Инсониятнинг уйи ҳисобланмиш сайёрамиз — Ерда охирги бир неча ўн йилликлар ичида фан ва техника мисли кўрилмаган тараққиётга эришиб, улкан ютуқларни қўлга киритди. Мазкур тараққиётда микроэлектроника муҳим ўрин тутиб, бошқариш жараёни ва технологиясини кескин ўзгартириб юборди. Бу эса, ўз навбатида автоматика ва телемеханиканинг қўлланилиш соҳасини беқиёс даражада кенгайтирди. Фан тараққиётининг яна бир омили кимё бўлиб, унинг агротехника, машинасозлик ва бошқа соҳаларда қўлланиши чексиз ортди. Шунингдек, ген инженерияси ва биотехнологиянинг тараққиётдаги катта ролини бугун ҳеч ким инкор этмайди. Атом электростанцияларининг фойдаси ҳақида гапириб ўтирмаса ҳам бўлади. Бу янгиликларнинг барчаси олимлар томонидан кишилар қўл меҳнатини енгиллаштириш ва турмуш шароитларини яхшилашга, жамиятимиздаги муаммоларни ҳал қилишга қаратилган илмий тадқиқотлар асосида яратилди.
Маълумки, олимлар кўп машаққатли йиллар ва йўллардан ўтиб, атомдаги «яширинган» энергияни ажратиб олдилар. Биринчи атом электр станциялари ток беришга улгурмай, ёмон ниятли кишилар томонидан Хиросима ва Нагасаки устида портлатилган атом бомбалари 100 минглаб кишиларнинг ёстиғини қуритиб, ундан ҳам кўпроғини мажруҳ қилиб қўйди. Микроэлектрониканинг ривожланиши халқ хўжалигига катта иқтисодий фойда келтириши билан бир вақтда ҳарбий соҳада қурол-яроқларни аскарларсиз бошқаришда унинг мислсиз имкониятлар яратишидан хабар топган ёмон ниятли кишилар ҳарбий техникани автоматлаштириш, коинотда ўз-ўзини бошқара оладиган автоном система —СОИни ишлаб чиқдилар.
Кимё фани ва унинг асосида кимё саноатининг ривожлантирилиши халқ хўжалигига кони фойда келтириши билан баробар ёвуз ниятли кишилар учун кимёвий ва бактериологик қуролларни берди, шунингдек, атроф-муҳитни заҳарли чиқиндилар билан ифлослантиришга олиб келди. Кимё саноати тараққиётимиз учун бундай ташвишлар туғдириши мумкинлигини олимлар дастлабки тадқиқотларда яхши англаб етмадилар. Ёки англасалар ҳам, инсон бу даражада лоқайд иш юритади, деб ўйламаган эдилар. Бироқ, минг афсуски, улар янглишган эканлар.
Бу борада атом энергиясининг ажратилиши ва ундан фойдаланиш жараёни ҳам фожиаларга сабаб бўлмоқда. Олимлар ўзларининг бу кашфиётлари сайёрамизни, қандайдир 40 йил ичида Ер юзи аҳолисини бир неча бор йўқ қиладиган даражада кўп ядровий қирғин қуролларининг «омборига» айлантиради, деб ҳеч ҳам кутмаган эдилар. 1939 йили атом бомбаси ҳақида гап кетганда, ҳатто даниялик физик, дунёга таниқли олим Нилс Бордек бундай бомбани яратиш принципиал жиҳатдан мумкин эмаслигини санаб ўтган эди. Маълумки, бугунга келиб, ядровий қирғин қуроллари шартли портловчи модда ҳисобида 18 минг килотоннани ташкил қилади. Бошқача айтганда, бу миқдор иккинчи жаҳон урушига кетган шундай модданинг миқдори билан солиштирилганда, бундай урушни 6 минг марта такрорлаш қувватига эга. Шундай қилиб, бир гуруҳ бойлик ортидан қувган якка ҳукмрон бойларнинг қўлига тушган XX асрнинг буюк ихтироси 40 йилга қолмай (эътибор қилинг-а, қанчалик қисқа вақтда) инсониятни ҳалокат ёқасига элтиб қўйди.
