Ишончим комилки, одамзот — табиий тараққиёт ҳосиласи, табиатнинг таркибий қисми, бироқ тафаккур ва онг соҳиби бўлгани учун борлиққа нисбатан ҳукмрон мавқега эга.
Ишончим комилки, одамзот ҳаётининг моҳиятини англаса бўлади. Бироқ бу мазмун — моҳияти бутун тарихий тараққиёт мобайнида инсоният ҳаётини белгиловчи асосий хусусият эмас. Инсоният ҳаётининг мазмун — моҳиятини зиддият ташкил этиб, мана шу зиддият муқобил йўл топишга одамзотни асрлар мобайнида мажбур этиб келаётир. Турмуш тарзидан келиб чиққан ҳолда ҳаётнинг ўзи одамзот олдига шундай масалани кўндаланг қилиб қўяди: бошқа тирик жонзотлар ва табиат билан яхлитлик ва уйғунликка эришиш учун инсоният билан теварак-атроф ўртасидаги тафовутни қандай бартараф этиш мумкин. Инсон ҳаётининг ҳар бир лаҳзасида мана шу саволга жавоб беришга мажбур. Нафақат фикр-мулоҳазалари ва даъволари билан, балки турмуш тарзи ва аъмоли билан ҳам бу муаммони ҳал этиш чора-тадбирларини кўрмоғи даркор.
Ишончим комилки, ҳаёт кечириш тўғрисидаги саволга кўпдан-кўп чекланган ва қатъий жавоблар мавжуд (дин ва фалсафа тарихи — мана шундай жавоблар туркумидан иборат). Бироқ мазкур жавобларнинг ҳаммаси асосан икки турга бўлинади. Уларнинг бирига биноан — инсоният ақл-идрок ва меҳр-муҳаббат сингари ҳал қилувчи фазилатлардан юз ўгирган ҳолда одамзотнинг онгсиз турмуш тарзи даврига қайтиб, табиат билан уйғунликни тиклашга уринади. Иккинчисига биноан — бу, дарвоқе, одамзотнинг асосий мақсади саналади — ўзга тирик жонзотлар ва табиат билан тамомила янгича асосдаги уйғунликка эришиш имконини берувчи баркамолликка эришишдан иборат.
Ишончим комилки, дастлабки йўл таназзулга олиб боради. Бу муқаррар ҳалокатга, емирилишга, азоб-уқубатларга сабабчи бўлади, бироқ инсониятнинг тўла баркамоллигига, куч-қудрати ва тафаккури юксалишига асти хизмат қилмайди. Иккинчи йўл юҳолик ва шахсиятпарастлиликка барҳам бериб, тартиб-интизомни, собит иродани, ҳаққоний мақсад сари бошлайдиганларни иззат-икром этишни талаб қилади. Бу гарчи машаққатли йўл бўлса-да, таназзулга учрамайдиган ягона тўғри йўл ҳисобланади. Ҳақиқатдан ҳам ҳали пировард қўлга киритилишидан бирмунча аввал хайрли мақсад йўлида сарфланган саъй-ҳаракатлар ижобий таъсир кўрсатиши натижасида инсоннинг ҳаётий фаоллиги жунбушга келади.
