Биз яшаб турган дунё ҳақиқатан бор нарсами? Агар у ҳақиқатан бор бўлса, буни қандай билса бўлади? Билимларимизнинг чин ёки сохталигини текшириш мумкинми?..
Бу каби саволлар фанда янги бир фалсафа йўналишини бошлаб берган буюк Рене Декартни ҳам ўйлантиргани сир эмас.
Рене Декарт 1596 йил 31 март куни Франциянинг Лае шаҳрида асилзода оилада дунёга келди. У бир ёшга тўлганда онаси Жанна Брохард вафот этади. Отаси Йоахим Декарт Ренн шаҳри судьяси бўлгани, иш билан жуда бандлиги сабабли Лаега аҳён-аҳёнда келиб-кетиб турган. Онаси вафотидан кейин Ренени опаси Жанна ва акаси Пьер билан бувисининг қарамоғига топширишади. Отаси 1600 йили иккинчи марта уйланганидан кейин ҳам фарзандларини ўзи билан олиб кетмайди. Рененинг бу даврдаги ҳаёти хусусида маълумотлар жуда оз. Бироқ шуниси маълумки, у жисмонан жуда нимжон ва айни дамда бағоят қизиқувчан бола бўлган. Унинг нимжонлиги шу қадар эдики, 1607 йили Ла Флешдаги иезуит коллежига қатнаганида унга эрталаб соат 10 гача ухлашига ижозат беришган. Ҳолбуки, у ерда бошқа ўқувчилар соат 5 даёқ уйқудан туришга мажбур эдилар. Рене бу коллежда “вербал (эркин) санъатлар” – грамматика, риторика, диалектика ва “математик санъатлар” – арифметика, мусиқа, геометрия ҳамда астрономиядан сабоқ олади. Ўқиш метафизика, фалсафа ва этика таълими билан ниҳоясига етган. Декартнинг математикага меҳри ўзгача бўлса-да, у ерда ўқитилган аксар фанларнинг амалий жиҳатдан бефойдалигини ўйлаб, норози эди. Шунга қарамай, у 1614 йили коллежни тамомлагунга қадар “эркин санъатлар”ни пухта ўзлаштиради.
Декарт 1615 – 1616 йиллари диний ва дунёвий ҳуқуқ (қонунчилик) бўйича Пуатье университетида таълим олиб, дипломга эга бўлган ва 1616 –1618 йиллари Парижда яшаган. 1618 йил ёзида кўнгиллилар сафида ҳарбий хизматга ёлланиб, Нидерландияга жўнайди. Шу даврда у дунёқарашига кучли таъсир ўтказган инсон Исаак Бекман билан учрашади. Айнан Бекман Декартда фанга, хусусан, математикага қизиқиш уйғотади. Декарт Бекманга бағишлаб янги йил совғаси сифатида ўша даврда математик соҳа деб ҳисобланган мусиқа ҳақида рисола ҳам ёзган.
1619 йили у Бекман раҳбарлигида математика ва механика муаммолари устида ишлай бошлайди. Сўнг Германия армиясига хизматга ўтиш мақсадида Нидерландияни тарк этади.
Ўша йили Декарт Ульм шаҳридалигида ғаройиб бир туш кўради. Ана шу туш таъсирида у гўёки янги илмий методология яратиш зарурлигини англаб етади. 1620 йили янги методлар ҳақида қатор асарлар ёзади, аммо уларни охирига етказмай чала қолдиради. Ҳаттоки тафаккурнинг бирламчи ўн бир қонунини ишлаб чиқади. Бу пайтда бошқа илмий тадқиқотлар, жумладан, оптика билан ҳам шуғулланади.
1628 йил иезуитлар уни даҳрийликда айблагач, ва айни дамда, осуда ҳаёт илинжида Декарт Париждан Нидерландияга кўчиб бориб, у ерда йигирма йил – қиролича Кристинанинг таклифи билан Швецияга жўнаб кетгунича яшайди. Бу орада Парижга вақти-вақти билан бориб-келиб юрган, албатта. 1629 йили у “Дунё” деб номланган рисоласини ёзишга киришиб, унга уч йил вақтини сарфлайди. Бу асарни ёзишдан кўзланган мақсад – субстанциал шакллар, табиий ҳодисаларни изоҳлаш мумкинлигини кўрсатиш ва гелиоцентрик концепцияни ҳимоя қилиш эди. Бироқ Галилейни суд қилганларидан хабар топган Декарт ушбу асарини чоп қилдиришдан ўзини тияди.
