб берди ва Франция Фанлар Академияси таъсис этган жуда катта мукофотга сазовор бўлди. Замонавий фан намояндалари олдида Луи Пастер кашфиёти хулосаси бўлган “Унда Ерда бирламчи ҳаёт қандай пайдо бўлган?” деган ўринли саволнинг туғилиши дарвинизм асосчиларини ва ушбу назарияни ўзига асосий таянч ва байроқ қилиб олган файласуфона нуқтаи назар оқимидаги олимларни анчагина довдиратиб, саросимага солиб қўйди. Ҳозирги даврда замонавий олимлар “Ерга ҳаёт бошқа сайёралардан келган” деган ғояни илгари сурган швед олими, Нобель мукофоти лауреати С.Аррениус ва инглиз олими Ф.Крик нуқтаи назарларини (“панспермия” назарияси) ҳамда 1922 йили рус биокимёгар олими А.И. Опарин таклиф қилган ва 1924 йили нашр қилинган “Происхождение жизни” асарида маъноси ёритиб берилган абиогенез назариясини тан олиб туришибди. Бу икки назария бир-бирини инкор қилувчи назариялар бўлиб, биринчиси ҳозиргача мутлақо исботини топгани йўқ деб ҳисобланиб, унга бўлган ишонч ва умидларнинг барчаси фазогирлар космосни забт этиб бориши жараёнида ҳамда астрономик кузатишлар натижасида чиппакка чиқиб боряпти. Шундай экан, нега энди биз панспермия назариясининг “Ерга ҳаёт ташқаридан келтирилган” деган нуқтаи назарида Яратганни назарда тутишимиз мумкин эмас? Биз панспермия назариясига “Ердаги ҳаётни Яратувчи вужудга келтирган” деган замонавий илм назарияси дея қарашимиз мумкин, деб ўйлайман.
Опарин назарияси ўтган асрнинг 20-йилларигача машҳур бўлган ва “ҳаёт ўзида келажак ҳаёт ривожи куртакларини мужассамлаштирган тасодифий “тирик молекула”дан тараққий этган” деб қараб келган абиогенез назариясининг энг кўп тарқалган йирик тармоғидир. Ушбу назария “абиогенез — тирик мавжудотлар табиатнинг анорганик моддаларидан ўз-ўзидан вужудга келади”, деган ғояни илгари сурувчи назариядир. Батафсилроқ айтилганда, Опарин назарияси: “Пастер тажрибалари ҳақ, лекин ушбу геологик давримиз учунгина ҳақдир. Шу билан бирга, Пастер тажрибалари натижалари қадимий геологик даврлар учун хатодир. Агарда, Пастер ўзининг тажрибаларини бундан бир неча миллионлаб йиллар илгари ўтказганида эди, у ўз-ўзидан тирик мавжудотлар анорганик моддалардан пайдо бўлаётганининг шоҳиди бўлар эди”, деган хулосани бериб турибди. Юртимиздаги энг йирик биолог олимлар академик Ё.Х.Тўрақулов бошчилигида 10—11-синф ўқвчилари учун ёзган “Общая биология” (1999 й.) дарслигининг 288-саҳифасида “В настоящее время существуют две основные теории, объясняющие происхождения жизни на Земле: теория “панспермии” и теория Опарина”, деган жумлалар бор. Бундан биз ҳозирги кунгача панспермия ёки Опарин назарияларидан бирортасининг “қўл”и баланд келмагани ва бирортаси ҳали-бери ўз тасдиғини топмагани ҳақида ишончли хулоса қилишимиз мумкин. Ўлик материядан тирик организмларнинг пайдо бўлиши ҳақидаги талимот Арасту(Аристотель)га тегишли бўлиб бу таълимот исканжасидан Ғарб оламини қутилиб чиқиши осон кечмаган. Ғарб мамлакатлари одамлари ҳатто XVII асрларда ҳам чувалчанг, балиқ, бақа, сичқон, тимсоҳ каби жонзотлар шудринг, лой, балчиқдан, шер ва йўлбарслар эса саҳродаги тошлардан пайдо бўлади, деб ишонишган. Сасиётган гўштдаги қурт пашша тухумларидан пайдо бўлишини Ф.Реди 1668 йилдагина ғарбдаги ватандошларига амалда кўрсатиб бера олди, қайнатиб олинган булйонда микроорганизмлар ривожланмаслигини Л.Спалланцани XVIII асрда аниқлади.