Ишончим комилки, ҳаёт-мамот масаласи одамзот учун ҳамиша ҳал қилувчи аҳамият касб этиб келаётир. Одамзот бу борада эмин-эркинлик билан иш тутади. Бироқ бу чекланган эркинлик саналади. Чунки айни шу масалада ижобий ва салбий таъсир кўрсатувчи хусусан, руҳий ҳолати, муайян жамиятнинг ўзига хосликлари, оиласи, ўқитувчилари, у дуч келадиган ҳамда танлайдиган дўстлари сингари омиллар мавжуд. Мана шундай вазиятда ҳар бир одамнинг асосий вазифаси ҳаётий фаолиятига ижобий таъсир кўрсатиш натижасида ҳалокатга олиб борувчи омилларга қаршилик қиладиган шарт-шароитларни кучайтириш, эркинлиги сарҳадларини кенгайтиришдан иборат. Биз ҳаёт-мамот, тириклик ва ўлим масаласини биологик ҳолат нуқтаи назаридан эмас, балки инсоният ҳаётининг олий моҳияти, дунёга муносабат негизида кўриб чиқаётирмиз. Ҳаёт муттасил ўзгариб, янгиланиб боради. Ўлим эса ўсиш, юксалиш тўхтади, қотиб қолди ёхуд бир жойда тепсина бошлади, демакдир. Ҳаёт-мамот масаласида ўз нуқтаи назарларини ойдинлаштириб олмаган кимсалардан ҳам бахтсизроқ бандаи ожизлар бормикан?! Бундай бандаи ожизларнинг тирик мурдадан фарқи йўқ. Бундайлар учун ҳаёт ортиқча юк, беъманиликдан бошқа нарса эмас, амалий фаоллик эса соялар салтанатидаги азоб-уқубатли турмуш тарзидан ҳимояланиш воситасига айланади.
Ишончим комилки, на ҳаёт ва на тарих муайян шахснинг турмушига мазмун-моҳият бахш эта оладиган ёхуд унинг азоб-уқубатларини оқлайдиган юксак моҳиятга эга эмас. Одамзот ҳаётини ташкил этувчи зиддиятлар ва заифликларни ҳисобга олгудай бўлсак, одамзотнинг саробий умидворлик бахш этиб, қарама-қаршиликлар, шубҳа-гумонлар ва масъулиятдан холи қиладиган “мутлақ”ликка интилиши тамомила табиийдир. Бироқ бу борада на илоҳий, на фалсафий ва на тарихий нуқтаи назардан олганда одамзотни Тангри халос этмайди ҳам, қораламайди ҳам. Фақат инсоннинг ўзи ҳаётининг мазмун-моҳиятини, асосий мақсадини ва унга эришиш воситаларини ахтариб топишга қодир. Узил-кесил халос қиладиган ёхуд мутлоқ жавоб-ечимни топиб бўлмайди, бироқ одамзот ҳаётий фаолликнинг, ўй-кечинмалар теранлиги ва равшанлигининг шундай даражасига юксала оладики, натижада эмин-эркин ва хомхаёлларсиз яшаш имкониятини берувчи куч-қудрат касб этади.
Ишончим комилки, бирон-бир кимсанинг қисматини ҳатто энг яқин кишиси ҳам ҳал қилишга қодир эмас. Ҳар бир одам бошқа бир инсон учун оладиган ягона ҳимматли — сохта кечинмалар ва хаёлпарастликларга асти берилмасдан мавжуд муқобил йўлларни ҳаққоний ва азбаройи хайрихоҳлик билан кўрсатиб беришдан иборат. Ҳар бир одамни чинакам муқобил йўллар остонасига бошлаб борибгина унинг табиатида мудраб ётган ботиний куч-қудратни юзага чиқариш ва ўлимни эмас, балки фаол турмуш тарзини танлашга рағбатлантириш мумкин. Фаол турмуш тарзини токи ҳар бир инсон онгли тарзда мустақил танлаб олмас экан, уни ҳеч ким бунга ундай олмайди.
Ишончим комилки, эзгуликни танлашнинг икки хил йўли бор. Биринчи йўлга биноан ахлоқ-одоб қоидаларига риоя қилмоқ лозим. Бу йўл ижобий натижа бериши мумкин, бироқ минглаб йиллар мобайнида асосий ахлоқ-одоб қоидаларига нисбатан озчилик риоя қилиб келдилар. Аксарият кишилар муайян давр ҳукмрон доираларининг талабларига итоат қилган ҳолда тап тортмай жиноят қилиб келдилар. Бошқа бир йўл — бамаъниликка ихлос туйғусини сингдириш ҳамда намунали ва оқилона фаолият кўрсатган ҳолда бамаъниликни камолга етказишдан иборат. Бу борада одамзотнинг бир ғайратига ўн ғайрат қўшадиган сабр-бардошли, иродали бўлишни назарда тутаётирман.