Бироқ атом ядросида яширинган энергияни ажратиб олиш устида дастлабки тадқиқотлар кетаётганда, бундай энергияни қўлга киритиш, келгусида тараққиётимиз учун катта хавф туғдиришини кўра олган олимлар ҳам йўқ эмас эди. Шундайлардан бири венгриялик олим Лео Сциллард эди. У немис олимлари Отто Ган ва Ф. Штрассманнинг уран атоми ядросини нейтронлар зарби билан парчаланиши мумкинлиги ҳақидаги кашфиётларидан хабар топиб, ядронинг парчаланиши билан боғлиқ илмий тадқиқотлар устида ишлаётган Жолио Кюрига хат ёзди. Олим ўз хатида уран ядросининг парчаланиши билан боғлиқ илмий ишларининг натижаларини бундан буён очиқ матбуотда эълон қилинишини тўхтатишини қаттиқ туриб илтимос қилди. У мазкур тадқиқотларнинг натижалари келгусида сайёрамиз аҳолиси бошига ҳалокатли хавф келтиришини олдиндан кўра олди. Л. Сциллард ёзган бошқа бир хат кейинроқ — 1939 йилнинг 2 августида Алберт Эйнштейннинг қўли билан АҚШ президенти Рузвелтга йўлланди.
Сцилларддан анча олдин — 1903 йили Пер Кюри ўз кашфиёти учун Нобел мукофотини олиш муносабати билан сўзлаган нутқида: «Жиноятчилар қўлида радий (радиактив элемент) жуда хавфли қурол бўлиши мумкин. Шу боисдан табиат сирларининг янада очилиши одамзотнинг қизиқишидамикин, унинг ақл-заковати, эришилган билимларини фақат фойдага ишлатиш учун пишиб етилганимикин, бу билимлар инсониятнинг келажагига салбий таъсир бўлиб қайтмасмикин?» деб хавотирланган эди.
Хиросима ва Нагасаки осмонида атом бомбаси портлашининг гувоҳи бўлган машҳур инглиз физиги Фредрик Содди бундай хавфни олдиндан кўра олмаганидан хафа бўлиб: «Тўрт йил олдин хаёлга ҳам келтириб бўлмайдиган даҳшатли кучни фан бугун қабул қилишга ҳали мутлақо тайёр бўлмаган қўлга топширганлиги»ни нақадар даҳшатли воқеа деб қайд қилган эди. Дарҳақиқат, прогрессив инсоният эришган фан ва техниканинг улкан ютуқларининг ана шундай «тайёр бўлмаган қўлларга» топширилиб қўйилиши, қувватига кўра, тараққиётимизни бир неча бор йўқ қила олиш қудратига эга бўлган ядровий қирғин қуролларининг вужудга келишига, сайёрамизнинг табиий имкониятларидан, қазилма бойликларидан ҳисоб-китобсиз ваҳшийларча фойдаланишга, атроф-муҳитнинг заҳарли газлар, кимёвий дорилар ва технологик чиқиндилар билан булғанишига, «озон туйнуги»нинг очилишига, хулоса қилиб айтганда, инсониятнинг ҳалокат ёқасига элтиб қўйилишига сабаб бўлди.
Миқёсига кўра улкан ва жуда жиддий бўлган бу муаммоларнинг ҳақиқий айбдори «тайёр бўлмаган қўллар» эгаси инсон эканлигини кўрмай, мазкур барча муаммоларнинг ягона «айбдори» — илмий техникавий тараққиёт, яъни фан деб қаровчилар кам эмас, улар ҳозир ҳам бўлса эски даврларга қайтиш кеч эмас, деб фикр қиладилар.
Бироқ, аслида инсоннинг қўл меҳнатини енгиллатиб, мушкулини осон қилишга, турмуш даражасини яхшилашга қаратилган «заҳматкаш» фанни, техникавий тараққиёт, рўй бераётган ҳалокатли ҳодисалар, экологик кризислар ва ядровий қирғин қуроллар омборининг вужудга келишида айбдор деб билиш ўринли бўлмайди. Бу масалаларда асосий айб ўзимизда — одамларда.
АҚШнинг Аломогордо саҳросида атом ядросидан ажраладиган энергиянинг миқдори Эйнштейннинг формуласида ифодаланган миқдорда тенглигини синаб кўриш учун биринчи бор атом бомбаси портлатилганда, кўкка бўй чўзган портлаш қўзиқоринини кузатаётиб, инсоният учун нақадар даҳшатли қурол яратилганлигини фаҳмлаган физик Кеннет Бейнбирж атом ядроси энергиясини ажратиб олиш ишига улкан ҳисса қўшган физик Р. Опенгеймерга қараб: «Биз энди ҳаммамиз қанжиқнинг болаларимиз», деган эди. Кейинроқ Опенгеймернинг ўзи: «Биз иблиснинг ишини қилдик», деб тан олганди. Табиатига кўра юмшоқ ва кўнгилчан Отто Ган эса Хиросима ва Нагасаки устида атом бомбалари портлатилганда, уларнинг яратилишида ўзини айбдор ҳис қилиб, ўз жонига қасд қилди, фақат тасодифий ҳолгина уни ўлимдан асраб қолди.