1634 – 1636 йиллар давомида у “Диоптик”, “Метеорлар” ва “Геометрия” каби илмий эсселарини ёзиб тамомлайди. Кейинчалик “Метод ҳақида мулоҳазалар” номи билан машҳур бўлган асари аввал-бошда мазкур эсселарга сўзбоши сифатида ёзилиб, 1637 йил Парижда нашр қилинади. Декартнинг яна бир муҳим асари “Биринчи фалсафа ҳақида мулоҳазалар” 1641 йили лотин тилида чоп қилинади. Унинг Богемия маликаси Елезабета билан олиб борган ёзишмалари ҳам эътиборга молик. “Метод ҳақида мулоҳазалар”ни ўқиган, ўзининг бениҳоя зеҳни ва мулоҳазакорлиги билан танилган бу маликага бағишлаб, Декарт “Фалсафа тамойиллари” номли тадқиқотини ҳам ёзган. Малика билан бўлган суҳбатлар ҳосиласи шу бўлдики, Декарт ўзининг яна бир “Эҳтирослар ҳақида” номли асарини ёзиб, Швецияга жўнамасидан сал олдин нашр қилдиради.
Декарт 1646 йилнинг охирларида Швеция маликаси Кристина билан ҳам мактублар ёзишиб турган. Бу ёзишмалар ҳам асосан ахлоқий масалалар борасида бўлган. Ёзма баҳсу мунозара 1649 йил февраль ойида Декартнинг Стокгольмдаги саройга таклиф қилиниши билан якун топди. У ўша йилнинг сентябрида Швецияга етиб боради. Бироқ биринчи кунданоқ Декартни мушкул вазифа кутиб турарди. У қиролича билан учрашиб, фалсафадан баҳс юритиш учун “даҳшатли даражада барвақт” – соат 5 да ўрнидан туриши лозим эди. Бинобарин, Швецияга бориш қарори Декарт учун энг номақбул қарор бўлиб чиқади. Бу орада у зотилжам касалига йўлиқиб (баъзилар фикрича, овқатдан заҳарланиб), 1650 йилнинг 11 февралида оламдан ўтади.
Энди Декартнинг машҳур ибораси “Cogito, ergo sum” (“Фикрлаяпман, демак мавжудман”) ҳақида тўхталсак. Бу иборани аксар ҳолларда “биз фикрласаккина мавжуд бўламиз”, “фикрлаётганимиз учун ҳам мавжудмиз”, “доимо фикрлаб яшашимиз керак” қабилида талқин қилиб келинади. (Декарт фикрлаш заруриятини тан олган, албатта.) Бироқ бу тамойил аслида Декартнинг методологиясидан келиб чиқадиган “мен шубҳаланаётганимга шубҳаланмайман” деган хулосанинг ўзгача ифодасидир, холос. Декарт онгимизга сингган барча росту ёлғон тушунчаю қарашлардан озод бўлишимиз тўғри дунёқарашни шакллантиришдаги илк қадамдир, деб ҳисоблайди (Яъни, шундай қилсак, ҳамма нарсани бошидан бошлаймиз). Бунинг учун барча нарсага шубҳа кўзи билан қарашимиз лозим. Хўш, унда нимага ишониш мумкин? Сезгиларимизгами? Йўқ, улар алдайди. Узоқдаги буюм кўзимизга ўзининг ҳақиқий ҳажмидан кичикроқ кўринади. Қулоқларимиз баъзан нотўғри эшитади. Бир марта алдаган сезгига қандай қилиб ишониб бўлади? Сезгимиз берган ахборот шунчаки рўё эмаслигини қандай қилиб исботлаш мумкин? Биз кўриб турган бу дунё аслида йўғ-у, Худо бизни уни бордек ҳис қилишга қобил мавжудот қилиб яратмаганмикан? Йўқ, Халлоқи олам бандасини алдамайди. Балки қандайдир ёвуз бир куч бизни алдаётган бўлса-чи? Хўп, сезгиларимиз ёлғон ҳам дейлик. У ҳолда, ақлимиз-чи?! Ақлий мулоҳазалардаги чалкашликлар уни янада ишончсиз қилиб қўяди. Ягона чора – ҳеч нарсани мутлақ ҳақиқат деб ишонмаслик, ҳар бир мулоҳазага шубҳа билан қараш, фикрлаётганимизда ҳеч бир жиҳатни эътибордан четда қолдирмасликдир. Фақат ва фақат бир нарсага шубҳаланиб бўлмайди – биз шубҳаланаётганимизга шубҳалана олмаймиз. Ҳатто бизни бутун борлиқ алдаса ҳам, алданадиган нимадир мавжуд бўлиши керак. Ўша нарса “мен”дир. Чин ва ёлғоннинг мавжудлиги “мен”нинг мавжудлигини ҳам тақозо қилади. Бинобарин, “мен” фикрлаяптими, алданаяптими ёки йўқ, бундан қатъи назар, у мавжуд. “Мен фикрлаяпман, демак мавжудман”даги “мен” менинг жисмимми, руҳимми, онгимми – бу аҳамиятсиз. Зеро “мен ўзи нимаман?” деган саволга берилган жавобнинг ўзи шубҳалидир. Биз фикрлаётган, шубҳаланаётган “мен”нинг мавжудлигига шубҳалана олмаймиз, аммо унинг аслида нималиги ҳақида баҳсга киришишимиз мумкин. Декарт мана шунга ўхшаш бир қанча фалсафий категорияларни тадқиқ қилишни бошлаб берган файласуфдир.
Дилором Шерова тайёрлади
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 3-сон