Ишончим комилки, таълим-тарбия беришдан мақсад, ёш авлодга инсоният маънавий меросининг энг яхши маҳсулларини ўргатишдан иборат. Лекин башарият маънавий меросининг аксарият қисми ёзма адабиётларда жамлангани учун уларга сингдирилган ҳақиқатлар ўқитувчи шахсиятида ёхуд амалий ҳаёт ва жамият қурилишида рўёбга чиққан тақдирдагина аҳамият касб эта олади. Амалга ошган, рўёбга чиқарилган ғоягина инсонга таъсир кўрсатади; қуруқ ваъда, сўзлар йиғиндиси бўлиб қолаётган ғоявий мақсадлар ҳеч қандай таъсир кучига эга бўла олмайди.
Одамзотнинг камол топиш қобилиятига ишонаман. Камол топиш қобилияти одамзот ўз мақсадига етишмоғи даркор дегани эмас, балки у ўз мақсадига эриша олиши мумкинлигини билдиради. Агар шахс фаол турмуш тарзини танламаса, агар инсоний фазилатларини тарбияламаса, у муқаррар бузғунчига, тирик мурдага айланади. Бамаънилик ва ҳаётий фаоллик сингари гуноҳкорлик ва инсоний қиёфани йўқотиш ҳам муқаррардир.
Ишончим комилки, фақат фавқулодда ҳолатларда инсон авлиё ёхуд жиноятчи бўлиб туғилади. Бизларнинг аксариятимиз эзгуликка ҳам, ёвузликка ҳам мойилмиз, бу мойиллик даражаси ҳар биримизда турли даражада эканини ҳам унутмаслик керак. Шу боис бизнинг қисматимиз феъл-атворимизда бу икки хислатдан қайси бири устунлик қилишига боғлиқ. Ҳар биримизга оиладаги турмуш тарзи энг кучли таъсир кўрсатади. Бироқ оила жамиятнинг бир бўлаги эканини, жамият ўз аъзоларига сингдиришни истайдиган қадриятлар ва мезон-меъёрлар ҳар бир оила ҳаётининг негизини ташкил этишини унутмаслик даркор. Шу боис ҳар бир шахс камолоти учун у таваллуд топган жамият тузилиши ва қадриятлари энг муҳим омил саналади.
Ишончим комилки, жамият инсон камолга етиши учун қанчалар ҳаракат қилса, унинг қобилиятларини жиловлаб туриши учун ҳам шунча интилади. Фақат ўзгалар билан ҳамкорликдаги маҳнат жараёнида инсон ўз қобилиятларини камолга етказади, фақат тарихий жараён билан уйғунликда у ўзлигини шакллантиради. Бироқ айни чоғда аксарият ижтимоий тизимлар то шу кунга қадар кўпчиликдан ўз ғаразли манфаатлари йўлида фойдаланишни ҳоҳловчи озчилик мақсад-муддаоларига хизмат қилиб келди. Шу ғаразли мақсад йўлида озчилик кўпчиликни юзини қора қилиб кўрсатиш ҳамда қўрқитиб олиш (бавосита ўзини ҳам) ниятида ҳокимият қудратидан фойдаланиб келди, шу асно кўпчиликнинг қобилиятлари ҳар томонлама камол топишига монелик кўрсатди. Айни шу боис жамиятлар юксак инсонпарварлик ғоялари, ҳар бир инсон камолотига хизмат қилувчи олий мезонларга аксарият ҳолларда зид йўл тутиб келдилар. Жамиятнинг мақсадлари инсониятнинг олий ўй-ниятлари билан мос тушган тақдирдагина жамият шахс фазилатларига путур етказиш ва ёвузликка хизмат қилишга чек қўяди.