Ҳаёт анорганик моддалардан пайдо бўла олмаслигини биз юқорида айтиб ўтганимиздек, Л.Пастер 1861 йили узил-кесил исбот этди. Аммо “унинг тажрибалари аввалги геологик замонларда абиогенез бўла олганини инкор эта олмайди” деган хулоса ҳозиргача биологлар даврасида ҳукмрон ва Опарин назарияси бу нуқтаи назарнинг йўлбошчиси бўлиб қолмоқда. Бу гипотезага асосан энг содда организмлар ҳам Ерда бирданига пайдо бўлмасдан олдинига органик молекулаларнинг мураккаб унча катта бўлмаган груҳлари – ис гази, сув, метан ва бошқа брикмалар пайдо бўлган сўнгра улар бирикиб сув хавзаларида “коацерватли томчилар”ни хосил қилишган. Бундан сўнг табиий танлаш юз бериб тўла қонли бир хужайрали организмларни, улардан эса ўз навбатида кўп хужайрали организмларни хосил қилишган. “Нега энди бизни замонда ҳам хаёт пайдо бўлмаяпди” деган саволга “Хар қандай содда организм пайдо бўлишлиги биланоқ микроблар тамонидан еб битирилади” деган жавоб билан қониқтирилиб келинар эди. 1953 йиллардан бошлаб С.Миллер аспарагин, глицин, глутамин сингари аминокислоталарни сунъий равишда ноорганик моддалардан олишга эришган. Д.Оро сунъий усулда рибоза ва дезоксирибоза олишнинг уддасидан чиққан. С.Фокс аминокислоталарни қиздириш усули билан протеиноид (оқсил модда)ни синтез қилишга эришган. Сўнгра лаборатория шароитларида нуклеинли полимерлар синтезига, яни ДНК ирсият материали бўлакларини олишга ҳам эришилган. Ўшандан бери ярим асрдан мўлроқ вақт, молекуляр биологиянинг олтин ярим аср вақти ўтди: ДНК структураси, гинетик код, хужайрада оқсилнинг синтез механизми, қанднинг қуёш нури энергияси ҳисобига фотосинтези, энергетик молекулалар, биринчи навбатда АТФ, бу ўзига хосхужайра бензини…кабилар топилди. Хужайрани ташкил қилиб турувчи бу барча ташкил қилувчиларнинг бир ерда тасодифан тўпланиб қолишлигини тасаввур этишлик жуда ҳам қийин. Шундай тўпланиб қолишликни эҳтимоллигини ҳисоблаб чиқилганида кетадиган вақт бутун оламни пайдо бўлиш вақтига тенг бўлиб чиқиб ўшанда ҳам бутун олам органик моддалар билан лиқ тўла бўлишлиги шарт бўлар экан. Ўтган асрнинг 90 чи йилларида академик Александр Спирин Москва Давлат университети биология факультети талабаларига лекция ўқиётганида ўйланиб қолиб “Табиий танлов – бу албатта тўғри, лекин шу рибосомалар ( оқсил синтезини бош молекуляр агрегати) шунчалик мураккабки, мен хечам тушина олмайман, у қандай қилиб эволюцияланиши мумкин. Агарда у албатта, бирданига, тайёр тарх бўйича пайдо бўлмаган бўлса” деган сўзлари эътиборга лойиқдир. Биз юқорида биология фанининг буюк ютуқлари, кашфиётларини санаб ўтдик. Бироқ бу кашфиётлар замирида ҳаётнинг пайдо бўлиши ҳақидаги Опарин назарияси исботини кўриш мумкин эмас. Бунинг учун жуда катта лофчи бўлиш керак. Ушбу ҳолатни биолог олимлар очиқ-ойдин инсоният олдида тан олишга кибр-ҳаволари йўл бермаслиги Швецияда ғайриинсоний қонун қабул қилиниши даражасигача олиб келди.