Атом электростанцияларининг атроф-муҳитни ифлослантириши масаласига тўхталайлик. Кўмир, нефт, мазут билан ишлайдиган иссиқлик станциялари (ТЭС)лар АЭСга қараганда табиий муҳитни ўнлаб марта кўп радиоактив ифлослантириши мумкин. Бунинг устига мазкур ёқилғининг ёниши жараёнида атмосферага «улоқтирилган» ис гази, азот оксиди ва олтингугуртли газларнинг Ер атмосфераси — озон қатламини емириши ва томчилари эса кислотали эритма кўринишидаги ёмғирни ёғдириш хавфи ҳам бор.
Шубҳасиз, бундай мулоҳазалар, охирги йилларда Тримайл оролида (АҚШ) ва Чернобилда рўй берган атом реакторларининг ҳалокатларини оқламайди ва меҳнаткашларнинг бу масаладаги норозиликларини табиий деб англайди. Бироқ, шу билан бирга, техника эришган ютуқлардан турли соҳада, жумладан автомобиллар, темир йўл транспорти воситалари, ҳаво кемалари ва ҳатто космик аппаратлардан фойдаланишда мутлоқ ҳалокатларсиз ишлаш мумкин бўлмаганлиги каби, атом реакторларидан фойдаланишда ҳам ҳалокатлар содир бўлишининг эҳтимолини нулга туширишнинг иложи йўқ. Бугунги кунда жамиятимизнинг автомобиллар, темир йўл ва ҳаво транспортларининг ҳалокати туфайли кўраётган талафот Чернобилникидан кам эмаслигини ҳамма ҳам билмаслиги мумкин. Мамлакатимизда 1987 йилнинг ўзида фақат автомобил ҳалокатлари туфайли 40 мингдан зиёд киши (кўз олдингизга келтиринг: сал кам бир «Пахтакор» стадионини тўлдираоладиганча одамлар) ҳаётдан кўз юмди, 260 мингдан ортиқ киши эса, оғир тан жароҳати олди. Моддий зарарнинг ўзи қарийб 7 миллиард сўмни ташкил қилди. Шунингдек, самолёт ва темир йўл транспортида рўй берадиган ҳалокатли ҳодисаларнинг олдини юз фоиз олишликка ҳеч ким кафиллик бераолмайди. Бироқ, шунга қарамай, шаҳарлараро унча катта бўлмаган масофани ўтишда ҳам ҳеч ким от ёки эшакни техника воситаларидан афзал кўрмайди.
Қишлоқ хўжалигида ва саноатда кўплаб кимёвий фаол моддаларни зўрма-зўраки, баъзан бутунлай ўринсиз ишлатиш оқибатида зарарли экологик вазиятларнинг вужудга келтирилганлиги сабабли кишиларда халқ хўжалигини кимёлаштиришга нисбатан салбий муносабатлар туғилди. Аслида эса, тараққиётимизнинг бугунги куни кимёвий технологиясиз ўтиши мушкуллигини ҳамма ҳам яхши тасаввур қилаолмаслиги мумкин. Чунки инсоннинг фақат маънавий эҳтиёжларини қондиришнинг ўзи учун хусусан, шахсий компютер, телевидение, радио, кино, магнитофон ва фотографик қурилмалар ва уларнинг қисмлари учун кимёвий саноат етакчи рол ўйнаши барчага аён.
Шунингдек, маълумки, 1987 йилдаёқ сайёрамизнинг аҳолиси 5 миллиарддан ортиб, айни пайтда туғилишлар 6 миллиард ҳисобига кетаётир. Асримизнинг охирига бориб Ер шари аҳолисининг сони 6,5—7 миллиардга етиши кўзда тутилмоқда. Бинобарин шунча аҳолини едириш, кийдириш ва унинг бошқа ҳаётий эҳтиёжларини қондириш учун кимёвий технологиянинг «холис хизмати»дан юз ўгириш талай қийинчиликларга олиб келади.
Шу муносабат билан сайёрамиз миқёсида улкан экин майдонларининг эрозияси, истеъмол қилинадиган мева-сабзавот ва полиз экинларининг турли кимёвий дорилар билан заҳарланиши ҳамда атмосферанинг озон қатламида хавфли «туйнук»нинг пайдо бўлиши каби экологик муаммоларнинг вужудга келишида фақат кимё саноати ва унинг маҳсулотларини айбдор деб санаш унчаям тўғри эмас. Бу масалаларда ҳам, энг аввало, кимё ютуқларидан амалда фойдаланаётган инсоннинг ўзи, жумладан, мазкур маҳсулотларнинг фойдаси ва зарарини «экологик тарозида» тортмай туриб, унга «оқ йўл» берган айрим олимлар айбдор.