Ишончим комилки, томчида денгиз акс этгани сингари ҳар биримиз бутун инсоният учун кўзгу бўла оламиз. Бизлар фаҳм-фаросатимиз, саломатлигимиз, қобилиятларимизга кўра фарқланамиз. Бундан қатъи назар, ҳаммамиз бир хил бандаи ожизлармиз. Бизларнинг барчамиз авлиёлар ва гуноҳкорлармиз, кексалар ва болалармиз, бироқ ҳеч ким ҳеч кимдан ортиқ эмас ва ҳеч ким ҳеч ким устидан қозилик қила олмайди. Бизларнинг барчамиз Будда билан биргаликда комиллик йўлини ахтарганмиз, бизларнинг барчамизни Исои Масиҳ билан биргаликда хочга михлашган ва бизларнинг барчамиз Чингизхон, Сталин ва Гитлер билан биргаликда қотилликлар ва талон-тарожлар қилганмиз.
Ишончим комилки, ҳар бир одам мавҳум умумийликка интилиш натижасида эмас, балки шахс сифатидаги ўзига хосликларини камолига етказиш натижасидагина асл инсоний қиёфа касб эта олади. Инсоннинг ҳаётий вазифаси мантиққа зид ҳолда фақат шахсиятини камолга етказишдан иборат бўлиб, фақат шу йўл билан шахсияти қобиғини ёриб чиқиб, умуминсоний юксакликка кўтарила олади. Фақат тўла камолга етган комил шахсгина шахсиятпарастлик кишанларидан ҳоли бўлади.
Ишончим комилки, муайян қабила ва чекланган замин доирасидан ёриб чиққан Янги Шахс вояга етганидан кейин эндигина тетапоя бўлаётган Яхлит Дунё чинакамига оёққа туради. Бундай Янги Шахс ўзини бутун инсониятнинг фарзанди, оламнинг фуқароси деб билади, ўзини бирон-бир миллат ёки элатга эмас, уларнинг жамулжами ҳисобланмиш бутун инсониятга садоқатли бўлади; у бутун инсониятни севгани учун ҳам ўз мамлакатини севади; қабиласига нисбатан чекланган садоқат бундай инсоннинг юксак фикр-мулоҳазаларига путур етказа олмайди.
Ишончим комилки, инсоннинг камолга етиши — муттасил қайта туғилиш, мунтазам бедорлик жараёни саналади. Одатда биз ярим уйқу — мудроқ ҳолатида бўламиз ва амалий фаоллик учунгина ҳушёр тортамиз; бироқ ҳаётий фаоллик учун кифоя қиладиган тарздаги зийраклик биз учун бегоналигича қолаверади, ҳолбуки том маънодаги инсоннинг ҳаётий вазифаси айни чинакам ботиний ҳушёрлик ҳисобланади. Одамларни ярим мудроқ ҳолатидан чинакамига уйғота олганлар, буюк даҳолар даражасига кўтариладилар. Инсониятнинг ашаддий ғанимлари эса уни ғафлат уйқуси билан чулғаган кимсалар ҳисобланади; бундай кимсалар бу борада бирон-бир маъбудга сиғинишдан фойдаланадиларми ёхуд одамларнинг фикру зикрини қўлнинг кири бўлган мол-дунё, зар-тиллога асир қилиб қўядиларми, бунинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ.
Ишончим комилки, тарихимизнинг сўнгги тўрт минг йили мобайнида инсоният ўта даҳшатли тарздаги ривожланиш йўлини босиб ўтди. Одамзот онгини шу даражагача камолга етказдики, эндиликда табиат сир-асрорларини бирма-бир очаётир ва табиий кучларнинг сўқир ҳукмронлигидан ҳам халос бўлди. Бироқ ана шундай ҳайратомуз зафарларни қучган одамзот янгича дунё бўсағасида айни ўзи яратган воситалар ва тузилмаларнинг бандисига айланиб қолди. Одамзот маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг янгича усулларини кашф этиб, ишлаб чиқариш ва тақсимотни замонавий маъбудага айлантириб қўяди. Инсоният ўзи яратган нарсаларга сиғинаётир, ўзини эса ана шу лаш-лушларнинг хизматкорига айлантирган. Одамзот эндиликда Аллоҳ, озодлик, инсонийлик, социализм сингари тушунчаларни шунчаки тилга олиш билан чекланаётир; онгли мавжудод сифатида таназзулга юз тутаётганини ниқоблаш учун қирғин қуроллари ва машиналарда ўз тажассумини топган куч-қудрати билан ғурурланаётир; инсоний қадр-қиммати тушиб кетганини яшириш ниятида вайронгарчиликлар келтирувчи зўравонлиги билан мақтанаётир.