Жонзотнинг пайдо бўлиши, лўнда қилиб айтганда, қуйидагича. Жонзот таркиби асосан оққсиллардан ташкил топган ҳужайраларнинг турли мажмуасидан иборат бўлиб, ушбу оқсилларни ва ушбу оқсиллар орқали ҳужайраларни рибосомалар бунёд қилади. Оқсиллар турли-туман аминокислоталарнинг фақат маълум бир турлари орқали ҳосил қилинади. Оқсил ва ҳужайраларни бунёд қилиш учун нуклеин кислотанинг РНК қисми дастёрлик қилиб, қурилиш материали бўлган аминокислоталар ҳамда оқсил ва ҳужайраларнинг тархи бор программаларни рибосомаларга етказиб беради. РНК ўзи ва рибосомалар бажариши лозим бўлган буйруқ ва программаларни нуклеин кислотанинг ДНК қисмидан олади. Вужудга келиши лозим бўлган жонивор дунёга келиши учун қанча аминокислота, ДНК, РНК, оқсил, ҳужайра ва ҳ.к.лар кераклиги ҳақидаги маълумотлар ДНКда жамланган бўлади. Ҳозирги даврда биологлар, жонли олам бунёд бўлиши учун авваламбор аминокислоталар вужудга келиши керак, деган тўғри хулосага келишди. Лекин шу билан бир қаторда энг олдин ДНК ва ундаги программа ҳам вужудга келган бўлиши керак, ана ундан кейин шарт-шароитга, геологик даврга ва ҳ.к. қараб, у ёки бу кўринишда бўлган эволюцион жараён рўй беравериши мумкин. ДНК ичидаги программа қандай пайдо бўлган, уни ким тузган ва у ерга ким уни ўта моҳирлик билан жойлаштириб қўйган — мана, инсоният олдидаги ҳал қилиниши лозим бўлган энг катта муаммо! Мана шу “арзимаган” саволга биологлар қониқарли жавоб топа билишмаяпти ва шу сабаблигина Опарин нуқтаи назари ғалаба қила олмаяпти ва унинг нашъасини биологлар тўласича сура олишмаяпти… Ушбу ожизликларини инсониятдан яширишлари маънавий инқирозларга олиб келишини наҳот тушунишмаяпти? То Опарин назарияси тўла исботини топмас экан, биологлар рўй-рост инсониятга ўзларининг Яратувчи мавжудлигининг исботига қарши эмас эканликларини билдириб боришлари ўта муҳимдир. Йўқса, Швецияда қабул қилинган шармандали қонун кейинчалик бошқа давлатларда қабул қилиниши мумкин бўлган қонунлар олдида ҳеч гап ҳам бўлмай қолади.