Кейинги йилларда, айниқса, шифокор ва табиатшунос олимларнинг насл инженерлиги соҳасидаги кузатишларида кишини ташвишга соладиган томонлар кўп. Хусусан, инсон эмбрионини сунъий йўл билан ривожлантириш имконининг яратилиши мазкур тадқиқотлар ичида энг ташвишлидир. Бу борада юксак онглилик билан иш тутилмаса, одоб ва ахлоқ нормаларига риоя қилинмаса, келажакда бундай ихтиролар инсоният учун қанчалар қимматга тушишини тушуниш қийин эмас. Шуларни эътиборга олиб, кейинги йилларда бундай изланишларнинг адлий жиҳатдан чекланган йўналишларининг ишлаб чиқилганлигини мамнуният билан қайд этиш мумкин.
«Жилови» онгли кишиларнинг қўлидан қўйилмаслиги зарур бўлган бошқа бир соҳа — келгусида инсон мияси фаолиятининг сезиларли қисмини ўз зиммасига олишни мўлжаллаётган — «электрон мия»лар номи билан машҳур бўлган компютерлардир. Хусусан, олимларнинг сунъий интеллект бўйича олиб бораётган ишлари қўл меҳнатини енгиллаштириш, талай ишларни автоматика ва телемеханика зиммасига юклашдек яхши ниятларга қаратилган. Бироқ, «ҳар яхшининг бир ёмони…» деганларидек, бу янгилик ҳам лоқайд кишилар қўлида тараққиётимиз учун ҳалокатли ҳодисаларда воситачи бўлиб қолиши мумкин. Маълумки, айни пайтда сайёрамизда ядровий қирғин қуролларининг жуда катта запаси йиғилган ва кун сайин бошқариш пултларида инсоннинг ўрнини темиртанлар эгалламоқда. Бироқ ҳеч қандай техниканинг, у қанчалик такомиллашган бўлмасин, ҳалокатларсиз ишлашига юз фоиз кафиллик бериб бўлмаганидек, бундай «электрон миялар»нинг ҳам ҳар доим беками-кўст ишлашига ҳеч ким кафолат беролмайди. Сайёрамизнинг маълум бурчагида ядровий бомба портлатилгани ҳақида бизни огоҳлантириши лозим бўлган ва Ер сунъий йўлдошларидан бирига ўрнатилган бундай темиртанлар қаердадир рўй берган жуда кучли ёнғинни ёхуд момоқалдироқ яшинини ядровий қурол ҳужуми деб билиб, Ердаги марказга «жанг бошланганидан» хабар бериши мумкин. Коинотда секундига тахминан 8 километр тезлик билан учиб юрган, баъзилари ўз фаолиятини тугатган минг-минглаб сунъий йўлдошлар замонида бундай «кичик» янглишларни тасаввур этиш қанчалик даҳшатли!
Хўш, энди компютер техникасининг бундай салбий томонларини деб бугун мураккаб технологик жараёнларда инсоннинг қўлидан ишини олаётган, унга ёрдамга келаётган темиртанлардан воз кечиб бўладими? Йўқ, албатта. Бунга ҳаммамиз гувоҳ бўлган ва яқинда рўй берган Чернобил ҳалокати пайтида инсон ўрнига «электрон мия» бошқарадиган техникаларнинг фаолиятини мисол қилиб келтириш мумкин. Шунингдек, коинотдан тинчлик мақсадларида фойдаланишни, келажакда сайёрамизнинг экологик муаммоларини ҳал қилишда етакчи рол ўйнаши мўлжалланаётган космонавтикамизнинг энг сўнгги ютуғи бўлмиш «Энергия» — «Бўрон» транспорт ракета — космик тузилмасининг мўъжизавий ютуғи ҳам шу «электрон мия» туфайли қўлга киритилди-ку! Бундай «мия» космос қаъридан келаётган орбитал самолёт — «Бўрон»га бепоён сайёрамиз сиртидан унга ажратилган — эни 84 метр, бўйи 4,5 километр келадиган қўниш йўлагини топиб, бошқарувчисиз қўнишга имкон яратди!
Шубҳасиз, фан ва техниканинг шиддатли ривожи, юқорида эслатилганидек, фақат фойда келтирмай, турли йўналишларда инсон саломатлиги ва ҳаётини таҳликага соладиган хавф-хатарли ҳалокатли вазиятларни вужудга келтиради. Шуни эътиборда тутиш керакки, олимларимиз ҳар бир фан янгилиги ёки техника ютуғини турмушга тадбиқ этишда шошма-шошарликка йўл қўймай, унинг фойда ва зарар томонларини экологик нуқтаи назардан тарозига солиб, улардан фойдаланишнинг энг қулай йўлларини ишлаб чиқишлари керак.
Маматмусо Мамадазимов, физика-риёзиёт фанлари номзоди
«Гулистон» журнали, 1990 йил, 1-сон