Ишончим комилки, бизларни худқушликдан қутқара оладиган ягона қудрат — ақл-идрокимиз, одамзот амал қилаётган ғояларнинг аксарияти сохталигини англай олишимиз, воқеликнинг бўҳтонлар ва ёлғон-яшиқдан иборат мафкура ниқоблаб ташлаган ҳақиқий моҳиятига ета олиш қобилиятимиз ҳисобланади. Мен ақл-идрок деганда билимлар мажмуини эмас, балки Э. Кассирернинг таъбири билан айтганда, “ғоят муҳим вазифаси воқеликни муайян соҳаларга бўлиб, синчиклаб ўргана оладиган” “қувват манбаи”ни назарда тутаётирман. На зўравонлик ва на қудратли қурол-яроғлар бизларни қутқара олмайдилар; бу хайрли вазифани фақат соғлом ақл-идрокимиз ҳамда тафаккуримиз уддалай олади.
Ишончим комилки, токи инсоннинг умиди ва ишончи йўқ экан, ёлғиз ақл-идроки билан ҳеч қандай ишнинг уддасидан чиқолмайди. Гёте тарихий даврлар ўртасидаги ўта кескин фарқ эътиқод ва эътиқодсизлик ўртасидаги фарққа боғлиқ бўлиб, эътиқод кучайган даврларнинг ҳаммасида юксалиш, фаровонлик ва унумдорлик юқори бўлганини, аксинча, эътиқодсизлик ҳукмронлик қилган замонлар изсиз йўқолиб кетганини, чунки ишонч-эътиқодсиз кимсалар бунёдкорлик фаолияти билан астойдил шуғуллана олмаслигини жуда тўғри таъкидлаган эди. Дарвоқе, XIII аср, Уйғониш даври, Маърифат даври шубҳасиз, ишонч ва эътиқод даври бўлганди. XX аср Ғарб олами ишонч ва эътиқодни бой бермадимикан, деган хавотир менга тинчлик бермайди. Ҳақиқатдан ҳам ҳазрати инсонга ишонч йўқолган шароитда жонсиз машиналарга сиғиниш бизларни таназзулдан қутқара олмайди; аксинча, бундай ғайриоддий “эътиқод” ҳалокатимизни тезлаштиради, холос. Бизлар икки йўл бошида турибмиз: Ғарб олами ёхуд инсонпарварликни танлаб, меҳнат ёки ишлаб чиқаришни ривожлантириш эмас, балки одамзотни росмана камол топтириш йўлини танлайди ёхуд бошқа кўплаб буюк тамаддунлар сингари ҳалокатга юз тутади.
Ишончим комилки, чинакам ҳақиқатга ўткир ақл-идрок билан эмас, балки қатъиятли феъл-атвор билан етишадилар. Бу борада собитқадамлик билан “йўқ!” дея инкор этиш, ҳукмрон доираларнинг кўр-кўрона буйруқларига ва оломоннинг асил ҳақиқатдан йироқ фикр-мулоҳазаларига эргашмаслик, ғафлат кишанларини улоқтириб ташлаб, чинакам инсоний қиёфа касб этиш, турмуш кечиришнинг бемаънилиги ва беҳудалиги билан боғлиқ тушкунлик кайфиятларига чек қўя билиш ғоят муҳим. Момо Ҳаво билан Одам Ато — икки буюк исёнчиларнинг “жинояти” инсониятни халос қилганини унутмайлик. Чинакам инсонийликка бегона нарсаларнинг ҳамма-ҳаммасини қатъиян рад этиш Аллоҳни ёқлаб овоз бермоқ, инсонийликни ёқлаш эса — одам боласини қулга айлантириш, сиқиб сувини ичиш, лақма-гўлга айлантириш учун зўр бераётган кимсаларнинг ҳамма-ҳаммасига қарши бош кўтармоқдир.