А.Опарин, С.Миллер, Д.Оро, С.Фокс каби олимлар тажриба колбаларини қиздиришганида нуклеин кислоталарида программалар ўз-ўзидан ҳосил бўлмаган ва пайдо бўлиши мумкин ҳам эмас эди. Нуклеин кислоталарда у ёки бу кўринишдаги содда ёки мураккаб тайёр программалар мавжуд бўлса, уларга турли геологик даврларда турлича ташқи таъсирлар бўлиши мумкин ва натижада программалар турланиши рўй бериши ҳам мумкин, яъни, Опарин назариясининг асосини ташкил қилиб турувчи эволюцион жараёнлар геологик даврлар жараёнида рўй бериши мантиққа тўғри келади. Мана шунда эндоцитоз ёки экзоцитоз жараёнлар ёки бошқа ҳодисалар натижасида микроорганизмлардан маймуннинг ҳам, бошқа ҳайвонларнинг ҳам, ҳатто, одам зотининг ҳам келиб чиқиши ҳақида ҳар қанча асосли ва асоссиз мулоҳазалар қилинса бўлаверади ва уларга ишониш ҳам мумкин. Бошқа динларни билмадим-ку, лекин Ислом динига бу мулоҳазаларнинг бирортаси ҳам панд бера олмайди. Чунки ҳаётнинг ва инсоннинг пайдо бґлиши тўғрисидаги Қуръони Карим таълимоти ниҳоятда мукаммалдир ва буни илм-фан аста-секин исботлаб келяпти. Агар Оллоҳ таоло яратилишдаги баъзи тафсилотларни очиқ баён қилмаган бўлса, ҳикматига кўра, бу ишни фанларнинг зиммасига юклаган. Бизнинг борлигимизни ва қудратимизни инкор қилувчилар ўзларининг яратилишларига қарамайдиларми, деган маънодаги кўп оятлар бу йўлда илм-фан тинмай изланишлар олиб бориши лозимлигига чақириқдир. Биология фани ҳозирча чалғиётган ёки етиб боролмаётган ёки, сезса ҳам, тан олмаётган ҳақиқат Одам (а.с.)нинг бирдан яратилганидир. Оллоҳ илми билан кейинги наслларнинг пайдо бўлишини тадрижий (эволюцион) усулга боғлади ва илм буни ўрганди, бундан хулоса чиқарди ва, афсуски, бошланғич нуқтага ҳам шу тажрибаларини татбиқ эта бошлади.
Шайх Абдулазиз Мансур ўзбек тилига таржима этган Қуръони Карим маънолари ва тафсири (Тошкент, 2004) китоби (бошқа ўринларда ҳам ушбу китобдан фойдаланамиз) нинг 57-саҳифасида берилган 3-сура 59-оятда “Албатта, Исонинг (отасиз туғилиш) мисоли, Оллоҳ наздида бамисоли Одам (а.с.) кабидирки, уни тупроқдан яратиб, сўнгра унга “Бўл!” деди, бас, (у) бўлди” деб, берилади. Исо пайғамбар биби Марям қорнида дунёга келаётган ҳар қандай бола каби 9 ойдан кейингина туғилганига ишоралар бор. Бундан биз Исо пайғамбар 9 ой мобайнида биология фани ҳозирда ёритиб берган “чақалоқ оламга келишидаги барча тадрижий жараёнларни бошидан кечирган”, деган хулосага келишимиз мантиқан тўғри ҳисобланади. Яъни, кичкина бир заррачадек ҳолатдан чақалоққа айлангунча бўлган эволюцион давр 23-суранинг 13-оятида “Сўнгра уни (инсон наслини, аввало) мустаҳкам қароргоҳ (бачадон)даги маний қилдик” ва 14-оятда “Сўнгра (бу) манийни лахта қон қилиб яратдик, бас, лахта қонни парча гўшт қилиб яратдик, бас, парча гўштни суяклар қилиб яратиб, (бу) суякларга гўшт қопладик, сўнгра (унга жон киритиб, олдинги ҳолидан бутунлай) бошқача бир вужудни пайдо қилдик. Яратувчиларнинг энг гўзали – Аллоҳ баракотлидир!” деб