Мен озодликка, ўзлигини, ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳуқуқига ҳамда бу борада унга қаршилик кўрсатишга уринадиганларга қарши курашиш ҳуқуқига ишонаман.
Ишончим комилки, на Ғарб капитализми, на шўролар ёки хитойча коммунизм келажак муаммоларини ҳал қила олишга қодир эмас. Уларнинг ҳаммаси инсонни лаш-лушга айлантирувчи расмиятчиликни юзага келтиради. Инсоният табиат ва жамият кучларини оқилона ва онгли назорат остига олмоғи даркор, бу кучларни ашёлар устидан ҳам, инсонлар устидан ҳам ҳукмронлик қилувчи расмиятчи гуруҳлар назоратига бериб қўймасдан, ашёларни идора қилувчи ва уларни коинот гултожи — инсонга итоат қилдирувчи эркин ҳиссадор ишлаб чиқарувчилар назорати остига топширмоғи даркор. Келажак ҳақида гап борар экан, “капитализмни” ҳам, “коммунизм”ни ҳам бир четга суриб қўйиб, расмиятчилик ва инсонпарварликдан бирини танлаб олмоқ лозим. Демократик, марказлаштиришдан холи социализм — инсоний фазилатларнинг барчасини юзага чиқаришни олий мақсад қилиш учун зарур шарт-шароитларнинг яратилишидир.
Ишончим комилки, инсоният қўл-оёғини ипсиз боғлаб, банди этувчи хомхаёллардан халос бўлиши керак, ўз ботиний дунёсини ва ташқи оламни ҳаққоний идрок этиши ҳамда хомхаёлларга эҳтиёжи йўқ муҳитни яратиши даркор. Саробий хомхаёлларнинг кишанлари узиб ташлангандан кейингина чинакам озодлик ва шахс эркинлиги қўлга киритилади.
Ишончим комилки, ҳозир ягона асосий хавф-хатар — уруш ва тинчлик масаласидан иборат. Инсоният Заминдаги ҳаётни бутунлай йўқ қилиши ёхуд бутун тамаддунни ва ҳозиргача сақланиб келаётган қадриятларни вайронага айлантириши ҳамда қолган-қутган кимсалар устидан ҳукмронлик қилувчи ваҳшиёна тоталитар тузумни вужудга келтириши эҳтимолдан холи эмас. Мана шу ҳалокатли хавф-хатардан одамларни огоҳ қилиш, инсоният қандай тубсиз жарлик томон силжиб бораётганини англашига монелик кўрсатиш учун турли томонлардан қўлланилаётган товламачиликлар қобиғини ёриб чиқиш — инсон бугунги кунда амал қилиши лозим бўлган ягона мажбурият, ягона маънавий ва ақл-заковат талаби ҳисобланади. Модомики одамзот шундай оқилона йўл тутмас экан, ҳалокатга юз тутиши муқаррар.
Агарда ядровий ҳалокат оқибатида нобуд бўлиш пешонамизга битилган экан, одамзод чинакам инсоний қиёфа касб эта олмагани ва табиатан ваҳший бўлгани учунгина шундай балога гирифтор бўлмайди; ҳақиқий воқеликни оқилона идрок этиб, ҳақиқат талабларидан келиб чиққан ҳолда иш тутишимизга сўқир ҳамфикрлилик монелик кўрсатгани сабабли бошимизга ана шундай кун тушган бўлур эди.
Мен инсониятнинг камолига ишонаман, бироқ кўнглимда одамзот ғафлат уйқусидан яқин вақт ичида уйғонмас экан, ана шу эзгу мақсадга етиша олармикин, деган шубҳа бор.
“…Ҳой қоровул! Тонг отай деб қолдими?
Қоровул жавоб беради: тонг яқинлашиб қолди, бироқ ҳали анча бор. Сабр-тоқатингиз етмаса, яна бир келиб кетарсиз”.
Абдуҳамид Пардаев таржимаси.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2003 йил, 10-сон