айтилгандек бўлиб, биби Марям қорнида Исо пайғамбар бошидан ўтган бўлиши керак. Ушбу хулосамиз Ислом дини қарашларига мутлақо риоя қилиш билан бир қаторда, ҳаётнинг пайдо бўлиши ҳақидаги масалада биологлар дуч келган ва биз юқорида таъкидлаган “арзимас” қийинчилик ҳолатидан чиқиб кетишлари учун йўл ҳам кўрсатиб беряпти, деб ўйлайман. Яъни, биология фани ўз изланишларини ҳар қандай йўналишда дадил бажаравериши керак ва шу билан бирга бу изланиш Қуръоннинг қатор оятларига мос келаётганини инсониятдан яширмасликлари шартдир. Ана ўшандагина инсоният Швециядаги каби қабоҳат оламига тушиб қолишдан ўзини муҳофаза қилган бўлади. Балки улар “Биз Қуръон оятлари ҳақлигини тан олиб қўйсак, дунёвий илм ўз тараққиёти йўлида ўрта асрдагидек зарбага учрайди, деб ўйлашаётгандир. Биз олим сифатида бундай деб ўйламаймиз. Кўр ҳассасини бир маротаба йўқотади. Эндиликда дунёвий илмлар тараққиёти йўлига тўсиқ бўлувчи кучлар ҳеч қачон пайдо бўла олмайди. Лекин дунё олимлари томонидан рўй-рост ҳақиқатни инсониятдан яшириш уни қабоҳатга бошлаб борувчи йўл бўлиб қолиши мумкин. Қуръони Каримнинг 4-сураси биринчи оятида: “Эй одамлар! Сизларни бир жон (Одам)дан яратган ва ундан жуфти (Ҳавво)ни яратган ҳамда иккисидан кўп эркак ва аёлларни яратган Раббингиздан қўрқингиз! Шунингдек, ўрталарингиздаги ўзаро муомалада номи келтирилувчи Оллоҳдан ва қариндошлар (алоқасини узиш)дан қўрқингиз! Албатта, Оллоҳ сизларни кузатиб турувчидир”, дейилиб, Ҳаввони Одам (а.с.) танасининг қайсидир бир еридан олиб яратгани ҳақида айтиб турибди. Яъни, замонавий генетика фани тили билан айтилганида, Одам (а.с.) танасининг бир қисмидан, яна олимлар тили билан айтганда, «клонлаштириш» усули билан Ҳавво яратилгани ҳақида маълумот бериляпти. Қуръоннинг оятларига дунё биологларининг панжа орасидан қарашлари натижасида генетика ютуқлари Швеция давлатидаги каби инсониятни қабоҳат томон дадил етаклаб кетаётганини наҳот улар тушуниб етишмаяпти? Қуръони каримда Ҳавво Одам (а.с.)нинг қовурғасидан яратилгани ҳақида очиқ маълумот йўқ. Ундан (яъни, Одамдан) дейилган, холос. Бу маънони “қовурғадан” деб тафсир қилувчилар ҳам бор. Нима бўлганда ҳам Одамдан ёки унинг бир қисмидан экани аниқ.
“Қандай қилиб одамнинг бир қисмидан аёл кишини яратиш мумкин?” деган саволнинг пайдо бўлиши табиийдир. Бу саволга ҳозирги замон дунёвий фани – нанотехнология фани ижобий жавоб бериб турибди. Дунёдаги одамларни ва айниқса, Ғарб диндорларини анчагина шошириб қўйган турли жонзотларда, жумладан, “Доли” қўйида генетиклар ўтказган клонлаштириш тажрибалари, бу борада охирги йилларда эришаётган оламшумул ютуқлари Қуръони Каримнинг 4-сураси биринчи оятида ўзининг тасдиғини топиб турибди. Ушбу жараёнда Одам (а.с.) танасининг ихтиёрий қисмидан ажратиб олинган ДНКдаги программага киритилган озгина ўзгариш инсон жуфтининг яратилишига олиб келганини ҳозирги замон генетика фани ўзининг қатор ютуқлари билан тасдиқлаб турибди.
Одам (а.с.) ва Ҳаввонинг жуда ҳам узоқ умр кўрганлари ҳақида ривоятлар бор. Бизнинг юқоридаги фикр-мулоҳазаларимизнинг бир қадар ўринли эканига бу аломат ҳам далда бергандек. Замонавий биология ютуқлари ва Қуръони Карим оятлари бир-бирини айнан тасдиқлаб туриши кимларгадир ёқмаса, не ажаб…
1958 йили Америка физиклар жамиятининг йиллик йиғилишида профессор Ричард Фейнман (1965 йилда Нобель мукофоти совриндори) ўзининг машҳур ва тарихий маърузаси билан чиқди. У “Физиканинг қонунлари ва принциплари алоҳида-алоҳида олинган атомлар устида манипуляция қилиш ва шу орқали турли буюмларни пайдо этишга монелик қилмайди. Шунинг учун хоҳлаймизми, йўқми, инсоният яқин келажакда балктехнология асридан нанотехнология асрига қараб шаҳдам қадам қўяди”, деган илмий дунёқарашини маълум қилди. Қадимий инсонлар тошни тошга уриш орқали пичоқ, найза учи ва ҳ.к.ларни ясашда кашф этган технологияни балк(ялпи)технология деб аташ қабул қилинган. Ушбу технологик жараёнда инсоният алоҳида атомларни эмас, балки атомларнинг улкан мажмуалари қатламларини кўчириб олиш натижасида бирор буюм ясашга эришган бўлса, нанотехнология жараёнида у алоҳида (ўзи хоҳлаган) атомларни ўзи хоҳлаган жойга қўйиб (ўзи хоҳлаган) барча керакли ва кераксиз буюмларини ясай олади. Айтайлик, қулупнай кўчатининг турли элементлар атомларини маълум бир тартибда жойлаштириш натижасида биз билган мол гўнги қулупнай мевасига айланади. Графит билан олмос бир элемент — углерод атомларининг бир-бирига нисбатан турлича жойлашиши билангина фарқланади. Уларнинг бири бебаҳо ҳисобланса, иккинчиси нисбатан қадрсиздир. Инсоният ҳозирги даврда эришган энг юқори технологик жараён натижаси бўлган компьютер чипларининг тангадек юзачасида 42 миллион транзистор жойлашган бўлиб, ушбу транзисторлар ўртасида логик алоқалар ўрнатилган бўлишига қарамасдан, бундай мураккаб қурилмани нанотехнология фани ўта қўпол технологик жараёнда бажарилган қўпол қурилма деб қарайди. Сабаби ушбу чипни ҳосил қилиш жараёнида ҳар бир транзисторни ясаш учун миллионлаб атомлар мажмуаси ёппасига кўчириб олиниб, чиқиндига улоқтирилади. Яъни, бу технологик жараён балктехнология жараёнига киради.
Шу кунгача нанотехнология оламида юксак натижаларга эришган олимлар ўтган аср охирларидаги икки кашфиётдан ғоятда миннатдордирлар. 1981 йили IBM компанияси изланишлар лабораторияси физиклари Герд Бининг ва Генрих Рорер сканерлаштирувчи тунеллаштирадиган микроскопни яратдилар. Бу микроскоп уларга алоҳида атомларни кўриш имкониятини берди. 1986 йили эса бу микроскоп Герд Бининг томонидан такомиллаштирилди ҳамда энди атомларни кузатиш эмас, балки улар устида манипуляция қилиш имконияти ҳам пайдо бўлди. Иккала олим ҳам ушбу машаққатли меҳнатлари учун Нобель мукофоти билан тақдирланди. 1990 йили IBM нинг худди ўша лабораторияси олимлари Аттлер ва Швейцернинг “Сканерлаштирувчи тунеллаштирадиган микроскоп ёрдамида алоҳида атомларни позициялаштириш” номли асрий мақолалари дунё юзини кўрди ҳамда Р.Фейнман фикрлари ҳақ эканлиги бутун оламга маълум бўлди — бутун дунёни ажойиб мозаика, IBM компанияси эмблемасининг “нанография”си айланиб чиқди. Бу “нанография” никелмонокристали устига мисли кўрилмаган атом аниқлиги билан ксенионнинг алоҳида атомлари ўйиб жойлаштирилиши натижасида ҳосил қилинган эди. Нанотехнология фани якка атомларни ушлаб олиб, керакли жойларга программа асосида жойлаштира оладиган фаразий машиналар тўпламига “ассемблерлар” деб ном берган. Молекуляр ассемблерларнинг инсоният тараққиёти учун шундай бир инқилоб қилиши кутиляптики, бундай ҳолат рибосомалар пайдо бўлганидан бери Ер юзида бўлган эмас.
Она қорнидаги зурриётнинг ривожланишини рибосомалар таъминлаб туради. Юқорида таъкидлаганимиздек, рибосомаларга зурриётнинг ривожланиш тарҳи программасини ва қурилиш материаллари аминокислоталарни келтириб бериш вазифасини РНКлар бажаради. Ўз ўрнида РНКлар зурриётнинг ривожланиш тарҳини ва программаларни ҳамда бошқа буйруқларни ДНКлардан олади. Она асосан зурриёдни асраб бериш ҳамда унинг ривожи учун керакли материаллар билан таъминлаб бериш вазифасини бажаради. Рибосомалар зурриётнинг ривожланишини тарҳ асосида олиб бораётганида тарҳда кўрсатилган унсурлар атоми етишмовчилиги бўлса, бошқа атомларни вақтинча ўша ерга жойлаштиришга мажбур бўлиб қолишади. Шунинг учун ҳам ҳомиладор аёллар емиши доимо уларнинг кўнгли тусаган таомлардан иборат бўлиши келажак авлоднинг кам-кўстсиз туғилишидаги асосий омиллардан ҳисобланади. Рибосомалар асосан органик моддалар билан иш кўради. Ассемблерлар эса органик ва ноорганик моддалар билан иш кўриши мўлжалланяпти. Ассемблерлар барча нарсаларни яратишга қодир бўлиши кутиляпти. Улар технология ва иқтисодиётни тубдан ўзгартириб, янги дунёни кашф қилиши керак. Шундай қилиб, ассемблерлар якка атомларни ушлаб олиб, ихтиёрий жойга жойлаштира олиши натижасида ҳамма нарсани ясаши мумкин. Шу жумладан, баланд иморатларни, ихтиёр этилган ноз-неъматларни, озиқ-овқатларни ва турли масаллиқларни ва ҳ.к. Яқинда матбуотда Японияда киши фикрини ўқий оладиган машиналар ихтиро қилингани ҳақида хабар тарқалди… Бундан анча йиллар илгари диний уламолардан жаннат ҳақида сўраганимда у кишининг “Жаннатда бирор нарсани ихтиёр этсанг, ушбу ноз-неъмат дарров олдингда ҳозир бўлади. Тамадди қилиб бўлганингдан сўнг у нарсалар ўз-ўзидан йиғиштирилиб ғойиб бўлади…” дея жавоб берганлари ёдимга тушди. У пайтларда бу суҳбатларни бир эртак каби қабул қилганман, албатта. Лекин ушбу “эртак” рўёбга чиқиши мумкин эканини, яъни жаннат мавжуд бўлиши мумкинлигини замонавий фан — нанотехнология ва Японияда ихтиро этилган киши фикрини ўқий биладиган машина яратилгани баралла айтиб турибди. Мен нанотехнология ўз орзуларига эриша оладими ёки йўқми — бу масалада аниқ бир фикр айта олмайман, чунки бунинг учун инсоният мисли кўрилмаган машаққатли йўлни босиб ўтиши керак бўлади. Лекин нанотехнология фани инсониятнинг “Жаннат бўлиши мумкинми” деган азалий саволига “Албатта!” деб жавоб бериб турибди.
(“Маърифат” газетаси, 2007 йил 30 июнь, № 52 (7973)